1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Иффат

05:00 / 01.03.2017 5811 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Иффат” сўзи луғатда “қабиҳ нарсадан тийилиш” маъносини англатади

Ибн Манзур: «Иффат аслида қолдиқнинг ўрнига ўтадиган нарсани тановул қилиш ила кифояланишдир. Иффат ҳалол ва гўзал бўлмаган нарсадан ўзини тийишдир. Иффат ўта покликдир», деган.

Уламолар иффат ҳақида бир-бирини тўлдирувчи бир неча таърифларни айтишган.

Роғиб айтади: «Иффат нафсда бир ҳолатнинг ҳосил бўлиши бўлиб, у ила шаҳватнинг ғалабасидан четланади.

Иффат нафсни ҳайвоний лаззатлардан тийиб туришдир. У ҳаддан ошган нафси бузуқлик билан нуқсон ҳисобланган шаҳватсизлик орасидаги ўртача ҳолатдир», деган.

Жоҳиз шундай деган: «Иффат нафсни шаҳватлардан жиловлаш, жасадни тик тутишга ва соғлигини муҳофаза қилишига етадиган нарса билан кифоялашдир. Барча лаззатли нарсалардан четта бўлиб, мўйтадиллик йўлини тутишдир. Кифояланган шаҳватлари ҳам мустаҳаб равишда ва уни қондиришга иттифоқ қилинган ҳамда ҳожат тушган вақтдагина бўлиши керак».

Журжоний: «Иффат шаҳвоний қувватга оид ҳайъат бўлиб, у баўкур қувватнинг ҳаддан ошган ҳолатидаги фужур ва нуқсонга учраган ҳолатидаги туғунлик орасидаги ўртача ҳолатдир. Иффатли киши ишларни шариат ва мурувват асосида олиб борадиган одамдир», деган.


Иффатнинг турлари:

Имом Мовардий иффат ва унинг турлари ҳақида жумладан қуйидагиларни ёзади: «Иффат, поклик ва сақланиш мурувватнинг шартларидандир. Иффат икки турли бўлади. 

Биринчиси – ўзини ҳаром нарсалардан иффатда тутиш. 

Иккинчиси – гуноҳлардан иффатда бўлиш.

Ҳаромлардан сақланиш ила бўладиган иффат ҳам иккига тақсимланади:

Биринчиси – фаржни ҳаромдан тийиш.

Иккинчиси – тилни обрўлардан тийиш.

Фаржнинг ҳаромдан тиймаслик шариат ман қилган ва ақл зажр қилган бўлиши билан бирга шармандалик ва ору номусдан иборатдир.

Тилни обрўлардан тиймаслик эсипастларнинг иши, ғавғо аҳлининг интиқомидир. Бундан тийилиш осон. Ким нафсига қаҳр кўрсатиб уни кучли қайтарувчи ила жиловламаса ва шиддатла зажр қилмаса, унинг уятига қолади ва зарарларига учрайди.

Гуноҳлардан иффатда бўлиш ҳам иккига тақсимланади:

Биринчиси – ошкора зулм қилишдан ўзини асраш.

Иккинчиси – нафсни махфий хиёнат қилишдан қайтариш.

Ошкора зулм ҳалокатга элтувчи саркашлик ва нобуд қилувчи туғёндир. Агар у давом этаверса, ғолиб ўз эгасини ямлаб ютадиган фитнага бориб тақалади. Ниҳоят уни ағдарилиши билан тугайди.

Махфий хиёнат пасткашликдан бошқа нарса эмас. Чунки уни қилган одам хиёнати ила хор бўлади. Одамлар унга ишонмай қўяди. Ким хиёнат қилса, хор бўлади, дейилган гап бор» (Адабуд-дунё вад-дин 384-бет).

Имом Ибн Жавзий «Сойдул Хотир»да ёзади: «Камол азиздир, комил оздир. Камолнинг аввалги сабаби бадан аъзоларининг мутаносиблиги ва ботин суратининг гўзаллигидир. 

Бадан сурати халқ деб номланади, ботин сурати хулқ деб номланади. Бадан сурати камоли хушбичимлик ва адабли,  феъл-атворнинг гўзаллиги ва ахлоқдир.

Феъл-атвор иффат, поклик, жоҳилликдан ўзини тортиш ва нафси бузуқликдан узоқда бўлишдир. Ахлоқи карамли бўлиш, бошқаларни ўзидан ортиқ кўриш, маъруф иш қилиш ва ҳалийм бўлишдир.

Ким ушбу нарсалар ила ризқлантирилган бўлса, улар уни камолга эриштиради. Ундан шарафли хислатлар зоҳир бўлади. Агар бир бирор хислат камиб қолса, нуқсонга сабаб бўлади» (284-бет).

«аз-Зарийъа ила макоримиш-ширийъа» китобида иффат ҳақида жумладан қуйидагилар ёзилган:

«Билки, иффатли бўлиш ҳаракатидаги одам бир неча шартлар билангина иффатли бўлиши мумкин.

– Бир нарсадан ифатли бўлиши ундан кўпини кўзлаб қилинаётган ҳаракат бўлмаслиги шарт.

– Ёки унга тўғри келмагани учун бўлмаслиги шарт.

– Ёки шаҳвати қўзмайдиган бўлгани учун бўлмаслиги шарт.

– Ёки оқибати завли бўлиганини сезганлигидан бўлмаслиги шарт.

