1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Исломда мол-дунё ва бойлик тўплашга қандай қаралади?

05:00 / 03.03.2017 3918 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар бир жамият ва тузумнинг бойлик ҳақида ўз қараши ва тушунчаси бўлади. Аммо, динимиз Исломда бойликка муносабат қандай? Шу ва шунга ўхшаш саволларга қуйида ҳадиси шарифлардан жавоб излаймиз.

Абу Зарр розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий  соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан баъзилари Набий  соллаллоҳу алайҳи ва салламга дедилар: “Эй Расулуллоҳ, бойлик эгалари ажр-савоблар (қозонишда) ўзиб кетишди. Улар биз каби намоз ўқишади, рўза тутишади, ортиқча мол-дунёларидан садақа қилишади”. Шунда у зот: “Аллоҳ сизларга ҳам садақа қиладиган нарсаларни жорий қилмаганми? Ҳар бир тасбеҳ – садақа, ҳар бир такбир – садақа, ҳар бир таҳмид – садақа, ҳар бир таҳлил – садақа, амру маъруф – садақа, наҳий мункар – садақа, биронтангизнинг ўз аёли билан жинсий муомала қилиши – садақа”, дедилар. Улар: “Эй Расулуллоҳ, агар биронтамиз шаҳватини қондирса ҳам, бунинг эвазига ажр оладими?!” дейишди. У зот: “Қаранглар, агар у шаҳватини ҳаром йўл билан қондирса, унга гуноҳ бўлармиди? Худди шунингдек, агар ҳалол йўл билан қондирса, бунинг учун ажр олади”, дедилар (Имом Бухорий, имом Муслим, имом Аҳмад ва имом Табароний ривояти).

Саҳобалар ичида турли ҳолатдаги кишилар бор эди. Баъзилари бутун бошли қўшинни керакли анжом, қурол-яроғ ва озиқ-овқат билан таъминлай оладиган даражада жуда бадавлат, яна баъзилари эса худди Суффа аҳлига ўхшаб ёлғиз ридоларидан бошқа ҳеч вақоси йўқ фақир эдилар. Аммо, уларнинг барчалари яхшилик қозонишга, савоб амаллар қилиб Аллоҳнинг розилигини топишга ўта иштиёқманд бўлишган. Ана ўша иштиёқни, савобли ишларга ташналикни ушбу ҳадис мисолида кўриб турибмиз.

Бу ўринда “Набий  соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобларидан баъзилари” дейилмоқда, аммо бошқа ривоятларда, хусусан имом Муслим ривоят қилган ҳадисда “муҳожирларнинг фақир кишилари келиб...” дейилган. Демак, муҳожирлар орасидаги қўли калта фақир кишилар келиб: “Эй Расулуллоҳ, бойлик эгалари ажр-савоблар (қозонишда) ўзиб кетишди. Улар биз каби намоз ўқишади, рўза тутишади, ортиқча мол-дунёларидан садақа қилишади”, дейишди.

Яъни, эй Расулуллоҳ, бой-бадавлат биродарларимиз солиҳ амаллар қилиш ва ажр-савоб қозонишда бизлардан ўтиб кетишди. Улар бизлар каби имон келтиришган, биз тасдиқлаган нарсаларни тасдиқлашган, биз каби намоз ўқишади, рўза тутишади, аммо бизлардан фарқли ўлароқ мол-дунёлари борлиги сабаб ҳақдор кишиларга садақалар қилишади, қул озод етишади, улар жаннатга киришларига сабаб бўлувчи амалларни қилмоқдалар, уларнинг Аллоҳ наздидаги мартабалари ҳам ортиб бормоқда. Бизлар эса бундай имкониятларга эга эмасмиз?! – дейишди.

Уларнинг бу саволи ҳасад ёки кўра олмаслик оқибатида берилмаяпти, балки солиҳ амалларда бошқа биродарларидан орқада қолиб кетишлари уларни шу нарсага ундамоқда.

Ўз ҳузурларига келган саҳобаларда ажр-савоб қозонишга бўлган кучли иштиёқни кўрган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарата: “Аллоҳ сизларга ҳам садақа қиладиган нарсаларни жорий қилмаганми?” яъни, сизларда кўп миқдорда бойлик ва мол-дунё бўлмаса-да, сизларга шундай амалларни ўргатаманки, бунинг эвазига Аллоҳ сизларга биродарларингиз қилаётган садақанинг савобини беради, деб: “Ҳар бир тасбеҳ – садақа, ҳар бир такбир – садақа, ҳар бир таҳмид – садақа, ҳар бир таҳлил – садақа, амру маъруф – садақа, наҳий мункар – садақа, биронтангизнинг ўз аёли билан жинсий муомала қилиш – садақа”, дедилар.

Бундан зикр ва амру маъруф билан Аллоҳга яқинлашиш бойлик – садақа, закот ва бошқа молиявий ибодатлар билан Аллоҳга яқинлашишдан афзал экани маълум бўлади.

Тасбеҳ “субҳаналлоҳ”, такбир “аллоҳу акбар”, таҳмид “алҳамду лиллаҳ”, таҳлил эса “лаа илаҳа иллаллоҳ” калималарининг қисқартирилган шакли саналади.

Амру маъруф “одамларни яхшиликка, солиҳ амалларга буюриш”, наҳий мункар “уларни гуноҳ ишлар ва ҳаром амаллардан қайтариш”дир.

Демак, айтиб ўтилган зикрлар, амру маъруф ва наҳий мункар бандага бойлигидан садақа қилганчалик савоб берилишига сабаб бўлар экан. Булар орасида амру маъруф ва наҳий мункарга бериладиган ажр зикрга бериладиган савобдан улуғроқдир. Сабаби амру маъруф ва наҳий мункар фарзи кифоя, зикрлар эса нафлдир. Фарз ибодатига нафллардан кўра кўпроқ савоб берилиши ҳаммамизга маълум. Шу маънода уламолардан баъзилари: “Фарз ибодатининг савоби нафл ибодатининг савобидан етмиш марта кўпдир”, дейишган (“Шарҳун нававий ъала муслим”).

Солиҳ амалларга ташна бўлган муҳожирлар тасбеҳ, такбир, таҳмид, таҳлил, амру маъруф ва наҳий мункар ибодат эканини ва бу амалларни адо этган бандаларга улкан савоб берилишини билар эдилар. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Биронтангизнинг ўз аёли билан жинсий муомала қилиши – садақа” деб айтишлари уларни ажаблантирди ва шу сабабдан: “Эй Расулуллоҳ, агар биронтамиз шаҳватини қондирса ҳам, бунинг эвазига ажр оладими?!” деб сўрашди. Уларнинг бу саволида аҳли-аёли билан жимоъ қилиш ҳам ибодатми, банда шу нарса учун ҳам савоб оладими?! деган маъно бор эди.

Саҳобаларнинг ажабланиш билан берган саволларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиройли қиёс билан жавоб бердилар: “Қаранглар, агар у шаҳватини ҳаром йўл билан қондирса, унга гуноҳ бўлармиди? Худди шунингдек, агар ҳалол йўл билан қондирса, бунинг учун ажр олади”.

Ҳақиқатан, агар банда шаҳватини ҳаром йўл билан, масалан, зино қилиш орқали қондирадиган бўлса, катта ва улкан гуноҳ иш қилган бўлади. Бунинг акси ўлароқ, зинодан четланиш мақсадида ўзининг ҳалол завжаси билан муомала қилса, албатта савобга эришади.

Бундан келиб чиқадики, агар ният холис бўлса, мубоҳ амаллар ҳам ибодатга айланади. Имом Нававий айтади: “Агар банда аёлининг ҳақини адо этиш, унга яхши муомала қилиш, солиҳ фарзанд талаб қилиш, ўзини ва завжасини ҳаромдан, номаҳрамларга назар солишдан тийиш учун жимоъ қиладиган бўлса, бу ибодат бўлади”.

Ушбу ҳадисда бойликка эга бўлиб, шу билан бирга солиҳ амалларни қилиш улкан даража экани айтилмоқда.


Саъд ибн Абу Ваққос розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Албатта Аллоҳ тақволи ва хафий бўлган бой бандани яхши кўради”, деб айтганларини эшитганман” (Имом Муслим ва Аҳмад ривояти).

Имом Нававий ўз шарҳида: “Бойлик”дан мурод “нафс тўқлиги (қаноат)”, деган. Ал-Қозий эса: “Ҳадисда зикр қилинган бойлик моддий бойликдир”, деган. Лекин, ҳадисдаги “ғина” сўзи асосан моддий бойликни англатиши ва “бадавлат” сўзининг сифати “хафий” билан ифодаланаётганини ҳисобга оладиган бўлсак, бу ердаги “бойлик”дан мурод моддий мол-мулкка эга бўлиш эканига амин бўламиз.

