1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Қарз бериш ва олиш одоблари (2-қисм)

18:00 / 09.10.2017 6744 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қарздорнинг одоблари:

1. Қарздор қарзни адо қилишдан қочиб, турли ҳийла-найранглар қилмайди.

«Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб, одамларнинг молларидан бир қисмини гуноҳ ила ейишингиз учун уни ҳокимларга ташламанг» (Бақара сураси, 188-оят).

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мусулмонларни бир-бирларининг молини ботил – ҳаром йўл билан ейишдан қайтармоқда.

Ушбу ояти каримани тушунтириш учун Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:

«Бу дегани – бир одам қарздор бўлади, лекин ўзига қарши ҳужжат йўқлигидан фойдаланиб, у молни олганидан тонади. Бировнинг молини ҳаромдан еб, гуноҳкор бўлаётганини билиб туриб, ҳокимга арз қилади», деган эканлар.

Гўё ҳоким ҳукм қилса, гуноҳ гуноҳликдан тушиб, ҳаром мол ҳалолга айланиб қоладигандек. Ҳолбуки, ҳалол ҳокимнинг ҳукми ила ҳаром бўлиб қолмайди ёки аксинча ҳам бўлмайди. Балки айнан ҳамма нарсани кўриб, билиб турувчи Аллоҳнинг ҳукми билан ҳалол ёки ҳаром бўлади. Ҳоким ҳамма нарсани кўра олмайди, била олмайди. У сиртдан кўрганига, талашаётганларнинг гапига, уларнинг ҳужжатларига қараб ҳукм чиқаради.

Имом Бухорий Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом:

«Мен бир одамман, холос. Талашганлар ҳузуримга келадилар. Баъзилари бошқаларидан кўра ҳужжатини яхшироқ кўрсатиб юбориши, мен эса унинг фойдасига ҳукм қилишим мумкин. Кимга бир мусулмоннинг ҳаққидан ҳукм қилиб берсам, у дўзах ўтидан бир бўлакдир. Хоҳласа олиб, хоҳласа қолдириб кетсин», деганлар.

2. Қарздор қарзини яхшилаб узишга ҳаракат қилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир одамнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда ҳақи бор эди. Ўша одам у зотга қўполлик қилди. Саҳобалар унга (ёмонлик) қасд қилиб қолдилар. Шунда у зот:

«Уни тек қўйинглар. Ҳақ эгасининг гапи бўлади. Унга (туяси) ёшидагини сотиб олиб беринглар», дедилар. Улар:

«Биз унинг ёшидан яхшироқ ёшдан бошқасини топа олмаяпмиз», дейишди.

«Ўшани сотиб олиб, унга беринглар. Албатта, сизнинг яхшиларингиз қарзини гўзал адо этувчиларингиздир», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир аъробийдан туя қарз олган эдилар. Ҳалиги одам келиб, аъробийларга хос одати бўйича қўполлик билан у зотдан қарзини сўради. Шунда саҳобаи киромлар у бе-одобнинг танобини тортиб қўймоқчи бўлишди. Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга йўл бермадилар, саҳобаларга унга тегмасликни амр қилдилар. «Ҳақ эгасининг гапиришга ҳаққи бор», дедилар ва унга озор бериш ўрнига, унинг ҳақини яхшилаб қайтариш, қарзга берган туясига ўхшаш туя сотиб олиб бериш кераклигини таъкидладилар.

Бошқа ривоятларда айтилишича, қарзга олинган туя учта тиши чиққан туя экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ходимлари Абу Рофеъ розияллоҳу анҳу бориб, унга ўхшаш туя топа олмаганининг, тўртта тиши чиққан туя борлигининг хабарини беради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ана ўша тўртта тишли туяни сотиб олиб, ҳалиги аъробийга беришни амр қилдилар ва:

«Албатта, сизнинг яхшиларингиз қарзини гўзал адо этувчиларингиздир», дедилар».

Демак, бировдан қарз олган одам уни ўз вақтида, ўзидан ҳам афзал этиб қайтаришга ҳаракат қилиши керак. Чунки у муҳтож бўлиб турган пайтида қарз берувчи ноқулай ҳолатдан чиқишига ёрдам берган, ўз фойдасидан кечиб, унга яхшилик қилган. Унинг яхшилигини унутмаслик, ўз ўрнида қайтариш лозим. Оғир пайтда ҳожатини чиқариб олиб, кейин қарзини бермай юриш инсофсизлик ҳисобланади.

3. Қарз муомаласи пайтидаги шартларга тўлиқ амал қилиш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мусулмонлар шартларида турурлар», дедилар».

Абу Довуд, Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган.

Мусулмон киши ўзи бўйнига олган шартларга сўзсиз амал қилади. Акс ҳолда мусулмонлиги қолармиди! Бу нарса айниқса иқтисодий, молиявий муомалаларда кўп кузатилади.

