1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Инсон

13:22 / 03.07.2017 4096 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадис айтдилар. У зот содиқу масдуқдирлар:

«Сизнинг ҳар бирингизнинг халқ қилиниш (моддаси) онасининг қорнида маний ҳолида қирқ кун жам қилинади. Сўнгра ана шу мислича алақа (зулуксимон қон) бўлади. Сўнгра ана шу мислича музға (чайналган гўшт) бўлади. Сўнгра ичига руҳ пуфланади. Ва тўрт калима: ризқи, ажали, амали ва бадбахт ёки некбахтлигини ёзиш амр қилинади. Ўзидан бошқа илоҳий маъбуд йўқ Зот билан қасамки, албатта, бирингиз жаннат аҳлининг амалини қилиб келиб, ўзи билан жаннат орасида бир аршин қолганида ўша китоб ундан ўзиб кетиб, дўзах аҳлининг амалини қилади-да, унга киради. Албатта, бирингиз дўзах аҳлининг амалини қилиб келиб, ўзи билан дўзах орасида бир аршин қолганида ўша китоб ундан ўзиб кетиб, жаннат аҳлининг амалини қилади-да, унга киради», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Абдуллоҳдан ривоят қилинди, дейилса, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу кўзда тутилган бўладилар. Ушбу ҳадиснинг муқаддимасида ровий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳабиб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир сўзлари рост, тасдиқланган зот эканликларини таъкидлаб қўймоқдалар. У кишининг: 

«У зот содиқу масдуқдирлар», деган гапи шу маънони ифода қилади. Содиқлик сифати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг машҳур, энг кўп тарқалган сифатларидан бири экани яхши маълум. Масдуқликлари эса яъни, ростгўйликлари тасдиқланган зот эканликлари ҳам худди шундай маълум ва машҳурдир. Ровийнинг аввал бу сўзларни айтиб олиб, кейин ўзлари эшитган ҳадисни ривоят қилишга киришишларидан мақсадлари – бу ҳадисда келадиган маъноларга шак-шубҳа бўлмаслиги керак, деганларидир.

Ушбу ҳадиси шарифда Аллоҳ таолонинг илми нақадар чексиз экани, нақадар шомил экани, нақадар аниқ экани баён қилинмоқда. Шунингдек, Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани аниқ ўлчов билан қилиши, бу ўлчовнинг ўзгармаслиги ҳамда ўша нарсаларни Аллоҳ таоло азалдан қиёматгача аниқ ва равшан билиб туриши баён қилинмоқда. Келинг, ҳадиси шарифда баён этилган фикрлар билан бирин-кетин танишиб чиқайлик: 

«Сизнинг ҳар бирингизнинг халқ қилиниш (моддаси) онасининг қорнида маний ҳолида қирқ кун жам қилинади». 

Ким жам қилади? Албатта, Аллоҳ таоло жам қилади. Демак, ҳар бир инсоннинг ота сулбидан маний ҳолида она қорнига – бачадонига ўтиши фақат Аллоҳнинг илми ва тадбири ила бўлади. Дунёда неча миллиардлаб одам ўтган бўлса, ҳаммаси шундай бунёд бўлган. Ҳозирги лаҳзада дунё бўйича неча сулбдан қанча маний неча раҳмга ўтаётган бўлса ҳам барчасини Аллоҳ билиб турибди. Лекин манийнинг бачадонга ўтиши бола пайдо бўлди, дегани эмас. Ўша манийдаги уруғлик аёлнинг тухумига урчиши керак. Бу эса Аллоҳнинг иродасисиз, тадбирисиз бўлмайди. Ота-она жинсий алоқа лаззатини ҳис қилишлари мумкин, лекин маний нима бўляпти, уруғлик урчияптими, йўқми, била олмайдилар. Ҳомила бўлган-бўлмаганини била олмай, аломатларидан биладиганларга мурожаат қиладилар. Уруғликнинг урчиши ҳақида уларнинг ҳеч қандай илми йўқ. Буни фақат чексиз илм соҳиби – Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади. Аллоҳ таоло отанинг сулбидан ўтган манийнинг онанинг қорнида қирқ кун жамланиб туришини ирода қилган экан. Ана ўша муддатда маний урчиса, ҳомила бўлади. Ундан олдин тушиб кетса, ҳомила бўлмайди. Албатта, бунинг ҳаммаси Аллоҳнинг илми ва қудрати билан бўлади.

