1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Ислом яхшиликка чақиради

05:00 / 13.03.2017 2866 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръон ота-боболарга, бошлиқларга ва йўл-бошчиларга кўр-кўрона тақлид қилишдан қайтариш билан бирга, фақат бир тарафлама фикрлашдан ҳам қайтаради ва бирор нарса қилмоқчи бўлса, ўша нарсанинг яхшисини танлаб олишга чақиради. Чунки, кўпгина кишилар бирор нарсани бир марта эшитса ёки ўқиса, шунга ишониб кетаверадилар. Лекин ўша нарсани чуқурроқ ўй-лаб, яхши тарафини танлаш мақсадга мувофиқ бўлади. Бу ҳақдаги фикр XIX аср мутафаккирлари томонидан ҳам идрок қилинган. Уларнинг айтишича, бирор ҳақиқат муайян бир фалсафага боғлиқ эмас, балки барча фалсафаларни ўрганиб, энг яхшисини танлаб олмоқ зарур. Изланишнинг бир услуби, албатта, барча талабларга жавоб бера олмайди. Бу ҳақиқатга Қуръон бундан 15 аср аввал чақирган: 

«Улар гапни эшитиб, энг гўзалига эргашадиганлардир. Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилганлардир. Ана ўшалар, ҳа, ўшалар ақл эгаларидир» («Зумар» сураси, 18-оят).


Мана шу оятда Аллоҳ мусулмонларни барча гапларни эшитиб, тушуниб, сўнгра яхшиларига эргашишга буюради. Аллоҳ шундай қилганларни илоҳий «ҳидоятга эришганлар» ва «ўткир ақл эгалари» деб атайди.

Шу билан бирга, Ислом яхшиликни таърифлаб ҳам беради ва унга амал қилишга чақиради. Одатда, одамлар яхшилик матлуб эканлиги ҳақида ихтилоф қилмайдилар. Яхшилик нима эканлиги ҳақида ихтилоф қиладилар. Ҳар ким ўзининг йўлини яхши деб тушунади. Яхшилик маъносига ўзича таърифлар келтиради, чегаралар қўяди, белгилар белгилайди. Улар, кўпинча, яхшиликни белгилашда ақлларини, ота-боболаридан қолган урф-одатларни, ўзлари яшаб турган жамиятдаги ўлчовларни тушунадилар. Бирлари яхшилик деб тушунган нарсани бошқалари мутлақо ёмонлик деб тушунишлари ҳам мумкин. Демак, яхшиликнинг ҳақиқатини мазкур ҳоллардан устун тургувчи жиҳат белгилаши керак. 

Ислом динида яхшилик–Аллоҳ яхши деган нарсалардир. Уларнинг нима эканини Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг «Бақара» сурасидаги қу-йидаги ояти каримада тўлиқ таърифлаб берган:

«Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтириш ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга бериш, намозни қоим қилиш ва закот беришдир. Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчилар, ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир» (177-оят).

Келинг, аввал ояти каримани батафсил ўрганайлик. Оятнинг бошида Аллоҳ таоло:

«Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас» деб, яхшилик маълум бир ҳаракат ёки гап-сўзларни ўзича қилиш ва айтиш билан бўлиб қолмаслигини таъкидламоқда. Сўнгра эса, яхшилик нималигини таърифлашга ўтиб:

«Лекин яхшилик Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтириш ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга бериш, намозни қоим  қилиш ва закот беришдир. Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчилар»га хосдир, демоқда.

Бу ояти каримада яхшилик бир неча қисмга бўлинмоқда:

1. Иймон.

«...Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтириш...»

Аллоҳга, Унинг борлигига, сифатларига, исмларига, ягоналигига, тарбиякунанда эканлигига, илоҳлигига иймон келтириш. Охират кунига, яъни, қиёмат қўпишига иймон келтириш, фаришталарга, уларнинг сифатларига иймон келтириш, китобга, яъни, Аллоҳ таоло томонидан бандаларни ҳидоятга бошлаш учун туширилган илоҳий-самовий китобларга иймон келтириш. Аллоҳ таоло юборган Пайғамбарларнинг бирортасини ҳам қўймасдан ҳаммасига иймон келтириш.

Ушбу иймон келтиришлар яхшиликнинг боши ва асосидир. Бусиз, яъни иймонсиз ҳеч қандай яхшилик бўлиши мумкин эмас. Чунки, кимнинг Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, Пайғамбарларга иймони йўқ бўлса, ундан яхшилик чиқмайди. Чиқса ҳам, доимий бўлмайди. Бирор сабабга боғлиқ бўлади. Ўша сабаб тугаса, яхшилиги ҳам тугайди.

2. Молу дунёсидан нафақа қилиш. 

«...яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга бериш...» 

