1611 25.05.2017

Ислом дини ҳақидаги сафсаталарга жавоб

Бир неча кун олдин «Кларин» аргентина медиа гуруҳи Сесар Видаль деган жанобнинг «Исломда террор қонун ҳимоясида» деган мақоласини чоп этди.

Бу ерда шу мақола ва унга Аргентина Ислом ташкилоти федерацияси номидан шайх Абдулкарим Паснинг жавоби келтирилган. 

Исломда террор қонун ҳимоясида

Сесар Видаль – ёзувчи ва журналист; Масофадан ўқитиш Миллий Университетининг тарих фанлари доктори.

Яқинда Рим папаси Франциско Ислом террори мавжуд эмаслигини ўз нутқида таъкидлаб ўтди. Ҳақиқатдан ҳам, у насроний, яҳудий ёки мусулмон террори бўлиши мумкинлигини инкор қилди. Мен унинг фикрлари билан баҳслашмоқчи эмасман – баъзи террорга содиқ кишиларнинг динга туҳмат тоши отилишининг олдини олиши, албатта, бу яхши нарса. Аммо ушбу баёнотда ҳал қилиш керак бўлган катта муаммолар – эътирозларим бор.

Тарихан олиб қараганда ҳам, диний террорчилар ҳақида кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Улардан бири бўлган яҳудий ёлланма қотиллари Римга қарши бўлган урушда (66-73 йй.) римликлар ва ўз ватандошларини бўғизлаб, Исроил худосига сиғинишга чақирдилар. Худди шундай иезуитлар католик бўлмаган давлатларга қирғинбарот ҳужум уюштириб, уларнинг ички ишларига аралашдилар. Шундай бўлса-да, одамийлик, гуманизм ҳақидаги Исонинг ўгит ва кўрсатмаларига мурожаат қилиш мураккаблик туғдиради – ҳатто Таврот ҳам бундан мустасно эмас.

Ислом ҳақида эса бошқача фикрдаман. Муҳаммад(соллаллоҳу алайҳи васаллам – изоҳ бизники – Б.Д.)нинг ҳидоят китоби бўйича 622 йилгача бўлган ва ундан кейинги Муҳаммадни (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қайд этдим.

Биринчиси, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам – изоҳ бизники – Б.Д.) бир хотинли бўлиб, тинч яшаб юрган пайтларида бирдан илоҳий ҳукм ҳақида гапиришни ва бир худоликка даъват қилишни бошлади. 622 йилда Маккани тарк этиб, кўп хотинли ва ҳарбий бўлиш учун Мадинага кетди, қилич кучи билан Хабарни («ваҳий» демоқчи – Б.Д.) ёйди. Ислом Муҳаммад(соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг ҳаётини энг нозик масалаларда ҳам намуна сифатида кўрсатадики, аммо бу ўз тўғри йўлидан озганларга турли хил зўравонликлар, шунингдек, террорни қонуний (фатво берилган) деб эътироф қилишига сабаб бўлмоқда.

Аввали Бадр ёнидаги урушдан бошланиб, сўнгра асирга тушганларни оммавий қирғин қилиш билан давом этди. Кейин Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг олдига ҳозирги замон журналистларига тенг бўлган Арабистон шоирлари унинг ҳукмдорлигини танқид қилиш учун келдилар. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шоира Асма бинти Марванни, яҳуд шоири Кабб ал-Асраф ёки Абу Афоқни ўлдиришга буйруқ берганига ажабланмаса ҳам бўлади. Шундан сўнг бундай қотилликлар юзлаб йиллар давом этди. Кейинги йилларда Муҳаммад, том маънода айтганда, яҳудий қабилаларни ва диндан қайтганларни аёвсиз қирди.

Ва ҳоказо...

Шайх Абдулкарим Паснинг жавоби

Донишманд илоҳиётчи Рим папаси Франциско жуда тўғри айтганидек, «Ислом террори» йўқ. Бўлиши ҳам мумкин эмас! Бу Исломга зид гапдир. Ўзини мусулмон, насроний ёки яҳудий деб атаётган террористлар билан бир қаторда «демократлар» деб ном қўйиб олган террорист-қўпорувчилар ҳам бор. Ҳеч ким «демократ қўпорувчилар» дея олмаётган бир пайтда улар дронлари (учувчисиз учар техникалар) ва ракеталари билан тинч аҳолини бомбардимон қилиб қўрқувга солмоқдалар.

Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)  пайғамбаримиз номининг ўзидан маълум бўлган Ислом дини ‒ тинчлик дини эканини, Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Исо, Муҳаммаднинг ва бутун инсониятнинг Худоси барча учун бир хилда меҳрибон ҳамда раҳмли эканини тарғиб қилди. Барча пайғамбарлар кўпдан-кўп мукаммал сифатларга эга бўлган Аллоҳнинг Яратувчилик, Меҳрибонлик, Адолатлилик, Тинчлик каби сифатларини ёйиб, ягона Худога сажда қилишга, Унга ҳеч кимни шерик қилмасликка чақирдилар.

Ўзини ёзувчи, журналист ва UNEDнинг (афтидан, Испанияда жойлашган Масофавий таълим Миллий Университетининг) тарих фанлари доктори деб таништирган Сесар Видалнинг иддао қилишича, «папа Францисконинг «Исломда терроризм йўқ», дейиши – бу нотўғри талқиндир». Унинг-ча, гўёки Ислом террорга қаршилик кўрсатмайди, балки уни ёқлаб келади.

Ҳар бир инсон Пайғамбарнинг тарихи ва Ислом динини ўрганар экан, улар ҳақидаги энг ишончли манбаларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатган ўрнак ва саъй-ҳаракатлари билан Ислом дини пайдо бўлишининг илк даврларидаёқ, Арабистон ярим оролида асрлар бўйи давом этган ўзаро жанг-жадалларга барҳам берилганини, тинч ҳаётга эришилганини аниқлаш қийин эмас. Муҳаммад алайҳиссалом – Аллоҳнинг Расули қабилаларнинг ижтимоий ва иқтисодий келиб чиқишидаги устунлик ёки уларнинг ирқи ҳамда жинсидан қатъий назар, ўз фазилат, тақводорлиги, сабри билан барча араб қабилаларини бирлаштирди. У зотнинг ваъз-ўгитлари универсал бўлиб, бутун инсониятга қаратилгандир ҳамда ўтмишда ҳам, бугунги кунда ҳам Ислом динига қарши қилинаётган нотўғри тарғибот/туҳматларга қарамай, озайиш ўрнига, аксинча, кундан-кунга зиёда бўлиб, беш қитъа одамларининг қалб ва тафаккурларини забт этиб келмоқда.

Аслида бузғунчи ғоя бўлган бундай нотўғри қарашлардан бири жаноб Сесар Видалга тегишли бўлиб, келинг, унинг аргументларига назар ташлайлик. Биринчидан, бу жаноб Муҳаммад алайҳиссалом Мадина аҳлига қилич билан ўзининг динини сингдирган, демоқда. Яхши, унда тарихчи сифатида бу ҳақда қачон ва қандай бўлганини ишончли манбалардан далиллар келтириб, бизга айтсин! Афсуски, бу одамнинг бундай қилишининг имкони йўқ. Ислом тарихидан бир оз хабари бор ҳар бир киши учун шу нарса аниқки, Пайғамбар Мадинага келмасидан олдин бир асрдан зиёд бир-бирлари билан урушаётган Авс ва Ҳазраж қабилаларига тинчлик олиб келди, уларни ўзаро иттифоқ қилди. У зот бирлаштирган ва биродар қилган бу қабилалар-у барча мадиналиклар маккалик муҳожирлар билан ўзаро барча турдаги молларни айирбош қилишларига эришди.

Ўша пайтларда Мадина яҳудийлари озчилик сифатида эътироф этилди ва Мадинада озчиликнинг кўпчилик ичида тотув яшаши учун ҳамда уларнинг диний эркинликлари тўғрисида битим имзоланди.

Муаллиф келтириб ўтган Бадр жангида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч юзта издоши билан мингдан ортиқ мушрикларнинг тажовузидан ўзини ҳимоя қилиш учун жанг олиб боришга мажбур бўлди, мушрикларнинг ҳужуми мусулмонлар томонидан мағлубиятга учратилди. Ўша даврлар қонун-қоидасига кўра, маҳбуслардан қул сифатида фойдаланиларди, Расулуллоҳ мусулмонларга ўқиш ва ёзишни ўргатган асирларни бепул даволаттирди. Ўқитувчиларга энг яхши даволаш чоралари ва эркинликни муносиб кўрди. Ким ўқий ёки ёза олмаса, тўлов ё гаров эвазига озод қилинди. Жаноб Видаль Пайғамбар Бадр жангининг барча маҳбусларини ўлдирди, деб айтиши учун қайси манбага асосланди экан? Мен ундан манба келтиришини талаб қиламан! Унга қарши айта оламанки, бундай манба мавжуд эмас ва ҳеч қачон бўлмаган ҳам.

