552 12.06.2017

Имом Мотуридий ва Имом Ашъарий раҳимаҳумуллоҳлар аҳли сунна вал-жамоа эътиқодининг асосий намояндалари эканликлари ҳаммага маълум. Лекин баъзи ўзини аҳли сунна вал-жамоа, бошқаларни эса адашган, деб билувчи «салафий»лар бу буюк икки имомга нисбатан турли хил бўҳтонларни тўқишган. Мана шу бўҳтонлардан бири – бу уларнинг «Мотуридий «Тавҳид» китобида ақлни нақлдан устун қўйган», деган сўзларидир.

Ушбу бўҳтонларга раддия бериб Шайх Иззиддин Ғирёний шундай ёзади: «Аллоҳ таоло томонидан инсонларга юборилган таклифий аҳкомларнинг собит бўлиши учун тўрт манба асос қилиб олинган: Қуръон, суннат, ижмоъ ва қиёс. Аҳли сунна вал-жамоа уламолари иттифоқи билан ақл орқали ҳеч қандай ҳукм собит бўлмайди.

«Ақл нақлдан устунми ёки устун эмасми?» деган масаланинг келиб чиқиши аслида «Ҳар бир нарсадаги «яхшилик» ёки «ёмонлик» хусусияти бевосита ўзидаги шахсий хусусиятми ёки у шариат томонидан берилган хусусиятми?» деган тушунчага бориб тақалади.

Шариатимиз қоидалари бўйича динимизда буюрилган ҳар бир амал ортида, албатта, бир «яхшилик» сифати мавжуддир. Шунингдек, шариат томонидан қайтарилган ҳар қандай амал ортида бир «ёмонлик» сифати бор.

Чунки Аллоҳ таоло ҳаким Зотдир. У ҳеч қачон «ёмонлик»ка буюрмайди. Бироқ нарсалардаги «яхшилик» ёки «ёмонлик» сифати ўз зотида мавжуд бўлиб, уни Аллоҳ таоло бизга буйруғи ё қайтариқлари орқали ўргатиб таништирадими? Ё бўлмаса, уни ақл бевосита ўзи ҳам идрок қила оладими? Ушбу масала юзасидан мўътазилалар, мотуридийлар ва ашъарийлар ўз фикр-мулоҳазаларини турлича баён қилганлар.

Жумладан, ашъарийлар наздида нарсаларнинг «яхшилик» ёки «ёмонлик» сифати фақат ва фақат шариат томонидан собит бўлади. Ақлнинг эса мутлақо алоқаси йўқ. Яъни, уларнинг наздида шариат нимага буюрса, ўша нарсада «яхшилик» сифати мавжуд ва қайси нарсадан қайтарса, унда «ёмонлик» сифати бор бўлади. Аниқроқ қилиб айтганда, бир нарсадаги «яхшилик» сифати айнан шу нарсага Аллоҳ таоло буйруқ қилгани учун мавжуд, деб қаралса, бир нарсадаги «ёмонлик» сифати айнан шу нарсадан Аллоҳ таоло қайтаргани учундир, деб баҳоланади. Агар Аллоҳ таоло бир нарсага буюрмаса, биз ўз ақлимиз билан унда «яхшилик» сифати мавжудлигини, шунингдек, бир нарсадан қайтармаса, ўз ақлимиз билан у нарсада «ёмонлик» сифати борлигини билмаймиз, дейишади.

Хулоса қиладиган бўлсак, ашъарийлар наздида нарсалардаги «яхшилик» ёки «ёмонлик» сифати фақат шариат томонидан собит бўлади. 

Мўътазилалар наздида эса нарсалардаги «яхшилик» ёки «ёмонлик» сифати, биринчидан, ҳар бир нарсанинг ўз зотида мавжуд бўлиб, у фақат ва фақат ақл орқали англанади ҳамда ақл билан собит бўлади. Шариат эса уни кашф этиб, унга буюради ёки ундан қайтаради. Шаръий аҳкомлар бўлса, нарсаларнинг ўз зотида мавжуд бўлган «яхшилик» ёки «ёмонлик» сифатига мувофиқ ва унга тобеъ шаклда келади. Масалан, адолат, ростгўйлик, сабр, қаноат, ҳаё, тавозеълик каби нарсалар, зотида яхши сифат (хусусият)лиги ақл билан англанади. Шунингдек, такаббур, зулм, ёлғон, қайсарлик, очкўзлик, бахиллик каби нарсалар, зотида ёмон сифатлиги ақл билан маълумдир. Шунинг учун санаб ўтилган биринчи турдаги нарсаларга амал қилган кишиларга савоб, иккинчи турдаги нарсаларни қилган кишига иқоб (азоб) берилиши адолатдан ҳисобланади.

