1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фарзанд тарбияси

Исломда фарзанд тарбияси

05:00 / 16.02.2017 13781 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

БОЛА БОШИДАН...


Ота-она болага ҳамма вақт дўқ-пўписа қилинавермайди, чунки койиш эшитиш, хунук ишларни қилиш унга енгил туюлиб қолади, қалбидан гапнинг таъсири тушиб кетади. Ота боласи билан бирга бўладиган сўзлашиш ҳайбатини сақласин ва боласини доим эмас, балки баъзи вақтларда койиб турсин. Она эса уни отангга айтаман, деб қўрқитсин, уни ёмонликлардан шу билан қайтарсин. 

Уни кундузи ухлашдан ман қилсин, чунки бу дангасалик келтиради. Кечаси ухлашдан эса ман қилинмайди, лекин юмшоқ тўшакларда ётқизмасин. Шунда унинг аъзолари мустаҳкам бўлади, бадани семириб кетмайди ва ўзини овқатдан тийишга муҳтож бўлмайди. Ётишда, кийишда дағалроқ нарсаларга одатлантирсин. Яна гўдакни яширинча қиладиган ҳар бир ишидан ман этиш лозим. Чунки бола бир ишни яшириб қиладиган бўлса, албатта уни ёмон иш, деб эътиқод қилади. Шундай пайтда ман қилинса, ёмон ишни тарк этади. Кундузи баъзан дангасалик ғолиб келмаслиги учун юриш, ҳаракатланиш, жисмоний тарбия қилиш одатлантирилади. Баданини очиб юбормаслик, тез юрмасликка ўргатилади. Қўлини буткул ташлаб ҳам юрмайди, кўкрагига қўйиб олади. Тенгдошларига ота-онаси эга нарсалар ё ейдиган, ё киядиган нарсалар ёхуд лавҳи ва сиёҳдонлари билан фахрланишдан қайтарилади. Балки камтарлик ва атрофидаги ҳар бир кишини ҳурмат қилиш, улар билан гаплашганда мулойим бўлиш одат қилдирилади. Бойларнинг болаларидан унга чиройли бўлиб кўринган нарсаларни олиш ман қилинади. Балки унга буюклик олишда эмас, беришда экани уқтирилади. Албатта олиш пасткашлик ва хасисликдир, гарчи камбағалнинг болалари олса ҳам. Таъма қилиш ва олиш пасткашлик, хорлик экани ҳамда бу итнинг одати экани уқтирилади. Чунки ит бир луқмани кутиб, унга таъма қилиб думини ликиллатиб туради.

Яна болаларга тилла-кумушни яхши кўриш, уларни орзу қилиш ёмон кўрсатилади. Улар тилла-кумушдан илон-чаёндан кўра кўпроқ эҳтиёт бўлишга чақирилади. Чунки тилла-кумушни яхши кўриш, уларни орзу қилиш офати болаларга заҳарларнинг офатидан ҳам зарарлироқдир. Ҳатто катталарга ҳам шундайдир. 

Яна ўтирган жойида туфламаслик, бурун қоқмаслик, бошқаларнинг олдида эснамаслик, бировга орқа ўгириб ўтирмаслик, бир оёғини иккинчисига чалиштириб ўтирмаслик, кафтини жағи тагига қўймаслик, билаги билан бошини суямасликка одатлантириш лозим. Чунки булар дангасалик белгисидир. Унга қай ҳолатда ўтириш ўргатилади, кўп гапириш беҳаёликка далолат қилишини, у пасткашлар фарзандларининг иши экани билдириб қўйилади. 

Яна унга хоҳ рост, хоҳ ёлғон бўлсин, бирданига қасам ичиш ҳам ман этилади, сабаби у қасам ичишга кичкиналигидан одатланиб қолмасин. Олдин гап бошлашдан қайтарилади. Фақат жавоб қайтаришга ёки саволга яраша гапиришга одатлантирилади. Ўзидан катта киши гапирган пайтда эътибор билан тинглаш, ўзидан юқори киши учун ўрнидан туриш, унга жойни бериш, унинг олдида уялишга ўргатилади. Беҳуда ва хунук сўзларни айтиш, лаънатлаш, сўкиш, тилларида доим хунук сўзлар бўладиган болаларга қўшилишдан қайтарилади. Чунки бу одатлар ёмон дўстлардан шубҳасиз унга ўтади. Болаларга одоб беришнинг асли ҳам уни ёмон дўстлардан сақлашдир. 