«Сўнгра ана шу мислича алақа (зулуксимон қон) бўлади». 

Яъни юқорида зикр қилинган муддат мислича–қирқ кун алақа ҳолида туради. «Алақа» эски китобларимизда «лахта қон» деб айтилган. Араб тилида «алақа» сўзи зулукни англатади. Ҳа, қон сўрадиган ҳайвон – зулук арабчада «алақа» дейилади. Қадимги кишилар бачадоннинг ичида зулук нима қилади, дейишган бўлса керак, унинг моддасини эътиборга олиб, «лахта қон» деб айтишган. Илм ривожланиб, ҳозирда бачадон ичини турли техник асбоблар билан кўриш ва суратга олиш имкони туғилди. Ҳомиланинг «алақа»лик ҳолини суратга туширсалар, бачадон деворига ёпишиб ётган зулук бўлиб суратга тушган. Дунёнинг кўзга кўринган олимлари ҳадисдаги улкан илмий ҳақиқатга тан бериб, ҳомиланинг бошқа ҳолатларини ҳам ўрганиб чиқдилар. Ҳомиланинг барча ҳолатлари Қуръон ва Суннатда васф қилинганчалик ҳеч бир жойда аниқ васф қилинмаганлигини эътироф қилдилар. Қуръон ва Суннат оддий нарса эмас, илоҳий мўъжиза эканини таъкидладилар.

Аллоҳ таоло ана ўша сон-саноқсиз бачадонлардаги нутфаларнинг алақага айланиш жараёнини яхши билиб туради ва тадбирини қилади. Бу жараённи У Зоти Олийдан бошқа ҳеч ким билмайди. Ҳатто аёлларнинг ўзлари ҳам ўз бачадонларидаги нутфа қайси лаҳзада қандай қилиб нутфадан алақага айланганини билмайдилар. Битта бачадондаги жараённи бутун дунё бир бўлиб пойласа ҳам, унга аралаша олмайди, аниғини билмайди. Аллоҳ таоло эса ҳамма бачадонлардаги жараённи билиб турувчидир. Одам дунёга келгандан буён, қиёматгача билувчидир.

«Сўнгра ана шу мислича музға (чайналган гўшт) бўлади». 

Яъни, алақа бўлгандан сўнг ана шу муддат– қирқ кун мислича музға бўлади. Энди зулуксимон лахта қон бачадонда чайналган гўшт ҳолига айланиб, қирқ кун туради. Бу ҳам олдин васф қилинганидек, фақат ягона Аллоҳ таолонинг илми ва тадбири ила бўлади. Аллоҳ таолонинг иродаси билан баъзан нутфалик, алақалик, музғалик ҳолида бошқа ҳолга айланмай, бачадондан тушиб кетади. Бечора бачадон эгаси эса уни тушиш жараёнидаги ўзгаришлардан сезади, холос.

«Сўнгра ичига руҳ пуфланади». 

Яъни, музға бачадонда қирқ кун турганидан кейин ичига руҳ – жон пуфланади. Ушбу жараён энг муҳим жараён ҳисобланади. Бу ҳаётнинг улкан сиридир. Ҳозиргача ҳеч ким жон нималигини, у инсон ичига қандай пуфланишини билмайди. Инсон ўзининг узоқ ҳаёти давомида бу сирни англаб етиш учун қўлидан келган ҳамма нарсани қилди, аммо англай олмади. Ҳамма нарсани билишни даъво қилаётган инсон шунчалар жоҳилки, у дунё сирларини биламан, деб даъво қиладию, ақалли ўзини ҳам билмайди. Бу сирни фақат Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзигина билади. Фақат билибгина қолмай, тадбирини ҳам қилади.

Ана энди биз ўрганаётган мавзу, қазо ва қадарга тегишли жараён бошланади.

«Ва тўрт калима: ризқи, ажали, амали ва бадбахт ёки некбахтлигини ёзиш амр қилинади». 

Кимга амр қилинади? Вакил қилинган фариштага амр қилинади. 

Ким амр қилади? Аллоҳ таоло амр қилади. 

Нима амр қилинади? Ёзиш амр қилинади. 

Ёзиш нима дегани? Ёзиш билимни қайд қилиш, дегани. 

