1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Қалбни бузувчи нарсалар

10:25 / 27.03.2017 2498 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллома Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар: “Қалбни бузувчи нарсалар асосан бештадир: кўп аралашиш, узун орзу, Аллоҳдан бошқага боғланиш, кўп ейиш, кўп ухлаш. Мана шулар қалбни бузадиган энг катта офатлардир”. Энди шу бешта нарсани бирма-бир баён қиламиз. 

1. Кўп аралашиш. 

Бу нарса кишининг қалби одамларнинг нафаслари билан тўлишига ва натижада ўша қалб қорайишига олиб келади. Бу ҳолатда инсон кўп ғам-ташвиш, изтироб ва заифликка мубтало бўлади. Ёмон суҳбатдошларнинг таъсирига тушиб қолиш эҳтимоли кучаяди. Одамларга кўп аралашиб юрадиган кишининг вақти беҳуда нарсаларга сарфланиб кетади. Кўп фойдали ишларни қилишга имкон топа олмайдиган бўлиб қолади. Одамларни рози қилиш, кўнглини олиш билан банд бўлиб қолади. Охират ғами, Аллоҳни зикридан маҳрум бўлади. Аралашиш инсонни турли мушкулликлар гирдобига ташлайди. Инсон у орқали ўзига душманлар орттириб олади. Зеро, инсон инсонга офатдир, деган гап бежизга айтилмаган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: 

“У кунда золим қўлларини (бармоқларини) тишлаб (пушаймон қилиб), дер: «Эҳ, қани эди, мен ҳам пайғамбар билан бирга бир йўлни тутганимда! Ҳолимга вой! Кошки эди, фалончи (гумроҳ)ни дўст тутмаганимда! Аниқки, менга эслатма (Қуръон) келганидан сўнг, ўша (фалончи) мени йўлдан оздирди». (У кунда) шайтон (ўзига эргашган барча) инсонни ёрдамсиз қўювчидир” (Фурқон, 27-29). Бошқа бир оятда эса Аллоҳ таоло шундай дейди: 

“У кунда тақводорлардан ўзга дўстлар бир-бирларига душмандирлар” (Зухруф, 67). Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссалом тилларидан хабар бериб, шундай дейди: 

“(Иброҳим) айтди: “Сизлар фақат дунё ҳаётидаги ўзаро дўстлашишингизни кўзлаб, Аллоҳни қўйиб, бутларни тутдингиз. Сўнгра қиёмат кунида баъзиларингиз (пешволарингиз) баъзиларингиздан (эргашувчилардан) тонур, баъзиларингиз баъзиларингизни лаънатлар. Борар жойингиз дўзахдир. (У жойда) сизлар учун ёрдам берувчилар йўқдир” (Анкабут, 25). 

Бу кўриниш сиз билан бирор манфаатни кўзлаб шерик, улфат бўлган одамнинг аҳволидир. Агар унга сиздан фойда етиб турса, сиз билан борди-келдисини аъло даражада олиб боради. Мабодо ўша манфаат узилиб қолса, ҳалиги “улфатингиз” хафа бўлиб, сиз билан шерик бўлганига афсус-надомат қила бошлайди. Охири аламига чидолмай ўртадаги “дўстлик”ни нафрат ва адоватга айлантиради. Натижада юқоридаги оятда айтилган ҳолат юз беради. Одамлар билан аралашишдаги битта метин қоида: улар билан фақат яхши ишлардагина аралашиш лозим. Масалан, жумъа намози, жамоат намозлари, икки ийд намозлари, ҳаж, илм мажлислари ва шу каби хайрли тўпланишлардагина улар билан аралашиш керак. Ундан бошқа барча ёмонлик ва ортиқча мубоҳ ишларда аралашишдан сақланиш кони фойдадир. Борди-ю, улар билан бир ёмон ишда бирга бўлишга тўғри келиб қолса-ю, ундан сақланишнинг имкони бўлмаса, улар билан мувофиқ келишдан эҳтиёт бўлиш, азиятларига сабр қилиш лозим. Чунки, уларга мувофиқ келмасангиз ва сиз заиф, ҳимоясиз бўлсангиз, азият беришлари турган гап. Агар одамлар билан ортиқча мубоҳ ишларда аралашишга тўғри келиб қолса, имкон қадар ушбу аралашишни ниятни тўғри қилиш орқали савобли амалга айлантириб олиш даркор. 

2. Орзулар кемасига миниш. 

