1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Қабасотун мин ҳаётир расул (9-қисм)

05:00 / 07.03.2017 3246 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларини ўрганиш)

9 - қисм

АХЛОҚ

(давоми) 

“СИДДИҚ”

 

     Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кечада Маккаи Мукаррамадан Байтул Мақдисга сайр қилганларида Абу Толибнинг қизи Умму Ҳоний разияллоҳу анҳога (исми Ҳинд эди) мазкур Исро ҳақида айтиб бердилар. Сўнг чиқиб кетмоқчи бўлиб ўринларидан тураётан эдилар, этакларидан ушлаб:

-        Ё Набийяллоҳ! Худо ҳақи, ўтинаман, эй амакимнинг ўғли! Бу ҳодисани Қурайшга айта кўрманг! Сизни тасдиқлаб турганлар ҳам ёлғончига чиқарурлар! Сўзларингизни инкор қилурлар! – деди Умму Ҳоний.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўллари билан этакларини қоқиб чиқиб кетдилар. Қурайшдан бир неча киши тўпланиб турган жойга етиб келдилар. Уларнинг ораларида Мутъим ибн Адий ва Абу Жаҳл ибн Ҳишом бор эди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар барибир ёлғончига чиқаришларини сезиб, ғамга чўкиб ўтирдилар. Абу Жаҳл истеҳзо ила сўради:

-        Ҳа, Муҳаммад! Бирор иш бўлдими?

-        Ҳа. Бу кеча тунги сайрда бўлдим.

-        Қаерга?

-        Байтул Мақдисга, – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.

-        Тонг отгунча яна қайтиб келдингми? – сўради Абу Жаҳл.

-        Ҳа, – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.

-        Қараб тур, ҳозир қавмимни чақирсам уларга ҳам менга айтиб берганларингни айтиб бера оласанми?

-        Ҳа, – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Абу Жаҳл ҳайқира бошлади:

-        Ҳой Қурайш жамоаси! Ҳой Луай ибн Каъб болалари!

Одамлар ўринларидан туриб шу томонга келиб ўтириша бошлашди.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

-        Бу кеча мен Байтул Мақдисга сайр қилдим. Ёнимга пайғамбарлар жамоаси ҳозир бўлди. Уларнинг ичида Иброҳим, Мусо ва Исолар бор эди, – дедилар.

Қурайш бу сўзларни эшитиб шовқин сурон кўтариб юборди. Исро воқеасини ўта ошириб юборди деган фикрда баъзилари қарсак чалиб юборди, айримлари эса таажжубдан бошларини чангаллаб олди. Мутъим ибн Адий эса:

-        Сенинг ишларинг бугунгача ҳам ҳар ҳолда енгилроқ эди. Аммо бугунги сўзларинг сенинг ёлғончилигингга гувоҳ бўлади. Бизлар Байтул Мақдисга бориш учун туяларимизда бир ой у томонга, бир ой бу томонга юрамиз. Сен эса шунча йўлга бир кечанинг ўзидаёқ етиб бордим деб даъво қиляпсанми?! Лот ва Уззога қасамки, мен сенинг бу сўзингга асло ишонмайман!

Мушриклар шошилиб Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг ҳузурларига бориб:

-        Дўстинг бир кечада Байтул Мақдисга бориб келганини даъво қилаётганидан хабаринг борми? – деб сўрашди.

-        Шундоқ деб айтдими? – сўради Абу Бакр разияллоҳу анҳу.

-        Ҳа, – дейишди.

-        Аллоҳга қасамки, агар шундай деб айтган бўлса, ҳақиқатан ҳам тўғри айтибди! – деди Абу Бакр разияллоҳу анҳу. Шу кундан бошлаб “Сиддиқ” лақабини олди ва у зот шаънида Аллоҳ таолонинг ушбу Каломи нозил бўлди:

 “Ва Содиқ (сўз)ни келтирган ва уни тасдиқ қилган эса, ана ўшалар тақводорлардир”. (Зумар, 33)

 

ҲАЗРАТ АЛИНИНГ ҚУЛИ

 

Ҳазрат Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу инсонларнинг афзалларидан ва гўзал хулқлиларидан эдилар. Бир куни хизматкор қулини чақирдилар. Қул жавоб бермади. Иккинчи, учинчи бора яна чақирди – жавоб бермади. Туриб излаб топиб қараса, шунчаки ёнбошлаб ётибди. Ҳатто ухлаб ҳам қолган эмас.

