1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Инсоний алоқалар одоби (1-қисм)

17:02 / 09.07.2017 4219 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар бир банда учун унинг ҳаётидаги инсоний алоқалар муҳим ўрин тутади. Шунинг учун ҳам Исломда бу алоқаларга алоҳида эътибор берилиб, барча алоқаларни гўзал тарзда олиб бориш ҳақида кўрсатмалар берилган.

Мусулмон инсон доимо камолотга интилувчи шахсдир. Ислом камолотдир. У доимо барча соҳада, жумладан, инсоний алоқалар бобида ҳам камолотга ундайди.

Исломдаги инсоний алоқаларнинг асосини яхшилик ташкил этади. Бу, барча инсоний алоқалар фақат яхшиликдан иборат бўлиши учун ҳаракат қилиш, деганидир.

Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:

«…одамларга яхши гаплар айтинг» (Бақара сураси, 83-оят). 

Албатта, Исломдаги инсоний алоқаларнинг ҳар бирига атаб алоҳида китоблар ёзилган. Ўтган уламоларимиз ёзганларидан фойдаланган ҳолда, ўша алоқалардан баъзиларига  жуда қисқача тўхталиб ўтамиз ва сиз азизларга бу борадаги китобларни яхшилаб ўқиб, ўрганиб боришни тавсия қиламиз.

 

Мусулмоннинг ҳақлари


Ҳар бир мусулмоннинг бошқа мусулмонларда бир қанча ҳақлари бордир. Амал қилиш учун баъзиларини ўрганиб чиқамиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи олтитадир», дедилар.

«Улар, қайсилар, эй Аллоҳнинг Расули?» дейилди.

«Қачон учратсанг, унга салом бер, сени даъват қилса, унга жавоб бер, сендан насиҳат сўраса, унга насиҳат қил, акса урса ва Аллоҳга ҳамд айтса, унга яхшилик тила, бемор бўлса, уни бориб кўр ва вафот этса, ҳозир бўл», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган. 

Термизийнинг ривоятида:

«Мусулмоннинг мусулмонда маъруф йўли ила олти ҳаққи бордир: уни учратса, салом беради; даъват қилса, унга ижобат этади; акса урса, унга яхшилик тилайди; вафот этса, бемор бўлса, бориб кўради; вафот этса, жанозасига эргашади ва ўзига яхши кўрган нарсани унга ҳам яхши кўради», дейилган.

Ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган нарсалар ҳозир биз ўрганаётган бобнинг айни мақсадидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига уларнинг бир-бирларидаги ҳақларини шундай ўргатмоқдалар:

1. Қачон учратсанг, унга салом бер.

Икки мусулмон учрашганда, уларнинг бирларида иккинчисига нисбатан салом бериш ҳаққи бор. Улардан қай бири аввал салом берса, савобнинг кўпини ўшаниси олади ва ўз биродарига алик олишни фарз қилади. 

Ҳа, салом бериш суннат бўлса, алик олиш фарздир. Ана шу тариқа жамият аъзолари ўртасида ўзаро муҳаббат ва ҳамкорлик ривожланади. Зеро, фақат урушиб қолганларгина бир-бирлари билан саломлашмайдилар. Мусулмонлар эса бир-бирлари билан саломлашишни ўзларининг ва бошқаларнинг ҳаққи деб биладилар.

2. Сени даъват қилса, унга жавоб бер.

Бирор мусулмон маросим қилиб, ўз биродарини унга чақирса, ўша даъватга жавоб бериб, мазкур маросимга бориш ҳалиги мусулмон зиммасига ҳақ бўлиб тушади. Бу ҳам жамият аъзолари орасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича муҳим омилдир.

Ҳанафий мазҳабида номи валийма бўлса, унга қилинган даъватни қабул этиб, иштирок этиш учун бориш мандубдир.

Валийма бир мусулмон киши ўзига етган хурсандчилик муносабати ила уюштирган зиёфатдир. Мусулмон инсон Аллоҳ таоло томонидан унга берилган маълум неъматга шукр қилиш маъносида, хайр-эҳсон бўлсин дея дастурхон ёзиб, кўнгил яқин кишиларни даъват қилади. У шу билан ўзига етган неъмат, сурурга биродарларини шерик қилишни ўйлайди. Албатта, бундай даъватни қабул қилиш лозим бўлади. Чунки шу туфайли мусулмонлар орасида ижтимоий алоқалар ривожланади ва мустаҳкамланади. Мусулмонлар орасида ҳамжиҳатлик кучаяди.

3. Сендан насиҳат сўраса, унга насиҳат қил.

Албатта, ҳар бир киши ўз ҳаёти давомида турли-туман муаммоларга дуч келиб туради. Бу муаммоларни ҳал қилишда унинг бир ўзи ожиз бўлиши турган гап. Шунинг учун у ўзгаларнинг маслаҳатига муҳтож бўлади. Ҳар ишнинг ўз мутахассиси бор. Улар ўз мутахассислигига оид масалаларни ҳал қилишда ўзгалардан яхшироқ мав­қега эга бўлади. Шундай экан, бошқалар ундан маслаҳат сўраганда тўғри маслаҳат бериш унинг зиммасидаги ҳақдир.