Орзулар денгизи қирғоғи йўқ денгиздир. Бу денгизга ҳеч вақоси йўқ кимсалар минадилар. Бундай кишилар барча неъматларга меҳнат, ирода ва ҳаракат билан етишишни ўйламайдилар. Нуқул қуруқ хаёлларга берилиб, бир кун келиб ҳамма ўйлаганлари амалга ошишини кутиб яшайдилар. Кимдир олий мансабларда ўтиришни, яна кимдир бутун дунёни кезиб, сайру саёҳат қилишни, кимлардир кўп мол-давлат эгаси бўлишни ва яна бошқалар нималарнидир орзу қилади. Кўп орзу қилувчи инсоннинг қалби ўша орзу қилаётган нарсаларига боғланиб, ўшалар билан банд бўлиб қолади. Натижада қалб ўз ишини қўйиб, сароб хаёллар сандиғига айланиб қолади. Ваҳоланки, у қалб эртаю кеч Роббисини зикр қилиши, Унга талпиниши, Ундан қўрқиши, охират ғамини кўпроқ ўйлаши керак эди. Қалб ўзига фойдаси йўқ нарсалар билан қанча кўп банд бўлса, шунча тез бузилади. 

3. Аллоҳдан бошқага боғланиш. 

Шубҳасиз, бу қалбни бузувчи энг катта офатдир. Қалб учун бундан кўра зарарлироқ бошқа нарса йўқ. Уни бахт-саодатдан, хотиржамликдан, барча фойдалардан узиб қўядиган нарса ҳам Аллоҳни қўйиб, бошқага боғланишдир. Чунки, қалб агар Аллоҳдан бошқага боғланса, Аллоҳ уни ўша боғланган нарсасига топшириб қўяди. Аллоҳ кимнинг ишини бошқа бировга топшириб қўйса, унинг хор бўлиши аниқ. Аллоҳдан кутган барча нарсалари йўқликка учрайди. Бошқага боғланган қалб ҳеч қачон мақсадига етмайди, орзуси амалга ошмайди. Аллоҳ таоло ана шундай қалб эгалари ҳақида шундай марҳамат қилади: 

“Улар (Макка мушриклари) Аллоҳни қўйиб, ўзларига ҳимоячи бўлиши учун “илоҳлар” тутдилар. Йўқ! (Қиёмат куни бутлари) улар қилган ибодатларни инкор қилурлар ва уларга зид бўлурлар” (Марям, 81-82). Бошқа оятда бу ҳол қуйидагича баён этилади: 

“Аллоҳ (ибодати)ни қўйиб, ёрдам олиш умидида “илоҳ”ларни тутдилар. Улар (сохта илоҳлар) нақд “қўшин” бўла туриб, уларга ёрдам беришга ярамайдилар” (Ёсин, 74-75). 

Одамларнинг ичида энг кўп хорликка учрайдигани Аллоҳдан бошқага боғланган кимсадир. Чунки, унинг қўлдан бой бераётган бахту саодати, нажотга эришиши ва бошқа фойдалари боғланганидан келадиган манфаатлардан кўра улканроқдир. Аллоҳдан бошқага боғланган кимса ўзини тойилиш ва йўқотиш гирдобига ташлаган ҳисобланади. Бундай кимса худди иссиқдан салқинланиш, совуқдан исиниш учун ўргимчак уясидан паноҳ топган кимсага ўхшайди. Ваҳоланки, уйларнинг ичида энг заифи ўргимчакнинг уясидир. Қисқача қилиб айтадиган бўлсак, ширкнинг асоси Аллоҳдан бошқани ҳимоячи, ёрдам берувчи деб билиш ва ўшанга боғланишдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: 

“Аллоҳга яна бирор “илоҳ”ни қўша кўрманг! Акс ҳолда қораланувчи ва маҳрум ҳолда ўтириб қолурсиз” (Исро, 22). 

4. Таом. 

Таом икки жиҳатдан қалбни бузади: 

А) Ҳаромлиги туфайли. Бу ҳам икки хил бўлади: Аллоҳнинг ҳаққига тегишли ҳаромлик. Масалан, ўлимтик, қон, тўнғиз гўшти, йиртқич ҳайвонлар ва қушларнинг гўшти. Кейингиси банданинг ҳаққига тегишли ҳаромлик. Масалан, ўғирланган таом, тортиб олинган таом, эгасининг розилигисиз олинган таом ва ҳоказолар. 