«Илмни ёзиш ила қайд қилинглар», дейилган бир ривоятда. Ёзиш илмни янада аниқроқ исбот қилиб қўйишни англатади. Бирор нарсани ёзиб, илмни қайд қилиб қўйиш, бошқа бировни ўша ёзилган нарсага мажбур қилиш, дегани эмас. Хусусан, ўша ёзилган нарса сир тутилса, умуман ҳеч қандай таъсири бўлмайди, бўлиши мумкин ҳам эмас. Инсон онаси қорнида турганида келажакда бўладиган унга тегишли маълумотлар, Аллоҳнинг илми қайд қилинади. Хўш, ушбу илмни ёзиб қўйиш–қайд қилишни уни мажбурлаш деб бўладими? Йўқ, албатта! Хусусан, қайд қилинган нарсалар Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайдиган нарсалар-ку! Энди мазкур тўрт нарсани алоҳида ўрганиб чиқайлик:

1. Ризқ.

Дунёдаги барча жонзотларнинг ризқини фақат Аллоҳнинг Ўзи билади. Бу жонзотларнинг қайси бирига қачон, қанча ва қандай ризқ тегишини Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Бутун дунё тўпланиб, биргина жонзотнинг бир лаҳзалик ризқини билмоқчи бўлсалар, бунга эриша олмайдилар. Халқ ичида «ютганинг ўзингники, чайнаганинг гумон», деган нақл бор. Бу гап ризқ Аллоҳдан бошқа ҳаммага гумон эканини таъкидлаш учун айтилган. Кишининг оғзида чайнаб турган таоми ўзига ризқ бўладими-йўқми, била олмайди, деган маънодаги гап. Аслида бу ҳам унча аниқ ифода эмас. Ютганинг ҳам гумон бўлади. Чунки томоқдан ўтган нарсани ҳам тўлиқ ризқ бўлади, деб айта олмаймиз. Аллоҳ унинг ризқ бўлишини хоҳламаса, ўша таом заҳарга айланиб, инсонни бемор қилиши ёки ҳалок этиши мумкин. Ёки кўнгилни айнитиб, қусқи бўлиб, чиқиб кетиши мумкин. Хўш, шунчалик сир нарса инсон ҳаётига таъсир қилиши мумкинми? Йўқ, албатта!

Барча жонзотларни йўқдан бор қилган, шу жумладан, инсонни яратган Зот ҳам Аллоҳ таолодир. Унинг нутфалигидан олдин ҳам, ўлганидан кейин ҳам барча ҳолатларини аниқ биладиган Зот Аллоҳдир. Дунёдаги барча ризқларни яратган, уларни яхши ва тўлиқ биладиган, тадбирини қиладиган Зот ҳам Аллоҳдир. Бинобарин, ҳар бир инсонга қанча ва қандай ризқ тегишини ҳам фақат Аллоҳнинг Ўзи билиши ғариб нарса эмас. Ўша Ўзи билган нарсани фаришталаридан бирига айтиб, ёздириб қўйиши ҳам қийин эмас. Аллоҳнинг бу илмида мажбурлаш аломати йўқ.

2. Ажал.

Бу иш ҳам фақат Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайдиган нарсалардандир. Аллоҳ Ўзининг шомил илми ила барча жонзотнинг, жумладан, ҳар бир инсоннинг ажалини аниқ билади. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким, ҳатто муққараб фаришталар ҳам бирор жонзотнинг ажалини билмайди. Дунёнинг ҳаммаси тўпланиб, бир дона кичкина қумурсқанинг ажалини билишга ҳаракат қилсалар ҳам, уддалай олмайдилар. Дунёдаги барча жонзотни, жумладан, инсонларни яратган Зот–Аллоҳ. Уларга жон ато этган Зот–Аллоҳ. Уларни ўлдирадиган Зот–Аллоҳ. Бинобарин, ҳар бир жонзотнинг, жумладан, ҳар бир инсоннинг ажалини фақат Аллоҳнинг Ўзи билиши ғариб эмас. Ўша Ўзи билган нарсани фаришталаридан бирига айтиб, ёздириб қўйиши қийин эмас. Аллоҳнинг бу илмида ҳам мажбурлаш йўқ. 

3. Амал.

Бунинг илми ҳам фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига хос бўлган нарсалардан биридир. Инсон нафақат бошқаларнинг, ҳатто ўзининг ҳам бир оздан сўнг нима қилишини аниқ билмайди. Инсон бир нарсани ният қилади, унинг учун интилади. Аммо ўша ишнинг амалга ошиши ёки амалга ошмаслиги Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродасига боғлиқ. Аллоҳ хоҳлаган иш бўлади, хоҳламагани бўлмай қолади. Шу сабабдан, Аллоҳ таоло ҳар бир инсоннинг туғилганидан тортиб, ўлгунига қадар қиладиган амалини тўлиқ ва аниқ билиши ғариб эмас.

