1053 22.09.2017

«Ижара» сўзи луғатда ажр, берилган ҳақ маъноларини билдиради.

Шариатда эса «Маълум эваз бадалига бир нарсани бағишлаш ва мубоҳ қилишга оид қасд қилинган аҳдномага ижара дейилади».

«Маълум эваз бадалига» деган жумладан маълум эваз бадалига бўлмайдиган, ҳиба, васият, шериклик ва орияга бериш каби муомалалар ижарага кирмаслиги англашилади.

«Бир нарсани бағишлаш ва мубоҳ қилиш» деган жумлага биноан бу тоифага жимоъга оид ақдлар кирмайди, чунки у ижара дейилмайди. Масалан, эркак ҳайвонларни (урғочи ҳайвонларни қочириш, яъни эркаклигидан истифода қилиш учун) ижарага олиб бўлмайди.

«Қасд қилинган» деган жумлага биноан эса қасд қилинмаган, арзимаган нарсалар эътибор доирасидан чиқиб кетади. Улар ҳам ижара дейилмайди.

«Маълум» дейилганлиги учун бир одам ёки нарсани номаълум мақсадларда ишлатиш бунга кирмайди. Ундай ақд музораба ёки жаъола дейилади.

Ҳанафий мазҳабида эса қисқа қилиб: 

«Ижара эвазли манфаатлар учун тузилган ақддир», дейилади. Яъни ижарага икки томон манфаати асос бўлади. Ижарада мулк бир томондан иккинчи томонга бир йўла ўтиши ҳам йўқ. Шунингдек, бир нарсадан бир томон манфаат олиб, иккинчи томон манфаат олмаслиги ҳам йўқ.

Аллоҳ таоло Шуъайб алайҳиссолату вассаломни Мусо алайҳиссолату вассаломга айтган гапини ҳикоя қилиб

«Менга саккиз йил ижарага ишлаб беришинг шарти билан шу икки қизимдан бирини сенга никоҳлаб бермоқчиман. Агар ўн йилни тамомласанг, ҳимматинг. Мен эса сенга машаққат қилишни истамасман. Иншааллоҳ, менинг солиҳ кишилардан эканлигимни кўрасан», деган («Қосос» сураси, 27-оят).

Шарҳ: Қуръони Каримнинг «Қосос» сурасидаги маш­ҳур қиссадан иқтибос қилиб келтирилган бу ояти каримадан ижара иши Қуръони Каримда ҳам зикр қилинганлиги, ушбу муомаланинг аввалги умматларда ҳам бўлганини билиб оламиз.

Қиссанинг тафсилоти эса қуйидагича:

«Бас, икковларидан бири ҳаё билан юриб келиб: 

«Отам сени бизларга суғориб берганинг ҳаққини бериш учун чақирмоқда», деди. 

(Ҳузурига) келиб, қиссани унга айтиб берганида: 

«Қўрқма, золим қавмлардан нажот топибсан», деди», (25-оят).

Ўйга толиб, ёлғиз ўтирган Мусо алайҳиссаломнинг олдиларига ҳалиги икки аёлнинг бири уялибгина келиб:

«Отам сени бизларга суғориб берганинг ҳаққини бериш учун чақирмоқда», деди».

Албатта, ҳайвонларни осонлик билан суғориб, уйга одатдагидан эрта қайтган қизлар билан қари оталари орасида суҳбат бўлиб ўтган. Қизлар отасига ҳайвонларини суғориб берган ғариб йигит ҳақида, унинг мардлиги, шижоатлилиги, яна ёлғиз ўзи сояда ўтирганча қолганлиги ҳақида сўзлаб беришган. Ўшанда оталари қизлардан бирини ўша ғариб йигитни чақириб келиш учун юборади. Мусо алайҳиссалом бу чақириқни қабул қилиб, чолнинг олдига борадилар.

«(Ҳузурига) келиб, қиссани унга айтиб берганида: 

«Қўрқма, золим қавмлардан нажот топибсан», деди».