Шариат қоидасига мувофиқ, нима шарт қўйилган бўлса, мусулмон инсон ўша шартга амал қилмоғи матлуб, аксинча бўлса, гуноҳкор бўлади. Аммо мусулмон одам шариат ҳукмига мувофиқ бўлмаган шартни қўймайди. Мабодо унинг ихтиёридан ташқари бундай шарт қўйилган чоғда ҳам унга амал қилмайди.

4. Қарз олаётган шахс яхши ният билан, қарзни вақтида тўлашни қасд қилиб олиши керак.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ким одамларнинг молларини (қарзга) олиб, уни адо этишни ирода қилса, Аллоҳ ундан (ёрдами ила) адо этади. Ким йўқ қилишни ният қилиб олса, Аллоҳ уни йўқ қилади», дедилар».

Имом Бухорий ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифда қарз олувчи қарз олаётган пайтида ниятни яхши қилиши лозимлиги уқдирилмоқда.

Агар у ниятини яхши қилиб, «Олган қарзимни албатта қайтариб бераман», деб уринса, бу ишда Аллоҳ таолонинг Ўзи унга ёрдамчи бўлади. Аммо қарз олувчининг нияти бузуқ бўлиб, бировни алдаб, молини еб кетиш ниятида бўлса, Аллоҳ таоло унинг ўзини йўқ қилар экан.

Бу улкан ҳақиқатни ҳар бир қарз олувчи яхши англаб етиши керак. Тажриба ҳам шуни кўрсатади. Мусулмонларни алдаб, қарзини бермай юрганлар турли-туман бало-офатларга гирифтор бўлдилар ва бўлмоқдалар.

5. Қарздор имкон бўлиши билан қарзни узишга ўтиши зарур, акс ҳолда зулм қилган бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бойнинг (зиммасидаги ҳақни) бермай юриши зулмдир», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Моддий имкони бор одам ўз зиммасидаги молиявий бурчни адо этмай юриши золимликдир. У бу билан ҳақдорларга ҳам, ўзига ҳам зулм қилади. Ҳақдорлар ундан ўз вақтида ҳақларини ололмай, зулмга учрайдилар. Ўзи эса бу иши билан гуноҳга ботиб, ўзига зулм қилган бўлади.

Имом Шофеъийнинг ҳукмлари бўйича, агар бой кишидан мазкур иш иккинчи марта такрор бўлса, унинг гувоҳлиги қабул қилинмайди. Яъни жамиятдаги ишончсиз кишилар қаторига қўшилиб қолади.

Ушбу тушунча унутилгани сабабли жамиятларимизда бойлар, имкони бор одамлар бировнинг ҳақини бермай юриши кенг тарқалган. Агар бирор марта «Фалончи ўз зиммасидаги ҳақни вақтида адо этмагани учун уни ишончсиз киши деб эълон қилинсин», деган ҳукм чиққанида эди, дарҳол ҳамма ўзини ўнглаб олган бўлар эди. Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирда ушбу шаръий ҳукмга амал қилиш кўпчиликнинг ёдидан кўтарилган. Қарзини узиш имкони бўла туриб, топган пулини турли ҳойи-ҳавасларга ишлатиб юрганлар оз эмас.

Бухорий, Аҳмад ва Насоий қилган ривоятда:

«Топганнинг бўйин товлаши унинг обрўсини (тўкишни) ва уқубатини ҳалол қилади», дейилган.

Аслида шариат бўйича бировнинг обрўсини тўкиш, азоблаш ҳаром. Аммо бировдан олган қарзини имкони бўлатуриб, бермай юрган одамнинг обрўсини тўкиш ҳам, азоблаш ҳам ҳалол бўлиб қолар экан.

Шунинг учун ҳукумат унинг гувоҳлигини қабул қилмаслик ҳақида қарор чиқаради. Мусулмончиликда бу иш энг катта обрўсизлик бўлиб, ундай одамни қамашга ҳам буюрилади. Бу ҳол ўзи учун ҳам, бошқалар учун ҳам эслатма, танбеҳ бўлади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Қарз ва унга боғлиқ масалалар китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Электрон тижорати деганда у товар ва хизматларни интернет тармоғи орқали амалга ошириш тушунилади. У компютер, тармоқ, дастур ва электрон сайтдан иборат. давоми...

3015 05:00 / 17.02.2017
.Рибо, луғатда зиёда маъносини англатади. Шариатда эса молни молга алмаштиришда эвазсиз ортиқча мол олишга айтилади. Рибо судхўрлик бечораларнинг ночорлигидан давоми...

6759 05:00 / 03.03.2017
Қарздорнинг одоблари1. Қарздор қарзни адо қилишдан қочиб, турли ҳийланайранглар қилмайди..Бирбирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб, давоми...

6744 18:00 / 09.10.2017
Таърифи .Ғарар, луғатда хатар маъносини билдирадиПайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ғарар савдосидан қайтарганлар. Муслим ривояти. 10157.Фиқҳий истилоҳга кўра, давоми...

3338 05:00 / 17.02.2017
Аудиолар

118783 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40733 14:35 / 11.08.2021