Таржимада “хафий” деб ўгирилган сўз аслиятда ҳам шу тарзда келтирилган. Мазкур сўз “ўзини яширувчи, кўринмас; ўзини кўз-кўз қилмайдиган; мутавозеъ, камтарин” каби маъноларни ифодалайди. Демак, Аллоҳ таоло тақво қилувчи, ўзини камтарин тутиб, бойлиги билан фахрланмайдиган, мутавозеъ ва камтарин бадавлат кишини яхши кўради. Бу эса ҳалол йўл билан бойлик орттириш мўмин банда учун фазилат эканига далолат қилади. Ўз навбатида бойлиги бўлса-да, тақвоси йўқ, мол-давлати билан манманлик қиладиган, ўзини бошқалардан устун қўядиган мақтанчоқ бандани Аллоҳ таоло ёмон кўради.

Бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, ҳадиси шарифда “хафий бой банда”дан олдин “тақволи” сўзининг келиши, агар имон ва тақво бўлсагина, бойлик, мол-дунё бандага фазилат бўла олишидан дарак беради.


Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Айюб бир куни яланғоч чўмилаётганида, унинг устига олтин чигирткалар шатирлаб ёғила кетди ва Айюб уларни териб кўйлагига сола бошлади. Шунда Парвардигори унга нидо қилди: “Эй Айюб, Мен сени кўриб турган нарсаларингдан беҳожат қилиб қўймаганмидим?” У: “Ҳа (эй Раббим, шундай қилгансан,) иззатингга қасамки, лекин мен Сенинг барокангдан беҳожат эмасман”, деди” (Имом Бухорий “Жомеъус саҳиҳ”да ва Байҳақий “Сунанул кубро”да ривоят қилган).

Айюб Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан биридир. Унинг насаби Исҳоқ ибн Иброҳим алайҳиссаломга бориб тақалади. Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссаломга жуда кўп миқдорда бойлик, мол-дунё ва фарзанд бериб, уни моли, аҳли ва танасига мусибат юбориб, қаттиқ имтиҳон қилади. Аммо, Айюб бу мусибатларга чиройли сабр қилади. Бунинг мукофотига Аллоҳ унинг дуосини қабул қилади ва аввалги мол-дунё ва бола-чақаларини яна қайтариб беради.

Бу ҳадисда Айюб алайҳиссалом ҳаётида содир бўлган кичик бир ҳодиса ҳақида сўз боради. Кунларнинг бирида Айюб чўмилаётганида, бирдан унинг устига олтин чигирткалар ёғила кетибди. Буни кўрган Айюб уларни тез-тез териб олиб, қўйнига сола бошлабди. Шунда Аллоҳ таоло унга нидо қилиб: “Эй Айюб, Мен сени кўриб турган нарсаларингдан беҳожат қилиб қўймаганмидим?” яъни, ахир Мен сени бой-бадавлат кишилардан қилиб қўйган бўлсам, яна нега ўзингни бу нарсаларга урмоқдасан, – деб хитоб қилибди. Бунга жавобан Айюб алайҳиссалом: “Эй Раббим, шак-шубҳасиз Сен мени мана шу нарсалардан беҳожат қилиб қўйгансан. Лекин, Сен осмондан туширган барака ва файзингдан беҳожат эмасман”, деб жавоб берибди.

Ибн Ҳажар ушбу ҳадис ҳақида шундай деган: “Мазкур ҳадис ҳаққи ва шукрини адо қила оладиган банда учун ҳалол йўл билан бойлик орттириш жоиз эканига далолат қилади. Бу ерда “мол-дунё” маъноси “барака” сўзи билан ифодаланиб, шукр ва тақво билан сифатланган бой кишиларнинг фазилатли эканликлари ҳам таъкидланмоқда”.

Ушбу ҳадисдан олинадиган хулосалар:

1 – Ҳеч ким кўрмайдиган жойда, киши ўзи холи бўлганида яланғоч чўмилишнинг жоиз экани. Зеро, Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссаломга яланғоч чўмилаётгани учун эмас, балки олтин чигирткаларни қўйнига солгани учун танбеҳ маъносида нидо қилди.

2 – Ҳаққи ва шукрини адо қилиш шарти билан бойлик тўплаш мумкин экани.

3 – Ҳар бир банда Аллоҳнинг хайр-баракаси ва файзидан касб қилишга ҳаракат қилиши лозимлиги.

4 – Қанчалик бой-бадавлат бўлмасин, банда доимо ўзини Аллоҳга муҳтож эканини ҳис қилиб туриши, ўзини зинҳор Аллоҳнинг лутф-карамидан беҳожат эканини даъво қилмаслиги керак экани.


Амр ибн Ос розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг олдимга одам жўнатиб, кийимларинг, қурол-яроғингни олиб, менинг олдимга келгин, деб айтиб юборибдилар. Мен у зотнинг олдиларига борсам, таҳорат қилаётган эканлар. Шунда менга бошдан-оёқ разм солиб, сўнгра нигоҳларини пастга қаратдилар ва: “Мен сени бир қўшинга бошлиқ қилиб юбормоқчиман. Аллоҳ сени соғ-саломат қилиб, ўлжалар олишни насиб этади. Мен сенинг яхши ният ила бойлик касб қилишингни хоҳлайман”, дедилар. Шунда: “Мен бойлик орттириш учун эмас, балки Исломни хоҳлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бўлиш учун мусулмон бўлганман”, дедим. Шунда у зот: “Эй Амр, солиҳ бойлик солиҳ кишининг қўлида бўлса, қандоқ ҳам яхши!” дедилар” (Имом Бухорий “Ал-адабул муфрад”да, имом Аҳмад “Муснад”да ва имом Табароний “Кабир”да ривоят қилган).

Амр ибн Ос ибн Воил Абу Абдуллоҳ ал-Қуроший машҳур саҳоба, Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳунинг отаси. У жасурлиги ва паҳлавонлиги билан шуҳрат қозонган, кўплаб фатҳларда иштирок этган. “Сиҳоҳи ситта” соҳибларининг барчаси ундан ҳадис ривоят қилишган.

Ушбу ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Амр ибн Ос розийаллоҳу анҳунинг олдига одам юбориб, кийим ва қуролларини олиб, у зотнинг ҳузурларига келишини буюрибдилар. Амр у зотнинг олдиларига келса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат қилаётган эканлар. Шундан сўнг Амр ибн Осга бир назар солиб, кейин нигоҳларини бошқа ерга буриб туриб:

– Эй Амр, мени сени бир қўшинга саркарда қилиб, фалон жойга юбормоқчиман. Шояд Аллоҳ сизларга нусрат берса, соғ-саломат сақлаб, кўп миқдорда ўлжалар ато этса. Мен сенда солиҳ бойлик бўлишини хоҳлайман, – дедилар. Буни эшитган Амр:

– Эй Расулуллоҳ, мен бойлик ёки мансабга эриши учун эмас, балки Ислом динини ҳақ деб билганим, ушбу динни хоҳлаганим учун ҳамда Аллоҳнинг Расули билан бирга бўлиш учун мусулмон бўлганман. Сиз буюраётган вазифалар орқасидан мол-дунё орттиришни истамайман”, – деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Амр ибн Оснинг бойликка нисбатан муносабатини тўғрилаш мақсадида: “Эй Амр, солиҳ бойлик солиҳ кишининг қўлида бўлса, қандоқ ҳам яхши!” дедилар.

“Солиҳ бойлик” деганда ҳалол йўл билан топилган, шукри ва ҳаққи адо этиладиган бойлик назарда тутилади.

“Солиҳ киши” энг аввало Аллоҳ таолога ҳақиқий имон келтирган, У Зотга тақво қилувчи, бойлик эгаси бўла туриб ҳаддидан ошмайдиган, камтарин ва мулойим, қўли очиқ ва яна кўплаб яхши сифатларга эга бўлган бандадир.

Демак, ҳалол йўл билан топилган бойлик мўмин ва тақводор одамнинг қўлида бўлиши яхши нарса экан. Бу ҳолат кўплаб хайрли ишларнинг амалга оширилиши, мўминларнинг аҳволи яхшиланиши, Ислом равнақи ва яна кўплаб яхшиликларга сабаб бўлади.


Абу Кабша Анморий  розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитган экан: “Уч нарсага қасам ичаман ва мен сизларга бир ҳадис айтаман, уни ёдлаб олинглар: банданинг моли садақа билан камаймайди, бир бандага зулм қилинса ва ўшанга сабр қилса, албатта Аллоҳ унинг обрўсини зиёда қилади. Агар банда ўзига тиланчилик эшигини очса, албатта Аллоҳ унга фақирлик эшигини очади (ёки шунга ўхшаш сўз айтдилар). Мен сизларга бир ҳадис айтаман, уни ёдлаб олинглар: Албатта дунё тўрт нафарникидир – бир бандага Аллоҳ бойлик ва илм беради. У Раббига тақво қилади, силаи раҳм қилади ва унда Аллоҳнинг ҳаққини билади. Бу энг афзал даражадир! Яна бир бандага Аллоҳ илм беради, аммо бойлик бермайди. Шунга қарамай унинг нияти тўғри, агар Аллоҳ менга ҳам бойлик берганида фалончининг амалини қилган бўлардим, дейди. У ниятига яраша (ажр) олади ва у иккисининг савоби бир хил. Яна бир бандага Аллоҳ бойлик беради, аммо илм бермайди. У молини илмсиз ҳолида исроф қилади, Раббига тақво қилмайди, силаи раҳм қилмайди ва унда Аллоҳнинг ҳақларини билмайди. Бу энг ёмон даражадир! Яна бошқа бир бандага Аллоҳ бойлик ҳам, илм ҳам бермайди, шунга қарамай у, агар менда ҳам бойлик бўлганида фалончининг амалини қилардим, дейди. Бас, у ниятига яраша олади. У иккисининг гуноҳи бир хилдир” (Термизий, Ибн Можа, имом Аҳмад ривояти. Абу Исо Термизий ҳадиснинг санадини ҳасан-саҳиҳ, деган).