Чунки инсонни Аллоҳ яратган ва унинг барча имкониятлари, хусусиятлари ва бошқа нарсаларини тўлиқ ва аниқ биладиган ягона Зот–Аллоҳдир. Шунингдек, инсон ҳаёт кечирадиган дунёни яратган Зот ҳам–Аллоҳ. Бу дунёнинг икир-чикирлари, майда-чуйдаларигача тўлиқ ва аниқ биладиган Зот–Аллоҳ. Инсоннинг ҳам, дунёнинг ҳам барча тасарруфини қилиб турадиган Зот–Аллоҳ. 

Бинобарин, инсоннинг нима амал қилишини ягона Аллоҳнинг Ўзи билиши ҳақ гап. Агар Аллоҳ бу нарсани билмаса, Аллоҳлиги қолармиди?! Аллоҳ ўша Ўзи билган инсоннинг амалларини фаришталаридан бирига айтиб, ёздириб қўйиши қийин эмас. Ўз навбатида, Аллоҳнинг бу илми бандани у ёки бу амални қилишга мажбурлаш ҳам эмас.

4. Бадбахт ёки некбахтлик.

Ҳар бир инсоннинг бахтли ёки бахтсиз эканини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Билганда ҳам, Ўзининг ҳамма нарсани қамраб олувчи илми ила азалдан билади. Нафақат инсонга онасининг қорнида жон пуфлаганда, балки азалдан билади. Ушбу ҳадисда айтилаётган маъно ўша азалий илмни қайд қилиш, холос. Бутун инсоният тўпланиб олиб, ичларидан битталарининг ҳақиқий бахтли ёки бадбахт эканини билишга уринсалар ҳам, била олмайдилар. Ҳатто пайғамбарларнинг саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам фақат Аллоҳнинг билдириши ила ўн кишининггина жаннатга кириши ҳақида башорат берганлар, холос. Қолганларнинг нима бўлишини Аллоҳнинг Ўзигина билади.

Аллоҳ таоло ўша илмни фаришталаридан бирига айтиб, ёздириб қўйиши қийин эмас. Шу билан бирга, ўша илмни ёзиб, қайд қилиб қўйиш бандани бадбахт ёки некбахт бўлишига мажбур қилиш эмас. Чунки илм бир нарсани кашф қилувчи нурдир, бировни мажбур қилувчи куч эмасдир! 

Эътибор берайлик, энди ҳадиснинг давомида нима учун одамлар бир-бирларининг ёки ўзларининг бадбахт ёки некбахт экакнликларини била олмасликлари баён қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоъу алайъи васаллам ҳадиснинг ушбу қисмини:

«Ўзидан бошқа илоҳий маъбуд йўқ Зот билан қасамки», деб бошламоқдалар. Бу эса келажак гапнинг ўта муҳим эканига далолатдир. 

«...албатта, бирингиз жаннат аҳлининг амалини қилиб келиб, ўзи билан жаннатнинг орасида бир аршин қолганида ўша китоб ундан ўзиб кетиб, дўзах аҳлининг амалини қилади-да, унга киради».

Одамнинг нима бўлишини ким билар эди? Ҳатто ўша одамнинг ўзи ҳам билмайди. Умр бўйи  тоат-ибодатда юриб, охирида шайтоннинг иғвосига учиб, иши расво бўлиши мумкин. 

«Албатта, бирингиз дўзах аҳлининг амалини қилиб келиб, ўзи билан дўзахнинг орасида бир аршин қолганида ўша китоб ундан ўзиб кетиб, жаннат аҳлининг амалини қилади-да, унга киради».

Бунақаси ҳам бўлиши мумкин. Умр бўйи нима қилиб юрган бўлса-да, охирги пайтда инсонлиги қўзиб, яхши бир амал билан ҳоли батамом ўзгариб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳам, «Ақоид» уламолари ушбу ҳадиси шарифни ва шунга ўхшаш бошқа ҳадисларни далил қилиб: «Аҳли қибладан муайян шахсни жаннатий ёки дўзахий эканига қатъий ҳукм қилиб бўлмайди», дейдилар.

