582 17.02.2017

Аллоҳга ҳамд, Пайғамбарлик шарафига лойиқ кўрилган элчиларига салоту саломлар бўлсин!

Қарзни ўташ, ризқ зиёда бўлиши, ризқнинг тезда келиши учун қилинадиган зикр-дуолар ва Аллоҳдан ризқ сўраш одоби. Аллоҳдан дуо билан қандай қилиб ризқ сўралади?

Аллоҳ йўлидаги ҳабибим, Фирдавс жаннати дарсларидан бўлган бу дарсга хуш келибсиз! Бугунги мавзу жуда фойдалидир. Рисолалар(мактублар)нинг кўпида қарздан қутилиш, ризқ зиёда бўлиш дуолари ҳақида сўровлар, талаблар кўпайгани боис батафсил ҳолда қарздан қутилиш ва ризқ зиёда бўлиши мавзусини жамлаб ёзишга қарор қилдим.

Бунинг аввалида Аллоҳдан ризқ сўраш одоби туради. Сизлар билан бунинг осон шакли ҳақида гаплашамиз. Яъни энг осонига эътиборингизни қаратаман. Масалан раҳбарингиз олдига иш юзасидан бирор нарсани сўраб кирганингизда, унга эҳтиром кўрсатасиз, паст овозда сўзлайсиз. Кийимингиз ҳам тоза бўлсин, сиздан хушбўй ҳид таралсин ва одоб билан юринг. Сизга қийин бўлган ишларни айтмайман. Албатта, ҳар бир нарсада Аллоҳнинг мисоли бордир: “...Аъло мисол Аллоҳникидир” (Наҳл сураси, 60-оят).

Аллоҳга юзланиб ризқ сўраган вақтингизда сўраш одобига кўра тоза, пок ҳолда тавозеъ билан икки ракат намоз ўқинг. Саждада Аллоҳдан хоҳлаганингизни сўранг. Чунки инсон сажда қилганида Аллоҳга энг яқин ҳолатда бўлади. Намозни тугатиб, хоҳлаган нарсангизни жами махлуқот-мавжудотлар Яратувчиси ҳамда Раззоқ бўлган Аллоҳ таолодан шикаста овозда сўранг.

Иккинчиси: қарзни ўташ одоби.

Барчамиз ёки баъзиларимиз кўпинча ўзгалардан қарз бўламиз. Ва ҳамма Аллоҳ таоло ўзидан қарзни кетказишини хоҳлайди. Қуйидагилар қарздан қутилиш дуоларидир:

1. “Аллоҳим, ҳаромингдан ҳалолинг билан кифоялантир. Фақат Ўз фазлинг билан бой қилгин” (Имом Термизий ривояти).

أَللَّهُمَّ اكْفِنِي بِحَلَالِكَ عِنْ حَرَامِكَ وَ أَغْنِنِي بِفِضْلِكَ عَمَّنْ سِوَاكَ

Бу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган суннат дуодир.

2. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дуо қилар эдилар: “Аллоҳим, мен Сендан ғамгинлик ва хафаликдан, ожизлик ва дангасаликдан, бахиллик ва жинлардан, қарзга ботишдан ва одамларга қарам бўлишдан паноҳ сўрайман (Имом Бухорий ривояти).

أللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنَ الْهَمِّ وَ الْحُزْنِ وَالْعَجْزِ وَالْكَسَلِ وَالْبُخْلِ وَالْجِنِّ وَ ضَلَعِ الدَّيْنِ وَ غَلَبَةِ الرِّجَالِ

Ризқни зиёда қиладиган оят ва зикрлар:

Аллоҳга ҳамд бўлсин, ўз ҳаётимда ризқим зиёда бўлган тажрибаларимни сизлар билан ўртоқлашаман. Ризқ зиёда бўлиши учун айтиладиганларнинг энг аввалида мен энг ёқтирадиган бу – истиғфордир. Кунига неча юз марталаб тўхтовсиз истиғфор айтардим. Аллоҳга ҳамд бўлсин, менга ҳар томондан мол-давлат келаверди, қаердан келаётганини билмасдим. Аллоҳнинг изни билан бу моллар ҳалол эди. Буни яна уйланганимдан кейин ҳам синадим: Аллоҳ мени солиҳ фарзанд билан ризқлантирди. Айтадиган истиғфорим: “Тирик ва Қоим Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ бўлган Олий Зотга истиғфор айтаман ва тавба қиламан”, эди.

