1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Исломда мулоқот одоби

09:40 / 22.03.2017 9114 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

МУҚАДДИМА

Оламларнинг Рабби Аллоҳга ҳамду санолар ва жаноб Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбаримизга саловатлар бўлсин.

Бизга маълумки, Қуръони каримда барча пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг ваҳдониятини ўз қавмларига баён қилаётганларида балиғлик ва ҳикматомуз услубларда, ўз вазифаларини бажарганлар. Улар ҳаққа етишиш йўлида сўзлашув, мунозара ва муноқаша услубларидан фойдаланганлар. Бу билан ақлий қаноат, жон роҳати ва қалб осойишталиги инсонларда ҳосил бўлган. Бу туйғуларни ҳис этган инсон ҳаётдан лаззатланган, ўзи ишонган нарсаларга қаттиқ ишонган, уни ҳеч қандай гумон чалғита олмаган, ҳеч қандай шак-шубҳа адаштира олмаган, уни ҳеч қандай хато фикрлар тўғри йўлидан оғдира олмаган.
“Қавл” (“сўз”) деган лафздан “ ” (айтди), “ ” (айтади), “ ” (айт), “ ” (айтдилар), “ ” (айтяптилар), “ ” (айтинглар) ва бошқа сўзлар олинган.
Бу сўз ўзаро сўзлашув, мунозара олиб бориш, муноқаша қилиш, инсонлар муайян ишларида баҳслар олиб боришларини ифодалайди. “Қавл” сўзи Қуръонда 1700 дан кўп марта такрорланган.(1)
“Деди” деган лафз Қуръонда 500 мартадан зиёдроқ такрорланган. Қуръони каримда шундай дейилган: “Аллоҳ подшоҳлик берганидан ховлиқиб Иброҳим билан Парвардигори ҳақида талашган кимса (Намруд)нинг ҳоли-хабарини билмадингизми? Қайсики Иброҳим: “Парвардигорим тирилтириб, ўлдирадиган зотдир”, деганида у: “Мен (ҳам) тирилтираман ва ўлдираман”, деди. Иброҳим айтди: “Албатта Аллоҳ қуёшни Машриқдан чиқаради. Сен уни Мағрибдан чиқаргин-чи?” Шунда бу инкор қилувчи довдираб қолди. Аллоҳ золим кимсаларни ҳидоят қилмайди” (“Бақара” сураси, 258-оят).
Қуръони каримда “дедилар” лафзи 300 мартадан кўпроқ такрорланган. Шу хусусда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг сўзи қуйидагичадир: “Яҳудийлар: “Бизларга дўзах ўти саноқли кунлардагина тегади”, дедилар. Уларга айтинг:
(Эй, Муҳаммад), Аллоҳдан аҳду паймон олдингизми-зотан, Аллоҳ ҳаргиз аҳдига хилоф қилмайди-ёки Аллоҳ ҳақида билмаган нарсаларингизни айтяпсизми?” (“Бақара” сураси, 80-оят).
Қуръони каримда “яқулу” лафзи олтмиш саккиз марта такрорланган. Бу хусусда Аллоҳ таолонинг сўзи қуйидагичадир: “Аллоҳ пайғамбарларини тўплаб: “Сизларга (яъни, қилган даъватингизга умматларингиз томонидан) қандай жавоб бўлди?” деб сўрайдиган кунида, улар: “Биз билмаймиз, фақат Сенгина ғайб илмларининг билимдонисан”, дейдилар” (“Моида” сураси, 109-оят).
«Қул»-“Айт” лафзи Қуръони каримда саккиз юз мартадан кўпроқ жойда келади. Қуръонда шундай дейилади: “Айтинг (сўранг): “Қай нарса энг улуғ гувоҳ бўлур?” Айтинг: «Аллоҳ. У мен билан сизларнинг ўртамизда гувоҳдир. Сизларни ва Қуръон етиб борган кишиларни (охират азобидан) огоҳлантиришим учун менга мана шу Қуръон ваҳий қилинди. Сизлар ҳақиқатдан ҳам: “Аллоҳ билан бирга бошқа худолар ҳам бор, деб гувоҳлик бера оласизми?” Айтинг: «Мен бундай гувоҳлик бермайман!” Айтинг: “Ҳеч шак-шубҳасиз Аллоҳ яккаю ягонадир. Албатта, мен сизларнинг ширкингиздан покман” (“Анъом” сураси, 19-оят).
Қуръони каримда мунозара ва сўзлашув (гаплашиш) услуби ўзининг кенг қамровлиги, масалаларининг аниқлилиги билан ажралиб туради.
Бу китобда Аллоҳ азза ва жалла ва У юборган мўътабар пайғамбарлари, муқарраб фаришталар ва шайтон (алайҳил-лаъна) ўртасидаги сўзлашувлар келтирилди.
Яна Аллоҳ таолонинг ваҳдонияти, Қуръони карим, қиёмат куни, савоб ва гуноҳ ҳақида суҳбат боради.
Яна пайғамбарлар ва уларнинг қавмлари, яхши ва ёмон кишилар ҳақида баҳс кетади.
Яна аҳли китоб ва мунофиқлар, муқаллидлар ва улардан олдингилар, уларнинг етакчиларининг ботил ишлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраб келган сўровчилар ҳақида сўз боради.
Шунингдек, Пайғамбармизнинг шахсиятлари, рисолатлари, Аллоҳ таоло ҳалол ёки ҳаром қилган овқатлар, ичимликлар ва бошқа нарсалар баён қилинади.
Баъзи инсонлар «мунозара»ни баҳс-талашиш деб тушинадилар. Баъзи илм аҳллари ихтилоф қилаётган томонларнинг ҳақиқат ва тўғриликка етишиши деб биладилар.
«Баҳс-мунозара, сўзлашув»дан рақиб томонни далил ҳужжат билан мот қилиш, унинг устидан ғалаба қозониш тушунилади.
“Талашиш”дан мақсад мутлақ ўжарлик, шуҳратга эришиш, ҳой-ҳавасга берилиш ёки бирор нарсанинг мавжудлигини исбот этишга ҳаракат қилиш ёҳуд ҳақиқатни ўрнатиш ёки аниқлашга йўналтирилмаган барча ҳаракатлар киради.
Бу китобимизда Аллоҳ таолонинг изни билан Қуръони каримни кўриб чиқамиз. Унда яратган Аллоҳ таоло азза ва жалла бандаларига буюрган ҳақиқатга эргашиш ва исботлашга ҳаракат қилинганлигини кўрамиз. Қуръони каримдаги ҳукмларнинг баён қилиниш усуллари, далилларнинг келтирилиши, соғлом ақлларни, нозик ҳис-туйғуларни ва пок қалбларни қаноатлантирадиган ҳужжатларнинг кучлилигига гувоҳ бўламиз. Зеро, бу ҳужжатлар ботил нарсаларга қарши ҳақиқатни ғолиб қилгай ва мўминларнинг иймонларини зиёда қилгай ва тўғри йўлда янада мустаҳкам бўлишга чорлагай.
Яна бу китобда Аллоҳ таолонинг изни билан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га эргашувчилар ва душманлари билан олиб борган сўзлашув ва муноқашаларида Қуръони каримдан фойдаланганларини, саҳоба ва тобеинларнинг уларга эргашганликларини, уларнинг йўлларидан юрганларини кўриб чиқамиз. Бу борада Аллоҳ таолонинг қуйидаги қавли мисол бўла олади: “(Эй мўминлар), сизлар учун Аллоҳ ва охират кунидан кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбари (иймон-эътиқоди ва хулқ- атвори)да гўзал намуна бордир”.2
Аллоҳ таоло ҳаммамизни ўзи яхши кўрган ва рози бўладиган нарсаларга етиштирсин, гап-сўзимиз ва амалимизда бизга ихлос ва тўғриликни насиб этсин. Аллоҳ таоло энг саховатли ва умидларни ҳосил қилувчи буюк зотдир...

Ал-Азҳар Шайхи
Док.Муҳаммад Саййид Тантовий
Қоҳира, якшанба тонги
16 сафар, 1417 ҳ.й.
2 июль, 1996 мил.й.

БИРИНЧИ ФАСЛ
Инсонлар ўртасидаги ихтилофларнинг сабаблари

1. Инсонлар ўртасидаги ихтилоф хоҳ диний, хоҳ дунёвий ишларда бўлсин, қадимдан давом этиб келаётган ишдир. Ер юзида ҳаёт борки, ихтилофлар бор.
Бу ҳақиқат Қуръони каримнинг кўплаб оятларида таъкидланган. “Агар Парвардигорингиз ҳоҳлаганида, барча одамларни бир миллат (яъни, бир динга эргашувчи) қилган бўлур эди. (Лекин У зот бундай бўлишини истамади. Шунинг учун) улар (одамлар) мудом ихтилоф қилурлар, магар Парвардигорингиз раҳм қилган кишиларгина (ҳақ йўлда иттифоқ бўлиб яшарлар). Уларни шунинг учун (яъни, бировлари ҳақ йўлда ҳидоят топишлари, бошқалари ноҳақ йўлларда талашиб-тортишиб юришлари учун) яратгандир. Парвардигорингизнинг: «Мен жаҳаннамни (кофир) жин ва кофир одамларнинг барчаси билан тўлдирурман”, деган сўзи ҳақ бўлди”. (“Ҳуд” сураси, 118-119-оятлар).
Яъни эй Расули карим (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), агар Раббингиз хоҳлаганида ўзи яратган инсонларни иймон-эътиқодлари бир уммат, бир жамоа қилиб қўяр эди ва У зот бу ишга қодир, демоқчи. Зеро, Аллоҳнинг хоҳишига ҳеч ким тўсқинлик қила олмас, лекин Парвардигоримиз буни ҳоҳламади, ёмон ва яхшини бир-биридан ажратиш учун ҳаётни ихтилофли қилди. Дунё шундай турар экан, инсонлар ўз фикрлари, йўналишлари, мақсадлари ва орзу-умидлари борасида ҳар хил бўлишда давом этадилар. Фақат Парвардигорнинг раҳмати тушган бандаларгина бундан мустаснодирлар. Улар ҳақ йўлида ҳидоят топадилар. Улар диннинг асли-асосида ҳеч ҳам ихтилоф қилмагайлар. Балки яхшилик йўлини англаб етиб, бу йўлда бирга бўлгайлар...
Хуллас, илоҳий ҳикмат инсонларнинг ҳар хил бўлишларини тақозо этган. Ҳолбуки, Аллоҳ таолонинг раҳмати барча инсонларга етгусидир.
Қуйидаги ояти каримада шундай дейилади: “Агар Аллоҳ хоҳлаганда, албатта, уларни ҳидоят устида бирлаштирган бўлур эди-ку! Бас, ҳаргиз жоҳиллардан бўлманг!” (“Анъом” сураси, 35-оят).
Агар раббимиз Аллоҳ таоло хоҳлаганида эди, инсонларни бир ҳақ динга жамлаб қўяр эди, албатта! Лекин У субҳонаҳу ва таоло бундай бўлишини ҳоҳламади. Чунки У ёмон амал қилганларни жазолаш ва яхши амал қилганларни мукофотлаш учун уларни ҳар хил қилиб қўйди. Сиз ҳаргиз жоҳиллардан бўлиб қолманг. Лекин Қуръони карим ихтилофларни ҳаққа етишиш ва адолатни ўрнатиш дея ишора қилади. Ва бу иш рўёбга чиқиши учун яхши инсонлар жамоаси бўлиши, уларнинг аҳволлари ва манфаатлари бир хил бўлиши керак...
Аллоҳ таоло Қуръонда шундай дейди: “Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан дафъ қилиб турмас экан, шубҳасиз, ер фасодга дучор бўлади. Лекин Аллоҳ барча оламлар устида фазлу карам соҳибидир”. (“Бақара” сураси, 251-оят).
Агар Аллоҳ таоло аҳли ботилни аҳли ҳақ билан дафъ этиб турмаса, ер юзи фасодга учраб, ҳаммаёқ хароб бўлар эди. Чунки аҳли ботилга агар куч ишлатиб бўлса ҳам қаршилик қилинмаса, уларнинг ёмонликлари кўпайиб кетади. Лекин Аллоҳ таоло барча инсонлардан кўра буюк фазл эгасидир. У раҳмати ила солиҳ кишиларга фосидларга қарши ҳаракатларида ҳужжат, қувват, муваффақият беради ва улар аҳли ботил устидан ғалаба қозонадилар...
Юқорида келтирилган муборак оят тўрғи йўлдаги одамларни ҳар замон ва ҳар ерда ёмонларга қарши курашишга ва ҳар қандай восита билан фасод ва туғён-исёнга қарши туришга буюрмоқда.
Қуйидаги ояти карима ҳам шу маънода келади: “Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан дафъ қилиб турмас экан, шубҳасиз, Аллоҳ номи кўп зикр қилинадиган (роҳибларнинг) узлатгоҳлари, (насронийларнинг) бутхоналари, (яҳудийларнинг) ибодатхоналари ва (мусулмонларнинг) масжидлари вайрон қилинган бўлур эди. Албатта, Аллоҳ ўзига (яъни, динига) ёрдам берадиган зотларни ғолиб қилур. Шубҳасиз Аллоҳ кучли, қудратлидир”. (“Ҳаж” сураси, 40-оят).
Агар Аллоҳ таоло ҳақ аҳлига ботил йўлдагиларга қарши курашишга изн бермаганда эди, ер фасод ишларга тўлиб кетган бўлар эди. Гарчи шундай бўлса-да, улар Мусо ва Исо алайҳиссалом замонларида махсус ибодат жойларини вайрон қилиб ташлаганлар. Шунингдек бу ҳол Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) замонларида мусулмонларнинг масжидларига нисбатан ҳам юз берди. Аҳли ботил масжидларни ҳам вайрон қилиб ташладилар.
2. Диний-дунёвий ихтилофларнинг сабаблари бир қанча. Уларнинг турлари ҳам хилма-хил. Масалан:
1) ташқи кўриниш.
2) ички кўриниш.
Биринчисида ният ҳақиқатга етишиш бўлади. Бундай ҳақиқатни тўла-тўкис билиш учун далил-ҳужжатлар келтирилади ва бу нарса уламолар тилида баҳс-мунозара деб номланади. Зеро, шу нарса билан ҳақиқатга етишиш мумкин.
Иккинчисида эса, ёмон ният, ғурур, қайсарлик бор, бу ҳол уламолар наздида манманлик, кибр, қарама-қаршилик, ўжарлик дейилади.
Ихтилоф сабабларидан яна бири мавзуни ҳар томонлама тушуниб олмаслик. Бир томондан ўрганилган нарсага бошқа томондан қаралса, бошқача тушуниш мумкин. Учинчи томондан эса, бутунлай ўзгача тушунча уйғониши эҳтимол.
Қадимги донишмандлар шундай деганлар: “Ҳақиқат инсонларга ҳар томонлама яхшилик келтирмаган. Ҳақиқатни ҳар ким ҳам тўлиқ тушунмаган. Балки кимгадир бир томони, бошқаларга эса бошқа томони аён бўлган”.
Бунга бир нечта кўр киши билан бўлиб ўтган воқеани мисол қилганлар. Улар бир катта филга дуч келишди. Сўнг ҳар бири шу филнинг жасадига қўлини қўйди ва ўзларича филни тасаввур қилишди. Филнинг оёғини ушлаган кўр шундай деди: “Бу ҳайвон думалоқ, чўзинчоқ дарахтга ўхшар экан”. Филнинг орқасига қўлини қўйган кўр эса: “Унинг шакли баланд тепаликка ўхшар экан”, деди.
Ким филнинг қаерини ушлаган бўлса, шунга кўра уни тасаввур қилди. Бу бир томондан тўғри. Лекин бир-бириникига солиштирганда хато, ихтилофли.
Устоз Муҳаммад Абу Заҳра ушбу мисолни келтириб шундай деганлар: “Қара! Тўғрилик уларни қандай жам қилди. Энди ёлғон ва хатоликка қара, уларни қандай ажратиб юборди”.(4)
Бу одамлар ўртасидаги ихтилофнинг бир кўринишидир. Унинг балки бошқа жиҳатлари ҳам бордир. Чунки тўла ҳақиқатни билгандан ёки масалани ҳар томонлама ўрганиб чиққандан ёки низо чиқаётган жойларнинг нуқтаси билингандан сўнг бундай ихтилофлар тўхтайди. Шунинг учун айтишади-да: “Агар низо нуқтаси аниқланса, келишмовчилик тугайди”, деб.

3. Инсонлар ўртасидаги ихтилофларнинг сабабларидан яна бири одамларнинг бошқасига ҳеч бир далил-ҳужжатсиз бошқаларга тақлид қилиб эргашиб кетишидир. Агар Қуръони каримни ўқисангиз, унда ота-боболарига ва ўзларидан катталарга тақлидий эргашиб кетган ғофил, жоҳил ва адашган кишилар баёнини топасиз.
Қачон (мушрикларга): “Аллоҳ нозил қилган ҳукмларга бўйсунингиз”, дейилса, улар: “Йўқ, биз оталаримизни қандай йўлда топган бўлсак, ўшанга эргашамиз”, дейишади. Агар оталари ҳеч нарсага ақллари етмайдиган, тўғри йўлни тополмайдиган бўлсалар ҳам-а?” “Бақара” сураси, 170-оят
Қуръони карим тақлид қилувчиларга истеҳзо қилган ҳолда раддия беряпти: “агар оталари ҳеч нарсага ақллари етмайдиган, тўғри йўлни тополмайдиган бўлсалар ҳам-а?”
Сиз ўша жоҳил ота-боболарингизга эргашасизларми? Уларга куфр, фусуқ ва осийлик ишларида тақлид қиласизларми? Ўша ота-боболарингиз тўғри дин ишларида ҳеч нарсани тушунмайдиган ва ҳақ йўлга юрмайдиган бўлсалар ҳам-а?
Қуръони карим уларнинг қабиҳ ҳолатларини қуйидагича тавсиф қилади: “Куфр йўлидаги кимсаларни (ҳақ йўлга даъват қилувчи кишининг) мисоли худди фақат овоз ва чақириқни эшитадиган ҳайвонларга қичқираётган кишининг мисолидир. Улар кар, соқов, кўрдирлар. Демак, тушунмайдилар”. “Бақара” сураси, 171-оят.
Бир киши одамларни тўғри йўлга даъват этади, лекин улар ундан узоқлашаверадилар. У киши худди чўпонга ўхшайди, чорваларини ҳайдаб бақиради. Ҳайвонлар унинг овозини эшитадилар, лекин чўпон нима деяётганини тушунмайдилар, ана ўшалар ғофиллардир. Ана у одамлар ҳақ даъватни эшитмайдилар, даъватчига жавоб қайтаришдан соқовдирлар, тўғри йўлни англашдан кўрдирлар. Улар ўзларига айтилаётган насиҳатни англаб етмайди ва тушунмайдилар.Яна бир оятда айтилади: “Балки улар (шундай) дедилар: “Албатта, бизлар ота-боболаримизни бир миллат-дин устида топганмиз ва, албатта, бизлар уларнинг изларидан бориб ҳидоят топгувчидирмиз”. (Эй Муҳаммад), шунингдек, Биз сиздан илгари бирон қишлоқ-шаҳарга бирон огоҳлантирувчи-пайғамбар юбормадик, магар (юборганимизда) у жойнинг боёнлари: “Албатта, бизлар ота-боболаримизни бир миллат-дин устида топганмиз ва, албатта, бизлар уларнинг изларидан эргашувчидирмиз”, деганлар”. (“Зухруф” сураси, 22-23-оятлар).
Хулоса шуки, ота-боболарга ва улардан бошқаларга кўр-кўрона эргашиш инсонлар ўртасида келишмовчиликларни келтириб чиқаради. Айниқса, бу тақлидга ўжарлик, ҳақни тан олмаслик ва ҳою ҳавасга берилиш қўшилса ихтилоф янада йириклашади .

4. Инсонлар ўртасидаги келишмовчиликнинг яна бир сабаби таассуб, Аллоҳ фазли ила ато этган нарсага ҳасад, шахсий манфаатларни устун қўйиш ва манманликка берилиш оқибатида хулқида ёмон хислатларнинг кўпайиб кетишидир.
Қуръони карим кўпгина оятларида баён қилишича, мушриклар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ростгўй эканликларини ва Парвардигор томонидан айтилаётган гаплар ростлигини билишар лекин мутаассиблик, кўролмаслик, ғурур ва қайсарлик туфайли тан олишмас эди.
Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га қаттиқ қаршилик қилишди. Қуръони карим оятлари ушбу ҳақиқатни тасдиқлайди: “(Эй Муҳаммад), албатта Биз уларнинг гаплари сизни маҳзун қилишини билурмиз. Зотан, улар сизни ёлғончи қилмайдилар, балки бу золимлар Аллоҳнинг оятларини инкор қиладилар”. “Анъом” сураси, 33-оят.
Имом Ибн Касир ушбу оятнинг тафсирида шундай дейди: «Аллоҳ таоло Пайғамбари (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га қавми у зотни ёлғончига чиқариш хабарини бериб, улар сизни ёлғончиликда алдамаяптилар, балки ҳаққа қарши чиқяптилар, демоқда. Абу Жаҳл Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га: «Эй Муҳаммад, биз сени ёлғончига чиқармаяпмиз, балки сен олиб келган, сенга нозил қилинган нарсани ёлғон деб айтяпмиз”, деган эди.
Яна бир жойда Абу Жаҳлдан Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тўғриларида сўралганда, у шундай деган: «Худо ҳаққи, мен унинг набийлигини биламан, лекин қачондан бошлаб биз Бани Абдуманнофга эргашувчи бўлдик?!”
Яна ривоят қилинишича, Ахнас ибн Шариқ Абу Жаҳлнинг уйига кирганда, унга: “Эй Абул Ҳакам (Абу Жаҳлнинг олдинги сифати) Муҳаммад тўғрисида нима дейсан?” деди. У эса: “Биз Бани Ҳошим билан мусобақалашдик. Улар таом улашди, биз ҳам таом улашдик. Улар эҳсон қилди, биз ҳам эҳсон қилдик. Охир-оқибат, улар билан даражамиз тенг бўлиб қолди. Улар: “Бизнинг орамиздан осмондан ваҳий оладиган набий чиқди!» дейишса буни қандай тан оламиз? Худо ҳаққи, биз унга ҳеч қачон иймон келтирмаймиз ва унга ишонмаймиз!! Нима учун пайғамбар Бани Маҳзум ёки Абу Жаҳлнинг Бани Ашийрасидан чиқмайди?” деди.
Яна бир ривоятда келишича: “Ахнас Абу Жаҳлни бир чеккага олиб, унга деди: «Эй Абул Ҳакам, менга айтчи Муҳаммад ростгўйми, ёлғончими? Бу ерда гапимизни эшитиб қоладиган бирорта қурайшлик одам йўқ”. Абу Жаҳл айтди: «Ҳолингга вой!! Аллоҳга қасамки, Муҳаммад ростгўйдир. Муҳаммад ҳеч қачон алдамаган. Лекин Бани Ҳошим байроқни, Маккадаги ҳукмронликни ва нубувватни олса, Қурайш зодагонларига нима қолади?”
Тарих саҳифаларидан яна бир нарса маълумки, ёлғончи Мусайлима билан мусулмонлар ўртасида тўқнашув пайтида Мусайлиманинг шерикларидан бири унга қараб шундай деган: «Аллоҳга қасамки, юзинг каззобнинг юзи эканидан гувоҳлик бериб турибди, лекин сен издошингдан хафа бўлма. Мен учун каззоб шерик, зарарли ростгўйдан яхшироқдир”. Бу ерда ёлғончи Мусайлима ростгўй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан афзал кўриляпти. Чунки Мусайлима унинг қабиласидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса, унга қабиладош эмаслар.
Қуръони карим оятлари далолат қилишича, инсонлар ҳақиқатни билмасликлари сабабли ўзаро ихтилоф қилмаяптилар, балки ҳақиқатни инкор қилишлари, ботил йўлларда юришлари ёки ҳасадлари сабабли ихтилофлар келиб чиқади. Қуръонда: “Биз китоб ато этган кимсалар (яҳудий ва насронийлар) уни (Муҳаммад пайғамбарни) ўз фарзандларини таниган каби танийдилар. (Яъни, ўзларининг илоҳий китобларида у ҳақда ўқиганлар). Ва албатта, улардан бир гуруҳи бўлганлари ҳолда ҳақиқатни беркитадилар”. “Бақара” сураси, 146-оят.
Улар набийларга нозил бўлган самовий китобларидан Муҳаммад (с.а.в.)ни худди фарзандларини танигандек биладилар. Лекин уларнинг кўпчилиги Пайғамбар олиб келган ҳақиқатни била туриб инкор қилади.
Ривоят қилинадики, Умар ибн ал-Хаттоб (р.а.) Абдуллоҳ ибн Саломнинг олдида юқоридаги оятни ўқиди. Сўнг унга деди: “Сен Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ўғлингни билгандек биласанми?” Абдуллоҳ (р.а.) деди: “Ҳа, ундан ҳам кўпроқ биламан. Жаброил (алайҳиссалом) осмондан тушди. Унинг ўз сифати бўлади. Мен отамнинг онаси ким бўлганини ҳам билмайман”-деди. Шунда Умар (р.а.) унинг бошидан ўпиб қўйдилар.
Қуръони каримда баён этилишича, инсонлар бир-бирлари билан ҳақиқатга етишиш ниятида ихтилоф қилмайдилар, балки ботиллик, зулм, душманлик каби ёмон ниятда бўлганликлари учун ихтилоф қиладилар.
Ушбу оятда шундай дейилади: “Одамлар бир миллат эдилар. Сўнг (ораларида келишмовчиликлар пайдо бўлгач), Аллоҳ (мўминларга) хушхабар элтгувчи ва (кофирларни жаҳаннам азобидан) қўрқитувчи пайғамбарларини юборди. Ва уларга қўшиб одамлар орасида чиққан тортишувчиларга ҳакам бўлсин деб, Ҳақ китобни (Таврот, Инжилни) нозил қилди. Энди очиқ оятлар келганидан кейин фақат шу китоб берилган кимсалар ҳадларидан ошиб, талашиб тортишдилар” (“Бақара” сураси, 213-оят).
Яна бир оятда эса: “Яна биз улар (Бани Исроил)га (дин) ишлари ҳақида аниқ-равшан ҳужжатлар ато этдик. Бас, улар ихтилоф қилмадилар, магар уларга (Биз томонимиздан дин ҳақида) илм ҳужжат келганидан сўнг ўзаро ҳасад-адоват қилишиб (талашиб-тортишдилар)” -дейилади.( “Жосия” сураси, 17-оят).
Бу оятларда очиқ-ойдин баён қилиняптики, инсонлар бир-бири билан билимсизлик ёки ҳақиқатни билмаганлари учун ихтилоф қилмайдилар, балки талашиб-тортишишларининг сабаби- улар нодонлик, зулм ва ўзаро душманлик қилишларидир. Ҳақиқатни билиш унга ишониш ва уни сақлаш дегани эмасдир. Фойдали илм (илми нофеъ) шундай нарсаки, у ботил хислатларни тарк этиб, ҳақиқат йўлида курашишга доимо тайёр бўладиган қўрқмас мухлис қалблардан отилиб чиқадиган илмдир.
Илм ёмғир кабидир. Зеро, ёмғирни фақатгина тоза ва пок ергина истифода этади. Шунинг учун илмдан фақатгина соф вужуд, пок қалб ва ростгўй дил эгалари истифода этадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳиҳ ҳадисларида шундай деганлар: “Илм икки хилдир: 1. Қалбдаги илм- илми нофеъдир. 2. Тилдаги илм. Ана ўша одам болаларига Аллоҳнинг ато этган ҳужжатидир”.
Демак, кўпинча одамлар орасида содир бўладиган тортишувлар мавзу-моҳиятни, воқеликни атрофлича ўрганмаслик ва тушунмаслик сабабидан келиб чиқади. Ёки самарасиз тақлиддан ёки таассубликка берилиш ёки ҳою-ҳавасларга берилиб, шахсий манфаатларни ўйлашдан ёки ҳасад, нодонлик, душманлик ёки фахрланиш ва обрў (шуҳратпарастлик)ни яхши кўриш ёки тушунмасдан, англаб етмасдан ёки фаҳмламасдан, ёки бошқарувга интилиб уни яхши кўришдан ёки хатоларни беркитишдан ёки бошқа мақбул бўлган ва разил (номақбул) сабаблардан келиб чиқади.
Хулоса шуки, инсонлар ўртасида бўлган тортишувлар тортишиб бўлмайдиган Аллоҳ кўрсатиб берган йўлдир. Бу тортишувларнинг сабаблари кўп ва турли хилдир. Биз юқорида уларни кўрсатиб ўтдик.

ИККИНЧИ ФАСЛ
Исломда мулоқот асослари

Юқорида диний ва дунёвий ишлардаги тортишувларнинг қадимдан давом этиб келаётганлигини айтиб ўтдик. Бу тортишувларни келтириб чиқарадиган сабабларни ҳам санаб ўтдик.
Энди эса инсонлар ўртасидаги ихтилоф ва мунозараларни тартибга солиб турувчи олий ахлоқ-одоб тамойилларини, ҳидоят ва ҳусни хулқ асосларини баён этамиз.
Ислом таълимоти жорий қилган одоб ва асослар баҳс-мунозараларни назорат қилиб қуйидагича тартибга солиб туради:

1. Инсонлар ўртасидаги сўзлашув тўғриликка ва ҳақиқатга йўғрилган, ёлғон, сафсата, хомхаёллардан узоқ бўлиши керак...
Қуръони карим пайғамбарлар билан уларнинг қавмлари ўртасида бўлиб ўтган сўзлашувларнинг турли хилларини баён қилган. Агар бу хусусдаги оятларга назар ташласак, яхши инсонлар ёлғонларни йўқ қилувчи тўғри гапларнигина гапирганини кўрамиз.
Масалан, Мусо алайҳиссалом билан Фиръавн ўртасидаги сўзлашувларга қулоқ тутинг.
Аллоҳ таоло Мусо ва унинг акаси Хорун алайҳиссаломларга Фиръавннинг олдига бориб, ҳаққа даъват қилишларини буюрди. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло у иккисига ҳаким муомала услубини кўрсатди. Тоҳа сураси 42 оятида олий кўрсатмалари баён қилинган: “(Эй Мусо), сен ўзинг ва оғанг (Ҳорун) Менинг мўъжизаларимни (одамларга) олиб боринглар ва Мени зикр қилиб ёдингизда тутишда сусткашлик қилманглар!” Яъни, эй Мусо, сен ва оғанг Ҳорун мен айтган жойга боринглар. Сиз иккингиз ростгўйлигингизга далолат қиладиган мўъжизаларим билан қуроллангансиз. Менга тасбеҳ айтишни, Мени улуғлашни ва Менга тоат қилишни кўпайтиринглар. Буларни камайтириш ёки қусурли қилишдан сақланинглар.
“Сизлар Фиръавннинг олдига боринглар, чунки (“Мен худоман”, деб у) ҳаддидан ошди. Бас, унга юмшоқ сўз сўзланглар». Яъни, сизлар унга мулойим сўз айтинглар. «Шояд панд-насиҳат олса ёки (Менинг қаҳримдан) қўрқса. Улар дедилар: “Парвардигор, дарҳақиқат биз (агар уни Сенга иймон келтиришга даъват этсак) у шошқалоқлик (билан бизни азобга гирифтор) қилишидан ёки баттар туғёнга тушишидан хавфдамиз». Яъни, Мусо ва Ҳорун: “Эй Раббимиз, Фиръавн бизни азоб-уқубатга гирифтор қилишидан ва туғёнига туғён қўшилиб, ўзидан кетиб қолишидан қўрқамиз”, дедилар.
У иккисига Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло қалбларини тинчлантириш ва хавф-хатарларини кетказиш учун шундай жавоб қилди: «Қўрқманглар, шак-шубҳасиз, Мен сизлар билан биргаман-эшитиб, кўриб турибман. Бас, сизлар унинг олдига бориб: “Биз Парвардигорингнинг элчиларидирмиз. Сен Бани Исроил (қавмини) биз билан бирга қўйиб юбор, уларни азоблама. Биз сенга Парвардигоринг томонидан эргашган кишиларга тинчлик-омонлик бўлур. Бизга ваҳий қилиндики, (Аллоҳнинг пайғамбарларини) ёлғончи қилган ва (уларга иймон келтиришдан) юз ўгирган кимсаларга азоб бўлур”, денглар». (“Тоҳа” сураси, 46-48-оятлар).
Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломлар Фиръавннинг олдига етиб бордилар. Ўртада суҳбат бошланди. Фиръавн уларнинг гапларини тинглади ва биз ўрганишимиз мумкин бўлган савол-жавоблар бўлди. “(Улар Фиръавн олдига келиб юқоридаги сўзларни айтишгач) у деди: “Сизларнинг Парвардигорингиз ким, эй Мусо?” Яъни, Фиръавн Мусо ва Ҳорун билан суҳбатлашишни бошлади ва: “Эй Мусо, сизларни менинг олдимга юборган раббингиз ким?” деди. Бу саволдан Фиръавн Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломларнинг рабби унинг ҳам рабби ва яратувчиси эканини тан олишни ҳоҳламагани сезилар эди.
Мусо алайҳиссалом Фиръавнни мот қилиб қўядиган тўғри ва ҳақ жавобни берди: “Парвардигоримиз барча нарсага ўз хилқатини шаклини ато этиб, сўнгра (уни) тўғри йўлга солиб қўйган зотдир”. Яъни, унга: “Эй Фиръавн, бизнинг ҳам сенинг ҳам раббинг Аллоҳ таолодир. У ҳамма махлуқотларга суратини ва шаклини берган зотдир. Сўнг уларни вазифаларини бажаришлари учун ҳидоятга чақирди. Уларни ўша вазифани адо этишлари учун восита ва малакалар берди”,-деди.
Мусо алайҳиссалонинг ушбу жавоби Фиръавнга Аллоҳ таоло ибодатга лойиқ зот эканини тан олиши учун кифоя эди. Лекин у тан олмади, мунозара ва катталигини давом эттириб, Мусога деди: “У ҳолда аввалги авлодларнинг ҳоли недир? (Яъни, Парвардигоринг уларни ҳам азоблаганми?)” Яъни, Мусо алайҳиссалом ҳикматли жавобни берганидан кейин Фиръавн унга: “Эй Мусо, ўз пайғамбарларини ёлғончига чиқарган ва Аллоҳдан бошқага ибодат қилган Нуҳ, Од ва Самуд қавмига ўхшаш аввалги авлодларнинг ҳоли не кечади?” деди. Фиръавннинг бу саволида макри кўриниб турибди. Чунки у дастлабки сўровига мот қилувчи жавоб эшитиб, вазиятни Мусо алайҳиссалом олиб келган рисолатга алоқаси йўқ томонга буришни хоҳлади. Мусо алайҳиссалом олиб келган рисолат эса, Аллоҳ таолонинг ўзигагина ибодат қилиш эди. Шунда Мусо алайҳиссалом, Қуръон хабар беришича, Фиръавнга шундай деди: «Улар ҳақидаги маълумот Раббим ҳузуридаги Китоб (лавҳул-маҳфуз)дадир. Раббим адашмас ва унутмас. У Ерни сизлар учун бешик (қароргоҳ) қилиб қўйди ва унда йўллар пайдо қилди ҳамда осмондан сув (ёмғир, қор) ёғдирди. Бас, Биз у (сув) билан турли ўсимлик навларини ундириб чиқардик. Сизлар (улардан) енглар ва чорваларингизни боқинглар. Албатта, бунда ақл эгалари учун аломатлар бордир”. “Тоҳа” сураси, 52-54-оятлар.
Яъни, Мусо: “Эй Фиръавн, бу авлодлар ҳақидаги илм Раббимнинг ҳузуридаги лавҳул-маҳфуздадир. Раббим илмида адашмайди ва ҳеч нарсани эсидан чиқариб қўймайди. Аллоҳ субҳонаҳу ва таола одамлар учун ундан фойдаланиши учун ерни яратди ва унда бир жойдан иккинчи жойга кўчиб юриши учун кўпгина йўлларни барпо этди, қудрати билан осмондан фойдали сув туширди ва бу сув сабабли ердан жуда кўп ўсимликларни ўстирди...”
Бу сўзлашувларни кўриб чиққандан кейин шунга амин бўлдимки, Мусо алайҳиссаломнинг гап-сўзларида фақат тўғрилик, хитобда одоб ва ботил инсонларнинг ёмонликларини йўққа чиқарувчи асосли ҳужжат бўлган.
Шуаро сурасининг 10-48-оятларида Мусо алайҳиссалом билан Фиръавн ўртасида бўлиб ўтган бошқа сўзлашувни учратамиз. Лекин бошқача услубда кечганига қарамай унда ҳам Мусо алайҳиссаломнинг тўғрилиги, шижоати акс этган.
Бу оят ҳам Аллоҳ таолонинг Мусо алайҳиссаломга Фиръавннинг олдига бориб, уни Аллоҳнинг ўзигагина ихлос билан ибодат қилишга амри билан бошланади; Аллоҳ таоло пайғамбари Мусога у билан биргалиги ҳақидаги хушхабарни беради. Ояти карималарга қулоқ тутинг. Улар ушбу маъноларни таъсирчан балоғатли услубда баён қилади: “(Эй Муҳаммад) эсланг, Раббингиз Мусога нидо қилиб: “Золимлар қавмига боргин. Фиръавн қавмига улар (мендан) қўрқмайдиларми?!” (деган эди). Мусо айтди: “Эй Раббим, (борурман, лекин) улар мени ёлғончи қилишларидан қўрқаман. Дилим танг бўлур, тилим эса, бурро эмас. Бас, (биродарим) Ҳорунга ҳам (пайғамбарлик) юборгин! Яна улар наздида менинг гуноҳим бор (яъни, мисрлик бир қибтий йигитни ўлдирганман). Бас, мени ўлдириб қўйишларидан қўрқаман”. (Аллоҳ) деди: “Йўқ (ўлдира олмаслар)! Бас, (Ҳорун билан) мўъжизаларимизни олиб боринглар! Албатта, Биз сизлар билан бирга (савол-жавобларингизни) тинглаб тургувчидирмиз. Бас, икковларингиз Фиръавнга бориб айтинглар: «Ҳақиқатан, биз оламлар Парвардигорининг элчиларимиз. Исроил авлодини бизга қўшиб (ўз юртларини Фаластинга) жўнатсин!”-деди. (“Шуаро” сураси, 10-17-оятлар).
Мусо алайҳиссалом Парвардигор иршодига қулоқ тутди. Рабби уни қўллаб-қувватлашининг хушхабарини эшитгач, Фиръавннинг олдига борди. Кейин уларнинг ўрталарида ушбу сўзлашув бўлиб ўтди: “(Фиръавн Мусога) деди: “Биз сени болалик чоғингда ўз ичимизда тарбияламаганмидик, умрингнинг бир неча йилида орамизда турган эдинг-ку! Кейин ношукрлардан бўлиб қилган ишингни қилган эдинг-ку”. “Шуаро” сураси, 18-19 оятлар
Яъни, Фиръавн Мусо алайҳиссалом билан юзма-юз учрашгандан кейин унга: “Эй Мусо, сен бизнинг юртимизда яшадинг, биз сени тарбия қилдик, хотиним сен гўдак пайтингда: “Уни ўлдирманглар. У бизга фойда келтиради ёки биз уни фарзанд қилиб оламиз”, деганида, сен бизнинг паноҳимизда бир неча йиллар яшадинг, менинг қавмимдан бир кишини ўлдириб қўйдинг, энди сенга берган неъматларимга қарши чиқяпсанми? Бу мен сенга кўрсатган яхшилигимнинг эвазигами?” деди. Бу сўзлар билан Фиръавн Мусони мот қилдим, деб ўйлади. Лекин Мусо алайҳиссалом, Қуръони карим ҳикоя қилганидек, унинг саволига ҳикмат ила жавоб берди: “Ўшанда мен у ишни янглишлардан бўлиб қилган эдим. Сўнгра сизлардан қўрқиб қочиб кетдим. Кейин Раббим менга ҳикмат берди ва мени Пайғамбарлардан қилди. Ўша сен менга миннат қилаётган неъмат (аслида) сен Исроил авлодини қул қилиб олишинг туфайлидир”. (Яъни, ўзинг ўтказган зулминг туфайли мен сенинг саройингга келиб қолганман. Акс ҳолда, ўз оиламда тарбия топган бўлур эдим. Шунинг учун мени парвариш қилганингни миннат қилма.) (“Шуаро” сураси, 20-22 оятлар).
Бу жиддий жавоб билан Мусо (алайҳиссалом) Фиръавнни мот қилиб қўйди. Фиръавнни шу масаладан бошқа воқеликка ўтишга мажбур қилди. Буни Қуръон шундай ҳикоя қилади: “Фиръавн деди: “Оламлар Парвардигори (деганинг) нимаси яна?” “Шуаро” сураси, 23-оят
Яъни, Фиръавн ғурур ва манманлик билан: «Сен менга Унга ибодат қилишимни талаб қилаётган оламлар Рабби қандай зот?”деди. Шунда Мусо алайҳиссалом шижоат, аниқлик ва тўғри сўзлик билан жавоб берди: “Агар ишонадиган бўлсанглар, У осмонлар ва ернинг ҳамда уларнинг орасидаги барча нарсаларнинг Парвардигоридир”. “Шуаро” сураси, 24-оят
Шу пайт Фиръавн атрофидагилар ҳам Мусонинг айтганларидан таажжубланганларини кўриш учун қаради ва уларга: «Эшитмаяпсизларми?» деди.
Мусо (алайҳиссалом) Фиръавн қавми унга жавоб беришларини кутиб ўтирмади, балки уларга Аллоҳ таолонинг ягоналиги ва ҳамма нарсадан қудратли эканини таъкидлаб деди: “(У) сизларнинг ҳам, ўтган ота-боболарингизнинг ҳам Парвардигоридир”.
Фиръавн нодонлиги ва ожизлигини кўрсатувчи жавобни берди:“Сизга юборилган (бу) пайғамбарингиз қасамки, жиннидир”. “Шуаро” сураси, 27-оят
Яъни, Фиръавн Мусони мот қилиш учун қавмининг катталарига: “Биз илгари эшитмаган гапларни гапираётган бу Мусо жинни экан. Унга ишониб қолишдан сақланингиз. Чунки у биз илгари эшитмаган гапларни айтяпти!” деди.
Лекин Мусо (алайҳиссалом) Фиръавннинг гапидан изтироб чекмади, балки қатъият билан жавоб қилди: “У машриқ ва мағриб ҳамда уларнинг ўртасидаги нарсаларнинг (ҳам) Парвардигоридир”. “Шуаро” сураси, 28-оят.

