1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар ҳаёти

Имоми Молик ва у кишининг мазҳаблари

21:53 / 27.04.2017 6265 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Моликий мазҳаб асосчилари, Имом Абу Абдуллоҳ Молик ибн Анас ибн Молик ибн Аби Омир ал-Асбаҳий 93 ҳ.санада таваллуд топдилар. У кишининг оналари фозила, оқила аёл эдилар. Имом Молик оналарининг таъсири остида ёшликларидан илмга қаттиқ берилдилар. У кишининг зеҳнлари жуда ҳам ўткир эди. Тезда Қуръони Каримни ёд олдилар. Имом Молик бир эшитишларида ўттизта ҳадисни ёд олар эдилар. У киши ўз замонасининг кўзга кўринган уламоларидан дарс олганлар. Ихлос ва эътиқод билан қилингансамараси ўлароқ, Имом Молик ўз даврининг етук алломаси бўлиб Имом Авзоъий, Имом Шофеъий, Яҳё ибн Саид каби кишиларга устозлик қилдилар.

Имом Молик Мадинаи Мунавварадан бошқа ёққа чиқишни ёқтирмас эдилар. Ҳатто халифалар илтимос қилиб, Ироққа келишларини сўраганда ҳам рози бўлмаганлар. У киши Мадинаи Мунаввара ичида доимо пиёда юрар эдилар. Расулуллоҳнинг (с.а.в.) жуссалари кўмилган шаҳарда улов минмайман, дер эдилар.
Агар ҳадис айтмовчи бўлсалар, аввал таҳорат қилар, ўриндиққа яхшилаб жойлашиб олиб, сақолларини тартибга келтирар ва виқору ҳайбат билан ўтириб, ҳадис айтишни бошлар эдилар. У кишидан: "Нима учун бундай қиласиз?" деб сўрашса, "Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ҳадисларини улуғлашни яхши кўраман", дер эканлар. Илмнинг қадрига етган ва уни улуғлаган Имомни шаръий илм мартабасини улуғ қилди, кишилар ўртасида обрўсини ортирди, виқорли ва ҳайбатли қилди. Буҳақда Саид ибн Ҳинд Андалусий айтадиларки, "Мен халифа Абдураҳмон ибн Мовиядек ҳайбатли одамни кўрмаган эдим. Имом Моликнинг олдиларига кирганимда, у кишининг ҳайбати олдида Ибн Мовиянинг ҳайбати ҳеч нарса бўлмай қолди". Имом Моликдаги ҳайбат ва виқор-илмнинг ҳайвати ва виқори эди. Имом Шофеъий ёшликларида Имом Моликдан дарс олмоқчи бўлиб Макканинг волийсидан бу ишда ёрдам сшраб, Мадинанинг волийсига хат олиб борганларида бўлган ҳолни ўзлари ҳикоя қилиб берадилар: "Макка волийси олдига кириб, ундан Мадина волийсига ва Имом Моликка мактуб ёздириб олдим. Мадинага келиб мактубни волийга бердим. Волий мактубни ўқиб бўлиб: "Эй йигит Мадинадан Маккагача ялангоёқ юриб борганим, мен учун Молик ибн Анаснинг эшигига борганимдан афзалроқ", деди. Мен "Аллоҳ амрини ислоҳ қилсин, агар одам юбориб чақиртирсангиз, қандоқ бўлар экан", дедим. У: "Нима деяпсан, мен одамларим билан Ақиқ тупроғини кечиб бориб, бирор ҳожатимизни раво қилсак хурсанд бўлар эдим", деди. Асрга боришга келишдик ва уловларимизни миниб жўнадик. Амир айтганидек тупроқ кечдик. Бир одам олдинга чиқиб эшикни қоқди. Қора танли жория чиқди. Амир унга "Хўжангга менинг эшик олдида турганимни айт", деди. Қиз кириб, кечикиб чиқди ва: "Хўжам сизга салом айтдилар. Саволингиз бўлса, қоғозга ёзиб берсангиз жавоби чиқар экан. Гаплашмоқчи бўлсангиз, мажлис кунини ўзингиз биласиз, ўша куни келар экансиз", деди. Амир қизга: "Сен у кишига менда Макка волийсининг муҳим мактуби борлигини айтгин", деди. Қиз кириб, қўлидаги курси билан қайтиб чиқди ва уни ерга қўйди. Сўнгра Имом Молик виқор ва ҳайбати билан чиқиб келди. У киши узун бўйли, ҳушомад эканлар. Яхшилаб жойлашиб ўтирдилар. Волий мактубни узатди. Имом уни ўқиб, бу одам ундоқ киши, унга у қил, бу қил деган жойига келганда мактубни ирғитиб юбордилар ва: "Субҳаналлоҳи Расулулоҳнинг илми ҳам восита билан олинадиган бўлдими?" дедилар. Волий тутилиб, гапира олмай қолди. Шунда мен олдинга чиқиб, ўз ҳолим ва ҳожатим ҳақида гапира бошладим. У киши менга бироз қараб турдиларда, "Исминг нима?" дедилар. Мен, Муҳаммад, дедим. У киши, "Эй, Муҳаммад! Аллоҳга тақво қил, гуноҳлардан четда бўл, сенинг шаънинг улуғ бўлади", дедилар.
