1445 йил 14 шаввол | 2024 йил 23 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Қадария бу умматнинг мажусийларидир

17:08 / 24.07.2017 3865 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қадария бу умматнинг мажусийларидир. Агар бемор бўлсалар, кўргани борманглар, ўлсалар, (жанозаларига) қатнашманглар», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадис мусулмонлар ичидан чиқадиган маълум бир тоифа – Қадарияга бағишланмоқда.

Бу тоифа қадар масаласида адашган тоифа бўлганлиги учун ушбу номни олган. Аниқроғи, улар қадарни инкор қилганлиги учун шундай аталишган. Бу тоифа қадарга ишонмайдиган кишилардир. Улар: «Дунёдаги бандага хос ишлар банданинг ихтиёри билан бўлади, банда ўз амалини ўзи халқ қилади», дейдилар.

Қадария бошқа мазҳабларга ўхшаб, алоҳида бир тоифага ажраб, имоми бўлиб, давомчилари маълум минтақаларга тарқалган эмас. Балки ким юқоридаги ақийдани қилса, ўшанга қадария дейилаверган. Қадария мазҳабининг энг кўзга кўринган намояндалари мўътазилийлардир. 

Мўътазилийлар алоҳида ақийдавий мазҳаб, йўналиш соҳиблари бўлиб, бошқа баъзи бир ақийдавий масалаларда ҳам уларнинг Аҳли сунна ва жамоа мазҳабига хилофлари бор. Жумладан, қадар масаласида ҳам юқорида зикр қилинган эътиқодда бўлганлари учун улар «Қадария» деб ҳам аталади.

Қадария мазҳабига юрганларнинг асосий хатоси инсонга берилган ихтиёрга муболаға билан қараб, Аллоҳнинг шомил ихтиёрини чеклашга уринишдир. Улар инсонда ихтиёр борлигига далолат қилувчи оят ва ҳадисларни ҳаддан ошириб, унинг ихтиёри чекланганлиги ва Аллоҳнинг ихтиёрига тобеълиги ҳақидаги далилларни ўз фикрларига мослаб таъвил қилиш билан овора бўлганлар. Оқибатда залолатга кетганлар.

Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қадария бу умматнинг мажусийларидир», демоқдалар, яъни Қадария мазҳабига юрганларни Ислом умматининг мажусийлари эканини эълон қилмоқдалар. Нима учун? Бу саволга уламоларимиз қуйидагича жавоб берадилар: «Маълумки, мажусийлар оташпарастлардир. Улар қуёшга ёки оловга ибодат қиладилар. Уларнинг эътиқодлари бўйича, икки асл илоҳ бор: Нур худоси ва Зулмат худоси, яъни, яхшилик худоси ва ёмонлик худоси. Ҳамма яхшиликларни Нур худоси, барча ёмонликларни эса Зулмат худоси қилади.

Қадария мусулмонлардан бир тоифа бўлиб, улар қадар йўқ дейишади. Улар: «Банда ўзининг ихтиёрий амалларини ўзи яратади», дейдилар. Шу эътиқодларига биноан, уларнинг фикрича, Холиқ иккита бўлади: Аллоҳ таоло ва ўз ихтиёрий амаллари бўйича инсон. Шунинг учун, яъни икки Холиқ бор, деб эътиқод қилганлари учун ҳам Қадария «Иккита илоҳ бор», деб эътиқод қилувчи мажусийларга ўхшатилган».

Қадариянинг фикри ўта хатарли эканини аввалги фикрларимизда таъкидлаб ўтдик. Шунинг учун ҳам бу ҳадиснинг давомини ўрганар эканмиз, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни уларга умуман яқинлашмасликка амр қилаётганларини кўрамиз. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Агар бемор бўлсалар, кўргани борманглар», демоқдалар. 

Бу гап ниҳоятда оғир гап. Чунки Исломда бемор мусулмонни бориб кўриш бошқа мусулмонларнинг бурчидир, беморнинг бошқа мусулмонлар зиммасидаги ҳаққидир. 

Қадария эътиқодида бўлган кимсалар мана шу ҳақдан маҳрум қилинмоқдалар. Бу бир тарафдан соф эътиқодли киши учун эҳтиёт чораси: Қадария эътиқодидаги кимсани кўргани бориб, унинг бузуқ ақийдасидан таъсирланиб қолишнинг олдини олиш. Иккинчидан, ўша бузуқ ақийдадаги одам учун жазо. Чунки соф ақийдали мусулмонлар бемор кишини унинг бузуқ ақийдасидан ҳазар қилиб, кўргани келмасликлари унинг учун ўлимга тенгдир. Учинчидан, бу бошқаларга ибрат ҳам. Одамлар «Фалончи Қадария ақийдасида бўлгани учун соф эътиқодли мусулмонлар уни кўргани боришмабди, биз ҳам шунга ўхшаб қолмайлик», деб ўзларини эҳтиёт қиладилар, турли бузуқ ақийдали кишиларга эргашмайдилар. Сўнгра у зот:

«...ўлсалар, (жанозаларига) қатнашманглар», дедилар. 

Бу ҳам ўта қаттиқ ижтимоий жазодир. Ўлган мусулмонни ювиб-тараб, жанозасини ўқиб, дафн қилиш тирик мусулмонлар учун фарзи кифоядир. Бу ерда эса Қадария эътиқодида бўлган кимсанинг жанозасига умуман бормасликка амр бўлмоқда. Бунда ўлган кимса эътиқодидаги тирик бузуқиларга катта танбеҳ ва мусулмонлар оммаси учун кучли эслатма бор. Агар ушбу ҳадиси шарифда кўрсатилган чоралар мусулмонлар томонидан оқилона ва уюшқоқлик билан татбиқ қилинганида, Аҳли сунна ва жамоа мазҳабидан бошқа бузуқ ақийдадаги одамлар камроқ бўлармиди...

Бу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Қадария ақийдасининг хатарлилиги.

2. Қадария мусулмон умматининг мажусийлари экани.

3. Аҳли сунна ва жамоага хилоф бўлган қадарияга мансуб ақийдадаги беморларни кўргани бормаслик лозимлиги.

4. Аҳли сунна ва жамоага хилоф бўлган қадарияга мансуб ақийдадаги кимсаларнинг жанозасига бормаслик лозимлиги.

Ушбу ҳадиси шариф мусулмонларнинг ақийдасини софлигича сақлаб қолишда катта аҳамият касб этади. Аввало Қадария эътиқодидаги кишиларнинг кимлигини фош этиб, мусулмонлар оммаси огоҳлантирилди. Қолаверса, мусулмонларнинг ўзлари ҳам ақийдаларининг софлиги учун курашишлари лозимлиги баён қилинди. 

Халқ ичидаги обрў-эътибор ақийданинг софлиги, диндорликнинг даражаси билан ўлчангандагина мусулмонлар ўз жамиятлари устидан яхши ва тўғри жамоатчилик назорати ўрнатган бўладилар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. ,. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шўъбадан иборатдир. давоми...

1235 08:12 / 02.08.2019
. ,. .Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, ҳаттоки давоми...

1632 09:50 / 12.03.2019
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мен одамлар билан токи улар .Лаа илааҳа иллаллоҳу, Муҳаммадур Расулуллоҳ, деб давоми...

5543 17:33 / 05.06.2017
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биродарига ҳаё борасида танбеҳ бераётган ансорлардан бир давоми...

2399 11:14 / 17.10.2022
Аудиолар

120311 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41949 14:35 / 11.08.2021