6709 17.04.2017

Юмуш билан бир киракаш машинага ўтирдим. Ҳайдовчи тўлиб турган эканми, ҳали нафасимни ростламай туриб юрагидагиларни тўкиб сола бошлади:

– Уч кун олдин машинамга бири ўрта ёшдаги, иккинчиси ёшроқ жувон – икки аёл ўтирди. Каттаси сипороқ кийинган экан-у, аммо кичигининг кўйлаги мени тамоман лол қолдирди. Енги йўқ, ёқаси очиқ, ўзи ниҳоятда ҳарирлигидан ичкаридаги сийнабандию кўксидаги ҳуснбузарларигача бемалол кўриниб турар, бунинг устига ўзи ҳомиладор ҳам эди. Иккови атирни мўл ишлатганидан салонда нафас олиш қийинлашиб, бошим айланиб кетди. Бу қадар беҳаёликдан ўзимни тутиб туролмай, каттасига нимадир дегим келди:

– Кеннойи, ёнингиздаги қизингизми?

– Йўқ, келиним, аёллар консультациясига олиб кетяпман. Нимайди?

– Шунчаки сўрадим, кийинишлари жа рисоладан чиқиб кетган экан?

– Ҳой шопир, йўлингга қара, энди ақл ўргатмаган бир сен қолувдинг... Қонимни қайнатиб нима қиласан? Қанақа кийинтириш бу менинг ишим, санга оғирлиги тушмасин...

Бу “қалампирли” суҳбатдан кейин иккови машинамдан тушиб кетди. Аммо кўнгилсизликнинг оғриғи аначагача тинчлик бермай қийнади.

Мана бу эса Тошкент шаҳридаги маҳалла оқсоқолларидан бирининг гапи: “Маҳаллада турадиган бир йигит маслаҳат сўраб келиб қолди. Нима эмиш, отаси келинига кўз олайтираётганмиш, тагдор гаплар қилиб ҳоли-жонига қўймаётган эмиш. Йигит ишдалигида бир неча бор беҳаё сўзлар билан келинига тегажаклик қилибди, гоҳ ширин гапириб, гоҳ пўписа билан ишратга чорлашга уринибди. Анчагача номус қилиб, турмушини ўйлаб, “сир”ни яшириб келган келин иш жиддийлашганидан кейин ҳаммасини эрига айтиб берибди. Йигит эса нима қилишини билмай боши қотиб, менга юрагини ёрган экан.

Олдинига йигитга раҳмим келди. Кейин эса боплаб таъзирини бериб қўйишдан ўзимни тия олмадим: “Менга қара, болам, ҳаммасига ўзларинг айбдорсан. Хотининг дадангнинг олдида очиқ-сочиқ, сочини силкиллатиб тинмай ўтиб турса, қайнота-келин қучоқлашиб-ўпишиб кўришишдан ҳазар қилмаса, буларни кўриб-билиб туриб ҳам ҳамиятинг қўзимаса, ҳар бало бўлади-да! Ўғил бўлиб, сўққабош отангни бир йил бўлсаям уйлатиб қўйишни ўйламасанг, норғул эркак киши чидай олармиди?! Бунинг устига шайтон ҳам бекор ўтирмагандир, ахир?”

Энди наманганлик кекса бир муаллиманинг мана бу сўзларига қулоқ солинг: “Сир эмас, айрим хонадонларда ёш келинлар қариндош эркаклар, куёвнинг дўстлари, қўни-қўшни ҳузурида бадани кўриниб турадиган ҳарир либосларда, кўкси очиқ, енгсиз кўйлакларда, хушбўй атирларга «чўмилиб» бемалол юришаверади, ҳатто бир дастурхон атрофида ўтиришаверади. Эшитишимча, қайнота ва келинлар қучоқлашиб, ўпишиб кўришадиган хонадонлар ҳам бор эмиш. Ахир, «шайтон ҳамиша ҳамроҳ» деганларидай, табиатан қизиққон, эҳтиросли ўзбек эркаклар бундай ҳолатлар олдида ўз ҳис-туйғуларини жиловлай олишлари мушкул-ку!”.

