598 21.05.2017

У Зот сенга воридни сени ағёрлар қўлидан тортиб олиш ва асарлар қуллигидан озод қилиш учун етказди.

– Ағёр – махлуқотлар, Аллоҳ таолодан бошқа нарсалар.

– Асарлар – инсонга таъсирини ўтказувчи дунёвий нарсалар.

Банда биринчи босқичдаги вориддан сўнг ғафлат уйқусидан ўйғониб, ўзини ўнглаб олганидан кейин Аллоҳ таоло унга иккинчи, аввалгидан юқори даражадаги воридни беради. Бу босқичдаги воридни баъзи машойихлар «иқбол вориди» – «интилиш вориди» деб номлайдилар. У Аллоҳ таоло банданинг қалбига солган бир нур бўлиб, ўша нур уни (бандани) Аллоҳ таолонинг зикрига ҳаракатлантиради, уни (бандани) У Зотдан бошқадан узоқлаштиради. Банда У Зотнинг зикри билан машғул бўлишда, Ундан ўзгадан ғойиб бўлишда давом этаверганидан кейин қалб нурга тўлади ва У Зотдан ўзгадан ғойиб бўлади. Нурдан бошқа нарсани кўрмайди. Шундай қилиб банда ағёрлар қамоғидан чиқади ва таъсир қилувчи нарсалар қуллигидан озод бўлади.

Ҳа, қачон қалб Аллоҳ таолога У Зотдан хижолат бўлган ва қўрққан ҳолида ва У Зотни улуғлаган ҳолида юзланса, шунинг ўзи унинг қалбида ўрнашиб қолган дунёвий рағбатлар, шаҳватлар ва истаклар билан қалбида ва вужудида пайдо бўлган Аллоҳ таолога интилиш ҳисси орасида кураш бошланганининг аломати бўлади.

Албатта, бу кураш Аллоҳ таоло бандага етиштирган вориднинг таъсири асосида бошлангани учун ғалаба ҳам ворид томонида бўлиши турган гап. Фақатгина турли омилларга кўра курашнинг муддати қисқа ёки узоқроқ бўлиши мумкин. Баъзи ҳолатларда ворид берилган банда Аллоҳ таолони кўп зикр қилиш, У Зотга илтижо, дуо ва тазарру қилиш ила кўмак олишга ҳам ҳожатманд бўлиши мумкин. Лекин нима бўлганда ҳам оқибати яхшилик билан тугаши турган гап.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ҳаётларида бундай ҳолатлар кўп бўлган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазллари ва баракотлари туфайли саҳобалар розияллоҳу анҳумга воридларнинг таъсири кўп бўлиб, уларнинг виждонига айланиб, уларнинг ағёрлардан қутулишларига ва таъсир қилувчи нарсаларнинг қуллигидан озод бўлишларига сабаб бўлган. Биргина мисол келтирамиз.

Ибн Нумайр сўзлаб берди. Молик ибн Миғвал сўзлаб берди. Зубайддан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Ҳорис ибн Молик, қандай тонг оттирдинг?» дедилар.

«Ҳақиқий мўмин бўлиб тонг оттирдим», деди.

«Албатта, ҳар бир гапнинг ҳақиқати бўлади. Бунинг ҳақиқати недир?» дедилар.

«Нафсим дунёдан юз ўгирган ҳолда тонг оттирдим. Кечамни бедор, кундузимни ташна ҳолда ўтказдим. Таъкидки, худди Роббимнинг Аршига ҳисоб-китоб учун ошкор қилинганда назар солиб тургандекман. Таъкидки, худди жаннат аҳлига жаннатда бир-бирларини зиёрат қилаётганларида назар солиб тургандекман. Таъкидки, худди дўзах аҳлининг дод-войларини эшитаётгандекман», деди.

«Қалбида иймон нур сочган банда, маърифат ҳосил қилибсан, лозим тут!» дедилар».

Ибн Абу Шайба ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифни Абдуллоҳ ибн Муборак, Абдурраззоқ, Табароний, Байҳақий раҳматуллоҳи алайҳимлар ҳам ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадиси шарифнинг қаҳрамони Ҳорис ибн Молик Ансорий розияллоҳу анҳуни мана шу ҳадисдан бошқа машҳур қиладиган ҳолат бормикан, деб ўйлаб, хотирамдан бошқа бирор нарса топа олмадим. Айтмоқчиманки, Ҳорис ибн Молик Ансорий розияллоҳу анҳу номлари тилларда достон бўлган машҳур соҳобийлардан эмас. У зот розияллоҳу анҳу оддий саҳобалардан бири бўлганлар. Аммо эришган мақомларига назар солинг-а!

