1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Иффат нима?

17:40 / 01.05.2019 11423 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муаллиф ҳақида икки оғиз сўз...

Сарлавҳани кўриб, бу мақола ҳам динимизнинг иффат ҳақидаги таълимотларидан бир шингили экан, деб ўйларсиз. Йўқ, бу сарлавҳани русийзабон интернетда тасодифан учратиб қолдим. Ўқиб кўрсам, долзарб гаплар экан. Муаллифи ким экан деб қизиқиб, интернет титкиладим. Углов деган одам экан. У ҳақдаги каттагина маълумот Википедиядан чиқди. Муаллиф машҳур, мўътабар инсон экан. Фёдор Григорьевич Углов (1904-2008 – неча йил умр кўрганига эътибор беринг) атоқли жарроҳ, Россия Тиббиёт фанлари академиясининг ҳақиқий аъзоси, Россия ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, соғлом ҳаёт тарзининг фаол тарғиботчиси бўлган экан. Википедиянинг ёзишича, академик Углов ўз китобларида узоқ умр кўриш ва саломатлик сирлари ҳақида кўп фойдали маслаҳатлар берган ҳам экан. Унинг ҳаёт сабоқларига эътибор беринг:  

– Ватанни севинг. Уни ҳимоя қилинг. Беватанлар узоқ яшамайди.

– Меҳнатни севинг. Жисмоний меҳнатни ҳам.

– Ўзингизни қўлга ола билинг. Ҳар қандай вазиятда ҳам руҳан тушкунликка тушманг.

– Ҳеч қачон ичманг ва чекманг, акс ҳолда қолган тавсияларим фойдасиз.

– Оилангизни севинг. Уни ҳимоя қила билинг.

– Қанчалик қийин бўлса ҳам, вазнингизни мўътадил сақланг. Меъёрдан ортиқ еманг!

– Йўлларда эҳтиёт бўлинг. Бугунги кунда ҳаёт учун энг хавфли жойлардан бири йўлдир.

– Шифокорга вақтида боришдан қўрқманг.

– Фарзандларингизни соғлиқни емирувчи мусиқадан халос қилинг.

– Меҳнат ва дам олиш тартиби танангиз фаолиятининг асосига сингдирилган. Танангизни севинг ва уни авайланг.

– Абадийликнинг имкони йўқ, бироқ умрингизнинг узоқлиги кўп жиҳатдан ўзингизга боғлиқ.

– Яхшилик қилинг. Ёмонлик, афсуски, шундоғам юзага келади.

Академик Угловнинг ўз касбида қанчалар юксак чўққига кўтарилгани ҳақида унинг америкалик ҳамкасби, кардиохирург Майкл Эллис Дебейка шундай деган экан: «Профессор Углов — сизнинг миллий бойлигингиздир. Сизлар коинотни забт этишда қанча илгарилаган бўлсангиз, у жарроҳликни шунчалик юксак кўтарган». 

Муаллиф ҳақида дастлабки тасаввур ҳосил қилиб олгач, энди унинг мақоласи билан танишиб чиқсак бўлади. Марҳамат:

Фёдор Углов


Иффат нима?

Организм етуклик сари қадам қўяр экан, йигит ва қизлар фитрий (инстинктив) равишда ўзига жуфт қидиришга, ўз ҳиссиётлари учун объект топишга интиладилар. Бироқ, кўпинча жисмоний майл руҳий майлдан устунлик қилади ва йигит ёки қиз ўзлари танлаган инсоннинг ўз ҳиссиётларига қанчалик муносиблиги ҳақида ўйлаб кўришмайди. Йигит ёки қизнинг ақл-фаросати қуруқ жисмоний майлни жиловлашга ожизлик қилса, бу давр кўплаб хатоларга олиб келиши мумкин.

