1059 16.11.2017

“Зиёрат” рукнидаги туркум суҳбатларини навбатдаги сонида устозимиз, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қайноталари  Шайх Исмоил махдум мулла Сатти Охундyнинг ибратли ҳаёт йўллари билан танишиб чиқамиз.



ИСМОИЛ МАХДУМ САТТИЕВ

(1909-1976)

 

ТАҚДИМ

Шайх Исмоил махдум мулла Сатти Охунд ўғли 1909 йили Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида туғилган, замонасининг атоқли диний уламо ва арбобларидан. Ўн уч ёшда Қуръони каримни ҳифз қилиб, Намангандаги Мулла Қирғиз мадрасасида таҳсил олган, тафсир, ҳадис, фиқҳ илмларини пухта эгаллаган. Бирмунча вақт имом ва мактабдорлик қилди. 1943 йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасини ташкил этишда қатнашди. 1946 йилдан бошлаб диний идорада муҳтасиб, Бухородаги Мир Араб мадрасаси мудири, 1957 йилдан умр охиригача диний идора раиси ноиби ва қози вазифаларида ишладилар. Қуръони карим, диний тақвим, журнал ва китоблар чоп этиш ишига бошчилик қилдилар. «Тошкентда Усмон мусҳафининг тарихи» китобини араб тилида ёзганлар, асар араб ва ўзбек тилларида чоп этилган. 1976 йили вафот этдилар, қабрлари Намангандаги Мавлавий қабристонида.


 

1. Олимнинг ҳасби ҳоли, устозлари ва илмий фаолияти ҳақида:

Исмоил Махдум Саттиев 1909 йили Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида мактабдор Мулла Сатти охунд хонадонида туғилган. У болаликдан араб тили ва хаттотликни ўрганишга қизиқади. Ўн уч ёшида эл орасида машҳур бўлган Абдуғафур қори Абдужалил ўғли қўлида Қуръони Каримни тўлиқ ёд олади. Кейин Мулла Қирғиз мадрасасида Собитхонтўра Абулмаоний ва бошқа устозлардан тафсир, ҳадис, фиқҳ, сарфу наҳв ва балоғат илмларидан дарс олган. Бирмунча вақт мадрасада устозлик, мактабдорлик қилган.

Эл ичида илми билан машҳур бўлган Исмоил Махдум 1943 йили диний назоратнинг ташкилий ҳайъатига аъзо этиб тайинланади. 1946 йилдан Бухородаги Мир Араб мадрасасида ишлаб, таълим-тарбия ишларини йўлга қўйиш, ўқув режаларини тузиш, устозлар танлаш ва ташкилий масалаларни ҳал этишдек муҳим ишларга бошчилик қилди. Ўша даврда мадрасага муносиб устозларни жалб қилиш, дарсликлар етказиб бериш жуда қийин иш эди. Табиатан ташкилотчи бўлган Исмоил Махдум бу ишларнинг ҳам уддасидан муваффақиятли чиқади.

1957 йилда Исмоил Махдум Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати раисининг муовини, қози этиб тайинланди. Кейинчалик у киши Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати муҳтасиби, Мир Араб мадрасаси мудири бўлиб ишлайди. 1957 йилдан умрининг охиригача (1976 йилгача) раис муовини, қози лавозимида хизмат қилади. Айни пайтда у Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида ҳадис, фиқҳ, тафсир ва наҳв фанларидан дарс беради. (1971-1975). Шогирдлари ҳозирги кунда Ўрта Осиё мамлакатлари, Россия, Озарбайжон давлатларида диний соҳада хизмат қилишади.

Шайх Исмоил Махдумнинг набираси, ҳозирда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ходими бўлиб ишлаётган Абдулҳамид Турсунов бобосини шундай хотирлайди: «Камина Исмоил Махдум бобомнинг умрлари поёнида ёнларида кўпроқ юриш шарафига муяссар бўлдим. Бирга бомдод намози ва  рамазон ойларидаги таровиҳ намозини ўқишга масжидга чиқардик. Бобом кучли мужаввид ва мураттаб қори бўлганларидан қайси сура, қайси оят ўқилаётган бўлса, ўшани келган жойидан давом эттириб кета олардилар.  Рамазон ойи эди. Кўкчадаги Шайх Зайниддин масжидида хатми Қуръонда қатнашдик. Саҳарликдан сўнг бомдод намозидан фориғ бўлгач, мен бобомдан: “Сизни Қуръони Каримни бошқа қорилар каби кўп такрор қилганингизни кўрмаганман. Лекин қаерда хатм бўлса, меҳробга чиқиб қори тўхтаган жойидан давом эттириб кетаверасиз. Буни қандай уддалайсиз?» деб сўраганимда, улар кулиб қўйдилар-да: «Бир оятни ўқисам, кейинги оятнинг ўзи қулоғимга келиб туради. Алҳамдулиллаҳ, шунинг учун бирон марта тўхтаб қолганимни эслай олмайман», деб жавоб қилдилар».     