Ҳорис ибн Молик Ансорий розияллоҳу анҳу Аллоҳ таоло томонидан ворид эриштирилган бандалардан биридир!

Ҳорис ибн Молик Ансорий розияллоҳу анҳу ҳақиқий мўминлардан биридир!

Ҳорис ибн Молик Ансорий розияллоҳу анҳу иймон ҳақиқатини тушуниб етган ва унинг ҳақиқатини яхши биладиган зотлардан биридир!

Ҳорис ибн Молик Ансорий розияллоҳу анҳу нафси дунёдан юз ўгирган зотлардан биридир!

Ҳорис ибн Молик Ансорий розияллоҳу анҳу кечаларни ибодат билан бедор ўтказадиган зотлардан биридир!

Ҳорис ибн Молик Ансорий розияллоҳу анҳу кундузларни рўза тутиб, оч-наҳор ва чанқаган ҳолда ўтказадиган зотлардан биридир!  

Ҳорис ибн Молик Ансорий розияллоҳу анҳу воридга эришганидан сўнг ибодатни янада кучайтириб боргач, Аллоҳ таоло уни ағёрларнинг қўлидан тортиб олган бандалардан биридир.

Ҳорис ибн Молик Ансорий розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг ёрдамида дунёнинг таъсир қилувчи нарсалари қуллигидан озод бўлган бандалардан биридир.

Ҳорис ибн Молик Ансорий розияллоҳу анҳу қалби ағёрлар ва дунёнинг таъсир қилувчи матоҳлари муҳаббатидан қутулиб, Аллоҳ таолонинг муҳаббати ила тўлган бандалардан биридир.

Шунинг учун ҳам Ҳорис ибн Молик Ансорий розияллоҳу анҳу худди Роббининг Аршига ҳисоб-китоб учун ошкор қилинганда назар солиб тургандек бўладиган даражага эришди.

Шунинг учун ҳам Ҳорис ибн Молик Ансорий розияллоҳу анҳу худди жаннат аҳлига жаннатда бир-бирларини зиёрат қилаётганларида назар солиб тургандек бўлиш даражасига эришди.

Шунинг учун ҳам Ҳорис ибн Молик Ансорий розияллоҳу анҳу худди дўхаз аҳлининг дод-войларини эшитаётгандек бўлиш даражасига эришди.

Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳорис ибн Молик Ансорий розияллоҳу анҳуни «қалбида иймон нур сочган банда» деб атадилар.

Албатта, бу жуда ҳам улуғ мақомдир. Аммо мўмин банда Аллоҳ таолонинг ёрдамида ўзи ҳаракат қилса, барча замонлар ва маконларда эриша олиши мумкин бўлган мақомдир. Бунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаси бўлиш асосий шарт эмас.

Мусулмонлик виждони ва сифатлари мавжуддир. Бошқа зарур нарсалар ҳам мавжуд. Аллоҳ таоло бандаларни эриштирадиган ворид доимо мавжуд. Бас, банданинг ўзида истак ва ҳаракат бўлса, қолганини Аллоҳ таоло беради. Ўйлаб кўрадиган бўлсак, Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти ўзини билган банда учун ворид бўлиши мумкин.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:

«Куфр келтирганларнинг юрт кезишлари сени алдаб қўймасин. Озгина матоҳ. Сўнгра жойлари жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон ётоқ!» (196-197-оятлар).

Кофирларнинг кибру ҳаво, дабдабаю тантана билан юрт кезишлари мўминларни хафа қилиб, нимага бундай бўлади, деган саволни кўнглига солиб, адаштириб, алдаб қўйиши мумкин. Ушбу оят мўминларга ана шундай алдовга берилиб қолмасликни тайинламоқда. Кейин эса бу юрт кезишлар вақтинчалик эканини тушунтириб:

«Озгина матоҳ», демоқда. Эҳтимол, улар бу дунёдан шундай керилиб, фахр қилган ҳолларида ўтиб кетарлар. Лекин, барибир у дунёда:

«Сўнгра жойлари жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон ётоқ!»

Ўзини билган мўмин бандага мана шу оятнинг ўзи етарлидир. Бу оят кўзни очишга ҳам, ҳойи ҳавас ва айшу ишратдан, бир сўз билан айтганда, ағёрлардан қочишга ҳам, ўзини ибодатга уришга ҳам етарлидир.

Энди «асарлар» қуллигидан озод бўлиш борасида ҳам икки оғиз сўз юритайлик. Аввалги сатрларда «асарлар»дан мурод инсон яшаб турган муҳитдаги унга таъсир қилувчи омиллар эканини билиб олдик. Ҳозирда табиат ҳодисалари турли сабабларга кўра кишиларга кўпроқ таъсир қилувчи омил бўлиб кўринмоқда.