Ўсмирнинг заковати қанчалик паст бўлса, жисмоний майл шунчалик суст назорат остида бўлади, унинг ахлоқи ҳам маънавий жиҳатдан шунчалик беқарор бўлади. Йигит ёки қизнинг инсоний ғурури, ҳамияти, номуси, виждони етарлича шаклланмаган бўлса, у ўзига ҳеч қандай мажбурият ёки масъулият юкламайдиган муносабатлар ўрнатишга интилаверади. Бундай ёшлар ўзидаги шаҳвоний ғайратни бирорта ақлий ёки жисмоний меҳнатга йўналтириш ўрнига никоҳсиз севгига эришишга ҳаракат қилади. Бундай йигитнинг маънавий устунлари қанчалик паст бўлса, у ўзи топган қизни ёмон йўлга бошлайверади. Кўпинча бунда алдовни ёки севги ва вафо ҳақдаги ёлғон қасамларни ишга солади.

Тўғри, баъзан қизга севги изҳор қилаётган йигитча айёрлик қилмаётган ҳам бўлади. Лекин орадан бироз вақт ўтгач, бундай йигитчалар қиздан совиб қолиши ҳам мумкин. Қизни ташлаб кетар экан, йигитлар тахминан шундай фикр юритади: у мен билан шу қадар осонлик билан қовушдими, демак, бошқалар билан ҳам шундай яқин бўлиб, менга хиёнат қилади. Қизларда эса илк севги жуда чуқур из қолдиради, улар йигитлардаги совуқликни фожиа деб қабул қиладилар.

Халқимизнинг анъаналари йигит ва қиздан никоҳгача иффатни сақлашни, никоҳни эса келин ва куёв бир-бирини узоқ вақт давомида, яхшироқ билиб олгандан кейингина ўқишни талаб қилади. Бизда асрлар давомида тўйгача салкам бир йил давом этадиган унаштириш удуми амал қилиб келган эди. Шу бир йиллик муддат давомида ёшлар келин-куёв деб ҳисобланар ва бир-бирларини синашиб, яқиндан танишиб юришар эди.

Никоҳсиз ишқий муносабатлар эса ҳар доим қоралаб келинган.

Ёшларимиз никоҳ ва оила масалаларига масъулиятсиз қараш маънавий устунларни емиришдан ташқари бир қатор шахсий фожиаларга ҳам олиб келишини билишлари керак. Бундай фожиа нафақат йигит ва қизнинг, балки ўша никоҳсиз алоқа туфайли туғилиши мумкин бўлган боланинг ҳам қалбини дарз кетказади. Айниқса, бола ҳали ўзлари ҳам ўсмирлик ёшидан ўтмаган, фарзанд тарбиялаш учун ҳеч қандай имконияти бўлмаган ота-онадан туғилса, бундан ёмони йўқ. Бу нарса боланинг келгуси ҳаётига жиддий таъсир кўрсатиши, онанинг саломатлигига эса оғир талафот етказиши мумкин.

Қизларимиз бир гулдан иккинчисига пириллаб учиб ўтаётган йигитларнинг қалби қорайган бўлишини, чуқур ва нозик ҳиссиётларни англашга қодир эмаслигини билишлари керак. Бундай нозик ҳиссиётлар эса фақат икки томонлама ҳақиқий севгидагина, ўзаро ҳурмат, дўстлик ва мутлақо поклик, тўғриликкагина асосланган соф муҳаббатдагина бўлади. Фақат худбин кимсаларгина, буюк инсоний бахтга муносиб бўлмаган, бунга қодир ҳам бўлмаган, аксинча, бировларга фақат бахтсизлик келтирадиган кимсаларгина ҳаётни ёлғонлар асосида қурадилар. 

«Инсон ўз тақдирига ўзи жавобгар», дейишади. Қизлар пуч одамларнинг қурбонига айланиб қолишлари мумкинлигини ҳамиша ёдда тутишлари керак. Бир киши билан тақдирингни боғлашдан аввал унинг феъл-атворини, характерини, дунёқарашини, қизиқишларини ва айниқса ақл-заковати, фаҳм-фаросатини ўрганиш керак. Зеро ақл ва қабоҳат бир жойда бўлмайди. Агар номзод калтафаҳм одам бўлса, ундан мутлако умид йўқ.

