1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Йиғлашнинг сабаблари, тўсиқлари ва пайдо қилиш йўллари

05:00 / 14.03.2017 4755 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Йиғи инсон табиатининг ажралмас қисмидир. Имом Қуртубий Аллоҳ таолонинг "Албатта, кулдирган ҳам, йиғлатган ҳам Унинг ўзидир" оятининг тафсирида шундай дейди: "Кулиш ва йиғлаш сабабларини пайдо қилган Унинг Ўзидир. Ато ибн Абу Муслим ушбу оят тафсирида: "Ҳурсанд қилган ҳам, хафа қилган ҳам Унинг Ўзидир. Чунки, ҳурсандчилик кулгини, хафалик эса йиғини келтириб чиқаради", деган".

Йиғи, юқорида атганимиздек, инсон табиатининг ажралмас бир қисми бўлгани учун ҳам кўпчилик одамлар мусибат етган пайтда ўзларини йиғидан тўхтатишга кучлари етмайди. Албатта, йиғи бундай пайтларда мубоҳ саналади, модомики унга Аллоҳнинг қазои қадарига нисбатан норозилик маънолари қўшилмаса. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Дарҳақиқат, Аллоҳ бандасини кўз ёши тўккани учун ёки қалби маҳзун бўлгани учун азобламайди. Лекин мана бу нарса сабабли азоблайди ё раҳим қилади, деб тилларига ишора қилдилар". Бухорий ва Муслим ривояти.
Йиғининг турлари ва энг рост йиғи

Язид ибн Майсара раҳимаҳуллоҳ дедилар: "Йиғи еттита нарса сабабидан бўлади: ҳурсандчиликдан, хафаликдан, қўрқувдан, оғриқдан, ташаккурдан, Аллоҳдан қўрқиб. Мана шу охирги йиғининг бир томчичси денгизлардек дўзах оловини ўчиради".
Ибн Қайюм раҳимаҳуллоҳ ўзининг "Зодул маод" деган китобида йиғининг қуйидаги ўн тури борлигини қайд этган:
1.Хавф ва қўрқинчдан йиғлаш.
2.Меҳр-шафқат ва кўнгил бўшлигидан йиғлаш.
3.Муҳаббат ва кучли шавқ (соғинч) натижасида йиғлаш.
4.Шодлик ва ўта ҳурсандчиликдан йиғлаш.
5.Оғриқ ва аламларга чидолмай йиғлаш.
6.Маҳзунликдан (хафаликдан) йиғлаш.
Бу йиғи билан юқоридаги хавф йиғисининг ўртасида фарқ бор. Маҳзунлик йиғиси бирорта ёқимсиз иш содир бўлганда ёки киши яқинини йўқотганда пайдо бўлса, хавф йиғиси энди содир бўлиши кутилаётган бирор ёқимсиз ҳодиса туфайли келиб чиқади. Ҳурсандчилик билан хафаликнинг йиғиси ҳам фарқ қилади. Ҳурсандчиликдан келган кўз ёши совуқ, қалб ҳам кўтаринки кайфиятда бўлади. Хафалик кўз ёши эса иссиқ, қалб тушкун кайфиятда бўлади. Шунинг учун араблар ҳурсандчиликдан тўкилган кўз ёшини "қуррату айн" дейишса, хафаликдан тўкилган кўз ёшини "сахинату айн" дейишади.
7.Тинкаси қуриган ва заиф, нотавон кишининг йиғиси.
8.Мунофиқона йиғлаш.
Бунда кўз ёш тўкади-ю, қалб қаттиқ, ҳиссиз ва таъсирланмаган ҳолатда бўлади. Бу йиғининг хўжакўрсинга йиғлаш деган номи ҳам бор.
9. Азада ёлланган аёлнинг йиғиси.
Бирор киши ҳеч кими йўқлигидан ёки кишиларга кўз-кўз қилиш мақсадида отаси ёки бирор яқин кишиси вафот этса бир нечта аёлларни йиғлаб беришлари учун пулга ёллайди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бундай аёллар ҳақида: "Бировнинг мусибати учун йиғлаб, кўз ёшларини сотадиган аёл" деган эканлар.
10. Бировлар йиғлаётгани учун уларга қўшилиб йиғлаш.
Мисол учун, бир одам кишиларнинг йиғлаётганини кўриб қолди. У ҳам ўшаларга қўшилишиб, биргаликда йиғлайди. Аммо нима учун йиғлаётганини ўзи билмайди. Улар қанча йиғласалар, бу одам ҳам шунча йиғлайверади.
Бундан ташқари қуйидаги йиғи турлари ҳам бор:
Аллоҳдан қўрқиб йиғлаш.
Бу - йиғиларнинг энг тўғриси, улуғи ва рости бўлиб, Аллоҳдан қўрқувчи ҳамда титровчи қалбнинг энг кучли таржимонидир.

Ёлғондан йиғлаш. 
Йиғи гоҳида йиғлаётган кишининг ростгўйлигига далил бўлса, гоҳида ундай бўлмайди. Зеро, Қуръони каримдаги Юсуф алайҳиссаломнинг акаларининг қиссасида уларнинг ёлғондан йиғлаганларини Аллоҳ таоло қуйидагича хабарини беради:
"Оталари ҳузурига оқшом пайтида йиғлаб келишди" (Юсуф, 16). Мана шу оятга биноан бирор масалада тортишиб, хусуматлашаётганлардан бирининг йиғиси ҳукмни унинг фойдасига ҳал этиш учун асос бўла олмайди.
Гуноҳ йиғи. 
Кофир ёки очиқ-ойдин фожирлик қилувчи кишининг вафоти учун йиғлаган киши гуноҳкор бўлади.
