407 08.03.2017

Ислом.уз порталининг «1435 мавлид» тадбири бўлиб ўтди


Бошимизга соя солиб турган ушбу ой севикли Расулимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган ойдир. Ушбу кунлар у зот алайҳиссалом дунёга қадам қўйган кунлардир. Ушбу соатлар оламларга раҳмат бўлган зот бу оламга ташриф буюрган соатлардир. Ушбу онлар илоҳий бир нур, ҳидоят маёғи таваллуд топган онлардир. Шу боис, қарийб минг йилдан бери кўпчилик мусулмонлар бу ойни «Мавлид ойи» деб атаб келганлар ва уни сийратни ўрганиш ойи ўлароқ алоҳида эътиборда тутганлар.

Ушбу анъанага кўра, Ислом.уз портали ходимлари бу йил ҳам ушбу ой муносабати билан Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бошчилигида мавлид тадбири ўтказди. Тадбир 1435 ҳижрий 12 Рабиулаввал, 2014 йил 13-январ душанба куни 15:30 да бошланди.
Мажлис Қуръон тиловати билан очилди. Кейин Шайх ҳазратлари табрик билан сўз бошлаб, ушбу ойнинг аҳамияти ва ўтказилаётган тадбир ҳақида сўзладилар.
Тадбирда сийратга оид иккита мавзуда суҳбат, тўртта наът нашида айтилиши ва бошқа суҳбатлар режалаштирилган эди. Мубашшир Аҳмад домла «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари ва унинг нубувватга далолати» ҳақида маъруза қилди. Кейин араб тилида ва ўзбек тилида нашидалар янгради. Сўнгра «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат» мавзусида суҳбат қилинди. Ундан кейин нашидхонлар гуруҳи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга аталган ошиқона нашидалардан айтиб, қатнашчиларни хушнуд қилдилар. Юртимизда «Мавлид» номи билан донг таратган Жаъфар ибн Саййид Ҳасан Барзанжий раҳматуллоҳи алайҳнинг «Иқдул-жавҳар фи мавлиди ан-Набий ал-Азҳар» (Порлоқ юзли Набийнинг мавлидлари хусусидаги гавҳар маржон») номли асарининг охирги банди ўқиб эшиттирилди ва Шайх ҳазратлари ўқилган мавлидни ўзбек тилига таржима қилиб бериб турдилар.
Тадбирда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидларига муносиб совға бўлса, деган умидда «Олтин Силсила» туркумининг 3 жузининг тақдимотини қилиш ҳам режалаштирилган эди. Шайх ҳазратлари ушбу илмий фаолият билан қисқача таништириб, унинг эл юртга, ҳамма ҳаммага хайру барака бўлишини таъкидладилар ва бу хизматга камарбаста бўлиб турган илмий жамоа ва барча ходимлар халқимиздан дуо умидида эканларини изҳор қилдилар.
Йиғилиш якунида Тошкент шаҳри бош имом хатиби Анвар қори Турсун жанобларига сўз берилди. У киши юртимизда ҳукм суриб турган тинчлик хотиржамлик неъматини қадрлаш ҳақида сўзлар эканлар, бу борада муқаддас динмизни тўғри тушуниш, соф ҳолича ўрганиш ва англаш борасида олиб борилаётган илмий фаолиятлар катта аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Тадбир Қуръон тиловати билан якунлангач, барча меҳмонларга ифторлик зиёфати уюштирилди. Зиёфат сўнгида яна тиловат ва хайрли дуолар қилинди. Шу билан Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидларига бағишланган тадбир ўз ниҳояига етди.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, бу йил Расулулимиз Муҳамад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларига қамарий ҳисобда 1488 йил тўлди. Шамсий ҳисобда ушбу 2014 йил апрел ойида 1443 йил тўлади.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид