742 25.03.2017

Ҳеч шак-шубҳа йўқки, ҳозирги кунда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш асримизнинг энг муҳим муаммоларидан бири бўлиб турибди. Бу муаммо ўзининг инсониятга келтириши мумкин бўлган ёмон оқибатлари бўйича ядро ҳалокатидан кам эмас.

Албатта, технология соҳасидаги тараққиёт, янги энергия манбаларининг кашф этилиши, янги маъданлар ва кимёвий моддаларнинг пайдо бўлиши, оқибатини ўйламай, табиатдаги жараёнларга аралашув каби ҳолатларнинг барчаси атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида ниҳоятда ташвишли вазиятни вужудга келтирди.

Табиийки, мазкур муаммо­ бутун оламдаги юз миллионлаб мусулмонларни ҳам, Ислом уламоларини ҳам ташвишга солмоқда ва улар бу муаммоларни ҳал қилишда Қуръони карим оятларига ҳамда Ислом таълимотларига мурожаат қилишмоқда.

Барчага маълумки, Аллоҳ таоло оламни ажойиб аниқлик ила, ўзаро боғлиқ ҳолда ҳамда ундаги махлуқотларнинг хусусиятлари, сифатлари, таркиблари, ададларини ниҳоятда гўзал ва ҳикматли қилиб яратган. Ҳар бир яратилган нарса ўзининг бетакрор тартибига эга. Ҳар битта нарсанинг Аллоҳ таоло тарафидан ўзига хос замон ва маконда яратилиши белгилаб қўйилган.

Бу ҳақда Қуръони каримда жуда кўп оятлар нозил этилган бўлиб, жумладан, Аллоҳ тао­ло шундай марҳамат қилади:

«Албатта, Биз ҳар бир нарсани ўлчов би­лан яратдик» (Қамар сураси, 49-оят);

«...ҳар бир нарсани ўлчов ила ўлчаб яратган Зотдир» (Фурқон сураси, 2-оят).

Бошқача айтганда, дунёдаги ҳар бир нарса: сув ҳам, ер ҳам, ҳаво ҳам, тоғ ҳам, ҳайвонот ҳам, наботот ҳам Аллоҳ таоло томонидан ўлчов би­лан ва бир-бирига боғлиқ қилиб яратилган.

Яна шу нарса ҳам маълумки, Аллоҳ таоло яратган бу олам инсонга бўйсунадиган қилиб қўйилгандир.

Аллоҳ таоло инсонни дунёни асрашга, У Зотнинг неъматларидан манфаат олишга, уларни ҳалок этмасликка, яхшилик йўлида фойдаланиш ва ёмонликка ишлатмасликка буюрган:

«Ва ислоҳ қилингандан кейин ер юзида фасод қилманг...» (Аъроф сураси, 56-оят).

Бу ояти каримадан маълум бўладики, Аллоҳ таоло ер юзини яратиб, уни инсон учун яхши ҳаёт ўтказишга барча шароитлар бор ҳолатга келтирган. Банда эса мазкур неъматларни қадрлаб, асраб-авайлаб, уларга зарар етказмасдан, Аллоҳ таоло яратган табиатдаги мувозанатни ва жипсликни бузмасдан улардан фойдаланмоғи лозим.

Қуръони карим ер юзида фасод келиб чиқишининг асосий сабаби одамларнинг касби эканини қуйидагича баён этади:

«Қилган амалларининг баъзисини тоттириш учун, одамлар қўллари касб қилган нарсалар туфайли қуруқликдаю денгизда фасод зоҳир бўлди. Шоядки, улар қайтсалар» (Рум сураси, 41-оят).

Бу оятда Аллоҳ таоло ер юзидаги бахтсизлик ва нохушликлар одамларнинг фаолиятлари билан боғлиқ равишда зоҳир бўлишини баён қилмоқда. Уларнинг қалб ва фикрлари нопок бўлса, қилган ишларининг оқибати ҳалокатли бўлажак. Лекин бу фасоднинг ёмон натижалари инсоннинг ўзига етади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло мазкур оятда:

«Қилган амалларининг баъзисини тоттириш учун…» деяпти.