Аллоҳдан қўрқиб йиғлашнинг фазилати
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: "Улар (суҳбат асносида) бир-бирларига қараб, савол-жавоб қилишур. Айтурлар: "Ҳақиқатан, бизлар илгари (дунёда) оиламиз орасида (Аллоҳ азобидан) қўрқувчи эдик. Мана, Аллоҳ бизларни мамнун этди ва бизларни "самум" (дўзах шамоли)дан сақлади. Дарҳақиқат, бизлар илгари (дунёда) Унга дуо қилар эдик. Албатта, Унинг ўзи Барр (марҳаматли) ва Раҳим (раҳмли зот)дир" (Тур сураси, 25-28-оятлар).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган киши, то сут елинга қайтгунича, дўзахга кирмайди". Термизий ривояти.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Аллоҳнинг соясидан бошқа ҳеч қандай соя йўқ кунда У зот етти нафар тоифани Ўз соясида соялантиради. Булар: одил раҳбар, Аллоҳ таолонинг ибодатида ўсган йигит, қалби масжидларга боғлиқ киши, Аллоҳ йўлида бир-бирини яхши кўрган, У зот йўлида жамланиб, У зот йўлида ажралган икки киши, мансабдор ва чиройли аёл (зинога) чақирганда, "мен Аллоҳдан қўрқаман" деган киши, ўнг қўли берганини чап қўли билмайдиган даражада махфий садақа қилган киши ҳамда кимсасиз жойда Аллоҳни зикр қилиб, икки кўзидан ёш тўккан киши". Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Икки кўз борки, уларга дўзах ўти тегмайди. Булар: Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кўз ва Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилиб, бедор ҳолда тонг оттирган кўз". Термизий ривояти.
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Аллоҳга икки томчидан ва икки асар (оёқ изи) дан кўра севимли ҳеч нарса йўқ. Икки томчи: Аллоҳдан қўрқиб тўкилган кўз ёшининг томчиси ҳамда Аллоҳ йўлида тўкилган кўз ёшининг томчисидир. Икки асар (оёқ изи) эса: Аллоҳнинг йўлида босилган из ҳамда Аллоҳнинг фарзларидан бир фарзни адо этиш учун босилган из". Термизий ривояти.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо шундай дедилар: "Аллоҳдан қўрқиб кўз ёши тўкишим мен учун минг динорни садақа қилишимдан яхшироқдир".
Каъбул Аҳбор деди: "Аллоҳдан қўрқиб йиғлашим ва кўз ёшларимнинг юзимдан оқиб тушиши мен учун ўзимнинг оғирлигимдаги олтинни садақа қилишимдан яхшироқдир".
Фаришталарнинг аҳволлари
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломга дедилар: "Ним учун Микоилни ҳеч қачон кулганини кўрмайман?" Жаброил алайҳиссалом: "Дўзах яратилгандан бери Микоил кулмади" деб жавоб бердилар". Аҳмад ривояти.
Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Мени исро қилдирилган кеча Мала-ул Аъло (еттинчи осмондаги фаришталар макони)нинг ёнидан ўтиб кетаётсам Жаброил Аллоҳдан қўрққанидан чириб, титилиб кетган палосдек бўлиб қолибди". Табароний ривояти.

Пайғамбарларнинг йиғилари
Аллоҳ таоло Қуръони мажидда шундай деб марҳамат қилади: "Айнан ўшалар Одам зурриётидан (Идрис каби), Биз Нуҳ билан бирга (кемада) кўтариб (тўфон балосидан нажот берган) кишилардан (яъни уларнинг фарзандларидан), Иброҳим зурриётидан (Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб каби), Исроил (Яъқуб зурриётидан бўлган Мусо, Ҳорун, Закариё, Яҳё ва Исо каби) ва Биз ҳидоят қилган ва танлаб олган кишилардан бўлмиш Аллоҳ инъом этган пайғамбарлардир. Уларга қачон Раҳмон оятлари тиловат қилинса, сажда қилган ва йиғлаган ҳолларида ерга бош қўярлар" (Марям, 58).
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йиғлашлари
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Менга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Менга Қуръон ўқиб бер" дедилар. Мен: "Қуръон сизга нозил қилинган бўлса-ю, мен ўқиб берайми?" дедим. У зот: "Ўзимдан бошқа кишидан Қуръонни эшитишни ёқтираман" дедилар. Шунда мен У зотга Нисо сурасидан ўқиб бердим. "Ҳар бир умматдан (ўз пайғамбарини) гувоҳ сифатида келтирганимизда ва Сизни (эй, Муҳаммад!) уларга гувоҳ қилиб келтирганимизда, (уларнинг ҳоли) не кечур?!" оятига етганимда, "Ҳозирча шу етади" дедилар. У зотга ўгирилиб қарасам икки кўзларидан ёш дув-дув тўкиляпти". Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Ибн Баттол айтадилар: "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша куннинг аҳволини, ўз умматларига гувоҳ бўлишнинг оғирлигини, Аллоҳдан уларни шафоат қилишни сўрашларини ўйлаб йиғлаган эдилар. Албатта, бу нарсаларни ўйлаб йиғламасликнинг иложи йўқ".
Абдуллоҳ ибн Шахир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борсам, у зот намоз ўқиётган эканлар. Йиғлаганларидан қоринларида қозондаги сувнинг қайнашига ўхшаш овоз эшитилиб турарди". Аҳмад ва Насаий ривояти.
Убайд ибн Умайр раҳимаҳуллоҳ Оиша розияллоҳу анҳога дедилар: "Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўрган энг ажабли нарсангизни гапириб беринг. Оиша розияллоҳу анҳо бироз сукут қилдилар ва дедилар: "Бир куни кечаси У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Эй Оиша, мени ўз ҳолимга қўйиб бер, Роббимга ибодат қилайин" дедилар. Мен: "Аллоҳга қасамки, сизга ҳамда сизни ҳурсанд қиладиган нарсага яқин бўлишни яхши кўраман" дедим. Кейин У зот ўринларидан турдилар, таҳорат олдилар, намоз ўқий бошладилар. Тўхтамасдан йиғладилар, хатто бағрилари ҳўл бўлиб кетди. Ўтирганларида ҳам шунчалик тўхтамай йиғладиларки, соқоллари ҳам ҳўл бўлиб кетди. Яна йиғлашда давом этавердилар. Охир оқибат ер ҳам нам бўлиб кетди. Шу пайт Билол намозга азон айтгани келди. Қараса, У зот йиғлаяптилар. "Йиғлаяпсизми, эй Аллоҳнинг Расули? Ахир Аллоҳ сизнинг аввалги ва кейинги гуноҳларингизни кечирган-ку?!!" деди. Шунда У зот: "Кўп шукр қилувчи банда бўлмайинми?!! Бу кеча менга бир оят нозил қилинди. Уни ўқиб, тафаккур қилмаган кишига вайл бўлсин" дедиларда "Осмонлар ва Ернинг яратилишида, тун ва куннинг ўрин алмашиб туришида ақл эгалари учун аломатлар бордир" деб бошланадиган оятни тиловат қилдилар".