Демак, мўътазилалар наздида аксар нарсалардаги «яхшилик» ёки «ёмонлик» сифати зотида мавжуд ва у ақл билан идрок этилгани боис улар борасида шариат буйруғи ёки қайтариғи келиши шарт эмас, деб ҳисобланади. Лекин уларнинг наздида ҳам нарсалардаги «яхшилик» ёки «ёмонлик» сифати Аллоҳ таоло томонидан берилгани эътироф этилади.

Биз мотуридийларда эса шариат томонидан бандаларга таклиф этилган аҳкомлардаги яхшилик ёки ёмонлик сифатини ақл билан ҳам идрок қилиш мумкин. Чунки ақл айрим нарсалардаги «яхшилик» ёки «ёмонлик» сифатини англаш учун яроқли воситадир. Масалан, Аллоҳга иймон келтириш, неъмат берган Зотга шукр бажо қилиш вожиб экани ақл билан англаниши мумкин бўлган нарсалардандир. Лекин барча нарсалардаги «яхшилик» ёки «ёмонлик» сифатини буйруқ ёхуд қайтариқ орқали таништирувчи ва, хусусан, уни бандалар зиммасига вожиб қилувчи Аллоҳ таолодир. Ҳукмни фақат Аллоҳ таоло беради. Ақл ҳоким эмас, балки ақл айрим нарсалардаги «яхшилик» ёки «ёмонлик» сифатини англаш учун восита бўлиши мумкин, холос. Худди баъзи нарсаларнинг вожиблигини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олган бўлсак-да, асли ҳақиқий вожиб қилувчи Аллоҳ таоло бўлиб, Набий алайҳиссалом эса ўртада воситачилик вазифасини бажарувчи бўлганлари кабидир.

Аллоҳ таоло инсонларга ақл бериб, уни ишлатишга, Ўзининг яратган нарсаларига назар солиб, ақл юритишга буюрган. Шу сабабли Имом Мотуридий: «Агар Аллоҳ таоло пайғамбар юбормаган тақдирда ҳам инсонлар ўз ақли билан Холиқларини танишлари вожиб бўлар эди. Атрофга боқиб, еру-осмонни кўриб, уларнинг Яратувчиси бор эканини билмаган, шунга эътиқод қилмаган киши маъзур эмасдир», деганлар.

Убайдуллоҳ ибн Масъуд Тожуш шариъиа ўзларининг «Танқиҳ» китобларининг шарҳи «Ат-Тавзиҳ» номли асарларида айнан шу масалага алоҳида тўхталиб, қирқ саҳифадан зиёд маълумот келтирган. Жумладан, ашъарийлар, мўътазилийлар ва мотуридийлар томонидан нарсалардаги «яхшилик» ва «ёмонлик» сифатига берилган таърифларни қуйидагича келтирганлар.

«Буйруқлардаги «яхшилик» сифати ашъарийлар наздида шариат томонидан амр қилинган нарсалардир. Вожиб тарздами, мубоҳ тарздами ёки мустаҳаб тарзда буюриладими, бунинг аҳамияти йўқ. «Ёмонлик» сифати эса шариат томонидан қайтарилган нарсалардир. Ҳаром маъносидами ёки макруҳ маъносидами, бунинг ҳам аҳамияти йўқ.

Демак, ашъарийлар наздида «яхшилик» ёки «ёмонлик» сифати фақат нақл орқали маълум бўлади.

Мўътазилалар наздида эса «яхшилик» сифати деб у ишни бажарган киши шаръан ёки ақлан мадҳ этиладиган амаллар назарда тутилади. «Ёмонлик» сифати деб уни бажарувчи шахс шаръан ёки ақлан мазаммат этиладиган ишларга айтилади.