–  Ёки уни тановул қилиш ман қилинган бўлмаслиги шарт.

– Ёки камчилиги туфайли уни танимаган бўлмаслиги шарт.

Мазкур нарсаларнинг барчаси иффатдан эмас. Балки улар ўз навбатида фурсатни овлаш, яхшини ахтариш, хас-талик, бўш жой, ожизлик ёки жоҳилликдан иборатдир.

Нафсни шаҳватдан тиймаслик уни ғазабдан тиймаслик-дан кўра ёмондир…


Иффатнинг баркамоллиги

Инсон токи қўли, тили, қулоғи ва кўзи иффатли бўлмагунича ўзи иффатли бўла олмайди.

Тилнинг иффатсизлиги масхара, айблаш, ғийбат, чақимчилик, лақаб қўйиш кабилар билан бўлади.

Кўзнинг иффатсизлиги ҳаром нарсаларга ҳамда ёмон шаҳватларни қўзитувчи ҳаёти дунё зийнатларига тикилиш билан бўлади.

Қулоқнинг иффатсизлиги гуноҳ ва ёмон нарсаларни тинглаш билан бўлади.

Бас, ҳар бир аъзонинг иффати эгаси улардан ҳар бирини ўзига хос бўлган нарсада фақат шариат ва ақл рухсат берган шаҳватсиз ҳамда ҳавойи нафссиз нарсаларга ишлатиш ила бўлади. 

Иффат ҳақида келган оятлардан намуналар:

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «(Садақа ва хайру эҳсонлар) Аллоҳнинг йўлида тутилган, ер юзида касб қилишга қодир бўлмаган, иффатлари туфайли билмаган киши уларни бой деб ўйлайдиган фақирларгадир. Уларни сиймоларидан танийсан, одамлардан хиралик қилиб сўрамаслар. Нафақа қилган яхшиликларингизни, албатта, Аллоҳ билгувчидир», деган (273-оят).

Бу ояти карима зикр қилган тоифадаги одамлар ўзларини Аллоҳ йўлига бағишлаган кишилардир. Уларнинг шу сабабдан касб қилишга ҳам имконлари йўқ. Айни чоқда иффатлари, уятлари кучли бўлганидан ўзларининг ҳожатманд эканликларини яшириб юрадилар. Асл ҳолни билмаган одам уларни сиртларидан кўриб, бой, деб ўйлайди.

«(Садақа ва хайру эҳсонлар) Аллоҳнинг йўлида ту-тилган, ер юзида касб қилишга қодир бўлмаган, иф-фатлари туфайли билмаган киши уларни бой деб ўйлайдиган фақирларгадир».

Нафақани худди ана ўшаларга қилиш керак. Улар ўзлари асл ҳолларини беркитсалар, одамлардан хиралик билан тиланмасалар, қандай қилиб уларни топиш мумкин?

«Уларни сиймоларидан танийсан».

Фаросати бор, мулоҳазали кишилар, мазкур фақирларни, агарчи улар ҳожатмандликларини билдирмасдан, кишилар кўзига бой бўлиб кўриниб юрсалар ҳам, таниб, ҳақиқатни билиб оладилар. 

Ўзларини иффатли тутганликларининг ўзи нафақани уларга махфий қилишга ундайди. Нафақа бераман, деб бундай кишиларнинг ҳис-туйғуларини оёқ ости қилмаслик керак. Нафақа Аллоҳ учун қилинаётган бўлса, махфий тарзда қилингани маъқул.

«Нафақа қилган яхшиликларингизни, албатта, Аллоҳ билгувчидир».

Савобини ҳам Ўзи билиб бераверади. Шунинг учун ҳаммага кўрсатиб, гувоҳларни кўпайтириб садақа қилишга ҳожат йўқ. Сиз ихлос билан, Аллоҳ таолонинг юзини кўзлаб садақа қилаверинг, у ёғини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади.

Ушбу ояти карима аҳли суффа – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари яқинидаги суффада яшовчи тўрт юз нафар тақводор, камбағал мусул-мон ҳақида нозил бўлган. 

Улар ўзларини Қуръон ва илм ўрганишга бағишлаган кишилар бўлиб, маошларини касб қилиб топишга имконлари бўлмаган. Ҳеч нарсалари бўлмаса ҳам ўзларини иффатли тутишган, бировнинг молига назар ҳам солишмаган. 

Уларнинг асл ҳолини билмаган одам, ўзларини тутишларидан уларни бой, деб ҳисоблайдиган даражада бўлган. Уларнинг сиймоларидан аҳли салоҳ ва тақводорликлари билиниб турган. Ўзлари ўта муҳтож бўлишларига қарамай одамлардан бирор нарсани сўраб олмаганлар.

Ким аҳли суффа даражасига, улар етган улуғ мақомга етмоқчи бўлса, уларнинг ушбу оятдаги васфига қўшилмоқчи бўлса одамлардан бирор нарса сўрамасин, ўзини иффатли тутсин, билмаганлар уларни бойлар, деб ҳисобласин. 

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида:  «Етимларни то никоҳ(ёши)га етгунларича синаб туринглар. Агар уларнинг эси-ҳуши жойида эканини билсангиз, уларга ўз молларини топширинг. У мол-ларни исроф ила ва эгаларининг катта бўлиб қолишидан қўрқиб шошилиб еманг. Бой бўлганлар иффатли бўлсинлар. Ким камбағал бўлса, тўғрилик билан есин. Уларга ўз молларини топшираётганин-гизда гувоҳлар келтиринг. Ҳисобчиликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур», деган (6-оят).

