1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Изн сўраш одоби

14:41 / 22.04.2017 2838 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эй иймон келтирганлар! Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча, кирманг. Ана шундай Қилмоғингиз сиз учун яхшидир, шояд насиҳатлансангиз. 27. Бас, агар у (уй)ларда бирортани топмасангиз, то сизга изн берилмагунча уларга кирманг. Агар  сизга, қайтинг, дейилса, бас, қайтинг, ўша сиз учун яхшироқдир. Аллоҳ нима амал қилаётганингизни ўта билгувчидир. 28. Маскан бўлмаган, сиз учун фойда бор уйларга (изнсиз) киришингизда гуноҳ йўқдир. Аллоҳ нимани ошкор қилаётганингизни ва нимани яширин қилаётганингизни билади. 29. (Нур сураси)

 Инсонлар бу дунёда ўз аҳли оиласи билан роҳат-фароғатда яшашлари учун бир жойни маскан қилиб оладилар. Бу масканда яшовчилар ва унга ташриф буюрувчиларнинг одоблари бор. Бу одобларга риоя қилишлик инсониятнинг манфаъатига хизмат қилади. Маскан одобларидан бири изн сўраш одобидир. Изн сўрашликда унга риоя қилиш лозим бўлган, у билан одобланишлик керак бўлган ўзига хос одоблари бор. Қуйидаги одобларда хонадонларнинг ҳурматини сақлашлик, инсонлар орасида адоват қўзғалмаслиги ва мусулмонлик одобини сақлашлик бордир.

1. Муносиб вақтни танлаш.

Баъзи бир вақтлар борки у пайтда инсонлар ўзларини изн сўраб безовта қилишларини истамайдилар. Масалан: кечаси одламлар ухлайдиган пайтда уларни безовта қилиб изн сўраш ёки тонгда жуда эрта изн сўраш ёхуд туш пайтида дам олиш вақтида изн сўраш. Чунки бу вақтлар кўпинча инсонлар дам олади, иссиқдан енгил кийинган бўлади. Изн сўрамасдан киришлик мутлоқ дуруст бўлмайди.

2. Эшикни уч марта тақиллатиш.

Чунки хонадан аҳли биринчи тақиллатганда эшитади, иккинчисида тайёрланадилар, учинчисида эса изн берадилар. Агар инз берилмаса қайтмоқлик лозим бўлади. Буюк ватандошимиз имом Бухорий р.а. ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар с.а.в. шундай деганлар: “Қачон сизлардан бирингиз уч марта изн сўраса ва унга изн берилмаса, қайтсин”. Бугунги кундаги қўнғироқ чалишлик ҳам эшик тақиллатишлик кабидир. Шунинг учун қўнғироқни ҳам уч мартадан ортиқ чалмайди. Изн берса киради, изн бермаса қайтиб кетади.

3. Эшикни мулойимлик билан тақиллатиш.

 Эшикни хонадон аҳли қўрқиб кетадиган даражада қўполлик билан тақиллатмайди. Шунингдек қўнғироқ тугмасини ҳам узликсиз босиб турмайди, ҳатто хонадон эгаси ўзининг уйини тақиллатганда ҳам қўполлик билан тақиллатмасин. Чунки хонадон аҳли бундай тақиллатишда қўрқинчли бир ҳодисани рўй берганини ўйлаб қолади. Уй эгасининг эшикка яқин ва узоқлигига қараб эшикни секин ёки қаттиқ тақиллатади. Ўтган улуғ зотлар  устозларининг эшигини бармоқ ва тирноқ билан тақиллатар эдилар.

4. Эшикни уч бор таққилатишда уларнинг ўртасини ажратиш.

Яъни, ҳар тақиллатиш орасида бир муддат кутиш лозим. Токи хонадон аҳли тайёргарлик кўришликка ёки эшикни очишликка ургурсин. Узлуксиз эшикни тақиллатиб туравермасин.

5. Эшикнинг рўбарўсида туриб олмаслик.

Яъни, эшикни тақиллатган шахс эшикнинг ўнг ёки чап тарафида туришлиги, эшикнинг рўбарўсида туриб олмаслиги лозимдир. Чунки эшикни очган пайтда гоҳо уй аҳлининг очиқ-сочиқ, биров у ҳолатда кўришини истамайдиган ҳолати кўриниб қолади. Бу ишда шубҳасиз хонадон ҳурматини сақлашлик бордир. Бу одобга риоя қилинмаганда инсонлар азиятланадилар ва гоҳида бунинг сабабидан улар ўртасида адоват ва нафрат пайдо бўлади.

6. Изн сўровчи киши ўзини танитиш.