Мотуридийларда эса айрим амалларнинг яхшилик сифати ёки айрим амалларнинг ёмонлик сифати ўз зотида ё сифатида мавжуд бўлиб, шариат орқали билинишидан ташқари ақл билан ҳам англанади. Яъни, ўша баъзи ишларни бажарган кишилар шу ишнинг зотидан келиб чиқиб, мадҳга ёки мазамматга сазовор бўладилар.

Масалан, ҳақ пайғамбарни тасдиқлаш агар шариатга мавқуф бўлса, унда давр лозим бўлади. Агар шариатга мавқуф бўлмаса, унда тасдиқлаш ақлан вожиб бўлган бўлади. Демак, пайғамбарни тасдиқлаш ақлан яхшилик сифатига эгалиги маълум бўлади. Қолаверса, пайғамбарни тасдиқлаш вожиблиги уни ёлғонга чиқариш ҳаром эканига мавқуфдир. Агар ушбу маъно шариат билан собит бўлса, яна давр лозим бўлади. Агар пайғамбарни ёлғонга чиқариш ҳаром экани ақл билан собит бўлса, демак, ёлғонга чиқаришнинг ёмонлик сифати ақл билан собит бўлган бўлади. Хулоса қилиб айтганда, ақлий яхшилик ва ёмонлик сифатлари ҳам мавжуддир.

Аммо бир муҳим жиҳати шундаки, мўътазилалар наздида бир нарсанинг яхшилик ёки ёмонлик сифатига эгалигини ақл ҳал қилади. Яъни, ақл ҳоким ҳисобланади. Аммо биз Мотуридийлар наздида ҳар бир нарсадаги яхшилик ёки ёмонлик сифати собит бўлишида Аллоҳ таоло ҳокимдир. Ақл эса бор-йўғи ана шу сифатларни билиш учун восита (сабаб), холос» («Тавзиҳ» китобидан олинган маълумотлар тугади).

Ҳанафий уламоларидан аллома Ғулом Росул Ризовий ўзларининг «Мусалламус субут» китобига ёзган таълиқларида ҳанафийлар билан мўътазилалар ўртасидаги фарқни қуйидагича баён қилганлар: «Биз ҳанафийлар билан мўътазилалар наздида амаллардаги яхшилик ёки ёмонлик сифати ақлий деб айтилади. Ушбу фикрда улар билан бизнинг ўртамизда хилоф йўқ. Улар билан бизнинг ўртамизда «Ақл ҳокимми ёки йўқми?» деган масалада хилоф (фарқ) мавжуд.

Мўътазилалар қуйидагича мазҳабга юрганлар: «Амаллардаги яхшилик ёки ёмонлик сифати ҳукмни келтириб чиқарувчидир. Бандалар зиммасидаги ҳукмлар собит бўлиши учун Аллоҳ таолодан буйруқ ёки қайтариқ келиши шарт эмас. Фаразан пайғамбарлар юборилмаганда ҳам ҳукмлар вожиб бўлаверар эди».

Аммо бизларнинг наздимизда эса қуйидагича: «Ақл ҳеч қандай ҳукмни келтириб чиқарувчи эмас. Балки у Аллоҳ таолонинг (айрим) ҳукмларини топиш, англаш учун боис (воситадир), холос. Ҳукм фақат Аллоҳдан собит бўлади. Шунинг учун биз айтамизки, банданинг зиммасига ҳукм таклиф этилиши учун Пайғамбарнинг даъвати шартдир. Кимгаки Пайғамбарнинг даъвати етиб бормаган бўлса, унга шаръий аҳкомлар таклиф этилмаган ҳисобланади».