Бу ерда машриқ билан мағриб (шарқ, ғарб) хоссатан эслатилиб ўтилди. Чунки улар Аллоҳнинг ваҳдонияти ва қудратига далолат қилувчи нарсалардир. Чунки Фиръавн ҳам бошқа туғёнга кетганлар ҳам бу нарсани инкор эта олмайди ва уларнинг устидан ҳукмронликни ўрната олмайди...
Шу йўл билан Мусо (алайҳиссалом) уларга Аллоҳнинг ягоналиги ва қудратига далолат қилувчи далилларни очиқ баён этди. Бир жиҳатдан бошқа жиҳатига, бир услубдан бошқа услубга ўтдики, унинг даъватини қабул қилишга ақллари иккиланиб қолди.
Лекин Фиръавн сездики, Мусо (алайҳиссалом)нинг ҳужжати кучли эканини сезди.
Шунинг учун ҳам у зотга: «Қасамки, агар мендан ўзгани илоҳ қилиб оладиган бўлсанг, сени зиндонбандлардан қилурман!” деди. “Шуаро” сураси, 29-оят
Лекин бу таҳдиди билан Мусо алайҳиссаломни қўрқита олмади. Ҳақиқатни гапираётган киши қандай қилиб қўрқиши мумкин. Унга Мусо алайҳиссалом кучли ва ҳикматли жавоб билан деди: “Агар мен сенга аниқ нарса (мўъжиза) келтирсам-чи?” “Шуаро”, 30-оят
Мусо алайҳиссаломнинг бу гапдан мақсади Фиръавнни яна бир бор ўзининг пайғамбар эканига ишонтириш ва Аллоҳ таологагина ибодат қилишга қайтариш эди. Шунинг учун Фиръавн Мусо олдида ўзини йўқотиб қўйиб: «Бас, агар ростгўйлардан бўлсанг, ўша мўъжизангни келтирчи?” деб юборди.
Шунда Мусо алайҳиссалом Аллоҳ уни қўллаб-қувватлаган мўъжизаларидан бирини кўрсатди: “(У зот) асосини ташлаган эди, бирданига у чин аждаҳога айланди. Қўлини (қўйнидан) чиқарган эди, бехос у қараб турганларга оқ бўлиб кўринди, (ҳолбуки, Мусо ўзи қорамтир одам эди). “Шуаро”, 32-33 оятлар
Шу жойда Фиръавн ичида катта қўрқувни ҳис қилди. Чунки Мусо алайҳиссаломнинг мўъжизасини кўрганлар унга иймон келтиришларига сал қолган эди. Фиръавн одамларни чалғитишга,кўрган нарсаларида шубҳалантиришга ҳаракат қилди. Қуръони карим бу воқеани балоғат билан шундай ҳикоя қилади: “(Фиръавн) атрофидаги зодагонларга: “Аниқки, бу (Мусо) билимдан сеҳргардир. У ўз сеҳри билан сизларни ўз ерларингиздан чиқармоқчи. Нима дейсизлар?” деди». “Шуаро” сураси, 34-35-оятлар.
Яъни, «Бу сизнинг олдингиздаги кимса, сеҳр оламидаги катта сеҳргардир. У сизларни ватанларингиздан ҳайдаб чиқармоқчи. Ундан ғолиб келишимиз учун нима қилишни маслаҳат берасизлар?” деди.
Аёнлар унга моҳир сеҳргарларни йиғишни ва Мусо алайҳиссалом билан мусобақа қилишни айтдилар. Сеҳргарлар йиғилди. Агар Мусони ким ютса, Фиръавн унга жуда қимматбаҳо совғалар беришини айтди. Мусобақа куни келди. Ўша куни байрам эди. Сўнгра Мусо а.с. асосини ташлаган эдилар, бирдан у асо уларнинг ясамаларини юта бошлади. Сеҳргарлар Мусо алайҳиссаломнинг ишини кўриб ўзларида тўлиқ ишонч ҳосил қилдиларки, бу сеҳр эмас, балки инсоният тоқатидан ташқаридаги нарсадир. Улар ўзларини тутиб тура олмадилар, балки, Қуръон ҳикоя қилгандек: «Бас, у сеҳргарлар сажда қилган ҳолда ерга йиқилдилар. Барча оламларнинг Парвардигорига, яъни Мусо ва Ҳорунинг Парвардигорига иймон келтирдик”, дедилар. “Шуаро” сураси, 46-48-оятлар
Фиръавн ва Мусо (алайҳиссалом) ўртасидаги сўзлашув шундай тамом бўлди. Ҳақиқат ботиллик устидан, ростгўйлик ёлғончилик устидан, яхшилик ёмонлик устидан, адолат зулм устидан ғалаба қилди.
Бу баҳсда биз аҳамият беришимиз лозим бўлган нуқта шуки, Мусо алайҳиссалом Фиръавнга фақатгина рост гапирдилар.

2. Ислом таълимоти ҳақиқатни юзага чиқариш учун инсонлар ўртасидаги сўзлашув ва тортишувларни тартибга солиб туради.
Бунда тортишув ёки низо асосий мавзудан чиқиб кетмаслиги керак. Баҳс-мунозара қилувчилар кўпгина муайян мавзу бўйича тортишаётганларида бошқа мавзуларга ҳам ўтиб кетадилар. Натижада, улар қайси мавзу юзасидан тортишаётганларини билмай қоладилар. Агар сиз Қуръони каримга назар ташласангиз, пайғамбарлар билан қавмлари ўртасида кечган баҳслар, мунозара ва тортишувларда у зотларнинг мавзудан ташқарига чиқмаганларини кўрасиз.
Қуръони карим Нуҳ алайҳиссалом ва уларнинг қавмлари ўртасида кечган савол-жавобларни шундай ҳикоя қилади: “(Шунда) унинг қавмидан (зодагон) одамлар: “Биз сенинг очиқ залолатда эканингни кўрмоқдамиз”, дейишди. Нуҳ алайҳиссалом уларга шундай жавоб қилдилар: “Эй, қавмим, мен мутлақо залолатда эмасман, балки мен барча оламларнинг Парвардигори тарафидан юборилган пайғамбарман! Мен сизларга Парвардигоримнинг вазифаларини (буюрганларини) етказурман ва сизларга насиҳат қилурман ҳамда Аллоҳ тарафидан сизлар билмайдиган нарсаларни билурман”. Аъроф сураси, 60-62-оятлар.
Ҳуд қавми Ҳуд алайҳиссаломга шундай дейишган: “Биз сенинг нодон эканингни кўриб турибмиз ва албатта биз сени ёлғончилардан деб гумон қилмоқдамиз”. Ҳуд алайҳиссалом уларга жавоб қилдилар: “Эй қавмим, мен нодон эмасман, балки мен барча оламлар парвардигори тарафидан юборилган пайғамбарман. Мен сизларга парвардигоримининг вазифаларини (буюрганларини) етказурман ва мен сизалр учун ишончли насиҳат қилувчиман”. “Аъроф” сураси, 66-68 оятлар.
Ҳақиқат душманлари Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бир неча масалаларда баҳс-мунозара олиб борганлар. Қуръони карим уларнинг шубҳаларини шундай баён қилади: “Улар қачон бирор бузуқ иш қилсалар, (масалан, улар Каъбани яланғоч ҳолларида тавоф қилар эдилар): «Ота-боболаримизни шундай ҳолда топганмиз. Буни бизга Аллоҳ буюрган”, дейдилар. Айтинг, (эй Муҳаммад): “Аллоҳ ҳеч қачон бузуқ ишларга буюрмайди. Аллоҳ шаънига (ўзингиз) билмайдиган нарсаларни айтаверасизларми? Айтинг: «Парвардигорим адолатга буюргандир. Ҳар бир сажда чоғида ўзларингизни тикиб қўйингиз (яъни, бор вужудингиз билан сидқидилдан сажда қилингиз) ва У зотга динингизни холис қилган ҳолда илтижо этингиз. Сизларни бошлаб яратган ҳолига қайтурсиз. (Яъни, аввал сизлардан йўқдан бор қилгани каби қиёмат кунида яна ҳисоб-китоб учун қабрларингиздан чиқарур)”. “Аъроф” сураси, 28-29 оятлар
Аллоҳ таоло яна шундай хабар беради: “Яҳудийлар: бизларга дўзах ўти саноқли кунлардагина тегади”, дедилар. Уларга айтинг (эй Муҳаммад): “Аллоҳдан аҳду паймон олдингизми-зотан Аллоҳ ҳаргиз аҳдига хилоф қилмайди - ёки Аллоҳ ҳақида билмаган нарсаларингизни айтяпсизми?! Йўқ кимда-ким ёмонлик касб қилса ва гуноҳга ўралиб қолса анна ўшалар дўзах эгаларидир.Улар ўша жойда абадий қолажаклар. Иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотлар эса, жаннат эгалари бўлиб, ўша жойда абадий қолгувчилардир”. “Бақара” сураси, 80-82 оятлар
Аллоҳ яна шундай хабарларни беради: “Кофир бўлган кимсалар: «Бизга қиёмат соати келмас”, дедилар. (Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: “Йўқ! ўайбни билгувчи Парвардигоримга қасамки, шак-шубҳасиз у (яъни, қиёмат) сизларга келур. Осмонлар ва ердаги бир зарра мисоличалик, ундан ҳам кичик (ёки) катта бирон нарса (Аллоҳ)дан махфий бўлмас-албатта очиқ китобда (яъни, Аллоҳнинг азалий ёзмиши Лавҳул Маҳфузда у) мавжуд бўлур”. “Сабо” сураси, 3-оят
Аллоҳ азза ва жалла яна шундай хабар беради: “Ва улар (бир-бирига): “Бу иссиқда урушга чиқманглар”, дедилар. Айтинг, (эй Муҳаммад): “Агар улар англай олсалар жаҳаннам оташи янада иссиқроқдир”. “Тавба” сураси, 81-оят
Азиз ўқувчи, масалан шу оятлардан келиб чиқиб ушбу саволларни бермоқчиман: Сиз адашганларнинг шубҳа-гумонларига қарши жавоб топдингизми? Ёки низо мавзуидан чиқиб кетилганини кўрдингизми? Йўқ,- Сиз бу оятларда фақатгина ҳал қилувчи, қатъиятли жавобни ва ёлғончиларнинг даъволарини таг-туби билан қўпориб ташлайдиган, мавзудан ташқарига чиқмаган жавобни учратасиз.
Бир-бирлари билан тортишаётганлар мана шундай йўлни тутиши, хоҳ диний, хоҳ дунёвий масалаларда бўлсин мавзуларга оид бурчларидир.

3.Ислом таълимоти тортишувларга барҳам бериш учун-аниқ далил, ҳужжат билан гапиришни талаб этади.
Қуръони каримдаги Иброҳим алайҳиссалом билан ўша даврнинг золим подшоҳи ўртасида кечган воқеага қулоқ тутинг: “Аллоҳ подшоҳлик берганидан ҳовлиқиб Иброҳим билан Парвардигори ҳақида талашган кимсанинг (Намруднинг) ҳоли-хабарини билмадингизми?! Қайсики Иброҳим: “Парвардигорим тирилтириб, ўлдирадиган зотдир”, деганида у: “Мен (ҳам) тирилтираман ва ўлдираман”, деди. Иброҳим айтди: “Албатта Аллоҳ қуёшни машриқдан чиқаради. Сен уни Мағрибдан чиқарсанг-чи?” Шунда бу инкор қилувчи довдираб қолди. Аллоҳ золим кимсаларни ҳидоят қилмайди”. “Бақара” сураси, 258-оят
(Изоҳ: Подшоҳ Намруд Иброҳим алайҳиссаломга: “сен бизларни даъват қилаётган парвардигоринг қандай зот?” деганида Иброҳим (алайҳиссалом) айтдилар: “Парвардигорим ўз бандаларига жон бериб, жон олувчидир”. Шунда Намруд: “Бу менинг ҳам қўлимдан келади”, деб икки кишини келтирдида, бирини ўлдириб, яна бирини қўйиб юборди. Иброҳим алайҳиссалом унинг аҳмоқлигини кўриб, дедилар: «Менинг Парвардигорим қуёшни шарқдан чиқаради. Агар сен чиндан ҳам қудрат эгаси бўлсанг, уни ғарбдан чиқаргин-чи?!” Ана шундагина Намруд жавоб тополмай лол бўлиб қолди.)
Аллоҳ таоло золимларни ҳидоят йўлига бошламайди. Бунинг сабаби уларнинг туғён ва зулмга берилишлари ва раҳмон йўлидан шайтон йўлига оғиб кетишларидир.
Ҳурматли ўқувчи! Сиз Иброҳим алайҳиссалом билан Намруд ўртасидаги вазиятни, Фиръавннинг сеҳргарлари билан Мусо алайҳиссалом ўратсидаги воқеани солиштириб кўринг...
Улар биринчи бўлиб Мусо алайҳиссаломга эълон қилиб дедилар: “(Маслаҳатлари битгач), дедилар: “Эй Мусо, сен (қўлингдаги асоингни аввал) ташлайсанми ёки бизлар биринчи ташловчи бўлайликми?” Мусо айтди: “Йўқ, сизлар ташланглар”. (Улар қўлларидаги асо ва ипларини ташлаган эдилар) баногоҳ иплари ва асолари сеҳр қилганлари сабабли (Мусога) юриб кетаётгандек туюлди. Бас, Мусо ичида бир қўрқув ҳис қилган эди. Биз айтдик: “Қўрқмагин. Албатта сен ўзинг ғолиб бўлгувчисан. Қўлингдаги нарсани, яъни асоингни ташлагин, улар ясаган нарсаларни ютиб юборур. Уларниг ясаган нарсалари фақат бир сеҳргарнинг макри-ҳийласи холос. Сеҳргар эса, қаерда бўлмасин зафар топмас”. “Тоҳа” сураси, 65-69 оятлар.
Мусо алайҳиссалом сеҳргарлардан ғолиб келдилар. Улар бу воқеанинг сеҳр эмас, балки Оламларнинг Рабби томонидан юборилган пайғамбарнинг мўъжизаси эканлигини англадилар. Ҳатто: “Хорун ва Мусонинг раббига иймон келтирдик”, деб юбордилар.
Улар Фиръавнинг қўл-оёқларингни кесиб ташлайман, дея қилган дағдағасидан ҳам қўрқмадилар: «Бизлар ҳаргиз ўзимизга келган очиқ ҳужжатлар-мўъжизани ва бизларни яратган зотни қўйиб сени танламаймиз. Бас, қиладиган ҳукмингни қилавер. Сен фақат мана шу дунёдагина ҳукм қилурсан. Бизлар эса, хатоларимизни ва сен мажбур қилган сеҳргарликдан иборат (гуноҳимизни) мағфират қилиши учун Парвардигоримизга иймон келтирдик. Аллоҳ(нинг савоби) яхшироқ ва (азоби) узунроқдир”. “Тоҳа” сураси, 72-73 оят
Фиръавн сеҳргарларнинг бу ихлоси ва шижоатидан ҳайратда қолди.

4. Ислом таълимоти тортишув мавзуида томонларнинг бир-бирига ҳақиқатни айтишларининг лозимлигини уқтиради.
Буни биз саҳобаларнинг тортишувларида ва бир қанча масалаларда очиқ кўришимиз мумкин. Мисол қилиб, Абу Бакр Сиддиқ ва Умар (р.а.)ларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин Қуръонни жам қилиш борасидаги мунозараларини мисол қилсак бўлади. Бошда Абу Бакр р.а. Китобни жам қилмасликда туриб олдилар. Умар (р.а.) эса, уларни шу ишни қилишга кўндирдилар. Абу Бакр (р.а.) Умар (р.а.)нинг фикрига рози бўлдилар.
Абу Бакр билан Умар (р.а.) закот беришдан бош тортганларни қатл қилиш бўйича ҳам тортишганлар.
Имом Ғаззолий “Иҳё улум ад-дин” китобида шундай дейди: “Тортишаётганлар хатони аниқлаб, ҳақиқатга интилишлари лозим. Камчилик ёки хатолик ўзида намоён бўлиши, ёки у билан тортишаётганда кўринишидан қўрқмаслиги керак. Рақибини душман деб эмас, дўст сифатида кўриши керак. Агар у хатони очиб берса ва ҳақиқатни айтса, миннатдорчилик билдириши зарур”.
Саҳобаларнинг тортишув ва машваратлари мана шундай бўлган. Бир аёл Умар р.а.га мурожаат қилиб, уни ҳақиқатгўй бўлишга чорлади. Умар шу пайтда хутбада турган эди. У одамларга қарата шундай деди: “Аёл тўғри гапирди, Умар хато қилди”.
Бир киши Али р.а.дан бир масала бўйича савол сўради. Али жавоб берди. У деди: “Эй мўминлар амири, ундоқ эмас, балки мана бундоқ, мана бундоқдир...” Али р.а. : “Сен тўғри гапирдинг, мен хато қилдим, ҳар бир илмнинг тагида билгувчироғи бордир” деди.
Имом Шофеъий (р.а.) дейдилар: “Мен бир одам хато қилиб қолар, деб ҳеч кутмаганман. Бир киши билан суҳбатлашганимда, Аллоҳ таоло менинг ёки унинг тилидан ҳақиқатни чиқарар, деб умид қилганман. Ҳақиқат ва ҳужжат келтирганимда, далилни қабул қилса, муҳаббатим ошган. Агар кимдир ўша ҳақиқатни инкор қилса ва катта кетса, назаримдан тушган ва мен уни инкор қилганман. Мен илмим билан инсонларни қониқтирган бўлсам, илмни фақат Аллоҳдан деб билганман”.
Имом ўаззолий шундай деганлар: “Ҳақиқатга интилувчи инсофли бўлиши керак!! Ҳақиқатни тан олмаётганлар кўп нарсани тушунмаганлари учун ундан узоқлашмоқдалар. Бир ён-атрофингизга қаранг. Рақиблари ҳақ сўзни айтган пайтда уларнинг юзлари қандай буришмоқда. Тағин жиззакилик қилишини қаранг-а, умр бўйи уни сукут сақлашга мажбур қилганларни қандай койимоқда. Олимларга қўшилмасдан, ҳақиқатга тик боқишга журъати етмайдиган кимсаларнинг уялмаётганларини кўрмаяпсизми?”
Имом ўаззолий ўз мулоҳазаларини давом эттириб, таассуф билан шундай дейди: “Замонамизда сўзлашув одобидан ҳеч нарсани билмайдиганларнинг кўпайиб кетгани ачинарлидир. Улар ўз қабиҳ ниятларига етишиш йўлида турли услублардан фойдаланади. Ниятлари - фақат ғолиб чиқиш, фахрланиш, мақтаниш, холос. Ҳақиқатни қидириб топиш масаласи эса, уларни ташвишлантираётган нарсаларнинг энг охиргисидир!!!”

5. Баҳс-мунозара ва мулоқотни тартибга солиш учун ислом таълимоти жорий қилган одоблардан яна бири тавозели бўлиш, кибрдан сақланишдир.
Бошқа ҳеч кимга берилмаган бойлик ва салтанат соҳиби, Аллоҳнинг севимли қули Сулаймон алайҳиссаломга бир боқинг-а. У ўз қўшинини кўздан кечираркан, аскарлари орасида ҳудҳудни кўрмади. Унинг исмини айтиб чақиргачгина, ҳудҳуд келди.
Бу ажойиб қиссани Қуръони карим қандай баён қилганига эътибор беринг: “У қушларни кўздан кечириб, (уларнинг орасида ҳудҳудга кўзи тушмагач): “Нега мен ҳудҳудни кўрмаяпман, балки у (мендан беизн) ғоиб бўлгувчилардандир?! Албатта уни қаттиқ азоб билан азобларман ё сўйиб юборурман ёки у менга (ўз узрини баён қилиб) очиқ ҳужжат келтирсин”, деди. Сўнг узоқ куттирмай (ҳудҳуд келиб) деди: “Мен сен билмаган нарсадан огоҳ бўлдим ва сенга Сабо шаҳридан аниқ бир хабар келтирдим. Дарҳақиқат, мен бир аёлни кўрдим. У уларнинг маликаси экан. Унга барча неъматлардан ато этилган бўлиб, катта тахти ҳам бордир”.
Бу янгиликни эшитгач, Сулаймон алайҳиссалом ўша маликага мактуб йўллади. Хатни ўқиган малика: “Парвардигорим, дарҳақиқат мен (қуёшга сиғиниш билан) жонимга жабр қилибман, (энди) Сулаймон билан бирга барча оламлар хожаси Аллоҳга бўйсундим”, деб имон келтирди.
Бу ибратли қиссадан ҳисса шуки, адолат ва ҳақ йўлида хизматкор ҳокимга ўз сўзини айта олиши, мартабаси бунга монелик қилмаслиги кераклигини кўрамиз. Қолаверса, хожа ҳам оғир-босиқлик билан қўл остидаги кишининг арзини тинглаши, барча далил-ҳужжатларни кўрсатишга имкон бериши, агар гапи маъқул бўлса, қабул қилиши шарт экан. Негаким, аҳил улуснинг катталари кичигини таҳқирламайди, заифларга асло зулм қилишмайди. Бундай жойда мулоқот тамойили кибр-ҳаво эмас, балки оғир-босиқлик ва адолат бўлади.
Мисол учун Шуайб алайҳиссалом ва унинг қавми ўртасидаги мулоқотни кўришимиз мумкин. Шуайб алайҳиссалом ўз қавмига тавозеъ ва донишмандлик ила мурожаат қилган эди: “Эй қавмим, хабар берингиз-чи, агар мен Парвардигорим томонидан аниқ ҳужжатга эга бўлсам ва У зот мени ўз томонидан гўзал ризқ билан ризқлантирган бўлса (шу ҳалол ризқни ҳаромга аралаштиришим керакми?) Мен сизларга хилоф тарзда, сизларга тақиқланган нарсани (яъни, ҳалолни ҳаромга аралаштиришни) такрорлашни истамайман. Мен фақат имконим борича ислоҳ қилишни истайман, холос. Ва (бунга) ёлғиз Аллоҳнинг ёрдами билангина муваффақ бўлурман. Ўзига суяндим ва Ўзига илтижо қилурман”. “?уд” сураси, 88-оят.
Бу борада Аллоҳ таолонинг пайғамбаримизга берган кўрсатмалари ҳам эътиборга моликдир: “(Эй Муҳаммад, мушрикларга) айтинг: “Ким сизларга осмонлардан ва ердан ризқ-рўз берди?” Айтинг: “Аллоҳ (ризқ-рўз берур). Шак-шубҳасиз ё бизлар ёки сизлар (яъни, икки тоифадан бири) аниқ ҳидоят устида ёки очиқ залолатдадир”. Айтинг: «Сизлар бизлар қилган гуноҳ тўғрисида масъул бўлмассизлар ва бизлар сизлар қилаётган амаллар тўғрисида масъул бўлмасмиз”. Айтинг: “Парвардигоримиз (қиёмат кунида) ўртамизни жамлар, сўнгра ўртамизда ҳақиқат-адолат билан ҳукм қилур. Унинг Ўзигина (адолат билан) ҳукм қилгувчи ва (Ким ҳақ, ким ноҳақ эканини) билгувчидир”. “Сабо” сураси, 24-26-оят.
Аллоҳ таоло яна шундай дейди: “Бас, (эй Муҳаммад,) мана шунинг учун (яъни, аввалги қавмлар фирқа-фирқа бўлиб кетганлари сабабли йўлдан озганлари учун сиз ўз умматларингизни бирлик-иттифоққа) даъват қилинг ва ўзингизга буюрилгани янглиғ тўғри йўлда бўлинг ҳамда уларнинг (мушрикларнинг) ҳавои нафсларига эргашманглар! Айтинг: «Мен Аллоҳ нозил қилган ҳар бир китобга иймон келтирдим ва сизларнинг ўртангизда (мендан сўраб келган муаммоларингизни ҳал этишда) адолат қилишга амр этилдим. Аллоҳ Парвардигоримиз ва Парвардигорингиздир. Бизларнинг амалларимиз ўзимиз учун, сизларнинг амалларингиз ўзларингиз учундир. Бизлар билан сизларнинг ўртангизда бирон жанжал йўқдир. Аллоҳ (қиёмат кунида) барчамизни жамлар ва ёлғиз Унга қайтиш бордир”. “Шўро” сураси, 15-оят.
Ҳар қандай баҳс-тортишув агар эҳтиром руҳида, номақбул ёндошувлардан ҳоли бўлса, унинг натижаси яхши бўлади ва табиийки хайрли оқибатларга олиб келади. Ният холис бўлса, мунозаранинг туб илдизи - ҳақиқат сари йўл очилади.
Ўзини кўз-кўз қилиш, гердайиш, бошқалардан устунлигини таъкидлаш руҳига қурилган мулоқот эса самарасиз тугайди, энг ёмони, икки томон орасидаги тафовут кучли зиддиятга айланади. Бунда ҳақиқат йўли бекилиб, томонлар берк кўчага кириб қолишади ва турли гуноҳлар-у кўнгилсиз ҳолатларга дуч келишади.
Баъзилар жоҳил, такаббур кимсаларга сўз билан эмас, куч билан таъсир ўтказишга ҳаракат қиладилар. Улар билан холис фикр, мантиққа суяниб эмас, таҳдид ва қўрқитув асосида мулоқотга киришадилар. Уларни ҳақ йўлга чорлаш учун ҳатто қурол-яроғдан фойдаланадилар. Бу - ботил, хато услуб. Гарчи бундай пайтда жоҳил-у такаббурлар зоҳиран мунозарадан тийилсалар-да, ўз фикрларида собит қолишади. Душманликлари яширин тарзда, баттар авж олади.

6. Баҳс-мунозара ва мулоқот одобига доир ислом таълимоти ўрнатган тамойиллардан яна бири - нуқтаи назарини оғир-босиқлик билан тинглаш, унинг сўзини оғзидан тортиб олмаслик, шахсиятига тегиб ҳақоратламаслик, бир сўз билан айтганда, сабр-тоқат ва бағрикенглик билан муносабатда бўлишдир.
Томонлардан бири бошқасига ўз фикрини баён қиларкан, гўзал муомала доирасида, мантиққа таяниб, ҳурмат сақлаган ҳолда мулоқот услубларидан фойдаланиши керак. Донишмандлар бежиз айтишмаган: “Мен тўғри деб билган фикримда хато ҳам бўлиши мумкин. Менга янглишдек туюлган бошқа бировнинг фикри эса, эҳтимол, тўғри чиқар. Биз фақат ҳақиқатни аниқлаш ва ўзаро келишиш учун мулоқот қиламиз. Баҳс ниҳоясига етиб, масала ҳал бўлгач, бир-биримиздан узр сўраймиз”. Мана сизга ҳақиқий мунозаранинг тасвири!
Қуръони карим бизларга мулоқот, баҳс-мунозара акс этган бир неча оятни баён қилади. Аллоҳга осий бўлган энг катта махлуқот бу иблисдир. У Одамга ҳасад қилиб, Раббининг амрига қарши чиқди ва такаббурлик, кибр-ҳаво билан мунозарага киришди. Одамга сажда қилишдан бош тортиб, Аллоҳ азза ва жаллага осий бўлди.
Қуръони каримда бу мунозара шундай баён қилинади: “(Шунда Аллоҳ) деди: “Эй Иблис, нечун сен сажда қилувчилар билан бирга эмассан? Не сабаб бўлдики, сен амримга қарши чиқяпсан? Сени сажда қилишдан тўсаётган нарса нима?!” Иблис: “Мен (асли) қора ботқоқдан бўлиб, (одам сурати ясалгач) қуритилган лойдан яратилган Одамга сажда қилгувчи эмасман”, деди.
Бошқа оятда эса: “Мен ундан яхшироқман! - деб такаббурлик қилди. - Сен мени оловдан, уни эса тупроқдан яратдинг...”
Аллоҳ таоло ўзининг Иблисга нисбатан одил ҳукмини эълон қилади: «(Аллоҳ) деди: Бас, ундан (яъни жаннатдан) чиқ! Энди сен шак-шубҳасиз, (менинг даргоҳимдан) қувилган - малъунсан. Ва албатта то жазо (қиёмат) кунигача сенга (барчанинг) лаънати бўлур”.
Иблис бу ҳукмни сукут ва розилик билан қабул қилдими? Аллоҳ таоло ўз жазосини эълон қилганидан кейин у пушаймон бўлдими? Қуръонни синчиклаб ўқиган киши кўрадики, Иблис жим турмади. Аллоҳ таоло унга ўз қарорини айтишига изн берди. Бу Аллоҳ таолонинг ҳилм-юмшоқлигига ва оқил зотлар бағрикенглик, сабр-тоқат билан ўз рақибларининг фикрларини эшитишлари зарурлигига ишорадир. Шундан сўнггина уларга қарши жавоб бериш мумкин.
Берилган имкониятдан фойдаланиб, Иблис шундай деди: “Парвардигорим, у ҳолда менга улар тириладиган кунгача (ўлмасдан яшаш учун) муҳлат бергин”. “Сод” сураси, 79-оят.У талабини изоҳлади: “Эй Раббим, сен мени жаннатингдан чиқариб юбординг. Сен мени қувилган ва лаънатланган қилдинг. Менинг ўлимимни Одам ва унинг зурриётлари ҳисоб-китоб қилинадиган кунгача кечиктиргин?!”
Аллоҳ таоло унга жавобан шундай деди: «Бас, сен маълум вақтда (етиб келадиган) Кунгача (қиёматгача) муҳлат берилганлардансан”. “Ҳижр” сураси, 37-38 оятлар.
Хўш, Иблис шу билан кифояландими? Йўқ. Аллоҳ таоло ҳам унинг гапиришига монелик қилмади. Иблис сўзида давом этиб, таҳдид ила: “Парвардигорим, қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли, албатта, уларга (Одам болаларига) ердаги (барча гуноҳ ишларни) чиройли кўрсатиб қўюрман ва албатта уларнинг ҳаммаларини йўлдан оздирурман. Магар уларнинг орасидаги покиза бандаларинггина (ҳақ йўлдан озмай қолурлар)”, деди. “Ҳижр” сураси, 39-40 оят.
Бу аҳд “Сод” сурасида ҳам тилга олинган: “Иблис айтди: “Энди сенинг қудратингга қасамки, албатта уларнинг ҳаммасини йўлдан оздирурман. Магар уларнинг орасидаги айрим покиза баналаринггина ҳақ йўлдан озмай қолурлар”.
“Исро” сурасида эса шундай дейилади: “У яна шундай деди: «Менга хабар бергин-чи, мана шу кимсани мендан улуғ, устун қилдингми? Қасамки, агар сен мени Қиёмат кунигача тирик қолдирсанг, албатта, мен унинг зурриётини қириб юборурман, яъни, ҳақ йўлдан оздириб, ҳалокат йўлларига буриб юборурман, магар озгиналаригина ҳақ йўлда қолурлар”. “исро” сураси, 82-83 оятлар.
“Нисо” сурасида эса биз қуйидагиларни ўқишимиз мумкин: “Ва уларни йўлдан оздираман, хомхаёлларга мубтало қиламан, буюрсам улар чорваларининг қулоқларини кесадилар, буюрсам Аллоҳ яратган нарсаларни ўзгартириб-бузадилар. Кимки Аллоҳни қўйиб, шайтонни дўст тутса, бас, у очиқ-ойдин зиён қилибди”. “Нисо” сураси, 119-оят.
“Аъроф” сурасида бу ҳол шундай баён қилинади: “У айтди: «Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли мудом сенинг тўғри йўлинг устида уларни, одам болаларини кутиб ўтирурман, сўнгра уларга олдиларидан ва ортларидан, ўнгу-сўлларидан келиб, тўғри йўлдан оздирурман ва оқибатда уларнинг кўпларини берган неъматларингга шукр қилган ҳолларида топмайсан”. “Аъроф” сураси, 16-17 оятлар.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло эса адолат ила шундай жавоб беради: “Менинг зиммамдаги тўғри йўл будир. Аниқки, менинг бандаларим устида сен учун ҳеч қандай салтанат-ҳукмронлик йўқдир. Магар сенга эргашган гумроҳ кимсаларнигина бу тўғри йўлдан оздира олурсан”. “Ҳижр” сураси, 41-42 оятлар.
Изоҳ: «Эй Иблис, сенинг мухлис бандаларимга қиладиган иғволаринг менинг ўзгармас йўлларимдан бир йўлдир, холос. Бу йўл менинг ҳикматим, адолатим ва раҳматимга асосланган. Мухлис, пок бандаларимни йўлдан адаштириш, уларнинг орасига иғво солишга сенинг қудратинг етмайди. Чунки сендан бирор бир нарса етса, улар Менга сидқидилдан тавба қилишга шошиладилар. Мен эса, уларнинг тавбаларини қабул қиламан, уларни кечираман. Лекин сен ўзингга итоат этган, адашган кимсаларни залолатга бошлай оласан”.
Бу икки оятда Аллоҳ таоло мухлис бандаларининг иймон қуввати ва буюк садоқати борлигини, улар ўз нафсларини тия олишларини айтиб, шаънларини улуғламоқда, мадҳ этмоқда.
Аллоҳ таоло ва Иблис орасидаги мунозара акс этган “Ҳижр ”, “Сод”, “Аъроф”, “Исро”, “Нисо” ва бошқа суралардаги мазкур оятларни ўқир эканмиз, қуйидаги фойдали хулосаларга келишимиз мумкин:
- ўз нуқтаи назарини айтиб олиши учун душманга шароит яратиб бериш;
- унинг фикрини бўлмасдан, у айтмоқчи бўлган гапни охиригача эшитиб, қарори устида яхшилаб ўйлаб олишига имкон бериш;
-шундан сўнггина қарши томоннинг катта кетиши, ёлғончилиги ва ҳасадига барҳам бериш учун ҳақиқат тарафида туриб, ботил фикрга қарши ўз сўзини айтиши, ҳақиқатни рўёбга чиқариши лозим.
Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Қуръони каримнинг ўнлаб оятларида мушрикларнинг Яратувчига ва Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га қарши айтган гаплари баён қилинган: “Макка мушриклари уларга ўзларидан, яъни башар авлодидан бўлган бир огоҳлантирувчи - пайғамбар келганидан ажабландилар ва дедилар: “Бу бир ёлғончи сеҳргардир. Шунча худоларни битта худо қилиб олибдими?! Ҳақиқатан, бу жуда қизиқ нарса!”
Изоҳ: Макка мушриклари Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг амакилари Абу Толибнинг ҳузурига келиб, Муҳаммадга айтгин, бизларнинг динимизини айблашни ва худоларимизни ҳақорат қилишни бас қилсин, дейишади. Уларнинг талабларини эшитган Расулуллоҳ: “У ҳолда менинг биргина сўзимни қабул қилингларки, сизлар у сўз шарофатидан араб-у ажамга подшоҳ бўлурсизлар”, дейди. Шунда мушриклар шодланишиб: “У қандай сўз экан-а? Агар айтганларинг рост бўлса, бир эмас ўн сўзингни ҳам қабул қиламиз”, дейишганида, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «У сўз - Ла илаҳа иллаллоҳ - яъни, ёлғиз Аллоҳдан бошқа ҳеч қандай илоҳ йўқ”. Улар бу сўзни эшитшишгач, даҳшатга тушадилар ва юқоридаги ояти каримада мазкур бўлган сўзларни айтадилар ва Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларидан чиқиб кетишаркан: “Юринглар ва ўз худоларингизга сиғинишда қаноат қилинглар, яъни устувор бўлингизлар! Албатта бу, яъни, ла илаҳа иллаллоҳ, дейиш бизлардан талаб қилинадиган жуда катта нарсадир. Бизлар бу ҳақда - диндаги одамлардан ҳам, яъни Насроний динидаги кишилардан ҳам эшитган эмасмиз. Бу фақат бир уйдирмадир, холос. Бизларнинг орамизда шунча бой - зодагонлар бўла туриб, ўша Муҳаммадга эслатма - Қуръон нозил қилинган эмишми?!” (Уларнинг бу сўзларни айтишларига сабаб ўта билимдонликлари эмас), балки улар Менинг эслатмам - Қуръондан шак-шубҳададирлар, чунки улар ҳали Менинг азобимни тотиб кўрганлари йўқ (бас, шунинг учун Қуръон ва пайғамбар шаънига мана шундай нолойиқ сўзларни айтмоқдалар). “Сод” сураси, 4-8 оятлар.
Биз Қуръонни ўқирканмиз, ҳақ душманларига хоҳлаган нарсаларини айтишлари учун имкон берилганини, дилларида ҳеч нарса қолмасдан тилларига чиққанини кўрамиз: «...балки улар менинг эслатмам - Қуръондан шак-шубҳададирлар, улар ҳали менинг азобимни тортиб кўрганлари йўқ (бас, шунинг учун Қуръон ва пайғамбар шаънига шундай нолойиқ сўзларни айтмоқдалар). Ёки қудратли ва саховатли Парвардигорингизнинг раҳмат хазиналари уларнинг олдиларидамикин-а?! Ёки осмонлар ва ернинг ҳамда улар ўртасидаги бор нарсаларнинг подшоҳлиги уларникимикан-а?! У ҳолда (уларни осмонларга элтадиган) нарвонларига чиқаверсинлар (ва ўша жойдан ўзлари истаган одамларга ваҳий нозил қилаверсинлар). (Эй Муҳаммад), Макка мушриклари ўша ернинг ўзида енгилиб битгувчи фирқалардан бир тўдадир, холос (бас, сиз улар айтаётган беҳуда сўзларга парво ҳам қилманг!)” Сод сураси, 8-11 оятлар.
Яъни Аллоҳ таоло ўз расулига таскин бериб, майли, кофирлар хоҳлаган амалларини қилсинлар, хоҳлаган сўзларини айтсинлар, лекин сиз хафа бўлманг, негаки Аллоҳнинг нусрати яқиндир, демоқда.
“Аниқки, бизнинг пайғамбар бўлган бандаларимиз ҳақида: «Шак-шубҳасиз улар қўллаб-қувватлангувчилардир ва шак-шубҳасиз, Бизнинг қўшинимиз (яъни, пайғамбарлар ва уларга иймон келтирган кишилар) ғолиб бўлгувчилардир”, деган сўзимиз собит бўлгандир”. Соффат сураси, 171-173 оятлар.