Мусо алайҳиссалом уй эгасига бошларидан ўтган қиссани гапириб бердилар. Кўпни кўрган тажрибали чол у кишининг кўнглини кўтариб, қўрқма, энди қутулиб кетибсан, деган маънода тасалли бермоқда.

«Икки(қиз)дан бири: «Эй отажон, уни ишга ёллаб ол. Албатта, сен ишга ёллайдиган энг яхши кимса кучли ва ишончлидир», деди» (26-оят).

Мўйсафид чолнинг оиласида тарбия топган қизлар билимдон, ақлли, доно, сермулоҳаза ва иффатли бўлиб ўсганликлари кўриниб турибди. Оталари қариб қолганлиги, уйда бошқа эркак киши йўқлиги учун қизлар ҳайвонларни ўзлари боқишга, суғоришга, эркакларга аралашишга мажбур бўлмоқдалар. Бу ҳол жуда ҳам ноқулай. Шундай пайтда ёш, бақувват ва ғариб бир йигитнинг пайдо бўлиб қолиши уларнинг оиласидаги чўпонлик муаммосини ҳал қилишга қулай фурсат эди. Шунинг учун қизлардан бири отасига таклиф киритиб:

«Эй отажон, уни ишга ёллаб ол», деди.

Яъни отасига Мусо алайҳиссаломни чўпонликка ёллаб олишни таклиф қилди. Кейин нима учун Мусо алайҳиссаломнинг номзодини кўрсатганини шарҳлаб:

«Албатта, сен ишга ёллайдиган энг яхши кимса кучли ва ишончлидир», деди.

Бу гапдан ҳам қизнинг олий савияли одоб соҳибаси эканлиги кўриниб турибди. Гапни Мусо алайҳиссаломга эмас, учинчи шахсга қаратиб, ишга ёлланадиган энг яхши одам қандай бўлиши кераклиги ҳақида гапирмоқда. Зотан, қизлар ҳайвонларини суғориш ва оталарининг амри билан Мусо алайҳиссаломни чақириб келиш пайтида у кишининг кучли ва ишончли одам эканлигини сезишган эди.

Шундай оқила ва фозила қизларни тарбиялаган отанинг жуда маданиятли ва одобли киши бўлиши турган гап. Қизининг таклифи маъқул келганидан кейин бу ҳақда Мусо алайҳиссаломга мурожаат қилиб:

«Менга саккиз йил ижарага ишлаб беришинг шарти билан шу икки қизимдан бирини сенга никоҳлаб бермоқчиман. Агар ўн йилни тамомласанг, ҳимматинг. Мен эса сенга машаққат қилишни истамасман. Иншааллоҳ, менинг солиҳ кишилардан эканлигимни кўрасан», деди» (27-оят).

Бу гаплардаги одоб, соддалик, очиқлик киши қалбини қувончга тўлдиради. Қизларининг бирида ғариб йигитга нисбатан рағбат борлигини сезган ота масалани жўнгина ҳал қилди. Мусо алайҳиссаломга «Ҳеч киминг йўқ, бечора мусофир экансан. Мен сенга яхшилик қилай, мардикор бўлиб, қўйларимни боқиб юр. Бир кунингни кўрарсан», демади. Балки ишга таклиф қилишнинг ажойиб услубини қўллади.

«Менга саккиз йил ижарага ишлаб беришинг шарти билан шу икки қизимдан бирини сенга никоҳлаб бермоқчиман...», деди. Айни чоғда ота Мусо алайҳиссаломдек йигитни куёв қилиб олиш имконини ҳам қўлдан чиқармади.

«...агар ўн йилни тамомласанг, ҳимматинг».

Яъни бизга фазлу карам кўрсатган бўласан;

«Мен эса сенга машаққат қилишни истамасман».

Ҳамма нарса содда, оддий ва осон бўлишини истайман;

«Иншааллоҳ, менинг солиҳ кишилардан эканлигимни кўрасан».

Яъни «Мен айтган гапимда тураман, нолойиқ хатти-ҳаракат қилмайман», деган маънода гапирди.