Мазкур ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир мўмин киши билиши лозим бўлган ишлар хусусида хабар бериб, уларнинг муҳимлигини билдириш мақсадида ҳадиснинг аввалида “уч нарсага қасам ичаман” демоқдалар ва сўзлари давомида масаланинг аҳамиятли эканини билдириш учун икки бора “мен сизларга бир ҳадис айтаман, уни ёдлаб олинглар” деб таъкидламоқдалар.

Энди, ҳадисда айтилган ҳар бир мўмин-мусулмон банда яхши билиб олиб, амал қилиши лозим бўлган ишларни бирма-бир кўриб чиқамиз:

“Банданинг моли садақа билан камаймайди”.

Бу ерда “садақа” деганда, аввало фарз ибодати – закот, фитр садақаси, қурбонлик қилиш ва бошқа ихтиёрий садақалар назарда тутилмоқда.

Банда молидан бир қисмини ажратиб, уни Аллоҳ йўлида сарфласа, зоҳиран унинг моли қисман камайгандек кўринса-да, аммо у Аллоҳнинг наздида ўсиб-кўпайиб боради, чунки садақа қилиш билан молга барака киради, нуқсон, мусибат ва турли балоларга учраши камаяди. Бу нарсага фақат мўмин бандагина тўлиқ имон келтиради ва шу таълимот ва эътиқод асосида солиҳ амаллар қилади. Аммо, фақат моддий даромаднигина кўзлайдиган ақли калта банда эса “садақа билан мол камаймаслиги”га ажабланади ёки шубҳа билан қарайди. Лекин, бундан фарқли равишда мўмин банда Аллоҳнинг Расули қасам ичиб, таъкид билан айтган сўзларни тасдиқлаши ва ўз тасарруфларини ҳам мана шу ҳадисга мувофиқ йўлга қуйиши лозим.

“Бир бандага зулм қилинса ва ўшанга сабр қилса, албатта Аллоҳ унинг обрўсини зиёда қилади”.

Яъни, кимга бирон зулм етганида, Аллоҳ розилиги учун авф қилса, Аллоҳ бунинг эвазига авф қилган кишининг дунё ва охиратдаги мартабасини баланд қилиб қўяди. Бу эса бир бандага бошқа банда томонидан зулм, азият, шикаст, зарар, талофат ёки уриш, сўкиш, ҳақорат каби нарсалар етганида, ўч олишга имкони бўла туриб, Аллоҳнинг розилиги учун авф қилиб юборишнинг нақадар улуғ фазилат эканига далолат қилади. Фақат бунинг бир шарти бор. Авф қилаётган банда фақат Аллоҳ розилиги учун кечираётганини маълум қилиб қўйиши керак. Акс ҳолда, бу кечириш зулм қилган одамни янада руҳлантириб, салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Ислом дини одамлар ўртасида тинчлик, тотувлик ва ҳамжиҳатлик ҳукм суришини тарғиб қилувчи дин эканини ушбу ҳадис мисолида кўриш мумкин. Қайси жамиятда ўзаро кечиримлилик, бир-бирини авф қилиш, хатоларини яхшилик йўли билан тузатиш, ислоҳ қилиш мавжуд бўлса, ўша жамиятнинг тез орада гуллаб-яшнаб, тараққий этишига шубҳа йўқ. Аксинча, бир-бирига душманлик, адоват, ҳасад ва кек сақловчи кишилар яшайдиган жамият тез орада инқирозга юз тутади.

“Агар банда ўзига тиланчилик эшигини очса, албатта Аллоҳ унга фақирлик эшигини очади...”

Инсон ҳаёти доимо ҳам тўғри чизиқдек бир маромда давом этавермайди. У баъзида бой, баъзида камбағал, баъзида ишлари юришиб, баъзида эса касодга учраши мумкин. Ислом дини мана шуни эътиборга олиб, кутилмаганда бошига кулфат тушган бандаларга, токи ўзларини тиклаб олгунларича, садақа сўрашга, яъни тиланчилик қилишга рухсат берган. Аммо, ким тиланчиликни ўзига касб қилиб олса, садақа сўраш орқали оила боқишни, рўзғор тебратишни йўлга қўядиган бўлса, ҳадисда айтилганидек, бири икки бўлмайди, косаси оқармайди, рўзғоридан барака, файз кетади, муҳтожлиги ошиб, ночор ҳолга тушади. Шундай экан, мўмин банда бировларнинг қўлидаги нарсага таъма қилмаслиги, тиланчиликни ўзига ор деб билиши, ҳар қандай ҳалол йўл ва воситаларни ишга солиб, фарзандларини ўзининг ҳалол меҳнати, пешона тери билан боқишга ҳаракат қилиши керак.

“... ёки шунга ўхшаш сўз айтдилар”.

Бу ҳадис ровийси томонидан қилинган шубҳадир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар банда ўзига тиланчилик эшигини очса, албатта Аллоҳ унга фақирлик эшигини очади...” деганларидан сўнг шунга ўхшаш ёки шу маънода яна нимадир деганлар, аммо бу нарса ҳадис ровийсининг ёдида аниқ қолмаган. Шундай бўлса-да, илмий омонат юзасидан у ўша унутилган нарсани ҳам айтиб қўймоқда.

“Мен сизларга бир ҳадис айтаман, уни ёдлаб олинглар”.

Бу гап юқорида айтилган эди, ўта муҳим бўлганидан бу ўринда яна такрорланмоқда.

“Албатта дунё тўрт нафарникидир”.

Яъни, огоҳ бўлингларки, дунё ишларини тасарруф қилишда бандалар тўрт тоифага бўлинадилар. Сизлар уларнинг ҳолидан хабардор бўлинглар!

“Бир бандага Аллоҳ бойлик ва илм беради. У Раббига тақво қилади, силаи раҳм қилади ва унда Аллоҳнинг ҳаққини билади. Бу энг афзал даражадир!”

Бир бандага Аллоҳ ҳалол бойлик ато қилади ва манфаатли шаръий илм беради. У эса бойлиги ва илми билан Аллоҳга тақво қилади, аввало закот ибодатини бажаради, ихтиёрий садақалар қилади, қариндош-уруғчилик ришталарини боғлайди, хуллас бойлигининг ҳаққини чиройли суратда адо қилади. Илми билан мўминларга манфаат етказади, уларга илм ўргатади, билмаган нарсаларига жавоб беради, уларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаради. Мана шу ҳолат, яъни илм ва бойликнинг бир кишида жамланиб, иккиси ҳаққини адо қилиши энг афзал даражадир. Ким шундай қилса, дунё ва охиратда Аллоҳ таолонинг энг суюкли ва мартабаси энг улуғ бандаларидан бўлади.

Ушбу ҳадисда Ислом бойликни қоралайди, мол-дунё тўплашга қарши, деганларга кучли раддия бор. Исломда айнан бойликнинг ўзи эмас, балки унга кўнгил қўйиш, ҳирс, таъма қилиш, бахиллик ва кибру ҳавога берилиш таъқиқланади. Юқорида айтилганидек, кимки бойликка эга бўлса, шу билан бирга илмга ҳам (хоҳ шаръий, хоҳ бошқа соҳага оид илмлар бўлсин) эга бўлиб, бойлиги ва илмини фойдали жойларга, савобли ишларга сарфласа, исрофдан сақланса, бундай бойликнинг ҳеч қандай зарари йўқ, балки фойдаси ва манфаати бўлади.

Афсуски, мўмин-мусулмонларнинг аксарияти шу маънода айтилган ҳадиси шарифлардан бехабарлиги туфайли бойликка ва мол-дунё тўплашга салбий муносабатда бўлишади. Уларнинг аксарияти бойликка фақат фитнага соладиган нарса деб қарайдилар. Ҳозирги кунда мусулмонларнинг моддий тараққиётдан орқадан қолаётганларига ҳам сабаб шу бўлса керак, назаримизда. Лекин, Ислом бизларни ҳам бойлик, ҳам манфаатли илмга эга бўлишга тарғиб қила туриб, бу ишнинг уддасидан чиқа олганлар Аллоҳнинг наздида бандалар ичидаги мартабаси энг баланд кишилардан бўлишини маълум қилмоқда. Энди биз ушбу ҳадисга амал қилиб, бойликка бўлган муносабатимиз ва қарашларимизни тўғрилашимиз, илм билан бирга моддий бойликни жамлаган ҳолда, Аллоҳнинг розилигига сабаб бўладиган солиҳ амалларни қилишга ўтишимиз лозим.

