503 11.01.2018

Икки неъмат бор. Ҳар бир мавжуд иккисидан чиқмас ва ҳар бир бор қилинганга иккиси лозимдир: йўқдан бор қилиш неъмати ва мадад бериш неъмати. У Зот сенга аввал йўқдан бор қилиш неъматини, кейин кетма-кет мадад бериш неъматини берди.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳининг ушбу ҳикматидаги «мавжуд» ва «бор қилинган» деган сўзлардан инсон зоти ёки барча махлуқотлар англаниши мумкин. Инсоннинг ўзи ирода қилинганда уни йўқдан бор қилиши ва ҳаёт кечириши учун берилган имкониятлар кўзда тутилган бўлади. Бошқа махлуқотлар ҳам кўзда тутилганда ўша махлуқотларнинг барчаси Аллоҳ таоло томонидан инсонга неъмат қилиб берилгани англанади.

Шу билан бирга, ушбу ҳикматда Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи барча неъматларнинг асоси икки неъматдан – йўқдан бор қилиш ва ҳаётда мадад бериб туриш неъматларидан иборат эканини таъкидламоқда. Агар яхшилаб ўйлаб кўриладиган бўлса, бошқа сон-саноқсиз неъматларнинг барчаси ҳам ушбу икки асосий неъматдан келиб чиқиши аён бўлади.

Ушбу икки неъматнинг биринчиси – Аллоҳ таоло инсон зотини йўқдан бор қилиб яратишидир. Иккинчиси эса Аллоҳ таолонинг инсонга бу дунёда яшаши учун мадад бериб туриши – ҳаётга керакли барча нарсаларни давомли бериб, таҳдидлардан сақлаб туришидир.

Инсоннинг бошқа махлуқотларнинг барчасидан афзал қилиб яратилишининг ўзи инсон учун улкан неъматдир. Бунинг учун инсоннинг яратилиши борасидаги Қуръони Каримда келган қиссани эътибор билан, яхшилаб ўрганиб чиқиш лозим бўлади.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Эсла, вақтики Роббинг фаришталарга: «Албатта, Мен ер юзида халифа қилувчиман», деди. Улар: «Унда бузғунчилик қиладиган, қон тўкадиган кимсани қиласанми? Ҳолбуки, биз Сени ҳамдинг ила поклаб ёд этиб ва Сени муқаддаслаб турибмиз», дедилар. (У Зот:) «Мен сиз билмайдиган нарсани биламан», деди» (30-оят).

Ушбу оятдан маълум бўляптики, Аллоҳ таоло Одамнинг Ўзининг ер юзидаги ўринбосари – халифаси бўлишини ирода этган экан. «Халифа» сўзи араб тилида бировнинг ўрнига унинг вазифаси ва муҳим ишини адо этиш маъносини англатади. Демак, инсонга улкан ишонч билдирилган, у улуғ Аллоҳнинг халифаси бўлишдек олий мақомга лойиқ кўрилган. Бундай марҳаматнинг ўзига яраша буюк масъулияти ҳам бор. Инсон шуни англаган ҳолда, уни халифа қилиб қўйган Зотнинг топшириқларини бажармоғи, яратган Зот муносиб кўрган олий мақомга доғ туширмасликка ҳаракат қилмоғи керак.

Фаришталарнинг

«Унда бузғунчилик қиладиган, қон тўкадиган кимсани қиласанми?» деган гапларидан билинадики, улар ўзларигагина маълум йўл билан инсоннинг ер юзида фасод, бузғунчилик қилиши ва қон тўкишини билганлар, айни чоғда улар фаришталик табиати билан ўзлари айтиб турган тасбеҳу ҳамдларни ва қилиб турган улуғлашларни ушбу махлуқотларнинг яратилиш мақсади деб билганлар. Аммо Аллоҳнинг илми бошқа, фаришталар буни билмайдилар. Шунинг учун ҳам:

«Мен сиз билмайдиган нарсани биламан», деди Аллоҳ таоло.

Яъни одамлардан баъзиларининг бузғунчилик қилиши ёки қон тўкиши Аллоҳ таолонинг ер юзида Ўзига халифа яратиш иродасига тўсиқ бўла олмайди. Шунингдек, фаришталарнинг тасбеҳ ва ҳамд айтиб, Аллоҳни ҳамиша улуғлаб туришлари ҳам У Зотни улардан бошқа мавжудотни яратишдан тўса олмайди.

«Ва Одамга исмларнинг барчасини ўргатди, сўнгра уларни фаришталарга кўрсатиб: «Агар ростгўйлардан бўлсангиз, манавиларнинг исмларини менга айтиб берингчи», деди» (31-оят).