Тафсирчи уламоларимиз бу доно, улуғ ёшдаги киши ким эканлиги ҳақида ҳар хил фикрлар айтганлар. Фикрларнинг турлича бўлишига сабаб, у одамнинг кимлиги Қуръони Каримда ҳам, саҳиҳ ҳадисларда ҳам очиқ айтилмаганидир.

Мусо алайҳиссаломга қайнота бўлган одамни Шуайб алайҳиссалом, дейдиган уламолар у кишининг мадянлик эканлигига, ҳикмат билан тасарруф қилганига ва баъзи ривоятларда ўша одам Шуайб алайҳиссаломга нисбат берилганига суянадилар.

«У (Мусо): «Бу мен билан сенинг орамиздадир. Икки муддатдан қай бирини адо қилсам ҳам, менга адоват йўқ. Айтаётган нарсамизга Аллоҳ вакилдир», деди» (28-оят).

Яъни «Сен айтган таклиф иккимиз орамиздаги шартномадир. Икки муддатдан – саккиз ёки ўн йилдан қайси бирини адо қилсам, ўзим биламан. Айтган гапимизга, тузган шартномамизга Аллоҳ шоҳиддир», дедилар.

Ана шундай қилиб, Мусо алайҳиссалом ўз давридаги энг катта давлат саройи амирлигидан энг катта чўллардаги чўпонга айландилар. Энг забардаст подшоҳнинг кўз қувончи, боқиб олган ўғлидан энг заиф, ўрнидан қимирлаши қийин бўлган мўйсафиднинг мардикорига айландилар.

Аммо бу мансаб ва меҳнатлар буюк кишиларни баландга ҳам кўтара олмайди, пастга ҳам тушира олмайди. Бундай ҳолатлар уларнинг кимлигини синайди, улардаги мардлик, мурувват, сабр-матонат ва бошқа етуклик сифатларини яна бир бор намойиш қилади. Ҳеч шубҳа йўқки, Мусо алайҳиссаломнинг ҳаётларидаги бу муҳожирлик, ғариблик, ёлланма ишчилик босқичи ўзига хос тааммул ва тафаккур даври, ўтган ҳодисаларни қайта баҳолаб чиқиш, келажакка режа тузиш ва келажакда елкага тушажак оғирликларни кўтаришга тайёргарлик бос­қичи бўлган эди.

Аллоҳ таоло «Талоқ» сурасининг 6-оятида қуйидагиларни айтган: 

«Агар сизга (фарзандни) эмизиб берсалар, ҳақларини беринглар, ўзаро яхшилик билан маслаҳат қилинглар».

Агар аёл талоқ қилган эридан бўлган фарзандини эмизса, хоҳласа, эмизгани учун ҳақ олади. Бу ҳақнинг қанча бўлиши «ўзаро яхшилик билан маслаҳат қилинглар», деган амрга биноан келишилади. 

Ораларига талоқ тушган эр-хотинлар фарзандни эмизиш ҳаққини келишишда қийналсалар, Аллоҳ таоло оятнинг давомида уларга шундай марҳамат қилади:

«Агар қийинчиликка учрасангиз, у(эр)га бошқа аёл эмизиб берур».

Яъни бундай ҳолатда эр бошқа бегона аёл билан шартнома тузиб, унга ҳақ бериб, боласини эмиздиради. Ислом дийни аёлларни қанчалик эъзозлашини ушбу ҳукмдан ҳам билиб олсак бўлади. Таоми, кийими ва маскани, ҳатто болани эмизиш ташвиши ҳам хотиннинг эмас, балки эрнинг зиммасига юкланган бўлиб, унинг бурчи ҳисобланади. Болани эмизгани учун аёл иш ҳаққи олишга сазовордир.

Ушбу оят гўдакни эмизиш учун эмизувчи аёлни ижарага олиш мумкинлигига далил бўлади.

 

1707. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Омонатли хазиначи ўзига амр қилинган нарсани сидқидилдан адо этиб турса, икки садақа берувчининг бири бўлади», дедилар».

