1193 20.09.2017

«Қарз» луғатда «қирқиш» деган маънони билдиради. Чунки қарз берувчи ўз молидан маълум бўлакни қирқиб, қарзга беради.

Шариатда эса бошқа кишига бир нарсани унинг бадалини қайтариб бериш шарти билан мулк қилиб беришдир. 

Демак, қарзга олинган нарса қарзга олувчининг мулкига айланади. Уни хоҳлаганича ишлатади. Қарз берган одамга эса унинг бадалини берса бўлади.

Аллоҳ таоло: 

«Эй иймон келтирганлар! Маълум муддатга қарз олди-берди қилган вақтингизда уни ёзиб қўйинг. Орангизда бир ёзувчи адолат билан ёзсин. Ҳеч бир ёзувчи Аллоҳ билдирганидек қилиб ёзишдан бош тортмасин. Бас, ёзсин ва ҳақ зиммасига тушган киши айтиб турсин, Роббига тақво қилсин ва ундан ҳеч нарсани камайтирмасин», («Бақара» сураси, 282-оят) деган.

Шарҳ: Бу ерда бошланиш қисми келтирилаётган «Ояти мудояна» – «қарз олди-бердиси ояти» номини олган ушбу ояти кариманинг тўлиқ матни ва тафсирини китобимизнинг аввалида батафсил ўрганиб ўтдик.

Бу ерда эса қарз олди-бердиси ўта масъулиятли иш бўлганлиги учун Аллоҳ таоло бу ишни шунчалар аҳамият билан баён қилганлигини ва бу илоҳий таълимотларга оғишмай амал қилсак, ўзимиз учун фойда эканлигини эслатиб қўймоқчимиз. 

 

1729. Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишидан ёш туяни қарзга олдилар. Кейин у зотга садақа туяларидан бири келди. Менга ҳалиги одамнинг ёш туясининг қарзини ўташни амр қилдилар. Мен: 

«У (туя)лар ичидан яхшиси – рубоъийсидан бошқасини топмадим», дедим. У зот: 

«Ўшани унга бер. Одамларнинг яхшиси қарзини гўзал ўтовчисидир», дедилар». 

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: «Рубоъий» олти ёшли туянинг номидир. 

Ушбу ҳадисдан ҳайвонни қарзга олиш ва унинг ўрнига ўзидан яхшисини қайтариб бериш мумкинлиги билинади. 

Ҳанафий мазҳабида эса «Бу рибога айланиб қолади, шунинг учун ҳайвонни қарзга олиш мумкин эмас», дейилган.

Аммо қарзни ўзидан кўра яхшироқ қилиб адо этишни, агар бу қарздорнинг ўзидан чиққан бўлса, «Жоиз», деганлар.

 

1730. Абдуллоҳ ибн Абу Робийъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан қирқ минг қарз олдилар. Кейин у зотга мол келганида уни менга қайтариб бердилар. Ва: 

«Аллоҳ молингга ва аҳлингга барака берсин. Албатта, қарзнинг мукофоти мақтов ва адо этишдир», дедилар». 

Насаий ривоят қилган.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳтож бўлиб қолганларида Абдуллоҳ ибн Абу Робийъадан қирқ минг дирҳам қарз олган эканлар. 

Аммо қўлларига пул тушиши билан қайтариб берганлар ва қарз бериб тургани учун Абдуллоҳ ибн Абу Робийъанинг ҳақларига дуо қилганлар. 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Албатта, қарзнинг мукофоти мақтов ва адо этишдир» дейишларида ажиб фалсафий маъно бор. 

Фойда кўзланган қарз Исломда жоиз эмас, бу рибо бўлади. Демак, мусулмон одам шариат ҳукми асосида қарз берганда ўзига зарарни билиб туриб, молини хавф-хатар остига қўяди. Қарз олувчи эса жуда ҳам қулай имкониятга эга бўлади. Аввало, мушкули осон бўлади. Қолаверса, ўзидан бир нарса чиқмайди. Агар чиқаришга рози бўлса ҳам шариат йўл бермайди. 

Бундай ҳолда қарз берувчига бирдан-бир мукофот унинг молини ўз вақтида қайтариб бериш-у, қарздор томонидан унинг шаънига айтиладиган мақтов гаплар бўлади, холос. Бировдан қарз оладиган кишилар бу ҳақиқатни яхши англаб етмоқлари лозим.

 

1731. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким одамларнинг молларини (қарзга) олиб, уни адо этишни ирода қилса, Аллоҳ ундан (ёрдами ила) адо этади. Ким йўқ қилишни ният қилиб олса, Аллоҳ уни йўқ қилади», дедилар». 

 Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда қарз олувчи қарз олаётган пайтида ниятни яхши қилиши лозимлиги уқдирилмоқда. 