Яна муаллими урган вақтда овозини кўтариб бақирмаслиги лозим. Калтак еганида бир кишидан ёрдам сўрамайди. Балки сабр қилади. Ана шу ҳолат эркак ва ботирларнинг одатларидан, деб эслатиб турилади. Кўп бақириш эса қулларнинг ва аёлларнинг одатидир, дейилади. 

Унга мактабдан қайтганидан сўнг ҳордиқ чиқариш учун чарчайдиган даражада эмас, балки чиройли ҳолда ўйнашга рухсат берилиши лозим. Чунки ўйиндан ман қилиш ва доимий ўқишга мажбурлаш унинг қалбини ўлдириб қўяди, заковатини йўқ қилади, умрини заҳарлайди. Кейин бола ундан буткул қутулиш чорасини ахтариб қолади. 

Ота-онасига, муаллимига, одоб ўргатувчига, ўзидан катта ёшдаги кишиларга, хоҳ қариндош бўлсин, хоҳ ёт бўлсин, итоат қилишни, уларга эҳтиром ва таъзим кўзи билан қарашни, олдиларида ўйнашни тарк қилишни ўргатиш лозим. Оқ-қорани ажратиш ёшига етганда намозни ва таҳоратни тарк қилишига йўл қўймаслик лозим. Рамазон ойининг баъзи кунларида рўза тутишга буюриш, ипак либослардан ва тилладан узоқ қилиш, шариатдан унга керакли ҳар бир нарсани ўргатиш, ўғрилик, ҳаром ейиш, хиёнат, ёлғончилик, фаҳш ва болаларга қизиқ туюлган ҳар бир ёмон ишлардан қўрқитиш лозим. Агар унинг улғайиши мана шундай тарзда бўлса, балоғат ёшига яқинлашганида бу ишларнинг сирини билишга қодир бўлади. 

Унга таомлар бир дорига ўхшайди, улар инсонларнинг Аллоҳ азза ва жаллага тоат қилишга қувватли бўлишида ёрдамчи, холос, деб айтиб турилади. Яна дунёнинг асли йўқ, зеро у доимий эмас, ўлим унинг неъматларини тўхтатади ва дунё доимий қароргоҳ эмас, балки ўткинчи диёрдир, охират эса ўткинчи диёр эмас, балки доимий қароргоҳдир, ўлим ҳар бир соатда кутилади, ақлли ва доно киши охират учун дунёда тайёргарлик кўрган кишидир, ҳатто унинг Аллоҳ таоло ҳузурида даражаси улуғ ва жаннатдаги неъматлари кўп бўлади, деб таъкидланади. 