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари вафот этганда, У зот қабр тепасида ўтирган эдилар. Қарасам, икки кўзларидан ёш селдек қуйиляпти. "Бу кеча аёли билан яқинлик қилмаган ким бор" дедилар. Абу Талҳа: "Мен" деди. У зот унга: "Қабрга туш" дедилар. Абу Талҳа қабрга тушди ва марҳумани қабрга қўйди". Бухорий ривояти.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нинг бу йиғлашлари, албатта, фарзандларидан айрилганлари ҳамда умматларига меҳрибонликлари учундир.
Саҳобаларнинг йиғилари
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни шундай хутба қилдиларки, унақасини ҳеч эшитмаган эдим. У зот шундай дедилар: "Мен билган нарсани билганингизда эди, оз кулиб, кўп йиғлаган бўлардинглар". Шунда саҳобалар пиқир-пиқир қилиб йиғлаган ҳолда юзларини тўсиб олдилар". Бухорий ривояти.
Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Ушбу ҳадисдаги "билган нарса" дан мурод Аллоҳнинг азаматига, гуноҳкорлардан ўч олишига ҳамда ўлим пайтида, қабрда, қиёматда содир бўладиган даҳшатларга тегишли илмдир".
Усмон розияллоҳу анҳунинг мавлоси Ҳониъдан ривоят қилинади: "Агар Усмон розияллоҳу анҳу бирорта қабр олдида тўхтаса соқоли ҳўл бўлиб кетгунича йиғлар эди. У кишига: "Жаннат ва дўзахни эсласангиз йиғламайсиз-ку, нега қабрни кўриб йиғлаяпсиз?" дейилди. Шунда у зот: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: "Албатта, қабр охиратнинг биринчи манзилидир. Агар банда қабрда нажотга эришса, ундан кейинги манзиллар осонроқ бўлади. Агар қабрда нажотга эришолмаса, ундан кейинги борадиган жойлари қабрдан ҳам оғирроқ бўлади. Мен қабрдан кўра даҳшатлироқ ва қўрқинчлироқ жойни кўрмадим". Аҳмад, Термизий ва Ибн Можа ривоятлари.
Муоз розияллоҳу анҳу бир куни қаттиқ йиғладилар. Шунда у кишидан "Сизни нима бунчалик йиғлатди?" деб сўрашганида, у зот: "Аллоҳ азза ва жалла қиёмат куни бандаларини икки бўлакка ажратади. Бир бўлаги жаннатга, бир бўлаги дўзахга киритилади. Мен ўзимнинг қайси тоифага мансублигимни билмайман" деб жавоб бердилар.
Ҳасан розияллоҳу анҳу йиғладилар. Шунда у кишидан "Сизни нима йиғлатди?" деб сўрашганида, у зот: "Эртага Аллоҳ мени дўзахга улоқтириб, парво қилмай қўйишидан қўрқаман" дедилар.
Тамим Дорий розияллоҳу анҳу "Балки (куфр ва бошқа) гуноҳларни касб этганлар ўзларини имон келтириб, солиҳ амалларни қилган зотлар билан тенг қилишимизни ва ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам баробар деб ўйлагандирлар?! Қандай ҳам ёмон (ноҳақ) ҳукм қилурлар?!" оятини тонггача қайтардилар ва кўп йиғладилар.
Бир куни Ҳузайфа розияллоҳу анҳу қаттиқ йиғладилар. "Нега йиғлаяпсиз?" деб сўрашганида, "Ниамага қараб кетаётганимни билмайман. Аллоҳнинг ризоси сари кетяпманми ёки ғазаби сарими?!" деб жавоб бердилар.
Саъд отасидан ривоят қилади: "Бир куни Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуга таомлари олиб келинди. Шунда у зот: "Мусъаб ибн Умайр шаҳид қилинди. У мендан яхшироқ эди. Кафанлаш учун биргина кийимидан бошқа ҳеч нарса топилмади. Ҳамза ёки бошқа киши шаҳид қилинди. У мендан яхшироқ эди. Кафанлаш учун биргина кийимидан бошқа ҳеч нарса топилмади. Менга охиратда бериладиган барча неъматлар шу дунёнинг ўзида бериб қўйилдимикан деб қўрқяпман" дедилар-да, узоқ йиғладилар". Бухорий ривояти.
Саъд ибн Ахрам ривоят қилади: "Бир куни Ибн Масъуд билан кетаётган эдим. Темирчиларнинг ёнидан ўтиб қолдик. Улар темирни эндигина оловнинг ичидан чиқариб турган эдилар. Ибн Масъуд ҳалиги эриган темирга қараб туриб қолдилар-да, йиғладилар".
Албатта, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг бу йиғилари охиратдаги ишлар жиддийлигини, ҳисоб-китоб кутиб турганини, ҳеч бир каттаю кичик нарсани қолдирмай, ҳаммаси ҳисобга олинганини билганларидандир.
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу бир сафар Басрада одамларга хутба қилдилар. Хутбаларида дўзахни зикр қилдилар-да, қаттиқ йиғладилар. Хатто кўз ёшлари минбаргача оқиб тушди. Ўша ерда тўпланган барча одамлар қаттиқ йиғладилар.
