534 13.03.2017

Бир кун шогирдларимга: “Агар олдингизга чет эллик бир киши келиб, бир соат вақти борлиги, шу вақт ичида Исломнинг нима эканини тушунишни хоҳлашини айтса, унга Исломни бир соатда қандай тушунтирасизлар?”, десам, улар: “Бу иложсиз нарса. У тавҳиду тажвидни, тафсиру ҳадисни, фиқҳ ва усулни ўрганиши керак. У яна кўп муаммо ва масалаларга дуч келади. Булардан беш йилсиз чиқолмайди”, дея жавоб беришди. Мен айтдим: “Субҳаналлоҳ. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига аъробий келиб, ҳузурларида бир кун, ярим кун туриб, Исломни таниб, қавмига олиб кетмаганми? Уларга муршид, муаллим, ҳамда Исломга чақирувчи ва етказувчи бўлмаганми? Бунданам аниқроғи, “Жаброилнинг саволи” ҳадисида Расулуллоҳ (с.а.в.) диннинг ҳаммасини учта жумла билан шарҳлаб бермадиларми? Ўшанда ул зот Иймон, Ислом ва Эҳсон ҳақида сўзлагандилар. Нимага энди биз бугун уни бир соатда шарҳлаб бера олмаймиз.  



Ислом нима? Унга кириш қандай бўлади?



Тоифалардан ҳар қандай саҳиҳ ва ботил тоифанинг, жамиятлардан ҳар қандай фойдали ва зарарли жамиятнинг ва фирқалардан ҳар қандай яхши ва ёмон фирқанинг, буларнинг ҳаммасининг ғоясини белгилаб ва йўлини чизиб берадиган усуллари ва фикрий асослари, ақидавий масалалари бўлади. Булар аъзо ва издошларга дастур вазифасини бажаради.

Ким улардан бирига аъзо бўлишни хоҳласа, биринчи қиладиган иши ана усул ва асосларга қараш бўлади. Агар уларга қаноат ҳосил қилса ва яроқлилигига эътиқод этса, уларни онгли фикр ва ички қониқиш билан қабул этади. Унда бу тўғрида шубҳа қолмаса, жамиятга қабул қилинишини сўрайди. Шунда у жамият аъзосига, қатнашчисига айланади ва жамият жорий қилган ишларни бажариш лозим бўлади. Унинг низомида белгиланган тўловларни тўлайди. Шундан кейин у юриш-туриши билан жамият асосларига содиқлигини кўрсатиши, бу асосларни доимо ёдда тутиши, уларга зид бўлган ишларни қилмаслиги лозим бўлади. Балки хулқи, юриш-туриши билан уни чиройли тамсил этиши ва амалда унга чақирувчилик вазифасини ўташи керак бўлади. 

Жамиятга аъзолик унинг низомини билиш, асосларига эътиқод қилиш, буйруқларига итоат этиш ва уларга мувофиқ ҳаёт кечириш билан бўлади. Бу умумий ҳолат бўлиб, Исломга ҳам буни татбиқ қилиш мумкин. Ким Ислом динига киришни хоҳласа, унга аввало унинг ақлий асосларини қабул қилиш, эътиқод бўлар даражада уларни жазман тасдиқлаш лозим бўлади.

