566 21.09.2017

Хайриянинг исломий андозаси узоқ ва бой тарихий меросга эга бўлиб, бошқа маданиятларда ҳам шунга ўхшаш андозаларнинг барпо этилишига таъсир ўтказган. Хайрияни қабул қилиб олувчи яхши ёки ёмон, мусулмон ёки ғайридин бўлишидан қатъи назар, Ислом дини томонидан саховатнинг барча турлари рағбатлантирилади. Фарз ибодатлари мусулмонларнинг руҳий ҳолатини Яратган билан боғланишини намоён этса, хайрия Яратганнинг махлуқотлари билан юзага келувчи муносабатларни барпо этишдаги руҳий етукликни кўрсатади. Унинг муҳимлиги ҳақида Қуръони Каримда шундай дейилган:

Намозни тўкис адо қилинг, закотни беринг ва рукуъ қилувчилар билан бирга рукуъ қилинг (Бақара, 43)

Хайр-саховат Яратганнинг олдида шунчалар катта аҳамиятга эгаки, Муқаддас Қуръонда у ҳақида қуйидагилар айтилган:

Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмассиз. Нимаики нафақа қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни ўта билувчидир (Оли Имрон, 92).

Исломда хайриянинг мукаммал кўриниши нафақат жамият олдидаги бурч, балки Оламлар Роббисининг раҳматига астойдил интилиш ва унга сазовор бўлишдан иборатдир. Ислом дини мусулмонларни ёлғондан хайр-эҳсон қилиш, бундай хайрия турини бошқаларнинг кўриши, яъни риё учун амалга оширилишини айтиб ўтиб, ундан қайтарган.

Эй иймон келтирганлар! Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмаса ҳам, кишиларга риё учун молини нафақа қилганга ўхшаб, бекорга кетказманг. У мисоли устини тупроқ босган силлиқ бир тошга ўхшайдир. Бас кучли ёмғир ёғса, силлиқ бўлиб қолади. Касб қилганларидан ҳеч нарсага қодир бўлмаслар. Ва Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоятга бошламас. (Бақара, 264)

Шу билан бирга, амалга оширилувчи ҳар бир хайрия уни амалга оширувчининг ҳалол касби орқали топилган ва маълум бир қийматга эга бўлган мулкидан қилинганда янада қадрли бўлишини айтиб ўтиш лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақиқий саховатпешаликнинг намунаси бўлиб, ўз мол-мулкларининг катта қисмини хайр-эҳсон қилинишини васият этиб қолдирганлар. Шу тариқа ўша даврнинг ўзига тўқ мусулмонлари учун ўз мол-мулкларининг учдан бир қисмини Вақф қилиб ислом хайрия ташкилотларига қолдиришлари анъанага айланиб қолган. Қилинган хайриялар туфайли мусулмонлар ўзларининг ижтимойи алоқаларини мустаҳкамлаб, иқтисодий ҳолатларини кучайтириб олганлар. Исломдан олдинги ва ислом даврининг аввалги пайтларини ўрганиш борасида олиб борилган илмий изланишлар Мадинада илк бозорлар ташкил этилишида солиқ олинмаганлигини исботлади. Бу эса Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам исломгача бўлган савдо қилиш жойларида солиққа тортилмайдиган Укоз (исломгача бўлган даврда савдо қилиш жойи) бозорлари амалиётини татбиқ этишга ҳаракат қилганликларини билдиради. Бироқ кейинчалик Мадина бозорлари бирмунча ўзгача, хайрияга иқтисослашган (Ал суқ садақа) бозор тизимини илгари сурди, уларнинг асосий афзаллиги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан мусулмонлар учун ушбу бозорларнинг хайрия сифатида тақдим этилганлигида эди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бири Халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳукумронлик қилган даврдаги иқтисодий ва ижтимоий ҳолатнинг тарихий тасвири ҳозирги кунда ақл бовар қилмасдек кўринса, ажаб эмас. Таърифларга кўра, хайр-эҳсон ғазнаси саналмиш “Байтул мол”даги закотдан тўпланган мол-мулк миқдори шу қадар кўп эканки, мамлакатда ҳукумат томонидан ажратилувчи нафақага муҳтож инсонларни топиш мушкуллашиб, нафақага аталган макблағни ғазнага қайтариб олиб келиб қўйишга мажбур бўлинган экан.

Шу нарса аниқ ва равшанки, хайриянинг исломий андозасини тўғри ташкил этиш жамиятда тўкин-сочинлик ва фаровонлик салоҳиятининг ошишига сабаб бўлади. Мусулмонлар томонидан хайрия ташкилотлари ташкил этиш ташаббуси кўпчилик томонидан тан олиниб, ушбу ташкилотлар ўз табиатига кўра бир-бирини тўлдирувчи сифатида намоён бўлган. Ўрта асрлардаги исломий хайрия ташкилотлари марказлаштирилган ва ўзини-ўзи бошқарувчи фуқаролик инстутутларининг негизи бўлиб хизмат қилган, у ўзидан хайрия олувчи ва уни кўрсатувчи (донор)ларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ белгилаб берган ҳуқуқий нормаларни мерос қилиб қолдиргандир. Ўша даврда Европада бу турдаги ташкилотлар бўлмаганлиги, Вақф институти эса Инглиз ҳуқуқи таркибига кирувчи Умимий ҳуқуқнинг ишонч институти пайдо бўлишига сабаб бўлганлиги борасида олимлар томонидан баҳс ва мунозалар олиб борилади.

13-асрда қадимий Оксфорд коллежининг ташкил топишига 7-асрда Мадинада яшаган яҳудий ва мусулмон жамоатлари томонидан қолдирилган бой илмий мерос ва интеллектуал мулк капитали сабаб бўлган. Ҳадя қилиш жараёнининг муҳимлиги нафақат алоҳида бир шахс, балки ижтимоий жамият қизиқишларини акс эттирганлиги учун, иқтисодий асос сифатида намоён бўлувчи хайрия ва эҳсон диний, жамоавий ва савдо алмашинувида ўзига хос ўринга эгадир.

Ҳозирги вақтда сиёсатчилар, тадбиркорлар ва иқтисодчилар жамиятдаги муаммоларнинг энг яхши ечимларини инновациялар, молиявий технологиялар ва турли қонунлар орқали топишга интилишмоқда. Лекин тарихга мурожаат қилиш орқали, хайрия ва донор ташкилотларнинг самарали фаолияти ҳозирдан ислоҳотга муҳтож бўлган мусулмонлар руҳий ҳолатини намоён этганлигига гувоҳ бўламиз. Халифа Умар розияллоҳу анҳу тажрибаларини мисол келтириш орқали биз иқтисодий ва ижтимоий алоқалар нақадар кучли бўлганлигини ҳис этамиз. Уларнинг самарали фаолияти эса айнан Халифанинг руҳий пешқадамлиги билан боғлиқдир.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида айтиб ўтиш лозимки, инновациялар ва янги ғоялар жуда муҳим, аммо бизнес соҳасидаги хайрияни ўстириш учун, аввало, руҳиятнинг яратувчанлик қувватини исломий хайриянинг иқтисодий тазимига йўналтира олиш зарурдир.


Таржимон: Улуғбек Файзиев