Бу ояти карима етим балғоатга етиб эс-ҳушини таниганда, дарҳол унга молини топшириш зарурлигини, уларнинг молини исроф қилмаслик, оталиқка олганлар томонидан, бу балоғатга етса молини қайтариб беришим керак бўлади, деб шошилиб еб қўймаслик, агар оталиққа олган одам бой бўлса, етимнинг моли масаласида иффатли бўлиш зарурлиги, камбағал бўлса, маълум чегарада ейишига рухсат борлиги ва етимга молини топшираётганда гувоҳлар олдида топшириш каби фиқҳий амалларни баён қилмоқда.

Баъзи кишилар, мен етимни оталиққа олганимдан кейин молини нима қилсам, ўзим биламан, деб ёки, бу балоғатга етса, молини қайтариб беришим керак экан, ундан кўра у балоғатга етгунча тезроқ молини еб қўяй, дейиши мумкин. 

Аллоҳ таоло бу оятда шундай тасарруфлардан қайтариб: «У молларни исроф ила ва эгаларининг катта бўлиб қолишидан қўрқиб, шошилиб еманг», демоқда.

Демак, етимни оталиққа олганлар учун асосий ҳукм етимларнинг молидан емаслик. Аммо оталиққа олувчилар-нинг ҳоли ҳам ҳар хил бўлади: баъзилари бой, ўзига тўқ, бошқалари камбағал муҳтож. Буни эътиборга олиб, оятда бойга алоҳида, камбағалга алоҳида ҳукм баён қилинган:

«Бой бўлганлар иффатли бўлсинлар. Ким камбағал бўлса, тўғрилик билан есин!»

Бой одам ўзига етарли моли бўлгани, ҳожати тушмагани учун иффат қилиб, ўзини шубҳали нарсадан узоқ тутгани маъқул. Етимларни оталиққа олгани, уларнинг мол-мулкини сақлагани, парваришлагани учун ажру савобини олади. 

Аллоҳ таоло «Нур» сурасида: «Никоҳ(имкон)ни топа олмаганлар, то Аллоҳ улар-ни Ўз фазлидан бой қилгунича иффатларини сақласинлар», деган (33-оят).

Ушбу оятда уриниш ва ҳаракатлар билан ҳам никоҳли бўлиш имконини топа олмаганлар нима қилишлари лозимлиги баён этилмоқда.

Никоҳга имкон топа олмаяпман, деб ҳаром йўлга юриб кетмасинлар. Иффатларини сақласинлар.

Ҳалолга имкон топа олмаганлар учун ҳаромдан иффат-ларини сақлашнинг энг яхши йўлини эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатиб берганлар.


Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Эй ёшлар жамоаси, сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин, чунки у (уйланиш) кўзнинг тийилиши ва фаржнинг поклигидир. Ким қодир бўлмаса, унга рўза лозим, чунки у (рўза) унинг учун бичилишдир», деганлар.

Яъни, рўза тутиб юрса, шаҳвати қўзиши камаяди, иффа-тини сақлаш осонлашади, деганидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам никоҳга қодир бўла олмаганларни Аллоҳ таоло Ўз фазлидан бой қилиб қўйишининг йўлларидан бирини ҳам кўрсатиб берганлар.


Имом Термизий ва бошқа муҳаддислар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Уч кишига Аллоҳ учун ёрдам бермоқлик ҳақдир. Аллоҳнинг йўлида ғазот қилувчига, шартномасини адо этишни истаган мукотабга ва иффатни ирода қилиб никоҳни хоҳлаганга», деганлар.

Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилишни истаган мужоҳид ғозийга пул-мол ва бошқа нарсалар ила ёрдам бериш қанчалик савоб иш экани ҳаммага маълум. Уйланиб иффатини сақламоқчи бўлган шахсга ёрдам бериш ҳам шунчалик савобли иш экани ушбу ҳадисдан кўриниб турибди.

Аллоҳ таоло «Нур» сурасида: «Аёллардан (кексайиб) ўтириб қолганлари, никоҳни умид қилмайдиганларига зийнатларини кўз-кўз қилмаган ҳолда кийимларини қўйишларида гуноҳ йўқдир. Иффат талабида бўлсалар, ўзлари учун яхшидир. Аллоҳ ўта эшитгувчи, ўта билгувчи зотдир», деган (60-оят).

Ушбу оятдаги «кийимлари»дан мурод катта ёпинчиқ ва ҳамда устдан кийиладиган ридодир.

Аёл киши қариб, никоҳдан умуман умидсиз бўлиб қолганда паранжи-чиммат қилмасликка рухсат бор. Лекин, шундай бўлса ҳам, иффатларини сақлаганлари ўзлари учун яхшидир. 

Ўзида «иффат» сўзи бўлмаса ҳам маъноси иффатга далолат қиладиган оятларга мисол.

Аллоҳ таоло «Юсуф» сурасида: «У уйида бўлган аёл ундан нафсини хоҳлади. Эшикларни беркитиб: «Бу ёққа кел!» деди. У: «Аллоҳ сақласин! Ахир, у жойимни яхшилаб берган хўжам-ку! Албатта, золимлар нажот топмаслар», деди», деган (23-оят).