Яхши кўрган молидан қариндош-уруғларга; боқувчисидан ажраб қолган етимларга, яъни боқувчисиз қолган, балоғат ёшига етмаган ёш болаларга; мискинларга, яъни еб-ичиш ва яшаш учун етарли маблағи, даромади йўқ кишиларга; ватангадоларга, яъни, ватанидан узоқда нафақасиз қолган одамларга; тиланчиларга, яъни, ўзида яшаш учун моддий имконияти йўқлигидан мажбур бўлиб бошқалардан моддий ёрдам сўраганларга; қул озод қилишга, яъни, хўжаси билан маълум миқдор маблағ эвазига озодликка чиқишни келишиб қўйган қулларга бериш. Мол беришни одат қилган одам ҳирс, заифлик, бахиллик сиртмоғидан озод бўлади. Мол-дунёга қулликдан озод бўлади. Бу, юксак инсоний фазилатдир. Фақат юксак инсоний фазилатлар соҳибигина мазкур тоифадаги кишиларга холис ёрдам беради. Бу ишни қилган инсон ҳақиқий яхшиликни қилган бўлади.

3. Намоз ўқиш.

«...намозни қоим  қилиш...»

Фарз намозларни ўз вақтида, рукуъ, сажда ва бошқа арконларини жойига қўйиб, хушуъ-хузуъ билан яхшилаб ўқиш. Намозда инсон ҳам сирти, ҳам ичи–буткул борлиғи билан Аллоҳга юзланади. Унда инсоннинг жисми ҳам, ақли ҳам, руҳи ҳам ҳаракатга келади. Намоз ўқимаган одам Аллоҳ таърифлаган яхшиликни қилмаган бўлади.

4. Закот бериш.

«...закот бериш...»

Мусулмонларнинг бой-бадавлатлари молларидан маълум миқдорини ҳақдор биродарларига молиявий ибодат сифатида берадилар. Бу иш мол эгасига Аллоҳ томонидан фарз қилинган. Шу фарз-ни адо этадиган одам яхшилик қилувчидир.

5. Аҳдига вафо қилиш.

«Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар...»

Аҳдига вафодорлик мусулмонликнинг, иймоннинг кўзга кўринган белгиларидан бўлиб, Қуръони Каримда қайта-қайта такрорлангандир. Ким аҳдига вафо қилса, Аллоҳ таърифлаган яхшиликдан насибадор бўлган бўлади. 

6. Сабр қилиш.

«...камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчилар...»

Фақирлик, бечоралик пайтида, касаллик, беморлик вақтида, уруш, душманлар билан тўқнашув пайтида инсон машаққатларга учрайди. Шундай ҳолларда сабр қилиш лозим.

Сабрлилик ҳам иймонли, мусулмон кишиларнинг алоҳида олий ва зарурий сифатларидан ҳи-собланади. У ҳақда аввалги оятлар тафсирида батафсил сўз юритилди. Демак, турли қийин ҳолатларда сабр қилувчилар Аллоҳ таърифлаган яхшилик соҳибларидан бўлар экан.

Оятнинг охирида мазкур олиймақом сифатларга эга бўлганларни:

«Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир», деб таърифланмоқда. 

Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломдан, иймон нима, деб сўраганларида, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ушбу оятни тиловат қилганлар. Кейин яна қайта сўраганларида, яна шу оятни тиловат қилганлар.

Шундай қилиб, Аллоҳ битта оятда эътиқод асосларини, жон ва мол ибодатларини бирлаштириб, бир-биридан ажрамайдиган қилиб, уларнинг ҳаммасига «яхшилик» деб сарлавҳа қўйибди. Шунинг учун ҳам, ушбу унвон остига дохил бўлиб, унга амал қилганларни Аллоҳ таоло «Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир», деб таърифламоқда.

Ҳа, ўшалар иймонида, исломида содиқ бўлганлардир.

Ана ўшалар ақийдасида, амалида содиқ бўлганлардир.

Ана ўшалар Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтган тақводорлардир.

Ўтган азизларимиздан Суфёни Саврий ушбу оятни ўқиб туриб: 

«Яхшиликнинг барча тури шу оятдадир», деганлар. 

Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи: 

«Ким шу оят билан сифатланса, Исломнинг барча соҳаларига кириб, яхшиликнинг бошидан тутган бўлади», деганлар.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Олам ҳозирги кундаахлоқсизлик, разолат ва жиноятнинг кенг тарқалганидан аянчли аҳволда қолди. Бунинг сабаби инсон Аллоҳни эсдан чиқариши, унинг улуғлигини давоми...

2806 05:00 / 13.03.2017
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Киши ўз биродарига у золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам ёрдам берсин. Агар у золим бўлса, давоми...

4399 05:00 / 13.03.2017
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар Ким бир мўминни дунё ғамларининг биридан халос қилса, Аллоҳ таоло уни давоми...

3079 12:17 / 15.03.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Уч дуо мустажобдир. Мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва отаонанинг давоми...

11321 05:00 / 13.03.2017
Аудиолар

118745 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40706 14:35 / 11.08.2021