Боланинг улғайиши яхши бўлса, балоғатга етган вақтда бу сўзлар унга таъсир қилувчи, фойдали, қалбида гўё тошга нақш ўрнашгандай мустаҳкам жой олади. Агар боланинг улғайиши бунинг акси бўлиб, у ўйин, ёмонлик, беҳаёлик, таом ва либос очкўзлиги, зийнат, фахрланишга (мақтанчоқликка) ўрганиб қолса, унинг қалби ҳақиқатни қабул қилишдан деворнинг тупроқдан узоқлигига ўхшаш узоқлашиб кетади. Ишларнинг энг муҳими тарбияга эътибор беришдир, чунки бола фитратан яхшилик ва ёмонликларни баравар қабул қилувчи этиб яратилгандир. Албатта ота-оналари уни икки тарафнинг бирига мойил қилишади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ҳар бир гўдак фитратда туғилади. Ота-онаси уни ё яҳудий, ё насоро, ё мажусий қилиб қўйишади» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий айтадилар: «Уч ёшлигимда кечаси турар эдим ва тоғам Муҳаммад ибн Сиворнинг намозларига қараб турардим. Бир куни менга «Сени яратган Аллоҳни эслайсанми?» дедилар. Мен: «Уни қандай эслайман?» дедим. Шунда у киши: «Кўрпангга ётаётган вақтингда тилингни қимирлатмасдан уч марта қалбинг билан «Аллоҳ мен билан бирга, Аллоҳ менга қараб турувчи, Аллоҳ мени кўриб турувчи», дегин», дедилар. Ана шуни бир неча кун айтдим, сўнгра у кишига буни изҳор қилдим. Менга «Яна ҳар кеча етти мартадан айт», дедилар. Яна бир неча кун айтдим. Сўнгра у кишига билдирдим. Менга «Яна ҳар кеча ўн бир мартадан айт», дедилар. Айтдим, ана шунда қалбимга унинг ҳаловати тушди. Шундан бир йил ўтгандан кейин тоғам яна менга «Сенга ўргатган нарсамни ёдингда тут ва то қабрга киргунингча доим уни айтиб юр, чунки у сенга дунёда ҳам, охиратда ҳам фойда беради», дедилар. Шуни бир неча йил давомида айтиб юрдим. Ботинимда ҳам унинг ҳаловатини топдим. Сўнг тоғам менга бир куни «Эй Саҳл, қайси бир инсон билан Аллоҳ бирга бўлса, унга қараб турувчи ва уни кўриб турувчи бўлса, у киши Аллоҳга осийлик қила оладими? Сен ҳам Аллоҳга осий бўлишдан сақлан», дедилар. Мен ёлғиз юрар эдим, мени мактабга юборишди. Мен: «Мақсадларим (яъни, Аллоҳга яқинлашишга интилиш) тарқалиб кетишидан қўрқаман», деб айтдим. Лекин улар муаллим билан мен бир соатга бориб, таълим олгач, қайтиб келишимга шартлашиб олишди. Мактабга бордим ва Қуръонни таълим ола бошладим. Уни олти ё етти ёшимда ёдлаб бўлдим. Ҳар куни рўза тутардим. Таомим эса ўн икки йил ичида арпа нони бўлди. Ўн уч ёшлигимда бир масала чиқиб қолди. Оиламдан Басрага ана шу масалани сўраш учун юборишларини сўрадим. Басрага бордим ва уламолардан сўрадим, бирон киши саволимга жавоб бера олмади. Басрадан Ибодонга бир кишининг олдига бордим. У кишини Абу Ҳубайб Ҳамза ибн Абий Абдуллоҳ ал-Ибодоний, дейишарди. У кишидан масалани сўрадим, менга жавоб бердилар. Мен олдиларида бир муддат қолиб, илмларидан фойдаландим ва одобларини ўргандим. Сўнгра Тустарга қайтиб келдим. Овқатим учун бир дирҳамга арпанинг ўзини сотиб олиш билан кифояландим. Шуни янчиб нон қилиб беришарди. Бир увқиясини ҳар кеча саҳарлик пайтида тузсиз ва нонхурушсиз ердим. Бир дирҳам бир йилга етарди. Сўнгра уч кеча кетма-кет оч юриб, кейин едим. Сўнгра беш кеча, сўнгра етти кеча, сўнгра йигирма беш кеча оч юрдим. Мана шу ҳолда йигирма йил ўтди. Сўнг ер юзига бир неча йилга саёҳатга чиқдим. Кейин Тустарга қайтиб келдим. Кечанинг ҳаммасида Аллоҳ хоҳлаганича қойим бўлар эдим». Аҳмад айтдилар: «Аллоҳга йўлиққунларича у кишининг туз еганларини кўрмадим».


“Иҳёу улумид-дин”дан таржима
Абу Ҳомид ҒАЗЗОЛИЙ



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Молмулк, болачақа шу ҳаёти дунё зийнатидир. Боқий қолгувчи солиҳ амаллар Роббинг ҳузурида савоб ва умид жиҳатидан яхшироқдир. Каҳф сураси 46 ndash оят Инсонлар давоми...

25934 05:00 / 15.02.2017
Барча самовий динларда бўлганидек, Ислом шариатида ҳам ўзига хос маросим ва тантаналар мавжуд. Биз қисқача баён қилмоқчи бўлган Ақиқаrdquo ҳам шариатимизда мақбул давоми...

22801 05:00 / 15.02.2017
Холид кучли, жуда қўрқмас бола. Стулни бир қўли билан уни букмасдан туриб кўтара оладиган кучи бор эди. Мактабда спортнинг кураш тури билан шуғулланарди. Ҳеч ким давоми...

2797 05:00 / 16.02.2017
болалар учун кичик барнома Мен кимманМенинг Роббим Аллоҳдир,Бунга қалбим гувоҳдир.Пайғамбарим Муҳаммад,Умматиман тоабад.Китобимдир Қуръоним,Унга фидодир давоми...

3302 05:00 / 16.02.2017
Аудиолар

120150 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41813 14:35 / 11.08.2021