-        Ҳой ғулом! Чақирганимни эшитмадингми? – сўради ҳазрат Али разияллоҳу анҳу.

-        Эшитдим, – жавоб берди қул.

-        Унда нега жавоб бермадинг?

-        Барибир менга азоб-уқубат қилмаслигингизни билганимдан хотиржам бўлиб, боргани эриниб ётавердим, – деди қул. Шунда Али разияллоҳу анҳу:

-        Ундай бўлса сени Аллоҳ йўлида озодсан, – деб озод қилиб юборди.

 

РАСУЛУЛЛОҲНИНГ РИСОЛАТДАН АВВАЛГИ ХУЛҚЛАРИ

 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

Жоҳилият амалларидан биронтасига ҳам эҳтимом қилмаганман, илло икки бора уринганимдан бошқа. Ўшанда ҳам Аллоҳ мен билан мен ирода қилиб эҳтимом қилган нарсани токи мени пайғамбарлик билан улуғлаб қўйгунига қадар пардалаб қўйган.

Иттифоқо, Макканинг юқори қисмида мен билан бирга қўй боққувчи қурайшлик ғуломга бир тунда:

-        Қўйларимга қараб турсанг Маккага тушиб чиқар эдим. Мен ҳам ўспиринлар каби бир ўйнаб келай-чи – дедим.

-        Майли – деди у.

Ўйин кулгуни ирода қилиб чиқиб кетдим. Макканинг бошланиш маҳалласига етганимда карнай ва дўмбира овозларини эшитдим.

-        Бу нима? – десам:

-        Фалончининг ўғли фалончи фалончининг қизи пистончига уйланяпти – дейишди. Мен энди уларни томоша қиламан деб ўтирган эдим, Аллоҳ иккала қулоғимга (парда) уриб қўйди. Шу ҳолатда ухлаб қолиб, қуёш нури тушгандагина уйғондим.

Шеригимнинг олдига бордим.

-        Ним ақилдинг? – сўради у.

-        Ҳеч нарса қилмадим, – деб бўлган ҳолатни айтиб бердим.

-        Бошқа бир кеча унга яна ўша гапни илтимос қилувдим, “Хўп” деди. Чиқиб кетиб, аввалги сафар Маккага тунда кирганимдагидек овоз эшитдим. Уларни томоша қиламан деб ўтирган эдим, Аллоҳ иккала қулоғимга (парда) уриб қўйди. Аллоҳга қасамки, ухлаб қолиб яна қуёш нури тушгандагина уйғондим. Шеригимнинг ёнига қайтдим. Унга бўлган гапни айтдим.

Ўшандан сўнг Аллоҳ азза ва жалла токи мени пайғамбарлик билан улуғлаб қўйгунига қадар ёмон ишга эҳтимом қилмадим.

 

ТАБАРРУК ЕЛКАЛАР

 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир киши келиб:

-        Сиз бир кун мени уриб жонимни оғритган эдингиз, – деди.

-        Қасосингни ол, мени ур! – дедилар Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам.

-        Менинг елка ва орқам очиқ эди, – деди у киши.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак елкаларидан ридоларини туширдилар. Ҳалиги киши эса шу пайт табаррук елкалардани силаб ўпа бошладилар. Чунки унинг мақсади шундай улуғ табаррукликка етишиш эди.

 

ТИЛИНГНИ ЭҲТИЁТ ҚИЛ

 

Муъоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Мен:

-        Эй Аллоҳнинг расули! Менга мени жаннатга киритиб, дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг, – дедим.