Шунингдек, мусулмон киши илмли, тажрибали одамларнинг насиҳатига ҳам муҳтож бўлиб туради. Қачон бир мусулмон ўз биродаридан насиҳат сўраса, ўша сўралган мусулмонга насиҳат қилиш лозим бўлади.

Бу омил ҳам ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши турган гап.

4. Акса урса ва Аллоҳга ҳамд айтса, унга яхшилик тила. 

Ҳар бир мусулмон акса урганида «Алҳамдулиллаҳ», дейиши лозим. Унинг акса уриб, ҳамд айтганини эшитган мусулмон биродарига эса «Ярҳамукаллоҳу» – «Аллоҳ сенга раҳм қилсин», деб яхшилик тиламоғи бурчдир.

Сиртдан арзимайдиганга ўхшаб кўринадиган бу ишга Ислом алоҳида эътибор бериши ҳам кишилар ўртасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга омил бўлиши турган гап.

5. Бемор бўлса, уни бориб кўр. 

Бемор бўлган мусулмоннинг бошқа мусулмонлар устида ҳаққи бор экан. У ҳам бўлса, уларнинг беморни зиёрат қилиб, кўнгил сўраб, ҳаққига дуо қилиб кетишлари экан.

Ушбу ҳадиси шариф ҳукми бўйича, бемор бўлган мусулмон ҳақида хабар эшитган бошқа мусулмонларнинг уни бориб кўришлари бемор олдидаги бурчлари ҳисобланади. 

6. Вафот этса, ҳозир бўл.

Ажали етиб вафот этган мусулмонни шариат аҳкомларига мувофиқ дафн қилиш бошқа мусулмонлар зиммасидаги фарзи кифоядир. Улардан бир қисми бу ишни амалга оширсалар, мазкур фарз қолганларнинг зиммасидан ҳам соқит бўлади. Шунинг учун бирор мусулмоннинг вафоти ҳақидаги хабарни эшитган ҳар бир мусулмон иложи борича жанозага қатнашмоғи лозимдир.

7. Ўзига яхши кўрган нарсани унга ҳам яхши кўради. 

Мусулмон шахснинг ўзига яхши кўрган нарсани ўз диндошларига ҳам яхши кўрмоғи, уларга ҳам шундай яхшилик етишини исташи уларнинг олдидаги бурчидир. 

Ўзига яхши кўрган нарсани ўз диндошларига ҳам яхши кўриш жамият аъзоларига ҳам, жамиятга ҳам, бутун инсониятга ҳам кони фойдадир.

8. Ўзига ёмон кўрган нарсани биродарига ҳам ёмон кўради.

Бу ҳақ аввалги гапдан келиб чиққан. Мусулмон ўзига яхши кўрган нарсани биродарига ҳам яхши кўриши лозим бўлганидек, ўзига ёмон кўрган нарсани биродарига ҳам ёмон кўриши лозим бўлади. 

9. Мусулмонлардан бирортасига ҳам на гап ва на амал билан озор етказмаслик.

Бу маънода келган баъзи ҳадисларга назар солайлик.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мусулмон мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан омонда бўлган одамдир. Муҳожир Аллоҳ қайтарган нарсадан ҳижратда (узоқда) бўлган одамдир», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Термизий ва Насоий: 

«Мўмин – одамлар унга қонлари ва молларини ишонган одамдир» жумласини зиёда қилганлар.

«Тилидан ва қўлидан» дейилганда фақат шу икки аъзо кўзда тутилган эмас. Одатда, одамларга кўпроқ тил ва қўлдан зарар, озор етади. Шунинг учун ҳам ҳадисда «тилидан ва қўлидан» деб алоҳида таъкидлаб айтил­япти. Аммо бундан бошқа услуб ва йўллар билан ҳам бировга озор бериш мумкин эмас. Ким бу ишни қилса, мусулмонлик фазлини йўқотади.

Энди Термизий ва Насоийнинг ривоятларида келган:

«Мўмин – одамлар унга қонлари ва молларини ишонган одамдир» деган таърифга тўхталайлик. 

«Иймон», «мўмин» сўзлари «амн» – «омонлик», «ишончли» деган маъноларни англатади. «Мўмин» сўзи бизда «ювош» – «хушфеъл» маъносида ишлатилиши ҳам шундан. Мўмин одам доимо тинчлик, омонлик тарафдори бўлганидан одамлар унга ўта ишониб қоладилар. Яъни ўз жонлари ва молу мулкларига мўминдан ёмонлик етмаслигига ишончлари комил бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шўъбадан иборатдир. Унинг энг афзали «Лаа илааҳа иллаллоҳ», дейиш ва энг кичиги йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш. Ҳаё иймоннинг шўъбасидир», дедилар». 

Насоий ривоят қилган.