“Яна бир бандага Аллоҳ илм беради, аммо бойлик бермайди. Шунга қарамай унинг нияти тўғри, агар Аллоҳ менга ҳам бойлик берганида фалончининг амалини қилган бўлардим, дейди. У ниятига яраша (ажр) олади ва у иккисининг савоби бир хил”.

Иккинчи тоифа кишига Аллоҳ таоло манфаатли шаръий илм беради, аммо бойлик бермайди. У илмининг ҳаққини адо қилади, кишиларга илм ўргатади ва шу йўл орқали ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам фойда бўлади. Бу банданинг қалби пок ва нияти холисдир. Шу сабаб бойлиги бўлмаса-да, бойлик ва илмни ўзида жамлаб, уларнинг ҳаққини чиройли суратда адо қилаётган солиҳ мўмин бандага ҳавас қилиб: “Эй Аллоҳим, агар менда ҳам бойлик, мол-дунё бўлганида, фалончи банданг каби Сенинг розилигинг йўлида инфоқ-эҳсон, садақа қилар ва қариндошларимга молу давлатим билан ёрдам берган бўлардим!” дейди. Унинг бундай нияти бесамар кетмайди, карами кенг бўлмиш Аллоҳ нияти холислиги ва қалби поклиги учун бу бандага худди биринчи тоифага берган савобини ато қилади. Тўғри, фақат яхши ниятнинг ўзи бандани энг афзал даражага олиб чиқмаса-да, ҳар ҳолда ўшанга яқинроқ бўлган мартабага кўтаради, чунки мазкур холис ниятли бандада, агар ҳақиқатан имконият бўлганида, бойлиги ва молу мулки бўлганида уни муносиб жойларга сарфлаган бўлар эди. Бундан мўмин банда доимо ниятини холис қилиши, солиҳ амаллар қилаётганларга ҳавас қилиб, ўзи ҳам уларга ўхшашга ҳаракат қилиши лозим экани келиб чиқади.

Юқоридаги икки тоифа кишилар мақтовга сазовор ва солиҳ бандалар эдилар. Қуйида эса нафсига тобеъ бўлган ва нияти бузуқ бандалар ҳақида сўз боради:

“Яна бир бандага Аллоҳ бойлик беради, аммо илм бермайди. У молини илмсиз ҳолида исроф қилади, Раббига тақво қилмайди, силаи раҳм қилмайди ва унда Аллоҳнинг ҳақларини билмайди. Бу энг ёмон даражадир!”

Бу бандага Аллоҳ бойлик, мол-дунё беради, аммо у илмдан бенасибдир. Илмсиз бўлганига яраша илмга ҳаракат қилмайди ёки билганлардан сўраб иш тутмайди, балки жоҳиллиги туфайли бойлигини бекорга совуради, исрофга ишлатса-ишлатадики, зинҳор савобли ишларнинг яқинига ҳам йўламайди. Мабодо инфоқ қиладиган бўлса ҳам, риё, хўжакўрсин ва манманлик учун қилади. Илмсизлиги сабаб бойлигининг ҳаққини адо қилмайди – қариндошлик ришталарини боғламайди ва Аллоҳга тақво қилмайди. Айнан мана шу ҳолат банданинг дунёю охиратда энг паст ва тубан даражага тушиб кетишига сабабчи бўлади.

Ислом мана шундай кимсалар қўлига тушиб қолган бойликни қоралайди, Ислом ҳою ҳаваслари ва шаҳвати учун сарфланиб, ҳақдор кишилардан беркитиладиган, солиҳ амалларга сарфланмайдиган, муносиб жойларга ишлатишдан тўсиладиган бойликни қоралайди, Ислом закоти адо қилинмайдиган бойликни қоралайди, Ислом ҳаром йўл билан топилган бойликни қоралайди!

Афсуски, орамизда бу тоифадаги кишилар кўпчиликни ташкил қилади. Шу сабаб ҳам “Ислом ва бойлик” масаласи кўтарилганида, кўз олдимизга фақат шу тоифадаги кишилар келиб, ўзимизча “Ислом бойликни қоралайди”, деб қўя қоламиз, масалага чуқурроқ, теран назар билан ёндашишни унутамиз.

Мавриди келганида бир нарсани айтиб ўтиш лозимки, ҳадиси шарифда келтирилаётган тўрт тоифа кишилар мўмин-мусулмонлар орасидаги турли гуруҳ вакилларини англатади. Ҳадис матнидаги “энг афзал даража”, “Раббига тақво қилади”, “Раббига тақво қилмайди” жумлалари шунга далолат қилади. Аслида бирон банданинг эътиқоди “мўмин ёки “кофир” деб аниқ айтилса-да, аммо бу ердаги “тақво” сўзи “имон” маъносини билдиради. Зеро, фақат имони бор бандагина Аллоҳга тақво қилади. Шунингдек, кофирлар ҳақида “мана бу тоифа вакиллари энг юқори мартабада, мана булари эса энг паст даражада” дейилмайди, сабаби куфр иллатининг ўзи уларни энг тубан даражага тушириб қўяди.

“Яна бошқа бир бандага Аллоҳ бойлик ҳам, илм ҳам бермайди. Шунга қарамай у, агар менда ҳам бойлик бўлганида фалончининг амалини қилардим, дейди. Бас, у ниятига яраша олади. У иккисининг гуноҳи бир хилдир”.

Бу тоифадаги банда бойликдан ҳам, илмдан ҳам бенасиб, камбағал ва саводсиз-жоҳилдир. Шундай бўлгач, у илмга интилиш ёки ҳалол йўл билан касб-кор қилиб, аҳқолини ўнглаб олиш ўрнига бойликка эга бўлиб, молини илмсиз тарзда дуч келган жойга сочаётган, кунини маишатлару турли базмлар билан беҳуда совураётган одамга “ҳавас” қилиб: “Эҳ, қани энди менда ҳам пул бўлганида, фалончига ўхшаб маза қилардим, маишатлар билан ҳаётимни ўтказардим, роҳатланиб умргузаронлик қилардим!” дейди.

Бу банданинг илми йўқ бўлгани учун гуноҳ иш қилиб юрган одамга ҳавас қилмоқда, пули ва имконияти бўлмаганлиги учун ўша ишларни қила олмаяпти. Агар иложи бўлиб, имконини топса, албатта қилар эди. Бас, унга худди аввалги банданинг гуноҳича гуноҳ ёзилади. Ҳам илмсизлик, ҳам моддий жиҳатдан қашшоқлик, ҳам гуноҳ қилмай туриб бўйнига оғир гуноҳларни орттириб олиш бу мусибатдан бошқа нарса эмас. Устига-устак бундай банда дунё ва охиратда Аллоҳнинг наздида мартабаси энг паст ва қадр-қиймати йўқ бандалардан бўлади.

Афсуски, орамизда бу тоифага мансуб кишилар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Илмга ҳаракат қилиш йўқ, ҳалол йўл билан бойликка интилиш йўқ, фақат кимларгадир “ҳавас” қилиш, уларнинг енгил ҳаёти ва айшу ишратларига интилиш бор, холос. Энди биз бундай ҳолатдан тезроқ чиқишимиз, аввало динимиз кўрсатмаларидан хабардор бўлиб, бирон касбнинг этагидан тутишимиз, ҳалол йўл билан бойлик орттириб, уни савобли ишларга, мусулмонларнинг аҳволлари, моддий ва маънавий шароитлари яхшиланиши йўлида ва Ислом дини равнақи йўлида сарфлашга ҳаракат қилишимиз лозим.


Муоз ибн Абдуллоҳ ибн Хубайб  отасидан, отаси амакисидан ривоят қилади: “Биз бир жойда ўтирган эдик. Шунда Набий  соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдимизга кириб келдилар. Бошларида сувнинг асари бор эди. Ичимиздагилардан бири: “Биз сизни бугун хушҳол тарзда кўрмоқдамиз”, деди. У зот: “Ҳа, Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!” дедилар. Сўнгра одамлар бойлик ҳақида гапира бошладилар. У зот эса: “Тақво қилган банда учун бойликнинг ҳеч қандай зарари йўқ. Аммо, тақво қилган банда учун саломатлик бойликдан кўра яхшироқдир. Хушҳоллик неъматлардан (бири)дир”, дедилар” (Ибн Можа ва имом Аҳмад ривояти. Ҳадиснинг санади саҳиҳ).