Бундай кўнгилсиз воқеаларнинг бугунги кунимиздаги нохуш манзарага айланиб бораётгани кўпчиликка сир эмас. Лекин бизлардаги “менга нима”, “бошқалар билан нима ишим бор” қабилидаги лоқайдликлар, юқоридаги каби ахлоқсизликларни кўриб ҳам индамай кўз юмиб кетишларимиз, фарзандлар тарбиясини ўз ҳолига, “либерал” муаллимлар ва ўзлари ҳаёдан йироқ “мураббий”ларга ташлаб қўйганимиз туфайли миллатнинг кийинишидаги бу қадар бузилишлар, Ғарбга тақлид қилишлар тобора хатарли тус олиб боряпти.

Бу борада телевидение, интернет ҳам, тинмай беҳаёликни тарғиб қилаётган сериаллар, газет-журнал ва китоблар ҳам яхшигина “хизмат” қилиб, ўз ҳиссасини қўшяпти. Ёшларнинг ахлоқига нисабатан бефарқлигимиз қимматга тушмоқда. Коллеж ва лицей талабаларидан аксариятининг қўл телефонларида беҳаё тасвирлар ва фильмларнинг борлиги, кўплаб қизларнинг тўйгача бокираликни номаҳрамларга “топшириб” қўяётганлари ҳам ана шу ахлоқсизликларнинг аччиқ мевасидир. Ёш қизларнинг турмуш қурмай туриб туғиб қўйишлари, отанинг ўз қизига, аканинг синглисига, қайнотанинг келинига шаҳватини қондириш мақсадида “кўз олайтириши” каби қабиҳ ҳодисалар ҳам ахлоқ борасидаги хато-камчиликларимизнинг аянчли натижасидир. Бу ахлоқсизликларнинг келиб чиқишига кўп жиҳатдан қизларимизнинг очиқ-сочиқ юришлари, беҳаёларча кийинишлари сабаб бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Маҳалла оқсоқоллари, хотин-қизлар шўъбаларининг фаолалари миллий кийимдаги сипо ва ҳаёли, иффатини сақлаш учун рўмол ўраган қизларни таъқиб қилиш ва “таъзирини бериш” ўрнига беҳаёларча кийинаётган, ғарбдагиларга тақлидан очиқ-сочиқ ҳолда калта иштонигача кўрсатиб юрган, пардоз-андози, иффатсизлиги билан ҳатто ажнабийларни ҳам бир чўқишда қочираётган “қиз”ларга нисбатан тарбиявий чоралар кўришса, юқоридаги каби расвогарчиликлар юз бермаган бўлармиди!

Фарзандлар тарбиясидаги камчиликлар, улардан кўпларининг кийиниш борасидаги исломий талаблардан бехабарлиги, айниқса қизларнинг кийинишда сериалларнинг қаҳрамонларига, ажнабий модапарастларга тақлид қилишлари, беҳаёларча очиқ-сочиқлик жамиятда катта бузғунчилик ва муаммоларни келтириб чиқараётгани ҳақида ҳамма ташвишланиб гапирмоқда. Бу ишнинг масъуллари бўлмиш  ота-оналар, муаллим ва мураббийлар, ҳуқуқ органлари, маҳалла фаолларининг тинчини бузиб, бошини қотираётган “ахлоқсизлик муаммоси”нинг ечимини ҳар ким ўзича ахтаряптию, лекин ҳеч ким бунинг асл сабабларини аниқлашни истамаяпти. Бу нохуш ҳолатнинг асл сабаблари бутунлай бошқа ёқда: асрлар бўйи инсонларни ахлоқ ва инсоф, ҳаё ва иффат доирасида тутиб келган дин билан қўрқитишнинг кучайиб кетганига,  даҳрийлик замонининг динни ёмонотлиқ қилишдаги “ўрта аср қолоқлигига бошлаши”, “аёлларни хўрлаб, ҳуқуқлардан маҳрум қилгани”, “рўмолга киритиб, тўрт девор ичига қамаб қўйиши” каби сафсаталари исканжасидан ҳамон чиқиб кета олинмаётганига бориб тақалади. Ваҳоланки, динимиз аёлнинг қадри ва шаънини, ахлоқи ва иффатини энг қаттиқ ҳимоя қилувчи таълимотдир. Ислом дини “Аёл киши эри учун ўзини сақлаши лозим” деб таълим беради. Аллоҳ таоло Ўз Китобида шундай дейди: «Уйингизда қарор топинг,   жоҳилиятнинг олдинги очиқ-сочиқлиги каби очиқ-сочиқ юрманг» (Аҳзоб сураси, 33-оят).