Тарих солномаларига кўра, йигирма уч йил давомида Арабистонда Исломни ёйиш учун Расулуллоҳ томонидан олиб борилган барча мудофаа (ва фақат мудофаа) жангларида бир юз эллик нафар киши ҳалок бўлган. Бугунги кунда Америка Қўшма Штатлари «бир хатолик натижаси» деб атаётганлари Мосулда икки юз нафар тинч аҳолини ўлдирганликларини тан олдилар. Бундай воқеалар жуда тез-тез содир бўлмоқда, уларнинг босқинчиликлари оқибатида Ироқда бир миллиондан кўпроқ ироқликлар ва Афғонистонда ҳам бошқа миллионлаб тинч аҳоли ҳалок бўлди.

Сесар Видаль «Кларин» газетасида чоп эттирган мақоласида Пайғамбар замонида «бугунги журналист» ролида бўлган танқидчи шоирлар ўлдирилган, деб иддао қилмоқда. Бироқ муқаддас Қуръон сураларидан ёки оятларидан бирида ижод аҳли номи қайд этилган, умуман олганда, санъат ва шеърият мусулмонлар томонидан энг юксак чўққига кўтарилганини эсдан чиқармаслик керак.

Исломдаги энг буюк цивилизация ‒ бу унинг барҳаётлигидир. Асма бинти Марван Пайғамбарни ҳақорат қилган ва мусулмонларга қарши уруш қўзғашда фаол бўлган яҳудий шоира эди. Уни мусулмонлар ўлдирганини ва Пайғамбар фатво берган, деган гапни кўпчилик мусулмон тарихчилар инкор қилганлар. Кабб ал-Асраф ёки Абу Афоққа келсак, у оддийгина танқидчи шоир эмас эди, балки Мадинада имзоланган тинч-тотув яшашлик тўғрисидаги битимни доимий бузиб, Исломга қарши фитна уюштиришда ва бошлашда фаол шахслардан эди.

Ислом ҳеч қачон танқидни таъқиқлаган эмас, балки танқид ҳаққоний, тўғри шаклда ва юксак ахлоқий мавзуда бўлса, у рағбатлантирилган (ҳақиқий танқиднинг икки: ижобий ва салбий томони бор, афсуски, салбийлик томони устун бўлиб қолмоқда). Ёмонликдан қайтариб, яхшиликка даъват қилиб келган. Бундай соф ва адолатли танқид исломий мажбурият ҳисобланган, унинг амалга ошиши учун Исломда ахлоқий муносабатларга асосланган тўғри йўл кўрсатилган.

Шунингдек, Ислом дунёдаги ҳар қандай тинчликсевар давлат каби уруш ва террорни, жиноий фитна ёки исённи таъқиқлайди. Баъзи бир шоирларнинг бемаъни даъволари ва муросасизликка чорлашлари ҳақиқий шеъриятга зид бўлиб, бузуқ ниятларини очиқ-ойдин равшан қилмоқда. Қачонки, санъатнинг барча турлари сингари шеърият ҳам яхшилик ва гўзалликни улуғлаш учун хизмат қилиб турса-ю, шунга қарамасдан Пайғамбар унинг гўзаллигини рад этганида Ислом ҳеч қачон бундай юксак муваффақиятга эришмас эди.

Араблар нотиқлик санъатининг усталаридир. Шунинг учун Пайғамбарнинг каромати билан шеъриятга яқин, аммо шеър бўлмаган, мукаммаллиги, гўзаллик ва маънога тўла илоҳий сўзлари ила Қуръон деган мўъжиза асрлардан асрларга ўзгармай ўтиб келмоқда. Дунёдаги бошқа ҳеч бир китоб бундай юксак мавқега эга эмас.