Ушбу ривоятда айтилишича, бир неча саҳобалар йиғилиб, ўзаро суҳбат қуриб ўтиришганида, уларнинг олдига Набий  соллаллоҳу алайҳи ва саллам кириб келибдилар. У зот эндигина таҳорат олган бўлсалар керак, муборак бошларида сувнинг асари бор эди. Шунда саҳобалардан бирлари: “Эй Расулуллоҳ, бугун хурсанд кўринасиз”, деди. У зот: “Ҳа хурсандман, бунинг учун Аллоҳга ҳамдлар бўлсин”, дедилар. Сўнгра қавм бойлик ҳақида сўзлаша бошладилар. Тахминимизча, бойлик ундоқ, бойлик бундоқ, у фитнага сабабчи бўлади, бандани ибодатдан чалғитади, дунёга ҳавасини орттиради каби маъноларда фикр билдирдилар. Саҳобаларнинг бундай фикр ва тушунчаларини тўғрилаш мақсадида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тақво қилган банда учун бойликнинг ҳеч қандай зарари йўқ”, дедилар.

Яъни, агар мўмин банда Аллоҳдан қўрқса, У Зот қайтарган ишлардан қайтиб, буюрган амалларни ўз вақтида ихлос билан амалга оширса, бойликнинг ҳеч қандай зиёни йўқ.

Суютий “Наводирул усул” китобида: “Тақвосиз бойлик ҳалокатдир. Банда уни ҳаром йўл билан топади, ҳаромга сарфлайди, ҳақли жойларга ишлатмайди, унинг ҳаққини адо қилмайди, молини зое кеткизади. Агар бойлик билан бирга бандада тақво ҳам бўлса, юқорида саналган зарарлар бартараф бўлиб, улар яхшиликка айланади”, деган.

Бу ўринда “тақво қилиш” деганда бойликни ҳалол йўл билан топиш, муносиб жойларига сарфлаш, исрофдан сақланиш, бойлиги билан керилмаслик ва шу каби сифатлар ҳам тушунилади.

“Аммо тақво қилган банда учун саломатлик бойликдан кўра яхшироқдир”.

Тақвоси бор банда учун соғлик, бардамлик, саломатлик мол-дунёдан кўра хайрлироқдир. Зеро, у соғлом танаси, тетик аъзолари билан ибодатларни мукаммал тарзда бажаради. Соғлик катта бойликдир, муттасил давом этадиган ожизлик-хасталик мусибатдир. Демак, Аллоҳга тақво қиладиганлар учун бойлик ва соғлик фақат манфаат келтиради. Аксинча, бандада тақво бўлмаса, бойлиги ва соғлиги унинг зарарига ишлайди, бойлигини номуносиб жойларга сарфлаб, ўзига катта гуноҳлар орттириб олади, соғ бадани билан кўнгли тусаган жойларга бориб, нафси хоҳлаган ишини қилади ва ҳоказо.

Бундан келиб чиқадики, мўмин банда Аллоҳдан, аввало тақво, ҳалол бойлик ва соғ-саломатлик сўраб дуо қилиб юриши керак.

“Хушҳоллик неъматлардан (бири)дир”.

Биз ҳадисда “хушҳоллик” деб келтирилган сўз арабий матнда “тийбун нафс” деган шаклда ифодаланган. Мазкур сўз “қалб поклиги, унинг сиқиқлик ва зулматдан холи бўлиши” каби маъноларни англатади. Демак, қалб поклиги, доимо хушнуд ва мамнун ҳолда юриш, қалбнинг турли чалғитувчи нарсалардан фориғ бўлиши Аллоҳ таоло берган неъматлардан бири экан.


Омир ибн Саъд ибн Абу Ваққос отасидан ривоят қилади: “(Макка) фатҳи йили касал бўлиб қолиб, натижада вафот этишимга оз қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени кўргани келдилар. Мен: “Эй Расулуллоҳ, менинг кўп бойлигим бор, лекин биргина қизимдан бошқа меросхўрим йўқ. Бойлигимнинг ҳаммасини васият қилиб юбораверайми?” дедим. У зот: “Йўқ”, дедилар. “Молимнинг учдан иккисини-чи?” дедим. “Йўқ”, дедилар. “Ярмисини-чи?” деб сўрадим. У зот яна: “Йўқ”, дедилар. Сўнгра мен: “Учдан бирини-чи?” деган эдим, у зот: “Учдан бири? Учдан бири (ҳам) кўп. Сен меросхўрларингни бой қилиб қолдиришинг қўлларини чўзиб одамлардан тиланчилик қилиб юрадиган камбағал ҳолларида қолдиришингдан яхшироқдир. Сен бир инфоқ қилсанг, ҳатто аёлинг оғзига соладиган бир луқма (таом) учун ҳам, албатта ажр оласан”, дедилар. Мен: “Эй Расулуллоҳ, ҳижратимдан қолиб кетаманми?!” дедим. У зот: “Албатта сен мендан кейин қолиб, Аллоҳ розилиги учун бирон солиҳ амал қилсанг, сенинг мартабанг ва даражанг кўтарилади. Шояд сенинг қолиб кетишинг сабабли бир қавм манфаат олиб, бошқалар зарар кўрса! Эй Аллоҳим, саҳобаларимнинг ҳижратларини охирига етказгин, уларни ортларига қайтармагин! Аммо, зарар кўрган Саъд ибн Хавладир”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг Мадинада вафот этганидан жуда хафа бўлдилар” (Имом Бухорий, имом Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий, Ибн Можа, имом Аҳмад, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган).

Ушбу ҳадисда Макка фатҳ қилинган йили содир бўлган воқеа ривоят қилинмоқда. Ундан кўплаб фойда ва манфаатлар олишимиз мумкин. Қисқароқ бўлиши учун ушбу ҳадиснинг мавзуимизга тегишли бўлган жойинигина шарҳлаб ўтамиз.

“Сен меросхўрларингни бой қилиб қолдиришинг қўлларини чўзиб одамлардан тиланчилик қилиб юрадиган камбағал ҳолларида қолдиришингдан яхшироқдир”.

Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам молини васият қилиш ҳақида сўраган Саъд ибн Абу Ваққос розийаллоҳу анҳуга қарата: эй Саъд, молингдан адолатли тақсимлаб бериш билан ортингда қоладиган меросхўрларингни бой ҳолларида, бировга ҳожатлари тушмайдиган қилиб тарк этишинг уларни камбағал-фақир, бечораҳол ва кўча-куйда одамлардан садақа сўраб юрадиган тиланчи ҳолларида қолдиришингдан яхшироқдир. Эй Саъд, майли молингнинг учдан бирини васият қил, лекин бу ҳам кўп. Муҳими ворисларингни яхши ҳолатда ташлаб кетсанг, бундан хайрлироқ бўлади.

Бундан келиб чиқадики, бойлик тўплаш мубоҳдир. Акс ҳолда, кўп бойликка эга бўлган Саъд ибн Абу Ваққос розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан танбеҳ остига олинган бўларди.

Имом Нававий айтади: “Ушбу ҳадисда қариндошлар билан яхши муносабатда бўлиш, уларга инфоқ-эҳсонлар қилиш, меросхўрларга меҳр-шафқат кўрсатишга тарғиб қилинмоқда. Баъзилар ушбу ҳадисни (шукрли) бой киши камбағалдан афзал эканига ҳужжат қилиб келтиришади”.


* * * * *


Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Охирати деб дунёсини, дунёси деб охиратини тарк қилган банда сизларнинг яхшиларингиз эмас. Зеро, иккисининг жамғариши лозим бўлган жиҳати бор. Одамларга боқиманда бўлиб қолманглар (яъни, уларга зинҳор оғирлигингиз тушмасин)” (Ибн Абу Дунё “Ислаҳул мал”да ривоят қилган). 

Аллоҳ таоло айтади:

“(Шундай) кишилар борки, уларни на тижорат ва на олди-сотди Аллоҳни зикр қилиш, намозни тўкис адо қилиш ва закотни (ҳақдорларга) беришдан машғул қила олмас. Улар қалблари ва кўзлари изтиробга тушиб қоладиган (Қиёмат) кунидан қўрқурлар. Улар Аллоҳ ўзларини қилган амалларининг энг гўзаллари сабабли мукофотлаши ва яна уларга Ўз фазлу карами билан зиёда (савоблар ато) қилиши учун (эртаю кеч Аллоҳга ибодат қилурлар). Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларга беҳисоб ризқ берур” (Нур, 37-38).

Аллоҳнинг уйлари бўлмиш масжидларни обод қилувчи кишиларни ҳеч нарса – тижорат, савдо-сотиқ, олди-сотди, бойлик, дунёнинг ўткинчи ҳаваслари ва зийнати Аллоҳни зикр қилиш ва намозни тўкис адо этишдан тўсиб қўймайди, чунки улар Аллоҳ тарафидан бериладиган савоб ва жаннат қўлларидаги ўткинчи бойликдан кўра яхшироқ эканини қалбдан чуқур англаб етганлар. Улар Аллоҳга бўйсуниш ва У Зот муҳаббатини ўз нафсларидан устун қўядилар. Бунга сабаб улар қалб ва кўзлар даҳшатдан саросимага тушиб қоладиган қиёмат кунидан қўрқадилар. Шу нарса уларни дунё, ҳою ҳавас ва нафсга мутеъ бўлишдан қайтариб туради. Бунинг эвазига Аллоҳ уларни муносиб мукофотлайди, амалларини ҳусни қабул қилади, гуноҳларини кечиради ҳамда Ўз фазли билан уларга янада кўп ажр ва бойликни зиёда қилади. Зеро, Аллоҳ хоҳлаган бандасига ҳисобсиз ризқ беради.