Ибн Умар розияллоҳу анҳу "(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой!" оятини тиловат қилдилар. "Одамлар (бутун) оламлар Парвардигори ҳузурида (ҳисоб-китоб бериш учун) тик турадиган кунда?!" оятига етганларида қаттиқ йиғлаб, хушларидан кетиб қолдилар ва суранинг давомини ўқий олмадилар.
Нофеъ айтадилар: "Ибн Умар розияллоҳу анҳу агар "Имон келтирган зотлар учун диллари Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳақ (Қуръон)га мойил бўлиш (вақти) келмадими?!" оятини ўқисалар йиғидан ўзларини тўхтата олмас эдилар".
Масруқ раҳимаҳуллоҳ дейдилар: "Мен Оиша розияллоҳу анҳога "Мана, Аллоҳ бизларни мамнун этди ва бизларни "самум" (дўзах шамоли)дан сақлади" оятини ўқиб бердим. У зот йиғладилар ва: "Эй Роббим, мени мамнун эт ва самум азобидан сақла" деб дуо қилдилар".
Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу аёлларининг кўксига бошларини қўйиб йиғладилар. Аёллари ҳам бирга қўшилишиб йиғладилар. Шунда у зот аёлларидан "Нега йиғлаяпсан?" деб сўрадилар. Аёллари: "Сизнинг йиғлаганингизни кўриб йиғлаяпман" дедилар. Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу: "Аллоҳ азза ва жалланинг "Сизлардан ҳар бирингиз унга (жаҳаннамга) тушувчидирсиз. (Бу) Раббингиз (иродасига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир" оятини эсладим. Дўзахдан қутилиб қоламанми ёки йўқми, билмайман" дедилар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Убай ибн Каъбга: "Аллоҳ менга сенга Қуръон ўқиб беришимни буюрди" дедилар. У зот: "Аллоҳ сизга менинг исмимни айтиб шундай дедими?" дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ҳа" дедилар. Шунда Убай ибн Каъб: "Оламлар Роббисининг ҳузурида зикр қилинибманда?" дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ҳа, шундай" дедилар. Убай ибн Каъбнинг кўзларидан ёш оқа бошлади". Бир ривоятда: "У зот йиғлай бошладилар" дейилган. Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Салафи солиҳларнинг йиғилари
Салафи солиҳлар доим гуноҳлари ҳақида, Аллоҳнинг уларга қиёматда ғазаб қилиши ҳақида ўйлаб, эрта-ю кеч йиғлар эдилар.
Фазола ибн Сайфий кўп йиғлайдиган киши эди. Унинг хотинидан бунинг сабабини сўрашганда, "Узоқ сафарга кетаётганидан ва йўл озуқаси озлигидан йиғлайди" деб жавоб берган экан.
Ҳасан Басрий розияллоҳу анҳу бир куни кечаси қаттиқ йиғладилар. Йиғининг овозидан қўни қўшнилар ҳам безовта бўлишди. Нега йиғлаётганларини сўрашганда, "Бир гуноҳимни эслаб, шунга йиғлаяпман" дедилар.
Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳу ни Мадинага волий бўлиб турган кезларида кўрган бир киши шундай ҳикоя қилади: "Бир киши у зотнинг олдиларида "Қачонки, кишанланган ҳолларида унинг тор жойига ташланганларида, ўша жойда (ўзларига) ҳалокат тилаб қолурлар" оятини ўқиди. Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳу қаттиқ йиғладилар. Ўзларини ҳеч тўхтата олмадилар. Пойабзалларини кийиб, мажлисдан чиқиб, уйларига кириб кетдилар. Одамлар ҳам тарқалишди".
Холид ибн Сақр Садусий айтадилар: "Отам Суфён Саврийнинг хосларидан эди. Бир куни отам менга айтиб бердилар. "Суфённинг олдига киришга изн сўрадим. Бир аёл киришга изн берди. Унинг олдига кирдим. Суфён "Балки уларнинг гумонларича, Биз уларнинг сирларини (билмасмиз) ва пичирлашувларини эшитмасмиз?!" оятини ўқиётган экан. Кейин "Йўқ, эй Роббим! Йўқ, эй Роббим!" деб ҳўнграб йиғлади. Уйнинг шифтига қараганда кўз ёшлари сел бўлиб оқаётган эди. Мен унинг ёнида Аллоҳ хоҳлаганича ўтирдим. Сўнг менинг олдимга келди ва бирга ўтирди. "Қанчадан бери ўтирибсиз бу ерда? Келганингизни сезмабман!" деди".
Қалбнинг қаттиқлиги ва бунинг сабаблари
Кўз қалбга эргашади. Агар қалб юмшаса, кўз ёш тўкади. Бордию қалб қаттиқ бўлса, кўздан бир томчи ҳам ёш чиқмайди. Кўп салафлар доим йиғлашни, йиғловчилардан бўлишни ёқтирар эдилар ва бу ишни хатто баъзи нафл ибодатлардан ҳам устун қўяр эдилар. Зеро, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу: "Аллоҳдан қўрқиб йиғлашим мен учун минг динорни садақа қилганимдан яхшироқдир" деган эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо қўрқмайдиган қалбдан паноҳ сўраб шундай дуо қилардилар: "Эй Аллоҳим, мен Сендан фойдасиз илмдан, қўрқмайдиган қалбдан, тўймайдиган нафсдан ҳамда қабул бўлмайдиган дуодан паноҳ тилайман". Қалб қаттиқ бўлишининг ҳам, юмшаб, мулойим бўлишининг ҳам бир қанча сабаблари бор. Қуйида қалбнинг қаттиқ ва таъсирланмайдиган бўлиб қолишига сабаб бўладиган нарсаларни келтириб ўтамиз:
1.Кўп гапириш.
2.Гуноҳ ишларни қилиш ва тоатларни тарк этиш билан Аллоҳга берган аҳдни бузиш.
3.Кўп кулиш.
Зеро, ҳадиси шарифда "Кўп кулги қалбни ўлдиради" дейилган.