10. Ҳар бир мусулмонга нисбатан тавозели бўлиш, улардан бирортасига мутакаббирлик қилмаслик.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Садақа молни ноқис қилмас. Аллоҳ афв ила бандага иззатдан бошқани зиёда қилмас. Ким Аллоҳ учун тавозе қилса, албатта, Аллоҳ уни юқорилатмай қўймас», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Ибн Абу Дунёнинг ривоятида:

«Тавозе бандага юқориликдан бошқани зиёда қилмас. Бас, тавозе қилинг! Аллоҳ сизни юқорилатур. Афв бандага иззатдан бошқани зиё­да қилмас. Бас, афв қилинг! Аллоҳ сизни азиз қилур. Садақа молга кўпайишдан бошқани зиёда қилмас. Бас, садақа қилинг! Аллоҳ азза ва жалла сизга раҳм қилур», дейилган.

Олий мақомга етай десак, тавозели бўлайлик. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ сизлардан жоҳилиятнинг кибрини ва ота-боболар ила фахрланишни кетказгандир. Тақводор мўмин ёки бадбахт фожир бўлиши мумкин. Сизлар Одам болаларисиз. Одам эса тупроқдандир. Кишилар қавмлари билан фахрланишларини қўйсинлар. Улар жаҳаннамнинг кўмиридан ўзга нарса эмаслар. Ёки улар Аллоҳнинг наздида тумшуғи ила гўнг титадиган сассиқ қўнғиздан ҳам пастроқ бўлурлар», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Иёз ибн Ҳимор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ менга: «Тавозе қилинглар. Токи биров бировга тажовуз қилмасин ва биров бировдан фахрланмасин», деди», дедилар».

Абу Довуд ва Муслим ривоят қилишган.

Демак, тавозе кишилар орасида, жамиятларда тажовуз қилиш ва фахрланиш орқали содир бўладиган барча нохушликларнинг олдини олар экан.

11. Мусулмон киши бировнинг ғийбатига қулоқ солмаслиги ва ўзи бировни ғайбат қилмаслиги керак.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

«Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилмасин. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўплаб қабул қилувчидир, ўта раҳмлидир» (Ҳужурот сураси, 12-оят).

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менинг асҳобимдан бирортаси бошқа бир киши ҳақида гап етказмасин. Мен сизларнинг ҳузурингизга кўксим саломат ҳолимда чиқишни истайман», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Гуноҳи кабийраларнинг каттаси бир одамнинг мусулмон кишининг обрўсига ноҳақдан тил теккизишидир. Бир сўкишга икки сўкиш ҳам гуноҳи кабийралардандир», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Муставрид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бир кишини ғийбат қилиб, бирор нарса еса, Аллоҳ уни жаҳаннамдан худди ўшанча таомлантиради. Ким бир кишини ғийбат қилиб, бирор нарса кийса, Аллоҳ унга жаҳаннамдан худди ўшанча нарса кийдиради. Ким бир кишини шуҳрат ва риё учун ғийбат қилса, Аллоҳ уни қиёмат куни шуҳрат ва риё учун шарманда қилади», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган. 

12. Аччиғини чиқарган танишларидан уч кундан ортиқ аразламайди.

Исломда биров билан сўкишиш, урушиш, жанжал қилиш гуноҳ ҳисобланади. Бандалик билан, гуноҳкор бўлиб урушиб, жанжаллашганларнинг бир-бирига адоват сақлаб аразлашиб юришлари гуноҳ устига гуноҳдир. Аччиғи чиққанда ўзига келиши учун урушган тарафларга уч кун муҳлат берилган. Ўша муҳлатдан кейин ҳам аразлашиб, бир-бирини кўрганда юз ўгириб кетиш ҳаромдир. Ўртада юзага келган ноқулай ҳолатдан чиқишни ўз бўйнига олиб, қарши томонга биринчи салом берган одам яхши одам бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мўмин мўминдан уч кундан ортиқ аразлаши ҳалол эмас. Агар у уч кунни ўтказган бўлса, ўша билан учрашиб, салом берсин. Агар унинг саломига алик қайтарса, икковлари ажрга шерик бўладилар. Агар саломга алик қайтармаса, у гуноҳни ўзига олган бўлади. Салом берувчи эса аразлашдан чиқади», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мусулмон учун ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаш ҳалол эмас. Ким ундан ортиқ аразлаган ҳолда ўлиб қолса, дўзахга киради», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 

 (Руҳий тарбия китобидан)




Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳомид Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ Иҳёу улумуд дин китобида айтадиларИлм ва ибодатсиз саодатга эришиб бўлмайди. Ниятсиз амал қилиш самарасиз машаққат давоми...

8067 10:50 / 26.06.2018
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг таоми ва шаробини тарк давоми...

3665 19:02 / 22.03.2018
Маълум бўлсинки, ғийбат қилинган киши ғийбат қилувчидан ҳақдор бўлиб қолади, яъни қиёмат куни унинг устидан шикоят қилиб, даъво қилишга ҳаққи бўлади. Ғийбат давоми...

4564 12:35 / 12.06.2018
Қачон У Зотсенга умидворлик эшигини очмоғини ирода қилсанг, УЗотдан сенга бўлган нарсани мушоҳада қил. Қачон У Зотсенга хавф эшигини очмоғини ирода қилсанг, давоми...

2501 16:50 / 01.04.2018
Аудиолар

118720 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40689 14:35 / 11.08.2021