Муҳтарам китобхон! Баҳс-мунозара ва мулоқот пайтида ўз фикрларини айтиб олишлари ва аҳд-қарорлари устида яхшилаб ўйлаб олишлари учун бошқа томонга яратиб берилаётган имкониятларни ҳамда мунозара услубларини кўрдингизми?!
Аллоҳ таоло Иблисга Одам ва унинг зурриётлари ҳақидаги бор гапларини айтиб олиши учун имконият, шароит яратиб берди. Лекин охир-оқибат Аллоҳ таоло ўз жавоби билан Иблисни мот қилиб қўйди ва адолат ила ҳукм чиқарди. Одам ва унинг зурриётларини Иблиснинг макр-ҳийлалари, найранглари ва васвасаларига учмасликка чақирди. Бу воқеа сўзлашув одобига бир намуна бўладики, ҳар бир ақл эгаси ибрат олиши зарур.
Қуръонда қуйидагича таъриф бор: “Аллоҳ осмондан сув (ёмғир) ёғдирганида жилғалар тўлиб-тошиб оқиб, бу сел ўз устида кўпикларни ҳам кўтариб келур. Одамлар зеб-зийнат ёки асбоб-ускуна ясаш учун ўтда эритадиган нарса - маъданлардан ҳам шунга ўхшаш кўпик, чиқинди пайдо бўлур. Аллоҳ ҳақ билан ботилни мана шундай мисол билан баён қилур”. Раъд сураси, 17-оят.
Изоҳ: ноҳақ инсон ўз фикрини қанчалик жидду-жаҳд билан ҳимоя қилмасин, бу йўлда қанчалик ғайрат кўрсатиб курашмасин, бари беҳуда кетади - ҳақ ғолиб бўлади.

7. Исломдаги сўзлашув одобларидан яна бири бу - ҳақгўй, гўзал хулқли, таъмасиз, қалбан пок, оқил инсонларнинг ҳурматини жойига қўйишдир. Зеро, ҳадиси шарифда: “Инсонлар манбаадирлар. Жоҳилият даврида ҳам, ислом даврида ҳам тушунган кишилар уларнинг яхшиларидир”, дейилади.
Оқил кишиларни қадрлашимиз, ҳурмат қилишимиз керак. Ҳаттоки уларнинг фикри қарашларимизга зид келиб қолса ҳам... Негаки, улар ёмон ният ёки шахсий манфаат юзасидан эмас, балки ҳақиқатни юзага чиқариш учунгина ўз фикрларини айтишади. Қарашларнинг бундай зид келиши жамият учун фақат фойдалидир. Бу борада бизга ўрнак бўладиган софдил инсонлар ҳақида Қуръони каримда бир неча оятлар мавжуд. Масалан: “Довуд ва Сулаймон экинзор хусусида ҳукм қилаётган пайтларини эсланг. Ўшанда қавмнинг қўйлари бўшалиб кириб, уни пайҳон қилиб юборган эди. Биз улар чиқарган ҳукмга шоҳид эдик. Бас, Биз уни Сулаймонга англатдик”. Анбиё сураси, 78-79 оятлар.
Изоҳ: ривоят қилинишича, Довуд ва Сулаймон алайҳиссаломларнинг олидиларига икки киши бир можаро хусусида ҳукм сўраб келади. Бирининг қўйлари иккинчисининг экинзорига кириб, ҳеч нарсани қолдирмасдан, пайҳон қилиб чиқиб кетган эди. Довуд алайҳиссалом қўйлар экинзор эгасига берилсин, деб ҳукм чиқарадилар. Буни эшитган ўғиллари Сулаймон алайҳиссалом эса, ер қўйларнинг эгасига, қўйлар эса экинзор соҳибига берилса-ю, қўйларнинг эгаси ерни ўнглаб, экин экиб аввалги ҳолига қайтаргач, қўйларини қайтиб олса, токи бу муддат ичида экинзор эгаси қўйларнинг юнги, сутидан фойдаланиб, шу даврда туғилган қўзиларни ҳам ўзига олиб қолса, дейдилар. Шунда Довуд Сулаймонга қараб: “Ўғлим, сенинг ҳукминг тўғрироқдир”, деб ўзларининг ҳукмларини бекор қиладилар...
“Биз ҳар иккисига ҳикмат, пайғамбарлик ва илм ато этдик. Тоғлар ва қушларни Довуд билан бирга тасбеҳ айтадиган қилиб бўйсундириб қўйдик. Биз шундай қила олгувчидирмиз”. Анбиё сураси,, 79-оят.
Айтишларича, Довуд алайҳиссалом беназир хуш овоз соҳиби бўлиб, Забурни тиловат қилганларида самода учиб кетаётган қушлар муаллақ қотиб, атрофдаги тоғлар ҳам бирга қироат қилар эканлар. Ана шундай инсон ҳам кези келганда ўз қароридан воз кечиб, ўғли Сулаймон алайҳиссаломнинг фикрларини қабул қилдилар. Чунки ўғилининг ҳукми адолатли ва ҳақиқатга яқин эди.
Ушбу қиссадан ҳисса шуки, зийрак ақл ва нурли қалб эгаси ҳикмат соҳибларининг фикрларини ҳурмат қилиши лозим. Ўз аҳдидан қайтиб, оқил инсонларнинг ҳақ фикрларини қабул қилиши керак. Ҳаттоки ўзидан ёш ва қуйи мақом эгаси бўлса-да...
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва уларнинг саҳобалари орасида бўлиб ўтган бир воқеа ҳам фикримизга далил бўла олади. “Уҳуд” ғазотидан олдин Абу Суфён бошчилигидаги мушриклар Мадинаи мунавварага етиб келганлари ҳақида хабар олинади. Мушрикларнинг кўпини аввалги “Бадр” ғазотида мусулмонлар қириб ташлаган эдилар. Воқеани Имом Ибн Ҳишом ўзининг “Ас-сийрат ан-Набавийя” асарида шундай ҳикоя қилади: “Мушрикларнинг водийга, яъни Мадина яқинига келиб қолганлари ҳақидаги хабарни эшитгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга шундай дедилар: «Мен, Аллоҳ ҳаққи, яхши нарсани кўрдим. Тушимда бир сигир кўрдим ва қиличимнинг кесадиган, тиғ томонида тешик бор экан... Мен пўлат қуйиб, ушбу тешикни қўлим билан беркитиб қўйдим. Кейин эса Мадинага кириб бордим”.
“Илм аҳлидан бўлган баъзи кишилар менга айтиб бердиларки, - ҳикоясида давом этади Имом Ибн Ҳишом, - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз тушини шундай таъбир қилдилар: “Мен тушимда кўрган сигирнинг аломати - саҳобаларим орасидан бир қанчаси шаҳид бўлади. Қиличимнинг тиғидаги тешик эса аҳли байтимдан бир кишининг ҳалок бўлишини билдиради... Мен мушрикларнинг Мадина ёнида турганларини кўрдим. Уларга яқинлашманглар, тарк этинглар. Уларнинг турган жойлари бехосият жойдир. Агар шаҳримизга бостириб келишса, биз улар билан албатта жанг қиламиз...”
Хуллас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинада қолиб, мусулмонларни мушрикларнинг олидига чиқишдан қайтардилар... Лекин баъзи саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ, бизга рухсат беринг, душманларимиз олдига чиқайлик. Токи улар бизни қўрқоқ ва заиф деб ўйламасинлар...” - дедилар. Бу воқеа жума куни, намоздан кейин содир бўлаётган эди... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларига кириб кетди ва қурол-аслаҳаларни кийиб чиқдилар. Саҳобалар айтган гапларига пушаймон бўлиб: “Ё, расулуллоҳ, биз сизни чиқишга мажбур қилиб қўйдик. Биз буни хоҳламаган эдик. Агар истасангиз, жойингизда қолинг”, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга шундай деб жавоб қайтарди: “Бирор бир набий қурол-аслаҳасини олиб, жанг кийимини кийдими, Аллоҳ у ва унинг душмани ўртасида ҳукм қилмагунича, асло ечмайди...”
Шундан сўнг мингта саҳобаси билан мушрикларга қарши йўлга чиқдилар...”7

***

Саҳобалар барча ишларда бўлгани каби ўзаро мулоқот, муомала бўйича ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ибрат олишга ҳаракат қилишган. Бири иккинчисининг фикрини ҳурмат қилган. Баҳс-мунозара жараёнида ҳақиқат ва тўғриликни асосий мезон деб билганлар.
Абу Бакр Сиддиқнинг халифалик даврида Қуръонни жамъ қилиш масаласи кўрила бошлайди. Бу воқеани Имом ал-Бухорий ўз “Саҳиҳ”ида Зайд ибн Собит (р.а.)нинг тилидан шундай ривоят қилади: «Абу Бакр менга аҳли Ямома (яъни, Ямома жангида шаҳид бўлган 70 та саҳоба)нинг рўйхатини юбордилар. Бу пайтда Умар ибн ал-Хаттоб Абу Бакрнинг олдида экан... Абу Бакр шундай деди: “Эй Зайд, Умар менинг олдимга келиб: “Ямома жангида Қуръонни ёд олган кўплаб қорилар шаҳид бўлди. Бошқа ерларда ҳам қорилар шундай нобуд бўлишидан ва Қуръоннинг унутилишидан қўрқаман. Шу боис мен Қуръонни жамъ қилиш кераклигини сизга айтмоқчиман!!!” - деди. Мен Умарга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилмаган ишни биз қандай қиламиз?” - деб жавоб қайтардим. Умар: “Бу, Аллоҳ ҳаққи, яхши ишдир”, дея мени кўндиришга ҳаракат қилди. Қачонки Аллоҳ кўнгил кўзимни очиб, мени бу ишга мойил қилганидан сўнггина, Умарнинг нимани назарда тутганини англадим.
Сўнг Абу Бакр деди:
- Эй Зайд, сен ақлли кишисан. Биз сени айбламаймиз. Сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурида ваҳий ёзар эдинг. Қуръонга эргашар эдинг. Шу боис, уни сен йиғгин...
Мен дедим:
-Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилмаган ишларини сиз қандай қиласиз?
Абу Бакр жавоб қайтарди:
- Аллоҳ ҳаққи, бу хайрли ишдир.
Шу тарзда Абу Бакр бу ишнинг нечоғлик муҳим эканини менга тушунтира бошлади. То қалбим очилиб, Абу Бакр ва Умарга аён бўлган сирни кўрмагунимча у мени кўндиришда давом этди...”
Бу ҳадисдан шуни билиш мумкинки, Қуръонни саҳифаларга ёки бир мусҳафга йиғиш масаласи анча баҳс-мунозарага сабаб бўлган. Дастлаб Абу Бакр Умарнинг бу таклифини бажаришдан бош тортди. Лекин ўзаро мулоқот ва тушунтиришлардан сўнг Абу Бакр Умарнинг фикри тўғри эканини эътироф этди. Бу Қуръонни асраб қолиш йўлидаги буюк тадбир эканига қаноат ҳосил қилди. Зеро Қуръонни сақлашга рухсат этилган ва бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонидан ўрнатилган бир қоидадир. Ул зотнинг ўзлари ҳам ваҳийни ёзишга буюрганлар. Умар назарда тутган ҳақиқатни Абу Бакр англагач, Зайд ибн Собитга бу ишни амалга оширишни буюрди...
Демак, ақли салим, закий нафсли кишилар ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзгаларнинг фикрини ҳурмат қилади, даражалари қандай бўлишидан қатъий назар, қарши томоннинг фикри маъқул бўлса, ўз аҳдларидан қайтадилар, масалага одилона ечим қидирадилар. Агар бу масала бўйича Абу Бакр Сиддиқ Умарнинг фикрига қўшилган бўлса, ўз навбатида Умар ҳам баъзи баҳслар сўнгида Абу Бакрнинг фикрини тўғри деб эътироф этган. Масалан, Абу Бакр икки улкан фарз - закот ва намозни адо этмаётган муртадларни қатл қилиш кераклигини айтганда, дастлаб Умар бунга қарши чиқади. Лекин Абу Бакр масаланинг моҳиятини тушунтиргач, Умар бу қарорни қўллаб-қувватлайди.

***

Агар мендан “Ушбу воқеалардан қандай хулоса олдингиз?” - деб сўрасангиз, мен қуйидагича жавоб бераман: “Ислом дини бизга муомала, мулоқот одоби бўйича ибратли услубларни ўргатди. Мен оқил кишиларнинг фикрларини, қарашларини ҳурмат қилишни ўргандим. Энди мен улар билан баҳс-мунозарага киришсам, гарчи қарашлари фикримга зид бўлса-да, уларнинг қарашларини ҳурмат қиламан.”
Шу ўринда бошқа савол пайдо бўлади: агар баҳс-мунозара пайтида такаббур, манман кимсалар гарчи фикрлари нотўгри бўлса-да, ўзларини ҳақ санаб ғала-ғовур кўтарсалар, ғурурга берилиб сўзлашув одобини эсдан чиқарсалар, мен қандай йўл тутишим керак?
Жавоб: бундай такаббур кимсалар ғала-ғовур қилиб, ўзларининг нотўғри фикрлари билан шовқин-сурон кўтарсалар, мен улардан аста узоқлашаман ва уларни Аллоҳга топшириб қўяман.
Бу борада Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай йўл кўрсатган: «Бас, сиз улардан юз ўгириб, Аллоҳга таваккул қилинг. Аллоҳнинг ўзи етарли вакилидир”. Нисо сураси, 81-оят.
“Бас, (Эй Муҳаммад) сиз улардан юз ўгиринг ва “тинчлик-омонлик бўлсин”, денг!” Зухруф сураси, 89-оят.
Яна оятда шундай дейилади: “...шак-шубҳасиз, ё бизлар ёки сизлар (яъни, икки тоиадан бири) аниқ ҳидоят устида ва аниқ залолатдадир. Айтинг: “Сизлар бизлар қилган гуноҳ тўғрисида масъул бўлмассизлар ва бизлар сизлар қилаётган амаллар тўғрисида масъул бўлмасмиз”. Айтинг: “Парвардигоримиз (қиёмат куни) бир орага жамлар, сўнгра ўртамизда ҳақиқат-адолат билан ҳукм қилур. Унинг ўзигина адолат билан ҳукм қилувчи ва ким ҳақ, ким ноҳақ эканини билгувчидир”. Сабо сураси, 24-26 оятлар.
Бошқа оятда шундай дейилади: “Бас, эй Муҳаммад, мана шунинг учун, яъни аввалги қавмлар фирқа-фирқа бўлиб кетганлиги сабабли йўлдан озганлари учун - сиз ўз умматларингизни бирлик иттифоққа даъват қилинг ва ўзингизга буюрилган янглиғ тўғри йўлда бўлинг ҳамда мушрикларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг. Айтинг: “Мен Аллоҳ нозил қилган ҳар бир китобга иймон келтирдим ва сизлар мендан сўраб келган муаммоларингизни ҳал этишда адолат қилишга амр этилдим. Аллоҳ - Парвардигоримиз ва Парвардигорингиздир. Бизларнинг амалларимиз ўзимиз учун, сизларнинг амалларингиз ўзларингиз учундир. Бизлар билан сизларнинг ўртангизда бирон можаро йўқдир. Аллоҳ қиёмат кунида барчамизни жамлар ва ёлғиз Унга қайтиш бордир”.Шўро сураси, 15-оят.

***

8. Исломий муомала одобининг яна бир жиҳати - ҳукм ва хулосаларни умумлаштириш, сўзлаётган пайтда ўта эҳтиёт бўлиш, муаммо ва масалаларнинг моҳиятини синчиклаб ўрганиш, ибораларни ўз ўрнида усталик билан ишлатишдир. Қарор чиқараркан, ўз жойида, тўғрилик ва адолат мезонига таянган ҳолда иш юритиш, шунингдек, ҳойи-ҳавасларига эргашиб, кўзлари кўр, қулоқлари кар бўлиб қолганлар билан оқилона муомалада бўлиш ҳам исломнинг ўзига хос мулоқот одоблари сирасига киради...
Одамзот ҳар хил. Шундай инсонлар борки, ўз ҳаётларини тўғри тартибга соладилар; бирон гап айтмоқчи ёки иш қилмоқчи бўлсалар, етти ўлчаб бир кесадилар; хулоса ва ҳукм чиқаришда шошилмайдилар - шу боис ҳамиша муваффақиятга эришадилар. Чунки Аллоҳ таолонинг ҳақ йўли ҳеч қачон ўзгармайди.
Яна бир тоифа борки, улар нохолис ҳукм чиқарадилар, масаланинг асл моҳияти бир четда қолиб кетиб, ўз маҳмоданаликларини намойиш қиладилар. Бундай баҳс-мунозарада асосан нодонлар иштирок этишади. Уларнинг баҳси ёлғонга ёки бетайин, далил-ҳужжатсиз гапларга асосланган бўлади.
Мен истагим шу: бундай тоифага мансуб кишилар борган сари камайиб бориши керак. Чунки бир қавм ўзини ўзгартирмагунча, Аллоҳ у қавмни ўзгартирмайди.

***

Ақида соҳасини кўриб чиқарканмиз, фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ихлос қилишимиз вожиб эканини англаймиз. Истисно ҳолатлар Қуръони каримда баён этилганки, улар қуйидагилардир:
“Ким иймон келтирганидан кейин яна қайтиб кофир бўлса, Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлур. Лекин ким қалби иймон билан ором олгани ҳолда куфр калимасини айтишга мажбур қилинса, унинг иймонига зиён етмас. Аммо кимнинг кўнгли куфр билан, яъни диндан чиқиб кофир бўлиш билан ёзиладиган бўлса, бас, ундай кимсаларга Аллоҳ томонидан ғазаб ва улуғ азоб бордир”. Наҳл сураси, 106-оят.
Муфассирлар бу оятнинг нозил бўлиш сабаби ҳақидаа шундай дейдилар: “Бу оят Аммор ибн Ёсир (р.а.) ҳақида нозил бўлган. Мушриклар у зотни ҳибс қилишиб, ислом динидан чиқишни талаб этдилар ва даҳшатли азоблар билан қийнадилар. Ночор-ноилож қолгач, уларнинг бутларидан бирини тилга олганларидан кейингина, у кишини қўйиб юбордилар. Одамлар орасида эса, Аммор диндан қайтди, деган гап тарқалиб кетди. У зот Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузурларига йиғлаб борди ва ўз сўзларидан пушаймон эканини айтиб изтироб чекканларида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қалбинг нима дейди?” деб сўрадилар. У «Қалбим фақат иймонни тан олади”, деб жавоб беради.
Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сенга неча марталаб мажбуран куфр калимасини айтдирсалар ҳам, ҳаргиз иймондан ажраб қолмайсан”, деганлар.
Демак, ислом таълимоти ҳукмига кўра, фақат ўз ихтиёри билан куфр йўлини танлаган кимсаларгина кофир саналади ва улар учун охиратда даҳшатли азоб-уқубат бор.
Муомала соҳасининг яна бир жиҳати - ўзаро олди-бердидир. Қуръони каримда бир-биридан қарз олган кишилар ҳисоб-китобларини ёзиб қўйишлари буюрилган. Бу ҳар иккала томоннинг манфаатлари учун бўлиб, шубҳа-гумон ва низолар келиб чиқишининг олдини олади. Мана, ўша кўрсатма: “Эй мўъминлар бир-бирларингиз билан қарз муомаласини қилсангиз, ёзиб қўйинглар! Ораларингизда бир котиб адолат билан ёзсин! Ҳеч бир котиб Аллоҳ буюрган ёзишдан бош тортмасин, албатта ёзсин! Зиммасида қарзи бўлган киши ёздирсин - Парвардигори бўлмиш Аллоҳдан қўрқсин ва у қарздан бирон нарса камайтириб ёзмасин!... Лекин агар ўртадаги муомалангиз ораларингизда юргизиб турган нақд савдо бўлса, уни ёзмасангиз-да, сизлар учун гуноҳ йўқдир...” Бақара сураси, 282-оят.
Қуръони каримда инсон боласи афсус-надомат, пушаймон ичида умр кечириши таъкидланган. Фақат ростгўй ва ҳақиқий мўъминларгина бундан мустаснодир. Жумладан, Қуръонда шундай дейилади: “Аср вақтига қасамки, инсонларнинг барчаси зиён-бахтсизликдадир. Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига Ҳақ йўлини тавсия этган ва бир-бирларига мана шу ҳақ йўлида сабр-тоқат қилишни тилаган зотларгина нажот топгувчилардир”. Аср сураси, 1-3 оятлар.
Саҳобалар яхши-ёмонни ажратиш, одамларнинг фарқига бориш учун бу сурани бот-бот ўқир эдилар. Аллоҳ таоло ҳамма инсонлар ноқис ва бахтсизлик ичра эканини, фақат ҳақиқий иймон эгаларигина солиҳ амаллар қилиб, сабр-тоқатга суянган ҳолда, бир-бирларини огоҳлантириш орқали нажот топишларини хабар қилмоқда. Уларгина бахтсиз кишилар сафида эмаслар. Чунки улар комил иймон, солиҳ амал соҳиблари бўлиб, ҳақирликдан холидирлар.

***

Қуръони каримда Аллоҳ таолонинг ҳақиқий бандалари зикр қилинаркан, уларга катта савоблар борлиги таъкидланади. Мункар, гуноҳ амал қилганларга эса аламли азоб борлиги уқтирилади. Ҳақиқий бандалар астойдил тавба қилувчилардир. Улар Аллоҳнинг амр-фармонларини тўлиқ бажарадилар - осийликдан, итоатсизликдан сақланадилар. Қуръонда шундай дейилади: “Улар Аллоҳдан бошқа бирон илоҳга илтижо қилмаслар ва Аллоҳ ўлдиришни ҳаром қилган бирон жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу гуноҳлардан бирортасини қилса, уқубатга дучор бўлур. Қиёмат кунида унинг учун азоб бир неча баробар қилинур ва у жойда хорланган ҳолида мангу қолур”. Фурқон сураси, 68-69 оятлар.
Сўнг Аллоҳ таоло ҳақиқий тавба эгаларининг ҳолатини баён қиляпти: “Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб яхши амаллар қилса, бас Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик-гуноҳларини яхшилик-савобларга айлантириб қўюр. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган зотдир”. Фурқон сурси, 70-оят.
Демак, кимки гуноҳи кабираларни қилса, ўзига қаттиқ азоб орттиради. Кимки чин қалбдан тавба қилса, Аллоҳ таоло ўз фазли ва карами ила унинг ёмон амалларини яхши амалларга айлантириб қўяди. Чунки Аллоҳ таоло мағфиратли ва меҳрибон зотдир.
Қуйидаги оят ҳам Аллоҳ таолонинг мағфирати ва раҳмати хусусидадир: “Албатта, Аллоҳ ва пайғамбарига қарши урушадиган ва ерда бузғунчилик қилиш ҳаракатида юрадиган кимсаларнинг жазоси - ўлдириш, дорга осиш ёки оёқ-қўллари тескарисига (яъни, ўнг қўл ва чап оёқ ёки чап қўл билан ўнг оёқ) кесилиши, ёхуд ўз ерларидан сургун қилинишларидир. Охиратда эса, улар учун улуғ азоб бордир. Магар сизлар қодир бўлишингиздан (қўлга тушишларидан) илгари тавба қилган кишилар бўлса, билингизки, Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон зотдир”. Моида сураси, 33-34 оятлар.
Ҳукм, хулоса чиқариш, муомала ва ҳатти-ҳаракатларда эҳтиёт бўлиш ҳақидаги оятлар фақат “илло” лафзи билан эмас, балки “баъзи” лафзи билан ҳам келган. Аллоҳ таоло шундай буюради: “Эй мўминлар, кўп гумонлардан четланинглар! Чунки баъзи гумонлар гуноҳдир!...” Ҳужурот сураси, 12-оят.
Ҳа, хайр ва нажот топгувчи бандалар ёмон гумонлардан сақланадилар. Ахир, Қуръони каримда ман қилинган гумонлар аниқ белгилаб қўйилган. Юқоридаги ҳукмни умумлаштириб, барча гумонлардан сақланиш керак, десак тўғри бўлмайди. Зеро, ҳақиқатни билишга хизмат қиладиган гумон, тахминларга рухсат берилган. Қуръони каримда таърифланган “баъзи гуноҳ гумонлар” бу далилсиз, ҳеч бир асоссиз қилинган бадбин гумонлардир. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилганларидек: “Гумондан сақланинг. Зеро, гумон ёлғон гаплардир”.
Қуръонда, шунингдек, “бошқа, ғайр” сўзи билан ҳам ифодаланган оятлар бор: “Эй мўъминлар, сизларга ризқ қилиб берганимиз - покиза нарсалардан енглар ва агар Аллоҳнинг ўзигагина ибодат қилгувчи бўлсангизлар, У зотга шукр қилингиз! У сизларга фақатгина ўлакса, қонни, тўнғиз гўштини ва Аллоҳдан ўзгага аталиб сўйилган нарсаларнигина ҳаром қилди. Энди кимки золим бўлмаса ва ҳаддидан ошмаган ҳолида ночор вазиятда қолса, гуноҳкор бўлмайди. Албатта, Аллоҳ мағфират қилгувчи, раҳмлидир”. Бақара сураси, 172-173 оятлар.
Ушбу икки оятда Аллоҳ таоло мўминларга фақат тоза нарсаларни ейишни буюрар экан, айни пайтда буткул иложсиз қолган кишиларни ҳам масъулиятдан қисман озод қилмоқда, яъни улар ҳаром қилинган нарсалардан жон сақлагудек миқдорда есалар, гуноҳкор бўлмайди.
Шундай қилиб, Аллоҳ таоло ҳукмларни умумий қабул қилишдан бизни қайтарганини кўрамиз. Бунда биз учун ҳикматли дарс бордир. Парвардигори олам кимни ҳақ йўлга бошлашни хоҳласа, ўшанга ҳидоят, имон беради.

***

9. Ўзаро мулоқот ҳар икки томонга ҳам фойдали бўлиши, гўзал оқибат ва яхши натижаларга эришиш учун лозим бўлган яна бир одоблардан бири бу - ёлғон мишмишларга эмас, тўғри гапларга таяниш, уйдирма хабарларга эмас, балки аниқ маълумотларга асосланишдир.
Агар асоссиз мишмишларга таянилса, чиқарилган ҳукм-хулоса фосид - нотўғри бўлади. Чунки у соғлом ақлга, аниқ далилга асосланмаган ва оқил кишилар томонидан эътироф этилмагандир. Зеро нимаики ёлғонга асосланган бўлса - ёлғон, тўғриликка асосланган бўлса, тўғри бўлади. Бундай тўғрисўз, рост гапирувчи кишилар Қуръони Каримда шундай мадҳ қилинади: “Улар бу дунёда хуш-ҳақ сўзга, яъни Аллоҳ якка-ягонадир, деган сўзга ҳидоят қилинурлар ва ҳамду сано эгаси Аллоҳнинг йўлига йўлланурлар”.Ҳаж сураси, 24-оят.
Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларни турли миш-миш гапларни айтишдан қайтарганлар, ҳамиша яхши ва ҳақ сўзларни айтишни буюрганлар ва шундай деганлар: “Саҳобаларим ҳақида менга ёмон хабарни келтирманг. Мен сизларга пешвоз чиқишни хуш кўраман. Мен тўғри қалбли кишидирман”.

***

Аллоҳ таоло мўминлар эшитаётган ва гапираётган нарсаларининг тўғрилигига ишонч ҳосил қилсин, деб Қуръони каримда шундай буюрган: “Эй мўминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса бирон хабар келтирса, сизлар ҳақиқий аҳволни билмаган ҳолингизда ўзга қавмга мусибат етказиб қўйиб, кейин қилган ишларингиздан афсус-надомат чекиб қолмасликларингиз учун у фосиқ кимса олиб келган хабарни аниқлаб, текшириб кўринглар!” Ҳужурот сураси, 6-оят.
Муфассирлар ушбу оятнинг нозил бўлиш сабаблари ҳақида шундай деганлар: “Ибн Аббосдан ривоят қилинадики, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) закот йиғиш учун ал-Валид ибн Уқбани Бани Мусталақ қавмига юбордилар. Бу хабар келгач, улар хурсанд бўлдилар ва ал-Валид ибн Уқбани, яъни пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг элчиларини кутиб олиш учун пешвоз чиқдилар.
Валид ушбу ҳолатни кўргач, улар мени ўлдириш учун чиқдилар, деб ўйлади ва тезда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига қайтиб келиб, “Эй Расулуллоҳ, Бани Мусталақ қавми закот беришдан бош тортди”, деди. Бу хабарни эшитиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг жаҳллари чиқди ва бу ишни ўзлари бажаришга аҳд қилди. Айни шу пайтда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурига Бани Мусталақдан бир гуруҳ кишилар келдилар ва “Эй Расулуллоҳ, бизнинг олдимизга сизнинг элчингиз келаётган эди, лекин негадир ярим йўлдан қайтиб кетди, бу сизнинг амрингизмикан деб деб қўрқдик”, дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг жаҳллари чиқиб кетди. Ҳатто биз пайғамбар алайҳиссаломнинг ғазабларидан Аллоҳдан паноҳ сўрадик. Сўнг Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди: “Эй Аллоҳга ҳақиқий иймон келтирганлар! Агар ростгўйлигига шубҳангиз бўлган бир киши ҳузурингизга келиб, сизга муҳим хабарлардан бирини айтса, унинг хабарини текшириб кўрмасдан туриб қарор қабул қилманг. Балки олдин у хабарнинг тўғрилиги ва аниқлигини текшириб, ишонч ҳосил қилинг. Тағин бу ёлғон хабар туфайли бошқа бир қавмга зиён етказиб қўйиб, кейин афсус-надомат қилиб юрманг”.
Демак, мўмин қачон, қаерда бўлишидан қатъий назар ҳар бир хабарни синчиклаб текшириб кўриши, яхши ва тўғрисини қабул қилиши шарт. Негаки, исломий жамият тинчлик ва осойишталик ичида, афсус-надоматларсиз, барқарор бўлиши лозим...

***

Қуръони каримда Аллоҳ таоло инсонларга берган неъмати ва ўз раҳмати ҳақида шундай хабар қилади: «Билингларки, ораларингизда Аллоҳнинг пайғамбари бор. Агар у кўп ишларда иймони комил бўлмаган жоҳил кимсаларга бўйсунса, яъни Аллоҳ томонидан ваҳий нозил бўлишини кутмасдан сизлар келтирган хабарларга ишонадиган бўлса, албатта бало-мусибатларга дучор бўлур эдингизлар. Лекин Аллоҳ иймони комил, тақво имтиҳонидан ўтган зотларга иймонни суюкли қилди ва уни дилларингизга чиройли кўрсатди ҳамда сизларга куфрни, Аллоҳ ва пайғамбарга итоатсизликни - исённи ёмон кўрсатиб қўйди. Ана ўшаларгина, яъни иймон йўлида собит қадам бўлиб, куфр-исённи ёмон кўрган кишиларгина тўғри йўлга юргувчи зотдир. Бу Аллоҳ томонидан бўлган фазлу марҳамат ва неъматдир. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир”. Ҳужурот, 7-8 оятлар.
Чиндан ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон хабарни эшитсалар, уни албатта текшириб кўрар эдилар. Ул зот ўз асҳобларини ҳам шунга ўргатар эдилар.
Мусталақ қавми билан бўлган урушга Пайғамбар алайҳиссалом ва мўминларга қўшилиб, жиҳод учун эмас, балки ўлжа олиш умидида мунофиқлар ҳам чиқишган эди. ўазот пайғамбар алайҳиссаломнинг ғалабалари билан тугаб, барча ортга қайтаётган пайтда Синан ва Каҳтаҳ исмли кишилар қудуқ олдида сув талашиб, урушиб қолдилар. Қаҳтаҳ Синанни уриб, юзини қонатди. Синан: «Ё ҳазражликлар, бормусизлар?!» - деб ўз қавмдошларини чақирди. Ўз навбатида Қаҳтаҳ ҳам «Ё қурайшликлар, ёрдам беринг» - деб бақирди ва қавмдошлари югуриб келди. Орада фитнали ҳолат пайдо бўлди. Яхшиям, муҳожирлардан бир гуруҳи фитнанинг олдини олишди. Бу хабар мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убайга етиб борганида, у: «Аллоҳга қасамки, сизлар билан анави қурайшликларнинг ҳолати худди эскиларнинг, “эшак семирса, эгасини тепади”, деган гапини эслатмоқда. Ўзингизга ўзингиз қилдингиз. Уларга уйларингизни бўшатиб бериб, мол-мулкингизни сарфладингиз. Энди улар кучли бўлди, сиз эса заифлашдингиз. Аллоҳга қасамки, агар сиз ёрдам бермасангиз, анави (пайғамбар)нинг атрофидагилар тарқаб кетишади. Мадинага етиб борганимизда, азиз шаҳардан хорни ҳайдаб чиқаради», деди. “Азиз” деб у пайғамбарни, “хор” деб ҳажражликларни назарда тутган эди.
Ўша ерда Зайд ибн Арқам исмли бир ўспирин ҳам турган эди. У бўлиб ўтган гап-сўзни Пайғамбар алайҳиссаломга бориб айтди. У зот Абдуллоҳ ибн Убайнинг олдига келиб, “Чиндан ҳам шу гапларни сен айтдингми?» деб сўрадилар. У бўлса: «Сенга Қуръонни нозил қилган Зот билан қасамки, бу гаплардан биттасини ҳам айтганим йўқ, Зайд ёлғончи экан», деди. Ўша ерда ҳозир бўлган мусулмонлар, кичкина боланинг гапига ишонавериш керак эмас, балки адашгандир, дейишди. Расулуллоҳ Абдуллоҳни кечирди. Сўнгра Аллоҳ таоло «Мунофиқлар» сурасини тушириб, Зайднинг сўзини тасдиқлади ва Абдуллоҳ ибн Убайнинг ёлғонини фош қилди: «Улар: «Қасамки, агар Мадинага қайтсак, албатта кучлилар кучсизларни ундан қувиб чиқарур» дерлар. Ҳолбуки, куч-қудрат Аллоҳники, Унинг пайғамбариники ва мўминларникидир. Лекин мунофиқлар (буни) билмаслар» («Мунофиқун» сураси, 8-оят)
Бу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлганидан кейин Зайд ибн Арқамни чақирдилар ва унга ўқиб бердилар. Сўнг дедилар: «Бу - Аллоҳ ўз изни билан амалга оширадиган нарсадир». Яна бир ривоятга кўра эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайд ибн Арқамга: «Сени Аллоҳ ростгўй деб ҳисоблайди» - дедилар.
Шошилмасдан, етти ўлчаб бир кесиш, минг мулоҳаза қилиб сўнг ҳукм чиқариш, ўз тасарруфидагиларни ҳикмат билан бошқариш мусулмон инсоннинг фазилатидир. Абдуллоҳ ибн Убай билан содир бўлган вақеани эшитгач, унинг ўғли - энг содиқ саҳобалардан бири бўлмиш Абдуллоҳ Мадина дарвозаси олдига келиб, қиличини қинидан чиқарганча туриб олди. Отаси шаҳарга кирмоқчи бўлганда, у киритмади ва «Аллоҳнинг расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам изн бермагунча, сизни умуман Мадинага киргизмайман. У азиз кишидир. Сиз эса нодонсиз», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам рухсат бергачгина, отасига - мунофиқларнинг бошлиғига йўл бўшатди...