Ҳасан Басрий қаҳқаҳа отиб кулаётган бир йигитнинг ёнидан ўтаётганларида, у йигит билан қуйидагича суҳбат бўлиб ўтди:
-Сиротдан ўтдингми?!
-Йўқ.
-Қайтадиган жойингнинг жаннат ёки дўзахлигини билдингми?!
-Йўқ.
-Унда бунчалик кулишингнинг сабаби нима?!
Шу суҳбатдан кейин ҳеч ким у йигитнинг кулганини кўрмади.
4. Кўп ейиш.
Бишр ибн Ҳорис дедилар: "Икки хислат қалбни қотиради: кўп гапириш ва кўп ейиш".
5.Гуноҳларнинг кўплиги.
Аллоҳ таоло айтади: "Йўқ (ундай эмас)! Балки, уларнинг дилларини ўзларининг қилмишлари (гуноҳлари) қоплаб олгандир". Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Мўмин киши бир гуноҳ қилса қалбида битта қора доғ пайдо бўлади. Агар тавба қилиб, истиғфор айтса, қалбидаги доғ кетади. Агар гуноҳдан тавба қилмай, қайта қайта гуноҳ қилаверса, ҳалиги доғ қалбини бутунлай қамраб олади. Ана шу доғ Аллоҳ таоло "Йўқ (ундай эмас)! Балки, уларнинг дилларини ўзларининг қилмишлари (гуноҳлари) қоплаб олгандир" оятида айтган доғдир" Аҳмад ривояти.
Баъзи салафлар: "Агар қалбда хатолар оз бўлса, кўзга йиғи тез келади" дейишган.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу айтадилар: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга "Нажот нима?" дедим. У зот: "Тилингни сақла,..хатоларингга йиғла" дедилар". Термизий ривояти.
6.Ёмон суҳбатдош.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмон суҳбатдошни темирчининг босқонига ўхшатганлар. Ёмон одам билан кўп бирга бўлиш қалбни қотиради. Баъзи салафлар шундай дейишган экан: "Қалбнинг қаттиқлиги тўрт нарсадан келиб чиқади: кўп ейиш, кўп ухлаш, кўп гапириш ва ёмон суҳбатдош билан бирга бўлиш".
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: "У кунда золим қўлларини (бармоқларини) тишлаб (пушаймон қилиб), дер: «Эҳ, қани эди, мен ҳам пайғамбар билан бирга бир йўлни тутганимда! Ҳолимга вой! Кошки эди, фалончи (гумроҳ)ни дўст тутмаганимда! Аниқки, менга эслатма (Қуръон) келганидан сўнг, ўша (фалончи) мени йўлдан оздирди». (У кунда) шайтон (ўзига эргашган барча) инсонни ёрдамсиз қўювчидир" (Фурқон, 27-29).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: "Киши дўстининг динида бўлади. Сизлар ким билан дўстлашаётганингизга қаранглар". Аҳмад, Термизий ва Абу Довуд ривоятлари.
Абул Асвад Дуалий раҳимаҳуллоҳ дедилар: "Аллоҳ ёмон шерикдан кўра зарарлироқ нарсани яратмаган".
Қалбни мулойим қилиб юмшатиш ва Аллоҳдан қўрқиб йиғлаш сабаблари
Ҳар бир мусулмон киши эшитган, ўқиган ҳамда кўрган нарсалари орқали қалбини юмшатиб, йиғлаш неъматига эришиши мумкин. Бу, аввало, Аллоҳнинг тавфиқи ҳамда марҳамати билан бўлади. Бундан ташқари қалбни юмшатадиган кўплаб сабаблар мавжуд. Булар қуйидагилардир:

1.Аллоҳ таолони исмлари, сифатлар ҳамда феъллари билан таниш.
Зеро, ким Аллоҳни таниса, ўша бандада хавф (азобидан, ғазабидан қўрқиш) ва ражо (мукофотига, раҳматига умид) пайдо бўлади. Кимда хавф ва ражо пайдо бўлса, қалби юмшайди, кўзи ёшланади. Ким Роббисини танимаса, қалби қаттиқ, кўзи қуруқ бўлади. Иймоннинг мақомлари: муҳаббат, хавф ва ражо. Буларнинг ҳаммаси мусулмон кишини йиғига олиб боради.
Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ "Ал-Бидоя ван-Ниҳоя" асарида Абу Сулаймон Доронийдан нақл қилади: "Ҳар бир нарсанинг белгиси бор. Хорликнинг белгиси Аллоҳдан қўрқиб йиғлашнинг тарк этилишидир. Агар Аллоҳ бандасини хор ҳолатида ташлаб қўйса, ушбу муборак хислатни ундан тортиб олади. Натижада банда бадбахт, қалби қаттиқ ва кўзи доим қуруқ бўлиб қолади. Севувчи маҳбубини соғиниб йиғлайди, у билан кўришганда эса, ажралишидан қўрқиб йиғлайди. Умидвор инсон қидирган нарсаси топилиши учун йиғлайди. Агар сен Аллоҳни яхши кўрсанг, ушбу севгинг У зотни соғинганинг учун йиғлашингга сабаб бўлиши лозим. Агар Аллоҳдан қўрқсанг, ушбу қўрқувинг ҳам йиғлашингга сабаб бўлиши лозим. Агар Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан, савобидан умидвор бўлсанг, ушбу умидинг ҳам йиғига сабаб бўлиши даркор".
Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган "Аллоҳнинг соясидан бошқа ҳеч қандай соя йўқ кунда У зот етти нафар тоифани Ўз соясида соялантиради, деб ҳадиснинг сўнггида ...кимсасиз жойда Аллоҳни зикр қилиб, икки кўзидан ёш тўккан киши" деганларида ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шу уч нарса (муҳаббат, хавф, ражо) га ишора қилганлар. Ҳадисдаги "Аллоҳни зикр қилиб" дегани, У зотдан қўрқиб, У зотни яхши кўриб, У зотнинг савобу раҳматидан умид қилиб зикр қилса, деганидир.