Агар у ниятини яхши қилиб, «Олган қарзимни албатта қайтариб бераман», деб уринса, унга бу ишда Аллоҳ таолонинг Ўзи ёрдамчи бўлади. Аммо қарз олувчининг нияти бузуқ бўлса, у бировни алдаб, молини еб кетиш ниятида бўлса, Аллоҳ таоло унинг ўзини йўқ қилар экан.

Бу улкан ҳақиқатни ҳар бир қарз олувчи яхши англаб етиши керак. Тажриба ҳам шуни кўрсатади. Мусулмонларни алдаб, қарзини бермай юрганлар турли-туман бало-офатларга гирифтор бўлдилар ва бўлмоқдалар.

 

1732. Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Албатта, Аллоҳ сизларга оналарга оққ бўлишни, қизларни тирик кўмишни, (ҳуқуқларни) ман қилишни, «бер-бер», дейишни ҳаром қилди. Ва яна сизларга қийлу қолни, кўп саволни ва молни зое қилишни ёмон кўрди», дедилар». 

Икки шайх ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши қилиши мумкин бўлмаган қуйидаги ишлар ҳақида сўз бормоқда:

1. «Онага оққ бўлиш».

Бу иш гуноҳи кабира эканлиги ҳаммага маълум.

2. «Қизларни тириклайин кўмиш».

Жоҳилият вақтида очлик ва ордан қўрқиб, ёш қизларни тириклайин кўмиб юбориш одати бор эди. Бу иш қанчалик оғир гуноҳ эканлиги ҳақида гапириб ўтирмасак ҳам бўлади.

3. «(Ҳуқуқларни) ман қилишни».

Бунга қарзни бермай кетиш ҳам киради. Қарз олиб, бермай кетиш бировнинг ҳаққини бошқа ботил йўллар билан ейишдан ҳам оғирдир. Чунки бу ишда бировнинг молини ноҳақдан ейиш билан бирга, ўзига яхшилик қилган инсонга ёмонлик қилиш, нонкўрлик, инсофсизлик ҳам бордир.

4. «Бер-бер», дейишни».

Яъни ҳаром йўллар билан «бер-бер», деб мол тўплаш ҳам Аллоҳ таоло мусулмонларга ҳаром қилган ишлардандир.

5. «Қийлу қол».

Яъни «деди-деди», деб беҳуда, бўлмағур гап-сўзларни кўпайтириш, миш-миш тарқатиш.

6. «Кўп савол».

Олимлардан бўлган-бўлмаган нарсаларни кўп сўраш ҳам ёмон нарса.

7. «Молни зое қилиш».

Ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам, молни зое (исроф) қилиш мусулмончиликка тўғри келмайди. Жумладан, қарзга олиб туриб, бировнинг молини зое қилиш ҳам шунга киради.

1733. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бойнинг (зиммасидаги ҳақни) бермай юриши зулмдир», дедилар». 

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Моддий имкони бор одам ўз зиммасидаги молиявий бурчни адо этмай юриши золимликдир. У бу билан ҳақдорларга ҳам, ўзига ҳам зулм қилади. Ҳақдорлар ундан ўз вақтида ҳақларини ололмай, зулмга учрайдилар. Ўзи эса бу иши билан гуноҳга ботиб, ўзига зулм қилган бўлади.

Имом Шофеъийнинг ҳукмлари бўйича, агар бой кишидан мазкур иш иккинчи марта такрор бўлса, унинг гувоҳлиги қабул қилинмайди. Яъни у жамиятдаги ишончсиз кишилар қаторига қўшилиб қолади. 

Ушбу тушунча унутилгани туфайли жамиятларимизда бойлар, имкони бор одамлар бировнинг ҳаққини бермай юриши кенг тарқалган. Агар бирор марта «Фалончи ўз зиммасидаги ҳақни вақтида адо этмаганлиги учун у «ишончсиз киши» деб эълон қилинсин», деган ҳукм чиққанида эди, дарҳол ҳамма ўзини ўнглаб олган бўлар эди.

1734. Бухорий, Аҳмад ва Насаийлар қилган ривоятда: 

«Топганнинг бўйин товлаши унинг обрўсини (тўкишни) ва уқубатини ҳалол қилади», дейилган.

Шарҳ: Аслида, шариат бўйича, бировнинг об­рўсини тўкиш, азоблаш ҳаром. Аммо имкони бўла туриб, бировдан олган қарзини бермай юрган одамнинг обрўсини тўкиш ҳам, азоблаш ҳам ҳалол бўлиб қолар экан.

Шунинг учун ҳукумат унинг гувоҳлигини қабул қилмаслик ҳақида қарор чиқаради. Мусулмонликда бу иш энг катта обрўсизлик бўлиб, ундай одамни қамашга ҳам буюрилади. Бу ҳол ўзи учун ҳам, бошқалар учун ҳам эслатма, танбеҳ бўлади.