Аммо юқорида зикр қилинган икки ҳолатда ҳам қадарнинг, Аллоҳнинг собиқ илмининг мажбурий таъсири йўқ. Китобнинг ўзиб кетиши эса унда ёзилган илмнинг ўта аниқ ва пухта эканини билдиради холос. Ушбу ҳадиси шарифда Аллоҳнинг илми шомилу комил, аниғу пухта, ҳамма нарсани қамраб олувчи экани баён қилинди. Бу ҳақиқатни бирма-бир ўрганиб чиқдик. Ҳадиснинг охирида инсон ўз амали асосида ҳукм чиқариб, Аллоҳни унутиб қўймаслиги ёки кўнгли бир оз бўлса ҳам бошқа томонга бурилиши мумкин эмаслиги таъкидланмоқда. Ҳеч ким «Умрим бўйича яхши амал қилдим, энди албатта жаннатга кираман», деб хотиржам бўлмасин! Ҳатто умрининг охирги лаҳзасида ҳам иш бошқа томонга айланиб кетиши мумкин. Чунки ҳамма нарса Аллоҳнинг амри билан бўлади. Ҳеч ким «Мен умрим бўйи гуноҳ қилиб ўтдим, энди албатта дўзахга тушаман», деб ноумид бўлмасин! Ҳатто умрининг охирги лаҳзасида ҳам иш бошқа томонга айланиб кетиши мумкин. Чунки ҳамма нарса Аллоҳнинг амри билан бўлади.

Ишларнинг хотимасига қараб, якун ясалади. Умрнинг интиҳоси қачонлигини ҳеч ким билмайди. Шунинг учун ҳаётнинг ҳар лаҳзасини умрнинг охири деб билиш керак. Яхшилик қилиб юрганлар охирги иши ёмонлик бўлиб қолмаслиги учун интилиши керак. Ёмонлик қилганлар қолган ҳар бир лаҳзани умрининг охирги лаҳзаси, деб яхшилик қилишга ўтиши керак. Қазо ва қадарга бўлган иймоннинг фойдаси ҳам шунда – кишини доимо яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтариб туришида!

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг содиқу масдуқликлари.

2. Инсон онасининг қорнида маний ҳолида қирқ кун жам бўлиши.

3. Инсон онасининг қорнида алақа ҳолида қирқ кун қолиши.

4. Инсон онасининг қорнида музға ҳолида қирқ кун қолиши.

5. Сўнгра инсонга руҳ пуфланиши.

6. Аллоҳ таолонинг ҳар бир инсоннинг ризқини, ажалини, амалини, бадбахт ёки некбахтлигини азалдан билиши.

7. Бу илмнинг инсон онаси қорнида турганида ёзиб, қайд қилиб қўйилиши.

8. Бирор гапни таъкидлаш учун Аллоҳнинг номи ёки сифати ила қасам ичиш жоизлиги.

9. Умр бўйи жаннат аҳлининг амалини қилиб юрган одам охирида дўзах аҳлининг амалини қилиб қўйиб, дўзахга тушиб қолиши мумкинлиги.

10. Умр бўйи дўзах аҳлининг амалини қилиб юрган одам охирида жаннат аҳлининг амалини қилиб, жаннатга кириб қолиши мумкинлиги.

11. Ўзининг яхши амалидан қувониб, бепарво бўлиш яхши эмаслиги.

12. Ўзининг ёмон ишларидан тушкунликка тушиб, ноумид бўлиш керак эмаслиги.

13. Қазои қадарга нисбатан иймоннинг мустаҳкам бўлиши зарурлиги.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Яҳудийлардан бир одам у кишига .Эй мўминларнинг амири, Китобларингизда бир оят бор, сизлар уни ўқийсизлар. Агар биз, давоми...

3859 22:02 / 20.05.2017
.Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Фаҳш гапни айтган одам ҳам, уни бошқа ёққа тарқатувчи одам ҳам бир хил гуноҳкор бўлади,.Шарҳ Бир одам давоми...

6335 09:30 / 11.01.2021
. ,. .64211. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Дўзахга ҳаром кишини ёки унга дўзах ҳаром бўлган давоми...

2276 08:53 / 24.12.2018
. ,. .6376. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар, хушхабар беринглар, бездирманглар,, дедилар,.Муттафақун алайҳ.

2404 08:48 / 19.12.2018
Аудиолар

118735 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40699 14:35 / 11.08.2021