2.Қуръони карим оятларини тадаббур билан қироат қилиш.
Аллоҳ таоло солиҳ уламо бўлган бандаларини қуйидагича васф этади: "Айтинг: "(Эй, мушриклар!) Хоҳ (унга) ишонингиз, хоҳ ишонмангиз, (бу ихтиёрингиз). Зотан, илгари илм (Таврот) берилган кишилар (Қуръон) тиловат қилинган вақтида, сажда қилган ҳолларида ияк (юз)лари билан йиқилурлар". Шунингдек улар: "Раббимизга тасбиҳ айтамизки, бешак Раббимизнинг ("Мен сўнгги пайғамбаримни юборурман ва унга Қуръон нозил қилурман" деган) ваъдаси адо этилувчи ваъда бўлди", – дейдилар. Улар, йиғлаган ҳолларида, юзлари билан йиқилурлар ва (Қуръон) уларнинг камтарликларини зиёда қилур" (Исро, 107-109).
Аллоҳ таоло Қуръонни тинглаб кўз ёши тўкадиганлар ҳақида яна шундай дейди: "Расул (Муҳаммад)га нозил қилинган нарса (Қуръон)ни эшитганларида, унинг ҳақлигини англаганларидан кўзлари ёшга тўлаётганини кўрасиз" (Моида, 83).
Қуръонни тадаббур билан ўқиш мусулмон кишининг йиғлашига сабаб бўлишини яна қуйидаги оятлардан ҳам билиб олишимиз мумкин.
Аллоҳ таоло айтади: "Айнан ўшалар Одам зурриётидан (Идрис каби), Биз Нуҳ билан бирга (кемада) кўтариб (тўфон балосидан нажот берган) кишилардан (яъни уларнинг фарзандларидан), Иброҳим зурриётидан (Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб каби), Исроил (Яъқуб зурриётидан бўлган Мусо, Ҳорун, Закариё, Яҳё ва Исо каби) ва Биз ҳидоят қилган ва танлаб олган кишилардан бўлмиш Аллоҳ инъом этган пайғамбарлардир. Уларга қачон Раҳмон оятлари тиловат қилинса, сажда қилган ва йиғлаган ҳолларида ерга бош қўярлар" (Марям, 58).
"(Эй, мушриклар!) Ҳали сизлар мана шу гапдан (Қуръондан) ажабланаяпсизми?! Йиғламасдан, кулаяпсизми?!" (Нажм, 59-60).
Бу оятда Аллоҳ азза ва жалла саҳобаларнинг ва барча мўминларнинг қалбларини мулойим, иймонларини чин қилишга ўргатяпти. Чунки, ҳақиқий кулгу фақатгина охиратда бўлади. Бу сўзимизга қуйидаги оят ҳам далил бўлади:
"Дарвоқе, жинояткор (кофир)лар имон келтирган зотлардан (масхара) қилиб кулар эдилар. Қачонки, уларнинг олдидан ўтсалар, бир-бирларига кўз қисишиб, имо-ишора қилардилар. Қачонки, уйларига қайтсалар, (қилмишларидан) завқланиб қайтардилар. Қачонки, уларни (мўминларни) кўрсалар, "Ана улар, шубҳасиз, йўлдан озган кимсалардир", – дердилар. Ҳолбуки, улар (мўминларнинг) устига қўриқчи қилиб юборилган эмасдилар. Энди бугун (аксинча) имон келтирганлар кофирлар (усти)дан кулурлар. Улар (жаннатдаги) сўриларда (дўзахдаги кофирлар аҳволига) боқиб ўтирурлар. Кофирлар қилмишларининг "савоби"ни (жазосини) олдиларми?!" (Мутоффифин, 29-36).
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Менга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Менга Қуръон ўқиб бер" дедилар. Мен: "Қуръон сизга нозил қилинган бўлса-ю, мен ўқиб берайми?" дедим. У зот: "Ўзимдан бошқа кишидан Қуръонни эшитишни ёқтираман" дедилар. Шунда мен У зотга Нисо сурасидан ўқиб бердим. "Ҳар бир умматдан (ўз пайғамбарини) гувоҳ сифатида келтирганимизда ва Сизни (эй, Муҳаммад!) уларга гувоҳ қилиб келтирганимизда, (уларнинг ҳоли) не кечур?!" оятига етганимда, "Ҳозирча шу етади" дедилар. У зотга ўгирилиб қарасам икки кўзларидан ёш дув-дув тўкиляпти". Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Абу Солиҳ дедилар: "Яман аҳли Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврларида Мадинага келишди ва Қуръон эшитиб йиғлашди. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу: "Биз аввал шунақа эдик. Кейин қалблар қотиб кетди" дедилар".
Оиша розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ҳолларини қуйидагича баён этадилар: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлим тўшагида ётганларида олдиларига Билол азон айтиш учун келди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Абу Бакрга буюринглар намозни ўқиб берсин" дедилар. Мен: "Абу Бакр кўнгли бўш одам", бир ривоятда: "Йиғисини тўхтата олмайди", яна бир ривоятда: "Кўп йиғлайдиган одам. Қуръон ўқиганда кўз ёшини тутиб тура олмайди. Агар сизнинг ўрнингизга турса, йиғлаб, қироат қилолма қолади..." дедим". Бухорий ва Муслим ривояти.
Абдуллоҳ ибн Шаддод айтади: "Мен Умар розияллоҳу анҳунинг ҳўнграб йиғлаганларини эшитдим. Ўзим энг охирги сафда турган эдим. У зот "У айтди: «Мен ғам ва ташвишларимдан ёлғиз Аллоҳгагина шикоят қиламан..." оятини ўқиётган эдилар".