Шайх Исмоил Махдум араб, форс тилларини мукаммал билган: Шарқ халқлари тарихи, маданияти ва адабиётини чуқур ўрганган. Яхшигина хаттот ва ҳуснихат соҳиби бўлгани  учун диний идоранинг араб тилидаги барча ёзишма-мактублари у киши орқали олиб борилган. Бундан ташқари табобат, фалсафа, фалакшунослик оид манбаларнинг ҳам катта билимдони бўлган. Тошкентдаги Ҳазрати Имом мажмуасида сақланаётган Ҳазрати Усмон Мусҳафи тарихига бағишлаб ёзилган китоб Исмоил Махдумнинг кўп йиллик илмий изланишлари самарасидир. Бу асар 1995 йил Махдумнинг ўғли Абдуллоҳ Исмоилов томонидан нашр қилинган.

Исмоил Махдум Саттиев 1976 йил 22 январь куни Тошкентда вафот этган. Жанозасини муфтий Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ўқиган. Наманган шаҳридаги Мавлоно қабристонига дафн этилган. 

 2. Ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва зурриётлари ҳақида:

Оталари Мулла Сатти охунд Мулла Абдурозиқ Охунд ўғли ҳозирги Янгиқўрғон туманининг Шўркент қишлоғидан чиққан. Такрор ва такрор Наманганга имомлик ва мактабдорликка таклиф қилингани сабабли у зот охири шаҳарга кўчиб келадилар. Анча йиллар шаҳардаги Шариф ҳожи маҳалласи ва Хасти Хизр даҳасидаги масжидларда имомлик ва мактабдорлик қилди. У кишининг тақвоси ва парҳезлари ҳақида кўпгина ривоятлар борки, улардан бирини келтириб ўтиш жоиз: Охунд ҳазратлари ўзгалар дастурхонидан таом емас, зарурат туғилганда енг ичида уйдан келтирилган бир бурда нонни ушоқлаб оғизга солиб ўтирардилар. Иттифоқо, ўз хонадонидаги меҳмондорчиликда бу ҳолатни сезиб қолган шогирдларидан бири устозидан бироз ўпкаланди: «Тақсир, наҳот ўз шогирдларининг дастурхонидан ҳам ҳазар қилсалар?». Бунга жавобан у зот: «Йўқ бўтам, гап сизнинг таомингиз ҳалоллиги ёхуд менинг халқумим поклиги ҳақида эмас, балки зурриётларимнинг тақвоси тўғрисида бораётирки, бас, бунда каминани маҳзур тутгайсиз», деган эканлар.

Исмлари Сатти бўлишининг замирида ҳам улуғ бир ният-мақсад ётади. Сатти лафзи «билимдон», «моҳир» деган маъноларни англатади. Дарҳақиқат ота-оналарининг исм қўйишдаги орзу-умидларини Аллоҳ таоло рўёбга чиқарди, у киши замонанинг энг билимдон, энг моҳир мударрисларидан, ақл, фазл соҳиби бўлган уламоларидан бўлиб етишди. У киши ёшлик пайтларида Наманган шаҳрида юксак фазилатли Саййид Яҳёхон тўра ҳазратларининг мажлисларида бўлиб, у зотнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлган эканлар. Шунда Яҳёхон тўра бу кишига каромат билан «Исмингиз солиҳ бўлсин» деган эканлар. Пири комилнинг кароматлари Аллоҳ таолонинг иродаси билан рост чиқиб, Мулла Сатти охунд ўз замонасининг энг солиҳ, тақволи, ростгўй ва зуҳдли инсонларидан бўлиб камолга етдилар, юксак фазилатлар соҳиби бўлиб етишдилар. Мулла Сатти охунд асосий вақтларини шариат ва тариқат илмларини ўрганиш, тадқиқ ва тарғиб этишга бахшида қилдилар.