أسْتَغْفِرُ اللهَ الْعَظِيمَ الذِي لَا اِلَهَ إِلَّا هَوَ الْحّيُّ الْقَيُّومُ وَ أَتُوبُ اِلَيْهِ

Бу дуода доимо яхшилик бўлади. Истиғфор ризқни зиёда қилишига далил Аллоҳнинг қуйидаги ояти каримасидир: «Бас, Роббингизга истиғфор айтинг, албатта, У гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир», дедим.  «(У Зот) осмондан устингизга кетма-кет барака ёмғирини юборадир. Ва сизга молу мулк ва бола-чақа ила мадад берадир ва сизларга боғу роғлар ҳамда анҳорларни берадир» (Нуҳ сураси, 10–12-оятлар).

Ризқ зиёда бўлишининг иккинчи йўли: бу усул бир неча зикр-дуолар жамланмасидан иборатдир:

1. Аллоҳим, агар ризқим осмонда бўлса, уни тушургин, агар ерда бўлса, уни чиқаргин, агар узоқда бўлса, яқин қилгин, агар яқин бўлса, менга етқазгин, агар кам бўлса, кўп қилгин, агар ўзимда бўлса, уни менга барокатли қилгин!

ألَّهُمَّ اِنْ كَانَ رِزْقِسي فِي السَّمَاءِ فَأَنْزِلْهُ وَ إِنْ كَانَ فِي الأَرْضِ فَأَخْرِجْهُ وَ إِنْ كَانَ بِعِيدَا فَقَرِّبْهُ وَ إِنْ كَانَ قَرِيبًا فَيَسِّرْهُ وَ إِنْ كَانَ قَلِيلًا فَكَثِّرْهُ وَ إِنْ كَانَ فَبَارِكْ لِي فِيهِ

2. Унинг азаматидан ҳар бир нарса паст бўлган Аллоҳга ҳамд бўлсин! Унинг қудрати барчани таслим қилган[a1]   Аллоҳга ҳамд бўлсин. Унинг иззати олдида барча нарса хор бўладиган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Унинг мулкига барча нарса қарам бўлган Аллоҳга ҳамд бўлсин!

الْحَمْدُ لِلَهِ الذِي تَوَاضَعَ كُلُّ شَيْءٍ لِعَظَمَتِهِ الحَمْدُ لِلَّهِ الذِي اِسْتَسْلَمَ كُلُّ شَيْءٍ لِقُدْرَتِهِ الْحَمْدُ لِلَّهِ الذِي ذَلَّ كُلُّ شَيْءٍ لِعِزَّتِهِ الْحَمْدُ لِلَّهِ الذِي خَضَعَ كُلُّ شَيْءٍ لِمُلْكِهِ

3. Аллоҳим, Сенга буюклигинг қадар, салтанатинг улуғлигича ҳамд ва шукрлар бўлсин!

الَّهُمَّ لَكَ الْحَمْدُ وَ الشُّكْرُ كَمَا يَنْبَغِي لِجَلَالِ وَجْهِكَ وَ عِظِيمِ سُلْطَانِكَ

Ризқ зиёда бўлишининг учинчи йўли: бу йўл ҳам синаб кўрилган осон йўлдир. Буни доимо қўллайман. Эътибор қилганимда эса ризқим зиёда бўлиб, қалбимда розиликни ҳис этаман (Аллоҳга ҳамд бўлсин, Аллоҳнинг менга ёзган қазои қадарига розиман). Қалбимга шундай ҳислар келадики, буни сизларга тушунтириб бероламанми-йўқми, билмайман!.. Аммо сизларга шуни айта оламанки, энг ёқимли ҳиссиёт бу – Аллоҳдан розилик ва Аллоҳнинг изни билан барокатли бўладиган ҳалол-покиза ризқдадир. Бу йўл садақот беришдадир. Ҳа, фақир ва мискинларга садақот беринг. Молингиздан озгинасини олиб, муҳтожларга бериш билан буни ўзингиз синаб кўринг. Кўчада юрсангиз, дори сотиб олишга пули, уйида болаларига беришга егулиги бўлмаган ва шунга ўхшаш кўплаб муҳтожларни учратасиз. Уларга озгина маблағингиздан ажратиб беринг ва Аллоҳга ҳамд айтиб, истиғфорда давом этинг. Аллоҳнинг изни билан барокатли ҳалол ризқ келишига гувоҳ бўласиз.

Аллоҳ таоло Билувчи Зотдир.

Аллоҳ йўлидаги  ака-ука опа-сингилларим, шуни унутмангки, ризқ Аллоҳнинг ҳузурида тақсимлангандир. Сизга ёзилган нарса шубҳасиз, келади. Сизга берилган неъматларга шукр қилишни, Аллоҳнинг қадарига рози бўлишни асло унутманг! Барчамизга ҳалол ризқ бериши учун Аллоҳ таолога дуо қиламан. Аллоҳнинг раҳмати, барокати ҳамда тинчлиги бўлсин!

 

ҲУМАЙРО тайёрлади.