1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Исломнинг бошқа динлардан фарқи нимада?

19:46 / 22.05.2017 3381 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исломнинг баъзи ўзига хос ва фарқланувчи тарафлари бор:

1. Ислом қиёматга қадар икки мустаҳкам асосга таянади. Биринчи асос – Қуръон; Аллоҳ томонидан Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломга нозил қилинган муқаддас Китоб. Араб тилида ўқилиши ҳам ибодат, ҳатто энг кичик сураси ҳам мўъжиза бўлиб, авлоддан авлодга силсила тариқасида бизгача етиб келган. (Араб тилида бундай ривоятлар мутавотир дейилади, яъни Қуръон ёки ҳадиснинг матнлари умуман ёлғондан йироқ бўлган бир гуруҳ ровийлар томонидан худди шундай бошқа ровийларга етказилган манбага айтилади.) Мазкур Китобда Муҳаммад алайҳиссалоту вассалом ва у зот тўғрисида «(Улар) ўз ҳузурларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган ҳолида топиладиган, уларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадиган, уларга покиза нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни ҳаром қиладиган, устиларидаги юкни енгиллатиб, кишанларни ечадиган уммий Набий, Расулга эргашурлар» (Аъроф сураси, 157-оят) дейилган. Бу Китоб ҳеч қандай ўзгаришсиз, Аллоҳнинг меҳрибонлиги ва ҳимоясида ўзининг аввалги ҳоли бўйича келмоқда. Қуръоннинг қайси тилга қилинган таржимасидан қатъий назар, у маънолар таржимаси дейилиб, қанчалик тўғри таржима бўлмасин, у Қуръон деб айтилмайди.

Иккинчи асос – Расул алайҳиссалоту вассаломнинг суннатларидир. Суннат ҳам Қуръон билан бир қаторда Ислом ақидасининг ажралмас қисми ҳисобланади. Ишончли суннат Расул алайҳиссалоту вассаломнинг қилган ишлари, буюрган ва маъқуллаган гаплари бўлиб, суннатнинг ўрни қандайлигини Қуръон оятлари ҳам тасдиқлайди. Масалан: 

«Ким Расулга итоат қилса, Аллоҳга итоат қилган бўлур. Ким юз ўгирса, сени уларга қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ» (Нисо сураси, 80-оят); 

«Расул сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар. Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ азоби зўр Зотдир» (Ҳашр сураси, 7-оят).

2. Соғлом ақл ва ҳур фикрлилик.

Ислом қадимий урфлар, анъаналарга кўр-кўрона тақлид қилишдан инсон ақлини халос қилди. Башариятга атрофдаги оламга эътибор беришни буюрди. Аллоҳ аввалги ўтган халқларга қандай муносабатда бўлганига, жамият ривожланиш қоидаларига эътибор қаратишимизга буюрди. Шу билан бирга Ислом рад этиб бўлмас далилларга асосланган мустаҳкам ақида асосларини ҳам тақдим этди.

3. Руҳ ва моддалараро уйғунлик.

Инсон – Аллоҳнинг бу дунёдаги унга бўйсундириб қўйган неъматларидан истеъмол қилувчи жисмдир. Аллоҳ кўрсатган ва ваҳий орқали юборган Тўғри йўл эса инсонга руҳий озуқа бўлиб хизмат қилади.

4. Борлиқ ила бирлик ва уйғунлик.

Бундай бирлик Аллоҳнинг қудратига белгилардан биридир. Борлиқ ва унинг зарраларида яқин боғлиқлик мавжуд. Қуръон борлиқдаги кўплаб жисмларни тасвирлайди, инсон яралишини босқичма-босқич, жинларни, осмонларни ва ерни таърифлайди. Бу дунё ва охират дунёси ҳақиқатини очиб беради.

5. Исломнинг серқирралиги – инсоннинг ҳаёти давомидаги кундалик эҳтиёжларига жавоб берувчанлиги.

Ислом – замон ва маконлардан қатъий назар, инсон эҳтиёжларини ҳисобга олиб жавоб берувчи диндир. У одамга халқаро муносабатлар сиёсатидан тортиб, жанг олиб бориш, сулҳ тузиш битимларини, инсонлараро муносабатларни яхшилашни, беморлардан хабар олишни, йўлларни ҳар хил нарсалардан халос этиш иймон шўъбаларидан бири эканини эълон қилган диндир. Яъники, Ислом ҳаётнинг ҳам оламшумул, ҳам кичик жабҳаларини ўз ичига олади. Шу ўринда Расул алайҳиссалоту вассаломнинг Исломнинг тимсолларидан бўлган ҳадисларини келтириш мумкин: «Батаҳқиқ, Аллоҳ барча нарсага (нисбатан) раҳмини белгилади».

Ислом бошқа динлардан қуйидаги ҳолатлар билан фарқланади:

1. Аллоҳнинг дини инсон манфаатлари билан чамбарчас боғлиқдир. Қаерда инсонга фойдали ва манфаатли бўлса, ўша ерда Аллоҳнинг дини намоён бўлади. Чунки Ислом ҳалол – фойдали ва ёқимли, ҳаром – нопок ҳамда зарарли нарсалар билан боғлиқдир.

2. Қийинчиликларни бартараф этиш ва енгилликка интилиш бор. Биз буни кўплаб оятларда кўришимиз мумкин. Шунга асосан динимизда енгиллаштириш буюрилган ва қийинлаштириш ман этилган.

3. Ислом – охир-оқибат инсоннинг ахлоқи ақида тамойиллари билан ҳамоҳанг бўлиши ва қадр-қиммати, олийжаноб мақсадлари билан ажралиб туриши учун диннинг асосий тамойилларини инсон қалбига мужассам этишга катта аҳамият беради.

4. Исломда монахлик йўқ ва дин бир киши томонидан монополиялаштирилмайди, бошқарилмайди. Аксинча, уммат аҳволини соғлом тарзда баҳоловчи етарли билимга эга бўлган фақиҳ олимлар бордир. Қуръоннинг Тавба сураси 122-оятида Аллоҳ шундай марҳамат қилади: 

«Мўминларнинг ҳаммалари қўзғалишлари лозим эмас. Ҳар жамоадан бир нафар тоифа бўлсайди, динни чуқур англаб, қайтиб келган вақтларида қавмларини огоҳлантирардилар. Шоядки, улар ҳазир бўлсалар».

 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Абулҳасан Мовардий .Дунё ва дин одоби, китобида айтади .Илмнинг барчасини иҳота қилишга бирор йўл йўқ экан, унинг баъзисини билмаслик ор эмас, сенинг давоми...

1731 11:00 / 20.12.2021
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Дин насиҳатдир,, дедилар. Саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу умумий гапни эшитиб, унинг тафсилотини давоми...

4634 20:30 / 09.11.2017
Исломнинг молдунё тўғрисидаги фалсафасидан келиб чиқиб, иқтисодий ислоҳотлар учун берадиган таклифлар1. Ер остиусти бойликларининг асл эгаси дея халқни эътироф давоми...

1889 19:00 / 22.12.2021
Оч қолишдан қўрқиб Аллоҳнинг фарз рўзасини тутмайдиганлар, Аллоҳнинг кичик синовидан қўрқиб ваҳимага тушадиганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давоми...

3287 14:00 / 19.03.2022
Аудиолар

120101 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41769 14:35 / 11.08.2021