Изн сўровчидан хонадон аҳли “ким?” деб сўраса, “мен” деб жавоб бермасдан, ўзининг ким эканлигини исмини айтиб танитиш керак. Имом Бухорий ва имом Муслим р.а.лар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар с.а.в.нинг олдиларига Жобир р.а. келдилар ва эшикни тақиллатди. Пайғамбар с.а.в.: “Ким бу?”, деб сўрадилар. Жобир р.а.: “Мен” деб жавоб берди. Шунда Пайғамбар с.а.в.: уни (Жобир р.а.нинг “Мен” деган жавобини) хуш кўрмай “Мен, мен”, дедилар. Чунки “мен” деб жавоб беришликда ўзини тўлиқ танитиш ҳосил бўлмайди.

7. Кўзни тийиш.

Кўзни тийишдан мақсад киришликка изн сўраган пайтда хонадон аҳлининг очиқ-сочиқ ва ноқулай ҳолатини кўрмаслик учун инсон ўз кўзини тийишдир. Чунки изн сўрашлик аслида ноқулай ҳолатларга кўз тушмаслик учун жорий қилингандир.

8. Изн берилмаса қайтиб кетишлик.

Яъни, агар изн сўровчига жавоб берилмаса ёки “қайтинг” дейилса ёхуд уйда ҳеч ким бўлмаса, изн сўровчи қайтиб кетиши лозим бўлади. Бу ушбу оятга мувофиқдир: “Бaс, aгaр у (уй)лaрдa ҳeч кимни тoпмaсaнгизлaр, ундa тo сизлaргa изн бeрилмaгунчa улaргa кирмaнгиз! Aгaр сизлaргa “қaйтинглaр” дейилсa, қaйтиб кeтaвeринглaр! шу сизлaр учун энг тoзa (йўл)дир. Aллoҳ қилaётгaн ишлaрингизни билувчидир.” (Нур-28)

9. Хонадон эгасининг узрини қабул қилиш.

Агар хонадон аҳли изн сўровчига пешво чиқишликдан узр сўраса узрини қабул қилсин. Чунки хонадон аҳли ҳеч кимни қабул қила олмайдиган ҳолатда бўлиши мумкин. Ҳар доим ҳам хонадон аҳли ўзининг узрини айта олмайди. Шунинг учун изн сўровчи унга: “Сен хижолат бўлма, балки бирор нарса билан машғулдирсан”, деб хонадон аҳлидан хижолатчиликни кўтарсин.

10. Хонадон аҳлининг изнини кутиш.

Яъни, изн сўровчи хонадон аҳлининг ёки ходимининг изн сўровчига уйга киришликка изнини кутиши керак. Аммо ёш боланинг изн беришига эътибор қилмайди. Чунки гоҳида ёш бола хонадон аҳлининг хабарисиз ва рухсатисиз киришликка изн бериши мумкин. Натижада уй аҳлининг ноқулай ҳолатларига кўзи тушиб қолади. Агар уйда ёлғиз эркак ёки ёлғиз аёл бўлса, уйга киришликка изн бериш изн сўровчининг маҳрам ёки номаҳралигига қараб бўлади.

11. Чақириб келувчи киши билан бирга кираверишлик.

Агар бир инсонни биров ўз хонадонига таклиф қилса. Хонадон аҳлининг вакили билан уйга кириб борса бўлади. Хусусан эшиклар очиқ бўлиб, эшик олдида оёқ кийимлар мавжуд бўлиб, ҳолат киришликка рухсат эканини кўрсатиб турса, изнсиз кириш мумкиндир.

12. Ўз маҳрамларининг олдига ҳам инз сўраб киришлик.

Яъни, инсон ўз маҳрамларининг олдига киришликдан олдин ҳам изн сўрамоқлиги лозимдир. Ҳаттоки уйининг ичида бўлса ҳам. Чунки онаси ёки опа-синглиси шу ҳолатда кўринишни истмаган ҳайъатда турган бўлиши мумкин. Аммо ўзининг аёлининг олдига изн сўраб кириш вожиб эмас. Лекин изн сўраб кирса яхши бўлади. Абдуллоҳ ибн Масъуд р.а. Ўзининг аёлининг олдига киришдан олдин ҳам томоғини қириб кирар эди.

 

 Қудратуллоҳ Сидиқметов

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади Аллоҳ кимга бир неъмат берган бўлса, бас, Аллоҳга ҳамд айтишни кўпайтирсин давоми...

10817 10:10 / 27.03.2017
Риё батамом қутулиш қийин бўлган маънавий офатлардан ва қалбнинг хавфли касалликларидан бири ҳисобланади. Аллоҳ тавфиқ берган оз сонли кишилардан ташқари кўплаб давоми...

5279 20:24 / 21.04.2017
Кўрсатув хақида умумий фикрларим шундан иборатки, ҳеч бир олим ҳақида бундай кенг қамровли силсилавий кўрсатув олинмаган. Жуда ҳам илмий ва тарихий манбаларга давоми...

497 13:42 / 29.09.2023
Ҳа, азизлар, бу масала бугунги кунда ҳам, авваллари ҳам ўта жиддий масалалардан бири бўлган. Чунки бойлик ҳақида шу қадар турлича қараш мавжудки, уларнинг давоми...

9210 19:33 / 23.08.2020
Аудиолар

120096 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41765 14:35 / 11.08.2021