 

1735. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Аллоҳнинг наздида Аллоҳ наҳий қилган кабийра гуноҳлардан кейинги энг оғир гуноҳ бир кишининг зиммасидаги қарзини узишга ҳеч нарса қолдирмай, ўлиб, У Зотга рўпара бўлишидир», дедилар». 

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Бировдан олган қарзни узмасдан ёки уни узишга имкон қолдирмасдан ўлиб кетишдан оғир нарса йўқлигини баён қилиш учун бу сўзлардан ортиқ ифода топилмаса керак.

 

1736. Насаий қилган ривоятда: 

«Менинг жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, агар бир киши Аллоҳнинг йўлида қатл қилинса, сўнг тирилтирилса, яна қатл қилинса ва тирилтирилса, сўнг яна қатл қилинса-ю, унинг зиммасида қарзи бўлса, қарзи адо этилмагунча жаннатга кирмас»дейилган.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қасам ичиб туриб айтишлари ҳам бу иш қанчалик аҳамиятли эканлигини кўрсатади. 

Аллоҳ таолонинг йўлида шаҳид бўлиш қанчалик улуғ мақом. Шаҳид учун жаннат эшиклари доимо катта очиқ. Лекин қарз иши оғир. Агар инсон Аллоҳнинг йўлида бир эмас, уч марта шаҳид бўлса ҳам, қарзини адо қилмаган бўлса, жаннатга кира олмайди. Ундай одамнинг жаннатга кириши олган қарзининг узилишига боғлиқ бўлиб қолади. Қарзи узилса, жаннатга киради, бўлмаса йўқ. 

Чунки қарз банданинг ҳаққи, бу ҳақни фақат ўз эгаси кечади, холос. Аллоҳ таоло кечмайди. Қарз олиб, уни узмай юрганлар бу ҳақиқатни яхшилаб англаб олмоқлари лозим.

 

1737. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зим­масида қарзи билан ўлган одамга жаноза намози ўқимас эдилар. Бир маййит олиб ке­линди. Бас, у зот: 

«Унинг зиммасида қарз борми?» дедилар.

«Ҳа, икки динор», дейишди.

«Соҳибингизга ўзингиз жаноза ўқинг», дедилар.

«Улар (икки динор) менинг зиммамга, эй Аллоҳнинг Расули», деди Абу Қатода. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у(маййит)га жаноза ўқидилар. Аллоҳ ўз Расулига Фатҳни ато қилганидан кейин: 

«Мен ҳар бир мўмин учун унинг ўзидан кўра ҳақлироқман. Ким қарз қолдирса, уни адо этиш менинг зиммамда. Ким мол қолдирса, меросхўрларига», дедилар». 

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам зиммасида қарзи бўлган кишининг ўлиши ўзига яраша муомала талаб қилишини кўрсатади.

Ушбу ҳадисга амал қилган ҳолда, ҳозирда ҳам ҳар бир маййитга жаноза намози ўқишдан олдин унинг қарзи бор-йўқлиги сўралади. Унинг қарзларини яқин кишиларидан бири ўз зиммасига олганидан кейингина жаноза намози ўқилади. Шариат ҳукми бўйича бирор маййитнинг қарзини ўз зиммасига оладиган киши топилмаса, унинг қарзи хазинадан узилади. Хазина бўлмаган жойларда мазкур қарз шу ерлик мусулмонларнинг закотидан адо этилиши мумкин. Бу ҳадиси шариф ва унга тегишли ҳукмлар «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласининг еттинчи жузидаги «Жаноза намози» бобида батафсил ўрганилган.

 

1738. Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Отам Уҳуд куни шаҳид бўлди. Зиммасида қарзи бор эди. Ҳақдорлар ўз ҳақларини шиддат билан талаб қилдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, бу ҳақда гаплашдим. Бас, у зот улардан боғимнинг хурмосини олиб, отамдаги ҳақларини ҳалол қилишларини сўрадилар. Улар бош тортдилар. Шунда (у зот) соллаллоҳу алайҳи васаллам «Эрта билан олдингга борамиз», дедилар. Кейин тонг отганда бизнинг олдимизга келдилар. Хурмо дарахтларини айланиб кўрдилар ва уларнинг мевасига барака тилаб, дуо қилдилар. Мен уларни тердим. Қарзларимни адо этдим. Уларнинг мевасидан ўзимизга ҳам қолди». 

Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Отанинг қарзини ўғил тўлаши.

2. Қийин ҳолда қолганда раҳбардан ёрдам сўраш жоизлиги.

3. Бошлиқ ўз қўли остидаги кишиларга ёрдам бериш учун ҳаракат қилиши зарурлиги.

4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг камтарликлари ва мўъжизалари.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Ҳадис ва ҳаёт китобидан)