526 01.07.2017

Ҳайдовчининг ўзига яраша одоблари бўлгани каби, нақлиёт воситаларидан фойдаланувчи йўловчининг ҳам ўзига яраша одоблари бор. Улар, жумладан, қуйидагилардан иборат:

Йўловчи шахсий ёки жамоат фойдаланадиган нақлиёт воситасига чиқишда яхши ният билан «бисмиллаҳ»ни айтиб, ўнг оёғини олдин босиб чиқиши одобдандир.

Зотан, мусулмон инсон ўзининг барча ишларида «бисмиллаҳ»ни айтади ва ўнг тараф билан иш бошлайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлар.

Йўловчининг жамоатчилик нақлиёт воситасига чиқишда тартибга риоя қилиши юксак одобдир.

Бунда бекатга етиб келиш асосидаги тартибга биноан чиқилади. Яъни бекатга аввал етиб келган одам олдин чиқади.

Йўловчи нақлиёт воситасига чиқишдан олдин оёқ кийимининг тозалигини йўлга қўйиши ҳам одобдандир.

Оёқ кийимидаги нопок нарса, лой ва бошқалар билан нақлиёт воситасига чиқса, худди бировнинг уйига ёки жамоатчилик жойига тозаланмаган оёқ кийими билан кирганга баробар бўлади. Бу эса мусулмон инсонга мутлақо тўғри келмайди.

Йўловчи нақлиёт воситасига чиқаётиб, ундаги кишиларга салом беради.

Саломлашиш одоби шуни тақозо қилади. Бирор жойга кирувчи киши ундаги шахсларга, озчилик кўпчиликка салом беради.

Йўловчи нақлиёт воситасига чиққанда, ўтириш жойи аввалдан (чиптада) белгиланган бўлса, ўша жойга ўтиради.

Баъзи жамоат нақлиёт воситаларида йўловчининг ўтириш жойи аввалдан белгилаб қўйилади. Йўловчининг ўша белгилаб қўйилган жойига ўтириши одобдандир. Бошқа бировнинг жойига ўтириб олиш беодоблик ва ўтакетган маданиятсизликдир.

Йўловчи нақлиёт воситасига чиққанда, ўтириш жойи аввалдан белгиланмаган бўлса, биринчи дуч келган бўш жойга ўтириши одобдандир.

Бу барча жамоатчилик жойларида ҳам риоя қилинадиган ишлардандир. Чунки бўш жой турса-да, одамларни безовта қилиб, ўзига алоҳида жой ахтариш кўпчиликка малол келиши мумкин.

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Қачон Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келсак, биримиз ўзи етиб борган жойга ўтирар эди».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Йўловчи нақлиёт воситасига минганда, «миниш дуоси»ни ўқиши лозим.

Бу дуо юқорида келтирилди ва уни ёдлаб олиш ҳар бир йўловчи учун зарур. Ҳозирда бу дуони нақлиёт воситаларига илиб қўйиш ҳам урф бўлиб бормоқда. Албатта, бу жуда яхши иш саналади.

Йўловчи чиққан нақлиёт воситасида ўзини худди бировнинг уйида ёки жамоатчилик жойида ўтиргандек тутиши керак.

Бировнинг шахсий маркабига минган одам худди унинг уйига кирган кабидир. Бировнинг уйига кирган одам қандай одобларга риоя қилса, маркабига минган одам ҳам ўшандай одобларга риоя қилиши керак. Одоб билан ўтириш, уловда мавжуд нарсаларга қўл узатмаслик, ҳайдовчининг изнисиз бирор нарсадан фойдаланмаслик ва ҳоказолар шулар жумласидандир. Шунингдек, жамоатчилик маркабига минган одам ҳам худди жамоатчилик биноларига кирган кишидек бўлади. У ҳам ўзига яраша одобларга риоя қилиши лозим.

Йўловчи ўзи чиққан нақлиёт воситасида озодаликка риоя қилиши жуда ҳам муҳим.

Бунда нақлиёт воситаси шахсийми, жамоат фойдаланадиганими, фарқи йўқ. Зотан, мусулмонларнинг кўзга кўринган шиорларидан бири: «Поклик иймондандир». Афсуски, баъзи кишилар бу ҳақиқатни унутиб, ўзлари фойдаланаётган нақлиёт воситаларида тозаликка риоя қилишмайди. Турли чиқиндиларни, қоғоз ва озиқ-овқат қолдиқларини нақлиёт воситаларига ташлаб кетиш ҳоллари ҳар қадамда учраб туради.

Йўловчидан ўзи минган нақлиёт воситасига ҳеч қандай зарар етказмаслик талаб этилади.

Бу одобга риоя қилмай, нақлиёт воситасига зарар етказган йўловчи бировнинг ёки жамоатчиликнинг мулкига талофат етказган ҳисобланади ва уни тўлаб бериши вожиб бўлади.

Йўловчининг жамоат нақлиёт воситасида ҳақдор кишиларга жой бериши юксак одоб намунасидир.