Мулла Сатти охунд Намангандаги бир неча мадрасаларда таҳсил олдилар. Уларни тамомлагач Ҳазрати Хизр даҳасидаги масжидда имом-хатиб бўлиб фаолият бошлайдилар. Кейинроқ бу вазифа ёнига шу ердаги мадрасада мударрислик иши ҳам қўшилади. Шу тариқа умрларининг қирқ йилини талабаларга илм-ирфон беришга, уларни тариқатга бошлашга сарф қиладилар ва устоди кул бўлиб таниладилар. У кишида таълим ва таҳсил кўрган шогирдларининг хотирлашларича, Мулла Сатти охунд дарс беришда, толибларга дин асосларини тушунтиришда шунчалик иқтидор, заковатга эга эканларки, бу зотдан таълим олган талабаларнинг жуда қисқа вақт ичида араб, форс тилидаги мураккаб китоблар мутолаасига қурби етиб қоларкан. Бу ҳолат ана шу мударрисга Аллоҳ таоло томонидан илми нофеъ берилганига далолат бўлса ҳам ажаб эмас.

Ўша даврнинг барча уламолари каби Мулла Сатти охунд ҳам тариқат йўлини тутган, пир хизматида бўлиб, қалбини, руҳини, халқумини пок тутган парҳезкор инсонлардан бўлганлар. Наманган шаҳрида муршиди комил бўлиб танилган Саййид Яҳёхон тўра хизматларида анча вақт бўлиб, у зотнинг иршодларига муяссар бўлдилар. Кейин Самарқанддаги Ургут эшон хизматларида ҳам кўп вақт бўлиб, тасаввуф маънавиятидан ва неъматидан баҳраманд бўлдилар. Шариат ва тариқат йўлини биргаликда тутганлари сабабидан ҳамиша поклик, зоҳидлик йўлидан чекинмай, луқмаларининг ҳалол бўлишига ҳаракат қилдилар. Ана шу ҳалоллик ва парҳезкорлик, зуҳду-тақво бу зотни шу дунёдаёқ мукофотлади: беш солиҳ ўғил, уч солиҳа қиз кўрдилар. Хусусан, уч ўғиллари замонанинг етук олими, ҳофизул-Қуръон, фозилу нуктадон бўлиб етишдилар. Энг асосийси, илм-маърифат фидойиси падари бузрукворнинг маърифатпарварлик, устозлик, дин йўлида фидойилик каби фазилатлари ана шу уч ўғил: Иброҳим махдум, Исмоил махдум ва Исҳоқ махдумларга ҳам мерос бўлиб қолди.  

Мулла Сатти охунд ҳар бир маърифатли одам ҳавас қилгудай ибратли ҳаёт кечирдилар, дорул-фанодаги умрларини кишиларга дини-диёнат, илму ирфон тарқатиш каби савобли, эзгу амаллар ила безаб ўтдилар. 1927 йили дорул-бақога риҳлат қилиб, ўзларидан солиҳ фарзандлар, фойдали илмларни қолдириб кетдилар. Дафнлари Намангандаги «Мавлавий» қабристонида бўлган.

Исмоил махдумнинг волидаи муҳтарамалари Шарофатхон биби (1873-1973) ўрта бўй, қотма, қорачадан келган, серҳаракат аёл эдилар. У кишининг тақволи, мўмина, солиҳа, фозила аёл эканлари қариндош ва яқинлар ўртасида зарбулмасал бўлиб кетган. Шарофат биби бутун ҳаракатларини фарзандларни дин-диёнатли, тақволи, гўзал ахлоқли қилиб тарбиялашга қаратилган эди. Шу ўринда бир воқеани келтириб ўтишга тўғри келиб қолди. Қўшнилари Лутфуллоҳ ҳожининг оналари “Шарофатхон, сиз фарзандларингиз билан ҳар қанча фахрлансангиз арзийди, қаранг, ҳаммалари олиму боамал, қорию қурро, мударрис ва уламо, дегандай юртнинг пешвоси бўлиб юришибди”, деган экан. Шунда Шарофат биби муҳим бир сирни айтаётгандай паст овозда: “Эй қўшнижон, барибир улар мен қилган меҳнатга яраша комил бўла олишмади. Чунки мен уларга чақалоқлигида бирор марта бетаҳорат кўкрак бермаган эдим”, деган эканлар.