«Тарихчи» Видалнинг ёлғонларидан яна бири яҳудий қабилаларнинг йўқ қилиниши деб аталмиш даъвосидир. Пайғамбар баъзи яҳудий қабилаларнинг мушриклар билан бир бўлиб олиб, уларнинг Ислом жамиятига қарама-қарши туришларига дуч келди. Яҳудийларнинг кўпчилиги Исломни қабул қилди, бошқалари Пайғамбар марҳамати билан озод қилинди, яна бирлари давлатга енгил солиқ тўлаб, эвазига ўз хавфсизлигини таъминлади ва динини сақлаб қолди, уларнинг зиммасидан мудофаа жангларида ҳимояда иштирок этиш соқит қилинди. Фаластинда сионистик лойиҳаси пайдо бўлишига қадар Европадагидек мусулмонлар ва яҳудийлар ўртасида ҳеч қандай зиддият йўқ эди. Асрлар давомида Фаластинда яҳудийлар аҳолининг ўн фоизидан камроғини ташкил қилган эди.

Қуръони Карим нозил бўлганидан буён барчани тинчликка, адолатга чорлаб, яхшилик қилишга даъват қилиб, ўзи ёқтирмаганни бировга ҳам раво кўрмасликка, бегуноҳ жонни ўлдириш барча инсониятни ўлдиришга тенг, деб бегуноҳ ҳеч кимни ўлдиришдан қайтариб турса-ю, қандай қилиб масъулиятсиз жаноб Видаль «Ислом терроризмни ёймоқда», деб иддао қилмоқда?! Ислом дини ва унинг Пайғамбари динга ғулу кетишни, ҳар қандай тирик жонга ҳужум қилишни ёки безовталик, зарар ҳамда озор етказишни таъқиқлайди. Олийжаноб ва раҳмдил пайғамбар сифатида тан олинган ҳамда Маккада мағлуб бўлган душманларини кечириб юборган одам қандай қилиб террорга фатво берган ёки террорни ёқлаган бўлиши мумкин?! Шоирларга таҳдид ва зўравонлик қилинганини бу одам қайси манбадан топдийкин?!

Ният террорни барпо этиш бўлганида у зот мусулмонларни бир-бирига тинчлик тилаб, салом беришга ўргатармиди? Манманликни, кибрни, адолатсизликни, зулмни, ёлғон ва алдовни таъқиқлармиди?

Ўзини ҳимоя қилишдан ташқари ҳеч қачон ҳеч кимга ҳужум қилмаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қиличи дастасига «Сендан алоқасини узган билан алоқа ўрнат; ўзингга қарши бўлса ҳам, ҳақиқатни айт; сенга зулм қилганга яхшилик билан жавоб қайтар», деб ёзилган бўлган.

Қайси террорист бу шиорни кўтариб чиқмоқда? Тузилган битимларга амал қилишга, ожизларни ҳимоя қилишга чақиряптими? Судхўрлик, наркотик ва спиртли ичимликларни суиистеъмол қилишни ҳамда эксплуатацияни таъқиқлаяптими? Буларнинг барчаси уруш келтириб чиқарувчи энг асосий сабаблар бўлиб, улар Исломда қатъий қайтарилган. Расулуллоҳ алайҳиссалом зўравонлик билан тортиб олинган жойда ибодат қилиш Аллоҳга мақбул эмас, деб ўргатмаганми? Муҳтожларга ёрдам беришни тарғиб этмаганми? Шунингдек, олтин ва кумуш пулларни тўплаб, улар билан мақтанишни ман қилмаганми? У зот давлат раҳбари бўла туриб, ўз уйига тўрт юзта камбағални жойлаштирмадими ва арзимаган ҳаёт лаззатидан маҳрум кишиларни муҳофаза этмадими, уларга хизмат кўрсатмадими? Исломда террор эмас, балки хайрия ҳаракатлари устун ҳисобланади.

Исломнинг тинчлик ва биродарликка ўргатишида ҳеч ажабланадиган жойи йўқ, чунки Аллоҳнинг барча элчилари – Исо, Мусо, Иброҳим ва бошқа пайғамбар алайҳи васалламлар шунга тарғиб қилиб ўтдилар.