***

Ҳақ сўз билан қуролланган кишилар бошқалар билан бўладиган мулоқотларда ўзаро ҳурмат-эҳтиром, қадр-қимматни сақлаган ҳолда зафар қозонадилар. Асоссиз далил-ҳужжат, ёлғон мишмиш ва ботил гаплар билан қуролланган кимсалар эса фақатгина кулгига қоладилар ва улардан ҳамма узоқлашиб кетади. Чунки ҳақиқат боқий, ёлғон эса тумандек тарқаб кетгувчидир. Бунга далил сифатида бир тарихий воқеани баён қиламиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига биноан мусулмонлар Ҳабашистонга ҳижрат қилдилар. Ҳабашистон подшоси меҳмоннавозлик қилиб, мусулмонларни яхши муомала билан кутиб олди. Бу ҳол Қурайш аҳлининг ҳасадани қўзғади. Мусулмонларнинг бундай роҳат, амният ичида яшашларини кўролмасдан, уларни ортга қайтариш учун чора-тадбир излашга киришдилар. Ҳабашистон подшоси ва унинг аркони давлатларига атаб, бир мунча тансиқ тортиқлар тайёрлашди. Қурайшнинг икки ишбилармон, обрўли кишиси - Абдуллоҳ ибн Робиа ва Амр ибн Ос вакил бўлиб, ҳозирланган ҳадяларни уларга олиб бориб топширдилар.
Вакиллар Ҳабашистонга келгач, дастлаб давлат арбоблари билан кўришдилар. Уларга ўз ҳадяларини тақдим қилшиб, бу иш бўйича ёрдам беришларини сўрадилар. Эртаси куни шоҳона туҳфалари билан подшоҳ ҳузурига кирдилар. «Эй, муҳтарам подшоҳ, - дейишди улар, - шу кунларда ичимизда бир неча ёш, саркаш йигитлар пайдо бўлишди. Улар ўзларича сиз-у бизга нотаниш бўлган янги бир дин ўйлаб чиқардилар. Шу боис орамизда зиддият, келишмовчилик юзага чиқди. Улар халқ томонидан қаттиқ қаршиликка учрагач, юртимизда туролмасдан қочиб кетган эдилар. Кейин ул бузуқбошлар сизнинг қўл остингизга келиб, тинч-омон яшаётганларини эшитиб қолдик. Энди ул юртнинг бузурглари ўз қавм-қариндошларидан воз кечган, ватанига сиғмаган бул хоинларни ўз юртингиздан ҳайдаб чиқаришингизни, яна ўзимизга қайтариб беришингизни сўрайдилар, - деди. Подшоҳ атрофида ўтирган давлат арбоблари ҳам уларнинг сўзини маъқулладилар: «Эй подшоҳ, бу вакилларнинг мусофир элдошлари ҳақида айтган сўзлари тўғридир. Ахир, улар бизга нотаниш кишилар бўлса, яхши-ёмон феъл-атвори бизларга маълум эмас, аксинча булар ўз юртдошларининг ким эканларини сиз-у биздан яхшироқ биладилар. Эскилар айтганидек, ўз элига сиғмаган одамлар бошқа жойда ҳам вафо қилмас, деб ўйлаймиз. Шунинг учун уларни ўз юртдошларига қайтариб беришингизни маъқул кўрамиз”. Бу сўзларни эшитиб, подшоҳнинг ғазаби қўзғалди: “Қасам ичурманки, буларни қайтариб бермайман. Нечук қайтарайки, бошқалардан мени ортиқ кўриб, яхшилик умиди ила келишган бўлса... Бир мамлакатдан иккинчи мамлакатга қочиб, паноҳ сўраб келган бечораларни ҳайдаб солиш подшоҳлар шаънига лойиқ иш эмасдир. Яхшиси, ўша қочқинларни чақириб, ўзларидан гап сўрайлик. Агар ҳақиқат бу икковлари айтгандек бўлиб чиқса, у ҳолда қайтарсак тўғри иш қилган бўламиз. Аммо улар ҳақ бўлса, ўз ҳимоямга олурман. Нима бўлганда ҳам, уларга яхшилик қилурман! – деди. Шундан сўнг муҳожирларни ҳузурига чақиртирди. Саройга келишларидан олдин саҳобалар ўзаро йиғилиб маслаҳат қилдилар. Подшоҳ олдида диний масалалардан сўралса, ким ва қандай жавоб беради? – деган сўз устида тўхталдилар. Охири, диний саволларга пайғамбаримиздан қандай эшитган бўлсак, шундай жавоб берайлик... – дейишиб, подшоҳ билан мулоқотга ичларидан ҳазрат Жаъфар ибн Абу Толибни тайинладилар. Сўзни бир жойга қўйишгач, салтанат девонида ҳозир бўлдилар. Ҳукмдор ўз диний руҳонийларини ҳам ушбу мажлисга чақиртирди. Улар келишиб подшоҳ атрофида Таврот ва Инжил китобини очиб ўтирдилар. Подшоҳ муҳожирлардан сўради: “Сизлар қабул қилган янги диннинг асоси – ҳақиқати нимада? Нима учун ота-боболарингизнинг йўлидан чиқиб, ўз динларингдан воз кечдинглар? Нечун ҳозир кунларда машҳур бўлган бизнинг динимизга ёки бошқа динларнинг бировига кирмасдан, мутлақо янги динга кирдинглар?” Ҳазрати Жаъфар: «Эй подшоҳ, биз араб улуси узоқ замонлардан бери жоҳилликда яшаб юрган бир тоифа эдик. Ўзимиз ясаган бутларга ибодат қилар эдик. Ҳалол-ҳаромни фарқ қилмай, ўлимтиклар ер эдик. Уруш-талаш, қон тўкиш, қароқчиликлар биз «суйган иш» - касбимиз эди. Ҳар хил бузуқчилик - фирибгарлик, алдов, хиёнат бизда кўп эди. Кучлиларимиз кучсизларимизни босиб зулм қилар ва бу биз учун оддий ҳол эди. Мана шу тарзда анча-мунча давр ўтказдик. Ниҳоят, Аллоҳнинг раҳмати бўлиб, ўз ичимиздан бизларга пайғамбар юборилди. Унинг насаби, ақл-фаросати, сидқ-тўғрилиги ёшлигидан бери барчамизга маълум эди. У келиб бизларни тўғри йўлга бошлади, Аллоҳни бир билиб, ёлғиз Ўзигагина ибодат қилишга чақирди. Ота-боболаримиз олтину-кумуш, тошу-тупроқдан ўз қўллари билан ясаган бутларга сажда қилишдан бизларни қайтарди. У бизни ҳар ишда тўғри бўлишга, омонатга хиёнат қилмасликка, силаи раҳмни узмасликка, қўшнилар ҳаққини адо қилишга буюрди. Зулм-хиёнат, уруш-талаш, ноҳақ қон тўкишларни, ёлғон-туҳмат сўзлашни, ҳаром ишларни, етим молини ейишни, бир сўз билан айтганда, инсон ҳақига хиёнат қилишни бизларга манъ қилди. Аллоҳга ҳеч кимни шерик қилмасликка, кунда беш вақт намоз ўқишга, бой кишиларни молларидан камбағалларга закот беришга, ҳар йили бир ой рўза тутишга, етим-есирларга ёрдам қилишга - фойдали, эзгу ишларни қилишга буюрди. Биз унинг сўзларига ишондик, иймон келтирдик, Тангри тарафидан келтирган нарсаларни ҳақ деб билдик. Шериксиз, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилдик, ҳалолни ҳалол, ҳаромни ҳаром деб билдик. Фақат ана шу сабабга кўра қавмимиз бизларга кўп азоб берди. Ночор бўлиб, ўз еримиздан қочиб чиқишга мажбур бўлдик. Паноҳ тилаб сизнинг юртингизга келдик. Шу пайтгача сиздан зулм кўрмадик, умид қиламизки, бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади... - деди. Сўнгра Нажжоший: “Сен айтган пайғамбарга Аллоҳ юборган оятлардан ўқигил, эшитайлик”, деди. Ҳазрат Жаъфар Сураи Марямнинг бошидан бир неча оят ўқиди. Тиловат таъсиридан подшоҳ йиғлаб, соқолларини ҳўл қилди. Атрофида ўтирган руҳоний олимлар ҳам йиғладилар. Нажжоший: “Худонинг Зотига қасамки, Исо келтирган Инжил билан ушбу оятлар бир чироқдан чиққан нурлардир! – деди. Сўнгра ўша икки вакилни ҳузуридан чиқариб юбориб, мусулмон муҳожирларни ўз ҳимоясига олди.

***

Мулоқот жараёнида турли воситалар, услублар билан тарқатилган ёлғон гап-сўзлар, уйдирмаларга қарши ислом таълимоти кураш олиб боради. Ҳусни зан, яъни яхши тахмин ёмон гумон устидан ғалаба қозонишини тарғиб этади. Фикримизнинг исботи тариқасида Қуръони каримдан ушбу оятларни келтиришимиз мумкин: «Эй (мўминлар), сизлар (бу бўхтонни) эшитган пайтингизда мўмин ва мўминалар бир-бирлари ҳақида яхшиликни ўйлаб: «Бу очиқ бўхтон-ку!» - деса бўлмасмиди?!» (“Нур” сураси, 12-оят)
Яна бир ояти каримада Аллоҳ таоло шундай дейди: «Уни эшитган пайтингизда: «Бу (миш-миш)ни сўзлаш биз учун жоиз эмасдир. Эй пок Парвардигор, бу улуғ бўҳтон-ку!» - десангизлар бўлмасмиди?!» (“Нур” сураси, 16-оят).
Бўҳтон, асоссиз сўзларга қарши курашда, аввало, унинг асл манбаасини аниқлаш, яъни софдил, холис кишилардан суриштириб ҳақиқатни билиш лозимдир. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади: «(Эй Муҳаммад), Биз сиздан илгари ҳам фақат кишиларни (яъни инсонларни) ўзимиз ваҳий юборган ҳолда пайғамбар қилгандирмиз. Бас (эй Макка аҳли), агар ўзларингиз билмайдиган бўлсангизлар (Таврот, Инжилни биладиган) аҳли илмлардан сўранглар» («Анбиё» сураси, 7-оят).
Яна бир оятда шундай дейилади: «Қачон уларга (жангга кетган мусулмон аскарлар ҳақида) тинчлик ёки хавф-хатар (яъни ғалаба ёки мағлубият) хабари келса, уни ёйиб юборадилар. Агар (улар ўзларига келган хабарни ҳар кимга ёйиб юбормасдан) пайғамбарга ва ўзларидан бўлган бошлиқларгагина етказганларида эди, уни (яъни мана шу хабарнинг ҳақиқатини) билмоқчи бўлган кишилар ўшалардан билган бўлар эдилар. Агар сизларга Аллоҳнинг фазл-у марҳамати бўлмаса эди (яъни Аллоҳ ўз марҳамати билан сизларни иймонда устувор қилмаса эди), айрим кишилардан ташқари ҳаммангиз шайтонга эргашиб кетар эдингиз» («Нисо» сураси, 83-оят). Шунингдек, ҳадиси шарифда: «Улар билмай қолган тақдирларида сўрамайдиларми, зеро билмасдан сўралган савол – саволдир», дейилади.
Ислом таълимоти бундай бўҳтон, миш-мишларга қарши тўғри мантиқ, қатъий ҳужжат ва далиллар билан кураш олиб борган. Яна бир тарихий мисол: Уҳуд ғазотида мунофиқлар миш-миш тарқатадилар. Яъни, агар мана шу ғазотда қурбон бўлганлар уйларида қолиб жангга чиқмаганларида эди, ўлиб кетмасдилар, дейишади. Қуръони карим уларга қарши шундай дейди: «Қасамки, агар мунофиқлар, дилларида мараз (ёмон мақсад) бўлган кимсалар ва Мадинада миш-миш тарқатиб юрувчилар (ўз қилмишларидан) тўхтамасалар, албатта, Биз сизни уларга қарши оёқлантирамиз, сўнгра улар (Мадинада) сиз билан бирга тура олмай қолурлар, магар лаънатга дучор бўлган ҳолларида озгина (вақт тура олурлар холос). (У пайтда) улар қаерда топилсалар, ўлдириб ташланурлар» («Аҳзоб» сураси, 60, 61-оятлар).
Равшан ҳақиқат, тўғри маълумот ва ишончли хабарларга асосланган мулоқотни Аллоҳ таоло баракали қилади, эзгулик ва тақвога асосланган ҳамкорликка файз беради. Гуноҳ ва фитнага асосланган мулоқотдан эса баракани кўтаради. Ҳийла-найранг, асоссиз миш-миш, эгри ният асосидаги мулоқотлар ҳамиша самарасиз, муваффақиятсиз ва зиён билан тугайди. Чунки Аллоҳ таоло бундай шум амалларнинг ниҳоясини яхшилик билан тугамайдиган қилиб қўйган. Аллоҳ таолонинг ҳақ йўли ҳеч қачон ўзгармайди!

***

10. Исломий мулоқот одобларидан яна бири - ҳар бир сўзни, тушунчани ҳижжалаб ўрганган ҳолда, тўғри ҳукм чиқаришдир. Чунки ишни тўғри тушуниб олган оқил инсон тўғри ҳукм, хулоса чиқаради. Нотўғри ҳукмлар эса аксарият ҳолларда нотўғри тушунчаларга асосланган бўлади: сўз ва иборалар маъносидаги чалкашлик туфайли ҳақиқатнинг ўрнини ботил, тўғри сўзнинг ўрнини ёлғон эгаллайди.
Аввало, низо чиққан жой - зиддиятнинг макони ва илдизи аниқланса, самарали натижага олиб келади. Сўз ва ибораларнинг маънолари аниқланиб, масаланинг моҳияти ойдинлашгач, тортишаётганларни бир битимга келтириш осон бўлади. Кучли далил-ҳужжатга асосланган мантиқий хулоса ўз-ўзидан намоён бўлади.
Шу ўринда мен Доктор Муҳаммад ал-Баҳийт раҳимуллоҳнинг «Таҳдид ал-мафаҳим аввалан» (“Аввало тушунчаларни аниқлаштириб олиш”) асаридаги қуйидаги сўзларни эслаш жоиз деб ўйлайман: «Инсонларнинг тортишув - ихтилофлари аслида турли фикр туфайли эмас, балки битта фикрнинг ҳар хил талқин этилиши туфайлидир. Нарса-буюмлар ҳақидаги тасаввурнинг чегараланганлиги ихтилофни келтириб чиқаради. Менимча, баҳс-мунозаралар фалсафий, диний, сиёсий оқимларнинг пайдо бўлишидан олдин ҳам бўлган. Ихтилоф-зиддиятни келтириб чиқарадиган нарса бу фикрнинг ҳар хил талқин қилинишидир.

***

Тўғрисини айтсам, баъзи мамлакатлардаги нисбатан кичик қатламни ташкил қилувчи аҳолининг ҳуқуқлари борасида хавотирдаман. Шундай давлатлар борки, аҳолисининг кўпчилиги мусулмонлардир. Яна бошқа давлатлар ҳам борки, аҳолисининг кўпчилиги бошқа диндаги кишилардан иборат. Бир давлатда мусулмон ҳам, ғайри мусулмон ҳам бир хил фуқароликка эга бўлиши мумкин.
Кўп тортишувларга сабаб бўлган ва мени жавоб беришга ундаётган савол шундан иборат: «Ислом таълимотида инсон ҳуқуқлари ва бурчлари, шахсни ҳурмат қилиш ва ижтимоий адолат борасида қандай меъёрлар мавжуд? Шариат мусулмонларнинг ғайри мусулмонлар билан алоқа, муомала қилишини тақиқлайдими?
Мен бу саволга Ислом таълимоти борасидаги билимим ва фаҳмим етганича жавоб бераман. Ислом инсоний бурч ва ҳуқуқлар, шахсни ҳурмат қилиш, ижтимоий адолат борасида барчани бирдай кўради. Инсон ҳаёти, шаън-номуси, мол-мулкини ҳар қандай таҳдиддан ҳимоя қилади. Мусулмонларни бошқа диндагилар билан бағрикенглик, ўзаро меҳр-мурувват асосида Аллоҳ ҳалол қилган ишлар юзасидан ҳамкорлик ўрнатишга чақиради.
Қуръони каримнинг қуйидаги оятлари мусулмонларнинг бошқа диндагилар билан тинч-тотув яшашлари лозим эканига далил бўла олади: «Аллоҳ динингиз бўйича сизлар билан урушмайдиган ва сизларни ўз диёрингиздан ҳайдаб чиқармаган кимсаларга яхшилик қилишингиздан ва уларга адолатли бўлишингиздан сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилгувчиларни севар. Аллоҳ сизларни фақат динингиз бўйича сизлар билан урушган ва сизларни ўз диёрингиздан ҳайдаб чиқарган ҳамда сизларни ҳайдаб чиқаришда бир-бирларига ёрдамлашган кимсалар билан дўстлашишингиздан қайтарур. Кимки улар билан дўстлашса, бас, ана ўшалар золим кимсаларнинг ўзидир» (“Мумтаҳана” сураси, 8,9-оятлар).
Изоҳ: эй мусулмонлар, Аллоҳ бошқа ақида ва диндаги кишилар билан алоқа ўрнатишингизни тақиқламайди. Гарчи сиз билан диндош бўлмасалар-да, уларга ёмонлик қилманг. Аксинча, улар билан эзгу ва адолатли алоқалар ўрнатишингиз керак. Зеро, Аллоҳ таоло адолат қилувчиларни севади.
Қачонки, сизга улар томонидан бирор душманлик, зиён-заҳмат етса, ана шундагина уларга яхшилик қилишдан, ўзаро алоқага киришишдан қайтаради. Эй мусулмонлар, улар душманлик қиларкан, орангиздан бирон киши улар билан ҳамкорлик қилса, демак, у кучли азобга мубтало бўладиган золимдир.
Шу икки оятга эътибор қилинг. Уларда мусулмонларнинг бошқа ақида эгалари билан қандай алоқа ўрнатишларини аниқ-равшан баён қилиб берилган. Биринчи оят ғайри мусулмонлар мусулмонларга ёмонлик қилмасалар, улар билан дўстона алоқа қилишга даъват этяпти. Иккинчи оят эса, бизларга ёмонлик, зиён-заҳмат етказсалар, улар билан алоқаларни узишга буюряпти. Бу умумий қоидадир.
Мусулмонларнинг Аҳли Китоб, яъни христиан ва яҳудийлар билан қандай муносабатда бўлиши кераклиги борасидаги ушбу умумий қоидага қўшимча равишда ислом таълимоти улар билан энг чиройли йўсинда мужодала-мунозара қилишга чақиради. Имкони борича, улар билан дўстона алоқаларни давом эттиришга ундайди: «(Эй мўминлар), сизлар аҳли китоб билан фақат энг чиройли йўсинда мужодала-мунозара қилинглар, магар уларнинг орасидаги зулму-зўравонлик қилган кимсалар билангина (кескин муомала қилишингиз мумкиндир). Ва айтинглар: «Биз ўзимизга нозил қилинган (Қуръон)га ҳам, сизларга нозил қилинган (Таврот ва Инжил)га ҳам иймон келтирганмиз. Бизларнинг илоҳимиз ҳам, сизларнинг илоҳингиз ҳам Бир(илоҳ)дир ва бизлар Унгагина бўйинсунгувчимиз» (“Анкабут” сураси, 46-оят).
Демак, Ислом таълимоти мусулмонларнинг ғайридинлар билан муомала қилишини манъ этмайди. Уларнинг таомлари, сўйган нарсаларини ейишга ва мушрик бўлмаган аёлларга уйланишга рухсат берган. Ушбу оятларга диққат қилинг-а: «Бугун сизлар учун барча нарсалар ҳалол қилинди. Аҳли китобларнинг таомлари сизлар учун ҳалолдир ва сизларнинг таомларингиз улар учун ҳалолдир. Қачонки зино қилмай ва яширин ўйнаш тутмай маҳрларини бериб уйлансангиз, сизлар учун мўминалар орасидан ўзларини ҳаромдан сақлаган аёллар ва сизлардан илгари китоб берилган кимсалардан бўлган, ўзларини ҳаромдан сақлаган аёллар ҳам ҳалолдир. Кимки иймонидан қайтса, унинг қилган амали беҳуда кетиши аниқдир ва у охиратда зиён кўргувчилар тоифасидандир» (“Моида” сураси, 5-оят).
Қуръони карим баён қилган ҳукмларга қўшимча равишда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Аҳли Китоб билан ҳурмат-эҳтиромли муомалада бўлишни буюрган. Алдовсиз, ҳақиқат асосида ҳаёт кечиришга ундаган. Зиён-заҳмат етказмасдан, адолат ила муомала қилишга даъват этган. Шундай ҳадислардан баъзиларини келтирамиз: «Кимки бир зиммий (зиммий - мусулмонлар ҳимоясида турган, улар билан бирга яшайдиган ғайри мусулмон)га зиён етказса, мен унинг душманиман. Мен кимнинг душмани бўлсам, қиёмат куни унга душманлик қиламан». Яна бошқа бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Кимки бир зиммийга зиён етказса, менга зиён етказибди. Ким менга зиён етказган бўлса, Аллоҳга зиён етказибди». (Ёки бошқача: «Ким бир зиммийни хафа қилса, мени хафа қилибди. Ким мени хафа қилган бўлса, Аллоҳни хафа қилибди»).
Ахир, мусулмон ва ғайри мусулмонлар бир давлатда яшасалар, бир хил фуқароликка эга бўлсалар, бир само тагида истиқомат қилсалар, бир Ватанни севсалар, муштарак манфаатлар уларни бирлаштирса, қандай гўзал ҳолат-а! Худди Миср аҳолиси каби...
Хуллас, менинг фикрим шундай: токи бир мамлакатда яшар эканлар, сонлари қанча бўлишидан қатъий назар, ғайри мусулмонлар билан мусулмонлар бир хил ҳуқуқ ва бурчларга эга. Айтиш жоизки, ҳар бир тоифанинг ўз танлаган ақидаси, ўзига маъқул дини бор. Зеро, ақида ва динда мажбурлаш, зўравонлик қилиш йўқдир. Ҳукм қилиш эса - Аллоҳга ҳавола. Қуръони каримда айтилганидек: «Динга зўрлаб (киритиш) йўқдир, (зеро) ҳақ йўл залолатдан ажраб бўлди. Бас, ким шайтондан юз ўгириб, Аллоҳга иймон келтирса, у ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқани ушлабди. Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир» (“Бақара” сураси, 256-оят).
Қуръони каримда бу оятга маънодош бошқа оятлар ҳам бор: «Агар Парвардигорингиз хоҳласа эди, ер юзидаги барча кишилар иймон келтирган бўлур эдилар. Ахир, сиз одамларни мўмин бўлишга мажбур қилурмисиз? (Яъни бундай қилиш дуруст эмасдир. Чунки киши ўз ихтиёри билан келтирган иймонигина ҳақиқий мақбул иймондир). Аллоҳнинг изн-у иродасисиз ҳеч бир жон мўмин бўла олмас. У (Аллоҳ) ақл юргизмайдиган кимсаларни азобга дучор қилур» (Юнус сураси, 99, 100-оятлар).
ўайри мусулмонлар ҳам мусулмонларнинг ақидаларини ҳурмат қилиши керак. Ўз навбатида расмий дини Ислом бўлган давлатларда ҳам барча фуқароларнинг ҳуқуқлари бирдай таъминланиши лозим. Ислом таълимоти мусулмонларни ушбу аҳлоқ қоидаларига қатъий риоя қилишга даъват этади, бошқа диндагиларнинг эътиқодларини ҳурмат қилиб, уларга зарар етказмасликка чақиради: «Аллоҳдан ўзгага сиғинадиган кимсаларни (бутларини) сўкмангиз! У ҳолда улар ҳадларидан ошиб, жоҳиллик билан Аллоҳни сўкурлар. Ҳар бир миллатга ўзлари қилган амални мана шундай чиройли кўрсатиб қўйганмиз. Сўнгра Парвардигорларига қайтмоқликлари бор. Бас, У зот уларга қилиб ўтган амалларининг хабарини берур» (“Анъом” сураси, 108-оят).
Қуйида яна бир қанча далилларни келтирамизки, улар мусулмон ёки ғайри мусулмон бўлишидан қатъий назар, инсонлар ўртасида адолат ҳукм суришини, ҳуқуқ ва бурчлар борасида ҳамма тенг бўлиши лозимлигини таъкидлайди. Чунки ер-у осмон пайдо бўлганидан бери Адолат тушунчаси мавжуддир. Ҳадиси шарифда шундай дейилган. Аллоҳ таоло гап-сўзимиз, гувоҳлигимиз ва ҳукмларимизда дўст-у душманларимизга нисбатан адолатли бўлишга чақиради: «Эй мўминлар, Аллоҳнинг Ўзи учун ҳақ йўлни тутгувчи, адолат билан шаҳодат - гувоҳлик бергувчи бўлингиз! Адолат қилингиз! Шу тақвога яқинроқдир. Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (“Моида” сураси, 8-оят).
Шу ўринда “Нисо” сурасининг 105-113 оятларида ишора қилинган қуйидаги қиссани эслатиб ўтмоқчимиз. Тўъма ибн Убайриқ исмли бир киши қўшниси Қатода ибн ан-Нўъмоннинг совутини ўғирлайди. Сўнг ўғирлиги фош бўлишини билгач, у совутни Зайд ибн ас-Самин исмли яҳудийнинг уйига олиб бориб, беркитиб қўяди.
Сўроққа тутилган яҳудий совутни Тўъма ибн Убайриқ қўйиб кетганини айтади. Лекин Тўъма буни инкор этади ва ўша яҳудий - Зайд ибн ас-Саминни ўғрига чиқаради. Тўъманинг қабиладошлари ҳам Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурига келишиб, уни қўллаб-қувватлашади.
Жумладан, бу борада Аллоҳ таоло шундай дейди: «Албатта, Биз сизга ушбу Ҳақ китобни (Қуръонни) одамлар орасида Аллоҳ кўрсатган йўл билан ҳукм этишингиз учун нозил қилдик. Сиз хоинларни ҳимоя қилгувчи бўлманг. Аллоҳдан мағфират қилишни сўранг! Албатта, Аллоҳ мағфират қилгувчи ва меҳрибон бўлган зотдир. Сиз ўзларига хиёнат қиладиган (жинояткор) кимсаларнинг ёнини олманг! Албатта, Аллоҳ хоин ва жиноятчи бўлган кимсаларни севмайди. Улар (ўзларининг жиноятларини) одамлардан яшира оладилар, аммо Аллоҳдан яшира олмайдилар. У Ўзи рози бўлмайдиган гапларнинг режасини хуфёна тузаётган пайтларида ҳам улар билан бирга бўлур. Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларини иҳота қилгувчи бўлган зотдир» (“Нисо” сураси, 105-108 оятлар).
Изоҳ: ушбу воқеадан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайдни ҳимоя қиладилар ва уни ўғри деганларга қарши гапирадилар.
Мазкур оятларда Аллоҳ таоло “Хоинларнинг ёнини олманг!” деб қатъий ҳукм чиқарар экан, айни пайтда Тўъма ибн Убайриқни ҳимоя қилган қариндошларига ҳам танбеҳ бергандай бўляпти: «Ҳай, майли, сизлар бу дунёда-ку, унинг ёнини олдингиз. Лекин қиёмат кунида уни Аллоҳнинг азобидан ким ҳимоя қила олур экан?! Шундай қалтис пайтда ким унга вакил бўла олади?!»
Аллоҳ таоло адашганларга танбеҳ бераркан, уларга тавба эшикларини ҳам очиб беради: «Ким бирон бир ёмон иш қилса ёки ўз жонига жабр қилса, сўнгра Аллоҳдан мағфират сўраса, Аллоҳни мағфират қилгувчи ва меҳрибон зот сифатида топар - кўрар» (“Нисо” сураси, 109, 110-оятлар).
Сўнг Аллоҳ субҳаноҳу ва таоло ёмон-гуноҳ ишларнинг зарари ўз соҳибларига қайтишини баён қилади: «Кимки бирон гуноҳ қилса, фақат ўзига зарар қилган бўлади. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир. Кимки бирон хато ёки гуноҳни қилиб қўйиб, сўнг уни бир пок одамга туҳмат қилиб отса, муҳаққақки, у бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз зиммасига олибди» (“Нисо” сураси, 111, 112 оятлар).
Шундан сўнг Аллоҳ таоло ўз элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ато этган фазл-у марҳамати ҳақида сўз юритади: «(Эй Муҳаммад) агар сизга Аллоҳнинг фазл-у марҳамати бўлмаганида эди, улардан бир тоифаси сизни йўлдан оздиришга уриниб қолган эди - яъни инсонлар ўртасида ҳақиқат билан иш кўрмасдан, сизни адаштиришга уринган эдилар. Лекин улар фақат ўзларини адаштирадилар, холос. Сизга эса, бирон зиён етказа олмайдилар, (Зеро) Аллоҳ сизга Китоб ва Ҳикматни нозил қилди ва билмаган нарсаларингизни билдирди. Аллоҳнинг сизга қилган фазл-у марҳамати улуғ бўлди. Уларнинг кўп махфий суҳбатларидан - агар садақа беришга ё бирон яхшилик қилишга ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлмасалар - ҳеч қандай фойда йўқдир. Ким Аллоҳ ризосини истаб бу ишларни қилса, унга улуғ мукофот беражакмиз» (“Нисо” сураси, 113-114 оятлар).
Аллоҳ таоло ўз ояти карималарида ҳою-ҳавасга, мутаассибликка берилмасдан, ҳақ йўлида юришимизни буюряпти. Мусулмон ҳамиша ҳақиқат тарафдори бўлиши, адолат ила ҳукм чиқариши лозим.
Хулоса шуки, мусулмон ва ғайри мусулмонлар бир давлатда яшаб, бир хил фуқароликка эга бўлсалар, бир хил ҳуқуқ ва бурчлар билан таъминланишлари лозим. Ислом таълимоти инсоннинг мол-у жонини, қадр-қимматини ҳимоя қилади. Кимки яхшилик қилса, унга яхшилик билан жавоб қайтариш шарт. Кимки ёмонлик қилса, зулмига яраша жазо бериш керак.
Ҳар бир инсон ўз ақидаси, ўз танлаган дини бўйича яшайди. Соғлом ақида ва етук ақл эгалари ҳасад-у қўполлик каби иллатлардан йироқ бўлиб, гуноҳ ва душманликка йўл бермасдан, яхшилик ва тақво йўлини тутган ҳолда бошқалар билан аҳил ҳамкор бўлишлари лозим. «Бу Аллоҳнинг фазлидир. Ундан кимга хоҳласа, Ўзи беради. Аллоҳ буюк фазл эгасидир».

***

11. Исломий мулоқот одобларидан яна бири - бирор мавзу бўйича сўз кетаркан, очиқлик ва ростгўйлик билан гапириш, бўлиб ўтган воқеа-ҳодисаларларни рўй-рост айтиш, аниқ далиллар, “етти ўлчаб бир кесилган” фикрлар асосида тўғри ҳукм - хулосага келишдир.
Шу ўринда мен иккита масалага алоҳида тўхталмоқчиман. Сабаби бу икки масала бўйича ҳар хил гап-сўз кўпайиб кетган. Натижада, қайси фикр тўғри, қайси ботил - билиб бўлмайди. Бу ҳақда ҳар ким ўзича ҳукм чиқаргани боис ихтилофлар пайдо бўлган.
Биринчи масала хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига тааллуқлидир.
Ислом таълимоти аёл кишини эъзозлаш, ҳурмат қилишни ҳамиша диққат марказида тутган. Қуръони каримни ўқиб - уққан киши хотин-қизлар ҳақида мукаммал йўриқномалар борлигини кўради. Илоҳий Китобимизда аёл кишининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари батафсил баён қилинган. Унда аёл зотининг шаъни улуғланган, мақталган. Оналаримизга, рафиқамизга, опа-сингилларимизга юксак даражада ҳурмат кўрсатишимиз, уларга нисбатан ҳамиша шафқат ва адолат билан муносабатда бўлишимиз уқтирилган. Уларнинг жамият ҳаётида муҳим рол ўйнаши, улкан ҳаётий ишларни бажариши, эркак ва аёл орасидаги фарқ икки жинснинг табиатидан келиб чиқиши таъкидланган. Аёлнинг аҳволи ва шароитини яхшилаш, оилани сақлаб қолишга интилиш жамият учун оммавий фойдалар келтириши баён қилинган.
Аёл кишини эъзозлаш, эркак ва аёл тенглиги тамойили ислом таълимотида қуйидаги кўринишларда акс этган:
1. Эркак ва аёл яратилиш жиҳатидан тенгдир.
Бу ҳақиқат бир неча оятларнинг моҳиятини ташкил қилади. Улардан бирида Аллоҳ таоло шундай дейди: «Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳавони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз!..» (“Нисо” сураси, 1-оят)
Маъноси: «Эй иймон келтирганлар, Раббингиздан қўрқинг! Унга итоат этинг ва асло унга осий бўлманг. Унга шукр қилинг, куфр келтирманг. У Ўз қудрати ила сизни бир жондан пайдо қилди. У отангиз Одам алайҳиссаломнинг жонидир. У мана шу бир жондан яна унинг жуфтини яратди, у Ҳаводир. Мана шу бир нафс ва унинг жуфтидан туғиш ва насл қолдириш йўли билан кўпгина эркак ва аёлларни пайдо қилди. Улар Ернинг турли минтақаларида ҳар хил рангларда тарқалдилар. Тиллари ва шакл-шамойиллари қандай бўлишидан қатъий назар, улар бир ота-онадан кўпайганларини идрок этишлари лозим. Бу ҳол уларнинг ўзаро раҳм-шафқатли, ҳамдард бўлишларини тақозо этади.
Қуйидаги оятлар мавзуни тўлдиради: «Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳаво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билгувчи ва огоҳдир.
Изоҳ: эй инсонлар, Биз ҳаммангизни бир Одам ва Ҳаводан вужудга келтирдик. Сиз хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлинг, бир илдиздан, бир негиздан тарқалгансиз. Биз Ўз қудратимиз билан сизни турли халқ ва элатларга мансуб қилдик. Токи сизлар бир-бирингиз билан танишиб, аҳил-тотув бўлинг. Сизнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги ҳурматлироғингиз бу Унга тоат қилиб, вазифаларини оғишмай бажарадиганингиздир.
Ушбу икки оятга ўхшаш яна бир неча оятлар борки, улар эркак ва аёлларнинг тенглигини, бир негиздан пайдо бўлганларини тасдиқлайди: «Бас, парвардигорлари уларнинг дуоларини ижобат қилиб (деди): «Албатта Мен сизлардан бирон амал қилгувчи эркак ё аёлнинг амалини зое қилмагайман...» (“Оли Имрон” сураси, 195-оят)
Изоҳ: Аллоҳ таоло эзгу амаллар қиладиган, тоат-тақвода бошқаларга ўрнак бўладиган бандаларининг дуосини ижобат қилади, уларнинг мақомини юксалтиради. Бунда на эркак, на аёл алоҳида имтиёзга эга эмас: ҳар ким ниятига ва қилган амалига яраша ажр олади.
Аллоҳ таоло барча махлуқотларни икки жинсда яратган. Жумладан, Қуръонда шундай дейилади: «Сизлар эслатма-ибрат олишларингиз учун Биз ҳар ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратдик» (“Зориёт” сураси, 49-оят).
Изоҳ: Биз бу коинотнинг ҳудудини ва ундаги нарсаларнинг сон-саноғини билмасакда-да, уларни Аллоҳ таоло яратганини биламиз. Аллоҳ таоло ҳамма нарсани жуфт-жуфт яратди: эркак ва аёл, кун ва тун, ер ва осмон, бойлик ва фақирлик, ҳидоят ва залолат ва ҳакозо. Буларни кўриб, ибрат олишимиз ва Аллоҳ таолога итоат, шукрона қилишимиз керак.
Аллоҳ таолонинг «сизлардан бирон бирингиз» деган сўзида эркак ҳам, аёл ҳам назарда тутилган. Чунки уларнинг иккови ҳам бир негиздан пайдо бўлган. Бу борада ҳадиси шарифлар ҳам борки, юқоридаги ҳақиқатни таъкидлайди. Имом Аҳмад ўзининг «Муснад» асарида, Абу Довуд ва Имом Термизийлар ўзларининг «Сунан» китобларида Оиша (р.а.)дан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини ривоят қилганлар: «Аёллар эркакларнинг туғишган опа-сингилларидир».
Эркак ва аёллар тенглигини таъкидлаш учун Ислом таълимоти жоҳилият даврида араблар орасида кенг ёйилган чиркин одат - қиз чақалоқларни тириклайин кўмишни, умуман, ўлдиришни ҳаром қилди. Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейилади: «Қачон бировларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазабга тўлиб, юзлари қорайиб кетар ва у (қизни) хўрланган ҳолида олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб) ўзига хушхабар берилган нарсанинг (яъни қиз кўришнинг) «ёмон»лигидан (номус қилиб) одамлардан яшириниб олур... Огоҳ бўлингизким, улар (бу қилмишлари билан) энг ёмон (яъни ноҳақ) ҳукм чиқарурлар». (“Наҳл” сураси, 58, 59-оятлар).
Изоҳ: жаҳолат ва кибр-ҳаволари туфайли мушриклар қиз фарзандли бўлишдан ор қилар эдилар. Айрим тарихчи уламолар бу разолатни бир воқеага боғлаб шарҳлайдилар: узоқ ўтмишда бутун араб жазираси Нўъмон исмли подшоҳ қўл остида бўлиб, барча қавм-қабилалар унга бож тўлаб турар эканлар. Бир йили қабилалардан бири зиммасидаги солиқни тўлашдан бош тортибди. ўазабланган подшоҳ бу қабила устига қўшин тортибди ва уларнинг барча хотин-халаж, ўғил-қизларини асир қилиб олиб кетибди. Қабила аҳли бож тўламагунча асирларни озод қилмаслигини эълон қилибди. Бу талаб бажарилгунча орадан бир муддат вақт ўтибди. Бу вақт ичида қабила бошлиғининг қизи билан подшоҳнинг ўғли бир-бирига кўнгил қўйиб қолишибди. Шу сабабли, гарчи қабиласи бож тўласа-да, қиз бошқалар билан бирга ўз юртига қайтиб кетишни истамабди. Ҳеч қандай дўқ-пўписа ва ялиниб-ёлворишлар кор қилмагач, қизнинг отаси - қабила бошлиғи, душманига кўнгил қўйиб, ўзини шарманда қилган қизидан ниҳоят қаттиқ даражада ғазабланиб, бундан кейин қиз фарзанд кўрса, албатта ерга кўмишга қасам ичибди. Шундай қилиб, бу қабиҳ одат авлоддан-авлодга ўтиб, анъана ҳолига келибди. Ислом дини келгачгина, Қуръони карим бу ярамас одатни манъ этади.
Аллоҳ таолонинг қудрати олдида ҳар бир нарса ожиз ва Унинг тақдири ва хоҳишини ҳеч ким ўзгартира олмайди: «Осмонлар ва ер Аллоҳнинг мулкидир. У ўзи хоҳлаган кишига қизларни ҳадя этур ва Ўзи хоҳлаган кишига ўғилларни ҳадя этур. Ёки уларни эгизак ўғиллар ва қизлар қилур ва Ўзи хоҳлаган кишини - туғмас (бепушт) қилиб қўюр. Албатта У (барча нарсани) билгувчи ва (Ўзи хоҳлаган нарсани яратишга) қодирдур» (“Шўро” сураси, 49, 50-оятлар).
Ушбу тўрт ҳолат инсонлар турмушига хосдир. Уларда Аллоҳ таолонинг хоҳиш-истаги, ҳикмати ва қудрати намоён бўлади. Инсониятга берилган илм ва куч-қувватдан қатъий назар, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким мана шу тўрт ҳолатни бошқара олмайди. Бу тўрт ҳолат: хоҳлаганига ўғил; хоҳлаганига қиз; хоҳлаганига эгизак ўғиллар; хоҳлаганига эгизак қизлар беришдир.
Эркак ва аёл бир негиздан тарқалган экан, улар ўзаро тенгдир, бири иккинчисидан устун бўлолмайди. Улар орасидаги устунлик фақатгина иймон, солиҳ амаллар борасида бўлиши мумкин. Эркаклар жисмоний жиҳатдан бақувват, машаққатларни кўтаришга чидамлироқ бўлса, аёллар ҳис-туйғуларининг нозиклиги, қалбларининг меҳр-муҳаббатга лиммо-лимлиги билан ўзига хосдирлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларни шундай васф қилганлар: «Аёлларни фақат яхши одамгина ҳурмат қилади. Нодон одам эса уларни хорлайди». Ул зот шундай буюрганлар: «Аёлларга яхши муомала қилинглар».
2. Шаръий мажбуриятларда эркак ва аёлнинг тенглиги.
Шаръий мажбуриятларда эркак ва аёллар учун умумийлари бор. Қуръони каримнинг шундай оятлар борки, яхшиликка савоб, маъсиятга жазо борлиги уқтирилар экан, эркаг-у аёлга умумий хитоб қилинади. Фикримизга далил бўладиган оятга диққат қилинг: «Албатта, муслим ва муслималар, мўмин ва мўминалар, итоатгўй эркаклар ва итоатгўй аёллар, ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар, сабр-қаноат қилгувчи эркаклар ва сабр-қаноат қилгувчи аёллар, тавозуъли эркаклар ва тавозуъли аёллар, хайру-садақа қилгувчи эркаклар ва хайру-садақа қилгувчи аёллар, рўза тутгувчи эркаклар ва рўза тутгувчи аёллар, авратларини (ҳаромдан) сақлагувчи эркаклар ва (авратларини ҳаромдан) сақлагувчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр қилгувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилгувчи аёллар - улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофот (яъни жаннат) тайёрлаб қўйгандир» (“Аҳзоб” сураси, 35-оят).
Ушбу ояти каримада эркак ва аёлларга хос бўлган ўнта фазилат ўз аксини топган. Эркакми-аёлми, ким бўлишидан қатъий назар, буларга амал қилган инсон улуғ савобга эга бўлади.
Муфассирлар ушбу оятнинг нозил бўлиш сабаби бўйича бир неча ривоятларни келтирганлар. Имом Аҳмад, Насоий ва бошқалар ривоят қилган қуйидаги ҳадисга эътиборингизни тортамиз: “Умму Салама (р.а.) шундай деди: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга мурожаат қилиб: “Қуръони карим эслатган нарсалар ичида эркаклар қатори бизни ҳам эслатиб ўтганми?” - дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга ҳеч нарса демай, минбарга чиқдилар ва қуйидаги ояти каримани ўқидилар: «Эркакми ё аёлми - кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, бас, Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган амалларидан чиройлироқ ажр-савоблар билан мукофотлаймиз» (“Наҳл” сураси, 97-оят).
Ушбу ояти карима солиҳ амалга яраша савоб олишда эркак ва аёл бир хил даражада эканини кўрсатяпти. Ушбу оятга ўхшаш яна бир оятда шундай дейилади: «Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан тўхтатадилар, намозни тўкис адо этадилар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат қиладилар... Аллоҳ қудратли, ҳикматлидир. Аллоҳ мўмин, мўминаларга остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган жаннатлар ва жаннат боғларидаги покиза масканларни ваъда қилди. Аллоҳнинг розилиги эса ҳамма нарсадан улуғроқдир. Мана шу ҳақиқий буюк бахтдир» (“Тавба” сураси, 71,72-оятлар).
Энди бошқа оятга назар ташланг: « (Эй Муҳаммад), мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўлдир). Албатта, Аллоҳ улар қилаётган ҳунарлардан хабардордир. Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркакларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар, ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни, устидаги либосларидан бошқа зеб-зийнатларини номаҳрамларга) кўрсатмасинлар ва кўкракларини рўмоллари билан тўссинлар! Улар зеб-зийнатларини кўрсатмасинлар, магар эрларига ё оталарига ё эрларининг ўғилларига ё ўзларининг оға-иниларига ё оға-иниларининг ё опа-сингилларнинг ўғилларига ё ўзлари (каби) аёлларга ё қўл остидаги чўриларга ё (аёллардан) беҳожат (яъни кексайиб қолган ёки ақлсиз девона) эркак хизматкор-қулларга ё аёлларнинг авратларидан хабардор бўлмаган гўдакларгагина (кўрсатишлари жоиздир). Яна яширган зеб-зийнатлари билинсин учун оёқларини ерга урмасинлар! Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар» (“Нур” сураси, 30,31-оятлар).
Кўряпмизки, Аллоҳ таоло эркак ва аёлларга бир хил вазифаларни юклаяпти. Уларни поклиг-у тозаликка, эҳтиёткор бўлиб яшашга, номаҳрамларга қарамасликка буюряпти ва ҳар қандай кутилмаган ҳодисаларга тайёр туришга чақиряпти.
Эркак киши аёл киши билан гаплашаркан, фақат Аллоҳ таоло ҳалол қилган ҳудудларга қараши мумкин. Аёл киши ҳам эркак киши билан гаплашаётганда фақат шариатда рухсат этилган жойларга кўз ташлаши лозим. Чунки эркакнинг аёл билан муомаласи айни пайтда аёлнинг эркак билан муомаласи ҳисобланади. Улардан бири иккинчисига ёмон ният, ҳирс билан қараса, гуноҳ бўлади ва ёмон оқибатларга олиб келади.
Аллоҳ таоло: «...ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни устиларидаги либосларидан бошқа зеб-зийнатларини номаҳрамларга) кўрсатмасинлар», деркан, хотин-қизларни тажовуздан асраш, номаҳрамлар қалбида фитна уйғотмаслик кўзда тутилган. Фақиҳлар айтадиларки, аёллар фақатгина юзлари ва қўллари (билакдан бармоқ учигача бўлган қисм)ни кўрсатсалар бўлади.
Оятнинг давомида «... ва кўкракларини рўмоллари билан тўссинлар» дейилмоқда. Бу ерда зийнатли жойларнинг бир қисмини беркитиш йўли баён қилиняпти. Оятдаги “хумур” сўзи рўмол маъносини билдириб, аёл киши у билан боши, бўйни ва кўкрагини беркитиб олади. Демак, «кўкракларини рўмоллари билан тўссинлар» дейиларкан, кўйлакнинг юқори қисмидаги очиқ жой - аёл кишининг бўйни ва кўкраклари бўртиб, билиниб турадиган жой назарда тутилмоқда.
Изоҳ: мўмина аёллар мана шу ёпинчиқ билан бошлари ва кўкракларини ёпиб юришлари керак. Токи ён атрофдаги бошқа бировларнинг кўзи тушиб, гуноҳкор бўлмасинлар.
«Улар зеб-зийнатларини кўрсатмасинлар! Магар эрларигагина (кўрсатишлари жоиздир)»- дейилмоқда. “Зийнат” бу - юз, икки қўл (билакдан бармоқ учигача), бошдаги соч, икки зиро (кафтдан елкагача), оёқлар ҳисобланади.
Аллоҳ таоло мўмина аёлларга ушбу зеб-зийнатларини фақат ўн икки тоифадаги инсонларга кўрсатишларини жоиз қилди. Улар қуйидагилар: эрлари, фарзандлари, эрларнинг оталари, оталари, эрларининг фарзандлари, ака-укалари, қўл остидаги чўрилар, кекса кишилар, аёллар, балоғатга етмаган болалар...
Қуйидагиларга эса, гарчи қариндош бўлсалар-да, кўрсатиш мумкин эмаслиги айтилган: амакилари (отанинг ака-укалари), тоғалари, (онанинг ака-укалари)...
«Яна яширган зеб-зийнатлари билинсин учун оёқларини (ерга) урмасинлар!» Бу буйруқнинг маъносини англаш қийин эмас. Ҳа, муслима аёл бегона эркаклар қалбида шаҳват ва фитна уйғотадиган бирон ҳаракат қилмаслиги шарт. Бу гуноҳ амал бўлиб, қатъиян таъқиқланади. Афсуски, банда ожиз, билиб-билмасдан гуноҳ қилиб қўйиши мумкин, шу боис Аллоҳ таоло оятни қуйидагича тугатади: «Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар».
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаръий мажбуриятларни адо этиш, фақат Аллоҳ таолога ибодат қилиш, комил ахлоқ эгаси бўлиш каби масалаларда нафақат эркакларга, балки аёлларга ҳам қасам ичдирганлар. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: «Эй пайғамбар, қачон сизнинг олдингизга мўминалар келишиб, сизга ўзларининг Аллоҳга бирон нарсани шерик қилмасликларига, ўғирлик қилмасликларига, зино қилмасликларига, (камбағаллик ёки шарманда бўлишдан қўрқиб) ўз болаларини ўлдирмасликларига ва қўл-оёқлари ўртасида тўқиб оладиган бўҳтонни қилмасликларига (яъни фарзандсизлик сабабли ўз эрларидан ажралиб қолмаслик учун бирон ташландиқ болани топиб, гўё у қўл-оёқлари ўртасидан чиққандек, яъни ўзлари туққандек эрларига «Мана шу бола сендан бўлди», деб бўҳтон қилмасликка) ҳамда бирон яхши ишда сизга итоатсизлик қилмасликларига қасамёд қилсалар, сиз уларнинг қасамёдларини қабул қилинг ва улар учун Аллоҳдан мағфират сўранг! Албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир» (“Мумтаҳана” сураси, 12-оят).
Ушбу ояти каримадан кўриниб турибдики, шаръий мажбуриятларни бажариш борасида аёллар эркаклар билан тенгма-тенг масъулдирлар. Лекин Ислом таълимоти аёлларнинг баъзи ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олиб, уларга айрим енгилликлар беради. Масалан, ҳайз ва нифос пайти улар ибодат қилишдан озод бўладилар. Умуман олганда эса, шаръий мажбуриятлар, ибодат, одоб-аҳлоқ борасида эркак ва аёл бир хил жавобгарликка эга.