Яъни, Юсуф тушган уйдаги аёл – уни карвон эгаларидан сотиб олган кишининг хотини ундан нафсини қондиришини хоҳлади. У билан фаҳш иш қилмоқчи бўлди.

«Эшикларни беркитиб: «Бу ёққа кел!» деди».

Бу тасарруфотлар хотин Юсуфни жуда ҳам қаттиқ севиб, унга етишишга қарор қилганини кўрсатади. Йўқса, аёл киши ҳеч қачон уйидаги хизматкор йигитга эшикларни беркитиб туриб, бу ёққа кел, деб очиқдан-очиқ айтмайди. 

Аммо Юсуф хотин ўйлаган енгилтак йигитлардан эмас. У Аллоҳдан қўрқади, Аллоҳ унга ҳар бир нарсада тўғри ҳукм чиқаришни амр қилган ва илм берган. Ҳар қандай шароитда ҳам ҳаром ишга бормайди.

«У: «Аллоҳ сақласин! Ахир у жойимни яхшилаб берган хўжам-ку! Албатта, золимлар нажот топмас-лар», деди».

Яъни, бундай ҳаром ишни қилишдан Аллоҳ сақласин, демоқда. Кейин у яхшиликни унутадиган одам ҳам эмас. 

Шунинг учун ҳам, ахир у, яъни, уй эгаси – хотиннинг эри, жойимни яхшилаб берган хўжам-ку, деди. Менга шунча яхшилик қилган инсонга хиёнат этиб, хотинининг гапига кириб, фаҳш иш қиламанми? Агар шундай қиладиган бўлсам, золимлардан бўлиб қоламан.

«Албатта, золимлар нажот топмаслар, деди».

Аммо хотиннинг зулм, хиёнат, адолат, риоят, Аллоҳдан қўрқиш, деган нарсалар билан иши йўқ эди.


«Батаҳқиқ, хотин унга интилди. У ҳам, агар Роб-бининг бурҳон-ҳужжатини кўрмаганида, у (хотин)га интилар эди. Ундан ёмонлик ва фаҳш ишларни узоқлаштириш учун шундай қилдик. Албатта, у Биз-нинг мухлис бандаларимиздандир» (Юсуф, 24).

Юсуф гапга кирмай, унинг таклифини рад этгандан кей-ин, хотин ниятига етиш учун унга томон интилди. Аслида, бунақа пайтларда эркак киши аёлга интилмасмиди? 

Ҳолбуки, Юсуф комил эркак инсон эди. Унда ҳам бошқа эркакларда бўлгани каби майл бор эди. У ҳам аёлга интилиши мумкин эди. 

Аммо унинг бошқалардан фарқли жойи Роббининг ҳужжатини кўрган эди. Ҳужжатни кўриб туриб ҳам ҳаром ишга юрганида, ҳақиқий мўмин бўлолмас эди. Агар шу ҳужжат бўлмаганида, у ҳам хотинга интилган бўларди.

Буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг инояти ила бўлмоқда.

«Ундан ёмонлик ва фаҳш ишларни узоқлаштириш учун шундай қилдик».

Биз қилган тадбир туфайли у ёмонлик ва фаҳш ишлар-дан, жумладан, аёл хоҳлаган бузуқликдан ҳам узоқ бўлди. Унга бунчалик ишларни раво кўрганимиз беҳуда эмас.

«Албатта, у Бизнинг мухлис бандаларимиздандир».

Хотин Юсуфга интилди, у эса ундан қочди:


«Эшик томон чопишди. Хотин унинг кўйлагини орқасидан юлиб олди. Эшик олдида У(хотин)нинг хо-жасига дуч келишди. У(хотин): «Сенинг аҳлингга ёмонлик хоҳлаганнинг жазоси фақатгина қамалмоқ ёки аламли азобдир», деди», (26-оят).

Хотиннинг нафси шу даражага етган эдики, Юсуфга ин-тилибгина қолмай, уни қувишга тушди. Юсуф ҳам фаҳш ишга умуман бормаслигининг таъкиди сифатида эшик томон қочди. Хотин қочаётган Юсуфнинг кўйлагидан ушлаб тортган эди, кўйлакнинг бир парчаси қўлида юлиниб қолди. Шу пайт кутилмаган иш содир бўлди:

«Эшик олдида у(хотин)нинг хожасига дуч келишди».

Хотиннинг эри келиб қолди. Нима қилиш керак? 

Маккор хотин ўзини йўқотмай, дарҳол ҳужумга ўтди: «Сенинг аҳлингга ёмонлик хоҳлаганнинг жазоси фақатгина қамалмоқ ёки аламли азобдир», деди».

Яъни, Юсуф менга – сенинг аҳлингга ёмон ният билан ҳамла этди, бузуқлик қилишни хоҳлади. Энди унинг жазоси ёки қамоқ, ёки аламли азоб бўлиши керак, деди.

 Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, сийратлари ва ҳадисларида ҳам иффат масаласи кенг жой олган.


Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Ансорийлардан бир қанча одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан (мол) сўрашди. Бас, у зот уларга бердилар. Сўнгра яна сўрашди, яна бер-дилар. Ҳатто ҳузурларидаги нарса қолмади. 