Шу билан бирга Аллоҳнинг раҳмати буюк. У Зот Ўз бандаларига меҳрибон бўлганидан уларга ўз вақтида тавба қилиш ва тўғри йўлга тушиб олишга имкон бериб, оятнинг сўнггида:

«Шоядки, улар қайтсалар», демоқда.

Инсоннинг бу дунёдаги масъулияти ҳақида кўпгина ҳадиси шарифлар ҳам ворид бўлган, улардан бирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бас, ҳаммангиз масъулдирсиз ва барчангиз ўз масъулиятингиздан сўралурсиз», дейдилар.

Бу қисқа сўзларда олам-олам маъно бор бўлиб, улар инсонларнинг юқорида зикр қилинган вазифасини ҳамда ер юзида тинчлик ва омонлик бўлиши учун Аллоҳнинг олдидаги масъулиятини ўзида мужассамлаштирган.

Аллоҳ яратган нарсаларни ҳалок этиб, йўқ қилаётганларни эса Ислом «фасодчилар» деб атайди. Бу ҳақда:

«Ва бурилиб кетганда ер юзида фасод учун ва экин ва наслни ҳалок қилиш учун ҳаракат этадир. Ва ҳолбуки, Аллоҳ фасодни хуш кўрмас», дейилган (Бақара сураси, 205-оят).

Бу икки олам – ўсимликлар олами ва ҳайвонотлар олами Исломда инсон учун энг зарур бўлган нарсалар ҳисобланади. Кимки буларга зарар етказса, инсониятга зиён етказган бўлади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда ер юзидаги бар­ча нарсаларга, жумладан, ҳайвонот дунёсига қандай муносабатда бўлиш лозимлигини муфассал баён қилиб берган. Кўпгина оятлар мусулмонларга Аллоҳ таолонинг ҳайвонот оламини яратиш мақсадини тушунтириб беради. Уларни ҳай­вонот дунёсини муҳофаза қилишга ва ўрганишга даъват қилади. Қуръони карим ҳайвонот дунёсидан инсон қандай фойда олиши мумкинлигини, жонзотларни қай тарзда тарбия қилиш кераклигини уқтиради; арзимас туюлган, оддий жониворларда учрайдиган илоҳий қудратни кўриш ва ундан ибрат олишга чақиради.

Қуръони каримнинг Бақара, Анъом, Фил, Намл, Нахл каби бир неча суралари ҳайвонлар номи билан аталади. Ушбу суралар номларини ўз тилимизга таржима қиладиган бўлсак, «сигир», «чорва ҳайвонлари», «фил», «чумоли», «асалари» деган маънолар келиб чиқади.

Аллоҳ Китобида барча жонзотлар инсонлар каби «уммат» эканлиги таъкидланади. Айнан шу таъкид инсонни ўзи каби уммат бўлган барча жонлиларга нисбатан меҳрибон бўлишга ундайди. Бу хусусда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«Ер юзидаги ҳар бир юрувчи жонзот ва икки қаноти ила учувчи қуш борки, ҳаммаси сиз каби умматлардир» (Анъом сураси, 38-оят).

Агар ҳайвонларнинг ҳар бир тури ёки оилалари алоҳида уммат ҳисобланса, айнан шу ҳукм билан улар бошқа умматлар орасида яшаш ҳаққига эга бўладилар.

Имом Абу Довуд ва Имом Термизийлар Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар итлар умматлардан бир уммат бўлмаганида, албатта, уларнинг ҳаммасини ўлдиришга амр қилар эдим», деганлар.