Шарҳ: Бировга хазиначи бўлиб ишга кирган одам ҳам ижарага ишлаётган бўлади. Яъни меҳнати эвазига ажр – ҳақ олаётган бўлади. Хазиначини ишга олган одам унинг меҳнатидан манфаат олади, у эса хизмати эвазига олган ҳақдан манфаатланади. Демак, бир жойга ишга кириб, ҳақ оладиган одам агар ўша ишини сидқидилдан, яхшилаб бажарса, савоб ҳам олар экан. Меҳнати эвазига эгасидан ҳақ олса, сидқидиллиги учун Аллоҳдан савоб олар экан. 

Шунинг учун ҳар бир ишни сидқидиллик билан, яхшилаб адо этишга уриниш лозим.

 

1708. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр бир Бану Дийллик йўлни яхши билувчи кишини йўл бошловчи қилиб ижарага олдилар. У Қурайш кофирлари дийнида эди. Икковлари унга уловларини юки билан бериб, уч кечадан кейин Савр ғори олдида учрашишга ваъдалашдилар. У учинчи (кеча) тонгида икковларининг ҳузурларига уловлари ва юкларини олиб келди ва соҳил йўлидан олиб кетди».

Икковини Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ривоятда зикр қилинаётган Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамда Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳуларга ҳижрат сафарларида ижарага йўл бошловчи бўлган кишининг исми Абдуллоҳ ибн Арийқит эди. 

Ушбу ҳадисдан кофир одамни ижарага ишга олиш мумкинлиги келиб чиқади.

Ислом уммати доимо ижара жоиз эканлигига иттифоқ қилиб келган. Чунки кишилар баъзи нарсаларни мулк қилиб олишга муҳтож бўлганларидек, манфаатларни алмашишга ҳам муҳтождирлар. Бир одам бир нарсани ижарага қўйиб, манфаат олмоқчи бўлса, бошқа бир одам бировнинг нарсасини ижарага олиб, манфаат кўришга муҳтож.

Бошқа молиявий ва манфаат муаммолари каби, ижарада ҳам шаръий далиллар – оят, ҳадислардан олинган қоидалар бор.

Ижарада ижара қўювчи, ижара олувчи, ийжоб ва қабул (ўзаро келишув) ва ажр (ҳақ)лардан иборат рукнлар бор. 

Ҳанафий мазҳабида «Ижаранинг рукни – ийжоб ва қабул, холос», дейилган. Ижара шартномаси битими «ижара» ва «кира» лафзлари ва улардан олинган бошқа сўзлар билан тузилади.

Ижаранинг тўғри, ҳалол-пок бўлиши учун унда бир қанча шартлар мавжуд бўлиши лозим.

1. Ижарада иштирок этувчи тарафларда мавжуд бўлиши лозим бўлган шартлар:

а) Ижара ақдини тузувчи одам оқил бўлиши керак. 

Мажнун ва ақли тўлмаган ёш боланинг тузган ижара ақди ўтмайди.

б) Ҳанбалий ва Шофеъий мазҳаблари «Балоғатга етган бўлиши ҳам шарт», деганлар. 

Ҳанафий мазҳабида «Ёш болага ўз мулкида тасарруф қилишга изн берилган бўлса, унинг тузган ижара ақди ҳам жоиз. Бўлмаса, валийсининг рухсатига боғлиқ бўлади», дейилган.

2. Ижаранинг татбиқ бўлиши шартлари:

а) Тузилган ижара ақди амалга ошиши учун ижа­ра тузувчи манфаатга молик бўлиши керак. Мисол учун, у ўз мулкидаги уйни ижарага қўя олади.

б) Ижара ақдини тузувчи моликнинг (мулк эгасининг) валийси бўлиши керак. Яъни масалан молик ёш бола бўлса, унинг молига боғлиқ ижара ишларини унинг валийси қилади.

Ундан бошқалар ижара ақдини туза олмайдилар. Мисол учун, бир одам ўз мулки бўлмаган нарсани ижарага қўя олмайди. Шунингдек, ўғри ўзи ўғирлаган, золим тортиб олган нарсаларини ижарага қўйсалар ҳам, бу шаръан амалга ошмайдиган ақд бўлади.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Ҳадис ва ҳаёт китобидан)