Шунда у зот:  «Ҳузуримда нима яхшилик бўлса, сизларга бермай олиб қолмасман. Ким иффат талаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилур. Ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилур. Ким сабр та-лаб қилса, Аллоҳ уни сабрли қилур. Ҳеч кимга саб-рдан кўра яхшироқ ва кенгроқ неъмат берилмаган», дедилар». 

Бешовлари ривоят қилишган.

Икки Шайх ва Термизийнинг ривоятида: «Ким мусул-мон бўлиб, етарлича ризқлантирилса ва Аллоҳ уни Ўзи берган нарсага қаноатлантирса, батаҳқиқ нажот топган бўлур», дейилган.

Бошқа бир ривоятда эса: «Эй бор Худоё, Оли Муҳаммаднинг ризқини қути лаа ямут қилгин», дей-илган.

Яна бир ривоятда эса: «Бойлик ориз (мол)нинг кўплигида эмас, лекин бойлик нафснинг беҳожатлигидадир», дейилган.


Термизий, Насаий ва Ҳоким рвоятларида: «Уч кишига ёрдам бермоқлик Аллоҳ учун ҳақдир: адо этишни ирода қилган мукотабга, иффатни ирода қилиб никоҳга уринганга ва Аллоҳнинг йўлидаги мужоҳидга», дейилган.

Инсонлар ўз ҳаётлари давомида бир-бирларининг ёрдамларига эҳтиёжлари тушиб туради. Кўпчилик турли ишларда ёрдам сўраши мумкин. Лекин ёрдам берувчи қайси хилдаги ишларга ёрдам бериш кўпроқ матлуб, қайси хил кишиларга ёрдам берса кўпроқ савоб олади?

«... иффатни ирода қилиб никоҳга уринганга».

Ўз иффатимни сақлайин, жинсий майлимни ҳалол йўл – никоҳ йўли билан қондирайин, деб уринаётган шахсга ёрдам бериш ҳам, худди қулликдан озод бўлишга ҳаракат қилаётган одамга ёки кейин баёни келадиган жиҳодга чиқишга ҳаракат қилаётган одамга ёрдам беришдек керакли ва савобли ишдир.

Уйланиб, никоҳли бўлиб иффатини сақлашга ҳаракат қилиб етиша олмай турган кишига қўлидан келган ёрдамни бериш ҳар бир мўмин-мусулмон учун зарур бир ишдир. Кимдир сўзи билан, кимдир хизмати билан, кимдир мол-дунёси билан ёрдам бермоғи керак. Бу улуғ савобли ишдир. 

Мусулмонлар қадимдан бу ишда фаол бўлишиб бошқа халқлардан ажраб туришган. Оила қуришга уринмаганларни оила қуришга ундашган, оила қуришга уринганларга эса қўлларидан келган ёрдамларни беришган.

Бу ишни худди ушбу ҳадисга амал этароқ қилишган. Ҳозирги мусулмонлар ҳам бу ишда ўз ихлослари ва ғайратларини кўрсатмоқлари керак. 

Баъзи юртларда бу иш баъзи мусулмонларнинг шахсий ишлари тарийқасида амалга ошираётган бўлса, бошқаларида оила қурувчиларга ёрдам бериш жамиятлари ҳам тузилган. Нима қилиб бўлса ҳам бу ишни қилган маъқул ва қилмоқ зарур. Ана ўшанда ажру савобга эга бўлинади.


Абу Толҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Қавмингга салом айт! Мен уларни, албатта, иффатлилар ва сабрлилар деб билурман», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одамлар атрофида айланиб бир луқма, икки луқма ёки бир хурмо, икки хурмо олиб қайтадиган мискин эмас. Лекин мискин-иффатини сақлайдигандир. Агар хоҳласангиз «одамлардан хиралик қилиб сўрамаслар»ни қироат қилинглар», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга жаннатга энг аввал кирадиган учтаси арз қилинди: шаҳид, иффатли бўлиб иффатини сақлаган ва Аллоҳнинг ибодатини яхши қилган ва мавлоларига насиҳат қилган банда», дедилар».

Термизий ривоят қилган.


Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Аллоҳим. Албатта, мен Сендан ҳидоятни, тақвони, иффатни ва беҳожатликни сўрайман», дер эдилар».


Иёз ибн Ҳимор ал-Мужошиъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни ўз хутбаларида шундай дедилар: «Огоҳ бўлинглар! Ушбу кунимда Роббим менга таълим берган нарсалардан сиз билмаган нарсани таълим беришимга амр қилди. 

(У зот): «Бандага берганим барча мол ҳалолдир. Албатта, Мен бандаларимни ҳаммаларини соф табиат ила халқ қилдим. Сўнг уларга шайтонлар келдилар ва уларни динларидан адаштирдилар. Шайтонлар уларга Мен ҳалол қилган нарсаларни ҳаром қилдилар. Уларга Мен ҳужжат нозил қилмаган нарсаларни Менга ширк келтиришга амр қилдилар», (деди). 

Албатта, Аллоҳ ер аҳлига назар солди ва уларга – арабларига ҳам, ажамларига ҳам ғазаб қилди. Илло аҳли китобдан қолган-қутганларига ғазаб қилмади.

Ва У зот (менга): «Мен сени синаш учун ва сен билан (бошқаларни) синаш учун юбордим. Мен сенга сув ювмайдиган, уйқу ҳолида ҳам, уйғоқ ҳолда ҳам ўқийдиганинг китобни нозил қилдим», деди. 