Солим ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади: "Ибн Умар розияллоҳу анҳу "Ичингиздаги нарсани ошкора қилсангиз ёки яширсангиз ҳам, Аллоҳ сизларни у билан ҳисоб-китоб қилур" оятини ўқидилар ва кўз ёши тўкдилар. Бу хабар Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга етганда: "Абу Абдураҳмонга Аллоҳ раҳмат назари билан қарасин. Ушбу оят нозил бўлган чоғда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари қилганидек иш қилибди. Бу оятни "Унинг касб этгани (яхшилиги) – ўзига ва орттиргани (ёмонлиги) ҳам ўзигадир" ояти билан насх қилинган" дедилар".
3. Аллоҳ азза ва жаллани кўп зикр қилиш.
Ибн Қайюм дедилар: "Қалбдаги қаттиқликни фақатгина Аллоҳни зикр қилиш билан эритиш мумкин. Шунинг учун банда қалбидаги қаттиқликни Роббисини зикр қилиш орқали эритиши лозим. Чунки, қалбнинг ғафлати ортса, қотиши ҳам ортади. Агар Аллоҳни зикр этса, худди қўрғошин оловда эриганидек, ўша қаттиқлик эрийди. Қалбни эритишда Аллоҳни зикр қилишдек яхши самара берадиган даво йўқ".
4.Тоатларни кўпайтириш.
5.Ўлимни эслаш, ўлими яқинлашганларни кўриш ва улардан ибрат олиш.
Жобир розияллоҳу анҳу дан ривоят қилинади: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг қўлларидан тутиб, бирга ўғиллари Иброҳимнинг олдига боришди. Қарасалар, Иброҳим ўзи билан ўзи оввора экан (жон бериш арафасида қийналаётган экан). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўғилларини қўлларига олиб, бағриларига босдилар-да, йиғлаб юбордилар. Шунда Абдураҳмон: "Йиғлаяпсизми? Ахир ўзингиз йиғлашдан қайтармаганмидингиз?" дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Йўқ. Лекин гуноҳга сабаб бўладиган икки хил овоздан қайтарганман: мусибат пайтида юзга уриб, ёқа йиртиб овоз билан йиғлашдан ҳамда шайтоннинг қичқириғидан" дедилар. Термизий ривояти.
Сафиядан ривоят қилинади: "Бир аёл Оиша розияллоҳу анҳонинг олдиларига қалбининг қаттиқлигидан шикоят қилиб келди. Шунда у зот: "Ўлимни кўп эсла, қалбинг юмшаб, ҳожатинг раво бўлади" дедилар. Ҳалиги аёл шундай қилди. Натижада қалби юмшаб, Оиша розияллоҳу анҳунинг олдиларига келиб, ташаккур айтди".
Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: "Мени уч нарса кулдиради, уч нарса йиғлатади. Ортидан ўлиб изма-из келаётган кишининг дунёни орзу қилиши, Аллоҳнинг назоратида турган кишининг ғафлат ботқоғига ботиб юриши ҳамда Аллоҳ рози бўлганини ҳам, ғазаб қилганини ҳам билмайдиган кишининг оғиз тўлдириб кулиши мени кулдиради. Севиклиларнинг севиклиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ва у зотнинг саҳобаларини йўқотганим, жон чиқиш пайтидаги даҳшатлар ҳамда сирлар ошкора бўладиган кунда Аллоҳнинг ҳузурида жаннатга ҳам, дўзахга ҳам кетишни билмай туриш йиғлатади".
Саъид ибн Жубайр айтадилар: "Агар қалбларимиз бир соат ўлимни эслашдан йироқлашса, бузилади, айнийди".
6.Ҳалол таом ейиш.
Баъзи солиҳлардан: "Қалбларни нима мулойим қилади?" деб сўралганда, улар: "Ҳалол таом ейиш" деб жавоб беришган.
7.Гуноҳлардан узоқлашиш.
Макҳул раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Инсонларнинг қалби энг юмшоқлари гуноҳлари энг озларидир".
8.Панду насиҳатларни кўп эшитиш.
Ҳозирги кунда юртимизнинг барча вилоятларида кўзга кўринган, машҳур, ўткир воизларнинг пандлари ёзилган дисклар ва бошқа туркумдаги мавъизалар, масалан, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг, Азизхўжа домла Хайруллоҳ ўғлининг, Одилхон қори Юнусхон ўғли каби олимларнинг таъсирли, илмий суҳбатлари ва бошқа кўплаб уламоларимизнинг ваъзларини мисол тариқасида келтиришимиз мумкин.
9.Қиёмат кунини, унга тайёргарликнинг озлигини, Аллоҳдан қўрқувнинг озлигини эслаш.
Муҳаммад ибн Сирин ўлим тўшагида ётганда қаттиқ йиғлади. Ёнида турганлар ундан нега йиғлаётганини сўрашди. Шунда у: "Ўтган кунларимни бекор ўтказганимга, олий жаннат учун амалим озлигига, ёндирувчи дўзахдан қутула олмаганимга йиғлаяпман" деган экан.
Ҳишом ибн Абдулмалик ўлими яқинлашганда, атрофида йиғлаб ўтирган оила аъзоларига қаради ва айтди: "Ҳишом сизларга дунё келтирди, сизлар унга йиғини келтирдингиз, у сизларга тўплаган дунёсини қолдириб кетяпти, сизлар унга қилган амалларини қолдиряпсизлар. Агар Аллоҳ раҳм қилмаса, Ҳишомнинг мусибати нақадар улкан!"
10.Қабристонни зиёрат қилиш.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Энди зиёрат қилаверинглар. Чунки, у қалбни юмшатади, кўзни ёшлатади, охиратни эслатади..." Аҳмад ривояти.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам амакиларининг қабрини зиёрат қилдилар ва йиғладилар. Атрофда турган саҳобалар ҳам йиғлашди". Муслим ривояти.