Мулла Сатти Охунднинг тўнғич ўғиллари Иброҳим махдум ҳижрий 13 (милодий 1890) йили  Янгиқўрғон туманининг Шўркент қишлоғида таваллуд топган. Бошланғич таълимни оталари Мулла Сатти охунддан олган. Маълум муддат бир татар муаллимидан ҳам сабоқ олган. Араб, форс, турк тилларини мукаммал эгаллаган. Ота изидан бориб, кўп йиллар мобайнида мамлакатнинг турли шаҳарларидаги масжидларда имом-хатиб, мадрасаларда мударрис бўлиб хизмат қилган. Кейинчалик умри охиригача Намангандаги Шайх Эшон жомеъ масжидида хатиблик қилди. Иброҳим махдум биринчи хотинлари Умринисодан  Аҳмадуллоҳ исмли ўғил, кейинги завжалари Ҳалимахондан Турсунали ва Абдулҳамид исмли, Қутбинисо исмли учинчи хотинларидан Мусохон, Абдулбосит, Абдулҳоди исмли ўғилларни кўрган. Иброҳим махдум милодий 1983 йилнинг 25 октябрида вафот қилди.    

Мулла Сатти Охунднинг учинчи фарзанди Исҳоқ махдум Саттиев юртимизда дини Ислом равнақига улуғ ҳисса қўшган маърифатпарвар олим ва назми таъб инсон, диний илмлар тарғиботчиси, дин ва жамоат арбоби эди. Исҳоқ махдум Мулла Сатти охунд ўғли 1911 йили Наманган шаҳрида таваллуд топган. Исҳоқ махдум бошланғич диний таълимни аввал оталаридан, сўнгра устозлари Умарча қори ва Ғофур қори домлалардан олган, ёшликдаёқ Қуръони каримни тўла ёд олиб, мураттаб қори бўлган.  1946 йилда очилган Бухородаги Мир Араб мадрасасининг илк талабалари орасида Исҳоқ махдум ҳам бўлиб, 1951 йили унинг биринчи дипломли битирувчиларидан бўлди. Шундан кейин Ўзбекистоннинг турли шаҳарларидаги масжидларда имомлик қилди: Наманган шаҳридаги Шайх Эшон, Исмоил махдум, “Карнайчи”, Тошкент шаҳрининг Қорасув мавзесидаги «Жўрабек», Сирдарё вилоятидаги «Гулистон» жомеъ масжидларида, Ўш, Асака, Қўқон, Уйчи, Чустдаги масжидларда имом-хатиблик вазифасида узоқ йиллар самарали ишлади. Наманган шаҳрида Мулла Қирғиз мадрасаси очилган кундан то умри охиригача Қуръони каримдан тажвид дарсини ўтди, кўплаб қориларни тарбиялади.

Исҳоқ махдум олим, мударрис, муаррих ва шоир, гўзал ҳуснихат соҳиби эди. Ислом фиқҳи, тарихга доир бир неча илмий асарлар ёзди. Маҳдумнинг  «Тафсирул калом ва одобут-таом», «Мажмуатил ахлоқ мин таълифи қори Исҳоқ» номли асарлари бор. «Ғаройибул ахбор ва фасоиул ахёр» номли асарида кўплаб маълум ва машҳур зотлар тўғрисидаги тарихий манбаларни тасниф этган. Мусанниф “Тарихи Намангон” асарида Наманган музофотида 250 йил миёнасида (1980 йилга қадар бўлган вақт ичида) яшаб ўтган уламо-фузало, шоирлардан қарийб юз нафари ҳақида маълумот бериб ўтган. Исҳоқ махдум завжалари Ҳалимахон ая билан Юсуфхон, Юнусхон исмли ўғиллар ва Ҳабибахон исмли қизни тарбиялашди. Исҳоқ махдум мулла Сатти охунд 1994 йили 15 июнда Наманган шаҳрида вафот этди. 

Мулла Сатти охунднинг тўртинчи фарзандлари Ҳабибуллоҳ махдум (Аллоҳ раҳмат қилсин) илмли, айниқса туркий саводи мақтарли, тақводор ва солиҳ киши эди. Умрини ҳалол касб-ҳунар билан ўтказиб, Аллоҳга бандаликни бажо қилган. У киши Кўпайсин исмли хотинларидан Валиюллоҳ, Ҳамидуллоҳ, Оминахон исмли фарзандларни кўрган.