Хуллас, мўътазилалар наздида яхшилик ёки ёмонлик сифатини бандалар учун ҳам ва ҳатто Аллоҳ таоло учун ҳам мутлақ ҳал қилувчи (ҳукм чиқарувчи) ақлдир. Масалан, уларнинг наздида Аллоҳ таоло бандалар учун энг аслаҳ (манфаатли) ишларни қилиши ақл билан вожибдир. Бундай қилмаслик Аллоҳ таоло учун ҳаром ҳисобланади. Бир нарсанинг вожиб ёки ҳаром эканига ҳукм қилиш унинг яхшилик ёки ёмонлик сифатига қараб ҳал этилиши лозим. Аммо ақлнинг бандаларга ҳукм қилиши-чи?! Ақл бандаларга маълум амалларни вожиб ёки мубоҳ ва баъзи амалларни эса ҳаром қилади. Лекин бунга Аллоҳ таолонинг ҳукми аралашмайди.

Биз мотуридийлар наздида эса ҳар бир нарсанинг яхши ёки ёмон эканига Аллоҳ ҳукм қилади. Лекин Аллоҳ таолонинг зиммасига бирор кимса ҳеч қандай ҳукм чиқармайди. Унинг зиммасига ҳеч нарса вожиб бўлмайди. Балки бандаларнинг амалларини яратувчи уларга яхшилик ёки ёмонлик сифатини берувчи У Зотдир.

«Ашъарийлар ва мотуридийлар ўртасидаги ихтилофли масалалар» китобининг соҳиби, ўз замонасининг тенгсиз олими Ибн Камол бошо (пошо) «Шаръий аҳкомларни ақл билан идрок қилиш мумкинми ёки мумкин эмасми?» деган масала юзасидан ашъарийлар ва мотуридийлар ўртасидаги ихтилоф ҳақида сўз юритиб, охири улар ўртасидаги хилоф юзаки (лафзий ихтилоф) эканини, аслий масалада ихтилоф йўқ эканини баён қилган.

Қуйида баъзи муҳим маълумотларни бериб ўтамиз: барча уламолар мазҳаби бўйича ва ҳамма Ислом динига мансуб тоифалар ўртасида инсон (соф) табиатига ёқадиган ёки ёқмайдиган маънода, шунингдек, ҳар бир нарсада камолот ё нуқсон маъносида яхшилик сифати ёхуд ёмонлик сифати ақлан мавжуд эканида ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Аммо ҳар қандай нарсанинг (амалнинг) ортида ақлий эътибордан (яъни, шариатдан қатъий назар) савоб ёки иқоб туриши маъносида нарсалардаги яхшилик ё ёмонлик сифати мавжудлиги борасида ихтилоф бўлган.

Баъзилар[1]: «Инсон амалининг ҳукмини Аллоҳ таоло ҳузурида қандай бўлса – шундайлигича ақл воситасида идрок қилиши мумкин. Пайғамбарлар юборилмаса-да, шариат нозил бўлмаса-да, айнан ақл воситасида амалларга савоб ёки иқоб белгиланишига ҳукм қилиш мумкин», деганлар. 

Баъзилар эса[2]: «Бу мумкин эмас. Амалларга савоб ёки иқоб белгилаш фақат шариат орқали Аллоҳга хосдир. Амаллар билан уларга белгиланган савоб ё иқоб ўртасида ҳеч қандай алоқа (боғлиқлик) йўқ. Бу фақат Аллоҳнинг иродаси билангина ҳал бўлган», дейишган. 

Яна баъзилар[3]: «Баъзи аҳкомларни ақл таниши, идрок қилиши мумкин. Лекин таъкидланганидек, баъзиларини, холос. Умумий маънода эмас. Қолаверса, ақл фақат Аллоҳ таоло тайин қилган ҳукмни идрок қилиш имконига эга. У ҳеч қачон ҳукмни собит қилмайди», деганлар. 

Ибн Камол пошо сўзларини давом эттириб айтадилар: «Мотуридийлар дейдиларки, савоб ва иқоб Аллоҳ таолонинг иродаси билан ҳал бўлишида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Савоб ва иқобни У Зот тайин этган. Амалларга савоб ёки иқоб белгилаш Аллоҳ таолонинг ишидир.

