1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Имом Абу Довуд роҳматуллоҳи алайҳ

22:17 / 27.04.2017 6023 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Абу Довуднинг исми Сулаймон ибн Ашъас ибн Исҳоқ Аздий Сижистонийдир. Бу зот ҳадис илмининг ҳофизларидан, “Сунан”нинг соҳибидир. Сижистон Хуросоннинг жанубий қисмидаги машҳур иқлим бўлиб, шунга нисбат берилган. Абу Довуд ҳижратнинг 202 санасида шу жойда туғилдилар. Машҳур “Масобиҳ” китобининг соҳиби фақиҳ олим Бағдоднинг катта ҳофизларидан бўлган Абу Бакр Абдуллоҳ ҳам Абу Довуднинг ўғлидир.
Абу Довуд роҳматуллоҳи алайҳ илмга муҳаббат қўйган ҳолда униб ўсдилар. Ёшликларидан ҳадисларни ёзиб боришни одат қилдилар. У зотнинг икки чўнтаги бўлиб, бири кенг иккинчиси тор эди. Унга: “Аллоҳ сизга раҳм қилсин, бу нима?” дейилганда, у зот: “Кенги китоблар учун, наригинисига эҳтиёжимиз йўқ”, деб жавоб бердилар.

Имом Бухорийдан таъсирланган, у кишининг шогирдларидан эдилар. Илмда ўша кишининг йўлидан юрдилар. Бу зот ҳидоят, далолат ва кўринишда Имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳматуллоҳи алайҳга ўхшарди. Баъзилар бу зот тўғрисида шундай дейишган: “Абу Довуд ҳидоят, далолат ва кўринишда Аҳмад ибн Ҳанбалга ўхшайди, Аҳмад ибн Ҳанбал шу борада Вакиъга ўхшайди, Вакиъ шу борада Суфёнга ўхшайди, Суфён Мансурга, Мансур Иброҳимга, Иброҳим Алқамага, Алқама Абдуллоҳ ибн Масъудга ўхшайди. Алқама айтади: “Ибн Масъуд ҳидоят ва далолатда Набий соллаллоҳу алайҳ васалламга ўхшайди”.
Ибн Ҳалкон Абу Довуд тўғрисида: “У суннат ва салоҳиятда олий даражада эди”, деган.
Абу Довуд роҳматуллоҳи алайҳ бошқа ҳадис олимлари каби ҳадис излаб кўплаб шаҳарларга бордилар. Ушбу сафарларида кўплаб улуғ муҳаддис ва ҳофизларга йўлиқдилар. Абу Умар Зарир, Муслим ибн Иброҳим, Аҳмад ибн Ҳанбал, Абдуллоҳ ибн Маслама Қаънабий, Абдуллоҳ ибн Рожаъ, Абу Валид Таёлисий, Аҳмад ибн Юнус, Абу Жаъфар Нуфайлий, Абу Тавба Ҳалабий, Сулаймон ибн Ҳарб каби алломалардан илм эшитдилар. Ҳижоз, Шом, Миср, Ироқ, Жазира, Хуросон каби ўлкаларда кўплаб илм ҳалқаларида иштирок этдилар.
Абу Довуд роҳматуллоҳи алайҳ ўз ҳаётларини ҳадис илмига фидо қилдилар. Бу йўлда кўплаб шогирдлар чиқардилар. У кишининг қўлида таълим олган машҳур шогирдлар орасида Имом Термизий, Имом Насаий, Имом Абу Бакр ибн Абу Довуд, Абу Авона, Абу Бишр Дулобий, Алий ибн Ҳасан ибн Абд, Абу Усома Муҳаммад ибн Абдулмалик, Абу Саид ибн Аъробий, Абу Алий Луълуъий, Абу Бакр ибн Доса, Абу Солим Муҳаммад ибн Саид Жалудий, Абу Амр Аҳмад ибн Алий каби улуғ олимлар бор эди. Абу Довуддан у кишининг шайхи Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Атийра ҳадисини ёзиб олган. Бу ҳадисни у киши Абулашар Доримийдан, у отасидан ривоят қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васалламдан Атийра тўғрисида сўралди. У зот уни чиройли санадилар. Ибн Абу Довуд айтади: “Отам шундай деди: “Бу ҳадисни Аҳмад ибн Ҳанбалга айтиб берган эдим, у уни маъқуллади ва: “Бу ҳадис ғарибдир”, деди. Кейин менга: “Ўтириб тур”, деб кириб қоғоз, қалам ва сиёҳдон олиб чиқди‑да: “Менга айтиб бер”, деб мендан уни ёзиб олди. Сўнг бошқа куни у билан кўришганимда, унинг олдига Жаъфар ибн Абу Самина келган экан. Аҳмад ибн Ҳанбал унга: “Эй Абу Жаъфар, Абу Довудда бир ғариб ҳадис бор. Ундан ёзиб ол”, деди. Шунда у мендан сўради. Мен унга айтиб бердим”.
Атийра ражаб ойида сўйиладиган жонлиқ бўлиб, жоҳилиятда унга амал қилинар, Ислом келгач у насх қилинган эди...
Абу Довуд роҳматуллоҳи алайҳнинг ҳадис илми борасида кўплаб китобларни ёздилар. Далоилун Нубувва, Китобут Тафаррут фис Сунан, Имом Аҳмаддан сўралган масалалар китоби, Носихул Қуръан ва мансухуҳу, Китобуз Зуҳд шулар жумласидандир.
Абу Довуд роҳматуллоҳи алайҳни машҳур қилган китоблари “Сунани Абу Довуд”дир. Ушбу китоб машҳурлик ва мақомда “Саҳиҳ Бухорий” ва “Саҳиҳ Муслим”дан кейинги ўринда туради. Машҳур Сунан китоблари тўрттадир. “Сунан Абу Довуд”, “Сунан Термизий”, “Сунан Насоий” ва “Сунан Ибн Можа”. Ушбу Сунан китоблари зикр қилинганда уларнинг бошида “Сунан Абу Довуд” туради. “Сунан Абу Довуд”да беш минг атрофида ҳадис бор. Абу Довуд роҳматуллоҳи алайҳ бу ҳадисларни беш юз минг ҳадислар орасидан чиқариб ўз Сунанларига киритганлар. Китобда ўттиз бешта китоб, бир минг саккиз етмиш битта боб бор.  
Абу Довуд роҳматуллоҳи алайҳ “Сунан”да саҳиҳ ҳадислардан бошқа ҳасан ва заиф ҳадисларни ҳам келтирадилар. Ўз манҳажларини зикр қилиб, шундай дейдилар:
“Китобимда саҳиҳ ва унга ўхшаш ҳамда унга яқин ҳадисларни зикр қилдим. Агар ҳадисда кучли ваҳн яъни заифлик бўлса уни баён қилдим. Агар бирор ҳадис тўғрисида ҳеч нарса демаган бўлсам, у дурустдир ва баъзилар баъзиларидан саҳиҳроқдир”.