Юксак, гўзал ҳиссиётлар фақат мусаффо, беғараз севгидагина вужудга келади. Бундай севги эса фақат олижаноб, юксак ахлоқли, инсоний қадр-қиммати бор, ўзини ва ўзгаларни ҳурмат қилувчи инсонларгагина хосдир.

Бахтсиз оилаларнинг аксариятида эркакнинг жисмоний майли юксак туйғулар ва ички назорат, виждон, орият тушунчаларидан устун келган бўлади. Инсонда беғараз севги ҳисси қанчалик ривожланмаган бўлса, унинг ички дунёси, ички маданияти қанчалик саёз бўлса, бундай тушунчалар унда шунчалик заиф бўлади.

Жинсий майлнинг руҳий кучи ана шу руҳиятнинг қай даражада тараққиёт этганига боғлиқ бўлади. У қанчалик яхши ривожланган бўлса, майлнинг ҳиссий жиҳати ҳам шунчалик кучли бўлади. Руҳияти яхши ва соғлом шаклланган инсонларнинг ҳиссиёти бошқа барча ҳис-туйғу ва майллардан устун бўлади. Айтиш керакки, бу борада аёлларнинг руҳий-эмоционал туйғулари эркакларникидан кўра анча кучли ривожланган бўлади, шунинг учун эркак кишининг пасткашлик қилиши, номардлик қилиши аёлни ғоятда қаттиқ таҳқирлаб, унинг қалбини оғир яралайди. Эркакларнинг қабиҳлик қилиши билан боғлиқ турли жанжаллар аёлнинг руҳиятида оғир асорат қолдириб, ҳатто унинг саломатлигига, айниқса асаб тизимига путур етказади. Шунинг учун ҳам айнан севимли кишисининг дағал ҳатти-ҳаракати туфайли етган руҳий зарба оқибатида аёлларда неврозлар, неврастения ва оғир руҳий касалликлар эркаклардан кўра кўпроқ учрайди.

Эркак киши севган аёли билан турмуш қурмоқчи бўлсаю, бироқ уни қандайдир сабаб туфайли ҳозирча расмийлаштиришга имкони бўлмаса, бундай ҳолларда ундан мулойимлик, одоб ва ҳатто назокат талаб қилинади. Эркак киши шуни унутмасинки, бундай ҳолларда аёллар эркакларга қараганда оғирроқ ва ҳақсизроқ ҳолатга тушиб қоладилар. Бундай севгининг оқибати аёл учун оғир юк бўлади. Бундан ташқари, анъанага кўра, бундай вазиятларда жамоатчилик инсонларнинг феъл-атворига жуда юқори талаблар қўйишини ва эркакдан кўра аёлни қаттиқроқ қоралашини ҳам унутмаслик керак. Агар аёл шунда ҳам, никоҳсиз бўлса ҳам, ўша эркак билан яшашга рози бўлиб турса, бу нарса унинг қалбида кучли ҳиссиёт жўш уриб турганидан далолат беради.

Мана шунинг учун эркак киши маҳбубасига нисбатан одоб ва назокат билан муносабатда бўлиши керак.

Агар оила бир томоннинг ишончи ва севгиси, бироқ иккинчи томоннинг ёлғони ва ҳайвоний шаҳвати асосига қурилса, буни инсофли, виждонли кишиларнинг инсоний муносабатлари деб аташ мумкин бўлмай қолади. Ёлғон ҳар қандай ҳолатда ҳам пасткашлик ва разолат аломатидир.

Аёлга нисбатан пасткашлик қилиш эркакнинг инсон сифатида нақадар қабиҳлигини кўрсатади. Зеро инсон бир пайтнинг ўзида бир масалада пасткаш ва бошқа бир масалада олижаноб бўла олмайди. Агар инсонда инсоний ғурур, ҳамият бор бўлса, бу хислатлар унда уйда ҳам, ишда ҳам, олди-сотдида ҳам, севгида ҳам акс этиб туради.