Бироқ Аллоҳ таоло амаллар билан уларнинг асари (натижаси) ўртасида ўзига хос муносибликни яратган. Ва ақлимизга мазкур ўртадаги муносабатларни англашга етарли қудрат, имконият берган. Лекин ақлимиз мазкур муносабатларни англашда фарқли имконга эгадир. Яъни, баъзи ҳолатларда ана шу муносабатларни шариат кўрсатмасига мавқуф бўлмаган тарзда англаш, идрок қилиш имконига эгамиз ва айнан биз идрок қилган нарса Аллоҳнинг ҳукмига мувофиқ, деб бемалол айта оламиз. Башарти, шу борада шариат нозил бўлса, айнан биз идрок қилган кўринишда нозил бўлар эди, деган ишончни билдира оламиз. Эътибор берилган бўлса, бу ерда ақлнинг қилган иши Аллоҳ таоло собит қилган ҳукмни, қарорни идрок қилмоқда, холос. Лекин ҳаргиз ақл бир ҳукмни исбот қилувчи эмасдир  (мотуридийларнинг сўзи тугади).

Аммо ашъарийлар эса: «Тўғри! Гарчи ақл амаллар билан улар ортидан ҳосил бўлган натижа (асар) ўртасидаги муносибликни мулоҳаза қилишга қодир бўлса ҳам, лекин у ана шу идрок қилган нарсаси айнан Аллоҳ таолонинг ҳукми эканига кескин қарор қабул қилишга қодир эмас. Шунинг учун ақл ҳеч қандай ҳукм қабул қилиш ҳуқуқига ҳақли эмасдир. Ҳукм фақат шариат учун хосдир», деганлар.

Хулоса қилиб айтганда, мотуридийлар билан ашъарийлар ўртасидаги хилоф қуйидагича белгиланади: ҳукм фақат Аллоҳ таолога хос эканида мотуридий ва ашъарийлар ўртасида ҳеч қандай хилоф йўқ. Фақат «Мазкур шаръий аҳкомларни идрок қилиш воситаси фақат шариатми ёки ақл ҳам бу аҳкомларнинг баъзисини идрок қилиши мумкинми?» деган масалада ихтилоф бўлган. Бу эса асли масалада (яъни, ҳукм ким томонидан берилиши масаласида) хилоф йўқ эканини билдиради» (Ибн Камол пошодан олинган сўзлар тугади).

 Хулоса қилиб айтганда, мотуридийларда ақл нақлдан устун туриши тугул, ақл билан ҳеч қандай ҳукм собит бўлмаслиги маълум бўлмоқда.  Ақлни нақлдан устун қўйиш мўътазилаларга хос амалдир. Шунинг учун уларда қанчадан-қанча нақлий далиллар ақлга тўғри келмагани учун таъвил қилинади ёки қабул қилинмайди. Жумладан, улар айни вақтда жаннат ва дўзах яратилмаган, деб биладилар. Аллоҳ таолони дунёда ҳам, охиратда ҳам кўриш ақлан мумкин эмас, дейдилар. Осий киши иқобланиши, итоаткор киши савоб олиши шарт, деб ўйлайдилар ва ҳоказо. Аммо мотуридийлар эса нақл орқали собит бўлган қанчадан-қанча эътиқодий ёхуд фиқҳий ҳукмларни, гарчи ақл англай олмаса-да, таъаббуд юзасидан ва мазкур ҳукмларнинг санади ишончли бўлгани сабабли бош устига қабул қилганлар. Масалан, таҳорат масаласида. Аслида нажосат муайян жойлардан чиққан бўлса-да ва ақл айнан ана шу жойнинг ўзини ювиш лозимлигини тақозо қилса-да, лекин Аллоҳ таолонинг буйруғи (нақл)га амал қилиш ўлароқ, маълум азолар ҳам қўшиб ювилади.

Яна бир мисол: қиёс бўйича қаҳқаҳа отиб кулган одамнинг таҳорати синмаслиги лозим. Лекин бу борада ҳадис ворид бўлгани учун ҳадисни қиёсдан устун кўриб, муайян ҳолатда қаҳқаҳа отиб кулган кишининг таҳорати синиши ҳукмини қабул қилганлар. Бу каби масалалар фиқҳий ва ақидавий китобларимизда қалашиб ётибди. Салафийлар шу китобларни ўқисинлар.

Муҳиддин Махдум ўрта махсус

 Ислом билим юрти

  мударриси Саид Аҳмад домла


[1] Мўътазилалар.  

[2] Ашъарийлар. 

[3] Мотуридийлар.