Убайдуллоҳ исмли бешинчи ўғил ҳам диний ва дунёвий илмлардан яхши хабардор, ибодатли, солиҳ инсон бўлган эди (Аллоҳ раҳмат қилсин). Убайдуллоҳ махдум Манзурахон исмли хотинидан икки ўғил, уч қиз кўрган. Ўғиллар Ботиржон ва Сайфиддинлар ўтиб кетишди, ҳозирда Матлубахон, Маликахон, Жамилахон исмли қизлари ҳаёт.

Бундан ташқари, Исмоил махдумнинг уч нафар сингиллари ҳам бўлган. Улардан Ҳанифахон пошша Отауллоҳхон тўранинг набиралари, Ҳамидхон тўранинг ўғиллари бўлмиш Муҳаммадхон тўрага турмушга чиққан.  Сингиллардан икки нафари – Ҳавохон ва Маҳмудахон турмушга чиқиб фарзандли бўлишгач, вафот этишган. Ҳавохоннинг қизлари Солиҳа, Марямхон, Обидахонлар вафот этишган. 

Шайх Исмоил махдум 1930 йили биринчи марта Наманганнинг таниқли уламоларидан Ҳамидхон тўра ибн Отауллоҳхон тўранинг қизлари Зайнабхон пошшага уйланган. Бу турмушларидан биргина Маймуна (Мамнуна) исмли қиз кўришгач, Зайнабхон пошша касалланиб, вафот этган. Шундан кейин Хадичахон исмли бир аёлга уйланиб, Ҳожиаҳмад исмли фарзанд кўришган, аммо кўп ўтмай улар ажрашиб кетишган. 1944 йили, илк бор ҳаж сафарига жўнашидан олдин Наманганнинг  олим ва фозил кишиларидан мулла Турсунбой Миролим охунд ўғлининг қизи Саодатхон аяга уйланди. Икковларининг никоҳларидан Абдуллоҳхон, Муҳаммадхон, Маҳмудхон, Каримахон, Фотимахон, Маҳфузахон, Абдулатифхон, Хайруллоҳ исмли фарзандлар туғилди. Тўнғич ўғил Абдуллоҳ ҳожи араб тили мутахассиси бўлиб етишди, узоқ йиллар мамлакат мусулмонлар идорасида турли масъул вазифаларда ишлаб, ҳозирда нафақада. Муҳаммадхон ҳожи ва Маҳмудхон ҳам яхши билим олишди, аммо умрлари қисқа экан, Аллоҳ раҳмат қилсин! Шайх Исмоил махдум ҳазратларининг тўнғич қизлари Каримахон ҳожи ая адлия ходими Одилжон Абдураҳимжон ўғлига турмушга чиққан. Фотимахон ҳожи ая эса замонамизнинг атоқли олимларидан шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари билан турмуш қурган. Исмоил махдумнинг яна бир қизлари Маҳфузахон Абдулқодир исмли йигит билан турмуш қуришган. Абдулатиф ҳожи эса шарқшунослик институтини битириб,   тарих фанлари номзоди унвонини олган. Кенжа ўғил Хайруллоҳ эса дипломат бўлиб етишди, бир неча йил Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимида масъул вазифаларда ишлади.   

3. Исмоил Махдумнинг хислат ва фазилатлари:

Исмоил махдум ёшликдан талабалар орасида ўткир зеҳн, теран заковат, қувваи ҳофизу, зуҳду тақво билан ажралиб турарди. Исмоил Маҳдум илмда пешқадам бўлмай, хулқу одобда, хушмуомала ва садоқатда, қаноат ва риёзатда ҳам тенгсиз эди. У кишини билганлар бир воқеани кўп эслашади: падари бузрукворлари билан масжиддаги ҳужралари ёнма-ён эди. Махдум туни билан совуқ ҳужрада шам ёки чироқ шуъласида мутолаа қилардилар. Қиблагоҳларининг ярим тунда таҳажжуд намозига туриш одатларини билгани боис, у зотнинг таҳоратлари учун сув солинган обдастани кўксига босиб, қалб тафти билан иситиб ўтирар эди.

Исмоил Махдум ҳам диний, ҳам дунёвий илмларнинг чуқур билимдони, фанлар уммонида яйраб суза оладиган донишманд эди. У киши дин асослари ва тарихни мукаммал эгаллаган ҳолда араб, форс қадимий туркий тилларни чуқур билар, Мовароуннаҳр тарихи, маданияти, адабиёти бўйича етук мутахассис ҳам эди.

