1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Ифтор пайтидаги дуо

05:00 / 11.01.2017 4183 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ифтор қилсалар: «Заҳабаз замаъу ва баталлатил уруқу ва сабатал ажру иншааллоҳ», яъни «гуноҳ кетди, томирлар ҳўлланди ва иншааллоҳ ажр собит бўлди», дер эдилар». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.

Шарҳ: Ифтор пайтида дуо тўсиқсиз қабул бўлиши маълум ва машҳур. Ушбу ва ундан кейин келадиган ривоятлардаги дуолар эса, оғиз очиш дуоларидир. Шулардан бирини ёдлаб олиб, оғиз очиш пайтида ўқишга одатланилса жуда ҳам яхши бўлади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ифтор қилсалар: «Аллоҳумма лака сумту ва ала ризқика афтарту»–яъни «Эй, бор Худоё, Сен учун рўза тутдим ва Сен берган ризқ ила ифтор қилдим», дер эдилар». Абу Довуд ва Табароний ривоят қилганлар.
Табаронийнинг лафзида: «Бисмиллоҳи. Аллоҳумма лака сумту ва ила ризқика афторту, яъни, «Бисмиллаҳи. Эй, бор Худоё, Сен учун рўза тутдим ва Сен берган ризқ ила ифтор қилдим», дейилган.

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Муозникида ифтор қилдилар ва сўнгра: «Афтора индакум ас-соимуун ва акала таомакум ал-аброр ва соллат алайкум ал-малоика», яъни, «Ҳузурингизда рўзадорлар ифтор қилдилар, таомингизни яхшилар едилар ва фаришталар сизга саловат айтдилар», дедилар».
Ибн Можа ривоят қилган.
Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийси Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Абдуллоҳ ибн Зубайр ибн Аввом Қураший ал-Асадий, кунялари Абу Бакр. Оналари Асмаа бинти Абу Бакр.
Бу зот ҳижратдан кейин Мадинада биринчи туғилган бола эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида 9 ёшда эдилар.
Ҳаммаси бўлиб 33 та ҳадис ривоят қилдилар. Бу ҳадисларни оталаридан, боболари Абу Бакр Сиддиқ, холалари Оиша онамиз, Умар, Усмон, Али (розияллоҳу анҳум)лардан ривоят қилдилар. Усмон розияллоҳу анҳу халифалик даврларида Африкани фатҳ этишда иштирок этдилар.
Ҳижратнинг 64-йили Язид ибн Муовия вафот этганда бу зот халифа бўлишликлари учун байъат берилди. Мана шу даврда Миср, Ҳижоз, Яман, Хуросон, Ироқ, Шомнинг баъзи ерларига ҳукмдор бўлдилар.
Ҳижратнинг 73-йили Абдулмалик ибн Марвон даврларида бу зот билан Ҳажжож ораларида шиддатли жанглар бўлиб ўтди. Бу уруш Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг ўлимлари билан ниҳоясига етди.
Абдуллоҳ ибн Зубайр халифалик даврлари 9 йил давом этиб, шу аснода биринчи бўлиб дирҳамни жорий этдилар. Бу дирҳамни бир тарафига «Муҳаммадур Расулуллоҳ» иккинчи тарафига «Амруллоҳи билвафо валадли» деб битилган эди.
Араб ўлкаларида Рамазондан бошқа пайтларда ҳам меҳмондорчилик охирида юқорида зикр қилинган дуони ўқишга одатланишган.
Ушбу ҳадисдан аҳли фазлларни чақириб ифтор қилиш марғуб экани келиб чиқади. Чунки ансорийларнинг Авс қабиласи улуғи Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ саҳобаларни ифторга чақиришлари шунга далолат қилади. Шу билан бирга бировнинг зиёфатида бўлган шахс унинг ҳақига дуо қилиши кераклиги ҳам чиқади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Таровеҳ намози САВОБ Таровеҳ намозининг ҳукми нима ЖАВОБ Таровеҳ намозини Рамазон ойида Хуфтан намозидан сўнг Бомдод намозигача ўқиш баъзилар мустаҳаб деган давоми...

10583 05:00 / 13.01.2017
Рамазон ойининг рўзасини тутиш Исломнинг асосий рукнларидан бири бўлиб, Аллоҳ таоло уни ҳар бир мусулмонга фарз қилгандир. Бу улкан ибодатни Аллоҳ таоло иккинчи давоми...

3931 05:00 / 11.01.2017
Мана яқиндагина муборак Рамазон ойи кириб келаяпти, деб гапириб ва ёзган эдик. Бугун эса, Рамазон ойи ўзининг авж олган вақтида деб айтмоқдамиз ва ёзмоқдамиз. Бу давоми...

4379 17:17 / 26.05.2018
...Рўза тутган киши ўз ихтиёри ила оч қолиб, чанқаб, турли кўнгил хоҳлайдиган нарсалардан вақтинча маҳрум бўлиш билан, ўз ихтиёридан ташқари оч қолиб, чанқаб, дунё давоми...

2956 05:00 / 11.01.2017