***

3. Илм ўрганиш, маърифатли бўлишдаги тенглик.
Шаръий мажбуриятларда бўлгани каби илм олишда ҳам ислом таълимоти эркак ва аёлни ажратмайди. Балки ҳар иккисини ҳам илмли, маърифатли, маданиятли бўлишга буюради. Фақат бу илм-маърифатдан ўзига ҳам, эл-юртга ҳам наф, фойда тегсин...
Аллоҳ таоло, хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, илм билан шуғулланган инсонни шарафлаган. Жумладан, Қуръони каримда шундай дейилади: «Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари - адолат билан ҳукм қилгувчи ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг ўзи борлигига гувоҳлик бердилар. Ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг ўзи бор. У қудратли, ҳикмат эгасидир» (“Оли Имрон” сураси, 18-оят).
Яна бошқа оятда шундай дейилади: «Аллоҳдан бандалари орасидаги олим - билимдонларгина қўрқур...» (“Фотир” сураси, 28-оят)
Қуйидаги оятда ҳам илм эгалари - маърифатли инсонлар улуғланган: «Ушбу масалларни Биз одамлар (ибрат олсинлар) учун айтурмиз. (Лекин) уларни фақат илм эгаларигина англай олурлар» (“Анкабут” сураси, 43-оят).
Ушбу оятда эса билгувчилар ва бошқаларнинг ўзаро тенг бўлмаслиги таъкидланган «... Айтинг: «Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!» Дарҳақиқат фақат ақл эгаларигина панд-насиҳат олурлар» (“Зумар” сураси, 9-оят).
“Илмли одам хор бўлмас”, деймиз. Бу бежиз эмас. Зеро, Аллоҳнинг ваъдаси бор: «Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (“Мужодала” сураси, 11-оят).
Илмли инсонга - у хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин - ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ҳақида қатор ҳадиси шарифлар бор. «Саҳиҳайн»да келтирилган ҳадисда айтилишича: «Аллоҳ кимга яхшиликни истаса, уни динда тушунадиган қилиб қўяди».
Абу Довуд ва Термизий Абу Дардодан (р.а.)дан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: «Кимки илм олиш учун кўчага чиқса, Аллоҳ таоло унинг жаннатга борадиган йўлини осон қилиб қўяди».
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёллар учун ҳам вақт ажратар эдилар. Уларга ҳидоятдан таълим-тарбия берар, саволларини жавобсиз қолдирмасдилар. Бухорий ва бошқалар Абу Саид ал-Худрийдан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: «Бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Эркаклар биздан ўтиб кетишди. Бизга ҳам бир кунни ажратинг» - деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам алоҳида бир кунни ажратдилар ва улар билан учрашиб, ваъз, маърузалар ўқидилар. Дин илмидан сабоқ бердилар...»
Шунга ўхшаш яна бир ҳадис ҳам бор: «Бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб шундай деди: «Ё Расулуллоҳ, эркаклар сизнинг гапларингизни ўрганмоқдалар. Бизга ҳам бир кунни ажратиб, Аллоҳ таоло Сизга ўргатган нарсалардан таълим беринг». Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундй дедилар: «Сизлар ҳам фалон-фалон кунлари йиғилинглар». Аёллар ўша кунлари йиғилдилар. Пайғамбар алайҳиссалом келиб, Аллоҳ ўзларига ўргатган нарсалардан уларга сабоқ бердилар».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига бағишланган китобларни ўқиган киши шунга амин бўладики, кўпгина ҳадисларни Расулуллоҳдан бевосита аёллар ривоят қилганлар. Уларнинг орасида Оиша (р.а.) энг кўп ҳадис ривоят қилган, шунингдек, пайғамбаримизнинг бошқа аёллари ҳам кўплаб ҳадисларни айтиб қолдиришган.
Устоз Абдуллоҳ Афифий ўзининг «Араб аёли - жоҳилият ва Ислом даврларида» китобида аёлларнинг шаръий илм, тилшунослик, адабиёт ва бошқа соҳаларда ўзларига яраша ўринлари борлигини таъкидлайди. Оқилона тамойилларга асосланган, ҳидоят устун бўлган жамиятда - у қайси замон ва маконда бўлишидан қатъий назар - эркаклар ва аёллар бир-биридан ажратилмаган, бир-биридан устун қўйилмаган: уларга фойдали илмлар баб-баробар ўргатилган.
Бу ҳақда шоирлар кўплаб шеър ҳам битганлар.
Ҳа, бизнинг давримизда ҳам минг-минглаб аёллар илм чўққиларини забт этиб, баланд мартаба ва даражаларга эришмоқда. Турли масъулиятли мансабларда ишлаб, катта-катта жамоаларни бошқараётган аёллар қанча?! Бу ҳол жамиятни бахтли, барқарор қилади. Илоҳи, илмли, оқила, мўмина аёлларнинг сони бундан ҳам кўпайсин.
Омин!!!
4. Ишлаш ҳуқуқидаги тенглик. Аллоҳ таоло эркак-аёлни ажратмасдан амал қилиш - ишлашни барчага ҳалол қилди. Жумладан, Қуръонда шундай дейилади: «Бас, Парвардигорлари уларнинг дуоларини ижобат қилиб (деди): «Албатта, Мен сизлардан бирон амал қилгувчи эркак ё аёлнинг амалини зое қилмагайман. Зеро, бировингиз бировингиздандирсиз. (Яъни, эркак аёлдан, аёл эркакдан дунёга келган)(Оли имрон 195-оят).
Яна бошқа оятда эса шундай дейилади: «Эркак ё аёлми - кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, бас, Биз унга ўзлари қилиб ўтган амалларидан чиройлироқ ажр-савоблар билан мукофотлаймиз» (“Наҳл” сураси, 97-оят)
Ислом таълимоти аёл кишининг табиба, муҳандиса, мударриса, тижоратчи бўлишига ёхуд бошқа бирон шарафли иш билан шуғулланишига монелик қилмайди. Муҳими, улар ўз ишларидан ҳалол ризқ топсалар, бас!!! Шунингдек, эҳтиёткор ва камтар бўлишса ҳамда Аллоҳ буюрган аъзоларини беркитиб юришса, мақсадга мувофиқдир.
Ислом таълимоти аёл кишига оммавий вазифаларни ҳам бажаришига рухсат беради. Фақат бу вазифалар рухсат этилган амаллар бўлиши лозим. Қолаверса, иш жараёнида унинг барча ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилинган бўлиши керак. Шунингдек, унинг иши оиладаги бурчларини адо этишга - эри ва болаларига қараш каби вазифаларига халақит бермаслиги керак... Негаки, ким бўлмасин, аёл аввало уй бекаси - она, рафиқадир. Унинг ўрнини бошқа ҳеч ким боса олмайди.
Пайғамбар ва саҳобалар давридаги жамият ҳаётини ўрганар эканмиз, аёллар уй ичи ва ташқарисида кўплаб муҳим ишлар билан шуғулланганини кўрамиз.
Шундай аёллардан бири Абу Бакр Сиддиқнинг қизлари Асмодир. У Зубайр ибн Авом розийаллоҳу анҳуга турмушга чиққанидан кейинги ҳаёти ҳақида шундай деган: «Мен Зубайрнинг уйида ҳамма ишларни қилар эдим. Отига қарар, озиқ берардим. Челакда сув ташиб, суғорардим. Идишни бошимда кўтариб, 2-3 фарсах масофагача олиб борар эдим”.
Улардан яна бири Оиша билан Умму Сулаймдирлар. Улар Уҳуд жангида мусулмон жангчиларига хизмат қилганлар. Уларга сув ташиб, бошқа ишларда ҳам кўмак берганлар.
Улардан яна бири Умайна бинти Қайс ал-ўифорийдир. У Ҳайбар жангида жуда яхши хизмат қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазотдан кейин уни қимматбаҳо тақинчоқлар билан тақдирлаганлар. Бу тақинчоқлар бутун ҳаёти давомида унга зийнат бағишлаб турган. Ҳатто у ўлганидан сўнг шу тақинчоқ билан дафн этишларини васият қилган.
Хулоса қилиб айтганда, ислом таълимоти ишлаш борасида эркак ва аёлни тенг кўради. Лекин у иш Аллоҳ таоло томонидан ҳалол қилинган амал бўлиши ва аёл кишининг табиати, хусусиятлари ва қадр-қимматига мос тушиши керак.

5) Фуқаролик ҳуқуқидаги тенглик. Ислом таълимотини қунт билан ўрганиб чиққан киши шунга амин бўладики, унда эркак ва аёлнинг даражалари фуқаролик ҳуқуқи бўйича тенг кўрилган.
Масалан, савдо-сотиқ, эгалик, мулк ва ваколатдаги тасарруф ҳуқуқлари бўйича эркакгу-аёл баб-баробар имтиёзларга эгадир.
Қизбола агар балоғат ёшига етмаган бўлса, унинг мол-мулкини муҳофаза қилиш Қуръони каримда белгилаб қўйилган. Агарда бу вақт мобайнида мол-мулки фойда берган ва кўпайган бўлса, у балоғатга етгач, тўлалигича, ҳеч бир камчиликсиз қайтариб бериш вожиб бўлади. Бунда у хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин - фарқи йўқ.
Ояти карималарга диққат қилинг: «(Вояга етганларидан кейин қўл остингиздаги) етимларга молларини берингиз ва сиз учун нопок бўлган (етимларнинг молларини ўзингизнинг ҳаққингиз бўлган) пок нарсага қўшиб емангиз! Зеро, бу катта гуноҳ бўлган ишдир» (“Нисо” сураси, 2-оят).
Яна бир оятда шундай дейилади: «Етимларни то балоғат ёшига етгунларича имтиҳон қилиб (текшириб) туринглар. Агар уларнинг эс-ҳушлари жойида эканини кўрсангиз, молларини ўзларига топширинглар. У молларни исроф қилиб ва (эгалари) катта бўлиб қолмасин, деб шошилиб еб қўйманглар. (Етимни оталиққа олган киши) агар бой бўлса, (етим молидан) парҳез қилсин. Бордию камбағал бўлса, яхшилик билан (яъни қилган хизматига яраша) олиб есин. Мол-мулкларини ўзларига қайтарганингизда эса гувоҳ келтиринглар. Аллоҳнинг ўзи етарли ҳисоб-китоб қилгувчидир» (“Нисо” сураси, 6-оят).
Ислом таълимоти аёл киши агар вояга етган бўлса, эркаклардек унга ҳам савдо-сотиқ, ҳадянома (бировга бир нарсани ҳадя қилиб бериш ҳақида ёзиладиган расмий ҳужжат), васиятнома ва бошқа шу каби ақдларни тузишга рухсат беради. Шунингдек, барча масъулият ва бурчларда у тўла озоддир. Хоҳ мол-мулк, хоҳ кўчмас мулк ёки уй анжомлари бўлсин, уларга эгалик қилиши ва ўз тасарруфидаги нарсаларни ўзи танлаган йўл билан бошқариши мумкин. Аёл кишининг изнисиз унинг мол-мулкига ҳеч ким, ҳатто эри ҳам дахл қила олмайди.
Ислом таълимоти аёл кишига ўз хоҳиши билан эр танлаш ҳуқуқини беради. Бунда зўрлаш, мажбурлаш бўлиши мумкин эмас. Аёл кишининг валийси унинг хоҳишига қарши тарзда мажбурлашга ҳаққи йўқ. Аёл кишининг изнисиз тузилган ақд - унаштирув саҳиҳ, ҳақиқий деб ҳисобланмайди. Бундай вазиятда ислом таълимоти аёл кишига унаштирув маросимини бекор қилишни талаб қилиш ҳуқуқини беради...
Қуйидаги саҳиҳ ҳадислар турмушга узатишдан олдин аёл кишининг рухсатини олиш вожиблиги ҳақидадир: “Бева аёл ўз розилигини билдирмагунча, бокира қиз изн бермагунича никоҳ бўлмайди», деди расули акрам. Шунда саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, бокира қизнинг изн бериши қандай бўлади?» - деб сўрадилар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бокира қиз сукут сақлайди», дедилар.
Абу Ханифа “Вояга етган аёл ўзи хоҳлаган кишисига турмушга чиқиши мумкин”, дейдилар. Шарти шуки, эр у аёлга ҳар томонлама мос бўлиши керак. Агар шундай бўлса, валий эътироз билдирмайди. Агар эркак аёлнинг тенги бўлмаса ва унинг маҳри муайян ўлчовдан кам бўлса, эътироз билдириши мумкин. Бу фикрни Абу Ханифа шундай изоҳлайди: аёл киши савдо-сотиқ ва бошқа ишларда мустақил шартнома тузса, турмушга чиқаётганда ҳам унинг мустақил ақд - шартнома тузишга ҳаққи бор. Зеро, у ақд билан бу ақд ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ.

6) Масъулиятни қабул қилишдаги тенглик. Ислом таълимотида қайд этилган қоидалардан яна бири аёл кишининг эркаклардек масъулиятли бўлишидир. Иккиси ҳам итоат этганида - савобга, маъсиятга йўл қўйганида эса жазога мубтало бўладилар.
Жумладан Қуръонда шундай дейилади: «Хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин - кимда-ким мўмин бўлган ҳолида яхши амалларни қилса, ана ўша кишилар жаннатга кирурлар ва уларга заррача зулм қилинмас» (“Нисо” сураси, 124-оят).
Бошқа оятда эса шундай ҳукм бор: «Ўғри эркакни ҳам, ўғри аёлни ҳам Аллоҳ томонидан қилмишларига яраша жазо ва азоб бўлсин учун қўлларини кесинглар! Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир» (“Моида” сураси, 38-оят).
Яна бир оятда қуйидагича ҳукм қилинади: «Зинокор аёл ва зинокор эркак - улардан ҳар бирини юз даррадан уринглар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида шундай дейилади: «Ҳар бирингиз раҳбарсиз ва ҳар бирингиз ўз қўл остингиздагиларга масъулдирсиз. Имом раҳбардир, у ўз остидаиларга масъул. Аёл киши - эрининг уйида фарзандларга масъулдир»
Хулоса шуки, Ислом таълимоти ўрнатган асослар қуйидагилардир: ҳар бир вояга етган ақлли инсон - хоҳ у эркак, хоҳ у аёл, хоҳ ҳоким ёки маҳкум бўлишидан қатъий назар, ўз тасарруфидаги нарсалар ва айтган сўзлари-ю қилган ишларига жавоб беради.

7) Инсоний қадр-қимматдаги тенглик. Эркак аёл туфайли, аёл ҳам эркак туфайли азиздир. Аллоҳ таоло Одам (а.с.)нинг ҳамма зурриётларини азиз-мукаррам қилиб қўйди: «Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) чиқариб қўйдик ҳамда уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқу рўз бердик ва уларни Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик» (“Исро” сураси, 70-оят). Бу ерда “одам болалари” дейилганда барча - эркаг-у аёл назарда тутилмоқда.
Аллоҳ таоло одамзотни огоҳлантирар экан, эркак ва аёлга бирдай мурожаат қилади: «Мўмин ва мўминаларга бирон гуноҳ қилмасликларидан олдин озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устиларига олибдилар» (“Аҳзоб” сураси, 57-оят).
Яна бошқа оятда шундай дейилади: «Албатта (бузуқ ниятлардан) бехабар, покиза, мўмина аёлларни бадном қиладиган кимсалар дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатга дучор бўлдилар. Улар учун улуғ азоб бордир» (“Нур” сураси, 23-оят)
Ислом аёлнинг шаънини покиза сақлашга алоҳида эътибор қаратади. Уни турли бўхтон-туҳматлардан муҳофаза қилишга буюради. Жумладан, қуйидаги оятда шундай буюрилади: «Покиза аёлларни (зинокор) деб бадном қилиб, сўнгра (бу даъволарига) тўртта гувоҳ келтира олмаган кимсалар(ни) уларни саксон дарра уринглар ва ҳеч қачон уларнинг гувоҳликларини қабул қилманглар! Улар фосиқ-итоатсиз кимсалардир. Магар шу (қилмишларидан) сўнг тавба қилиб, (ўзларини) тузатган кимсаларгина (фосиқ эмасдирлар). Зеро Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир» (“Нур” сураси, 4-5 оятлар).
Ислом таълимоти аёл кишининг қадр-қиммати, шаънини ҳимоя қиларкан, айни пайтда унинг яқинларининг ҳам ор-номусини, шаън-шавкатини муҳофаза қилади.

8) Меросдаги тенглик. Жоҳилият даврида аёл киши меросдан ҳеч қандай улуш ололмас эди. Шунингдек, вояга етмаган ўғил болалар ҳам меросдан бебаҳра қолардилар. Жоҳилият аҳлининг қарори шундай эди: «От устида жанг қила олмайдиган, камондан ота олмайдиган, қиличбозликка кучи етмайдиган ва ўлжанинг ортидан қува олмайдиган... кимсага мерос йўқ».
Ислом келгандан сўнггина аёллар ҳам худди эркаклар каби меросдан улуш оладиган бўлишди. Қуръонда шундай дейилади: “Эркаклар учун ота-оналари ва қариндош-уруғлари қолдириб кетган меросдан улуш бордир. Аёллар учун ҳам ота-оналари ва қариндош-уруғлари қолдириб кетган меросдан улуш бордир. Бу улушлар озми-кўплигидан (қатъий назар) фарз қилинган ҳақлардандир» (“Нисо” сураси, 7-оят).
Ислом таълимоти меросдаги улушларни ҳам аниқ белгилаб берган. Аёлнинг улуши ярим эркак улушига тенг, яъни икки аёлнинг улуши бир эркакнинг улуши миқдоридадир: «Аллоҳ фарзандларингизга (тегишли мерос) ҳақида бир ўғил учун икки қиз улуши баробарида мерос беришни амр қилур» (“Нисо” сураси, 11-оят).
Аллоҳ таоло бир эркакнинг улушини икки аёл улуши баробарида қилди. Чунки аёл кишининг молиявий мажбуриятлари эркак кишиникидан камдир. Эркак киши ўзига, аҳли аёлига, болаларига ва ўзининг қўли остидаги бошқа кишиларга нафақа қилиши керак. Аёл кишининг меросдаги улушида эса ҳеч қандай шерик бўлмайди.

9) Гувоҳликдаги тенглик. Ислом таълимоти хотин-қизларга хос масалаларда аёл кишининг гувоҳлигини ҳурмат қилади ва бундай ҳуқуқ аёл кишига хос деб ҳисоблайди. Бундан ташқари, бошқа ишларда ҳам аёл кишининг гувоҳлиги қабул қилинади. Икки аёл кишининг гувоҳлиги бир эркак кишининг гувоҳлигига баробар келади. Гувоҳлик, агар унда эркаклар умуман қатнашмаса, тўлиқ ҳисобланмайди. Қуръони каримнинг қуйидаги оятида шундай ҳукм бор: «... Ва сизлар рози бўладиган (адолатли) гувоҳлардан икки эркак кишини, агар икки эркак топилмаса, бир эркак ва икки аёлни - бири унутиб адашса, яна бири унга эслатади - гувоҳлик қилинглар! Гувоҳлар (гувоҳлик учун) чақирилганда бош тортмасинлар!..» (“Бақара” сураси, 282-оят).
Икки аёл гувоҳлиги бир эркак гувоҳлигига тенг, дейилмоқда. Сабаби - аёл гувоҳнинг бири унутса ёки чалғиса, бошқаси эслатиб туриши учундир. Чунки аёл кишида ҳис-туйғу, эҳтирос кучли бўлади, воқеа-ҳодисалардан кучли таъсирланади ва ваҳимага тушиб қолади. Бу ердаги ҳикмат шуки, гувоҳликда икки аёл бир-бирига ёрдам бериб, бўлиб ўтган воқеани ва ўз ҳуқуқларини эслатиб туради.
Аллоҳнинг ҳар бир амрида улкан ҳикмат бор. Биз бу муқаддас амрларни эшитарканмиз, соф, холис кўнгил ила: «Эшитдик ва итоат этдик», дейишимиз лозим. Шундагина ҳаётимизда рўй бериши мумкин бўлган кўплаб кўнгилсизликларнинг олдини олган бўламиз.

***

Ислом таълимоти бўйича эркак ва аёл яратилишдаёқ баробар эканини кўриб чиқдик. Жамиятнинг турли жабҳаларида, турмушнинг барча масалаларида бу тенгликка амал қилинади. Лекин бу тенгликда эркак ва аёл ўртасида муайян фарқлар борми? Ҳа, бор. Бу фарқларнинг ҳар бири адолат, икки жинснинг, манфаати, бахт-саодати учундир. Эркак кишининг ўзига хос табиати, жисмоний ва маънавий хусусиятлари бор. Аёл киши ҳам шундай. Ҳар иккаласи “ҳазрати инсон” деган унвонга баб-баробар номзод бўлса-да, фитратан нозик тафовутларга эга. Қуръони карим эркак ва аёл ўртасидаги ана шу фарқларга бир неча оятларда ишора қилади. Жумладан, Аллоҳ таоло шундай дейди: «Аллоҳ бирон неъмат билан бирингизни бирингиздан ортиқ қилиб қўйган бўлса, сизлар уни (ҳасад-адоват билан) орзу қилманг! Эркаклар ҳам ўз меҳнатларидан насиба олурлар, аёллар ҳам ўз неъматларидан насиба олурлар. Сизлар (бировларга берилган неъматларга кўз олайтириш ўрнига) Аллоҳнинг фазлу марҳаматини сўранглар. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчи бўлган зотдир» (“Нисо” сураси, 32-оят)
Ушбу оятнинг нозил бўлиш сабаби ҳақида тафсирчилар шундай дейдилар: «Умму Салама розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай деган эканлар: «Ё Расулуллоҳ, эркаклар жанг қиладилар, биз эса жанг қилмаймиз. Бизга мероснинг ҳам ярми тегади». Шу пайт Аллоҳ таоло томонидан юқоридаги оятни нозил бўлган экан. Ушбу воқеа эркак ва аёл ўртасида ислом таълимоти белгилаб қўйган фарқларга бир мисолдир.
Ҳайз ва нифос ҳолатидаги аёллар зиммасидан намоз ўқиш соқит қилинади. Ислом таълимоти ушбу икки ҳолатда аёл кишининг рамазон ойида рўза тутишини ҳам бекор қилди. Бундай ҳолат рўй берса, аёл киши қолган рўзасини рамозон ойидан кейин тутиб беради.
Иқтисодий қийинчилик пайтларида ҳам аёл киши ўз номусини пок сақлаши шарт. Пул топаман деб турли номақбул кўчаларга кириб кетишдан ислом таълимоти қайтаради. Шунингдек, ислом таълимоти аёл кишига нафақани вожиб қилди. Шахсий мол-мулки аёлнинг фақат ўзигагина тегишлидир. У ўзи хоҳласагина бошқаларга ёрдам бериши мумкин. Унинг розилиги ва ихтиёрисиз мулкига дахл қилиб бўлмайди. Ҳатто талоқ ҳолатида ҳам... Эр ўз аёлини - ҳатто у идда ҳолатида бўлса ҳам - озиқ-овқат, кийим-кечак ва турар жой билан таъминлаши, ундан орттирган фарзандларини ҳам нафақа билан таъминлаши лозим. Фиқҳ китобларида аёлга нафақа бериш (замонавий ибора билан айтганда - “алимент”) масаласи жуда яхши баён қилиб берилган.
Ислом таълимоти масъулиятли вазифа - бошқарув ҳуқуқини аёлга эмас, эркакка берди. Чунки у оиланинг моддий таъминотига жавобгардир. Қолаверса, жавобгарлик ва масъулиятни кўтариш борасида эркак киши нисбатан кучлироқдир. Ушбу бошқарув имтиёзи бошбошдоқлик, туғён асосида эмас, балки меҳр-шафқат асосида бўлиши лозим. Қуръони карим эркакнинг ушбу бурчини қуйидагича баён этади: «... Ва яхши амалларда улар (аёллар) учун эрлари олдидаги бурчлари баробарида ҳуқуқлари ҳам бор. Ва эркаклар учун (аёллар) устида бир даража (имтиёз) бор. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир» (“Бақара” сураси, 228-оят).
Эркакларнинг аёллар устида ўз ҳуқуқлари бўлганидек, аёлларнинг ҳам эркаклар устида ҳақлари бордир. Аммо эркаклар аёлларга қараганда бир ҳуқуқда устундирлар. Чунки эркаклар аёлларни ҳимоя қилишга, уларнинг эҳтиёжларини қондиришга, нафақа билан таъминлашга ва бошқа бурч ва масъулиятларга жавобгардир.
Турли бузуқчиликнинг олдини олиш, хотин-қизлар шаънини муҳофаза қилиш мақсадида Аллоҳ таоло балоғатга етган аёл кишини ҳаёли, иффатли ва ор-номусли бўлишга, ўз баданидаги муайян аъзоларини беркитиб юришга буюради. Жумладан, Қуръонда шундай дейилган: «... Ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни устиларидаги либосларидан бошқа зеб-зийнатларини номаҳрамларга) кўрсатмасинлар» (“Нур” сураси, 31-оят).
Уламолар «кўриниб турган»дан мурод юз ва икки қўлдир, дейишган. Аёл чиройли либос кийиши мумкин, фақат жисмининг Аллоҳ таоло беркитишни буюрган қисмларини ёпган бўлиши лозим. Бу - динда қатъий белгилаб қўйилган ҳукм, тортишиш беҳуда. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди: «Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишни ҳукм қилган - буюрган вақтида бирон мўмин ва мўмина учун (Аллоҳнинг ҳукмини қўшиб) ўз ишларидан ихтиёр қилиш жоиз эмасдир. Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига осий бўлса, бас у очиқ йўлдан озиш билан йўлдан озибди» (“Аҳзоб” сураси, 36-оят).
Баҳс-мунозарага сабаб бўладиган мавзулардан яна бири бу «Оилани режалаштириш» масаласидир. Бу масаланинг шаръий ҳукми борасида турли қарама-қарши фикрлар мавжуд. Бу масалага баъзи мамлакатларда давлат миқёсида катта аҳамият берилади, бу бўйича махсус ташкилотлар ишлайди. Турли олимлар томонидан бу ҳақда ўнлаб тадқиқот ишлари, мақолалар ёзилган. Ушбу масалани диний жиҳатдан кўриб чиқишдан олдин баъзи ҳақиқатлар - тамойиллар бўйича келишиб олишимиз даркор. Чунки фиқҳ услубшунос олимлари айтганидек, яхши натижага эришиш учун аввало низо ўрнини белгилаб олиш керак.
Бу ҳақиқатлар қуйидагилардир:
1) Аллоҳ таоло ўз пайғамбарларига нозил қилган илоҳий шариатларнинг асосий мақсади инсонларни тўғри йўлга ҳидоят этиш, бахт-саодат йўлини кўрсатиш ва уларнинг қалбларига яхши сифатларни жойлаштиришдан иборатдир.
Аллоҳ таоло шундай дейди: «Алиф, Лом, Ро. (Эй Муҳаммад, бу Қуръон) Биз сизга, одамларни Парвардигорларининг изни-иродаси билан зулматлардан нурга - қудрат ва ҳамду сано эгаси бўлган зотнинг йўлига олиб чиқишингиз учун нозил қилган китобдир» (Иброҳим сураси, 1-оят).
2) Диний эътиқод ҳар кимнинг шахсий ишидир. Бу муҳим масала тўғри илм, фаҳм-фаросат ва ҳақиқатга асосланган ҳолда идрок этилиши ва бирон савол туғилганда андиша қилмасдан, қўрқмасдан аҳли илмдан сўраш керак. Аллоҳ таоло Қуръонда шундай дейди: «(Эй Муҳаммад), Биз сиздан илгари ҳам фақат кишиларни (яъни инсонларни) Ўзимиз ваҳий юборган ҳолда пайғамбар қилгандирмиз. Бас (эй Макка аҳли) агар ўзларингиз билмайдиган бўлсангизлар (Таврот, Инжил биладиган) аҳли илмларидан сўранглар!» (“Анбиё” сураси, 7-оят).
Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Албатта, Аллоҳ таоло илмни бандаларнинг қалбларидан суғуриб олмайди. Балки олимлардан жудо қилиш билан, ҳатто бирорта олим қолмагунича бандаларни илмдан жудо қилади. Улар жоҳил (илмсиз) кимсаларни бошлиқ қилиб оладилар. Улар ўзларини ҳам бошқаларни ҳам йўлдан адаштирадилар».
3) Ижтиҳод талаб қилинадиган ишлардаги қарама-қаршиликларда зарар ҳам, зиён ҳам йўқ. Ушбу қарама-қаршиликлар ортида ҳақиқатга эришиш нияти бўлса, бас! Бу тортишув хушмуомала билан, холислик, одоб-ахлоқ доирасида бўлиши керак.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ижтиҳодни юқори баҳолаганлар ва ўз саҳобаларига - хоҳ хато қилсинлар, хоҳ тўғри топсинлар - ажр олишларининг хабарини берганлар. Яна бир саҳиҳ ҳадисда шундай дейилади: «Агар бир ҳукм чиқарувчи ижтиҳод билан ҳукм чиқарса ва унинг ҳукми тўғри бўлса, у иккита ажр олибди. Агар ижтиҳод нотўғри бўлса, битта ажр олибди»
4) Фарзандлар - қалб мевасидир. Улар дунё ҳаётининг зийнатларидан биридир. Ҳамма инсонлар, ҳатто пайғамбарлар ҳам фарзанд ўстирганлар. Айни пайтда фарзандлар ота-она қўлидаги омонатдирлар. Ота-оналар ушбу омонатнинг барча ҳақларини адо этишлари керак. Уларга диний, жисмоний, илмий, хулқий жиҳатдан яхши тарбия беришлари даркор. Саҳиҳ ҳадисда айтилганидек: «Ҳар бирингиз чўпонсиз ва ҳар бирингиз ўзингизнинг “пода”нгиздан масъулдирсизлар».
5) Ушбу борлиқни Аллоҳ таоло ўта нозик ўлчов билан, ўзига хос қонуниятлар асосида яратди. Ундаги ҳар бир нарса усталик билан ўрнатилган тартиб асосида ҳаракат қилади. Қуёш шарқдан чиқиб, ғарбга маълум вақтлар асосида ботади. Ойнинг ҳам ўзига хос йўналиши бор. Тун ва кун ҳам худди шу аснода алмашиб боради: «На қуёш учун ойга етиш мумкин бўлур ва на кеча кундуздан ўзгувчидир. (Қуёш, ой ва юлдузларнинг) барчалари фалакда сузиб юрур» (“Ёсин” сураси, 40-оят).
Яна бошқа оятда шундай дейилади: «(У) етти осмонни устм-уст қилиб яратган зотдирки, сиз У Раҳмоннинг (меҳрибон зотнинг) яратишда бирон тафовут-нуқсонни кўрмассиз» (“Мулк” сураси, 3-оят).
Яъни: Сен Раҳмон (Аллоҳ)нинг яратган нарсаларида бирор нуқсон ёки камчиликни кўрмайсан. Ақлли инсон ушбу низомни кузатиб, ҳикматли хулосага келади. Жумладан, Қуръонда шундай хабар бор: «(Сизларнинг ризқу рўзингиз бўлмиш) ҳар бир нарсанинг манбаи Бизнинг даргоҳимиздадир. Биз у нарсаларни аниқ ўлчов билан (сизларга) тушурурмиз» (“Ҳижр” сураси, 21-оят).
6) Биз бугун мамлакатлар ўз аҳолисининг кўплиги ёки ер майдонларининг кенглиги билан эмас, балки оламшумул ихтиролар-у кашфиётлар, ишлаб чиқариш ҳажмининг катталиги, илмий йўналишларнинг турли суръатларда тараққий этгани билан рақобатга киришаётган асрда яшаяпмиз. Бу жараёнда мамлакатлар, халқлар, одамлар ўзаро эҳтиёж юзасидан мулоқотга киришадилар. Бир халқнинг сони, ер майдони бошқасига нисбатан кам бўлса-да, қувват ва бойлик бўйича устун бўлиши мумкин. Бунга мисоллар жуда кўп...

***

З ФАСЛ

Мулоқот - сўзлашувлардан намуналар:

1. Аллоҳ таолонинг ягоналиги ҳақида;
2. Охират куни ҳақида;
3. Қуръони карим ҳақида;
4. Аллоҳ таоло ва баъзи бандалари ўртасидаги сўзлашув;
5. Расуллар (а.с.) ва уларнинг қавмлари ҳақида.