Сўнгги пайтларда ҳавонинг ўзгариши, зилзилалар, бўронлар, сел ва тошқинлар, ҳаддан ташқари иссиқ ёки совуқ, қурғоқчилик каби ҳолатлар ҳақида гап кўпайди. Баъзи тарафлар ва тузумлар табиатни тиз чўктириш, об-ҳаво инжиқликларига қарамай, ўз мақсадига эришиш, табиий кучларни ўзига бўйсундириш ҳақида сафсата сотдилар.

Оқибатда экологик фожиалар, озон қатламининг бузилиши, глобал иссиқлик ва бошқа муаммолар пайдо бўлди. Асарларнинг ёмон таъсирлари кўпайди ва кўпайиб бормоқда. Одамларнинг мазкур таъсирларга бўлган аҳамияти қучайгандан кучайиб бормоқда. Мазкур таъсир қилувчи табиий омилларни ўрганишга бошқа нарсалардан кўра кўпроқ ақл, илм, куч-қувват ва мол-дунё сарфланмоқда.

Аммо ўша таъсир қилувчи табиий омилларни яратган Зот, уларга таъсир қилиш кучини берган Зот, уларни бошқариб турган Зот – Аллоҳ таолодан узоқлашиш, ғойиб бўлиш давом этмоқда. Аллоҳ таоло барча нарсага қодир эканидан ғофил бўлиш чуқурлашиб бормоқда.

Ушбу катта хатони мусулмонлардан бошқалар англаши қийиндир. Мусулмонларда эса бу ғафлатдан қутулиб, ҳар бир нарсани ўз жойига қўйиш учун Аллоҳ таоло тарафидан ворид бордир. Ўша ворид Қуръони Каримнинг оятларида бордир.

Аллоҳ таоло Мулк сурасида марҳамат қилади:

«Осмондаги Зот сизларни изтиробда ҳаракатланиб турган ерга юттириб юборишидан омонда бўлдингизми?» (16-оятлар)

Азоб фақат ер ютиши билан эмас, балки бошқа нарсалар билан ҳам бўлади. Бунга келгуси оятлар далилдир.

«Ёки осмондаги Зот сизларга тошли бўрон юборишидан омонда бўлдингизми? Бас, албатта, огоҳлантириш қандай бўлишини биласизлар» (17-оят).

Бу оятда Аллоҳ таоло бандаларга Ўзининг азобини, мисол учун, худди Лут қавмига юборгандек, хоҳласа, майда тошларни учириб келувчи шиддатли азоб шамолини юбориши мумкинлигини эслатяпти. Агар шундай қилса, ҳеч ким қочиб қутула олмайди.

Аслини олганда ўша зилзилалар, бўронлар, сел ва тошқинлар, ҳаддан ташқари иссиқ ёки совуқ, қурғоқчилик каби ҳолатларда ўзини билган банда учун қалб кўзини очувчи ворид бордир. Аммо ўзини билмаганлар мазкур зилзилалар, бўронлар, сел ва тошқинлар, ҳаддан ташқари иссиқ ёки совуқ, қурғоқчилик каби ҳолатлардан ҳам ўзига ибрат олмайди, балки тескари хулоса чиқаради.

Чет элларга қилган зиёратларимиздан бирида мезбонларимиздан бири ўз юртида содир бўлган қаттиқ зилзила ҳақида ўта даҳшатли гапларни гапирди. Нобуд бўлган жонлар, моллар ва масканлар ҳақида муболағали гапларни айтди. Мен мезбон жанобнинг хулосасини кутдим. Ниҳоят, у қиссасини тугатиб, хулосага ўтди. Ул жанобнинг хулосаси қандай бўлди, дейсизми? Унинг хулосаси қуйидагича бўлди:

«Ўша даҳшатли зилзила бўлган куни шаҳар ўйингоҳида Америка футболи бўйича ўйин бор эди. Ўйинга келган томошабинлар саломат қолди. Кўрдингизми, футболнинг хислатини?!»

Мана буни асарларга асир бўлиб, асарларнинг ҳақиқий Таъсир кўрсатувчисини – Аллоҳ таолони мутлақо унутиш дейилади.

Мана буни асарларнинг таъсири остида қалбини моғор босиб, қалб кўзи кўр бўлиб, ўзини ва унга таъсир қилган асарларни кўра олмай қолиш дейилади.

Ўз-ўзидан уларнинг бу ҳолати Нуҳ алайҳиссалом ва у зотнинг нобакор ўғли ҳақидаги Қуръони Карим келтирган қиссани хотирга келтиради.

Нуҳ алайҳиссалом узоқ вақт – эллик санаси кам минг йил даъват қилишларига қарамай, саркаш қавмнинг озгинасидан бошқаси иймонга келмади. Шу сабабдан бу тузалмас дардисарларни дунё танасидан бутунлай кесиб ташлаш учун Аллоҳ таоло уларнинг ҳаммасини ғарқ этишни ирода қилди.