Ҳақли кишилар деганда қари, бемор, заифҳол кишилар, ҳомиладор ва болали аёл кабилар киради. Бу каби шахсларни барча жойларда авайлаш керак бўлганидек, нақлиёт воситаларида ҳам жой бериш, ёрдам кўрсатиш ҳамманинг бурчидир.

«Анас ибн Молик:

«Бир катта ёшдаги қария Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни ирода қилиб келди. Қавм унга йўл очишда кечикиб қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кичкинамизга раҳм қилмаган, каттамизни улуғламаган биздан эмас», дедилар», деди».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Жамоатчилик маркабларида тиқилинч бўлса, янги чиққанларга жой бериш юксак одобдир.

Жамоатчилик нақлиёт воситалари ҳам худди мажлислар кабидир. Уларда ҳам мажлислар одобига риоя қилиш лозим бўлади.

Аллоҳ таоло Мужодала сурасида марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Агар мажлисларда сизларга «Жой беринг», дейилса, бас, жой беринг, Аллоҳ сизларга ҳам жой берадир» (11-оят).

Йўловчининг жамоатчилик нақлиёт воситасида бақир-чақир қилмаслиги ҳам одобдандир.

Афсуски, баъзи бир одобга риоя қилмайдиган шахслар жамоатчилик нақлиёт воситасида баланд овозда гапириб, хохолаб, сўкиниб, кўпчиликнинг тинчини бузадилар. Бундай ҳолатлар мусулмон кишиларга мутлақо ярашмайди.

Йўловчи жамоатчилик нақлиёт воситасида манзилига етиб борганидан кейин, ҳайдовчига ташаккур айтади, гарчи йўлкира тўлаган бўлса ҳам.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одамларга шукр қилмаган Аллоҳга шукр қилмайди», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Йўловчи нақлиёт воситасидан тушаётганида, бошқаларга хайрлашув саломини бериб, «бисмиллаҳ»ни айтиб, ўнг оёғи билан тушади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бирортангиз бир мажлисга кириб борса, салом берсин. Ўрнидан турмоқчи бўлса ҳам салом берсин. Биринчиси кейингисидан ҳақли эмас», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Ушбу «Нақлиёт воситалари одоблари» сарлавҳаси остида келган маълумотлар олдинги китобларимизда топилмайди. Зотан, янги пайдо бўлган нақлиёт воситаларига оид одоблар улардан олдинги ёзилган китобларда бўлиши мумкин ҳам эмас. Қадимги нақлиёт воситаларига оид одоблар эса ўз ҳолича баён қилинган бўлиб, улар алоҳида жамланмаган эди. Шунинг учун бўлса керак, ҳозир бу борадаги одобларга риоя қилиш кўнгилдагидек эмас. Камина ходимингизга бу ҳақда одамлар шикоят қилиб туришади. Уларнинг гапларига қараганда, кўпчилик йўл ҳаракати қоидаларига ҳам, улов минишдаги одоб-ахлоқ меъёрларига ҳам амал қилмайди. Кўпгина ҳайдовчилар бир-бирларига озор беришади, сўкишиб-уришади ва ҳоказо.

Бир таниш кишининг айтишича, ёши ўтиб қолгани сабабидан у автоуловини секинроқ ҳайдар экан. Ёш ҳайдовчилар у кишининг ортидан «тезроқ ҳайда» деган маънода овоз чиқариш асбоби (сигнал) билан шовқин кўтаришар, у кишидан олдинга ўтиб олгач, уят гаплар билан сўкиб кетишар экан. Мазкур танишимиз бу гапларни алам билан айтди ва одамларга бу борада уламолар тушунча беришса, яхши бўлишини ҳам таъкидлади. Бунга ўхшаш гап-сўз ва фикр-мулоҳазалар тез-тез учраб турибди.

Мазкур автоулов беодоблари пиёда юрганларида, суҳбат ва бошқа муомалада юқорида айтиб ўтилган беодобликларини қилмасликлари мумкин. Чунки бу ҳолатларда кўз кўзга тушиб туради. Аммо ушбу ҳолатдан йироқлашиб, ўз уловига миниб олгач, инсоннинг илиқ нафасини сезмай, кўзи кўзига тушмай турганда, истаган номаъқулчилигини ўзига эп кўриб қолади.

Аслида бу ҳолат ўша инсонларнинг умумий одоб-ахлоқлари даражаси пастлигидан келиб чиққан бўлади. Уларнинг кўз кўзга тушиб турганда одоблироқ бўлишлари риёкорликдан иборат бўлади. Одоб ва ахлоқ меъёрлари уларнинг асосий сифатига айланмагани учун, мазкур беодобликларни қилишни ўзларига раво кўришади. Ҳақиқий мўмин-мусулмон кишиларнинг одоб ва ахлоқ меъёрлари уларнинг доимий сифатларига айланиб қолгани учун, қаерда, қачон, кимнинг олдида бўлишидан қатъи назар, ўзларини юксак одоб доирасида тутишади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ижтимоий одоблар китобидан)