1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Бенуқсон одам бўлмас

19:00 / 22.07.2022 5130 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Эй мўминлар! Кўп гумон(лар)дан четланинг! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир. (Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилманг ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқинг! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир” (Ҳужурот, 12).

Нега бошқалардан айб қидирамиз, ёмон гумонда бўламиз, ғийбат қиламиз? Бунинг асосий сабаби – биздан ҳам хатокорроқ кишилар борлигини исботлаш билан ўзимизни оқлаш истаги. Ваҳоланки, бошқаларнинг айблари бизнинг гуноҳларимизни беркитолмайди. Ўзгалар камчилиги билан машғуллигимиз ўз қусурларимизни кўришдан бизни тўсади.

Бировнинг хатосини кўрганда огоҳлантириш ўрнига ёмон гумонда бўлиш, афсусланарлиси, буни бошқаларга айтиб, ғийбатга йўл очиш биродарлик ришталарига дарз етказади. Аслида, айбларимизни бир-биримизни бездирмай, ҳеч кимни аралаштирмай, юмшоқлик билан айтсак ҳам бўлади. Абдуллоҳ ибн Зайд (розияллоҳу анҳу) дейди: “Биродарингдан сенга ўзинг истамаган бирор иш етса, уни оқлаш учун сабаб ахтар. Агар тополмасанг, балки бу ерда мен билмаган нарса бордир, дегин”. Бу ҳикматли сўз диққатимизни масаланинг бошқа томонига қаратади. Ишларнинг аслини билмай туриб, хулоса чиқармасликка чақиради. Бинобарин, қилаётган иши бизга ёқмаслиги бошқалар ҳақида ёмон гумонга боришимизга баҳона бўлолмайди.

Дейлик, бир танишимиз гуноҳ қилди. Аммо орадан беш дақиқа ўтар-ўтмас пушаймон бўлди, хатосини тушуниб, Аллоҳ таолодан мағфират сўради. Бу тавбаси унга кўп яхшиликлар келтирди. Биз эса ўша гуноҳида танишимизни айблаб, ҳаммага гапиришда давом этамиз. Нечта одамга айтиб, қанчаларнинг у ҳақидаги бадгумонига сабаб бўламиз. Бу ҳолатда зиён кўрган ким? Таншимизми, бизми? Албатта, биз. Демак, ёмон гумон қилувчининг, бошқалардан айб ахтарувчи, ғийбатчининг зарари энг кўп ўзига етаркан.

Инсонмиз, кайфиятимиз, руҳий ҳолатимиз бир хил бўлавермайди. Сониядан сонияга ўзгаришимиз ҳеч гап эмас. Шунга кўра, кишининг битта ўринсиз ҳаракатидан келиб чиқиб, уни ёмон деёлмаймиз. Чунки бир оздан кейин пушаймон бўлиши; ҳозиргина дағал туюлган одам бошқа пайтда жуда ҳалим ҳолда кўриниши ҳам мумкин.

Ичи юз киши билан тўлган кемани тасаввур қилинг. Улардан тўқсон тўққиз нафари ёмон, биттагинаси яхши. “Ичида тўқсон тўққиз ёмон бор”, деб кемани чўктириб юборолмаймиз. Чунки улар орасидаги биргина яхши аҳамиятли. Вақт ўтгани сари у ёнидагиларга таъсир қилиб, эзгуликка бошлаши ҳам мумкин. Демоқчимизки, бир одамнинг ёмон экани ҳақидаги эҳтимол юздан тўқсон тўққиз фоиз; яхши экани ҳақидагиси эса юздан бир фоизгина бўлса, ўша бир фоизига таянамиз. Битта яхшилик сабабидан қолган тўқсон тўққиз айбни кечирамиз, шу билан ўзимиздан бадгумонлиликни қувамиз. Ўз ўрнида, ёмонликларни яхшиликлар билан йўқотиш йўлида биродаримизга ёрдамчилик вазифамиз эканини ҳам унутмаслигимиз керак.

Аксарият, кишиларнинг бизга боғлиқ бўлмаган, зиёни ҳам етмайдиган камчиликлари билан машғул бўламиз. Уларни бошқаларга етказишга шошиламиз. Бу, сўзимиз бошида айтганимиздек, биздан ҳам ёмонроқлар бор-ку, дея ўзимизни оқлаш истаги кучлилигидан юзага келади. Мўмин сифатида, озор берганларни кечиришимиз, айбларини яширишимиз керак бўлгани ҳолда, тирноқ остидан кир қидириб, бизга алоқадор бўлмаган камчиликлари сабаб одамлардан нафратланамиз.

Катта гуноҳлар, хатолар қиламиз, кейин қўл очиб, Аллоҳ таолодан марҳамат, афв сўраймиз. Аллоҳ таоло барча гуноҳларини кечириши мумкин бўлгани ҳолда, биз кичкина хатолари сабаб одамларга кин сақласак, тўғри бўладими?

Аслида, инсонларни хатосиз кўришни исташнинг ўзи хато. Шундай бўлгач, атрофимиздагиларни камчилик, қусурлари билан қабул қилишга ўрганайлик. Шундагина энг олдин ўзимиздан қўрқишимиз кераклигини, камчиликларимиз қачонлардан бери ислоҳ этилишни кутаётганини англаб етамиз. Зеро, ютуқ доимо камчиликни ўзидан ахтарган, уларни бартараф этишга ғайрат қилганларга насибдир.

 

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи тайёрлади.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абдуллоҳ ибн Фалон айтади .Иброҳим ибн Адҳам анжир кўтариб кетаётган бир боланинг олдидан ўтиб қолиб, .Бир тангага анжир берасанми, деди. Бола анжирни бир тангага давоми...

2098 08:00 / 28.04.2020
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Замзам суви нима учун ичилса, шунинг учундир,, дедилар,.Ибн Можа, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон давоми...

5365 12:26 / 15.03.2017
Шайх Абдулқодир Жийлоний раҳматуллоҳи алайҳ .Ғунятут толибийн, да Рамазон ҳақида шундай ёзганлар .Рамазон, сўзидаги ҳар бир ҳарф бу муборак ойдаги сифатни баён давоми...

1503 17:00 / 25.04.2020
Президентимизнинг жорий йил 27 майдаги .Ўзбекистон коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида,ги Фармони юртимизда коррупцияга қарши давоми...

2817 20:56 / 17.06.2019