Бу асослар қуйидагича хулосаланади;  бу моддий олам ҳамма нарса дегани эмас. Бу дунё ҳаёти ҳаётнинг ҳаммаси эмас. Инсон туғилмасдан олдин ҳам бор эди. Ўлгандан кейин ҳам йўқ бўлмайди. У ўзини пайдо қилмаган. Балки у ўзини танимасдан олдин мавжуд бўлган. Уни ўзининг атрофидаги мавжудотлар пайдо қилмаган. Чунки у ақлли, улар ақлсиздирлар. Балки йўқликдан уни бор қилган, барча оламларни бор қилган бир Илоҳдир. Тирилтирувчи ва Ўлдирувчи якка Унинг ўзидир. Ҳамма нарсани халқ қилган Удир. Агар хоҳласа уларни тугатади ва йўқ қилади. Бу илоҳ оламлардаги бирор нарсага ўхшамас. Аввали йўқ Қадимдир. Охири йўқ Боқийдир. Қудратининг чеки йўқ Қодирдир. Илмидан ҳеч нарса махфий бўлмаган Олимдир. Башарий адолат миқёслари билан ўлчанмас мутлақ адолат эгаси бўлган Одилдир. Биз “Табиат қонунлари” деб номлайдиган коинот номусларини пайдо қилган Удир. Ундаги ҳар бир нарсани ўлчовли қилган ҳам Удир. У азалдан жузъийёт ва унинг турларини, жонсизу жонзотда пайдо бўладиган ҳаракат ва сукунатни, собитлик ва ўзгаришни, қилиш ва қилмасликни белгилаб бергандир. У инсонга тасарруфига бўйсунган ишларнинг кўпига ҳукм қиладиган ақлни бергандир. Хоҳлаганини танлайдиган ақлни ва танлаганини амалга оширадиган иродани ато қилгандир. Унга бу муваққат ҳаётидан кейин охиратдаги доимий ҳаётни бахш этгандир. У яхшилик қилганни жаннатда мукофотлайди ва гуноҳ қилганни дўзахда азоблайди. 

Бу бир Илоҳ ягонадир. У билан ибодат қилинадиган шериги йўқдир. Унга яқин этадиган, Унинг ҳузурида изнисиз шафеъ бўладиган воситачи йўқдир. Ибодат ҳамма кўринишлари билан Унинг ўзига холис бўладир.

Унинг бизга кўринган, ҳисларимиз идрок қиладиган махлуқлари бор. Яна биздан ғойиб бўлган махлуқлари ҳам мавжуд. Уларнинг баъзиси жонсиз, баъзилари тирик мукаллаф. Тирикларидан фақат холис яхшилик учун бўлганлари бор. Улар фаришталардир. Фақат ёмонлик учун махсус бўлганлари бор. Улар шайтонлардир. Буларнинг аралашмалари ҳам бўлиб, уларнинг ичида ёмонлари ва яхшилари, солиҳлари ва толиҳлари бор. Улар инсон ва жинлардир.

У Илоҳ одамлардан баъзи инсонларни танлаган. Уларга илоҳий шариатни одамларга етказсинлар учун малакни нозил этган. Бу инсонлар расуллардир. Бу шариатларни осмондан нозил қилинган китоблар ва саҳифалар ўз ичига олгандир. Улардан кейингиси олдингисини насх қилади ёки тўғирлайди. Бу китобларнинг охиргиси Қуръондир. Ундан олдинги китоблар ўзгартирилган ёки йўқотилиб, унутилган. У эса ўзгариш ва унутилишдан саломатдир. У расул ва пайғамбарларнинг охиргиси арабий ва қураший Муҳаммад ибн Абдуллоҳдир. У билан рисолатлар, дини билан эса динлар хотималангандир. Ундан сўнг набий бўлмас! 

Қуръон – Ислом дастуридир. Ким уни Аллоҳнинг ҳузуридан эканлигини тасдиқласа ва унга тўла ва батафсил иймон келтирса мўмин деб номланади. Бу маънодаги иймонни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билолмайди. Чунки башар инсонларнинг қалбини ёриб кўролмайди ва ундаги нарсаларни билолмайди. Шунинг учун унга мусулмонлар ўзларининг бирлари санашлари учун, бу иймонини икки шаҳодатни тили билан айтиб эълон қилмоғи лозим бўлади. Бу икки шаҳодат қуйидагилардир: 

“Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Ва яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир”.

Бу шаҳодатларни айтса у мусулмонга айланади. Яъни, мусулмонлар фойдаланадиган барча ҳуқуқлардан баҳра олувчи, мусулмон мамлакатнинг бир фуқароси бўлади. Бу билан у Ислом таклиф этган амалларнинг барчасини бажаришни қабул этади.

Бу амаллар (ибодатлар) оз ва енгилдир. Уларда ортиқча машаққат ва қийинчилик йўқдир.


 Шайх Али Тантовийнинг “Ислом динига умумий таъриф” китобидан Мубашшир Аҳмад таржимаси.



(Давоми бор)