Б) Ҳалол таомнинг ҳаддан ортиши туфайли. Масалан, исроф, бўкиб овқатланиш. Чунки, тўйиб овқатланиш кишини тоат-ибодатларга суст қилиб қўяди. Намоз ўқиш ҳам унга оғирлик қилади. Кўп овқат еган одам кўп ичимлик ичади. Натижада танасидаги оғирлик янада ортиб, бутунлай дангаса бўлиб қолади. Қолаверса, кўп ейиш шаҳватни ҳам кучайтиради. Кишини шаҳватлар гирдобига осонгина тушиб қолишига замин яратади. Тўйиб овқат ейдиган одамнинг гуноҳларга мойиллиги ортади. Кўп ейиш шайтоннинг томирлардаги юрадиган йўлини кенгайтиради. Рўза эса ушбу йўлни торайтириб, шайтоннинг юришига имкон бермайди. Ким кўп еса, кўп ичади, натижада кўп ухлайди, кўп фойдалардан қуруқ қолади. Бора бора у кимса ғофиллардан, Аллоҳни кам эслайдиганлардан бўлиб қолади. Машҳур ҳадисда шундай дейилади: “Одам тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қорнидир. Одам боласига белини тик тутиб турадиган бир неча луқма кифоя қилади. Агар кўп ейишга мажбур бўлиб қолса, у ҳолда қорнининг учдан бирини таом учун, учдан бирини ичимлик учун, қолган учдан бирини эса ҳаво учун ажратсин”. Термизий, Аҳмад, Ҳоким ривоят қилишган. 

5. Кўп ухлаш. 

Кўп ухлаш қалбни ўлдиради, баданни оғирлаштиради, вақтнинг беҳуда совурилиб кетишига сабаб бўлади. Яна кўп ухлаш ғафлат ва дангасаликни ва бошқа кўп зарарларни келтириб чиқаради.  Уйқунинг энг фойдалиси унга қаттиқ эҳтиёж тушган пайтда ухланганидир. Кечанинг аввалидаги уйқу кечанинг охиридаги уйқудан фойдалироқдир. Куннинг ўртасидаги уйқу куннинг икки тарафидаги уйқудан фойдалироқдир. Агар уйқу куннинг икки тарафидан бирига яқинлашса, фойдаси озаяди, зарари кўпаяди. Айниқса аср намози пайтидаги ҳамда куннинг аввалидаги уйқу жуда зарарлидир. Қолаверса, бомдод намозидан сўнг қуёш чиққунча бўлган вақт орасида ухлаш ҳам ёқимсиздир. Зеро, бу ғанимат саналадиган вақтлардандир. Бу пайтда дуолар ижобат бўлади, истиғфорнинг фазилати ҳам, унга бериладиган ажр ҳам бу пайтда улкан бўлади. Бундан ташқари бу вақтда ризқлар тақсим қилинади. Қисқача қилиб айтганда уйқунинг энг мўътадил ва фойдали вақти кечанинг аввалги қисми ва охирги олтидан биридир. Бу вақтларни бир-бирига қўшса саккиз соат бўлади. Бу миқдор шифокорлар наздида энг мўътадил миқдордир. Уйқу миқдорининг бундан кўп ёки оз бўлиши шифокорлар фикрига кўра, жисм ва ақлга зарардир. Қуёш ботган заҳоти ухлаш ҳам энг зарарли, фойдасиз уйқулар туркумига киради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу пайтдаги уйқуни, яъни хуфтон намозидан аввалги уйқуни ёқтирмас эдилар. 

Аллоҳ барчамизнинг қалбимизни соф ва салим ҳамда Ўзидан қўрқадиган қалблардан бўлишини насиб этсин, омин! 


Нозимжон Ҳошимжон


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сен уларнинг камчиликларидан баъзиларини кўриб, уларга қарши далил излаётганингни пайқадим. Агарда улар сенга .саҳобаларга етган нарса сизга етмайдими, десалар, давоми...

3944 17:45 / 17.03.2017
КиришБисмиллааҳир роҳмаанир роҳийм.Батаҳқиқ, сизлар учун, Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлган ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Росулуллоҳда гўзал ўрнак давоми...

23186 09:41 / 22.03.2017
Ҳорун арРошиднинг насроний моҳир табиби бор эди. Мазкур табиб уламолардан бирига Сизларнинг китобингизда тиб илмидан ҳеч нарса йўқку, ҳолбуки, илм икки хил давоми...

8517 15:25 / 27.03.2017
Қуръони Карим оятларини тиловат қилаётиб ушбу оят ҳақида ўйланиб қолдим. Улар бахиллик қиладиган, одамларни бахилликка буюрадиган ва Аллоҳ уларга Ўз давоми...

4388 21:11 / 21.04.2017
Аудиолар

120149 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41811 14:35 / 11.08.2021