4107 26.06.2017

Бисмиллааҳир роҳмаанир роҳийм!

 ИЙДУЛ ФИТР ТАБРИГИ

 

Рамазон ойининг рўзасини бандаларига фарз қилган Аллоҳ таолога У Зотнинг мукаммал сифатларига муносиб ҳамду санолар бўлсин!

Рамазон ойининг тунларида бедор бўлишни умматига суннат қилиб қолдирган Пайғамбаримиз, бу дунёда ҳидоятчимиз, охиратда шафоатчимиз ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин!

Рисолатпаноҳимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларига, саҳобаи киромларига ҳамда то қиёматгача уларга эргашган барча солиҳ бандаларга Аллоҳ таолонинг ризвони ва жаннати бўлсин!

Аллоҳ таолонинг амрини адо этиб, Рамазон ойининг рўзасини холис адо этиб, тақво неъматини қўлга киритган, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиб, иймон билан, савоб умидида рўза тутган ва Рамазон ойидан барча гуноҳларидан пок бўлиб чиққан барча мўмин-мусулмонларга жаннатнинг Райён дарвозасидан кириш бахти насиб этсин!

Муҳтарам мўмин-мусулмон биродарлар, азиз юртдошлар, ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Барчангизни муқаддас динимизнинг улуғ байрами – Ийдул Фитр – Рамазон ҳайити билан самимий муборакбод этишга ижозат бергайсиз!

Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, бошимизга соябон бўлиб кириб келган Рамазони шарифнинг фарз рўзасини адо этишни барчамизга насиб қилди. Бутун дунё Аллоҳ таолонинг раҳматига бурканди, барча мўмин-мусулмонлар субҳидамда саҳарлик дастурхони атрофида ибодатга киришдилар, файзли оқшомларда эса ифторлик қилиб, қалб роҳати – таровеҳ намозларига ошиқдилар, юртимиздаги барча масжидларда хатми Қуръонлар ўқилди. Серқуёш юртимизнинг жазирама қуёшли кунларида барча юртдошларимиз иймон билан, сабр билан рўза тутдилар, тунлари эса масжидларимизни тўлдириб, таровеҳ намозларини ўқидилар, Аллоҳ таолонинг каломига сомеъ бўлдилар. Аллоҳ таоло ушбу фазилатли ойдаги барча ибодатларимизни ҳусни қабул айласин, саҳву хатоларимизни кечириб, гуноҳларимизни мағфират қилсин!

Хайр-саховат, меҳр-мурувват ойи бўлмиш Рамазони шарифда мўмин-мусулмонларнинг ҳиммати баланд, шижоати юксак бўлди, ота-оналар, қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар, кексалар, устозлар, беморлар, муҳтожларнинг кўнгли олинди, хайру эҳсонлар қилинди, Аллоҳ таоло фарз қилган молиявий ибодат – закотлар адо этилди, фитр садақаси ҳамда фидялар берилди. Ана шундай исломий биродарлик, инсоний меҳр-оқибат фазилатларига йўғрилган ибодатларни адо этиш бахтини насиб этган Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз бўлсин!

Иншааллоҳ, раҳмат, мағфират ва дўзахдан нажот бўлиш даҳаларидан иборат ушбу фазилатли ойнинг якунланиши барчаларимиз учун Аллоҳнинг раҳмати, гуноҳларимизнинг мағфират қилиниши ҳамда жаҳаннамдан қутулиш байрами бўлди.

Бу йилги Рамазони шариф ҳар доимгидан кўра файзли, шукуҳли бўлди, Аллоҳ таоло бу ойда халқимизнинг маънавий ҳаётида муҳим воқеа бўлган хайрли ишларни насиб этди. Жумладан, буюк ватандошимиз Имом Бухорий номидаги илмий-тадқиқот маркази очилди, мўътабар илм маскани бўлмиш Мир Араб мадрасаси негизида олий мадраса ташкил қилинди, ватанимиз маориф тизимида диний таълимнинг узлуксизлигини таъминлаш борасида муҳим ижобий ўзгаришлар татбиқ қилинди. Иншааллоҳ, бу хайрли ишларнинг самараси ўлароқ, қадим Мовароуннаҳр заминида яна Бухорийлар, Термизийлар, Насафийлар, Замахшарийлар, Марғинонийлар, Нақшбандлар етишиб чиқажак.

Рамазон ҳайити – Ийдул Фитр байрами Ислом динимизнинг учинчи рукни бўлмиш рўза ибодатининг адо этилиши муносабати билан нишонланадиган буюк байрамдир, ҳақиқий тантана, қувончли воқеадир. Зеро, ҳар бир мўмин-мусулмон учун Роббининг ибодатини адо этиш чинакам шодиёна, буюк бахту саодатдир. Шунинг учун бу байрам иймон ҳаловати байрами, ибодат, тақво байрамидир, зикру тасбеҳ, салавот ва дуо-истиғфор байрамидир. Бу байрамда мусулмонлар жомеъ масжидларга тўпланиб, аввал бомдод намозини, сўнг ийд намозини жамоат билан ўқийдилар, хутбадан сўнг дуолар қилиб, ўтганларнинг руҳини шод этадилар, эл-юртга, Ватанга, бутун дунёга тинчлик-хотиржамлик тилаб, Аллоҳ таолога ёлворадилар. Аллоҳ таоло барчамизга бу байрамни ана шундай кўтаринки руҳда, шод-хуррамликда, эмин-эркин адо этишни насиб қилсин!

Бу улуғ неъматларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг чексиз марҳамати, халқимизга ато этган истиқлол ва тинчлик шарофатидандир. Ушбу неъматлар учун Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтиб, шукроналаримизни изҳор этамиз.

Аллоҳ таоло бутун дунё мусулмонларига Ийдул Фитр байрамини муборак айласин, бутун оламга тинчлик-хотиржамлик ато этсин, ибодатларимизни даргоҳида қабул этсин, она Ватанимизни жаннатмакон қилсин, халқимизни Ўзининг розилигини топадиган халқлардан қилсин!

Барчангизни Ийдул Фитр байрами билан яна бир бор табриклаймиз, оилангизга тинчлик, барқарорлик, қут-барака, бахт-саодат тилаймиз!


Исмоил  Муҳаммад Содиқ

«Ҳилол-нашр» нашриёт-матбааси

Ислом.уз портали