«Ва у: «Унга: «Унинг юриши ҳам, туриши ҳам Аллоҳнинг номи ила», дея мининглар. Албатта, Роббим ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир», деди» (41-оят).

Яъни Нуҳ алайҳиссалом тўфон бошланганида, ўзлари билан олишлари керак бўлганларга қараб:

«Унга: «Унинг юриши ҳам, туриши ҳам Аллоҳнинг номи ила», дея мининглар», дедилар.

Кеманинг ҳар бир лаҳзаси Аллоҳнинг риояси ва ҳимояси остида бўлишига ишора тарзида айтилган гап. Яъни «Қўрқманглар, қанчалик катта ва даҳшатли тўфон бўлса ҳам, бу кемага зарар қилмайди. Аллоҳ таолонинг Ўзи уни сақлашни зиммасига олган», демоқдалар.

«Албатта, Роббим ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир», деди».

Яъни «Аллоҳ кофирларни ғарқ қилиб, бутунлай йўқ қилиб юбораётган бўлса ҳам, У Зотнинг мағфират қилувчилик ва раҳмлилик сифатлари барқарор, У бизларни – кемага чиқадиганларни мағфират қилади ва бизга раҳм кўрсатади», дедилар.

«Ва у (кема) уларни тоғлардек тўлқинда олиб кетаётганида Нуҳ бир четда турган ўғлига: «Эй ўғлим, биз билан бирга мингин, кофирлар билан бирга бўлмагин!» дея нидо қилди» (42-оят).

Тўфон даҳшатли тус олиб келарди. Нуҳ алайҳиссалом ва шериклари нажот кемасига минганларидан сўнг, у кема уларни тоғлардек бўлиб мавж ураётган тўлқинлар устида олиб кета бошлади. Шу пайт Нуҳ алайҳиссалом ўғилларидан бирининг бир четда ажралиб турганини кўрдилар. Даҳшатли тўфондан-да оталик меҳрлари устун келиб:

«Нуҳ бир четда турган ўғлига: «Эй ўғлим, биз билан бирга мингин, кофирлар билан бирга бўлмагин!» дея нидо қилди».

Аммо оқпадар ўғил ёшлик ғурури ила жавоб бериб:

 «У: «Тоққа жойлашиб олсам, мени сувдан сақлайди», деди. У эса: «Бугун Аллоҳнинг амридан сақловчи йўқдир. Кимни раҳм қилсагина, мустасно», деди. Шунда ораларини тўлқин тўсди ва у ғарқ бўлганлардан бўлди» (43-оят).

Кофир бўлгандан кейин қийин экан. Улуғ пайғамбар бўлмиш отанинг гапини эшитиб туриб ҳам, бостириб келаётган даҳшатли тўфонни кўриб туриб ҳам:

«Тоққа жойлашиб олсам, мени сувдан сақлайди», деди».

Кофир ўзи ўрганиб қолган тор доирада ўйлайди. Аллоҳнинг амри келганда одатдаги сабаблар иш бермай қўйишини хаёлига ҳам келтира олмайди. Аммо бу ҳақиқатни яхши англаган Нуҳ алайҳиссалом эса яна оталик меҳри ила ўғилларининг қалбига мазкур ҳақиқатни солишга ҳаракат қилиб:

«Бугун Аллоҳнинг амридан сақловчи йўқдир. Кимни раҳм қилсагина, мустасно», деди».

Аллоҳнинг азоби келгандан кейин, ҳеч кимни ҳеч нарса қутқара олмайди. Тоғу тош ҳам, ундан бошқаси ҳам. Кофирларни тўфон балоси ила ҳалок этишга Аллоҳнинг иродаси кетган. Уларнинг бирортасини ҳам ҳеч ким, ҳеч нарса қутқара олмайди. Илло, Аллоҳ Ўзи раҳм қилган бандаларини нажот кемасида қутқариб қолишни ҳам ирода қилган. Ота-боланинг суҳбати шу ерга етганда,

«...ораларини тўлқин тўсди ва у ғарқ бўлганлардан бўлди».

Бошқа кофирларнинг барчасини ғарқ қилганидек, уни ҳам тўфон балоси олиб кетди.

Ўша нобакорларнинг ҳолига тушиб қолмаслик учун банда Аллоҳ таоло унга етказган вориднинг кетидан зикр ва тоат-ибодатни кўпайтира бориб, Аллоҳ таоло уни ағёрлар қўлидан тортиб олиши учун ва ўзи асарлар қуллигидан озод бўлиши учун ҳаракатда бўлади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Ҳислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)