1445 йил 14 шаввол | 2024 йил 23 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Илм талабининг фазилати (3-тавсия)

05:00 / 28.02.2017 4324 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Илм талабининг фазилати (3-тавсия)

 

Қабиса ибн Мухориқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бордим. У зот: «Эй Қабиса, келишингнинг боиси не?» дедилар. «Ёшим ўтиб, заифлашиб қолдим. Аллоҳ менга манфаат берадиган нарсани ўргатишингиз учун ёнингизга келдим», дедим. Шунда у зот: «Эй Қабиса, тошми, дарахтми, кесакми, уларнинг олдидан ўтсанг, албатта, сен учун мағфират сўрашади. Эй Қабиса, бомдод намозини ўқисанг уч марта: «Субҳаналлоҳил азийм ва биҳамдиҳи» (Буюк Аллоҳга ҳамд айтган ҳолимда Уни барча айбу нуқсондан пок деб ёд этаман!) дегин. Кўрлик, мохов ва шол касаллигидан саломат бўласан. Эй Қабиса, «Аллоҳим, ҳузурингдаги нарсалардан сўрайман. Менга фазлингни мўл-кўл қил, раҳматингни кенгайтир, баракангни ёғдир», дегин», дедилар».

Имом Аҳмад ривоят қилган.

Шарҳ: Бу тавсия илм излаш шарафли иш эканини кўрсатади. Қабиса розияллоҳу анҳу кексайиб қолишларига қарамай, манфаатли илм излаб бутун уммат муаллими Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. Демак илм олмоқчи бўлган кишининг ёш ёки қари бўлиши муҳим эмас экан. Албатта, ёшликда олинган илм тошга битилган нақш каби инсоннинг зеҳнида муҳрланиб қолиши мумкин. Айрим сабабларга кўра, бундай бахтдан маҳрум бўлган одам ёшим ўтиб қолди деб, илм олишни ташлаб қўймаслиги лозим. Имконияти доирасида дунё ва охиратига манфаатли бўлган илм ортидан қувиши керак. Толиби илмни Аллоҳ шу даражада мукаррам қилиб қўйганки, ҳатто тоғу тошлар, дов-дарахтлар, кесагу тупроқлар унинг учун истиғфор айтишади.

 

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: «Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Фаришталар толиби илмни қилаётган ишидан рози бўлган ҳолларида қанотларини қўядилар. Олимга осмондагилар, ердагилар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтишади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир. Анбиёлар динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар. Улар илмни мерос қолдирганлар, холос. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди».

Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ва Байҳақийлар ривоят қилишган.

Шарҳ: Толиби илм илм талабида юрар экан, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Чунки инсон дунё ва охиратига фойдали бўлган илм олар экан, Аллоҳни танийди, Унга бўлган тақвоси, хавфи ортади, ҳалол ва харомни ажратади...

Фаришталар толиби илмнинг қилаётган ишидан рози бўлиб, қанотларини, баъзи таъвилларда, «уларнинг оёқ остиларига қўядилар», бошқа бир таъвилда эса «учишдан тўхтаб, илм билан машғул кишиларни ўраб оладилар, уларнинг раҳматлари ва нурларидан баҳраманд бўлишга уринадилар», дейилган. Нима бўлганда ҳам, илм толибининг Исломда қадри баландлиги ва илм талаб қилиш улуғ даража эканини кўрсатади.

Олимга осмондагилар – фаришталар, ердагилар – инсу жин ва ҳайвонлар истиғфор айтишади. Истиғфор айтиш эса бировнинг ҳаққига дуо қилишдир.

Олим – диний илмларни яхши билувчи шахсдир. Обид – ибодат қилувчи, доимо ўзи учун ибодат билан машғул кишидир. Осмонга қараган одамга ой катта бўлиб кўринади, у ер юзига нур сочади. Юлдузлар эса кичкина бўлиб кўринади, уларнинг нури ўз атрофини зўрға ёритаётгандек кўринади. Қоронғу кечада осмонга боққан инсон ойнинг юлдузлардан қанчалик афзал эканини дарҳол пайқайди. Олим кишининг фазли ҳам шундайдир. Обидлар юлдузлар каби фақат ўзлари учун ёруғлик чиқарсалар, олим киши қоронғу кечада нур сочган ой каби жоҳилият зулматида юрган одамларга Ислом ҳидояти нурини сочади. Обиднинг манфаати фақат ўзи учун бўлса, олимнинг манфаати ҳамма учун бўлади.

«Албатта, олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир». Мана шу жумла бу ерда гап диний олимлар ҳақида кетаётганига ишорадир. Демак, уламоларимиз оддий кишилар эмас, пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар. Улар илмни мерос қилиб қолдирганлар. Кимда ким ўша пайғамбарлардан мерос қолган илмни олса, улуғ насибани олган бўлади. Пайғамбарлар меросидан ҳам улуғ насиба бўлиши мумкинми?!

 

Сафвон ибн Ассол Муродийдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордим. У зот масжидда қизил чопонларига ястаниб олган эканлар. «Эй Аллоҳнинг Расули, илм талаб қилиб келдим», дедим. Шунда у зот: «Хуш келибсан, илм толиби. Фаришталар толиби илмнинг ўрганаётган илмига муҳаббатларидан қанотлари билан уни ўраб олишади. Кейин бир-бирларининг устига мингашиб, дунё осмонигача етиб боришади».

Имом Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ва Табаронийлар ривоят қилишган, лафз Табаронийники.

 

Ушбу ҳадислардан олинадиган фойдалар:

1.     Илм излаш шарафли иш экани;

2.     Бешикдан қабргача илм излаш кераклиги;

3.     Илм талаби йўлидагиларга Аллоҳ таоло жаннат йўлини осон қилиб қўйиши;

4.     Фаришталар толиби илмнинг қилаётган ишидан рози бўлиб, қанотлари билан қуршаб олишлари, уларни ўраб турган раҳматдан баҳраманд бўлишга уринишлари;

5.     Олимга фаришталар, инсу жинлар ва ҳайвонлар истиғфор айтиб, уларнинг ҳақларига дуо қилишлари;

6.     Олим кишига ҳатто сувдаги балиқлар ҳам дуо қилиши;

7.     Олим кишининг обид кишидан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазли каби экани;

8.     Диний олимлар пайғамбарларнинг меросхўрлари экани;

9.     Пайғамбарлар динор ёки дирҳам эмас, илмни мерос қилиб қолдирганлари;

10.                      Пайғамбарлар мероси бўлмиш диний илмни олган кишилар улуғ насибани олган бўлишлари.

 

«Ҳадис ва Ҳаёт» китоби асосида Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф тайёрлади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. .Ибн Аббосдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Албатта, Аллоҳ менинг умматимдан хатони, унутилган ва мажбур қилинган нарсани давоми...

4527 13:35 / 18.03.2020
. . Асҳоби суффалардан бўлган Жарҳад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузуримизга ўтирдилар. Соним очиқ давоми...

1731 19:00 / 26.07.2023
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, сийратлари ва ҳадисларида ҳам ҳаё ҳақида маълумотлар кўп.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

6278 20:58 / 09.05.2017
. . Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангиз бавл қилса, закарини ўнг қўли билан ушламасин, давоми...

1726 19:00 / 15.02.2023