1.Аллоҳ таолонинг ягоналиги ҳақида мулоқот

Аллоҳ таолонинг мавжудлиги - ҳар бир қалби солим, ақли қавий ва пок вужудли одамнинг ботинида қатъий ўрнашган буюк ҳақиқатдир. Қуръони каримнинг кўпгина оятларида баён қилинишича, мушриклар ҳам Аллоҳнинг борлигини эътироф этар эдилар: «(Эй Муҳаммад), қасамки, агар сиз улардан: «Осмонлар ва ерни ким яратган» деб сўрасангиз, албатта: «Уларни қудратли ва доно (Аллоҳ) яратган», дерлар. (Аммо ўзлари ҳеч нарса ярата олмайдиган бут ва санамларни У зотга шерик қилиб, уларга сиғинурлар)» (“Зухруф” сураси, 9-оят). «Қасамки, агар сиз улардан: «Осмондан сув-ёмғир ёғдириб, ерни «ўлганидан» сўнг «тирилтирган» зот ким? - деб сўрасангиз, албатта улар: «Аллоҳ», деб (жавоб қилурлар)» (“Анкабут” сураси, 63-оят). «(Эй Муҳаммад), қасамки, агар сиз улардан ўзларини ким яратгани ҳақида сўрасангиз, албатта улар «Аллоҳ» дерлар. Бас, (Ўша яратгувчига ибодат қилиш ўрнига) қаёққа бурилиб кетмоқдалар?!» (“Зухруф” сураси, 87-оят). Ҳа, Аллоҳнинг борлигини барча - мўмин ва мўмин бўлмаганлар ҳам бирдай эътироф этадилар. Ушбу борлиқни - еру-осмонни ва улар орасидаги бор жонли ва жонсиз нарсаларни Аллоҳ таоло яратган, дейдилар...
Афсуски, адашган бандалар ҳам йўқ эмас. Улар ҳаққа қарши чиқмоқчи бўладилар, ўзларининг шубҳа-гумонларига ўралиб қолишади. Ҳолбуки, Аллоҳни танитиш, одамларни тўгри йўлга чақириш, фақат унинг Ўзигагина ибодат қилиш учун Расул ва Набийлар ер юзига юборилган.
Хўш, Қуръони карим бу муаммони қандай қилиб ҳал қилади? Аллоҳ таолонинг ягоналигига шак-шубҳа қилувчи ёки Уни бутунлай инкор қилувчилар билан эътиқод, иймон масаласида баҳслашиш, муноқаша қилиш қай тарзда бўлиши лозим?
Ҳар бир қалби салим инсон ибодат қилишга фақат Аллоҳгина лойиқ эканини эътироф этади, бошқаларни ҳам бу ҳақиқатни англашга, ҳақ ва ҳидоят йўлини танлашга чақиради, бу борада турли мулоқотлар олиб боради. Мўминларнинг иймонларини зиёда қилиш йўлидаги эзгу баҳс-мунозараларда қатнашади. Дунё зеб-зийнатларини, ҳою—ҳавасларни, аҳмоқона қайсарлиг-у аёлларни бепушт қилиш каби бемаъни амалларни тарк этишга чорлайди. Бироқ бу қай тарзда, қандай услуб асрсида амалга оширилади?
Қуръонни синчиклаб ўқиб чиққан киши шунга амин бўладики, Аллоҳнинг ягоналигини инкор қилувчилар ва шубҳа қилувчилар билан сўзлашганда уларга қарши фақат битта далил ва ягона услуб билан чекланилмаган. Қуръони каримда бу борада кўплаб далил ва ҳужжатлар, ранг-баранг ҳикматли услублар келтирилган. Бу далил ва услублар ақлларни қаноатлантиради, қалбларни очади. Уларни ўқиркан, қалби салим инсон ич-ичидан шу ҳақиқатга иқрор бўлади: «Аллоҳ таоло ягона илоҳдир, Ундан бошқага ибодат қилиб бўлмайди”. Зотан, ояти каримада шундай дейилади: «Огоҳ бўлингизким, яратиш ва буюриш фақат фақат Уникидир. Барча оламлар Парвардигори - Аллоҳ буюкдир» (“Аъроф” сураси, 54-оят).
Қуйида ушбу буюк ҳақиқатни таъкидлаш учун Қуръони каримда келтирилган далил ва услублар баён қилинади.

Биринчидан: Қуръони карим - бутун инсониятга келган илоҳий китоб. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даъват қилганларида ўзларидан олдин келган пайғамбарлар олиб келган ҳақиқатларни алоҳида таъкидлаганлар ва фақат Аллоҳ таолога ибодат қилишга чақирганлар. Ояти каримада айтилганидек: «(Эй Муҳаммад), Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: «Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Менгина бордирман, бас Менгагина ибодат қилинглар», деб ваҳий юборгандирмиз» (“Анбиё” сураси, 25-оят).
Чиндан ҳам Аллоҳ элчиларининг вазифаси битта эди: илоҳий хақиқатларни одамларга етказиш. Қуръони каримдан бир неча мисол келтиришимиз мумкин: «Қасамки, Нуҳни ўз қавмига пайғамбар қилдик. Бас, у: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан ўзга бирон Илоҳ йўқдир. Албатта, мен сизларнинг буюк КУН (қиёмат кунининг) азобига гирифтор бўлишингиздан қўрқаман», деди» (“Аъроф” сураси)
«Од қавмига ўз биродарлари Ҳудни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Унинг азобидан қўрқмайсизларми!?» (“Аъроф” сураси, 65-оят)
«Мадян қамига ўз биродарлари Шуайбни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун бундан ўзга бирон илоҳ йўқдир.» (“Аъроф” сураси, 85-оят)
Демак, ҳар бир набий ўз қавмини энг аввало Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилишга, ширкдан сақланишга, инсоний фазилатларга эга бўлишга, разолатли амаллардан холи бўлишга чақирган.

Иккинчидан: Аллоҳ таоло ўз пайғамбарларига нозил қилган самовий динларнинг негизи бир ва улар орасидаги фарқлар хусусий ҳолатларда эканини таъкидлаган Қуръони карим бу ҳақиқатни шундай баён қилади: «(Эй мўминлар, Аллоҳ) Сизлар учун ҳам диндан Нуҳга буюрган нарсани ва биз Сизга (яъни Муҳаммадга) ваҳий қилган нарсани, (шунингдек) Биз, Иброҳим сураси, Мусо ва Исога буюрган нарсани - шариат - қонун қилди, – «Динни барпо қилинглар ва унда фирқа-фирқа бўлиб, бўлинманглар! (Эй Муҳаммад), мушрикларга сиз даъват қилаётган нарса (яъни, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиш) зўр келди - оғирлик қилди. Аллоҳ у (динга) ҳидоят топиш учун Ўзи хоҳлаган кишиларини сайлар ва Унга (ёлғиз Аллоҳга) илтижо қиладиган кишиларни ҳидоят қилур.» (“Шўро” сураси, 13-оят)
Имом ал-Фахру ар-Розий ушбу оятга берган тафсирида шундай дейди: «Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари! Аллоҳ таоло сизларга Нуҳга, Иброҳимга, Мусога, Исога ва Муҳаммадга ато этган нарсаларни берди. Аллоҳ субухоноху ва таоло бу беш пайғамбарнинг фазилатларни кўрсатиб ўтди. Уларга, яъни беш буюк пайғамбарга зикр - эслатма юборди. Чунки улар энг катта шариат билан келган ва эргашувчилари ҳам энг кўп бўлган набийлардир».
Аллоҳ таоло бу буюк пайғамбарлар номидан шундай деб буюради:
- Динларнинг моҳияти битта. Ҳақиқат масаласида уларда фарқ, тафовут йўқ.
- Бир шариат бошқа шариатга зид эмас.
- Ҳамма динларда Аллоҳ таолога холис ибодат қилиш ва унинг китобларига, расулларига, фаришталарига, охират кунига имон келтириш уқтирилган.
Жумладан, Аллоҳ таоло шундай дейди: «Пайғамбар ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага имон келтирди ва мўминлар (ҳам имон келтирдилар), Аллоҳга, фаришталарига иймон келтирган ҳар бир киши (айтди): «Унинг пайғамбарларидан бирон кишини ажратиб қўймаймиз. Эшитдик ва итоат этдик. Парвардигоро, гуноҳларимизни мағфират қилишингни сўраймиз. Ва фақат Ўзингга қайтажакмиз» (“Бақара” сураси, 285-оят).
Ҳар бир шариат муайян замон ва маконга хосдир. Шу сабабли айрим хусусий ҳолатларда фарқлар бўлиши табиий. Айтайлик, бирон бир қавмга осон бўлиши учун аввал таъқиқланган баъзи нарсалар ҳалол қилиниши мумкин. Бу барча динларнинг асл моҳиятига дахл қилмайди. Негаким, ҳар бир умматнинг яшаш тарзида, шарт-шароитларида муайян фарқлар фарқлар бор. Аллоҳ субухонаху ва таоло дейди: «... Сизлардан ҳар бир миллат (яъни, дин) учун (алоҳида) шариат ва йўл қилиб қўйдик...» (“Моида” сураси, 48-оят).
Аллоҳ таоло Қуръони каримда мусулмонларни динда мустаҳкам бўлишга ва фирқаларга бўлинмасликка буюрди, буни кароматли расулларига очиқ -ойдин баён этди. Динда мустаҳкам туришдан мурод бу - диндаги буйруқ ва чақириқларга риоя қилиш, ўз раббиларидан олган ҳар бир амрга итоат этишдир. Яъни, Аллоҳ таоло буюради: «Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уммати! Сизлардан олдин ўтган умматларга буюрилганидек, ўз яратган эгангизга холис ибодат қилинг, фазилатли бўлишга риоя қилинг, разилликлардан узоқлашинг, ҳукмларни фарқлашдан четда бўлинг!”
Сўнг Аллоҳ таоло мушрикларнинг ҳолатини баён қилади: «(Эй Муҳаммад), мушрикларга сиз даъват қилаётган нарса (яъни, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиш) зўр келди - оғирлик қилди» (“Шўро” сураси, 13-оят). Яъни: ёлғиз Аллоҳга холис ибодат қилинг, ширкдан сақланинг, ота-боболарингиздан мерос бўлиб қолган ёмон урф-одатларни тарк этинг, деб қилган даъватингиз мушрикларга жуда мураккаб ва қийин келди.
Оят: «Аллоҳ у (динга) ҳидоят топиш учун Ўзи хоҳлаган кишиларни сайлар ва Унга (ёлғиз Аллоҳга) илтижо қиладиган кишиларни ҳидоят қилур» (“Шўро” сураси, 13-оят).
Аллоҳ таоло қуллари орасидан кимни хоҳласа ўшани Ўз расули қилиб танлаб-сайлаб олади, кимни хоҳласа ҳаққа ҳидоят этади - ўзига бўйсундириб қўяди, ихлос ва хушуъ билан ибодатда бўлиш саодатини ато этади.
Бу Қуръони карим оятларидаги маъноларни тўлиқ ва ойдин ифодалаган Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак сўзлари эди. Пайғамбар алайҳиссалом ўзидан олдин ўтган барча пайғамбарларни олқишладилар, уларга эргашган қавмларни мақтадилар, шунингдек, ўзлари охирги пайғамбар эканини маълум қилдилар.
Имом Бухорий ва Имом Муслим китобларида Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу тилидан бир ҳадис ривоят қилинади. Унга кўра Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мен намунаман, менда барча пайғамбарлар намоён бўлади. Худди бани одамнинг лойдан ясалган энг яхши, энг гўзал намунаси каби. Яъни мен мўъжаз масжидда ибодат қилаётган лойли, ёнмайдиган тошман”.
Инсонлар тавоф қила бошларкан, ажабланиб дейдилар: «Бу ерга лойли бир тош қўйилмаганми?» Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дейдилар: «Ҳа, мен ёнмайдиган тошман. Мен хотами анбиёман» Шунда бир саҳоба деди: «Эй саҳронинг олийжаноб кишиси!.». Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам тавозе билан жавоб бердилар: «У Иброҳим алайҳиссаломдир»
Расули акрам яна шундай дедилар: «Набийлар бир ота, аммо оналари бошқа-бошқа бўлган ака-укалардир. Уларнинг дини ягона, оналари эса ҳар хилдир».
Хулоса шуки, Аллоҳ субхонаху ва таоло томонидан набийларга туширилган самовий динларнинг ўзаги - моҳияти биттадир, бу борада уларнинг орасида фарқ - ихтилоф йўқ, барча пайғамбарлар инсонларни ягона илоҳ - Аллоҳга ибодат қилишга чақиради.

Учинчидан: Аллоҳга иймон келтиришнинг энг муҳим воситаси бу - ўз Холиқига холис ибодат қилишдир. Мўминлар бошқаларни ҳам шунга чақирадилар. Бироқ мушрикларнинг бир қанча шубҳа-гумонлари борким, бунга монелик қилади. Қуръони каримда бу шубҳа-гумонлар рад этилди, уларнинг ёлғонлиги фош қилинди.
Бу шубҳа-гумонларнинг энг асосийси мушрикларнинг ўз ота-боболари ва бошлиқларидан кўр-кўрона қабул қилган анъаналаридир. Гўё ўша ботил илоҳлари уларга шифо бериб, зиён-заҳматдан уларни ҳимоя қилармиш.
Қуръони каримда бу ботил ақида қаттиқ қораланади: «Қачон (мушрикларга): «Аллоҳ нозил қилган ҳукмларга бўйсунингиз, дейилса, улар: «Йўқ, биз оталаримизни қандай йўлда топган бўлсак, ўшанга эргашамиз», - дейишади. Агар оталари ҳеч нарсага ақллари етмайдиган, тўғри йўлни тополмайдиган бўлсалар ҳам-а?» (“Бақара” сураси, 170-оят). Яъни, адашган кимсаларга, кўзлари бўла туриб кўрмаганларнинг анъаналаридан қочинглар, ўз раббингиз томонидан сизга ҳидоя қилинган ҳаққа эргашинглар, дейилса, улар насиҳат қилувчилардан қочадилар, қайсарлик ва ғазаб билан: «Биз ўз оталаримиз ва ўлиб кетган роҳнамоларимиз ибодат қилган санамларга сиғинамиз”, дейдилар. Шунда уларни жаҳл отидан тушириб, мулоҳазага чорлаш учун Қуръони карим мантиқий савол қўяди: «Агар оталари ҳеч нарсага ақллари етмайдиган, тўғри йўлни тополмайдиган бўлсалар ҳам-а?» (“Бақара” сураси, 170-оят).
Ботил анъаналардан узоқ бўлиш ҳақида кўплаб оятлар бор. Уларда таба - тобеинлар ўртасидаги баҳс-мунозара чиройли, етук тасвирлар орқали баён этилган.
Аллоҳ таоло шундай дейди: «Одамлар орасида шундай кимсалар борки, улар ўзгаларни Аллоҳга тенг билиб, уларни Аллоҳни севгандек севадилар. Иймонли кишиларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари қаттиқроқдир. Бундай золимлар азобга рўбарў бўладиган замонларида (қиёмат кунида) бутун куч қудрат Аллоҳники бўлишини ва Аллоҳнинг азоби қаттиқ азоб эканини билсалар эди. У кунда пешволар эргашувчилардан тонадилар ва ҳаммалари азобни (кўзлари билан) кўрадилар. (У кунда уларни боғлаб турадиган) баҳонаю сабаблар узилади. Эргашувчилар: «Қанийди, яна бир карра (яшашнинг) иложи бўлса-ю, улар биздан тонганларидек, биз ҳам улардан тонсак» дейдилар. Шундай қилиб, Аллоҳ таоло уларнинг қилган амалларини ўзларига хасрат-надомат қилиб кўрсатади ва улар жаҳаннамдан чиқувчи бўлмайдилар (“Бақара” сураси, 165-167 оятлар).
Қадрли ўқувчи! Кўряпсизки, ушбу оятларда ўз Раббиларига ихлос билан ибодат қилган чин мўминлар мақталиб, кўкка кўтарилган. Фаҳм-идроксиз, ботил санам ва махлуқотларга сиғинадиганлар қораланади. Оятнинг давомида пешво ва раҳнамолар ўз эргашувчилари ва қўл остидагилардан тонишлари баён этилмоқда ва қиёмат кунида эргашувчилар ҳам ўз пешволаридан юз ўгиришлари учун дунёга қайтадан келишни орзу қилиб, афсус-надомат қилишлари хабар қилинмоқда. Афсуски, бу пушаймонликдан энди фойда йўқ. Уларнинг жой - жаҳаннам. Бу қандай ёмон жой-а?!
Мушрикларнинг иддаолари бўйича, бут-санамлари уларга ёрдам берар эмиш: «(Эй инсонлар), огоҳ бўлингизким, холис дин ёлғиз Аллоҳникидир (яъни ёлғиз Аллоҳгина чин ихлос билан ибодат қилинишга лойиқ зотдир). У зотдан ўзга «дўстларни («худо») қилиб олган кимсалар: «Биз (ўша «худо»ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз», (дерлар)» (“Зумар” сураси, 3-оят). Ҳолбуки, бу ботил бут-санамларнинг ўзлари ҳимояга муҳтождир. Қуръони каримда бу ҳақиқат турли услублар билан баён қилинади: «(Эй мушриклар), сизлар ҳам, Аллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларингиз ҳам жаҳаннам ўтинларидир. Сизлар унга (жаҳаннамга) тушувчидирсизлар» (“Анбиё” сураси, 98-оят).
Гоҳида ушбу илоҳлар Қуръонда “эшитмайдиган ва кўрмайдиган” деб таърифланади: «Агар сизлар уларни чорласангизлар, дуоларингизни эшитмаслар. Агар эшитсалар-да, сизларга жавоб қила олмаслар ва қиёмат кунида уларни (Аллоҳга) шерик қилиб олганларингизни инкор қилурлар. (Эй Муҳаммад, дунё-ю, охират ҳақида ҳеч ким) сизга хабар бера олмас» (“Фотир” сураси, 14-оят).
Қуръон оятлари гоҳида улар ҳақида зарбулмасал усулида хабар беради: «Эй инсонлар, бир масал айтилгандир, бас унга қулоқ тутингиз! - Аниқки, сизлар Аллоҳни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиз, агар барчалари бирлашганларида ҳам, бир чивин ярата олмаслар, агар чивин улардан бирон нарсани тортиб олса, уни (ўша чивиндан ҳам) қутқариб ола билмаслар. (Демак, ўша бутлардан ҳожатини раво қилишни) сўрагувчи (мушрик) ҳам, сўралгувчи (бутлар) ҳам ночор-нотавондир» (“Ҳаж” сураси, 73-оят).

Тўртинчидан: Қуръони каримда ақлларни қаноатлантириш учун келтирилган ҳужжат ва услублар орқали Аллоҳ таолонинг ўзигина тоат ва ибодатга лойиқ зот экани таъкидланади. Бу борада турли масал, қиёс, тимсоллардан ҳам фойдаланилади. Бундан мақсад ҳиссий омилларни ақлий билишга ёрдам бериш, ғайб ҳолатидаги ҳақиқатни аён бўлиб турган шаклда тушунтиришдир. Агар масаллар қатидаги маъно англашилса, қалблар қаноат ҳосил қилади, ақллар хулоса чиқаради. Жумладан, Аллоҳ таоло шундай дейди: «Ушбу масалларни Биз одамлар (ибрат олсинлар) учун айтурмиз. (Лекин) уларни фақат илм эгаларигина англай олурлар» (Ҳашр, 21-оят). «Аллоҳ одамлар эслатма-ибрат олишлари учун мана шундай мисоллар келтирур» (Иброҳим сураси, 25-оят).
Аллоҳ таоло келтирган мисолларда ибодат қилишга лойиқ зот фақат У экани уқтирилади: «Аллоҳ бундоқ бир мисол келтирур: ҳеч нарсага кучи етмайдиган, эгалик (бировга қарам) қул билан Биз Ўз тарафимиздан чиройли - мўл ризқ бериб, ўша ризқдан яширин ё ошкора инфоқ-эҳсон қилаётган (эркин) бир киши баробар бўлурми? (Бас, нега мушриклар қулга ўхшаган жонсиз бутларни бутун коинотнинг эгаси бўлган ва уни Ўзи хоҳлагандек тасарруф қиладиган Аллоҳ таолога тенг-шерик деб биладилар?!) Ҳамду сано Аллоҳникидир. (Яъни Ўша зотгина ҳумду санога ва маъбудликка лойиқдир). Лекин уларнинг кўплари (буни) билмайдилар» (“Наҳл” сураси, 75-оят)
Аллоҳ бу масал, қиёс орқали одамларни фикр юргизишга чорлаяпти. Ояти каримада икки тоифадаги кишилар эслатилмоқда. Улардан бири бошқа одамга тобе бўлган қарам қулдир. У ўзига тегишли нарсаларнинг озгинасига ҳам эгалик қила олмайди. Эрки ўзида эмас. Хўжаси нимани буюрса, шуни бажаришга мажбур. Иккинчиси эса, Аллоҳ таоло томонидан ризқи мўл қилинган кишидир. У озод ва саховали. Мол-мулкидан муҳтож ва мискинларга яширин ёки ошкора тарзда эҳсон қилиб туради.
Масалда ана шу икки тоифадаги одам таққосланади. Улар ўртасидаги фарқ ҳаммага тушунарли, очиқ-ойдиндир. Ақли солим ҳар бир киши буни осонгина англайди. Шу боис, улар таққослангач, шундай савол қўйиляпти: «Улар баробар бўлурми?» Шак-шубҳа йўқки, улар баробар эмас. Шундай экан, эй мушриклар, сизлар қандай қилиб коинотдаги бор нарсанинг соҳиби, бутун маважудотга ризқ берувчи Парвардигори олам билан ҳеч нарсани эшитмайдиган, кўрмайдиган, яхшилик қила олмайдиган ва ёмонликдан ҳимоя этолмайдиган, ақлсиз бут-санамларни баробар кўрдингиз?!!
«Ҳамду сано Аллоҳ учундир» дейиларкан, мақтов ягона муносиб Зот - Аллоҳга ярашиши таъкидланмоқда. Бундай ибратли масаллар ҳақ ва ботилни фарқлаш учундир.
Аллоҳ таоло ояти каримани: «Лекин уларнинг кўплари (буни) билмайдилар» деб ниҳоясига етказади. Яъни, ўша мушрикларнинг кўпчилиги жаҳолат, ҳасад, кўролмаслик туфайли қалб кўзлари кўр бўлиб қолгани учун ҳақ билан ботилни ажрата олмайдилар.
Ояти каримада «лекин уларнинг кўплари» дейилмоқда. Бундан мурод мушриклар орасида ҳақиқатни тўла-тўкис биладиган ва ҳойи-ҳавас, ғурур, кўр-кўрона тақлид туфайлигина Ҳақ йўлидаги мўминлардан ажралиб турганларини англайдиган озчиликнинг мавжудлигини хабар беришдир.
Аллоҳ таоло бутун борлиқнинг, жамики мавжудотнинг Яратувчиси ва Подшоҳидир. Ҳеч нарсани ярата олмайдиган, одамларга фойда ҳам, зарар ҳам келтирмайдиган бут-санам ва нарса-буюмларни Унга шерик қилиш нодонликдан бошқа нарса эмас. Бу ҳолатнинг нақадар бемаъни экани Қуръони каримда оддий ҳаётий мисол орқали тушунтирилган. Хўш, ҳақ ва ботилнинг фарқини англаш учун ушбу мисол, қиёс етарли эмасми? Албатта, етарли! Бироқ Қуръони карим ушбу масалга ўхшаш яна бир далил келтирадики, Аллоҳ таолога ихлос билан ибодат қилишнинг вожиблигига имон келтирасиз: «Аллоҳ яна икки киши ҳақида мисол келтирур: улардан бири ҳеч нарсага кучи етмайдиган гунг-соқовдир. У эгасига ортиқча юк бўлиб (эгаси) қаерга жўнатса, бирон яхшилик-фойда келтирмайди. Ўша кимса билан ўзи тўғри йўлда бўлган ҳолда, (ўзгаларни ҳам) адолат-ҳақиқатга буюрадиган киши баробар бўлурми? (Ҳеч қачон баробар бўлмас. У ҳолда нега мушриклар гунг-соқов бутларни бутун оламни тўғри йўлга юришга буюрадиган Аллоҳ таолога тенг-шерик деб биладилар?!)» (“Наҳл” сураси, 76-оят)
Изоҳ: эй инсонлар, Аллоҳ таоло сизларга яна икки кимсани мисол қилиб келтиряпти. Улардан бири ҳеч нарсага кучи етмайдиган ва тили калимага айланмайдиган гунг-соқовдир. У айни пайтда «ўз эгасига ортиқча юк»: еб-ичиши ва бошқа эҳтиёжлари хўжаси учун ортиқча даҳмазадир. Соқов-гунглиги туфайли соҳибини тушунмайди, кўнглидаги гапларни айтолмайди. Агар эгаси бирор иш буюрса, у ўша ишнинг уддасидан чиқа олмай қайтиб келади, эгасига зарар етказади, бутун ҳаракати бесамар кетади. Эътибор беринг, Аллоҳ таоло бу кимсани тўрт сифат билан таърифламоқда. Бу сифатлар фаҳм-фаросатининг озлигини, яхши ишларга кучи етмаслигини кўрсатади...
Бу - мисолнинг бир томони. Бошқа томони эса, Аллоҳ таолонинг: «Ўша кимса билан ўзи тўғри йўлда бўлган ҳолда, (ўзгаларни ҳам) адолат-ҳақиқатга буюрадиган киши баробар бўлурми?!» ояти каримасида намоён бўлади.
Шак-шубҳасиз, агар ақл билан қарайдиган бўлсак, бу икки тоифадаги киши тенг эмасдир. Чунки уларнинг бири ожиз гунг-соқов бўлса, бошқаси ақл-ҳуши жойда, бунинг устига, у бошқаларга ҳам ёрдам беради, узлуксиз яхши амалларни бажаради.
Хулоса: эй адашган мушриклар, ҳеч нарсага кучи етмайдиган, ҳатто ўзини ҳам ҳимоя қила олмайдиган, ожиз, ботил бут-санамларни қандай қилиб бутун оламларнинг соҳиби бўлган Аллоҳ таоло билан тенг қилдингиз?!
Юқорида келтирилган ҳаётий мисоллар ёрдамида, биз Яратувчи ва Билгувчи, Саховатли ва Ризқлантирувчи Аллоҳ билан мушриклар сиғинган ботил бут-санамлар ўртасида; ўз ишининг оқибатини кўриб-билиб турган мўмин билан ҳидоятнинг ўрнига «кўрлик»ни афзал билган кофир ўртасида; гўзал ҳақиқат билан қабиҳ жоҳиллик ўртасида катта фарқ борлигини кўрамиз.
Энди юқоридаги икки мисолдан кам бўлмаган учинчи мисол ҳам борки, унда ҳам ҳақиқат олға сурилиб, ботил тушунчалар қораланади. Ушбу мисол қуйидаги оятда намоён бўлади: «Аллоҳ (шундай) бир мисол келтирди: бир киши - қул борки, унинг устида талашгувчи шериклар (яъни хожалар) бор. Яна бир киши - қул борки, у бус-бутун ҳолида бири киши - хожаникидир. Иккисининг мисоли баробар бўлурми?! (Йўқ, баробар бўлмас. Худди шунингдек бир неча «худо»ларга сиғинадиган мушрик билан ёлғиз Аллоҳгагина бандалик қиладиган мўмин ҳам баробар бўлмас.) Ҳамду-сано (ёлғиз) Аллоҳ учундир. Йўқ, уларнинг кўплари билмаслар. (Бас, ана шу сабабдан турли «худо»ларга сиғинурлар)» (“Зумар” сураси, 29-оят).
Изоҳ: турли илоҳларга ибодат қиладиган мушрик худди ўзларининг ёмон хулқ-атворлари билан низолашиб талашаётган кишиларнинг барчасига тегишли бўлган бир қулга ўхшайди. Бу қул қайси хожасининг амрини бажаришни билмайди, тинимсиз ҳар ёққа тортқиланади. Чунки улардан бири муайян нарсани талаб қилса, иккинчиси мутлақо бошқа нарсани талаб қилади. Ўртадаги қул довдираб қолади ва қайси хожасининг амрини бажарса ҳам, бошқасидан дакки-танбеҳ эшитаверади. Бу адашиб, довдираб қолган мушрикнинг ҳолатидир.
Мўмин эса ҳудди бир хожага тегишли ва ўз хожасига холис итоат қиладиган қулга ўхшайди. Чунки унга бошқа хожа эгалик қилмайди, у фақат ўз соҳибига бўйсинади, унинг амрларидан четга чиқмайди.
Бу икки киши қиёсланаркан, биз адашган, нима қилишни билмасдан довдираган, ҳар ёққа тортқиланган мушрик билан ҳақ йўлида эмин-эркин, хотиржам яшаётган мўминни кўз олдимизга келтирамиз.
Худди шу мавзуда тўртинчи мисол ҳам бор. Унда ушбу оламнинг илоҳи ягона экани мантиқий жиҳатдан асосланган ва ҳеч қандай баҳс-мунозарага ўрин қолдирмаган. Демак, яккаю-ягона Аллоҳга ҳамма инсонлар тоат- ибодат қилишлари лозимдир. Мазкур мисол қуйидаги оятда шундай ифодаланади: «(Аллоҳ) сизларга ўзларингиздан бир мисол келтирур: сизлар учун қўлларингиздаги қулларингиздан Биз сизларга ризқ қилиб берган молу-мулкка шерик бўлиб олгувчилар борми, бас сизлар (мол-мулкингизни тасарруфда қилишда у қулларингиз билан) баробар бўлиб, улардан ҳам ўзларингиздан қўрққандай қўрқурмисизлар? Ақл юргизадиган қавм учун оятларни мана шундай баён қилурмиз» (Рум сураси, 28-оят).
Изоҳ: агар қўл остингиздаги қулларингиз сизнинг молу-давлатингизга шериклик даъво қилсалар, яъни сизларга итоат қилишдан бош тортишиб, мол-мулкингизни сизлар билан баб-баробар тасарруф қила бошласалар ва худди ўзларингизга ўхшаган озод одамлардан қўрққандек ўз қулларингиздан қўрқиб турсангиз, бу ҳолатдан рози бўлармидингиз? Албатта, рози бўлмас эдингиз, бас шундай экан, нега энди барча оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ таолога Ўзининг қулларини шерик қилиб олурсизлар?! Йўқ, ҳеч қачон Яратганга яралганлар тенг бўла олмаслар!!!
Ушбу ояти каримада ширкнинг ёмонлиги гўзал услуб, ҳаётий таъриф, ишончли ҳужжат ва кучли далил билан исботланмоқда. Шунинг учун Аллоҳ таоло ушбу оятни: «Ақл юргизадиган қавм учун оятларни мана шундай баён қилурмиз» - деб ниҳоясига етказди.
Имом Қуртубий ўзларининг тафсирларида ушбу оят борасида шундай деганлар: «Баъзи уламолар: «Бу оят бир-бирига керак бўлганлари учун, эҳтиёж юзасидан инсонлар орасида ўзаро алоқа мавжудлигини ифода этади. Аллоҳ таоло бу оятда «(Аллоҳ) сизларга ўзларингиздан бир мисол келтирур» дейди. Бу мисолни эшитган инсонлар: «Сен (Аллоҳ) берган ризқимизга қулларимиз шерик бўладими?!» деб ажабланиши мумкин. Шунда уларнинг саволига кучли мантиқий савол билан жавоб берилади: «Сизлар мол-мулкингизга ўз қулларингизнинг шерик бўлишларини хоҳламас экансиз, нега унда яратган қулларим ичидан менга шерик қўшмоқдасиз?! Бу қалб кўзингизнинг сўқирлашиб, узоқни кўра олмаётганингизнинг исботи эмасми?!”
Юқорида айтганимиздек, Аллоҳ таолонинг ягоналигини ва сиғинишга лойиқ зот фақат У эканини исботлаш, тасдиқлаш учун Қуръони карим фақат биргина мисол ёки биргина услуб кифояланмайди. Бу борада кўплаб мисоллар келтириладики, улар мўминларнинг иймонларига иймон қўшиб, бошқа ақл эгаларини ҳам ҳидоят йўлига тушиб олишларига кўмаклашади.

Бешинчидан: Аллоҳга ширк келтиришдан нафратлантириш. Нафрат бу ўша амалга яқинлашмасликнинг гаровидир. Ширкка нисбатан нафратли бўлиш бир қанча услубларда баён қилинган.
Улардан бири шуки, Аллоҳ таоло ширкдан бошқа ҳамма гуноҳларни кечириши мумкинлиги таъкидланган. Жумладан, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди: «Албатта Аллоҳ ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур. Ким Аллоҳга (бирор кимса ёки нарсани) ширк келтирса, бас, у буюк гуноҳни тўқиб чиқарибди» (“Нисо” сураси,48-оят).
Имом ибн Касир ўз тафсирида ушбу оятга тааллуқли 13 та ҳадисни келтириб ўтганлар. Улардан бирида шундай дейилган: «Сақланишда бўлган банда учун мағфират давом этаверади», - деди расулуллоҳ. «Эй Набиюллоҳ, сақланиш нимадан бўлади?» - деб сўрашганида, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ ширк келтиришдан» дея жавоб бердилар ва ушбу оятни охиргача ўқидилар”.
Ушбу оятга ўхшаш бошқа оятлар ҳам бор. Масалан: «Албатта, кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур. Зулм қилгувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас» (“Моида” сураси, 72-оят).
Яна бир услуб: Аллоҳга ширк келтирган инсонни юракларни ларзага соладиган, даҳшатли тарзда тасвирлашдир. Оятда шундай дейилади: «Ким Аллоҳга ширк келтирса, бас у гўё осмондан қулаган-у, уни (бирон ваҳший) қуш (ўлжа қилиб) олиб кетган ёки (қаттиқ) шамол йироқ жойларга учириб кетган кабидир» (“Ҳаж” сураси, 31-оят).
Изоҳ: кимки Аллоҳга ширк келтирган бўлса ва шу ҳолатда вафот этган бўлса, у гўёки осмондан ерга тушиб кетаётган ўлжага ўхшайди, гўё уни ваҳший қушлар чангаллаб олган-у, тилка-пора қилиб, бўлак-бўлакларга бўлиб ташлаган кабидир. Ёки кучли шамол уни узоқ-узоқларга, одам оёғи етмаган жойларга учириб кетганга ўхшайди.
Аллоҳга ширк келтириш турли хил қаттиқ азобларга сабаб бўлиши қуйидаги оятларда таъкидланган: «Энди сизлар эса (эй мушриклар), У зотни қўйиб, ўзларингиз хоҳлаган бутларингизга ибодат қилаверинглар (яқинда бу ширкларингизнинг оқибати қандай бўлишини жуда яхши билиб олурсизлар!»), («Эй Муҳаммад, агар ота-боболарингнинг динидан чиқсанг, зиёнкор бўлурсан», дейдиган мушрикларга) айтинг: «Албатта зиёнкорлар қиёмат кунида ўзларига ҳам, аҳли оилаларига ҳам зиён қилгувчи (яъни, ўзи ҳам мушрик бўлиб, аҳли оиласини ҳам тўғри йўлдан оздиргани сабабли қиёмат кунида ўзи ва аҳли оиласи дўзах азобига гирифтор бўлгувчи) кимсалардир. Огоҳ бўлинингизким, ана шугина очиқ зиёнкорликдир». Улар учун устиларидан ҳам оловдан бўлган «соябонлар», остиларидан ҳам (оловдан бўлган) «соябонлар» бўлур. Бу (бўлажак азоб-уқубат) билан Аллоҳ Ўз бандаларини қўрқитур. Эй бандаларим, Мендан қўрқингиз!» (“Зумар” сураси, 15–16 оятлар)
Яна бир услуб: гарчи қариндош бўлсалар-да, мўминларларнинг мушриклар ҳаққига қилган дуолари, мағфират сўрашлари бефойда экани айтилади. Аллоҳ субҳаноҳу ва таоло шундай дейди: «На пайғамбар ва на мўминлар, – агар мушриклар қариндошлари бўлса ҳам - уларнинг дўзах эгалари эканликлари аниқ маълум бўлганидан кейин, улар учун мағфират сўрашлари жоиз эмасдир. Иброҳимнинг ўз отаси учун мағфират сўраши фақат унга берган ваъдаси сабабли эди. Энди қачонки отаси Аллоҳнинг душмани экани унга аниқ маълум бўлгач, ундан бутунлай тонди. Албатта, Иброҳим кўнгилчан ва ҳалимдир» (“Тавба” сураси, 113–114 оятлар).
Изоҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларининг қариндошлари орасида, афсуски, мушриклар ҳам бор эди. Мўминлар бу қариндошларининг ҳам қалб кўзлари очилиб, имон келтиришларини, ўзлари каби ҳидоят йўлига киришларини жуда-жуда истар эдилар. Бироқ улар бутун оламлар соҳиби - Аллоҳ таолога қарши бўлгач, қариндошлик ришталарини узишга мажбур бўладилар. Чунки Аллоҳ ўз амр-фармонида мушриклар учун, ҳатто улар қариндош бўлсалар-да, мағфират сўраш жоиз эмаслигини маълум қилди. Сабаби битта: улар куфр устида, кофир бўлиб вафот этадилар ва дўзах аҳлидан бўладилар. Иброҳим алайҳиссалом ўз отаси Озор учун Аллоҳдан мағфират сўрагани мушрикларга далил-ҳужжат бўла олмайди. Чунки Иброҳим алайҳиссалом отасига ваъда бергани учунгина истиғфор сўраган эди. Лекин отаси ўз куфридан қайтмай кофир ҳолатда вафот этгач, Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ амрига рози бўлади. Унинг отасига берган ваъдаси Қуръони каримда шундай эслатилади: «(Иброҳим) деди: «Сенга омонлик бўлсин. Энди мен Парвардигоримдан сени мағфират қилишни сўрарман. Шак-шубҳасиз, У менга Меҳрибон бўлган Зотдир» (Марям сураси, 47-оят).
Юқоридагилар Аллоҳ таолога ширк келтиришдан қайтариш борасида ворид бўлган баъзи оятлардир. Ушбу мавзу бўйича яна бошқа оятлар ҳам бор. Лекин биз мана шулар билан чекландик, холос. Бизнингча, ақл эгалари учун шунинг ўзи кифоя қилади.