Албатта, Аллоҳга менга Қурайшни ёндиришимни амр қилди. 

Мен у зотга: «Эй Роббим! Ундоқ бўлса улар менинг бошимни ёриб, синган нонга ўхшатиб қўюрлар», дедим.

«Улар сени чиқарганларидек, сен ҳам уларни чиқар. Уларга қарши ғазот қил, Биз сенга кўмак берамиз. Нафақа қил, Биз сенга нафақа қиламиз. Сен лашкар юбор, Биз унга бе баробарини юборурмиз. Ўзингга итоат қилганлар билан сенга осий бўлганларга қарши қитол қил», деди.

«Аҳли жаннат уч тоифадир: одил, садақа қилувчи ва муваффақиятли султон. Ҳар бир қариндош ва му-сулмонга раҳмли, ва қалби юмшоқ киши. Иффатли ва ўзини иффатли қилиб кўрсатувчи аёлманд», деди.

«Аҳли дўзах беш тоифадир: ичингингиздаги аҳлни ҳам, молни ҳам истамайдиган тобеъ бўлган эси паст заифлар. Тамаси махфий бўлмаган, энг ки-чик нарсада ҳам хиёнат қиладиган хоин. Эртаю кеч сени аҳлинг ва молингда алдайдиган киши», деди ва бахиллик ва ёлғонни зикр қилди ва фошиҳа иш қилиб, фоҳиша гап айтадиган одам», деди».

Муслим ривоят қилган.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир киши бу кеча, албатта, бир садақа қиламан, деди. Бас, у садақасини олиб чиқиб зония аёлнинг қўлига берди. Тонг отганда, кечаси зонияга садақа қилинибди, деган гап тарқалди. 

У киши «Эй Аллоҳим, зония учун Сенга ҳамд бўлсин. Албатта, яна бир садақа қиламан», деди. У ўз садақасини олиб чиқиб бой одамнинг қўлига берди. Тонг отганда, кечаси бойга садақа қилинибди, деган гап тарқалди. 

У киши «Эй Аллоҳим, бой учун Сенга ҳамд бўлсин. Албатта, яна бир садақа қиламан», деди. У ўз садақасини олиб чиқиб ўғрининг қўлига берди. Тонг отганда, кечаси ўғрига садақа қилинибди, деган гап тарқалди. 

У киши «Эй Аллоҳим, зония, бой ва ўғри учун Сенга ҳамд бўлсин», деди. 

Бас, унга тушида «Садақанинг, батаҳқиқ қабул қилинди. Эҳтимол, зония у сабабли иффатли бўлиб зинодан сақланар. Эҳтимол, бой ибрат олиб, Аллоҳ унга берган нарсадан инфоқ қилар. Шояд ўғри унинг сабабидан ўғрилигидан қайтар», дейилди».

Иккисини икки Шайх ривоят қилган.


Ибн Умар розияллоҳу анҳуданривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар сенда тўрт нарса бўлса, дунёнинг қолгани йўқотсанг ҳам зарар қилмайди. Омонатни муҳофаза қилиш. Ростгўй бўлиш. Ҳусни хулқ бўлиш ва таомда иффатл бўлиш», дедилар».

Имом Аҳмад ривоят қилган.


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ота-оналарингизга яхшилик қилинг, болаларин-гиз сизга яхшилик қилади. Ўзингиз иффатли бўлинг, аёлларингиз иффатли бўлади», дедилар».

Тобароний ривоят қилган.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақ эгасига: «Ҳақингни тўла олсанг ҳам, тўла олмасанг ҳам иффат-ла ол», дедилар».

Ибн Можа ва Ибн Ҳиббон ривоят қилган.

Абу Суфён билан Ҳерақлнинг суҳбатида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иффатлари ҳақида сўз борган.

Ҳирақл Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида сўрайди. Абу Суфён у зот ҳақларида жавоб беради.

– Унинг насаби қандоқ?

– У ичимизда насаблидир.

– Ушбу гапни ундан олдин сизлардан бирорта айтганми?

– Йўқ.

– Унинг ота-боболаридан подшоҳ ўтган борми? 

– Йўқ.

– Унга одамларнинг ашрофлари эргашдими, заифлари-ми?

– Заифлари.

– Улар кўпаймоқдами ёки озаймоқда?

– Кўпаймоқда.

– Унинг динига кирган бирорта аччиқ қилиб диндан чиқадими?

– Йўқ.

– У айтганини айтишидан олдин уни ёлғончиликда айб-лар эдингларми?

– Йўқ.

– Алдайдими?

– Йўқ. Биз ҳозир уни кутиш муддатидамиз. Нима қилишини билмаймиз. (Абу Суфён ушбу гапларни одамларга айтаётиб: «Ҳирақл менга ушбу калимадан бошқа гап қўшишга имкон бермади», деган.)

– У билан жанг қилдинларми?

– Ҳа.

– Унга қарши жангингиз қандоқ бўлди?

– Гоҳ ундоқ, гоҳ бундоқ. У бизни енгади. Биз уни енгамиз.

– Сизларга нимани амр қилади?

– У зот: «Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилинглар. Унга ширк келтирманглар. Ота-боболарингиз айтадиган нарсани тарк қилинг», дейди. Бизни намозга, ростгўйликка, иффатга ва силаи раҳмга амр қилади.