Энди мол-дунё ва бойлик ҳақида салафлар томонидан айтилган қавлларни келтириб ўтамиз.

Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳу: “Худди абадий яшайдигандек дунёйинг учун ҳаракат қил. Гўё эртага ўладигандек охиратинг учун амал қил”, деган.

Саид ибн Мусаййаб айтади: “Ҳалол йўл билан бойлик йиғишни хоҳламаган, шу йўл билан одамлардан беҳожат бўлиш, қариндошлик алоқаларини боғлаш ва бойлик ҳаққини адо этишга ҳаракат қилмаган бандада яхшилик йўқ!”

Абу Солиҳ ал-Асадий шундай деган: “Дунё ва охират яхшилигини тақво ва бойликда, дунё ва охират ёмонлигини камбағаллик ва фужур (ишлар)да деб билдим”.

Убайдуллоҳ ибн Мусо ривоят қилади: “Мен Суфён Саврийнинг: “Бизнинг замонда бойлик мўминнинг қуролидир”, деб айтганини эшитганман”.

Ҳасан ибн Абдураҳмон ривоят қилади: “Баъзи ҳаким зотларга: “Уламолар афзалми ёки бой кишиларми?” деб савол берилганида, “Уламолар”, деб жавоб беришибди. Шунда: “У ҳолда нима сабабдан бойлар олимларнинг ҳузурига келиш ўрнига уламолар бойларнинг олдига боради?” деб савол қилинганида, улар: “Чунки уламолар бойликнинг фазлини биладилар, бойлар эса илмнинг қадрига етмайдилар”, деб жавоб қилинган экан”.

Ибн Абу Утба ривоят қилади: “Салмон бозордан бир васақ (олтмиш соъ) таом сотиб олди. Одамлар унга: “Бир васақ таом сотиб олдингизми?!” дейилди. Шунда у: “Қачонки нафс насибасини ғамлаб қўйса, хотиржам бўлади”, деб жавоб берди”.

Урва ибн Зубайрдан ривоят қилинишича, отаси Зубайр ибн Аввом розийаллоҳу анҳу шундай деган экан: “Бойлик туфайли яхши ишлар қилинади, қариндошлик алоқалари боғланади, Аллоҳ йўлида нафақа қилинади. Шунингдек, унда дунёнинг шарафи ва лаззати бордир”.

Юқорида ҳаққи адо қилинадиган бойлик бандага қанчалик улкан савоб ва юқори мартабалар олиб келишини ҳадиси шариф ва уламоларнинг сўзлари орқали кўриб чиқдик. Аммо, банда бойликнинг ҳаққини адо қилмаса, унга қалби боғланиб қолса, бойлиги сабаб ибодатдан чалғиса, бу нарса уни ёмон оқибатларга олиб боради. Қуйида шу ҳақида ворид бўлган ояти карималар ва ҳадиси шарифлар билан танишамиз. Зеро, Ислом динининг бойликка муносабатини белгилашда масаланинг бу томонини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик керак.

Аллоҳ таоло айтади:

“Эй имон келтирганлар, на мол-дунёларингиз ва на бола-чақаларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан (яъни, Аллоҳга ибодат қилишдан) юз ўгиртириб қўймасин! Кимки шундай қилса, бас ана ўшалар зиён кўргувчи кимсалардир!” (Мунофиқун, 9).

Яъни: эй, ҳақиқий имон келтирган бандалар, қўлингиздаги мол-дунё, бойлик, мансаб-амал, шон-шуҳрат, фарзандлар ва уларнинг ташвиши сизларни Аллоҳга ибодат қилиш ва У Зотга итоат этишдан тўсиб қўймасин. Кимки Раббига ибодат қилишдан кўра дунё зийнатини афзал кўрса, бас, ўшалар қиёмат кунида зиён кўргувчидир!

Яна бошқа оятда Аллоҳ таоло айтади:

“Сизларнинг мол-мулкларингиз ва бола-чақаларингиз фақат бир фитна (имтиҳон)дир, холос. Улуғ ажр-мукофот эса Ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир” (Тағобун, 15).

Яъни, Биз сизларни мол-дунё ва бола-чақалар билан имтиҳон қиламиз. Сизлар Аллоҳнинг амрига бўйин эгасизларми ёки йўқми, дунёдан охиратни устун қўясизларми ёки йўқми, шуни биламиз. Бас, бойлик ва дунё ташвишлари деб Менинг ибодатимдан юз ўгирманглар. Зеро, Менинг амримга итоат этган, мол-дунё ва фарзандлари билан ғурурга кетмаган, Мени унутмаган солиҳ бандаларим учун жаннат мукофоти бордир. У нақадар яхши жой!

Оятда таъкидлаб ўтилганидек, Аллоҳ таоло мол-дунё ва бола-чақа билан бандаларни имтиҳон қилади. Ким Аллоҳга итоат этади, ким У Зотга осий бўлади, ҳаммаси бу синовда маълум бўлади. Мана шу икки неъматдан инсон яхшилик йўлида фойдаланса, катта савоб қозонади ва юқори даражаларга эришади. Аммо, аксарият ҳолларда бойлик тўплаш ва бола-чақа ташвиши кишини гуноҳ ва ҳаром ишларни содир этишга ундайди. Шу сабаб ҳам Аллоҳ бандаларни шу икки нарса билан синайди.

Ояти каримада “бола-чақа”дан олдин “бойлик”нинг келтирилиши мол-дунёнинг фитнаси кучлироқ эканига ишорадир.

Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу айтади: “Сизлардан бирон киши зинҳор: “Эй Аллоҳим, мени фитналардан асрагин”, деб дуо қилмасин. Зеро, сизлардан бирон киши йўқки, фитна билан ўралмаган бўлса. Чунки Аллоҳ таоло: “Сизларнинг мол-мулк ва бола-чақаларингиз фақат бир фитна (имтиҳон)дир, холос” деган. Аммо кимки фитнадан паноҳ сўрамоқчи бўлса, унинг ёмонлигидан паноҳ сўрасин” (Имом Табароний ва Ибн Мунзир ривояти).

Аллоҳ таоло айтади:

“(Эй инсонлар,) сизлар то қабрларни зиёрат қилгунларингизгача (яъни, ўлиб қабрларга киргунгизгача) сизларни (мол-дунё) тўплаб кўпайтириш тўсиб қўйди! Йўқ, сизлар яқинда (бу қилмишларингизнинг оқибатини) билурсизлар! Яна бир бор йўқ, сизлар яқинда билурсизлар. Йўқ, агар сизлар (дунёга қул бўлиб қолишнинг оқибати нима бўлишини) аниқ илм билан билганингизда эди (унга қул бўлиб қолмас элингиз)!” (Такосур, 1-5).

Ушбу оятда мол-дунё тўплашнинг зарарлари ва аянчли оқибатлари ҳақида хабар қилиниб, бандаларни огоҳ, сергак ва ҳушёр бўлишга ҳамда Аллоҳга ибодат қилишни унутиб қўймасликка чақирилмоқда.

Ушбу оятларнинг қисқача маъноси қуйидагича: эй одамлар, бойлик, мансаб-мартаба ва бола-чақа кўпайтириш ва бу ишларда ўзаро кимўзарга мусобақалашиш сизларни Раббингиз Аллоҳ таолога ибодат қилишдан тўсиб қўйди. Сизлар вақт борида ақлингизни йиғиб, тавба қилмадингиз, бу ишингиздан воз кечимадингиз, балки ўлиб қабрларга киргунингизгача мол-дунё тўплаш ва бу билан бошқаларга мақтаниш, кўз-кўз қилиш билан овора бўлдингиз. Энди сизлар бу қилмишингиз қандай оқибатларга олиб келишини яқин орада аниқ биласизлар. Агар ҳаётлик чоғингизда қилаётган ишларингиз қандай якун топиб, қандай натижаларга сабаб бўлишини билганингизда эди, зинҳор бундай қилмасдингиз!

Бас, шундай экан, Охиратдан умидвор эй бандалар, бойлик тўплайман, мансабга эришаман, бола-чақа орттираман деб, уларга ружуъ қўйиб, асосий ишингиз, ҳақиқий вазифангиз бўлмиш Аллоҳга ибодат қилиш ва У Зот буюрган тарзда ҳаёт кечиришни унутиб қўйманглар!