Олтинчидан: Аллоҳ таоло ибодат қилишга, сиғинишга лойиқ ягона зот эканини уқтириркан, Қуръони карим кучли далиллар ила мушоҳада қилишга, ақлни ишлатишга, мантиқий хулоса чиқаришга чорлайди. Чунки борлиқ ва ундаги барча нарсалар муайян нозик қонуният асосида яратилган ва улар ўзига хос тартиб бўйича ҳаракатланадилар. Буларни эса Аллоҳдан бошқа ҳеч қайси зот ёки нарса ярата олмайди...
Қуръони карим бу борада шундай дейди: «...Сиз у Раҳмоннинг (Меҳрибон зотнинг) яратишида бирон тафовут-нуқсонни кўрмассиз. Энди кўзингизни яна (самога) қайтаринг-чи, (унда) бирон футур-ёриқни кўрармикансиз? Сўнгра кўзингизни қайта-қайта (самога) қайтаринг, кўзингиз сизга чарчаб, ҳолдан тойган ҳолда қайтур (аммо Аллоҳ таоло яратган осмонлардан бирон айб-нуқсон топа олмас)» (“Мулк” сураси, 3, 4-оятлар).
Қуръони каримда шунга ўхшаш кўплаб оятлар борки, уларда ҳам ушбу борлиқни Аллоҳ таоло ҳикмат, юксак илм-у заковат ила яратгани таъкидланади. Жумладан, қуйидаги оятларга диққат қилинг: «Кеча ҳам улар учун (бизнинг қудратимизни кўрсатиб турадиган) бир оятдир. Биз ундан кундузни ечиб олишимиз билан баногоҳ улар зулматда қолурлар. Қуёш (бирон сония тўхталмай) ўз қароргоҳи сари жорий бўлур. Бу Қудратли ва Билгувчи зотнинг тақдири – ўлчовидир. Биз ойни ҳам токи у эски (хурмо) бутоғи каби бўлиб (эгилиб ҳилол ҳолига келиб), қолгунича бир неча манзилга белгилаб-тайинлаб қўйгандирмиз. На қуёш учун ойга етиш мумкин бўлур ва на кеча кундуздан ўзгувчидир. (Қуёш, ой ва юлдузларнинг) барчалари фалакда сузиб юрур» (“Ёсин” сураси, 37-40 оятлар).
Қуръони карим кўплаб ақлий ва нақлий далилларни келтирадики, бу борлиқнинг Яратувчиси Ягона Зот эканига ва У оламни мана шундай гўзал ва ҳикматли тарзда яратганига бот-бот амин бўламиз. Бу Ягона Зот эса Аллоҳдир: «У барча нарсани чиройли қилиб яратган Зотдир» (Сажда, 7-оят).
Ушбу ҳақиқатни тасдиқловчи яна бошқа оятлар ҳам борки, уларда шундай дейилади: «Агар (осмону заминда) Аллоҳдан ўзга худолар бўлганида, ҳар иккиси бузилиб кетар эди. Бас арш эгаси бўлмиш Аллоҳ улар сифатлайдиган (шериклардан) покдир. У Ўзи қиладиган бирон нарса ҳақида масъул бўлмас, улар (яъни бандалар эса қиладиган ҳар бир иш-амаллар хусусида) масъул бўлурлар. Ёки Уни қўйиб (бошқа) «худоларни» топиб олдиларми?! (Эй Муҳаммад), айтинг: («Эй мушриклар, мана шу ширкларингиз ҳақ эканлигига ҳужжат-далилларингизни кўрсатингиз! Мана мен билан бирга бўлган (мўминларнинг) эсалатмаси – (яъни Қуръон) ва мендан аввалгиларнинг эслатмалари (яъни Таврот, Инжил каби илоҳий китоблар. Мана шу китобларнинг қайси бирида Аллоҳдан ўзга ҳам худолар мавжуд эканлигига ҳужжат-далил бор?!)» Йўқ, уларнинг аксариси Ҳақиқатни билмай туриб, (Ундан) юз ўгирувчилардир» (“Анбиё” сураси, 22–24 оятлар).
Изоҳ: Агар ер-у осмонларда Аллоҳдан бошқа яна бошқа бир илоҳ бўлганида (астағфируллоҳ!!!), ҳар бири ўз ҳукмини ўтказмоқчи бўлар, натижада коинотнинг тартиби бузилиб, ер-у осмонни фасод қоплар эди. Негаким, илоҳларнинг кўп бўлиши ўзаро рақобатни, низо ва зиддиятларни келтириб чиқаради. Ҳолбуки, бутун коинот, осмон-у ердаги барча жонли ва жонсиз мавжудотлар азалдан белгиланган, нозик низом асосида ҳаракатланадики, бу шериги бўлмаган Ягона, Ҳаким ва Қодир илоҳнинг санъати эканига иймон келтирамиз.
Аллоҳ таоло «Ал-Кашшоф» китоби муаллифини ўз раҳматига олсин. У ўз асарида шундай дейди: «Агар ушбу борлиққа бир қанча илоҳлар раҳбарлик қилсалар, улар ўз ишларида талашиб қолар эдилар. Агар борлиқни Ягона Илоҳ бошқармаса, борлиқ фасодга учрарди. Бунда икки нарсага далолат бор. Биринчиси - борлиқнинг бошқарувчиси фақат битта бўлиши лозимлиги, иккинчиси эса - ана ўша Ягона зот «фақатгина Аллоҳ» деган ҳақиқатдир. Агар: «Нима учун бу икки хулосага келдингиз?” - десангиз, мен шундай дейман: «Агар икки подшоҳ бўлса, уларнинг бошқарувида ўзаро қарама-қаршилик, зиддият келиб чиқиб, бунинг натижасида қўл остидагилари пароканда бўлишини биз жуда яхши биламиз. Абдумалик ибн Марвон Амр ибн Садил ал-Ашдақни қатл этирганида шундай деган: «У менга ҳам ёқади. Ахир, мен уни яхши кўрардим. Лекин иккита калла бир қозонда қайнамайди-да”. Аллоҳ таоло Ўзининг ваҳдониятига ишора қилувчи бу ақлий далилдан сўнг бошқа далилни ҳам келтиради ва шундай дейди: «Ёки Уни қўйиб (бошқа) «худоларни» топиб олдиларми?! (Эй Муҳаммад), айтинг: «(Эй мушриклар, ширкларингиз ҳақ эканлигига) ҳужжат-далилларингизни кўрсатингиз! Мана, мен билан бирга (мўминларнинг) эслатмаси – (яъни Қуръон) ва мендан аввалгиларнинг эслатмалари (яъни Таврот, Инжил каби илоҳий китоблар. Мана шу китобларнинг қайси бирида Аллоҳдан ўзга ҳам худолар мавжуд эканлигига ҳужжат-далил бор?!)» (“Анбиё” сураси, 24-оят)
Қуйидаги оят ҳам олдинги оятни тасдиқлайди: «Аллоҳнинг боласи йўқдир ва У зот билан бирга бирон илоҳ ҳам бўлган эмасдир. Акс ҳолда, албатта, ҳар бир илоҳ ўзи яратган нарса билан кетиб, бир-бирларидан устун бўлиб олур эдилар (яъни ҳар бир «илоҳ» ўз ҳукмини ўтказмоқни истаб, натижада еру осмон бузилиб кетган бўлур эди). Аллоҳ улар айтаётган шериклардан покдир» (Мўминун, 91-оят)
Изоҳ: Аллоҳ таолонинг боласи йўқдир. Жоҳилларнинг даъвоси пуч. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бундан покдир, холидир ва У ҳеч қандай шериги бўлмаган яккаю-ягона Илоҳдир. Негаки, коинотдаги жамики нарсалар унинг Борлигига ва Бирлигига далолат қилади. Қалб кўзи очиқ, ақли салим кишиларгина буни англашлари мумкин.

Еттинчидан: Аллоҳ таоло ўзларини оқламоқчи бўлган мушрикларнинг эътирозларини, норозиликларини чиройли услуб билан рад қилади. Қуйида шундай оятлардан мисоллар келтирамиз: «... мушрик бўлган кимсалар: «Агар Аллоҳ хоҳлаганида, биз ҳам, ота-боболаримиз ҳам на мушрик бўлган ва на бирон нарсани ҳаром қилиб олган бўлур эдик», дейдилар. Улардан аввалгилари ҳам то азобимизни тотгунларича (ўз пайғамбарларини) мана шундай ёлғончи қилганлар. Айтинг (эй Муҳаммад): «Ҳузурингизда бизга кўрсатадиган (айтаётган сўзларингизни тасдиқловчи) бирон ҳужжатингиз борми? Сизлар фақат гумонга эргашмоқдасиз, сизлар фақат ёлғон сўзламоқдасизлар!» Айтинг: «Етук ҳужжат фақат Аллоҳнинг ҳужжатидир. Бас, агар хоҳлаганида, барчангизни ҳидоят қилган бўлур эди» (Анъом, 148-149 оятлар).
Изоҳ: Аллоҳга бошқа нарсаларни шерик қилганлар: «Агар Аллоҳ таоло хоҳлаганида эди, биз ҳам ширк келтирмас эдик ва Унинг хоҳиши амалга ошар эди. Лекин У – Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло – буни хоҳламади, балки бизнинг шу санамларга ибодат қилишимизни хоҳлади!!!» - дейдилар. Мана шу асоссиз, бўлмағур гапни олдинги қавмлар ҳам ўз пайғамбарларига айтганлар ва шу сўзлари туфайли Биз уларни азобга йўлиқтириб, ҳалок қилгунимизга қадар ўз сўзларидан қайтмадилар. Хўш, улар нимага таяниб бундай демоқдалар? Ё бу борада бирон илмлари борми? Агар бўлса, бизларга кўрсатсин-чи! Биз бу мавзу бўйича улар билан баҳслашамиз. Оқил киши илмга таянмасдан гапирмайди ва ўз нуқсонини, ёлғон-у жоҳиллигини Аллоҳнинг хоҳишига тўнкамайди...
Бунга ўхшаш бошқа оятлар ҳам бор:: «Агар Аллоҳ хоҳлаганида, биз (ҳам), ота-боболаримиз (ҳам) Ундан ўзга бирон нарсага ибодат қилмаган ва Унинг (ҳукмисиз) бирон нарсани ҳаром қилмаган бўлур эдик», дедилар. Улардан аввал ўтган (кофир) кимсалар ҳам мана шундай қилган эдилар (яъни, ўз ихтиёрлари билан куфр йўлини танлаб, сўнгра: «Бизнинг кофирлигимизга Аллоҳнинг Ўзи сабабчи», деб Аллоҳ таоло шаънига туҳмат қилган эдилар). Пайғамбарлар зиммасида (одамларни мажбуран динга киргизиш эмас, (балки) фақат (Аллоҳ нозил қилган ваҳийни) очиқ-ойдин етказиш бордир» (“Наҳл” сураси, 35-оят).
«Улар: «Агар Раҳмон хоҳлаганида, бизлар уларга (яъни фаришталарга «улар Аллоҳнинг қизлари», деган эътиқод билан) ибодат қилмаган бўлур эдик», дедилар. Улар учун бу ҳақда ҳеч қандай билим-асос йўқдир. Улар фақат ёлғон сўзламоқдалар!» (“Зухруф” сураси, 20-оят)
Дарҳақиқат, мушриклар ўз гап-сўзлари ва эътиқодларида фақатгина ботил гумонлар ва ёлғонларга асосланадилар.
Сўнг, эй Расули карим, уларга қаттиқ танбеҳ ва насиҳат тариқасида айтинг: «Очиқ-ойдин баййина Аллоҳнинг ўзигагинадир. Агар У ҳаммангизнинг иймон келтиришингизни хоҳлаганида эди, барчангиз, албатт, ҳидоятга эришар эдингиз. Лекин У бундай бўлишини хоҳламади, чунки сиз ўз инон-ихтиёрингиз билан ботил йўлни танладингиз. Ҳақ йўлдан тойганингиз учун Аллоҳ қалбларингизни оғдириб қўйди. Лекин ўз хоҳиш-истаклари билан ҳақ йўлига кўз тикканларни Аллоҳ таоло ҳидоят йўлига буриб қўйди. Буни қуйидаги оятдан ҳам билиб олсак бўлади: «Ана энди ким (ўз мол-давлатидаги камбағал-бечораларга берилиши лозим бўлган закот ва садақотларни) ато этса ва (Аллоҳдан) қўрқса, ҳамда гўзал оқибатни (яъни жаннат бор эканини) тасдиқ этса, бас, Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз. Энди ким (Аллоҳ йўлида хайр-саҳоват кўрсатишдан) бахиллик қилса ва (ўзини Аллоҳ ҳузуридаги ажр-мукофотлардан) беҳожат билса ҳамда гўзал оқибатни (яъни Аллоҳ ваъда қилган жаннатни) ёлғон деса, бас, биз уни (дунё ва охиратда бахтсиз бўладиган) оғир йўлга “муяссар» қилурмиз!» (“ал-Лайл” сураси, 5–10 оятлар)
Хулоса: Аллоҳ таоло ўз бандаларига нимани хоҳлаганини инсонлардан ҳеч бири билмайди. Биз биладиган нарса шуки, Аллоҳ таоло бизга муайян мажбуриятларни юклаган. Биз уларни ихлос ва шижоат ила амалга оширишимиз керак. Натижа ва оқибатни эса Аллоҳга ҳавола қиламиз. У қандай хоҳласа, ўшани бизларга раво кўради. Шу ўринда мен Имом Жаъфар Содиқ розийаллоҳу анҳунинг сўзларини эслагим келди: «Албатта, Аллоҳ таоло бизларга бир қанча нарсаларни ҳозирлаб қўйган ва бизлардан ҳам бир қанча нарсаларни талаб этган. Бизларга ҳозирлаган нарсаларини хуфия қилган, беркитган ва бизлардан талаб қилган нарсаларини очиқ-ойдин намоён қилган. Нима учун биз Аллоҳ талаб қилган амалларни қилиш ўрнига бизларга ҳозирлаган нарсалари ҳақида бош қотирамиз?!!»
Бу ояти карималар Аллоҳ таоло баъзи инсонларга ширкни раво кўрганини даъво қилувчи мушрикларнинг эътирозларини йўққа чиқарди. Улар ўз инон-ихтиёрлари билан ботил йўлни танлаганларини ва келажакда бунинг жазосини, албатта, олишларини таъкидлади.

Саккизинчидан: Қуръони каримнинг кўплаб оятларида инсонларга бахш этилган турли-туман гўзал неъматлар санаб ўтилади ва бу неъматларни яратишда Аллоҳга шерик бўла оладиган илоҳнинг борлигини даъво қилувчиларни одобга чақиради.
«Наҳл» сурасида (бу сурани яна «Неъматлар» сураси деб ҳам номлаймиз) Аллоҳ таоло инсонларга ато этган неъматлар - чорва моллари, сув, осмон, тун, кун, қуёш, ой, юлдуз, ер, дарё, тоғ каби мўъжизалар ҳақида сўз юритади ва буларни кўриб ҳам ибрат олмаган кимсаларни сўроққа тутади: «Эй мушриклар), ахир (барча мавжудотни) яратгувчи зот – Аллоҳ билан (ҳеч нарса) ярата олмайдиган (бутларингиз) баробарми?! Ўйламайсизларми?!» (“Наҳл” сураси, 17-оят) Бу ерда Аллоҳ таолодан бошқа нарсаларга ибодат қилган мушрикларга танбеҳ ва инкор тарзида сўроқ бериляпти. Ахир, бу гўзал неъматларни, мукаммал махлуқотларни Аллоҳдан бошқа яна ким ярата олади? Ахир, сизлар сиғинадиган, Аллоҳга шерик қилганингиз бут-санамлар ҳам яратилган-ку! Бу ҳолатингиз, эй мушриклар, сизнинг жаҳолатингизга, қалб кўзингизнинг сўқирлигига далолатдир!!!
Аллоҳ таоло «Ўйламайсизларми?» дер экан, мушрикларга танбеҳ беради ва айни пайтда уларни таҳқирлагандай бўлади, яъни уларнинг нодон ва аҳмоқ эканини билдиради. Негаки, ақлсиз одамгина бу аён ҳақиқатни кўрмаслиги, тан олмаслиги мумкин. Фақат аҳмоқ кимсагина бутун оламни Яратган Зотга жонсиз, ҳиссиз бутларни тенг қилади. Ахир, “Ўйламайсизларми?!”, агар ақл эгалари бўлганингизда, албатта, ўйлар эдингизлар, афсуски, сизда ақл йўқ...
«Луқмон» сурасида бандаларга бахш этилган неъматлар баён қилингач, шундай дейилади: «Булар Аллоҳ яратган нарсалардир. Энди (эй мушриклар), сизлар Менга Ундан ўзга «худолар» нималарни яратганини кўрсатинглар-чи! Йўқ, (улар бирон нарсани кўрсата олмаслар, демак), у золим кимсалар очиқ залолатдирлар» (“Луқмон” сураси, 11-оят).
«Аҳқоф» сурасининг 4-оятида шуни ўқишимиз мумкин: «(Эй Муҳаммад, мушрикларга) айтинг: «Сизлар Аллоҳни қўйиб дуо-илтижо қилаётган (бутларингиз) ҳақида хабар берингиз – менга кўрсатинглар-чи, улар ердаги нимани яратганлар?! Ёки улар учун осмонлар(ни яратиш)да шериклик борми?! Агар ростгўй бўлсангизлар менга ушбу (Қуръон)дан илгари (нозил бўлган ва сизларнинг бутларга сиғинишингизни тасдиқлайдиган) бирон китобни ёки бирон илмий асарни (яъни аввалги уламолардан қолган биронта аниқ ҳужжатни) келтиринглар!»
«Намл» сураси неъматларнинг ҳар хил турларини ўз ичига олган бир неча оятларни ворид қилади. Сўнг Аллоҳ таолога шерик бўлган ҳолда бу неъматларни ато эта оладиган зот борлигини даъво қилувчи кимсаларга очиқ ва тушунарли тилда танбеҳ беради: «(Эй Муҳаммад) айтинг: «Аллоҳга ҳамду-санолар бўлсин ва Унинг Ўзи (пайғамбарлик учун) танлаган бандаларига дуою-салом бўлсин!» Аллоҳ яхшироқми ёки улар (Макка мушриклари Аллоҳга) шерик қилаётган бутларими?! Ёки осмонлар ва ерни сув-ёмғир ёғдириб, унинг ёрдамида гўзал боғларни ўстирган зотми?! Сизлар учун у (боғларнинг) дов-дарахтини ўстириш имкони йўқ эди. Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?! Йўқ, улар (Аллоҳга ўзгаларни) тенг биладиган қавмдирлар! Ёки ерни (барча жонзотлар учун) қароргоҳ қилиб, унинг ўртасида дарёлар пайдо қилган ва унинг учун тутқич - тоғлар барпо қилган ҳамда икки (яъни шўр-чучук) денгиз-дарё ўртасида тўсиқ - тўғон иншо қилган зотми?! Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?! Йўқ, уларнинг кўплари билмайдилар! Ёки музтар-ночор одам дуо-илтижо қилган вақтида (дуосини) ижобат қиладиган ва (унинг) мушкулини осон қиладиган ҳамда сизларни ернинг халифа-эгалари қиладиган зотми?! Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?! Камдан-кам эслатма-ибрат олурсизлар! Ёки сизларга қуруқлик ва денгиз зулматларида тўғри йўлни кўрсатадиган ва Ўз раҳмати-ёмғири олдидан жўнатадиган зотми?! Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?! Аллоҳ уларнинг ширк келтирган нарсаларидан юксакдир! Ёки бошлаб Ўзи яратиб, сўнгра (охиратда) қайта яратадиган зотми?! Ким сизларга осмон ва заминдан ризқу-рўз берур? Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?! (Эй Муҳаммад, кофирларга) айтинг: «Агар ростгўй бўлсангизлар, ҳужжатларингизни келтирингиз!» (“Намл” сураси, 59–64 оятлар)
Хулоса: Аллоҳ таоло ато этган неъматларини эслатиш орқали инсонларни шукр қилишга, ана шу неъматларни яратган Ягона Зотгагина ибодат қилишга чақиради. Ўзларини оқламоқчи бўлиб, турли бетайин далиллар келтирган мушрикларни эса охирот азоби билан қўрқитади, адабли бўлишга чақиради.

Тўққизинчидан: Қуръони каримнинг кўпгина оятларида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва уларга эргашувчи мўминларнинг имонига имон қўшадиган, Аллоҳнинг якка-ю ягона илоҳ эканини таъкидлайдиган кучли ва қатъий далил-ҳужжатлар келтирилади.
Бу далил-ҳужжатлар бир неча услуб асосида баён қилинган. Маълумки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотга эргашувчи мўминлар яккахудолик ақидасида мустаҳкам бўлишга, бирор ёмонлик етганда ва ҳар қандай оғир шароитда ҳам бу йўлдан оғишмасликка тарғиб қилганлар. Қуйида Пайғамбар алайҳиссаломга бу вазифани юклаган оятлар келтирилади: «Айтинг (эй Муҳаммад): «Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ учундир. У зотнинг биронта шериги йўқдир. Мен мана шунга (яъни ягона Аллоҳга ихлос-ибодат қилишга) буюрилганман. Ва мен бўйинсунгувчиларнинг аввали – пешқадамиман» (“Анъом” сураси, 162, 163-оятлар).
«(Эй Муҳаммад у мушрикларга) айтинг: «Ҳали сизлар мени Аллоҳдан ўзгага ибодат қилишга буюрурмисизлар, эй нодонлар!» Дарҳақиқат, сизга ҳам, сиздан аввалги (пайғамбарларга) ҳам (шундай) ваҳий қилингандир: «Қасамки, агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўргувчилардан бўлиб қолурсан! Йўқ, сен ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилгин ва шукр қилгувчилардан бўлгин!» (“Зумар” сураси, 64–66 оятлар)
«Айтинг: «Дарҳақиқат мен Аллоҳга У зот учун динимни холис қилган ҳолда ибодат қилишга буюрилганман. Ва мен мусулмонларнинг – бўйинсунгувчиларнинг аввали – пешқадами бўлишга буюрилганман. Айтинг: «Албатта, мен агар Парвардигоримга осий бўлсам, Улуғ Куннинг азобидан қўрқурман». Айтинг: «Мен ёлғиз Аллоҳга У зот учун динимни холис қилган ҳолда ибодат қилурман» (“Зумар” сураси, 11–14 оятлар).
«(Эй Муҳаммад), айтинг: «У – Аллоҳ Бирдир. (Яъни Унинг ҳеч қандай шериги йўқдир. У якка-ю ёлғиздир). Аллоҳ (барча ҳожатлар билан) кўзлангувчидир (яъни барча ҳожатлар Ундан сўралади, аммо У ҳеч кимга муҳтож эмасдир). У туғмаган ва туғилмагандир (яъни, Аллоҳнинг ўғил-қизи ҳам, ота-онаси ҳам йўқдир. У азалий ва абадий зотдир). Ва ҳеч ким У зотга тенг эмасдир» (“Ихлос” сураси)
Изоҳ: Эй Расули карим, инсонларга айтинг: Аллоҳ азза ва жалла Ягона Зотдир. У Ўз сифатлари ва феълларида тенгсиздир. У бутун борлиқнинг Яратувчиси, шу боис бошқаларни саволга тутади, талаб қилади, ёрдам қилади, ҳожатини раво кўради... У зот ота-она ёки фарзанддан, Унга ўхшаш илоҳлар-у, Уни назорат қилиб турадиган кучлардан холи Бир-у Бор Парвардигори оламдир. Буни Аллоҳ таоло шундай ифода этади: «...бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У Эшитгувчи ва Кўриб тургувчидир» (“Шўро” сураси, 11-оят).
Ўнинчидан: бахтсизлик ва турли мусибатларга дучор бўлганларида, инсонлар Аллоҳ таолога юкиниб, ёрдам - нажот сўрашлари Қуръонда бир неча бор эслатилган. Бу ҳақиқат қуйидаги оятларнинг моҳиятини ташкил қилади: «У (Аллоҳ) шундай зотки, сизларни қуруқлик ва денгизда юргизур. То сизлар кемаларда бўлган вақтларингизда ва у (кемалар) хуш ел билан уларни (яъни, сизларни) олиб кетаётганида ва улар бу билан шод-хуррам бўлганларида, бир қаттиқ шамол келур ҳамда уларнинг устига ҳар тарафдан тўлқин келиб, ўзларининг гирдобда қолганларини билганларида: «Қасамки, агар мана шу (бало)дан бизга нажот берсанг, албатта шукр қилувчилардан бўлурмиз», деб чин ихлос билан Аллоҳга илтижо қилурлар. Энди қачонки Аллоҳ уларга нажот бергач, баногоҳ улар ер юзида ноҳақ зулму тажовузкорлик қилурлар. Эй одамлар, бу тажовузингиз фақат ўзингизнинг зиёнингизгадир. (Сизлар бу арзимас ва қисқа) ҳаёти дунё матоси(дан фойдаланмоқдасиз). Сўнгра Бизга қайтишингиз бордир. Бас, Биз сизларга қилиб ўтган амалларингизни билдирурмиз» (Юнус сураси, 22,23-оятлар).
Изоҳ: хоҳ қуруқликда, хоҳ денгизда бўлинг, сизларни бошқариб, юргизиб турадиган зот Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Чорасиз қолган пайтингизда Уни ёдга олиб, ёлворасиз. Бироқ хавф-хатар сиздан йироқлашиб, бошингиздан ғам булутлари аригач, яна аввалги ҳолингизга қайтиб, бошбошдоқликни, бузуқчиликни давом эттирасиз. Ҳатто сизни балолардан қутқарган Аллоҳга ширк қўшишдан ҳам уялмайсизлар. Шуни билиб қўйингки, эй ғофил инсонлар, бу ширк ва эгри ишларингизнингг зарари дунё-ю охиратда ўзингизга қайтиб келади.
Аллоҳ таоло ўз ваҳийларини кучли далил ва турли услублар билан баён қиладики, охир-оқибат тоат-ибодатга лойиқ зот бутун оламларнинг Парвардигори - Аллоҳ таоло эканига яна ва яна иймон келтирамиз. Бу оятларни синчиклаб таҳлил қилган киши ақлий ва нақлий далилларнинг мағзини чақиб, онгу-шуури ҳақиқат нурларилари билан тўйинганини ҳис қилади.
Ҳар бир замон ва макон одамлари Қуръони карим нуридан, Расули карим соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳидоятларидан баҳраманд бўладилар. Шу асосда улар бошқаларни ҳам ҳақ йўлига ҳикмат, чиройли мавъиза, гўзал баҳс-мунозаралар орқали олиб киришга муваффақ бўладилар. Аллоҳ таоло кимни хоҳласа, ўшани тўғри йўлга ҳидоят қилади.

2. Охират куни, унда бўладиган мукофот ва жазо ҳақида мулоқот 
Қиёмат кунига, у кунда бўладиган қайта тирилиш, ҳисоб-китоб, мукофот ва жазо кабиларга ишониш имоннинг, диннинг асосий рукнларидан бири ҳисобланади. Иносн бу нарсаларга тўлиқ имон келтирмагунча чин мўмин бўла олмайди. Дунё ҳаёти, ундаги барча жараёнлар Аллоҳ таоло хоҳлаган кунида ниҳоясига етади. Ҳар бир инсон қилган савоб ё гуноҳ ишларига қараб мукофот ё жазо олади. Аллоҳ таоло Қуръонда шундай дейди: «Бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулгудир. Агар улар билсалар, охират диёригина (мангу) ҳаёт (диёридир)» (“Анкабут” сураси, 64-оят)
Изоҳ: бу ҳаёт, унинг қувонч-ташвишлари бир зумда ўтиб кетгувчидир. Дунё бойлиги, шаҳват, фарзандлар суюб ўйнайдиган нарсалар - ҳаммаси вақтинчаликдир. Ажал эшик қоқиб келгач, бир куни барчаси тамом бўлади. Охират эса интиҳосиз, ҳеч ўлим содир бўлмайдиган, боқий ҳаёт уйидир. Ояти каримадаги «ҳаёт» сўзи заволи ва интиҳоси бўлмаган чин ҳаётни англатади.
Шу ўринда бир неча савол туғилади: Ислом таълимоти охират куни, ўша куни бўладиган ҳисоб-китоб ва бунинг натижасида бахт-саодат ёки ғам-қайғуга гирифтор бўлиш ақидасини инсонларнинг онг-шуурига, қалбига, ҳис-туйғуларига қай тарзда сингдирган?
Бу Улуғ Кунни инкор қиладиган ёки унинг содир бўлишига шубҳаланадиган кишиларга Ислом таълимоти қандай жавоб беради? Бу кун албатта рўй беришига доир аниқ, қатъий далил-ҳужжатларни қандай келтиради?
Мукофот ва жазо адолатли тарзда бўлишини ақл, нафс ва ҳис-туйғуларга қандай қилиб жо қилган? Оқил кишилар бу кунга солиҳ амал ва холис имон билан тайёргарлик кўришлари учун Охират Куни даҳшатларини қандай услубларда тасвирлаб берилган?
Қуръони карим охират кунига, у кундаги ҳисоб-китоб, мукофот ва жазога имон келтириш ақидасини сингдириш, ўрнатиш учун турли-туман йўлларни баён қилган. Исмлари кўп бўлган ва турли даҳшатли ҳолатларга тўла бўлган бу Кун ҳақида Қуръони карим баён қилган оятларни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари ҳам тўлдирган.
Қуръони каримда қиёмат кунига имон келтириш ақидасига доир услубларнинг энг аҳамиятлилари қуйидагилардир:

1. Кўпгина оятларда инсоннинг яратилиши, ҳаётининг ниҳояси, ўлимдан кейин борадиган жойи ҳақида батафсил баён қилинган. Бу ҳақдаги баъзи оятларни келтиришимиз мумкин: «(Қасамки), Биз инсонни (яъни Одам алаҳйссаломни) лойнинг мағзидан яратдик. Сўнгра уни (яъни барча инсонларни) аввало мустаҳкам қараргоҳдаги (яъни бачадондаги) нутфа-маний қилдик. Сўнгра бу нутфадан лахта қонни яратиб, бу суякларга гўшт қопладик, сўнгра (унга жон киргизиб, аввал бошдаги бир томчи сув-нутфадан бутунлай) бошқа бир жонзот ҳолида пайдо қилдик. Бас, энг гўзал яратувчи (яъни йўқдан бор қилувчи бўлмиш) Аллоҳ баракотли – буюкдир. Сўнгра шак-шубҳасиз сизлар қиёмат кунида қайта тирилурсизлар» (“Мўминун” сураси, 12-16 оятлар).
Бу ояти карималарда инсон яратилишининг турли босқичлари тушунарли қилиб баён қилинган, шунингдек, ўлимдан сўнг - қиёмат кунида қайта тирилишлари таъкидланган.
Изоҳ: Аллоҳ таоло сизнинг яратилишингизни бир неча босқичларга бўлди. Сўнг сиз туғилиб, гўдак бўласиз, ундан кейин бола (3-7 ёшли), ундан сўнг ўспирин, ўрта ёшли, кейин эса қарияга айланасиз. Ниҳоят, шу пайтгача ҳеч ким қочиб қутилмаган ўлимга йўлиқасиз. Сўнг қиёмат кунида ҳисоб-китоб қилиниб, мукофот-у жазо олиш учун қабрингиздан қайта тириласиз.
Инсоннинг яратилиш босқичлари, умрининг поёнга етиши ва қайта тирилиши ҳақидаги эслатмаларда шак-шубҳа йўқ, аксинча ҳаётнинг моҳиятини англаган ақл эгалари бу эслатмалардан кўпгина ибратлар олади.

2. Аллоҳ таоло ўнлаб оятларда ушбу дунёнинг бир куни албатта завол топишни хабар беради. Шу боис Аллоҳ таоло қисқа ҳаётимиздан унумли фойдаланишимизни, ихлос-эътиқод билан яшашимизни, гўзал сўзларни гапириб, солиҳ амалларни бажаришимизни буюради. Тижоратдами, зироатдами, саноатдами ёки Аллоҳ ҳалол қилган бошқа соҳалардами - қаерда фаолият кўрсатишимиздан қатъий назар, ҳатти-ҳаракатимиз, гап-сўзимиз Аллоҳ таолога бўлган ихлосимиз асосида бўлиши лозим. Ахир, Аллоҳ таоло бизни бу дунёни вайрон қилишимиз учун эмас, балки уни ислоҳ қилишимиз, боғ-бўстонга айлантиришимиз учун яратган. Бу амрини У ҳар бир пайғамбари орқали инсонларга етказган.
Жумладан, Солиҳ алайҳиссалом ўз қавмига: «...Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. У сизларни ердан пайдо қилиб, унга жойлаштирди» (“Ҳуд” сураси, 61-оят), деб мурожаат қилади.
Изоҳ: Солиҳ алайҳиссалом қавмига насиҳат тариқасида шундай деди: «Эй қавмим, сизларни яратган зотга холис ибодат қилинглар. У зот отангиз Одам алайҳиссаломни ушбу ердан яратган. Сизлар эса унинг наслидансизлар. Шундай экан, ерда сизлар ислоҳотлар қилиб, таъмирланг, уни асло харобага айлантирманг”.
Бошқа оятларда ҳам ерда фасод ишлар қилиш манъ этилганини кўриш мумкин: «Ва ер юзида бузғунчилик қиладиган ва (ҳеч нарсани) ўнглай олмайдиган ҳаддан ошувчи кимсаларнинг амрига итоат этманг!» (“Шўро” сураси, 151-152 оятлар)
Инсонларнинг бу дунёда қилиши лозим бўлган амалларини кўрсатиб берган оятларнинг энг мукаммалроғи қуйидагичадир: «...ва Аллоҳ сенга ато этган мол-давлат билан (аввало) охират (ободлигини) истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (Аллоҳнинг бандаларига) инфоқ-эҳсон қил. Ерда (зулму-зўравонлик билан) бузғунчилик қилишга уринма. Чунки Аллоҳ бузғунчи кимсаларни суймас» (“Қасос” сураси, 77-оят).
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳақиқатларни таъкидлаб, шундай деганлар: «Бир муслим дон экса ёки бир дарахт экса-ю, унинг мевасидан бир қуш ёки одам еса, унга бир яхшилик бўлибди». Ёки бошқа ҳадис эътибор қаратинг: «Қиёмат қоим бўлганида ҳам, агар бирортангизнинг қўлингизда кичкина ниҳол бўлса, уни экиб қўйинг».
Агар бирор киши “Инсон бу ҳаётда имон билан яшаса, солиҳ амал, ободончилик ишлари билан машғул бўлса, қандай натижани қўлга киритади?» деб сўраса, жавоб тайин: «Дунё ва охиратда бахт-саодатга эришиш».
Бунга қуйидаги оят далил бўла олади: «Эркакми ё аёлми - кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, бас, Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган амалларидан чиройлироқ ажр-савоблар билан мукофотлаймиз» (“Наҳл” сураси, 97-оят).
Демак, бу дунёда неча йил яшашидан қатъий назар, кимда-ким ҳаётини имон ва гўзал ишларга сарфлаган бўлса, икки дунё саодатини қозонган бўлади.

3. Қуръони карим ҳукмига кўра, инсон то ҳисоб-китоб қилиниб, мукофот ёки жазоси аниқ бўлмагунича, бу дунёни тарк этмайди. Бахт-саодатли инсонлар ўлимидан сўнг ҳам турли-туман неъматлар қуршовида янги ҳаёт бошлайдилар. Лекин бу ҳаётнинг қандай бўлишини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди: «Аллоҳ йўлидаги жангда ўлдирилган зотларни ҳаргиз ўликлар деб ўйламанг! Йўқ, улар тириклардир! У зотлар Аллоҳ ўз фазли карами билан берган неъматлардан ҳушнуд ҳолларида баҳраманд бўлмоқдалар» (“Оли Имрон” сураси, 169-оят).
Бадбахтлар эса, бошқа - бундан-да бахтсиз ҳаётни бошлайдилар: «(У азоб бир) оловдирки, улар эртаю кеч ўшанга кўндаланг қилиниб (куйдирилурлар), (қиёмат) соати қойим бўладиган кунда эса (дўзах фаришталарига): «Фиръавн хонадонини энг қаттиқ азобга киритинглар», (дейилур)» (Ғофир, 46-оят).
Бу дунёда тақво ила бахт-саодатли умр кечирганлар зотлар эса ўз ҳаётларининг охирги лаҳзаларида билдириладиган хайрли башоратларнинг гувоҳи бўладилар: «Албатта: «Парвардигоримиз Аллоҳдир», деб сўнгра (ёлғиз Аллоҳга тоат-ибодат қилишда) тўғри - устивор бўлган зотларнинг олдиларига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб, (дерлар): «Қўрқманглар ва ғамгин бўлманглар, Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар!» (Фуссилат, 30-оят)
Изоҳ: гўзал тарзда умр кечирган, Аллоҳнинг амрларига бўйсиниб яшаган зотлар жон бераркан, уларнинг олдиларига фаришталар тушиб шундай дейдилар: «Сизлар келажакда борадиган жойингиздан қўрқманглар, мол-у мулк ва фарзандларингиздан ажралаётганингиздан ғамгин бўлманглар. Раббингиз сизга ваъда қилган жаннат хушхабари билан шодланинглар!” Аммо ёмон кимсалар жон таслим қиларкан, уларни кутиб турган азоб ҳақида огоҳлантириладилар: «Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган ёки ўзига ҳеч нарса ваҳий қилинмаган ҳолда: «Менга ваҳий келди» деган ҳамда: «Аллоҳ нозил қилган нарсанинг мислини (ўхшашини) мен ҳам нозил қила оламан», деб даъво этган кимсалардан ҳам золимроқ ким бор?! (Эй Муҳаммад), бу золимларни ўлим гирдобида қолган, ўлим фаришталари қўлларини чўзиб: «Жонларингизни берингиз! Бу кун - Аллоҳ шаънига ноҳақ гапларни айтганингиз ва Унинг оятларидан юз ўгириб, кибр-у ҳаво қилганингиз сабабли хорлик азоби билан жазоланадиган кунингиздир», деб турган пайтда бир кўрсангиз эди» (“Анъом” сураси, 93-оят).
Бу - қабрда беҳисоб роҳат-фароғат ёки азоб бўлишига далилдир. Демак, қабримиз жаннат боғларидан бир боғ бўлиши ҳам ёки дўзах чоҳларидан бир чоҳ бўлиши ҳам мумкин экан. (Илоҳи, барчамизга биринчи ҳолат насиб этсин! -Тарж.) Ҳадиси шарифда шундай хабар берилади: «Сизлардан бирингиз вафот этса, тун-у кун унинг жойи кўрсатилиб туради. Агар у аҳли жаннатдан бўлса, унга жаннат аҳли орасидаги жойи ва агар у жаҳаннам аҳлидан бўлса, жаҳаннам орасидаги жойи кўрсатилади. Кейин унга: “Аллоҳ таоло қиёмат кунида сени тирилтиргунга қадар мана шу жой сеникидир”, дейилади”

4. Қуръони каримнинг кўпгина оятлари қиёмат куни шак-шубҳасиз рўй бериши баён қилинган. Лекин у кун қачон келишини Аллоҳдан ўзга зот билмайди. Қиёмат кунининг албатта содир бўлишини таъкидлаган оятлар қуйидагилардир: «Эй инсонлар, агар сизлар қайта тирилишдан шубҳада бўлсангизлар, у ҳолда (қаранглар), Биз сизларга (Аллоҳнинг қудратини) баён қилиш учун сизларни (яъни отангиз Одамни) тупроқдан, сўнгра (барча жонзотни аввало) нутфа-манийдан, сўнгра лахта қондан, сўнгра яралиб битган-битмаган (яъни инсон шаклида шаклланиб битган ёки битмаган) парча гўштдан яратдик. Биз (сизларни) Ўзимиз хоҳлаганимизча – муайян муддатгача (оналарингиз) қорнида қолдириб, сўнгра чақалоқ ҳолингизда (ёруғ оламга) чиқарурмиз, сўнгра вояга етгунларингизгача (ҳам Ўзимиз тарбия қилурмиз). Сизлардан (гўдаклик, ёшлик йиллардаёқ) вафот топадиган кишилар ҳам бўлур, яна сизлардан (кўп нарса-билимларни ўрганиб) билганидан сўнг ҳеч нарсани билмай қолиши учун энг тубан умрга (яъни қариб мункиллаб қолишга) қайтариладиган кишилар ҳам бўлур. (Қайта тирилиш ҳақ эканилигининг яна бир далили ушбудир) – сиз(лар) бу ерни қуруқ-ўлик ҳолида кўрурсиз. Энди қачонки, Биз унинг устидан сув-ёмғир ёғдирсак, у ҳаракатга келиб кўпчир ва турли-туман гўзал (наботот) жуфтларини ундирур. Бунга сабаб Аллоҳ Ҳақ экани ва Унинг Ўзи ўликларга ҳаёт бериши ҳамда У ҳамма нарсага қодир эканлигидир. Яна аниқки, (қиёмат) соати шак-шубҳасиз келгувчидир ва албатта Аллоҳ қабрлардаги бор жонзотни тирилтирур» (“Ҳаж” сураси, 5-7 оятлар).
Ояти карималарни синчиклаб ўқиб чиққан киши инсонларнинг қайта тирилишларига доир иккита аниқ далилни кўради. Биринчиси - инсон яралишидан то умрининг сўнгига қадар бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтиб, ривожланиш йўлини ўтайди. Иккинчиси - Ер Аллоҳнинг раҳмати туфайли бир шаклдан бошқа шаклга ўтади. Гўёки Аллоҳ таоло бу оятда шундай демоқда: «Инсонни турли шаклларда» яратган ва Ерни бир ҳолатдан бошқасига ўзгартиришга Қодир зот вафот этиб кетганингиздан кейин ҳам сизларни ҳаётга қайтара олишга қодирдир”.