Абу Довуд роҳматуллоҳи алайҳнинг: “Агар бирор ҳадис тўғрисида ҳеч нарса демаган бўлсам, у дурустдир”, деган сўзлари борасида турли фикрлар айтилган. Агар у киши ўз китобида бирор ҳадис тўғрисида ҳеч нарса демаган бўлса, ўша ҳадис саҳиҳми ёки ҳасанми?
Ибн Салоҳ ва Нававийлар ўша ҳадисларнинг саҳиҳлиги тўғрисида очиқ матнлар бўлмаса уни ҳасан дейишган.
Ҳадис уламоларимиз “Сунан Абу Довуд”да ҳукми айтилмаган ҳадисларни бир неча турга бўлишган. Икки саҳиҳда келтирилган ва келтирилмаган саҳиҳ ҳадислар, ҳасан ҳадислар, кейин заиф ҳадислар. Лекин ушбу ҳадислар эътибор учун дуруст бўлиб,  ўта заиф эмасдир. Шунга кўра Абу Довуд роҳматуллоҳи алайҳнинг “Агар бирор ҳадис тўғрисида ҳеч нарса демаган бўлсам, у дурустдир”, деган сўзларига тегишли ҳадислар саҳиҳ, ҳасан ва ўта заиф бўлмаган ҳадислардир. Ушбу ўта заиф бўлмаган ҳадислар аксар уламолар, хусусан Абу Довуд, Аҳмад ва Насаийлар наздида амалга яроқлидир. Бу ҳадислар одамларнинг фикридан кўра кучли ҳисобланади.
Абу Довуд роҳматуллоҳи алайҳ бу китобларини тугатгач, уни Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳуга кўрсатдилар. У киши китобни улуғлаб маъқулладилар.
Китобнинг қадрини Закариё Сожий шундай мадҳ этади: “Аллоҳнинг китоби Исломнинг аслидир. Абу Довуднинг “Сунан”и  Исломнинг аҳдидир”.
Улуғ зотлардан Хаттобий:
«Бу китоб иккита саҳиҳ китобдан кўра фақиҳроқ ва ҳадис илмида бунинг сингари китоб тасниф этилмаган», деган.
“Сунан Абу Довуд”га бир неча шарҳ ва таълиқлар ёзилган.
1. “Маъолимус сунан”. Абу Сулаймон Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Ҳаттобий. 388 ҳижрий санада вафот топган. Ҳофиз Шиҳобиддин Абу Маҳмуд ва Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Мақдисийлар бу китобга талхис ёзишган. Уни “Ужалатул Олим мин китабил маолим” деб номлашган.
2. “Мирқотус Соъуд ила Сунани Аби Довуд”. Ҳофиз Жалолиддин Суютий. 911 ҳижрий санада вафот топган.
3. “Фатҳул Вадуд ала Сунани Аби Довуд”. Абул Ҳасан Нуриддин ибн Абдулҳодий Сундий. 1338 ҳихрий санада вафот топган.
4. “Инҳоус Сунан вақтифаус Сунан фи шарҳи Сунани Аби Довуд”. Аҳмад ибн Мҳуаммад ибн Иброҳим ибн Ҳилол Мақдисий Хаввос. 765 ҳижрий санада вафот топган.
5. “Авнул Маъбуд фи шарҳи Сунани Аби Довуд”. Муҳаммад Шамсулҳақ Азим Ободий...
Абу Довуд роҳматуллоҳи алайҳ тўғрисида уламолар бир қанча яхши сўзларни айтишган.
Шайх Абу Исҳоқ Шерозий “Тобақотул Фуқаҳо”да у кишини Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг асҳоблари жумласидан санаган.
Иброҳим Ҳарбий у киши тўғрисида: “Довуд алайҳссаломга темир мулойим қилинганидек, Абу Довудга ҳадис мулойим қилингандир”, деган.
Муҳаммад ибн Исҳоқ Соғоний ҳам худди шу каби сўзни айтган.
Ҳофиз Мусо ибн Ҳорун шундай деган: “Абу Довуд дунёда ҳадис учун, охиратда жаннат учун яратилгандир. Ундан афзалини кўрмадим”.
Ҳоким Абу Абдуллоҳ айтади: “Абу Довуд ўз асрида, мудофасиз, ҳадис аҳлининг имомидир”.
Абу Бакр Ҳилол айтади: “Абу Довуд Сулаймон ибн Ашъас Сижистоний ўз замонасининг пешқадам имомидир. У кишининг илмлар тахрижи маърифатига етиб бўлмасди. Ўз замонасининг нодирларидан, тақвода ҳам пешқадам эди...”.
Амр ибн Алий Боҳилий:
«Имом Абу Довуд дуоси ижобат бўлувчи кишилардан эдилар», деб айтадилар. Муҳаммад ибн Саъд Зуҳарий:
«Бу зот обид, тақволи, фозил, солиҳ, пок кишилардан эдилар», деб айтадилар. Абу Ҳотим ар-Розий: «Бу зотдек тазарруъли ва бу кишидек ҳужжати ишончли кишини кўрмаганман», деганлар.
Сўфийларнинг имоми бўлмиш Саҳл ибн Абдуллоҳ бир куни Имом Абу Довуднинг зиёратларига келиб:
«Эй Абу Довуд, менинг сизда бир ҳожатим бор», дедилар. Шунда Абу Довуд:
«Нима ҳожатинг бор?» деб сўраганларида, Саҳл ибн Абдуллоҳ:
«Агар рухсат берсангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васалламдан ҳадислар ривоят қилган тилингизни бир ўпсам», дедилар. Абу Довуд рози бўлиб тилларини чиқардилар, у киши эса ўпдилар”.
Абу Довуд роҳматуллоҳи алайҳ шундай дейдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васалламдан ривоят қилинган беш юз минг ҳадисни ёзиб олдим. Улардан ушбу китобга яъни “Сунан”га тўрт минг саккиз юзта ҳадисни тўпладим. Саҳиҳ ва унга ўхшаш ҳамда унга яқинларини зикр қилдим. Инсонга дини учун шулардан тўртта ҳадис кифоядир.
Биринчиси: “Амаллар ниятлар эътибори биландир...”;
Иккинчиси: “Кишининг беҳуда нарсаларни тарк қилиши Исломининг гўзаллигидандир”;
Учинчиси: “Мўъмин ўзи учун рози бўладиган нарсани биродари учун рози бўлмагунча мўъмин бўла олмайди”;
Тўртинчиси: “Ҳалол ҳам аниқ ва ҳаром ҳам аниқ, бу иккиси орасида шубҳали ишлар бор...”.