Минг афсуски, бугунги аёлларимизнинг кийинишларидаги қусурлар Исломдан аввалги жоҳилият замонини эслатиб юборяпти. У пайтда аёллар очиқ-сочиқ, ясан-тусан қилиб, эркаклар эътиборини  тортишга интилишарди. Улар иффат ва шарм-ҳаё билан кийинишни билишмас, чиройларини кўз-кўз қилишда ўзаро мусобақалашишар, соч ўримларини, бўйинларини, томоқларини, қулоқларидаги тақинчоқларини, ҳатто кўксиларини очиб юришар эди. Ўзларини “бозорга солиб”, таналари ва зеб-зийнатларини кўз-кўз қилишга уринишарди. Шу боис Ислом дини биринчи кунларданоқ аёлларни бундан қайтариб, кийинишда ахлоқ ва иффатга риоя этишга буюрди. Пайғамбар алайҳиссалом «Яланғоч бўлишдан сақланинглар, чунки фақат қазои ҳожат ва аҳлига яқинлашиш пайтидагина ажраладиган зотлар (яъни фаришталар) сизлар билан доимо биргадир», деб таълим бердилар (Термизий ривояти). Бошқа бир ривоятда эса, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўз хотининг ва чўрингдан бошқасидан авратингни беркит”, дедилар. Бир киши “Эй Аллоҳнинг Расули, агар бир киши ўзи холи бўлса-чи?” деб сўраганида у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таборака ва таоло Ундан ҳаё қилишга ҳақлироқдир”, дедилар» (Ибн Можа ривояти).

 Муслима аёлга баданини номаҳрам эркаклардан тўсиб юриш Аллоҳ томонидан буюрилган. Мўмина-муслималар ўз шарафларини сақлаш учун Аллоҳнинг амрига итоат этиб, авратларини номаҳрам эркаклардан беркитишлари шарт. Бунинг учун эса муслима юзи ва икки кафтидан бошқа бутун танасини тўсиб турадиган кийим киймоғи лозим. Шунингдек, кийим юпқа, баданга ёпишган ва тор бўлмаслиги ҳам зарур. Умуман, аёлларнинг либоси номаҳрам эркакларнинг эътиборини жалб қилмайдиган даражада бўлиши керак.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда ривоят қилинишича, ҳазрати Оишанинг опалари Асмо бинти Абу Бакр унинг олдига   юпқа кийим билан кирганида у ерда ўтирган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларини ўгириб олганлар ва: «Эй Асмо, аёл киши ҳайз кўрадиган бўлганидан кейин ундан мана бу ва мана бундан бошқа жойи кўринмаслиги керак», деб, икки кафтлари ва юзларига ишора қилганлар. Ҳанафий мазҳаби уламолари аёл кишига юз ва кафтларини очиб юришга изн беришар экан, юз ва қўлни зийнатламай, табиий ҳолда тутишни шарт қилиб қўйишади.  Аёлларнинг кийинишлари, зеб-зийнатлари номаҳрам – бегона эркакларнинг кўзини ўйнатишга, шаҳвоний ҳисларини қўзғашга, фитна чиқишига ва зинога йўл очилишига сабаб бўлмаслиги керак.  