-        Сен буюк нарса ҳақида сўрадинг, – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам. – Бироқ у Аллоҳ енгил қилган кимса учун осондир. Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмай ибодат қиласан. Намозни барпо қиласан. Закотни адо қиласан. Рамазонда рўза тутасан. Байтга ҳаж қиласан. – Сўнг сўрадилар: - Сени яхшилик эшикларига далолат қиайми? Рўза – қалқондур. Садақа – сув ўтни ўчиргани каби хатоларни ўчиради, кишининг тун қўйнида ўқиган намози ҳам.

Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тиловат қилдилар:

“Уларнинг ёнбошлари ётар жойдан йироқ бўлур. Улар Роббиларига қўрқув ва умидворлик ила дуо қилурлар ва ўзларига ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ қилурлар. Бас, ҳеч бир жон ўзлари учун қилиб ўтган амаллари мукофотига беркитиб қўйилган кўз қувончларини билмас”. (Сажда, 16-17)

Сўнг яна сўрадилар:

-        Сенга ишларнинг боши, устуни ва энг юқори ўркачининг хабарини берайми?

-        Ҳа, Эй Аллоҳнинг расули! – дедим.

-        Ишларнинг боши – Ислом. Устуни – намоз. Юқори ўркачи – жиҳод. Энди улурнинг ҳаммасига эга бўлишнинг хабарини берайми?

-        Ҳа, Эй Аллоҳнинг расули!

Тилимни ушладилар. Сўнг:

-        Буни ўзингдан тийиб ол! – дедилар.

-        Эй Аллоҳнинг расули! Бизлар гапирган сўзларимиздан ҳам ушланамизми?

-        Онанг сени йўқотиб қўйгур!  Инсонлар дўзахга юз тубан бўлиб (ёки “бурунлари ишқаланиб” дедилар) йиқилишлари ҳам тилларининг “маҳсули” эмасми? – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам”.

 

ҲАЗРАТ УМАР ВА ХАБАРЧИ

 

Қодисия воқеасида Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳу қўмондонлигида мусулмонлар тўлиқ зафар қозонишди. Саъд Умар ибн Хаттобга Форсни қандай қўлга олганлари ҳақида хат ёзиб юборди. Умар разияллоҳу анҳу йўлда келаётган хабарчига йўлиқиб қолди ва:

-        Эй Аллоҳнинг бандаси! Нима гаплар бўлди, менга айтиб бер-чи? – деди. Хабарчи:

-        Аллоҳ таоло мушрикларни тор-мор қилди! – деди.

Умар разияллоҳу анҳу хабарчидан савол сўрар, у эса танимаган эди. Сўнг туясига  бир оз дам бериб шаҳарга кирса, одамлар Умарнинг мулозаматида экан. Хабарчи ҳижолат бўлиб кетиб:

-        Аллоҳ Сизга раҳм қилсин, мўминларнинг амири эканлигингизни айтиб қўймапсиз-да! – деди. Шунда Умар разияллоҳу анҳу:

-        Ҳижолат бўлма, биродарим! – деди.

 

ИККИ КИШИЛИК ГУВОҲ

 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан бўлган Хузаймадан ривоят қилинишича Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Савво ибн Қайс Муҳорабий исмли аъробийдан от сотиб олдилар. Пулини олиб бериш учун аъробийни етаклаб йўлга чиқдилар.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тезроқ қадам ташладилар, аъробий эса орқароқда қолиб кетди. Бир неча киши аъробийга рўпара келишиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сотиб олганларидан бехабар отни баҳолаша бошлашди. Ҳатто айримлари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган нархдан ҳам юқорироқ баҳо бера бошлашди. Нарх кўьарилиб кетгач аъробий Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга қараб қичқирди:

-        Отимни харид қилсанг – қил, йўқса сотиб юбораман!

Бу сўзларни эшитиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам у етиб келгунча тўхтаб турдилар.

-        Мен сендан сотиб олмадимми? – дедилар.

-        Йўқ! Аллоҳга қасамки, мен уни сенга сотмадим! – деди аъробий.

-        Йўқ, мени уни сендан сотиб олдим, – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Одамлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан аъробийни қуршаб олдилар.