Усмон розияллоҳу анҳунинг мавлоси Ҳониъдан ривоят қилинади: "Агар Усмон розияллоҳу анҳу бирорта қабр олдида тўхтаса соқоли ҳўл бўлиб кетгунича йиғлар эди. У кишига: "Жаннат ва дўзахни эсласангиз йиғламайсиз-ку, нега қабрни кўриб йиғлаяпсиз?" дейилди. Шунда у зот: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: "Албатта, қабр охиратнинг биринчи манзилидир. Агар банда қабрда нажотга эришса, ундан кейинги манзиллар осонроқ бўлади. Агар қабрда нажотга эришолмаса, ундан кейинги борадиган жойлари қабрдан ҳам оғирроқ бўлади. Мен қабрдан кўра даҳшатлироқ ва қўрқинчлироқ жойни кўрмадим". Аҳмад, Термизий ва Ибн Можа ривоятлари.
11. Ибратли нарсани кўрганда тафаккур қилиш. Масалан, оловни кўрганда дўзахни эслаш.
Муғийра ибн Саъд ибн Ахрам ривоят қилади: "Ибн Масъуд бозорга чиққанларида, темирчиларнинг ёнидан ўтиб қолсалар, уларнинг оловнинг ичидан чиқарган нарсасини кўриб, йиғлар эканлар".
Мусулмон киши ер юзида Аллоҳни энг кўп танийдиган шахсдир. Шунинг учун унинг ҳолати бошқаларникидан тубдан фарқ қилиши лозим. У ҳар бир эшитган, кўрган, ўқиган нарсасидан ибрат, панду насиҳат олади. Қўрқувчи қалб доимо Роббисининг раҳматидан, жаннатидан умидвор бўлиб, соҳибининг кўзига ёш келтиради.
12.Дуо.
Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу дедилар: "Мен сизларга фақатгина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган сўзнигина айтаман. У зот шундай дер эдилар: "Эй Аллоҳим, мен Сендан ожизликдан, дангасаликдан, қўрқоқликдан, бахилликдан, ўта қариб, мункиллаб қолишдан, қабр азобидан паноҳ сўрайман. Эй Аллоҳим, нафсимга тақвосини бергин ва уни поклагин. Ўзинг уни энг яхши поклагувчисан. Сен унинг Валийси ва Мавлоси (Хожаси)сан. Эй Аллоҳим, мен Сендан фойдасиз илмдан, қўрқмайдиган қалбдан, тўймайдиган нафсдан ҳамда қабул бўлмайдиган дуодан паноҳ сўрайман".
Кимки кўзи ёшланишини истаса ушбу дуолар билан Аллоҳга ёлборсин.
13.Ўзини йиғлаганга солиш.
Ибн Абу Маликадан ривоят қилинади: "Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг ёнларида ўтирган эдик. Шунда у зот: "Йиғланглар! Агар йиғлай олмасаларингиз, ўзингларни йиғлаганга солинглар. Агар илмни билганларингизда эди, белингиз синиб кетгунича намоз ўқиган, овозларингиз чиқмай қолгунича йиғлаган бўлар эдингиз" дедилар. Ҳоким ривояти.

Бу ривоятдаги "илм"дан мурод, ўлим талвасаси, қабр даҳшатлари, қиёматдаги қийинчиликлар, Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳисоб-китоб учун туриш кабилардир.
Ибн Қайюм йиғининг турларини зикр қилгандан кейин ўзини йиғлаганга солиш ҳақида қуйидагиларни айтади: "Бу - ўзини мажбурлаб йиғи келтиришдир. Бу икки хил бўлади: ижобий ва салбий. Ижобийси Аллоҳдан қўрққанда, Қуръон ўқиётиб, ундаги азоб оятларига келганда, Аллоҳдан паноҳ тилаб, ичдан эзилиб, ўзини йиғлаганга солиш. Бунда энг асосийси хўжакўрсин, биров эшитсин деган мақсад бўлмаслиги керак. Салбийси эса бировлар кўриши ва эшитиши учун ўзини йиғлаганга солишдир. Бир куни Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларига борсалар, у зот Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан бирга Бадр урушида асир тушган кишиларни ўйлаб йиғлаб ўтиришган экан. Шунда Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу "Нима учун йиғлаяпсиз, эй Расулуллоҳ? Агар менинг ҳам кўзимга ёш келса, йиғлайин. Агар йиғлай олмасам, ҳеч бўлмаса, сизлар йиғлаганингиз учун ўзимни йиғлаганга соламан дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса Ҳазрати Умарнинг бу гапларини инкор қилмадилар".
Бу ҳадисдан хулоса чиқарган баъзи уламолар: "Аллоҳдан қўрқиб йиғланглар. Агар йиғлай олмасаларингиз ҳам ҳеч бўлмаса ўзингизни йиғлаганга солинглар" дейишган экан.
Аллоҳ таолодан қалбларимизни Ўзидан қўрқиб титровчи, кўзларимизни Ўзидан қўрқиб йиғловчи қилсин! Дўзах оловини ўчирадиган кўз ёшини барчамизга насиб этсин! Омин!

Мусанниф: Абу Ториқ Эҳсон ибн Муҳаммад ал-Атибий
Таржимон: Нозимжон Ҳошимжон

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Динсизлар борлиқнинг яратувчиси мавжудлигига ишонмайдилар. Уларнинг айтишича, барча нарсалар қадимий бўлиб, модда бирламчидир. Табиатдаги барча нарсалар вақт давоми...

2751 05:00 / 14.03.2017
Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Қадар жойида туриб, қадардан қочадиган кишига ҳайронман. Биродарининг кўзидаги ҳасни кўриб, ўзининг кўзига шохни давоми...

2416 05:00 / 13.03.2017
Олам ҳозирги кундаахлоқсизлик, разолат ва жиноятнинг кенг тарқалганидан аянчли аҳволда қолди. Бунинг сабаби инсон Аллоҳни эсдан чиқариши, унинг улуғлигини давоми...

2806 05:00 / 13.03.2017
Ассалому алайкум Азиз Қуръони Карим шайдолари Рамазон ойи Қуръон ойи бўлгани муносабати билан ҳамма мўмин мусулмонлар Қуръони Каримни тиловат ва хатм қилиш давоми...

64354 09:13 / 17.04.2023
Аудиолар

118723 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40691 14:35 / 11.08.2021