 Жамиятда зино ва бошқа бузуқликларнинг пайини қирқиш учун аёлларнинг иффатли кийинишлари ва ўзларини тутишларини жорий қилиш зарур бўлади. Жамиятдаги ахлоқ, одоб, маънавият кўп жиҳатдан қизларнинг иффатига, ҳаёсига, маънавиятига боғлиқ. У эртага она бўлади, фарзандлар тарбиясига масъул шахсга айланади, бир хонадонга бекалик қилади. Агар унинг ўзи беҳаё, расво, ахлоқсиз бўлса, у тарбиялаган боладан нимани ҳам кутиш мумкин?   Баъзи аёллар номаҳрамлар эътиборини тортиш учун қўлидан келган-келмаган барча ясан-тусанни қилади, ўзида бўлмаса, қўшнисидан олиб бўлса ҳам тақинчоқ тақишга, кийим кийишга интилади. Уйда, эри ҳузурида эса бир аҳволда бўлиб юради. Аслида эса бунинг акси бўлиши, аёл бегоналар кўзидан ўзини асраб, бор гўзаллигини, иффатини эрига намойиш қилиши керак.   

Хотин-қизларимизнинг очиқ-сочиқ юришлари, кийинишда динимиз талабларидан бутунлай четга чиқиб кетганлари катта, тузатиб бўлмас мусибатларга сабаб бўлаётир. Охирги вақтда аёлларнинг баданларини очиб юришлари нафақат зинога, балки эркакларнинг жинсий заифлигига сабаб бўлаётгани ҳақида мутахассислар ташвиш билан жар солишяпти. Шунингдек баданни очиб юриш туфайли, айниқса, серқуёш ўлкаларда аёллар кўкрак саратони каби турли касалликларга чалинаётганлари ҳақида бонг ураётганлар ҳам кўп. Хайриятки, бу ҳақиқатни аёлларимизнинг ўзлари ҳам тушуна бошлашди.  

Ўтказилган сўровларга кўра, аксарият қизларимиз кийинишда, ўзини тузашда, пардоз-андозда асосан ғарбдаги урф-одатлардан андоза олишармиш. Ҳали ҳаёт тажрибасига эга бўлмаган ғўр ва билими ҳаминқадар қизларимизнинг “Ойнаи жаҳон” орқали тинимсиз берилаётган сериалларнинг қаҳрамонлари, ёмғирдан кейинги қўзиқорин каби потирлаб чиқаётган “эстрада юлдузлари”, ажнабийларча ҳаёт тарзини танлаган айрим “замонавий” хонимларнинг туриш-турмушига, кийинишига тақлид қилишаётгани аянчлидир. Агар қизлар ўзлари ҳавас қилаётган ўша хонимчаларнинг ахлоқи энг тубан, ўзлари бузуқлик муаммолари қаршисида бошларини қаёққа уришни билолмай ҳасратда юришганини билганларида уларга асло эргашмаган бўлишарди. Сўзимнинг қуруқ бўлмаслиги учун бир-икки мисол келтириб ўтсам.

“Эскилик сарқити” дея диндан, ахлоқдан, ҳаё ва иффатдан воз кечган, шайтон васвасасига учиб, фаҳш ишларга эрк бериб юборган ғарб дунёси бугун ана шу йўқотишларининг кулфатини надомат билан чекиб ётибди. Ҳаммаёқни фаҳш китоб-журналлар, расм ва филмлар босиб кетган. Ахлоқ, оила, ҳаё, муҳаббат, садоқат деган  тушунчалар поймол бўлган. Беҳаёлик, бузуқлик, фоҳишабозлик, бесоқолбозлик ва бошқа фаҳш ишлар авжига минган. Инсонлар ҳайвоний ҳирс домидан чиқолмай ҳайрон. Бунинг оқибатида ёш-ёш  қиз-жувонлар бир ҳовуч бузуқ пулдорларнинг эрмаги, кўнгил хуши, ҳирсини қондириш манбаига айлантирилган. Эрсиз аёллар, отасиз болалар, эрта туғиб қўйишлар, сон-саноқсиз аёлларнинг танфурушликни  касб қилиб олишлари, ёш-ёш қизчаларнинг бегоналар томонидан, ҳатто (астағфируллоҳ!) ўз оталари, акалари, қариндошлари томонидан зўрланиши ана шу беҳаёлик, бузуқлик, шармандаликларнинг аччиқ мевасидир. Бу фожиаларни тўхтатишга, изга солишга ҳар қандай ҳокимиятлар ҳам, қонунлар ва ҳуқуқий идоралар ҳам, сиёсий арбоблар ва олимлар қодир бўла олишмаяпти.   