Шунингдек, Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир чумоли набийлардан бирини чақиб олди. Бас, у чумолилар қишлоғи ҳақида амр қилди. У куйдириб юборилди. Шунда Аллоҳ у (набий)га ваҳий қилиб: «Сени бир чумо­ли чаққани учун тасбеҳ айтиб турган умматлардан бир умматни ҳалок қилдингми?!» деди», дедилар.

Қуръони каримнинг кўпгина оятларида «Ҳайвонлар нега яратилди?» деган саволга жавоб бор. Масалан:

«Албатта, сиз учун чорва ҳайвонларида ибрат бордир. Сизни уларнинг қоринларидаги нарса ила суғорурмиз ва сиз учун уларда кўпгина манфаатлар бор ва улардан ерсизлар. Ва уларга ва кемаларга юкланурсиз» (Мўминун сураси, 21–22-оятлар).

Келтирилган оятларда «ейиш-ичиш», «исиниш», «юкларни ташиш» каби ҳайвонлардан олинадиган фойдалар ва кишиларнинг жониворлар чиройидан роҳатланиши ҳақида сўз кетади. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ҳайвонларни инсонларга фойда келтирадиган неъматлар қилиб яратди. Шу боисдан бандалар бу неъматлар учун Парвардигорларига шукр қилиб, ўзларига зарур бўлган ҳайвонот дунёсига эҳтиёткорона ёндашишлари, уларни қўриқлашлари ва сақлашлари лозим.

Шукр қилиш эса икки йўл билан бўлади. Биринчиси – бундай неъматларни ато этган Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиш бўлса, иккинчиси – У Зот берган неъматлардан фойдаланишда Унинг кўрсатмалари бўйича иш юритишдир.

Исломда ҳайвонот оламига ҳеч қандай зарар етказиш мумкин эмаслиги қаттиқ таъкидланади. Имом Мус­лим Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Набий алайҳиссалом олдиларидан юзига там­ға босилган эшак олиб ўтилди. Шунда у зот: «Менинг ҳайвонлар юзига тамға босган ва уларнинг юзига урганларни лаънатлаганим сизларга етмаган эдими?!» дедилар.

Бошқа бир ҳадисда унинг ровийси Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу шундай дейдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафарда эдик. Мен ўз ҳожатимга бориб, бир чумчуқни икки боласи билан кўрдим ва унинг болаларини олдим. Шунда чумчуқ келиб, гирдикапалак бўлиб уча бошлади. Расулуллоҳ сол­лаллоҳу алайҳи васаллам етиб келдилар-да: «Буни ким боласи туфайли фожеага учратди? Унга боласини қайтариб беринглар», дедилар».

Кўриниб турибдики, Ислом ҳайвонларнинг барчасига алоҳида меҳрибонлик билан ёндашади. Динимиз жонзотларни мақсадсиз ўлдиришликни катта гуноҳ ҳисоблаб, қатъиян ман қилади. Чунки Аллоҳ ҳайвонларни инсонлар фойдаси учун яратган. Парвардигоримиз яратган жониворларни беҳуда ўлдириш гуноҳдир. Унинг неъматларига нисбатан нонкўрликдир.

Имом Насаий Аш-Шурайда розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда: «Мен Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Кимки чумчуқни сабабсиз ўлдирса, қиёмат куни Аллоҳга «Эй Роббим, фалончи мени манфаат учун эмас, ўйнаб ўлдирди», деб шикоят қилади», деганларини эшитдим», дейилган.

Исломдаги ҳайвонларга меҳрибонлик ва яхши муносабат фақат улардан инсонларга етадиган манфаат билан боғлиқ эмас, балки мусулмонлар барча ҳайвонот оламига, ҳатто инсон улардан бу дунёда ҳеч қандай манфаат кутмаса ҳам, яхши муносабатда бўлишга буюрилган.

Аллоҳ таоло бизларни инсонлар учун яратган махлуқотларига гўзал одоб-ахлоқ ила муомала қилишга муяссар этсинЗеро, У Зот ҳар бир нарсага қодирдир.

Тожиддинов Абдуссомад Абулбосит ўғли