Аллоҳ таоло Одамни Ўзининг ер юзидаги халифаси қилаётган пайтда унга улуғ бир сирни берганлиги ушбу оятдан билиниб турибди. У ҳам бўлса, Одамга исмларнинг барчасини ўргатишидир. Яъни инсон ўзини ўраб турган барча ашёларнинг белгиси сифатида исмни, маънони ишлатади. Ҳис қилинадиган, жисмга эга бўлган нарсаларни фаҳмлаш учун нутқий рамзларни ишлатиш қудрати инсон ҳаётида энг улуғ қудратлардан бири ҳисобланади. Акс ҳолда бировга тоғни тушунтирмоқчи бўлсанг, уни тоғнинг олдига олиб бориб, айлантириб кўрсатишдан ўзга чора бўлмас эди. Агар Аллоҳ таоло инсонга ушбу қобилиятни бермаганида, ер юзида ҳаётни тасаввур қилиш қийин бўлар эди.

Ривоятларда келишича, «Бунинг исми от, буниси туя, мана бу қуёш, бу эса юлдуз», деб ҳатто кичкина нарсаларгача ўргатилган. Яъни Одамнинг ер юзида халифа бўлишининг асосий сабабларидан бири илм олишга истеъдодининг борлигидир. Ҳозирда инсоннинг илм ёрдамида борлиқнинг сирларини кашф этаётгани ҳам ўшанда берилган қобилият натижасидир.

Аллоҳ таоло Одамга исмларнинг барчасини ўргатганидан кейин уларни фаришталарга рўбарў қилди ва: «Агар «Ер юзида фасод қилувчи ва қон тўкувчи кимсани яратасанми?» деган даъволаринг рост бўлса, Менга ушбу нарсаларнинг исмларини айтиб беринглар», деди. Фаришталар у нарсаларга исм қўйишдан ожиз қолдилар ва ўз ожизликларини тан олиб:

«(Улар:) «Ўзинг поксан! Бизда Сен билдиргандан бошқа илм йўқ. Албатта, Сен Ўзинг ўта илмлисан, ўта ҳикматлисан», дедилар» (32-оят).

Фаришталар бу ерда юксак одоб мисолини кўрсатдилар. Билмаган нарсаларини сўзсиз «Билмаймиз», деб айтдилар. Билмаган нарсасини тан олиб, вақтида «Билмайман», дейиш ҳам катта одоб, ҳам катта илм ҳисобланади.

Шунда Аллоҳ таоло Ўзининг ер юзидаги халифаси – Одамнинг фазлини изҳор қилиш учун:

«Эй Одам, уларга буларнинг исмларини айтиб бер», деди. Уларга ўшаларнинг исмларини айтиб берган чоғида: «Сизларга: «Осмонлару ернинг ғайбини биламан ва сизлар ошкор қиладиган нарсаларни ҳам, беркитган нарсаларни ҳам биламан», демабмидим?!» деди» (33-оят).

Шу билан Одамнинг фаришталардан устунлик тарафи намоён бўлди. У ҳам бўлса, илм-маърифат эди. Инсон ер юзида фасод қилиши, қон тўкиши ҳам мумкин, илоҳий неъмат бўлмиш илмни ўз ўрнида ишлатиб, фаришталардан устун бўлиши ҳам мумкин.

Ушбу мавқифда, хусусан, фаришталар кўз олдида Одамнинг фазли намоён бўлганидан кейин Аллоҳ таоло фаришталарга қуйидаги фармонни берди:

«Эсла, вақтики фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар!» дедик, бас, сажда қилдилар, фақат иблисгина бош тортди, мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди» (34-оят).

Фаришталарга сажда қилишни буюриб, Аллоҳ Одамга улкан мартаба ато этди. Аммо бу сажда ибодат учун эмас, балки Одамни – Аллоҳнинг улуғ ижодини табриклаш маъносида эди.

Ўз-ўзидан «Инсон Аллоҳ таолонинг ер юзидаги халифаси – ўринбосари бўлса, Унинг ўрнига қилиши лозим бўлган вазифаси ва муҳим иши нимадан иборат?» деган савол пайдо бўлади. Ушбу саволнинг жавобига «Инсон ер юзида Аллоҳ таолонинг халифаси ўлароқ адо этиши лозим бўлган вазифа – илоҳий адолат асосларини ўрнатиш ва одамлар орасида ўша адолат ила иш олиб боришдир», дейилади. Аллоҳ таоло бу ҳақиқатни одамлар орасида ҳам ҳайвонот оламидаги каби ихтиёр ва қарорсиз, ўз-ўзидан юзага чиқадиган қилиб қўйишга ҳам қодир эди. Лекин Аллоҳ таоло бундай бўлишини истамади. Балки У Зот инсонлар орасида адолат тарозисини ўрнатишни, шариат ҳукмларини жорий этишни истади. Мазкур вазифани бажаришларига кўрсатма ўлароқ, уларга диний таълимотларини йўллади. Уларга ихтиёр қилиш имконини берди. 

