1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Исмоил ибн Касир

22:16 / 27.04.2017 5986 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

У киши имом, ҳофиз, муҳаддис, тарихчи бўлиб, асл исмлари Исмоил ибн Умар ибн Касир ад-Димашқий аш-Шофиий, кунялари эса Абулфидодир. 700-ҳижрий, милодий 1301 йилда  Шомдаги  Бусро вилоятининг  Миждал қишлоғида таваллуд топганлар. Тафсир илмига оид мўътабар китоб ёзганлари учун уламолар томонидан Имодуддин дея шарафланганлар. Аллома Ибн Касир илмли, диндор оилада ўсдилар. У кишининг оталари Умар ибн Ҳафс ибн Касир бўлиб, ўз қишлоғларининг машҳур нотиғи, хатиби эдилар. Бўлажак аллома 3 ёшга тўлганларида оталари вафот этдилар. Оталарининг вафотларидан сўнг 707-ҳижрийда ёш Ибн Касирнинг оиласи қишлоқдан Дамашққа кўчиб ўтишди. Бўлажак олимнинг оиласини амакилари Абдулваҳҳоб ўз ҳимоясига олди ва акасининг оиласининг тинчлиги ва фаровонлиги учун бор куч ва ғайратини аямади. Кейинчалик мазкур амакилари ҳақида Ибн Касир шундай деб эслаганлар: “Бир туғишган амаким бор эдилар. Бизга ўта меҳрибон ва ғамхўр эдилар. У киши 750-ҳижрийда вафот этганлар. Илк илмни ушбу амакимнинг қўлларида олганман. Амакимдан қийин илмларни ҳам осонлик билан Аллоҳ насиб этганича олдим”. 

Алломанинг устозлари сифатида қуйидаги зотларни келтириб ўтиш мумкин:  Шайхул ислом Абулаббос Аҳмад ибн Таймия, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад аз-Заҳабий, Шайх Абулаббос Аҳмад ибн Шаҳина, Шайх Абу Исҳоқ Иброҳим ал-Фазорий, Камолиддин Абдулваҳҳоб ибн Қози Шаҳба, Шайх Шамсуддин Абу Наср Муҳаммад Шерозий, Шайх Исбаҳоний, Шайх Баҳоуддин ал-Қосим ибн Асокир, Шайх Умар ибн Абубакр ал-Бустий ва бошқалар.


Алломанинг шогирдлари сифатида эса қуйидагиларни келтириб ўтиш мумкин: Ҳофиз Алоуддин ибн Ҳужжий аш-Шофиий, Муҳаммад ибн Абу Муҳаммад ибн ал-Жазарий, ўғиллари Муҳаммад ибн Исмоил ибн Касир, Имом Ибн Абу-л-Изз ал-Ҳанафий, Ҳофиз Абул Маҳосин ал-Ҳусайний ва бошқалар. 

Алломанинг асарлари: 

Улумул Қуръон соҳасида:

1.    Тафсирул Қуръанил азийм. 

2.    Фазоилул Қуръан. 

Ҳадисшунослик соҳасида:

3.    Аҳадисул Усул. 

4.    Шарҳу Саҳиҳил Бухорий. 

5.    Ат-Такмил фил журҳ ват таъдил ва маърифатис сиқоти вал мажаҳийл. 

6.    Ихтисору улумил ҳадис. 

7.    Жомиъул масанийд вас сунанил ҳадий лиақвами сунан. 

8.    Муснаду Аби Бакр ас-Сиддиқ розияллоҳу анҳу. 

9.    Муснаду Умар ибн ал-Хаттоб розияллоҳу анҳу. 

10.     Ал-Аҳкам ас-Суғро фил ҳадис. 

11.     Тахрийжу аҳадиси адиллатит танбиҳ фий фиқҳиш шофииййа. 

12.     Тахрийжу аҳадиси Мухтасари Ибн ал-Ҳожиб. 

13.     Мухтасару китаби Ал-мадхал ила китабис Сунан лил Байҳақий. 

14.     Жузъ фий ҳадисис сувар. 

15.     Жузъ фир радд ала ҳадисис сижл. 

16.     Жузъ фил аҳадис ал-варидати фий фазли аййамил ушрати мин Зилҳижжа. 

17.     Жузъ фил аҳадис ал-варидати фий қотлил килаб. 

18.     Жузъ фил аҳадис ал-варидати фий каффаротил мажлис. 

Фиқҳ ва усулул фиқҳ соҳасида: 

19.     Ал-Аҳкам ал-Кубро. 

20.    Китабус сиям. 

21.    Аҳкамут танбиҳ. 

22.     Жузъ фис солатил вусто. 

23.     Жузъ фий мийрасул абавайни маъал ихвати. 

24.     Жузъ физ забийҳа аллатий лам юзкар исмуллоҳи алайҳа. 