Ҳирақл таржимонга бундай деди: «Бунга айтгин, мен сендан унинг насаби ҳақида сўраган эдим. Сен у ичингиздан насабдорлигини айтдинг. Пайғамбарлар доимо ўз қавми насаби ила юборилади. 

Мен сендан, сиздан биров ундан олдин бу гапни айтган-миди, деб сўрадим. Сен, йўқ дединг. Агар биров ундан олдин бу гапни айтган бўлганида, ўзидан олдин айтилган гапни айтмоқда, дер эдим. 

Унинг ота-боболаридан подшоҳ ўтган борми? деб сўрадим. Сен, йўқ, дединг. Агар ота-боболаридан подшоҳ ўтгани бўлганида ота-боболарининг мулкини талаб қилмоқда, дер эдим. 

У айтганини айтишидан олдин уни ёлғончиликда айблар эдингларми? деб сўрадим. Сен, йўқ, дединг. Биламанки, одамларга ёлғон гапирмаган одам ҳеч қачон Аллоҳга ёлғон гапирмайди. 

Унга одамларнинг ашрофлари эргашдими, заифларими? деб сўрадим. Сен, заифлари эргашдилар, дединг. Улар пайғамбарларнинг атбоъларидир. 

Улар кўпаймоқдами ёки озаймоқдами, деб сўрадим. Сен, улар кўпаймоқда, дединг. Иймоннинг иши то батамом бўлгунча шундоқ бўлур. 

Унинг динига кирган бирорта аччиқ қилиб диндан чиқадими? деб сўрадим. Сен, йўқ, дединг. Иймоннинг ҳаловати қалбларга кирганда шундоқ бўлади. 

Алдайдими, деб сўрадим. Сен, йўқ, дединг. Ана шундай, пайғамбарлар алдамайдилар. 

Сизларга нимани амр қилади, деб сўрадим. Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилинглар. Унга ширк келтирманглар. Ота-боболарингиз айтадиган нарсани тарк қилинг, дейди. Бизни намозга, ростгўйликка, иффатга ва силаи раҳмга амр қилади, дединг. 

Агар сен айтган гап ҳақ бўлса, албатта, у менинг ушбу қадамим остини эгаллайди. Мен унинг чиқишини билар эдим. Унинг сизлардан эканини ўйламаган эдим. Агар мен унга холис бўлишимни билганимда у билан учрашишга уринар эдим. Агар унинг ҳузурида бўлганимда оёқларини ювар эдим».

Салафи солиҳларнинг иффатга бўлган муносабатларидан намуналар.


 Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраган эдим, бердилар. Яна сўраган эдим, бердилар. Сўнгра яна сўрагандим, яна бердилар ва: «Эй Ҳаким, албатта, бу мол яхшидир, шириндир. Ким уни сахо-ватли нафс ила олса, унга баракали бўлур. Ким уни қизғанчилик нафси ила олса, унга баракали бўлмас. Худди еб тўймайдиган ўхшайди. Устки қўл остки қўлдан яхшидир», дедилар. 

Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, сизни ҳақ ила юбор-ган Зотга қасмки, то дунёни тарк этгунимча сиздан кейин ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрайман», дедим. 

Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳулар унга ўлжадан ўз ҳаққини берганда ҳам олмаган. Вафот этгунча шу ҳол давом этган». 

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Ушбу ривоятдан иффатли бўлиш бировдан келадиган нарса билан эмас, ўзи топган ризққа қаноат қилиб яшаш мисолида Ислом таълимотларига амал қилишни кўриб ту-рибмиз. 

Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу мазкур таълимотлар-дан бехабар бўлган вақтларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мол сўраб олишни ўзларига эп кўрганлар. 

Эҳтимол, мендан бошқалар олаётгандан кейин, мен ҳам олсам нима бўлибди, деб ўйлаган бўлсалар керак. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳуга уч мартагача сўраган нарсасини берганлар ва учинчи мартадан кейин ҳадди битганини, ис-ломий таълимотларни, набавий насиҳатни қилганлар. 

Пайғамбар алайҳиссалом молу дунёни худди янги пиш-ган, тотли мевага ўхшатмоқдалар. Уни ҳамма татиб кўргуси келади. Бир татиб кўрган одам яна ва яна ялагиси келади. Ким молни сахийлик ила олса, уни олишда нияти яхши бўлса, дунё унинг учун баракали бўлади. Агар қизғанчилик билан, бировга бермаслик нияти билан олса, у еб-тўймас одамга ўхшаб қанча мол тўпласа ҳам, оз кўринаверади. Де-мак, мусулмон одам сахий бўлиши, қизғанчиқ бўлмаслиги керак.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Устки қўл остки қўлдан яхшидир», деган гаплари садақа бериш ва олиш бўйича энг муҳим ва асосий қоидага айлангандир. Устки қўл садақа, хайр-эҳсон берадиган қўлдир. Остки қўл эса садақа ва хайр-эҳсон олувчи қўлдир. Бу икки қўл орасидаги фарқ жуда ҳам катта. Садақа ва хайри-эҳсон берувчи қўл яхши қўл, баракали қўл, хайр-эҳсонли қўл ҳамманинг ҳавасини келтирадиган, Аллоҳга ва Унинг Расулига хуш келадиган қўлдир. 