Шундай қилиб, инсон Аллоҳ таолонинг таълимотини бажарса, У Зотнинг ер юзидаги халифасига айланиш шарафига муяссар бўлди. Мана шу нарса Аллоҳ таоло инсонни Ўзининг ер юзидаги халифаси бўлиш шарафига муяссар қилганидир. 

Аллоҳ таоло Роҳман сурасида марҳамат қилади:

«Осмонни баланд кўтарди ва мезонни ўрнатди…

Тарозида ҳаддингиздан ошмаслигингиз учун» (7-8-оятлар).

Инсон, илмнинг баланд чўққиларига чиқдим, деб мақтангани билан, ҳалигача осмоннинг чегарасини англаб ололгани йўқ. Осмонлардаги Аллоҳ яратиб қўйган миллионлаб улкан жисмларни санаб, охирига етгани ҳам йўқ. Ой сайин янги юлдуз кашф қилинганининг хабарини эшитиб турибмиз. Уларнинг ҳаммаси ҳам бутун оламларнинг Тарбиячиси бўлмиш Аллоҳ таолога сажда қилиб турибди. 

Шундай улкан яратувчи Зот ҳақ ва адолат тарозисини ҳам ўрнатди.

Агар Аллоҳ таолонинг Ўзи Ислом дини, Қуръон Китоби, Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом орқали ушбу тарозини ўрнатмаганида, адолат мезони бузиларди, ботил ҳақдан устун келарди. Кучли кучсизни истаган кўйига соларди. Ер юзи фисқу фасодга тўларди.

«Адолат ила ўлчанг ва тарозидан уриб қолманг» ­(9-оят).

Аслида, мазкур уч оятдаги «адолат», «тарози», «ўлчов» сўзлари умумий маъноларни ифода қилади. Айни чоғда, бу сўзлар бизнинг тор тушунчамиздаги моддий ўлчов маъносини ҳам ўз ичига олади. Дунёдаги ҳамма нарсани ўзига хос илоҳий ўлчов билан яратган Аллоҳ таоло дунёдаги барча инсоний тушунча ва муносабатларни илоҳий адолат ўлчови ила тарозига солишни талаб қилмоқда. Бу талаб эса Қуръони Карим таълимоти ва Ислом шариати асосида амалга ошади.

Осмон зикрини тугатгандан сўнг Аллоҳ таоло энди эътиборимизни ерга тортади.

«Ва ерни халойиқ учун қўйди» (10-оят).

Араб тилида «халойиқ» сўзи жонзот маъносида ҳам ишлатилади. Яъни ерни Аллоҳ таоло барча жонзотлар учун муносиб қилиб қўйди. Маълумки, ер борлиқдаги сон-саноқсиз мавжудотлардан биттаси, ҳаттоки энг кичикларидан бири ҳисобланади. Лекин ўша ернинг яратилиши, унинг жонзотлар яшаши учун мосланганлиги ва ҳоказо ҳолатлар Аллоҳ таолонинг чексиз қудратининг ёрқин далилидир. 

Мана шундай қилиб, Аллоҳ таолонинг инсонни йўқдан бор қилиши инсон учун мисли йўқ неъматга айланди. Бу неъмат мазкур икки неъматнинг биринчисидир.

Иккинчи неъматни Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи «мадад» деб атаган. Мадад сўзи араб тилида узайтириш, чўзиш, қўллаб-қувватлаш, ёрдам бериш каби маъноларни ифода қилади. Ушбу «мадад» сўзи биз ушбу сатрларда сўз юритаётган мавзуда инсоннинг ҳаёт кечириши учун зарур бўлган барча нарсаларни ўз ичига олади. Бунга ер ва унинг хусусиятлари, ҳаво, турли ризқлар, жамодот оламидан, наботот оламидан ва ҳайвонот оламидан етадиган хайротларнинг барчаси киради. 

Мадад неъмати уч нарса ила жорий бўлади: фойдаларни жалб қилиш, зарарларни даф қилиш ва кўрсатмалар бериш билан. Буларнинг ҳаммаси ҳам Аллоҳ таолонинг инояти, раҳмати ва фазлидир. 

Аллоҳ таоло инсоннинг ўзини йўқдан бор қилиши ва унинг яшаши учун шароитларни яратиб, мадад бериши жуда ҳам улуғ неъматлар бўлиши билан бирга, У Зотнинг йўқдан бор қилиб яратган ва мадад бериб турадиган барча нарсалари ҳам инсон учун неъматлар ҳисобланади. Аллоҳ таоло инсонга берган неъматлар ичида энг улуғи иймон ва Ислом неъматлари эканини алоҳида таъкидлашимиз лозимдир.

Барчамизга Аллоҳ таоло Ўз неъматларини бардавом қилсин ва ўша неъматларнинг шукрини ўрнига қўйишимизда Ўзи мададкор бўлсин!

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)