Албатта, Имом Моликнинг бундай ҳолати, у кишининг Ислом оламидаги шон-шуҳрати ўша давр ҳукумдорларининг тинчини бузар, ҳадикларини оширар эди. Буни яхши билган чақимчи ва иғвогарлар турли бўҳторлар тўқишар эди. Улар, Имом Молик сизларнинг мулкингизга норози, шунинг учун фалон масалада ундоқ, деди. Пистонида бундоқ деди, деб у кишининг диний фатволарини сиёсатга йўйишар эди. Шундай иғволар оқибатида, ўша пайтдаги халифа Мансурнинг амакиси, Жафар ибн Сулаймон Имом Моликни жазолашга фармон берди. У кишининг кийимларини ечиб, кейин қамчилаб уришди. Қўлларидан тортиб, куракларини чиқаришди. Бу ҳадиса зудлик билан Ислом оламига тарқалди. Ҳамма норози бўлди. Африкадаги диёрлар халифаликка очиқ қарши чиқдилар ва Имом Молик мазҳабларини расман қабул қилганликларини эълон қилдилар. Вазият шу даражага ўзгардики, ўша пайтда аббосийларга ҳукмига қарши қуролли кураш олиб бораётган Муҳаммад Нафсузакияя бошлиқ ҳаракат ҳукмдорлар учун Имом Молик хатари олдида ҳеч нарса бўлмай қолди. Буни яхши англаган халифа Мансур волий Жаъфар ибн Сулаймонни ишдан бўшатди ва пойтахтга олиб бориб жазолади. Уламоларга беҳурматлик қилганлар доимо жазога гирифтор бўладилар. Сўнгра халифа, Имом Моликни пойтахтга чақирди. Ҳаж вақтида келиб, халифа Мансур шунчалик ёлбориб, иззат икром кўрсатди-ки, Имом Молик ноилож қолиб, хатони кечирганларини, Мансур илмли, фазлли одам эканини кишиларга айтишга мажбур бўлдилар.
Ана шундай қаҳрамонликларга тўла улуғ ҳаёт 179 ҳ. санада ниҳоясига етди. Имом Моликнинг (р.а.) ҳам ҳадисда, ҳам фиқҳда пешқадамликларини Ислом уммати, хусусан, улуғ уламолар тан олганлр.
Имом Молик ўз фиқҳий мазҳабларига биринчи манба қилиб Қуръони Каримни, иккинчи манба қилиб суннати набавияни олганлар. Баъзи олимлар, Имом Молик фиқҳининг учинчи манбаи саҳобалрнинг гапи бўлган, дейишади. Чунки улар пайғамбар (с.а.в.) билан яшаганлар. У кишининг тарбиясини топганлар. Шунинг учун шаръий масалаларда эътиборсиз нарсаларни айтмайдилар. Аммо, кўпчилик уламолар Қуръон ва суннатдан сўнг Имом Молик мазҳаби манбаларида тартибни эътиборга олмаса ҳам бўлади, дейишади. Лекин шу нарса аниқки, Имом Молик Мадинаи Мунаввара аҳолисининг амалларини қиёсдан устун қўядилар. Эҳтимол, у кишининг доимо Мадинада яшаганлари бунга сабаб бўлгандир. Мадина пайғамбар (с.а.в.), у кишининг саҳобалари яшаган шаҳар, албатта, шаҳар аҳолиси улардан кўп нарсани ўрганганлар, шунинг учун уларнинг ишини манба қилиб олса бўлади.
Имом Молик ўз фиқҳларида бошқа имомлар ишлатган барча услуб ва манбалардан фойдаланганлар.Бази ўзига хосликларини юқорида баён қилдик.
Аллоҳ таоло Имом Моликни раҳмат айласин, Ислом ва мусилмонлар учун қилган меҳнатларини савобини кўпайтириб берсин!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1ndashУ кишининг исмлари ва кунялари Арабларда ҳурмат юзасидан кишига ўз номи билан эмас, фарзандларининг бири номи олдига, эркакларда Абу, аёлларда Умму сўзларини давоми...

4065 21:54 / 27.04.2017
Биламизки, Кавсарийнинг жуда кўплаб шогирдлари бўлган. Лекин улар орасида Абу Ғудданинг ўрни бошқача. У киши нега айнан Абу Ғуддани ўзларига яқин кўрганларШайх давоми...

3763 16:40 / 25.04.2018
Шайх Муҳаммад Аввома Шайх Имом Зоҳид алКавсарийга алоқадор ҳар қандай саволга жавоб беришим мумкинАҳли сунна ва жамоа мактабининг энг забардаст тамсилчиси давоми...

4491 21:05 / 13.04.2018
Устоз, бугунги кунда толиби илмлар Кавсарийнинг асарларига қайси жиҳатдан кўпроқ эҳтиёж сезмоқдаларШайх Муҳаммад Аввома Аввало шуни айтиб ўтай, илмга энди қадам давоми...

3266 17:50 / 20.04.2018
Аудиолар

118803 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40754 14:35 / 11.08.2021