25.     Жузъ фир радди ала китабил жизяти. 

26.     Жузъ фий фазли явми арафа. 

27.     Ал-Муқоддамат фий усулил фиқҳ. 

Тарих ва маноқиб соҳасида: 

28.     Ал-Бидоя ван Ниҳоя. 

29.     Жузъ муфрад фий фатҳил Қустантания. 

30.     Ас-Сийра ан-Набавия. 

31.     Табақот аш-Шофииййа. 

32.     Ал-Возиҳ ан-Нафис фий маноқиби Муҳаммад ибн Идрис. 

33.     Маноқибу Ибн Таймия. 

34.     Муқаддима фил ансаб. 

Уламоларнинг Ибн Касир ҳақларида айтган фикрлари: 

Ҳофиз Заҳабий шундай дейди: “У киши имом, муфтий, муҳаддис, фақиҳ, муфассир эдилар. Фиқҳ ва ҳадисга оид матнларни ва уларнинг ровийларини батафсил ўргандилар”. 

Аллома Ибн Носируддин шундай дейди: “Шайх, имом, аллома, ҳофиз Имодуддин муҳаддисларнинг энг ишончлиси, тарихчиларнинг устуни, муфассирларнинг пешқадами эдилар”. 

Ибн Туғрий Бардий айтади: “У зот доим илм билан машғул эдилар. Фиқҳ, тафсир, араб тили ва бошқа илмларда ўта моҳир эдилар. Вафот этгунларига қадар фатво бериш ва дарс беришдан тўхтамадилар”.  

Ибн Ҳажар Асқалоний айтадилар: “Барча хизматга доим тайёр эдилар, ўрганган илмларининг барчасини ёддан билардилар, кишиларнинг кўнглини олишга, кайфиятларини кўтаришга жуда уста эдилар. Ёзган асарлари тирикликларидаёқ турли ўлкаларга тарқалган эди, вафотларидан кейин ҳам инсонлар мазкур асарлардан кўп фойда олдилар”. 

Айний айтадилар: “У зот уламолар ва ҳофизлар учун энг ёрқин намуна, маъно ва лафз аҳли (тилшунослар, луғатшунослар)нинг устуни эдилар. Ҳадис, тафсир, тарих борасида ўта моҳир эдилар. Забт ва таҳрирда у кишига етадигани йўқ эди”. 

Довудий айтадилар: “У зот матнларни ёдлашга, ҳадисларнинг санадлари, иллатлари, ровийларини билишга ҳамда тарих илмини мукаммал эгаллашга киришдилар ва йигитлик чоғларидаёқ бу нарсаларнинг моҳир билимдонига айландилар”. 

Вафотлари: 

774-ҳижрий йилнинг 26-Шаъбон пайшанба куни Дамашқда вафот этдилар. “Суфийя”  қабристонига, шайхлари  Ибн Таймиянинг ёнига дафн этилдилар. Ибн Носируддин шундай дейдилар: “У кишининг жанозаси жуда катта маросимга айланиб кетди. Ўзларининг васиятларига биноан “Суфийя” қабристонидаги устозлари Шайхул ислом Ибн Таймиянинг ёнига дафн қилиндилар”. 

Аллоҳ таоло Ҳофиз, диннинг устуни Ибн Касирнинг қабрларини нурларга тўлдириб, жойларини Фирдавс жаннатидан қилсин. Қолдирган илмларидан барчаларимизни баҳраманд айласин. Омин! 


Нозимжон Иминжонов,
Имом Бухорий номли
Тошкент ислом институтининг
битирувчиси



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ШЕЙХ МУХАММАД САДЫК МУХАММАД ЮСУФ РАХИМАХУЛЛАХВсевышний Аллах сказал .Поистине, боятся Аллаха из Его рабов лишь ученые знающие, Сура Фатир, аят 28.Посланник давоми...

27333 15:54 / 09.11.2017
Абдулқодир ибн Муҳаммад ибн Солиҳ ибн Ҳусайн ибн Ийсо ибн Ҳумайд ибн Ҳарубий ибн Алий ибн Ҳамд ибн Мустафо атТамимий милодий 1971, ҳижрий 1391 йили Сурия Араб давоми...

10267 21:18 / 30.07.2021
иккинчи мақола Абдулҳамид Кишк ваъзларида Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳақларида кўп гапирар эди. Бу ҳақда ундан .Нима учун сиз Умар ибн Хаттоб ҳақларида кўп давоми...

1229 11:00 / 26.08.2022
Зиёрат рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида Сирожиддин Жаҳонгировнинг ибратли ҳаёт йўллари билан танишиб чиқамиз.Сирожиддин ЖаҳонгировСаййид давоми...

5910 15:21 / 31.01.2018
Аудиолар

120107 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7028 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41773 14:35 / 11.08.2021