Энди Олмонияда таҳсил олаётган Шоҳида исмли талаба қизнинг сайтимизга ёзган алам тўла мактубидан бир парча келтирамиз: “Олмонияга янги борганимда ёшлар ўтиришида бошланган ўйинда йигит-қизларнинг мусобақада қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун жарима тарзида кийимларини бирин-кетин ечиб ташлашаётганини кўриб, “оҳ” тортиб юборгандим. Ўйин шартларига кўра, ким бунда кўпроқ жонбозлик кўрсатса, ўша ғолиб бўларкан. Мусобақа ниҳоясига бориб, унинг деярли барча қатнашчилари фақат калта иштонда қолишди. Калта иштонларини ҳам ечиб ташлашмаганига шукр... Гоҳо бирорта талаба қиз ёки йигит ғирт маст бўлиб олади-да, бутун ётоқхона бўйлаб шир яланғоч ҳолда югуриб қолади. Бундай беҳаёликка Олмонияда ҳам, Швейцарияда ҳам кўп марта гувоҳ бўлдим. Соддалигимга бориб, қўшни дугоналаримнинг бироз “томи кетган” биридан: “Кўчада қип-яланғоч юришни тақиқлайдиган қонун йўқми?” деб сўрасам, у тутоқиб кетиб: “Сан Ўзбекистонингда ёки ислом давлатида эмассан! Аллақачон кўникиш керак эди!” деб бобиллади. Лейпциг шаҳридаги тил ўрганиш курсида ўқиётганимда кўл бўйига саёҳатга чиқдик. “Олмониядаги қумлоқларнинг (пляж) деярли ярми ёввойи пляж мақомида” деб огоҳлантиришди. Маълум бўлишича, бундай пляжларда одамлар шир яланғоч ҳолда чўмилишаркан. Мен Олмониянинг ҳамма аралаш ҳолда, ҳатто ёш болалари билан қип-яланғоч ҳолда чўмилишадиган ҳаммомлари ҳақида гапириб ҳам ўтирмайман. Бу ҳақда немисларнинг ўзлари сўзлаб беришди ва “Бунинг нимаси ёмон?” дея таажжубга ҳам тушишди. Бундай ҳолатлар аллақачон замонавий Оврупа маданиятининг ажралмас қисмига айланиб бўлганини тушунганимдан кейин булар мени даҳшатга ҳам солмай қўйди...”

Бундай мисоллар тўлиб-тошиб ётибди, уларга эътироз билдириш ҳам қийин. Энди бу муаммони ҳал этишнинг исломий йўли қолди, холос. Ғарб оламига тақлид қилиб, кийинишда ўзини “бузиб-ёраётган” аёл-қизларимизнинг ўзлари ҳам, уларнинг кийинишига (йўқ, аслида ечинишига) томошабин бўлиб турган ота-оналари ҳам, бир вақтлар ёшларга насиҳат қилиб, ўз ибрати билан беҳаёликлардан қайтарган, эндиликда эса ўз ҳузурида ўпишиб турганларни кўриб ҳам сукутни афзал кўраётган кекса отахон-онахонлар ҳам, бор куч-ҳаракатини йигит-қизларни фаҳш-бузуқликлардан, кийинишдаги, ахлоқдаги ҳаёсизликлардан қайтаришга эмас, “рўмолли қизлар сонини камайтириш”га сарфлаётган мураббий ва фаолалар ҳам, ҳуқуқ-тартибот ходимлари ҳам ана шу кулфатнинг асл сабабларини ўрганиб, ҳаё пардасининг кун сайин йиртилиб бориши олдини олишга асосий эътиборни қаратишса, яхшироқ ва тўғрироқ бўларди.

Аҳмад МУҲАММАД.