Сафдошлари яна у зотнинг фиқҳ илми бобида ҳам ажиб бир камолотга эришганларини кўп эслашарди. Диний идорага узоқ-яқиндан у ёки бу шаръий масалага жавоб излаб турли одамлар келар, уларнинг ҳар бирига мукаммал жавоб қайтарувчи қози ҳазратлари ҳатто китоб варақлашга ҳам эҳтиёж сезмасдилар. Ўша пайтдаги яна бир воқеа эсда қолган: 60-йиллар ниҳоясида бир ботил мазҳаб чиқиб, унинг анчагина тарафдорлари ҳам пайдо бўлган ва Аҳли сунна вал-жамоа ақидаси билан қаттиқ ихтилофга борганди. Шунда Исмоил махдум уларнинг бир неча раҳнамоларини диний идорага таклиф этиб, Қуръони карим ва ҳадиси шарифга суянган ҳолда уларнинг эътиқоди асоссиз ва пуч эканини исботлаб берган эдилар. Чуқур илмий далиллар ва букилмас қатъият қаршисида лол қолган янги мазҳабчилар кўп ўтмай ўз-ўзидан йўқолиб кетишди.

Махдум ҳазратларининг диний идорадаги фаолиятлари жуда серқирра, шарафли, айни пайтда жуда масъулиятли ва мушкул бўлган. Бир томондан даҳрийлик асосида қурилган тузумнинг тазйиқи бўлса, иккинчи томондан, Аллоҳнинг динини азалий исломий заминда яшаётган, аммо зўрлик қутқуси остида унута бошлаган мусулмонлар орасида тарғиб қилиш керак эди.

 Махдум ҳазратлари табобат, фалсафа, тарих, фалакиётга оид манбаларни ҳам пухта биларди. Жуда кўп замондош олимлар, ёзувчилар, мутахассислар шайх хонадонларига тез-тез ташриф буюриб, у зот билан мулоқотда бўлиб туришарди. Махдум ҳазратлари академик Иброҳим Мўминов, Убайдулла Каримов, Павел Булгаков, «Араб тили дарслиги» муаллифи Боқи Холидов, профессор Исматулла Абдуллаев, мўмиё бўйича мутахассис М.Мўминов каби алломалар билан доимий мулоқотда бўлиб, қимматли маслаҳатларини дариғ тутмаган. Нафақат Мовароуннаҳр ва собиқ Иттифоқда, ҳаттоки бутун дунёда Исмоил Маҳдум Ислом асосларининг чуқур билимдони, ўткир ҳофизул Қуръон, етук аллома ва комил инсон сифатида танилган ва унга эҳтиром кўрсатилган. Ҳозир ҳам Москва ва Санкт Петербург, Озарбайжон ва Доғистон, Уфа ва Қозон, Ашхабод ва Душанбеда, хуллас, жуда кўп жойларда у зотнинг шогирдлари фаолият кўрсатмоқда.    

 4. Олим ҳақида фикрлар:

Сайтимизда давримизнинг атоқли уламоларидан шайх Исмоил махдум мулла Сатти Охунд ҳақларида Аҳмад Муҳаммад ёзган китобдан парчалар эълон қилган эдик. Маълум бўлишича, китобни нашрга тайёрлаш чоғида муаллиф беназир устоз, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳазратларига мурожаат қилиб, китобга қўшиш учун устозлари ва қайноталари Исмоил махдум ҳақларидаги хотираларини ёзиб беришни илтимос қилган экан. Ҳазрат буни мамнуният билан қабул қилиб, ихчамгина хотира сатрларини битиб берган эканлар. Қуйида Ҳазратнинг ўша хотираларини ва бошқаларнинг Исмоил Махдум ҳақларидаги фикрларини эътиборингизга ҳавола қиляпмиз. 

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ.

Улуғ олим, қори ва фозил зот Исмоил махдум мулла Сатти Охунд ўғиллари раҳматуллоҳи алайҳ ҳақларида кўп гапириш мумкин. Аммо каминанинг бу борада гапирмоқчи бўлган гапи, у кишининг фақат биргина хислатларига оиддир. Назаримда, у зот раҳматуллоҳи алайҳнинг гўзал одатларидан бири тунги бедорлик эди. Эрта ётиб, кечаси бедор бўлиб, ўзларини ибодатга урар эдилар. Шу билан бирга, бу ишни бировга билдирмасликка ҳаракат қилар эдилар. Иложи бўлса, тунги бедорликнинг ўрнини тўлдириш учун кундузи бироз ухлаб ҳам олар эдилар.