-        Қани, сенга сотганимга гувоҳ келтир-чи? – дерди аъробий.

Мусулмонлар:

-        Ҳой, шўринг қурғур! Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақдан бошқасини гапирмайди! – дейишди.

Охири Хузайма ибн Собит разияллоҳу анҳу келиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан аъробийнинг тортишганини эшитиб қолди. У ҳамон:

-        Қани, сенга сотганимга гувоҳ келтир-чи? – дерди.

-        Мен гувоҳман сен уни сотганингга! – деди Хузайма.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга яқин келиб:

-        Нима билан гувоҳлик берасан? – дедилар.

-        Эй Аллоҳнинг расули! Мен Сизнинг самовий хабарларингизни тасдиқлаганман. Қандай қилиб айтган сўзларингизни тасдиқламас эканман? – днди Хузайма разияллоҳу анҳу. Шундан сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Хузайманинг гувоҳлигини икки кишининг гувоҳлигига тенгладилар.

Ложарамки, мусулмонлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга дин ишларидан имон келтирганлар эди, дунё ишларида ростгўйликларини тасдиқлаш яна ҳам авло эди.

 

ЁМОН ГУМОН КЕЛИБ ҚОЛМАСИН!

 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам эътикоф ўтирган эдилар. Завжалари – Сафийя бинту Ҳуяй разияллоҳу анҳо кечаси зиёрат қилгани келдилар. Бир оз суҳбатлашгач қайтиш  учун ўрнидан турган эди Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам кузатиб қўйгани турдилар. Онамизнинг уйлари Усома ибн Зайднинг ҳовлисида эди.

Ансорлардан икки киши ўтиб қолди. Улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриб қадамларини тезлатишди. Жаноб:

-        Шошманглар, бу Сафийя бинту Ҳуяй! – дедилар.

-        Субҳаналлоҳ! Эй Аллоҳнинг расули! – дейишди.

-        Шайтон инсоннинг қон томирларида кезиб юради. Шунинг учун кўнгилларингизга ёмон(гумон) келиб қолишидан қўрқдим, – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.

 

МЎМИННИНГ ҚАНОАТИ

 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига Ямандан ўн уч кишилик вакил билан бир йигит ҳам бирга келди. Ўринларидан туриб кетаётганлирида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам элчиларга нисбатан одатларига кўра уларнинг ҳар бирига совға бердилар. Сўнг уларнинг ҳаммалари совға олганларига ишонч ҳосил қилиш учун:

-        Сизлардан яна бирор киши қолдими? – деб сўрадилар.

-        Бир йигит бор эди – орамизда ёшроғимиз, юкларимизга қараб тургани қўйиб кирдик, – дейишди.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ҳам совғасини олиши учун чақиртирдилар. У кириб сўз бошлади:

-        Эй Аллоҳнинг расули! Менинг ҳожатим шерикларимнинг ҳожати каби эмас, агарчи улар ҳам Исломга рағбат қилган бўлсалар ҳам. Аллоҳга қасамки, Сиз Аллоҳдан мени мағфират қилишини, менга марҳамат қилишини ва бойликни қалбимга беришини сўрашингиз истабгина йўлга чиққанман.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганидек дуо қилдилар. Сўнг совғани бердилар. Ҳаммалари Яман томонга отланиб йўлга тушдилар.

Ўнинчи санада Минога улардан бир жамоат келиб қолди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан ҳалиги йигитни сўрадилар. Улар айтдилар:

-        Аллоҳга қасамки, унга ўхшашини кўрмаганмиз! Аллоҳ берган ризқига ўша йигитдек қаноат қилган одамни эшитмаганмиз. Агар унинг атрофида одамлар бутун дунёни тақсимлам турган бўлса ҳам улар сари назар ташлаб ҳам қўймайди, унга илтифот ҳам қилмайди.

Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам хурсанд бўлиб кетдалар ва:

-        Алҳамду лиллоҳ. Мен бира тўла вафот этишидан умидим бор – дедилар. Улардан бири сўради:

-        Инсон бира тўла вафот этмайдими?