Имом Абу Довуд ҳижратнинг 275 йили, шаввол ойининг 16-кунида жума куни Басрада вафот этдилар.  Бу зотнинг жанозаларини Аббос ибн Абдулвоҳид Ҳошимий ўқидилар!

Аброр Мухтор Алий тайёрлади

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Манбаларда келтирилишича, Қўқон хони Шералихон 17971845 тахтга келгунга қадар Қирғизистоннинг Талас водийсида тоғасининг қўлида улғаяди. У болалигидан қирғизлар давоми...

1626 11:27 / 01.01.2022
Хиндистоннинг буюк уламоларидан Маҳмуд Девбандий ва у кишининг шогирди Ҳусайн Аҳмад Маданий ҳинд диёрини инглиз мустамлакачиларидан озод қилиб, яна давоми...

4004 11:30 / 23.10.2021
МУҲАММАДГА СОДИҚ МУҲАММАД СОДИҚЯНГИ ХОТИРА КИТОБИДАН БОБЛАР1980 йили Ливия дорилфунунини муваффақиятли тугатиб қайтган Муҳаммад Содиқни ўзлари таҳсил олган Имом давоми...

6553 17:55 / 19.06.2017
XIX аср охири ва XX асрнинг иккинчи ярмида яшаб ўтган машҳур мударрис, Қуръон ҳофизи Абдураҳмон қори 1894 йил Наманган шаҳри .Сардоба, даҳаси ҳозирги .Тўрақўрғон, давоми...

1111 17:39 / 09.12.2022
Аудиолар

120135 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7031 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41798 14:35 / 11.08.2021