Бизда (Россияда) аёлларнинг тўлиқ эмансипациясига («эркинликка чиқишига») шу даражада эришилганки, хотин-қизлар иқтисодий жиҳатдан эркакларга мутлақо қарам бўлмай қолди. Ҳозирги кунда аёлни боласи билан ёлғиз ташлаб кетган эркак аввалги пайтлардагидек уни боши берк кўчага киритиб қўйди, дегани эмас. Бироқ, никоҳсиз туғилиб қолган ўз боласини тан олиб, ЗАГСдан ўтишга розилик берсам, аёлга беқиёс карам кўрсатган бўламан, деб ўйлаётган эркаклар ҳали ҳам бор...

Сўнгсўз.Бу мақола шу ерда тугайди. Аммо бу ҳақда фикр юритиш, мақоладан сабоқ чиқаришнинг тўхташини, тугашини истамадик. Маълумки, Ислом маънавий жиноятларнинг ҳар қандай турини қатъиян тақиқлаб қўйган, чунки бу инсонни яратган ва унга икки дунёда саодатга эришиш йўлини кўрсатиб қўйган Аллоҳ таолонинг динидир. Ўзининг қонунларига риоя қилмаслик қандай оғир оқибатларга олиб келишини У Зотнинг Ўзи билмай, яна ким билсин? Бироқ, академик Углов каби олимлар ўзининг кўп йиллик жарроҳлик фаолияти давомида ана шундай ярамас амалларнинг оқибатини ўз кўзи билан кўриб, Исломдан мутлақо хабари бўлмаган ҳолда одамларни бу офатлардан қайтаришга уриниб келадилар. Улар ўзлари билмаган ҳолда Ислом арконларининг нақадар тўғри, ҳақ эканини, динимизнинг нақадар пок ва эзгу дин эканлигини тасдиқлайдилар. 

Фёдор Григорьевич Угловнинг расмий ва норасмий сайтлари бор экан. Бу сайтларда академикнинг алкоголизм, кашандалик ва зинонинг қанчалар ҳалокатли бало экани ҳақидаги кўплаб китоблари, мақолалари, илмий асарлари ва тадқиқотлари кенг жамоатчилик учун тўплаб қўйилибди. Ф.Углов ўзининг муваффақиятли жарроҳлик амалиётидан инкор қилиб бўлмас далиллар келтириб, бу жиноятларнинг инсоният учун заҳри қотил эканини исботлаб берган, уларнинг тиббий ва ижтимоий зарарлари ҳақида кўп ва хўб ёзган экан. Келгусида уларни ҳам ўзбекчага ўгириб, эътиборингизга ҳавола қиламиз, деб ният қилиб қўйдик. Сўзимизнинг якунида бандаларига лутфу карам айлаб, уларга ҳақ йўлни, маънавий ва жисмоний саломатлик ва абадий саодат йўлини кўрсатиб берган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар айтамиз.


Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шайх Нажм ибн Абдулваҳҳоб Шерозийнинг ўғли айтади .Отам ўлим ҳолатида бетоб бўлиб ётиб, менинг йиғлаётганимни кўриб қолдилар. .Сенга нима бўлди, дедилар. .Йўқ, давоми...

2596 07:00 / 01.02.2019
Савдо борасида бўлиб ўтган жараёнлардан бири тармоқли маркетинг деб номланган савдо тури бўлди. Одамлар бу каби ишдан аввал хабардор бўлмаганлари учун алданиб давоми...

2067 17:05 / 20.10.2019
Қуръони Каримни ўрганиш мавзусида ёзилган .Ат тибян фи адаби ҳамалатил Қуръон, китоби илм толиблари ичида жуда машҳур. 270 саҳифадан иборат ушбу китобни имом давоми...

2301 11:04 / 09.07.2020
Суфён ибн Уяйна айтади .Муҳаммад ибн Мункадир Кўфада Муҳаммад ибн Савқаникига келди. Уни эшакка миндириб кетаётиб, қуйидагиларни сўради .Эй Абу Абдуллоҳ, сиз учун давоми...

1373 07:05 / 26.09.2019
Аудиолар

118746 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40707 14:35 / 11.08.2021