-        Дунё водийларида (инсоннинг) ҳаво(кўнгил хоҳишлари) ва ташвишлари тарқалиб кетади. Этимол унинг ажали ўша қодийларнинг бирида етиб келар. Уларнинг қайсисида ҳалок бўлса ҳам Аллоҳ Азза ва Жалла эътибор бермайди.

 

ХАБАРГА ИСБОТ КЕРАК

 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Валид ибн Уқбани Ҳорис ибн Зирор Хузоийнинг олдига ўзи ва қавмининг закотиги тўплашда итоат қилиш учун юборди. Валид йўлга чиқди. Лекин йўлнинг хатарларидан қўрқиб, қайтиб келди ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга:

-        Ҳорис ибн Зирор закотни бермади. Қўполлик қилиб ҳайдаб юборди, – деди.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳорис Исломга янги кирганлигидан яна аввалги ҳолатига қайтдимикин деган фикрга бордилар. Ҳорис эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга қилган аҳдидан қайтмаган эди. Яъни закотларни тўплаб, Пайғамбардан вакил келиб тўпланган закотларни олиб кетшини кутиб турган эди. Бироқ ҳадеганда вакил келмаганлигидан Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонлигимга ва закотни тўплашга берган аҳдимда шубҳа қилиб қолдимикин деган ҳаёлда шошилиб қавмидан бир неча нафарини олиб, тўпланган закотларни туяга юклаб Мадинага – Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурлирига йўлга чиққан эди.

Йўлда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам юборган вакилларга йўлиқиб қолди. Улар нима бўлганини аниқлаш учун келишаётганларини айтишди. Агар Валид айтган сўзлар ҳақиқатан ҳам тўғри бўлса, булар билан урушгани келишаётганлирини билдиришди.

Ҳорис ҳайрон бўлди. Валид у ёқларга умуман бормаганлиги, у ҳақда ҳеч нарсадан хабари йўқлиги ва вакил шошқалоқлик қилганлигига, ўзи ҳам, унинг яқинлари ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга берган аҳдларида соит эканлигига қасам ичди. Кейин ҳаммалари биргалашиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келишса, Валид ҳам шу жойда экан. Валид яна аввалги гапларини қайтарди. Ҳорис ҳам вакилларга нимани айтган бўлса шуни қайта сўзлаб берди. Шундаат унинг ҳақида оят нозил қилди:

“Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”. (Ҳужурот, 6)

Шу билан унинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида диний мақомати собит бўлди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган ишнч ва эътиқоди тасдиқланди. Валиднинг эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган баҳонаси ёлғонлиги, Ҳорисга йўлиқмаганлиги фош бўлди.

 

 

Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан таржима қилинди.

Шаҳобиддин ПАРПИЕВ

Асака туман бош имом хатиби

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
15. Сўнги асрларда Ислом оламида нафақат ақлий илмлар, шаръий илмларда ҳам турғунлик даврлари бўлиб ўтган. Шунинг учун устозимиз шайх ҳазратлари айтардиларки, давоми...

902 09:44 / 22.09.2023
Баъзилар Исломни камбағаллар дини деб ўйлайдилар, бироқ ундай эмас. Исломга бойлар ҳам, камбағаллар ҳам эътиқод қиладилар. Баъзи мусулмонлар тирикчилигини давоми...

1969 08:30 / 25.03.2021
МУСУЛМОН ИСПАНИЯСИДАГИ ИШЛАР АҲВОЛИ. Ватанида одамларни қиличдан ўтказиб, ўзларига йўл очган аббосийлар қисқа муддатда давлат тепасида мустаҳкам ўрнашиб давоми...

5836 05:00 / 24.02.2017
1. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилишлари ndash ҳижратдан аввалги 53 йил, Фил йили, 8, 9, 10 ёки 12 рабиъул аввал, милодий 571 йил апрель. 2. Пайғамбар давоми...

2097 14:00 / 15.08.2022
Аудиолар

118727 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40694 14:35 / 11.08.2021