У киши кўп нарсаларни билишлари билан бирга халқ табобатига ҳам қизиқар эдилар. Бу борада эски қўлёзмаларни ўқиб, ўзлари дори тайёрлашга ҳам уринар эдилар. Бир марта ўзларидаги Абу Али ибн Сино раҳматуллоҳи алайҳнинг «Тиб қонунлари» нодир қўлёзмаси ҳақида гапириб берган эдилар. Айтишларича, бир табиб мазкур китобни ёзиб олиб, ўзи унга суяниб олиб борган тажрибаларини шарҳ сифатида ёзиб борган экан. Бу қўлёзма фақат бир нусхадан иборат экан. Унинг биринчи жузини бир шаҳардан, иккинчисини бошқа шаҳардан топган эканлар.

У кишининг китобларга ва қўлёзмаларга қизиқишлари катта эди. Қаерга борсалар, ўша нарсалар ҳақида сўрар ва бирор маълумот олсалар, уни амалга оширишга ҳаракат қилар эдилар. У киши қиблагоҳимиз Муҳаммад Юсуф ҳожи домланинг таклифларига биноан бизникига ҳам бир неча бор ташриф буюрганлар. Ҳар сафар у киши келишларидан олдин у зот учун «жонини беришга ҳам тайёр» отамиз китобларни беркитишга ҳаракат қилар эдилар. Мабодо устозлари китобларни кўриб, бирортасини ёқтириб қолсалар, ўша китобдан маҳрум бўлиб қолишларидан қўрққанларидан шундай қилган бўлсалар керак. Бу улуғларимизнинг илмга ва илмнинг қуроли китобга бўлган муносабатларидан бир намуна. Хусусан, ўша вақтлар диний китоблар қаҳатчилиги мавжуд эди. Аллоҳ таоло у кишини раҳмат қилсин!”

Шайх Муҳаммад Содиқ МУҲАММАД ЮСУФ.

2015 йил 2 февраль.

“Адашмасам, 1944 йил эди ўшанда. Иккинчи жаҳон уруши қизиб турган пайтда Ўзбекистонда бир неча масжидларни очиш ҳақида Масковдан ижозат келиб қолди. Наманганда масжид очишга Исмоил махдум масъул этиб тайинландилар. У кишининг илмлари етук, мусулмонлар орасида номлари чиққан эди. Исмоил махдум ёнларига бир неча кишини олиб, шаҳардаги ёпилиб кетган барча масжидларни кўриб чиқишди ва Шайх Эшон масжиди ҳамма томондан талабга жавоб беришини аниқлаб, шуни очишга қарор қилинди. Махдум ҳазратларининг ўзлари масжидга имом бўлдилар. Биринчи йили Рамазон келиши билан беш-олти қори шу масжидда хатмул-Қуръонга ўтишди. Хатмнинг охирида махдум ҳазратларининг ўзлари ўтиб, бояги қорилар беихтиёр қолдириб кетган ёки ғалат ўқиган жойларининг ҳаммасини тўплаб бошқатдан қироат қилиб бердилар ва Қуръон хатми шу тариқа мукаммал қилинди.

Армия хизматини ўтаб қайтиб келсам, махдум акамизни Тошкентга ишга чақириб кетиб қолишибди. Бирмунча вақт диний идорада тафтиш ишларига бош бўлдилар. Бу орада Бухородаги Мир Араб мадрасаси очиладиган бўлиб қолди, барча ташкилий ишларга Махдум акамизнинг ўзлари бош бўлдилар. Кейин у кишини мадрасага мудир қилиб тайинлашди. Талабаларга эринмай сабоқ берар, тушунмаганини соатлаб тушунтириб беришдан эринмас, нима қилиб бўлсаям талабаларга ўзларидаги билимни етказишга ҳаракат қилар эдилар.

1957 йили Эшон Бобохон ҳазратлари вафот этдилар, ўғиллари Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон идорага раси бўлдилар. Махдум акамиз эса раис ноиби-қози этиб тайинландилар. Умрларининг охиригача шу вазифада муқим ишлаб турдилар. Шунча иш ва идора ташвишлари орасида биз, шогирдларига илм беришга вақт топар, берганда ҳам маромига етказиб, энг икир-чикирларигача қолдирмай комил сабоқ берардилар. Кўп йиллар шундай улуғ зотнинг қўл остиларида ишлаганимдан фахрланаман. Бирмунча вақт идора кутубхонасида хизмат қилдим, кейин Мир Араб мадрасасига бош мударрис қилиб юбордилар, 1973 йилгача ўша ерда хизматда бўлдим, кейинчалик анча вақт Наманган масжидларида имомлик қилдим. Махдум акамиз ҳеч қачон ёрдамлари ва маслаҳатларини дариғ тутмадилар.