Йўқ, жаноб Видаль, тарихда императорлар, нимрод (намруд)лар, фиръавнлар, Рум қайсарлари ва Абу Жаҳллар терроризм тарғиботчилари бўлганлар. Улар пайғамбарларга зид ҳаёт кечириб, оддий халқни талон-тарож қилиб камбағаллаштирдилар, ўзлари тўкин-сочинликда ва фаровонликда саройларда яшадилар.

Жаноб Видаль мақоласининг бир жойида билмасдан ўзига зулм қилиб, битта манбани келтириб қўйган. Бу Қуръони Каримнинг Тавба сурасидир. Қуръоннинг ўша жойида, ҳақиқатдан ҳам, (ким, Муҳаммад алайҳиссаломми?) мушриклар билан юзлашишга чақирилган. Лекин муқаддас Қуръон ҳақида энг кам билимга эга бўлган одам ҳам биладики, тўққизинчи сура қоидага истисно тариқасида пайдо бўлган. У меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошланмаган ягона сура ҳисобланади. Бу сурада уруш ва иймонсизликни улоқтириб ташлаш ҳақида сўз боргани учун «Бисмиллаҳ» ёзилмаган бўлиб, у Исломий давлатга нисбатан тажовузкор мушрикларга ҳамда ҳужум қилмаслик ҳақидаги битимларни бузганларга қарши чиқишни билдирган. Уруш ҳақидаги умумий ва асосий қоидага кўра, ўз-ўзини ҳимоя қилишдан ташқари ҳужум бўлмаганда жангни амалга ошириш таъқиқланган. «Сизга ҳужум қилинганда улар билан жанг қилишга рухсат этилди..., лекин агар улар тўхтасалар ва тавба қилсалар, уларга тинчлик, омонлик беринг. Албатта, Аллоҳ тажовузкорларни севмас. Мушриклар сизларга уруш очишсагина, сизлар ҳам уларга қарши жанг қилингиз. Билингларки, Аллоҳ тақводорлар биландир». Яъни Видаль томонидан келтирилганидек, мушрикларга уруш қилинган эмас, балки умумий тартиб остида ўзларини ҳимоя қилиш учун ҳужумга ҳужум билан жавоб қайтаришган ва мақсад тажовузга чек қўйиш бўлган. Бу бировга ҳеч қачон қасд этмаслик, ҳеч қачон безовта қилмаслик, зарар/зиён етказмаслик демакдир. Ўша пайтда сиз ҳужумга қарши ҳужум уюштирилган, қасд қилган одам ўлдирилган, деб айта оласиз. Иккинчидан, бу умумий қоида билан зиддиятда бўлмаган алоҳида қоидадир. Исломда уруш бошлаш ёки душман таслим бўлса, жангни давом эттириш ҳаром қилинган. Бу шундай бир қоидаки, у инсон онг-у шуурини ва дунёдаги барча ҳуқуқий тизимларни ҳимоя қилади. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, бундай мақолани оммавий ахборот воситасида чоп эттириш ўта кетган жаҳолатдан, онгсизлик ҳамда масъулиятсизликдан дарак беради ва бу исломофобия учун таъминотдир.

Барча биринчи халифалар зўравонлик қурбони бўлган, дейиши муаллифнинг яна бир нотўғри хабари ва Ислом илмидан бехабарлиги натижасидир. Абу Бакр зўравонлик туфайли ҳалок бўлганини бизга айтиб беринг-чи! Имом Али шаҳид бўлган, аммо у киши ҳақиқий тинчликпарварлик, адолатлилик, раҳм-шафқатлилик, бирдамлик, донолик, биродарлик ва бағрикенгликнинг тимсоли эди. Бу иддаолар Исога қаттиқ азоб берди, деб насронийликни айблаш каби бўлмоқда. Ёки фарзийлар билан саддуқийларга нисбатан яҳудийликни айблаш сингаридир.

Ниҳоят, кейинги мақолаларида жаноб Видаль томонидан уларнинг жамиятларида ўз дастагига эга, уларнинг юртини ҳимоя қилувчи ҳамда улар томонидан молиялаштириладиган қуролланган ашаддий террорчи «Ҳизбуллоҳ» каби гуруҳлар ва ИШИД тузилмаси терроризмга қарши насроний аҳоли-ю мусулмонлар ваколатларининг асосий ҳимоячилари, деб чалкаштирилади.


Шайх Абдул Карим Пас

(Аргентина Ислом ташкилоти

Диний Кенгаши Федерацияси)