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мен сизлар учун фақирликдан қўрқмайман, балки такосур (яъни, мол-дунё тўплашда мусобақа қилишингиз)дан қўрқаман. Мен сизлар (бехосдан) хато қилишингиздан қўрқмайман, балки гуноҳни атайин содир этишингиздан қўрқаман” (Ҳоким ривояти. Ҳадиснинг санади саҳиҳ).

Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳу ушбу оят қабр азоби ҳақида нозил бўлганини айтиб ўтган (Термизий, Ибн Жарир, Ибн мунзир ва Ибн Мардавайҳ ривояти).

Қатода ушбу оят ҳақида шундай дейди: “Одамлар: “Бизнинг бойлигимиз ва бола-чақамиз фалончиникидан кўпроқ. Фалончининг бойлиги эса фалончиникидан кўпроқ”, дейишди. Мана шу уларни Аллоҳга ибодат қилишдан тўсиб қўйди ва улар залолатда ўлиб кетдилар” (Абдураззоқ, Абд ибн Ҳумайд, Ибн Жарир, Ибн Мунзир ва Ибн Абу Дунё ривояти).

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Банда: “Бойлигим, бойлигим!” дейди. Ваҳоланки, унинг учун молидан фақат уч нарса – еб битиргани, кийиб чиритгани ва садақа қилиб қолдиргани бўлади. Бундан бошқаси одамларга қолувчидир” (Имом Муслим, Абд ибн Ҳумайд ва Ибн Мардавайҳ ривояти).


Каъб ибн Иёз  розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Албатта ҳар бир уммат фитнага учрайди. Умматимнинг фитнаси бойликдир”, деб айтганларини эшитганман” (Термизий, имом Аҳмад, имом Табароний, Ҳоким ва Ибн Мардавайҳ ривояти. Абу Исо Термизий: “Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ-ғарибдир”, деган).

“Фитна” сўзи аслида “сифатини билиш учун олтин ёки кумушни эритиб кўриш, текшириш” маъносини англатади. Луғатларда эса ушбу сўзнинг “имтиҳон қилиш”, “бирон нарсанинг таъсирига берилиш”, “азоб-уқубат”, “адашиш”, “васваса”, “ёқиш, ёндириш”, “мол-дунё”, “бола-чақа”, “куфр”, “одамларнинг турли хил фикрлар билан ўзаро ихтилоф қилишлари”, “зулм”, “гуноҳ”, “ҳақдан тойилиш”, “мажнунлик”, “қатл қилиш” ва шу каби маънолари келтирилган. Бу ҳадисда “фитна” сўзи “адашиш; чалғиш; гуноҳга ботиш; ҳақдан тойилиш” маъноларини ифодалаб келмоқда.

Ўтмишда ўтган ҳар бир уммат, халқ, қавм фитнага учраган, залолатга кетган. Бунга эътиқоднинг бузуқлиги – куфр, ширк, ахлоқий иллатлар – кибр, ғурур, ношукрлик, маъсият, лаззатларга берилиш ва ҳоказолар сабаб бўлган. Аммо мусулмон умматининг фитнага учрашига айнан мол-дунё, бойлик, уни тўплаш, ўзаро мусобақалашиш сабаб бўлар экан. Чунки банда эҳтиёткорлик билан иш тутмаса, бойлик уни ибодатлардан чалғитади, ихлосдан тўсади ва охиратни унуттиради. Демак, агар бандада сахийлик сифати бўлса, бойлик уни юксак мақомларга кўтаришидан ташқари, агар нафсга қул бўлинса, уни фитнага солиши, тўғри йўлдан адаштириш ҳам мумкин экан.


Абу Саид Худрий розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Молини мана бундай, мана бундай, мана бундай ва мана бундай қилиб тўрт томонга – ўнгга, сўлга, олдига ва орқасига қилувчилардан бошқа (бойлик) кўпайтирувчиларга ҳалокат бўлсин!” (Ибн Можа ва имом Аҳмад ривояти. Имом Аҳмаднинг ривоятида: “(Мол) кўпайтирувчилар энг паст (даражада)дирлар...” деб келтирилган).

Яъни, гарчи ҳалол йўл билан бўлса-да, бойликка эга бўлгач, бахиллик қилувчиларга ва шу тарзда мол кўпайтирувчиларга ҳалокат бўлсин!

Улар бойликлари ва бахилликлари боис шундай ҳолга тушадилар. Акс ҳолда кимки молидан доимо ва ҳар қандай шароитда садақа ва инқоф қилиб юрса, мол кўпайтириш унга зарар бермайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана бундай, деб тўрт томонларига ишора қилиб кўрсатишларидан шуни билиб оламизки, бойлик охиратда банданинг фойдасига ишлаши учун муттасил тарзда ҳақдор кишиларга молдан садақалар қилиб туриш керак экан.


Имрон ибн Ҳусойн розийаллоҳу анҳу Набий  соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Мен жаннатга назар солиб, унинг кўпчилик аҳли камбағаллар эканини кўрдим. Сўнгра жаҳаннамга назар солдим ва унга кирадиганларнинг аксарияти аёллар эканини кўрдим” (Имом Бухорий, имом Муслим, Термизий ва имом Аҳмад ривояти).

Одатда мўминлар ичидаги камбағал кишилар мулойим, камтарин, мутавозеъ ва бошқа яхши фазилатларга эга бўладилар. Уларнинг қалбида дунёга муҳаббат, бойлик тўплаш илинжи ва ҳою ҳаваслар бўлмагани, бўлса ҳам озлиги учун намоз ва бошқа ибодатларни хушуъ-хузуъ билан амалга оширадилар. Дуоларида ҳам Аллоҳга ихлос билан илтижо қиладилар. Аксарият бойларда бунинг аксини кўрамиз. Аммо шуни яхши билиб олишимиз керакки, биргина камбағалликнинг ўзи бандани жаннатга олиб кирмайди. Камбағал бўлиб, Аллоҳга имон келтирмаса, У Зотнинг буйруқларига итоат қилмай, нафсининг йўриғига кириб, хоҳлаган ишларини қилиб юрса, бундай банда, агар у дунёдаги энг қашшоқ ва энг ночор киши бўлса ҳам, жаннатга эриша олмайди. Агар қайси бир банда бой-бадавлат бўла туриб, имонли ва тақволи бўлса, Аллоҳнинг ҳақларини унутмаса, бундай банданинг борар жойи жаннатдир. Жаннатга тушиш камбағаллик билан белгиланмайди, бойлик эса бандани жаҳаннам қаърига улоқтирмайди. Бу ҳадисда ҳаётда кўп кузатиладиган ҳолат айтилган.

Ибн Баттол айтади: “Бу ҳадис камбағалларнинг бойлардан устунлигини эмас, балки бу дунёда камбағаллар бойларга қараганда кўпроқ эканини англатади. Бандани камбағаллик жаннатга олиб кирмайди, балки камбағал кишилар солиҳ амаллари билан у ерга кирадилар. Агар камбағал солиҳ банда бўлмаса, ҳеч қачон фазилат соҳиби бўла олмайди”.

Ибн Ҳажар Асқалоний: “Ушбу ҳадисда дунёда зебу зийнатларга берилиб, фаровон яшашни тарк қилиш ва аёлларни Аллоҳнинг амрига итоат этишга тарғиб қилинмоқда”, деб айтган.

Бойлик ва камбағалликдан қайси бири афзал экани борасида уламолар турли фикрларни айтиб ўтишган. Аҳмад ибн Наср Довудий айтади: “Камбағаллик ва бойлик Аллоҳ тарафидан бўлган синовдир. У Зот бойликка шукр қилишлари ва камбағалликка сабр этишларини билиш учун бандаларини турли ҳолатларда имтиҳон қилади. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: “Албатта Биз (бандаларимиздан) қайсилари чиройлироқ амалларни қилишларини синамоқ учун Ер устидаги бор нарсани унга зийнат – безак қилиб қўйдик” (Каҳф, 7). Бошқа оятда шундай дейилади: “Биз сизларни(нг сабр-тоқатларингизни синаш учун) ёмонлик билан ҳам, (шукр қилишингизни билиш учун) яхшилик билан ҳам “алдаб” имтиҳон қилурмиз” (Анбиё, 35).

Ривоятларда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам камбағаллик фитнасидан ҳам, бойлик фитнасидан ҳам паноҳ сўраб дуо қилар эдилар.

Баъзи тоифа вакиллари кифоя қилувчи бойликни маъқул деб билишган. Жумладан, Қуртубий айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уч ҳолатни бошларидан кечирганлар: камбағаллик, бойлик ва кифоя қилувчи мол. У зотнинг аввалги ҳаётлари фақирликда ўтган. Сўнгра фатҳлар бўлиб, мусулмонлар кўп миқдорда ўлжаларга эришдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бой бўлган пайтларида унинг ҳаққини адо қилдилар, ҳаммани тенг кўрдилар ва бу билан оилалари эҳтиёжларини таъминладилар. Аммо у зот кифоя қиладиган бойликка эга бўлган ҳолда Аллоҳнинг даргоҳига риҳлат қилдилар. Кифоя даражасидаги мол кишини исёнга ундовчи бойликдан ва азоб берувчи фақирликдан бери бўлишини таъминлайди. Бундоқ одам камбағаллар қаторида саналади, чунки у дунё лаззатларига кўмилиб кетмайди, балки нафсини сабрли бўлишга ундайди. Шу йўл билан одамларга ялиниб, тиланчилик қилишдан саломат бўлади”.