5. Қуръони каримда охират кунини инкор қилувчиларнинг гап-сўзлари ва шубҳа-гумонлари ҳам жой олган. Уларнинг гапларига мувофиқ тарзда жавоб берилади.
а) Қиёмат кунининг қачон, қандай қоим бўлиши ҳақидаги илмни Аллоҳ таолонинг ўзига ҳавола қилиш.
Ушбу ҳақиқатни Қуръони каримнинг қуйидаги оятлари таъкидлайди: «(Эй Муҳаммад), сиздан соат (яъни қиёмат) қачон воқе бўлади, деб сўрайдилар. Айтинг: «Унинг билими фақатгина Парвардигорим даргоҳидадир. Вақти-соати келганида ҳам фақат Ўзи ошкор қилур. У (яъни қиёмат) самовот ва ер учун жуда оғир (даҳшатли) бир ишдир. У сизларга фақат тўсатдан - кутилмаганда келур”. Гўё сиз у ҳақда яхши биладигандек, сўрайдилар. Айтинг: «Унинг билими фақатгина Аллоҳ даргоҳидадир. Лекин жуда кўп одамлар уни билмайдилар» (“Аъроф” сураси, 187-оят).
Изоҳ: мушриклар сиздан Қиёмат қоим қачон содир бўлиши ҳақида беписандлик ва инкор оҳангида сўрайдилар. Уларга: «У куннинг қачон содир бўлишини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди”, деб жавоб беринг. Майли, улар ҳозирча эрмак учун, сизни масхаралаш учун савол бераверсинлар, лекин ўша Кун воқе бўлганида, шак-шубҳасиз, қилмишларига яраша жазо оладилар. Зотан, «У (яъни қиёмат) қоим самовот ва ер учун жуда оғир (даҳшатли) бир ишдир. У сизларга фақат тўсатдан - кутилмаганда келур». Ана шундагина золимлар бу Қиёмат ҳақидаги гаплар ҳазил ёки уйдирма эмас эканини англаб пушаймон бўладилар. Бироқ, сўнгги пушаймон - ўзингга душман...
Кўпгина ҳадиси шарифларда ҳам Қиёмат соати бирданига - тўсатдан келиши хабар берилган. Бухорий ва Муслимнинг Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадисларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Шак-шубҳа йўқки, қиёмат қоим бўлиб қолса, икки киши (сотувчи ва харидор) кийимни ўрталарида олди-сотди қила олмай қолади ва уни тахлай олмайдилар. Қиёмат қоим бўлиб қолса, туясига сут олиб борган киши уни бера олмайди. Қиёмат қоим бўлиб қолса, гипс билан тупроқни қорган киши уни сувашга ҳам вақт тополмайди. Қиёмат қоим бўлиб қолса, оғзига овқат олиб борган одам уни ейишга ҳам улгура олмайди”.
Саҳиҳ ҳадисда ривоят қилинишича, Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қиёмат қачон қоим бўлишини сўрадилар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом шундай дедилар: «Сўровчидан сўралувчи билувчироқ эмас. Мен Қиёматнинг аломатлари ҳақида хабар бераман. Унинг аломатлари – чўри аёл ўзига хўжайин туғиб олади, оч-яланғоч кишилар уй қуришда ўзаро мусобақалашадилар...»
б) Қиёмат кунини инкор қилувчиларнинг борадиган жойи ўта ёмон, инкорлари сабаб уларга ҳеч қандай афсус-надомат, пушаймонлик фойда бермайди.
Шу маънода нозил бўлган оятлар қуйидагилардир: «Уларни Парвардигорлари ҳузурида турғазиб қўйилган пайтларида, Аллоҳ: «Мана шу тирилиш ҳақ эмасми?!» - деганида, улар: «Парвардигоримизга қасамки, ҳақ экан», деганларини, Аллоҳ эса: «Мана энди кофир бўлиб ўтганингиз сабабли азоб чекингиз!» - деб жавоб қилганини кўрсангиз эди. То тўсатдан қиёмат келиб қолганда устларига гуноҳларини орқалаб олган ҳолларида: «У (дунё)да қилган сусткашлигимизга ҳасрат-надоматлар бўлғай», деб қоладиган пайтларигача Аллоҳга рўбарў бўлишни ёлғон деб юрган кимсалар ўзларига зиён қиладилар. Ё, нақадар ёмон нарсани орқалаб юрадилар-а!» (“Анъом” сураси, 30-31 оятлар)
Шунга ўхшаш яна бошқа оятлар ҳам бор: «(Эй Муҳаммад), одамларни огоҳлантириб қўйингки, уларга азоб келар кунда (қиёматда) золим кимсалар: «Парвардигоро, бизларга озгина муҳлат бергин, (яъни, бизларни дунёга қайтариб, озгина ҳаёт бергин, албатта) Сенинг даъватингни қабул қилурмиз ва пайғамбарларингга эргашурмиз», дейдилар. (Шунда уларга жавоб қилинур): «Илгари (ҳаёт пайтларингизда) ҳеч қачон заволга юз тутмаслигингиз (яъни, ҳеч қачон ўлмаслигингиз ва охират жазосига дучор бўлмаслигингиз) ҳақида қасам ичмаган эдингизларми?!» (Иброҳим сураси, 44-оят)
в) Қиёмат куни ва у кундаги мукофот-у жазоларни инкор қилган мушрикларнинг иддаоларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам номидан жавоб берилади. Қуръони каримнинг кўпгина оятларида келган «дедилар, айт(инг)” сўзлари ана шу талқинга хизмат қилади. Бунга мисол қилиб қуйидаги оятларни келтириш мумкин: «Улар: «Суяк ва (чирик) мурдаларга айланиб кетгач, яна янгитдан яралиб тирилурмизми?!» дедилар. Айтинг: «Сизлар хоҳ тош ё темир бўлинглар ёки кўнгилларингизда (ҳаётлигини тасаввур қилиш) жуда қийин бўлган бошқа бирон махлуқ бўлинглар, (ҳар ҳолда, Аллоҳ сизларни тирилтирур)». Ҳали улар: «Бизларни ким қайта тирилтира олур?» - дейдилар. «Сизларни илк бор яратган зот», деб айтинг! Ҳали улар: «У (кун) қачон бўлур?» деб (сўрайдилар). «Шоядки яқин бўлса», деб айтинг! «У зот сизларни чорлайдиган кунда Унга ҳамду сано билан жавоб берурсизлар ва ўзларингизнинг (дунёда) жуда оз (муддат) турганларингизни ўйлаб қолурсизлар». (“Исро” сураси, 49, 50 - оятлар)
Қиёмат кунининг содир бўлишига шак-шубҳа йўқ. Оятдаги «шоядки» лафзи бу куннинг воқеъ бўлишини англатади. Бўлиши аниқ бўлган ҳар бир нарса яқиндир.
Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Мен ва соат (Қиёмат) шундай юборилганман».
Бу услубда ворид бўлган кўплаб оятлар бор. Баъзиларини келтириш билан кифояланамиз: «Кофир бўлган кимсалар ўзларининг ҳеч қачон қайта тирилмасликларини гумон-даъво қилдилар. (Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: «Йўқ! Парвардигоримга қасамки, албатта қайтарилурсизлар, сўнгра албатта сизларга қилган амалларингизнинг хабари берилур. Бу Аллоҳга осондир» (“Тағобун” сураси, 7-оят).
«Кофир бўлган кимсалар «Бизларга (қиёмат) соати келмас», дедилар. (Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: «Йўқ! ўайбни билгувчи Парвардигоримга қасамки, шак-шубҳасиз у (яъни қиёмат) сизларга келур. Осмонлар ва ердаги бир зарра мисолчалик, ундан ҳам кичик (ёки) катта бирон нарса (Аллоҳ)дан махфий бўлмас – албатта очиқ китобда (яъни, Аллоҳнинг азилий ёзмиши – Лавҳул-Маҳфузда у) мавжуд бўлур» (“Сабаъ” сураси, 3-оят).
«У Бизга «Чириб битган суякларни ким ҳам тирилтира олур?» деб, мисол келтиради-ю, (аммо) ўзининг (бир томчи сувдан) яралганини унутиб қўйди. (Эй Муҳаммад), айтинг: «У (чириган суяк)ларни дастлаб (бир томчи сув)дан пайдо қилган зотнинг Ўзи қайта тирилтирур. У (Ўзи яратган) барча халқни билгувчидир». У сизлар учун ям-яшил дарахтдан олов пайдо қилган зотдир. Бас, сизлар ўшандан ўт ёқурсизлар. Осмонлар ва ерни яратган зот яна уларнинг ўхшашини яратишга қодир эмасми?! Йўқ (албатта қодирдир), Унинг Ўзигина яратгувчи ва билгувчидир» (“Ёсин” сураси, 78-81 оятлар).
Ушбу оятнинг нозил бўлиш сабаби борасида муфассирлар ушбу воқеани ҳикоя қиладилар: «Убай ибн Халаф (мушрикларнинг етакчиларидан бири) Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келибди. Унинг қўлида бир чириб кетган суяк бор эди. У ўша суякни қўли билан майдалаб ҳавога сочар экан, Пайғамбар алайҳиссаломга шундай деди: «Эй Муҳаммад, сен мана шу нарсани Аллоҳ қайта тирилтиради деб даъво қиляпсанми?» Расули акрам: «Ҳа, сени Аллоҳ ҳалок қилади ва мана шундай тупроққа айлантиради, сўнг қайта тирилтириб, дўзахга киритади», деди.
Хулоса шуки, Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда Қиёмат куни, у куни рўй берадиган ҳодисалар, мукофот-у жазо сингари масалалар ҳақида такрор-такрор тўхталинган. Аллоҳ таоло ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга мана шу оғир кунга доир қатор ҳикматли жавобларни ато этдиким, ул зот мушриклар билан олиб борган баҳс-мунозараларида рақибларини мот қилиб, Қиёмат соатининг ҳақ эканини исботлаб бердилар. Бу билан мўминларнинг иймонига иймон, ишончларига ишонч қўшилди. Ҳа, Қиёмат куни, шак-шубҳасиз, келади. Бунга ишонган ҳар бир мўмин у Кунга ўзининг чиройли амалларини ҳозирлаб қўяди ва Раббисининг розилигини қозонишга интилади.

3. Қуръони карим ҳақида мулоқот

Қуръони карим энг гўзал ва ҳикматли ҳидоят дастуридир. У ақли салим инсонларни қаноатлантирадиган услублар асосида жам бўлган. Қуръон Аллоҳнинг каломи бўлиб, ҳеч қандай ботил-ёлғон аралашмаган, у аниқ далиллар-у, боқий ҳақиқатга таянади. Ер-у осмон ва улар орасидаги нарсаларни яратган Ҳақ таоло томонидан нозил қилинган бу Илоҳий Китоб Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тиллари орқали инсониятга туҳфа этилган буюк мўъжизадир. Бунга биз - мўминлар шак-шубҳа қилмаймиз. Бироқ ҳамма инсонлар ҳам Қуръоннинг Аллоҳ ҳузуридан келганига ишонадими? Ундаги ақида, ибодат, одоб-аҳлоқ каби кўплаб ҳаётий масалаларни қамраган ҳукмларга бўйсинадими? Афсуски, йўқ. Ҳамма ҳам Қуръондаги тамойиллар бўйича яшамайди. Уларнинг орасида имон келтирганлар ва имон келтирмаганлар ҳам бор: «Қачон бирон сура нозил қилинса, улардан (яъни, мунофиқлардан) бўлган кимсалар (масхара қилишиб): «Қани, бу сура қайси бирларингизнинг иймонларингизни зиёда қилди?» - дейишади. Бас, у (сура) иймон келтирган зотларнинг иймонларини албатта зиёда қилур ва улар шод-ҳуррам бўлурлар. Аммо дилларида мараз бўлган кимсаларнинг эса динсизликларига яна динсизлик қўшур ва улар кофир ҳоллларида ўлурлар» (“Тавба” сураси, 124, 125-оятлар).
Хўш, Қуръони карим Аллоҳдан бошқа зотнинг каломи эмаслигига доир турли далилларни қай тарзда ифодалаган? Қуръон қандай қилиб ақл эгаларининг эътирофига сазовор бўлади? Уларни Аллоҳга яқинлаштириб, қалб, ҳис-туйғу эҳтиёжини қандай қаноатлантиради? Уни инкор қилувчилар билан қандай мулоқот намунасини кўрсатади? Ундан узоқлашадиганлар билан қандай муноқаша қилишни ўргатади? Уларнинг шубҳаларни йўққа чиқариб, ёлғонларини фош этишда қандай мукаммал услублардан фойдаланган?
Қуръони каримни қалб кўзи билан, синчиклаб ўқиган киши унинг Аллоҳ каломи эканига, Ундан бошқа ҳеч ким бундай Китоб ярата олмаслигига амин бўлади. Бунга бир неча далиллар бор. Улар қуйидагилардир:

1. У Аллоҳнинг каломи эканини тасдиқлайдиган оятлар бор: «Албатта (бу Қуръон) барча оламлар Парвардигори томонидан нозил қилингандир. (Эй Муҳаммад), сиз (охират азобидан) огоҳлантирувчилардан бўлишингиз учун қалбингизга уни (яъни Қуръонни) Руҳул-Амин – Жаброил очиқ-равшан арабий тил билан нозил қилди» (“Шуаро” сураси, 192, 193 - оятлар).
Изоҳ: Қуръони карим Оламларнинг Раббиси томонидан нозил қилинган. Уни Аллоҳ таоло ҳузуридан Жаброил олиб тушган. Бадан озуқага қандлай эҳтиёж сезса, Жаброил олиб тушган ҳақиқат - нурга ҳам руҳлар шундай эҳтиёж сезадилар. Эй Расули карим, Жаброил сизга Қуръонни олиб тушди, муддао шулки, сиз одамларни огоҳлантиринг, агар улар ўз куфлари ва фисқ-фужурларида шундай давом этадиган бўлсалар, мудҳиш жазога мустаҳиқ бўладилар. Биз Қуръонни қавмингизга тушунарли бўлиши учун араб тилида нозил қилдик. Чунки уни бошқа тилда нозил қилганимизда эди, уларнинг фаҳми етмас, натижада ҳар хил баҳоналар тўқишар эди.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг ким томонидан, кимнинг воситасида, кимлар учун нозил қилинганини; нозил бўлиш сабаби ва усулларини; ушбу нузулнинг ҳикмати ва нозил бўлган тилни баён қилмоқда. Бу мукаммал таъриф-у таснифлар Қуръони каримнинг Аллоҳ таоло ҳузуридан нозил бўлган Илоҳий Китоб эканига, ҳеч қандай ботил-ёлғон аралашмаганига далолат қилади.
Қуръони карим Аллоҳдан бошқанинг каломи эмаслигини таъкидловчи ояти карималар мавжуд: «Албатта бу эслатмани (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз, Ўзимиз уни сақлагувчимиз» (“Ҳижр” сураси, 9-оят).
Изоҳ: Биз Ўз қудратимиз ва хоҳишимиз билан бу Қуръонни расулимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалбига нозил қилдик. Биз бу Илоҳий Китобни ҳар қандай ўзгартириш, алмаштириш, ҳарфларини тушириб қолдириш, унга у ёки бу сўзни қўшиш ёки олиб ташлашдан Ўзимиз сақлагувчимиз. Ҳатто мўминлар Қуръонни сақлашга ожиз бўлиб қолган тақдирларида ҳам уни қиёматгача Ўзимиз муҳофаза қиламиз.
Қуръон Аллоҳ ҳузуридан нозил бўлганини тасдиқловчи қуйидаги оятларга эътиборингизни тортмоқчимиз: «Бас, Мен сизлар кўрадиган нарсаларга ҳам, сизлар кўра олмайдиган нарсаларга ҳам қасам ичурманки, у (Қуръон) шак-шубҳасиз улуғ пайғамбарнинг (Аллоҳ даргоҳидан келтирган) сўзидир! У бирон шоирнинг сўзи эмасдир! Сизлар (ушбу Қуръон Аллоҳнинг каломи эканлигига) камдан-кам иймон келтирурсизлар! Ва у бирон коҳин-фолбиннинг сўзи ҳам эмасдир. Сизлар камдан-кам панд-насиҳат олурсизлар! (У) барча оламлар Парвардигори томонидан нозил қилинган (Китобдир)» (“ал-Ҳаққо” сураси, 38-43 оятлар)
Изоҳ: Осмон, Ер, тоғлар, денгизлар каби яратган нарсаларимиз билан ва сизлар кўра олмайдиган фаришталар-у жинлар билан қасам ичамизки, Қуръони карим Аллоҳ томонидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлган Илоҳий Китобдир. У Қуръонни Ўзининг Раббиси томонидан олган. Бу борада Аллоҳ таоло шундай дейди: «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), шак-шубҳасиз, Сизга бу Қуръон Доно ва Билгувчи Зот даргоҳидан ташланаётир – туширилаётир» (“Намл” сураси, 6-оят). Ва бу Қуръон бирон шоирнинг ижоди ёки сизлар ғайбни билади деб даъво қилаётган бир коҳиннинг сўзи ҳам эмас. У оламларнинг Раббиси томонидан нозил қилинган Ҳақиқатдир.
Аслида буни шундай изоҳласак тўғрироқ бўлади: Мен ўзим яратган, сиз кўрадиган ва кўрмайдиган нарсаларни ўртага қўйиб қасам ичмайман. Чунки масала шунчалик равшанки, қасам ичишга ҳожат йўқ. Негаки, Қуръон Аллоҳдан ўзга зотнинг каломи эмаслиги ва у Оламларнинг Раббиси томонидан нозил бўлгани қатъий ҳақиқатдир.

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, агар хоҳлаган тақдирида ҳам, Қуръондаги биронта ҳарфни ўзгартира олмаслиги ва бу ҳол қандай шиддатли уқубатларга олиб келишини Аллоҳдан ўзга зот билмаслиги кўплаб оятларда зикр этилган. Масалан: «Қачон уларга (уларнинг олдида) Бизнинг очиқ-равшан оятларимиз тиловат қилинса, Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган кимсалар: «Бу Қуръондан бошқа бир Қуръон келтиргин ёки буни ўзгартиргин», дедилар. Айтинг: «Мен учун уни ўз томонимдан ўзгартириш дуруст эмасдир. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган оятларгагина эргашурман. Чунки мен агар Парвардигоримга исён қилсам, улуғ Куннинг (қиёматнинг) азобидан қўрқурман». Айтинг: «Агар Аллоҳ хоҳлаганида, мен уни (Қуръонни) тиловат қилмаган бўлур эдим ва (мен орқали Аллоҳ) уни сизларга билдирмаган бўлур эди. Ахир ундан (Қуръон нозил бўлишидан) илгари ҳам бир умр сизларнинг орангизда яшаб турдим-ку! Ахир, ақл юргизмайсизларми?» (Юнус, 15, 16-оятлар)
Ушбу оятнинг нозил бўлиш сабаби ҳақида муфассирлар ушбу воқеани эслатиб ўтганлар: «Мушрикларнинг бир жамоаси Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга келиб дедилар: «Агар сенга имон келтиришимизни хоҳласанг, сен илоҳларимизга ибодат қилишимизга монелик қилмайдиган Қуръонни келтиришинг керак. Агар сенга бундай китоб нозил бўлмаса, уни ўзингдан қўшиб ёки ўзгартириб айтгин...” Мушрикларнинг бундай жоҳилона талабидан сўнг юқоридаги оятлар нозил бўлган.
«Кашшоф» муаллифи Маҳмуд аз-Замахшарий шундай дейди: «Агар «Уларнинг бу таклифдан мақсадлари нима бўлган?» - деб сўрасанг, мен шундай дейман: «Уларнинг мақсади ёлғон ва макр эди. Қуръонни ўзгартиришни сўрар эканлар, бу билан У ўзгартириш мумкин бўлган оддий, одамзот томонидан ижод қилинган китоб эканини исботламоқчи эдилар. Мабодо уларнинг таклифига кўниб Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллалам Қуръонни ўзгартирсалар эди, Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломни ҳалок этар, бу эса мушриклар учун айни муддао эди, яъни улар расулуллоҳдан қутулар эдилар. Агар Аллоҳ ҳалок қилмаган тақдирда ҳам, Китобнинг Пайғамбар алайҳиссалом томонидан ўзгартирилганини рўкач қилиб, Аллоҳ ва унинг динига қарши ҳужжат-далил қилар эдилар».
Аллоҳ таоло суюкли пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга мушрикларнинг таклифига қарши шу сўзларни айтишни буюрди: «Айтинг: «Мен учун уни ўз томонимдан ўзгартириш дуруст эмасдир...» (Юнус сураси, 15-оят).
Изоҳ: уларга таълим ва танбеҳ бергандек айтинг: «Мен ўз-ўзимдан бу Қуръонни ўзгартира олмайман. Мен бу илоҳий амрларни ҳеч бир нуқсонсиз, ҳеч нарса қўшмасдан сизларга етказишга Раббим томонидан масъул қилинганман. Мен Аллоҳга осий бўлишдан ва даҳшати оламни қоплайдиган Кунда азобланишдан қўрқаман. Мен бехосдан Аллоҳнинг кичик бўлса-да бир оятини ўзгартириб қўйишдан қўрқсам-у, сизнинг ҳою-ҳавасларингизга эргашиб, унинг каломини бузишдан қандай қилиб қўрқмайин?!
Агар Аллоҳ сизларга Қуръон тиловат қилмаслигимни хоҳлаганида, албатта, шундай бўлар эди. Агар Аллоҳ сизлар Қуръондан ҳеч нарсани билмаслигингизни хоҳлаганида эди, албатта, уни билмас эдингиз. Ҳамма амалларнинг сарҳисоб бўладиган жойи Аллоҳ ҳузуридадир. Лекин Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бундай бўлишини хоҳламади. Балки бу Қуръонни сизларга тиловат қилишимни ирода этди. Ахир, яхши биласизларки, мен пайғамбарлик келишидан олдин 40 йил орангизда бўлдим. Бу вақт мобайнида мен сизларга Қуръондан ҳеч нарса гапирмаган эдим-ку. Чунки у пайтлар ўзим ҳам ундан бехабар эдим. Энди қачонки Рабббим менга Қуръондан ниманики ваҳий қилган бўлса, мен уни сизларга ҳеч бир қўшимча ёки нуқсонсиз ўқиб бермоқдаман”.
Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва унинг душманлари ўртасида кечган ушбу суҳбатни шундай тугатади: «Ахир, ақл юргизмайсизларми?». Яъни: «Сизлар ушбу очиқ-ойдин масалада ихтилофга тушиб, жоҳил бўлдингиз. Ҳеч бир банда уни - ҳатто бир ҳарфини ҳам - ўзгартира олмаслигига ақлингиз етмадими?!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръонни ўзгартирса шиддатли азобга дучор бўлишини билар эди. Бу борада Аллоҳ шундай дейди: «Агар (пайғамбар) Бизнинг шаънимизга (Биз айтмаган) айрим сўзларни тўқиб олганида, албатта Биз унинг ўнг қўлидан ушлаган, сўнгра албатта унинг шоҳтомирларини узиб ташлаган бўлур эдик. У ҳолда сизлардан бирон киши ундан (яъни пайғамбардан ҳалокатни) тўса олгувчи бўлмас эди. (Бас, Муҳаммад алайҳи салом Аллоҳнинг каломига ўз томонидан бирон сўз қўшмагани, балки зиммасидаги омонат-пайғамбарликни ҳалол адо қилиб келаётгани учун ҳам сизларнинг орангизда соғ-омон ҳаёт кечирмоқда, акс ҳолда Аллоҳ уни ҳалок қилган бўлур эди. Бу Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақ пайғамбар эканликларининг яна бир ёрқин далилидир)» (“ал-Ҳаққо” сураси, 44-47 оятлар).
Изоҳ: Аллоҳ таоло агар расулуллоҳ Қуръонни ўзгартирса, “Унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик”, деб огоҳлантирмоқда. Бу юракдан чиқувчи катта томирдир. У узиб ташланса, инсон шу захоти вафот этади ва бу уқубатдан ҳеч ким уни озод эта олмайди. Қолаверса, охиратда бундан-да даҳшатли азоблар бор. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, Аллоҳни бутун борлиғи билан севадиган, унинг ҳар бир амрига мунтазир турган, ҳақ йўлида бор-будини фидо қилган, Охир замон пайғамбари сифатида танланган улуғ инсон - Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръонни ўзгартиришга мойил бўлармиди?! Ҳеч ҳам!! Бу - мушрикларнинг амалга ошмайдиган, бадбин хомхаёллари, холос...
Юқоридаги ояти карималарда Қуръоннинг Аллоҳ ҳузуридан нозил бўлганига доир кучли далиллар бор. Жоҳил кимсаларнинг “Қуръонни Муҳаммаднинг ўзи тўқиб чиқарган” деган бўҳтонларини Аллоҳ таоло қатъиян рад этмоқда. Ҳа, Қуръони карим Раббиси томонидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳеч бир ўзгаришсиз нозил бўлган. Аллоҳ таолонинг гувоҳлик беришича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч қачон ҳаводан олиб гапирмаганлар. Бизга Аллоҳнинг гувоҳлиги кифоя қилур.

3. Қуръони каримни ўқиб-уққан киши шунга амин бўладики, кўплаб оятларда Аллоҳ таоло ушбу китобнинг вазифаси, мақсадлари хусусида сўз юритиб, унинг ҳукмларига эргашган кишиларни гўзал оқибат, ундан узоқлашган кимсаларни эса азоб-уқубат кутаётганини айтиб огоҳлантиради. Қуйидагиларига оятларга диққат қилинг-а: «(Эй Муҳаммад, бу Қуръон) Биз сизга, одамларни Парвардигорларининг изни-иродаси билан зулматлардан нургага - қудрат ва ҳамду сано эгаси бўлган зотнинг йўлига - олиб чиқишингиз учун нозил қилган Китобдир» (Иброҳим сураси, 1-оят).
Изоҳ: Эй Муҳаммад, одамларни куфр, залолат зулматидан иймон ва ҳидоят нурига олиб чиқишингиз учун Биз сизга ушбу Китобни нозил қилдик. Оятни ўқиб кўринг: «Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва яхши амалларни қиладиган мўминларга катта ажр-мукофот борлигини(нг) хуш хабар(ини) берур. Шунингдек, охиратга ишонмайдиган кимсалар учун аламли азоб тайёрлаб қўйганимизни(нг) ҳам «хуш-хабари»ни берур» (“ал-Исро” сураси, 9, 10-оятлар).
Яна бошқа оятда эса шундай дейилади: «(Барча) ҳамду сано Аллоҳ учундир. У зот Ўз бандаси (Муҳаммад алайҳиссалом)га бирон эгрилик бўлмаган расо Китоб - Қуръонни нозил қилгандир» (Каҳф, 1-оят).
Изоҳ: Аллоҳ таоло ваҳий қилган оятлар маъно, лафз жиҳатидан бир-бирини инкор этмайди. У Зот Қуръонни тўғрилик ва ростгўйликнинг энг юксак намунаси сифатида нозил қилди.
Қуйидаги оятларга ҳам эътиборингизни тортамиз: «Аллоҳ энг гўзал Сўзни (оятлари фасоҳат ва балоғатда) бир-бирига ўхшаган, (ичидаги ҳукмлари) такрор-такрор келгувчи бир Китоб - Қуръон қилиб нозил қилдики, (ундаги Аллоҳ азоби ҳақидаги оятларни тиловат қилганларида) Парвардигорларидан қўрқадиган зотларнинг терилари титраб кетар, сўнгра терилари - баданлари ҳам, диллари ҳам Аллоҳнинг зикрига юмшар - мойил бўлур. Мана шу (Китоб) Аллоҳнинг ҳидоятидирки, унга Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Ва кимни Аллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас» (“Зумар” сураси, 23-оят).
Изоҳ: Эй Муҳаммад, Аллоҳ таоло сизга энг гўзал ва яхши неъматни нозил қилиб, уни итмомига етказди ва мукаммал қилди. У китоб Қуръони карим бўлиб, ҳидоят ва мўъжизалари бир-бирини тўлдирадиган сура ва оятлардан иборатдир. Унинг ҳукмлари такрор-такрор келади. Содиқ мўминлар уни сидқидилдан қироат қиладилар. Бу илоҳий оятларнинг тафтидан уларнинг терилари титраб кетади.

4. Кўпгина оятларда Аллоҳ душмаларининг Қуръони карим ҳақидаги шубҳалари ва бу шубҳаларни йўққа чиқарувчи жавоблар баён қилинади.
Бу шубҳалардан бири: “Қуръон - Муҳаммаднинг каломи ва унга бу сўзларни ажамий (четдан келган бир) киши ўргатган» каби бўҳтондир. Аллоҳ таоло бу туҳматга жавобан шундай дейди: «Аниқки, Биз уларнинг «(Қуръонни Муҳаммадга) бирон одам ўргатмоқда», деяётганларини билурмиз. (Лекин уларнинг бу даъволари пучдир, чунки) улар ишора қилаётган кимсанинг тили ажамий (яъни арабий эмас), бу (Қуръон) эса очиқ-равшан арабийдир”.
Саҳобалардан бири ибн Аббос розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Маккада Қурайш қабиласига мансуб кишилардан бирининг Балъам деган ажам қули бор эди. Пайғамбар алайҳиссалом баъзан у билан гаплашиб, унга ислом аҳкомларидан таълим берар эдилар. Буни кўрган айрим қурайшликлар: «Муҳаммадга Қуръонни мана шу қул ўргатса керак», деб гап тарқатадилар ва шу аснода юқоридаги оят нозил бўлади.
Чиндан ҳам бу ўта тутуриқсиз бўҳтон эди. Негаки Қуръоннинг тили юксак даражадаги араб тилидир. Ҳолбуки, ўша ажамий қул араб тилининг бундай нозик, нафис товланишларидан тўла хабардор эмас эди. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, барча мушриклар йиғилиб Қуръонга ўхшаш бир китоб ярата олмаган бир пайтда (ҳолбуки, уларнинг орасида устамон шоирлар кўп эди), араб тили имкониятларини яхши билмайдиган ажамий қул уни Муҳаммад алайҳиссаломга ўргата оладими? Нақадар кулгили мантиқсизлик! Буни, эҳтимол, мушрикларнинг ўзлари ҳам билардилар, бироқ ғафлат ва жаҳолат қўйнида бўлганлари учун ва нима қилиб бўлса ҳам Қуръоннинг обрўсини тўкиш мақсадида ана шундай бемаъни уйдирмаларни тўқиб чиқарардилар. Лекин Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир: У Ўз Китобини Қиёматгача омон сақлайди.
Уларнинг яна бир шубҳалари шу эдиким, Қуръони каримни илгари яшаб ўтганларнинг афсона-асотирлари деб талқин қилардилар. Аллоҳ таоло уларни мот қилиб, шундай жавоб қайтарди: «Яна улар: «(Бу) аввалгилардан қолган афсоналардир. Бас (бу афсоналар бировлар томонидан) унга эрта-ю кеч ўқиб берилур», дедилар. (Эй Муҳаммад, Сиз уларга) айтинг: «Уни осмонлар ва ердаги барча сир-асрорни биладиган зот нозил қилгандир. Албатта У мағфиратли Меҳрибон бўлган зотдир» (“Фурқон” сураси, 5, 6-оятлар).
Шу тарзда Қуръони карим Аллоҳ душманларининг ҳар хил шубҳа-гумонлари баён қилади. Сўнг уларга қарши ҳикматли тарзда, мантиқий жавоб беради. Бу нарса мўминларнинг имонларига имон қўшиб, адашган, қайсар кимсаларнинг шубҳа гумонларини бартараф этади.

5. “Қуръон - башар каломи” деган мушрикларга қарши Аллоҳ таоло “ҳеч бўлмаса шунга ўхшаш битта сура келтирсинлар-чи” деб талаб қўяди. Негаким, мушриклар Қуръони каримга нисбатан беписандона муносабатда бўлар эдилар.
а) Қуръон аввало уларнинг даъволарини баён қилади: «Қачон уларга (кофирларга) Бизнинг оятларимиз тиловат қилинса: «Эшитганмиз, агар хоҳласак, бунга ўхшаган гапни ўзимиз айтган бўлур эдик. Бу фақат аввалгилардан қолган афсоналар, холос», дейдилар» (“Анфол” сураси, 31-оят).
Изоҳ: мушриклар туғёнлари боис ёлғон-ёшиқ борасида учига чиққан устамон эдилар. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга Қуръондан ўқиб берсалар, улар: «Эй Муҳаммад, агар хоҳласак, сен бизга тиловат қилиб бераётган бу Қуръон каби нарсани биз ҳам айта оламиз. Бу фақат аввалгиларнинг қиссалари ва аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган ҳикоялардир. У асло Аллоҳнинг каломи эмас”, деб юзларини буриштирардилар.
«Кашшоф» асари муаллифи Маҳмуд аз-Замахшарий раҳимаҳуллоҳ алайҳи ушбу оятни шундай тафсир қилади: «Уларнинг орасидаги мақтанчоқ кишилар чиндан ҳам бунга кучлари етса, нега ўз иддаоларини бажаришда сусткашлик қиляптилар? Улар ғалаба қозонишини хоҳласалар, даъволарини амалга оширишга нима тўсқинлик қиляпти? Ҳолбуки, уларнинг манманликлари ортиқча бўлиб, қуруқ чиранишдан бошқа нарса эмас - бу алоҳида таҳлил қилинадиган масала...»9
б) «Агар хоҳласак, биз ҳам худди шу каби нарсани айта оламиз». Бу пуч даъвога қарши Қуръони карим қандай жавоб беради? Аллоҳ таоло жавоби: «У ҳолда агар ростгўй бўлсалар, ўзлари ҳам ўша (Қуръон)га ўхшаш бирон сўз - китоб келтирсинлар-чи?!» (“Тур” сураси, 34-оят)
Кейин, агар бу иш улар айтгандек осон бўлса, худди Қуръондаги ўнта оят каби оятларни келтирсинлар, деб жавоб берди: «Ёки: «Уни (яъни, Қуръонни Муҳаммад) тўқиб чиқарган», дейдиларми? Айтинг: «У ҳолда, агар ростгўй бўлсангизлар, Аллоҳдан ўзга кучингиз етган барча бутларни (ёрдамга) чорлаб, шунга ўхшаш ўнтагина «тўқилган» сура келтирингиз!» (“Ҳуд” сураси, 13-оят)
Изоҳ: Эй Муҳаммад, мушриклар сизнинг Қуръонни ўйлаб топганингизни ва тўқиб чиқарганингизни даъво қиляптилар. Уларга айтинг: «Агар иш худди сиз даъво қилаётгандек бўлса, мен ҳам сизларнинг бирингизман. Сиз ҳам ўнтагина сурани «тўқиб» кўринг-чи? У «тўқиб» айтган нарсаларингиз нафис назм, гўзал услуб ва теран маъно асосида бўлиб, Қуръон оятларига ўхшасин». Бу ишни қилмоқчи бўлган одамга фақат Аллоҳ таологина ёрдам бермаса, ҳеч ким бундай илоҳий оятларни келтира олмайди. Чунки Аллоҳ таолонинг Ўзигина бундай ишга Қодир Зотдир.
Ояти карима Аллоҳ таолонинг «Агар ростгўй бўлсангизлар» деган сўзи билан тугайди. Яъни: даъволарингизда ростгўй бўлсангиз унга ўхшаш ўнтагина сурани айтинг-чи?! Майли, мен сизга Қуръоннинг ўзига ўхшашини келтиринг, деб талаб қўймайман. Ҳолбуки, сиз шунга ҳам қодир эмассиз...
Ниҳоят, улардан Қуръондаги битта сурага ўхшаш сура келтириш талаб қилинади. Бу шартнинг энг осон шакли эди: «Ёки: «Уни (Муҳаммад) тўқиб чиқарган», дейдиларми? Айтинг (эй Муҳаммад): «У ҳолда агар ростгўй бўлсангизлар, Аллоҳдан ўзга кучингиз етган барча бутларни (ёрдамга) чорлаб шу (Қуръон)га ўхшаш биргина сура келтиринглар!» (Юнус сураси, 38-оят)
Изоҳ: Айтинг, эй расулим, сиз айтгандек мен бу Қуръонни «тўқиб» чиқарган бўлсам, унда эй арабнинг гапга чечан сўз усталари, сиз ҳам юксак савияли ва ҳидоятга таллуқли бир сурани айтиб кўринг-чи? Токи Қуръонни ўзи тўқиб чиқарган, деб менга туҳмат қиляпсиз экан, майли мен розиман, даъвонгизни амалга оширишда хоҳлаган одамингизни ёрдамга чақиринг...
Аллоҳ таоло бу мавзуни қуйидагича давом эттиради: «Агар биз бандамизга туширган нарсадан (Қуръондан) шак-шубҳада бўлсангиз, у ҳолда шунга ўхшаган биргина сура келтиринг ва Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринг - агар ростгўй бўлсангиз. Энди агар бундай қилолмасангиз - ҳаргиз қилолмайсиз ҳам - у ҳолда одамлар ва тошлар ўтин бўладиган, кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқинг» (“Бақара” сураси, 23, 24 - оятлар).
Изоҳ: агар рост гапираётган бўлсангиз, Қуръон сураси каби бир сурани айтиб кўринг. Агар ундай қила олмасангиз, қайсарлик ва ғурурингизни бир четга суриб қўйиб, ҳақ йўлига қайтинг ва оташин дўзахдан сақланиш учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашинг. Зеро, Аллоҳ таоло дўзахни қайсар ва ёлғончилар учун тайёрлаб қўйган...
Бу ерда ғайбга дахлдор бир мўъжиза борким, хоҳ Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида бўлсин, хоҳ улардан кейинги даврларда бўлсин, ҳеч ким Қуръондаги сураларга ўхшаш илоҳий оятларни тўқиб чиқара олмайди.
«Кашшоф» асари муаллифи шундай дейди: «Агар бу оятда мўъжиза борлигини ва ғайбдан хабар берилаётганини қаердан билдинг?» деб сўрасангиз, мен шундай деб жавоб бераман: «...улар (мушриклар) оятларга қарши чиқдилар. Лекин биргина сура ёки оят «тўқиб» чиқа олмадилар. Бу ишни бажариш улар учун амри маҳол эди. Айниқса, оятларни беписандона маломат қилувчилар гарчи қаттиқ уринган бўлсалар-да, ҳеч нарса келтира олмадилар. Бу билан Қуръон оятларининг ғайбдан эканлиги маълум бўлди ва бу, шубҳасиз, мўъжиза эди»
Ҳа, шунча далил-исботдан сўнг ҳар бир ақлли киши Қуръон Аллоҳнинг ҳузуридан нозил бўлганини эътироф этади: «Ахир улар Қуръон ҳақида фикр юритмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқа биров томонидан бўлса эди, унда кўп қарама-қаршиликларни топган бўлар эдилар-ку?!» (“Нисо” сураси, 82-оят)
Қуръони карим Аллоҳ душманларининг сўзларига, баҳс-мунозараларига қарши кўпгина жавобларни баён қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу оятлардан фойдаланиб, мушрикларнинг шубҳа-гумонларини йўққа чиқарадилар: «Қачон Биз бир оят ўрнига бошқа бир оятни алмаштирсак - ҳолбуки, Аллоҳ Ўзи нозил қиладиган оятларни жуда яхши билгувчидир - улар (пайғамбарга): «Шак-шубҳасиз, сен ўзинг тўқиб олурсан», дейдилар! Йўқ! Уларнинг кўплари билмайдилар! (Эй Муҳаммад, уларга) уни (яъни, Қуръонни) руҳул-Қудс (Яъни, Жаброил) Парвардигорингиз тарафидан иймон келтирган зотларни собитқадам қилиш учун мусулмонларга ҳидоят ва хуш хабар бўлган ҳолида ҳаққи-рост нозил қилганини айтинг» (“Наҳл” сураси, 101, 102-оятлар).

1 Ал-Мўъжам ал-фиҳрис ли Алфоз ал-Қуръан ал карим. 554-578 бетлар. Муҳаммад Фуад Абдулбоқи.
2 “Аҳзоб” сураси, 21-оят.
4 Тарих ал-жадал. 8-бет, Дар ал-Фикр ал-Арабий, 1980 йил.
5 Ибн Кассир тафсири, 3-жилд, 245-бет. “Дар аш-Шаъб” нашри.
7 “Ас-сийрат ан-Набавийя”. Ибн Ҳишом. 3-жилд, 66-бет.
8 Оли имрон, 195
9 Тафсир ал-Кашшоф, 2-жилд, 216-бет

Таржимон Маматохунов Нозим

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ Таоло қудсий ҳадисда бундай марҳамат қилган Мени бандам қандай гумон қилса, Мен шундайман. Мени зикр қилганида, у билан биргаман. Агар ёлғиз ўзи зикр қилса, давоми...

2492 11:48 / 27.03.2017
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинадиРасулуллоҳ марҳамат қилдилар .Уч кишидан ташқари ҳеч ким бешикда гапирмаган. Булар биринчиси Исо ибн Марям , иккинчиси Журайжнинг давоми...

4967 14:37 / 27.03.2017
Сўзимнинг бошида барча дийндош биродарларимни, опасингилларимни кириб келган 1435 ҳижрий қамарий янги йил билан табриклайман. Унга қараб ибодатларимизнинг вақти давоми...

3129 11:00 / 19.07.2017
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг насиҳатлари Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳуга мактуб ёздилар Аммо баъд Албатта, инсонларнинг давоми...

2475 21:43 / 21.04.2017
Аудиолар

118740 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40701 14:35 / 11.08.2021