У киши билан охирги учрашувимиз вафотларидан бир ҳафтача олдин бўлди. Намангандан тўрт киши – мен, Кароматхон эшон, Орифхон ва яна кимдир билан бетобланиб, шифохонага тушиб қолган махдум акамизни зиёрат қилгани Тошкентга келдик. Суҳбат асносида “Она шаҳрингиз Наманганга келинг, истаган масжидингиздан иш топамиз, хизматни биз қилайлик, сиз дуогўйимиз бўлиб, бизларга насиҳат қилиб, маслаҳат бериб ўтиринг” деган таклифни айтдик. Шунда у киши: “Қани, бир касалдан тузалиб олайлик-чи, Наманганга боришнинг ҳам мавриди келиб қолар”, деган жавобни қилдилар. Бир ҳафтадан кейин жанозаларида ҳозир бўлдик...

Абдулатиф ҳожи СУЛТОНМАҲМУДОВ,

Наманганнинг атоқли уламоларидан, Бухородаги

Мир Араб мадрасаси собиқ мудири.

“Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Халқимизда “Устоз отангдай азиз” деган мақол бор. Искандар Зулқарнайндан “Нима сабабдан устозингизни отангиздан ортиқ ҳурмат қиласиз?” деб сўрашганида у “Отам мени осмондан ерга туширган,устозим эса ердан осмонга кўтарган”, деб жавоб берган экан. Ҳазрат Исмоил махдум менинг ердан осмонга кўтарилишимга сабаб бўлган мўътабар устозлардан биридир.

Мен у зотни биринчи бор 1957 йили Бухородаги Мир Араб мадрасасига ўқишга борганда кўрганман. У зот ўша вақтда мадраса мудири эканлар. Салобатли, босиқ, лекин бироз ҳайбатлари борлиги учун мадраса саҳнига чиққанларида талабалар дарҳол ўзларини ҳужралар ичига олишга шошилишарди. Талабалар Исмоил махдумни беҳад ҳурмат қилишар, айни пайтда у киши ҳам талабаларга ўта меҳрибон устоз эдилар.

1957 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасига муфтий ноиби этиб тайинланганлари муносабати билан Тошкентга қайтиб кетганлар. Диний идора томонидан чиқариладиган фатволар ва диний тақвимлар бевосита у ҳазратнинг иштирокларида тайёрланган. Шунингдек, чет элдан келган меҳмонларни кутиб олиш ва кузатиб қўйиш ҳам Устознинг зиммаларида бўлган.

Мен 1971 йили Тошкент шаҳрида очилган Имом Бухорий номидаги олий диний маъҳаднинг илк қалдирғочларидан бири эдим. Ўша даврдаги мадрасалар иши бўйича кўпроқ устозимиз – Махдум домла шуғалланар эдилар. Диний идорадаги ишлари кўп бўлишига қарамай, Махдум домла вақт топиб бизга араб адабиёти, аруз ва қофиядан дарс берар, маъносини чиқариш мушкул бўлган байтларни атрофлича тушунтирар, ўзлари ҳам шеър ёзиб турар эдилар.

Дарвоқе, Устоз моҳир хаттот ҳам эдилар. Дарсларнинг бирида шогирдларга ўгит бўлсин, ҳар бир сўзни ўйлаб айтсин деб, қуйидаги ҳикматни доскага ҳуснихат билан ёзган эдилар: “Ин канал-калом мин фидда лаканас-сукут мин заҳаб” (Сўз кумуш бўлса, сукут олтиндир). Сўнгра мазкур ҳикматни батафсил таҳлил қилиб берганлари ҳануз эсимда. Мен уни ўшанда ён дафтарчамга ёзиб қўйган эдим. Устозни соғинганимда уни олиб, ўша ҳикматга қайта назар соламан. Кўз ўнгимда Устознинг табаррук сиймолари намоён бўлади. Аллоҳ Устозимизни ва у зот билан бирга ишлаган пиру муршидларни Ўз раҳматига олган бўлсин, омин!


Салоҳиддин МУҲИДДИН,

диний идоранинг фатво ва масжидлар бўлими

 собиқ мудири, маъҳад мударриси.