Аксарият сўфийлар камбағалликни фазилат деб билишган. Шу йўл билан нафсни поклаш, уни сайқаллаш, дунёга муҳаббат қўйиш, ҳирс, таъма ва шу каби иллатлардан сақлаб қолиш мумкин, деб айтишган.

Ибн Жавзий айтади: “Қаноатли камбағал бахиллик қилувчи бойдан афзалдир. Инфоқ-эҳсон қилувчи бой эса дунёга ҳирс қўйган камбағалдан кўра яхшироқдир. Бунда ҳар бирининг мақсади нима эканига қараб, уларнинг фазилати намоён бўлади. Аслида бойликнинг ўзи ёмон нарса эмас. бойлик қачонки бандани Аллоҳнинг тоатидан тўсиб қўйсагина қораланади. Дунёда қанчадан-қанча бойлар борки, бойлиги уларни Аллоҳнинг ибодатидан машғул қилиб қўймайди. Яна қанчадан-қанча камбағаллар борки, фақирлиги уларни Аллоҳнинг ибодатидан тўсиб қўяди. Лекин аксарият ҳоллларда камбағаллик банданинг хатардан узоқроқ бўлишини таъминлайди. Зеро, бойлик фитнаси камбағаллик фитнасидан қаттиқ ва оғир бўлади”.

Кўпгина шофеъий уламолар шукр қилувчи бой афзал эканини таъкидлашган. Абулқосим ал-Қушайрийнинг шайхи Абу Али Даққоқ айтади: “Бойлик камбағалликдан устундир. Сабаби бойлик (ғина-ғоний) Холиқнинг, камбағаллик (фақр-фақийр) эса махлуқнинг сифати. Маълумки, Аллоҳнинг сифати бандаларнинг сифатидан устун туради”.

Бу фикрни катта уламоларнинг аксарияти маъқуллашган.

Муторриф ибн Абдуллоҳ: “Неъматга эришиб шукр қилишим мен учун мусибатга йўлиқиб сабр қилишимдан яхшироқдир”, деган.

Инсоннинг ижтимоий ҳолати уч хил бўлади: бой, ўртаҳол (кифоя қилувчи мулкка эга бўлган киши) ва камбағал. Ҳадиси шарифларда бойлик ва ўртаҳоллик ҳақида, шунингдек, камбағалликнинг фазли ҳақида хабарлар келган. Бундан келиб чиқадики, буларнинг ҳар бири кишининг ҳолатига қараб турлича баҳоланади. Кескин суратда бир ҳулосага келиб, бойлик ёмон, камбағаллик афзал ёки камбағаллик ёмон, бойлик афзал, дейиш тўғри бўлмайди. Кимки Аллоҳга имон келтирса, У Зотга тақво қилса, ҳалол ва ҳаромнинг фарқига борса, сахий ва карамли бўлса ҳамда бойлиги орқали Аллоҳнинг ибодатидан юз ўгирмаса, бу банданинг бойликка эга бўлишида ҳеч қандай зарар йўқ. Бундай кишилар мусулмонларга фақат фойда келтиради. Кимки юқорида саналган сифатларга эга бўлмаса, унинг кифоя қиладиган даражадаги бойликка эга бўлгани маъқул. Зеро, ўртаҳоллик ортиқчалик ҳам, нуқсон ҳам эмас.

Мўмин одам бойлик масаласида қуйидагиларни билиб олмоғи лозим:

1 – Кенг ризқ, банданинг кўп миқдорда мол-дунёга эга бўлиши, агар имони бўлмаса, уни Аллоҳнинг азобидан сақлаб қола олмайди. Аллоҳ таоло айтади:

“Куфр йўлини тутган кимсаларнинг на моллари ва на болалари уларни Аллоҳ (азоби)дан қутқара олмайди. Улар дўзахнинг ўтинларидир. (Уларнинг ҳоли) худди Фиръавн одамлари ва улардан аввал ўтган (кофир)ларнинг ҳоли кабидирки, бизнинг оятларимизни ёлғон дейишгач, Аллоҳ уларни гуноҳлари (куфрлари) сабабли азоблади. Аллоҳ азоби қаттиқ Зотдир” (Оли Имрон, 10-11).

Бошқа сурада шундай дейилади:

“Абу Лаҳабнинг қўллари қурисин – ҳалок бўлсин! (Аниқки,) у қуриди – ҳалок бўлди! Мол-мулки ва касб қилиб топган нарсалари унга асқотгани йўқ. Яқинда унинг ўзи ҳам, унинг ўтин орқалаган, бўйнида пишиқ толадан (эшилган) арқон бўлган хотини ҳам (ловуллаб турган) алангали дўзахга киражак!” (Масад, 1-5).

Кимки имон ва тақво соҳиби ҳамда сахий ва очиққўл бўлса, шундай бандаларга бойлик манфаат  келтиради. Аллоҳ таоло айтади:

“Бас (эй инсонлар), Мен сизларни ловуллаб ёниб турган оловдан – дўзахдан огоҳлантирдим. Унга фақат (Ҳақни) ёлғон деган ва (имон-эътиқоддан) юз ўгирган бадбахт кимсагина кирур! Ўзи покдомон бўлиб, мол-давлатини (яхшилик йўлида) сарф қиладиган тақводор зот ундан (яъни, дўзахдан) йироқ қилинур” (Лайл, 14-18).

Яна бир бошқа оятда шундай дейилади:

“На молу дунёларингиз ва на болаларингиз сизларни Бизнинг даргоҳимизга яқин қилгувчи эмасдир. Фақат имон келтирган ва яхши амал қилган зотлар – ана ўшалар учунгина қилган амаллари сабабли неча баробар мукофот бўлур ва улар (жаннатдаги) юксак манзилларда тинч-омон бўлурлар” (Сабаъ, 37).

2 – Мол-дунё ва бойлик банданинг ушбу дунёда умрбод, мангу яшаб қолишини ҳам таъминлай олмайди. Аллоҳ таоло айтади:

“(Кишиларга дилозорлик қилиб, уларнинг обрўларини тўкиб юрадиган) ҳар бир бўҳтончи-ғийбатчига ҳалокат бўлгайки, у (топган) мол-дунёси ўзини мангу (ўлмайдиган) қилиб қўяди, деб ўйлайдиган ҳолида (фақат) мол тўплаган ва ўша (мол-дунёси)ни ҳисоб-китоб қилиб (бирон савобли ишга сарфламасдан) юрган кимсадир. Йўқ (унинг бу ҳисоб-китоби бекордир)! Қасамки, у албатта чилпарчин қилувчи (дўзах)га ташланур!” (Ҳумаза, 1-4).

3 – Ҳақиқий мўмин, хоҳ бой, хоҳ камбағал, хоҳ ўртаҳол бўлсин, ҳар қандай ҳолатда Аллоҳ таолога ибодат қилади, яхшиликка шукр ва мусибатга сабр қилади. Бой ёки камбағал бўлиши уни бандалик вазифаларини адо этишига таъсир қилмайди. Бой бўлса, ҳовлиқиб, камбағалликда тушкунликка тушмайди. Балки ҳар бир нарса Аллоҳнинг тақдири эканига аниқ ишонади. Доимо Аллоҳга илтижо ва дуода, У Зотнинг зикрида бўлади. Мана шу ҳолат бандани дунё ва охират саодатига олиб боради.


Тошкент шаҳар Шайхонтохур тумани «Шайх Зайниддин» жомеъ масжиди имом хатиби Одилхон Юнусхон



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, Аллоҳ аксани яхши кўради ва эснашни ёмон кўради. Бас, ким акса ургандан давоми...

31008 05:00 / 02.03.2017
Саломлашиш деганда кишиларнинг учрашган чоғда биринчи бирshyбирларига тилак маъносида сўз айтишлари тушунилади. Саломлашиш ҳамма миллатларда қадимдан мавжуд. давоми...

3606 05:00 / 04.03.2017
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда .Ана шу Аллоҳнинг ҳидоятидир. У ила Аллоҳ хоҳлаган кимсани ҳидоят қилур, Зумар сураси, 23оят деб марҳамат қилган.Доктор Лоуренс Браун давоми...

3392 09:30 / 21.03.2022
Ҳақиқат шуки, сиздаги гўзал ахлоқ бошқаларнинг бадхулқлиги сабабидан мукаммаллик сари кўтарилиб боради.Агар сиҳатсаломатлик бўлмаганда, инсон вожиб амалларни давоми...

4716 18:13 / 27.03.2018
Аудиолар

120143 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41807 14:35 / 11.08.2021