Садақа ва эҳсонни бировнинг қўлидан олувчи қўл эса, паст қўл, тиланчи қўл. Аллоҳга ва Унинг Расулига ёқмайдиган қўлдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу пурҳикмат гаплари Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳунинг қалбларига ўша заҳоти жо бўлди, бутун вужудларига сингиб кетди. Шу оннинг ўзида дунё кўзларига бошқача кўриниб қолди. Ризқу рўз топиш ҳақидаги тасаввурлари тамоман ўзгарди. Энди бировдан тамаъ билан бир нарса олмаслик, ҳалол меҳнат билан, пешона тери билан нон топиб ейиш кераклигини тўлиқ тушуниб етдилар. Нафақат тушуниб етдилар, балки унга амал қилишни бошладилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни гувоҳ қилиб, ҳеч қачон, ҳеч кимдан бирор нарса сўрамасликка қасам ичдилар ва умр бўйи қасамларига содиқ қолдилар. Ҳатто икки халифа Абу Бакр Сиддиқ ва Умари Одил розияллоҳу анҳумо ўлжадан ҳақларини беришганда ҳам олмадилар. Чунки, ўлжа осонлик билан тушган ўлжа эди. Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу шунинг учун уни олишни эп кўрмадилар. Вафот этгунларича ҳеч кимдан, ҳеч нарса олмадилар.

Худди шу ҳолни олдинги ривоят соҳиблари Абу Саъид розияллоҳу анҳунинг сийратларида ҳам кўрамиз. 


Ибн Жарир Табарий у кишидан келтирган ривоятда Абу Саъид розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: 

«Ўта шиддатли фақирликка учрадик. Аҳлим мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб бир нарса сўрашга амр қилди. Бас, юриб бориб би-ринчи эшитганим у зотнинг: «Ким беҳожат бўлса, Аллоҳ уни бой қилур, ким иффат талаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилур, ким биздан бир нарса сўраса, топсак, ундан яширмаймиз», деган гаплари бўлди. 

У зотдан ҳеч нарса сўрамай қайтдим. Сўнг бизга дунё ўз-ўзидан мойил бўлиб келди». 

Бу ривоятни Имом Муслим ҳам икки жойда келтирган.


Ибн Жарир Табарий Абу Саъид розияллоҳу анҳудан қилган бошқа бир ривоятда қуйидагилар айтилади: 

«Бир куни у киши очликдан иложсизлик туфайли қорнига тош боғлаб ўтирган экан, хотини: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб бирор нарса сўра, фалончи бориб сўраган экан, анча нарса берибдилар», дебди. 

«Бас, У зотнинг ҳузурларига борсам хутба қилаётган эканлар, қулоқ солсам: «Ким иффат талаб қилса, Аллоҳ уни иффатли қилур, ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилур. Ким биздан сўраса, биз унга ани берурмиз. Ким беҳожат бўлса, бизга унинг сўраганидан кўра яхши»,-деб турган эканлар. 

Мен у зотдан бир нарса сўрамай қайтдим. Сўнгра, Аллоҳ бизга доимий равишда ризқ бера бошлади. Ҳаттоки, ансо-рийлар ичида биздан моллари кўпроқ аҳли байт қолмади».

Мадоин фатҳи ҳақидаги ривоятда, жумаладан қуйидагилар келтирилган: «Қамал кучайгандан кейин Форс подшоҳи Яздажир Мадоиннинг ғарбий қисмидан дарё оша шарқий қисмига қочиб ўтди. Саъд ибн Абу Ваққос шериклари билан маслаҳат қилиб, дарё кечиб Мадоиннинг шарқий қисмига ўтишга қарор қилдилар.

Осим ибн Амр розияллоҳу анҳу бошчилигида олтмиш кишилик Бани тамимликлар гуруҳи олдин ўтиб душманнинг йўлини тўсиб турди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ва Салмон Форсий розияллоҳу анҳу дуо қилдилар. Ҳамма ўзича дуо ўқиб дарёдан ўтдилар. Бирор нарсага зарар етмади. Кўпчилик мусулмонларнинг Дажла орқали ушбу ўтишларини катта мўъжиза шаклида кўрадилар.

Форслар мусулмонларнинг дарёдан ўтганларини кўришлари билан улар оддий одамлар эмаслигини билиб тарвузлари қўлтиқларидан тушди. Яздажир Ҳулвон тарафга қочди. Мусулмонлар шаҳарга ҳеч қандай қаршиликсиз кириб бордилар. 

Шаҳарга биринчи бўлиб Қаъқоъ ибн Амр розияллоҳу анҳу ўз одамлари билан кирди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу оқ қасрга кириб намоз ўқиди ва қироатига Аллоҳ таолонинг «Улар ортларидан қанчадан-қанча боғу роғларни ва булоқларни. Экинзорларни ва яхши жойларни. Ва ўзлари ичида маза қилаётган нозу неъматларни қолдирдилар. Мана шундай. Биз у (нарса)ларни бошқа қавмларга мерос қилиб бердик», деган оятларини ўқидир.

Ўшанда ҳижрий 16 сананинг сафар ойи эди.

Қочганларни тутиш ва ўлжа тўплаш бошланди. Ҳамма қочганлар тутилди ва катта миқдорда ўлжа тўпланди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу шариат ҳукмига биноан адолат ила ўлжа беришни йўлга қўйдилар.

Саъд ибн Абу Ваққос ўша ерда биринчи бор жума номозини ҳам қоим қилди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга суюнчи хабар ўлароқ ўлжанинг бешдан бирини юбордилар. У киши ўлжаларга қараб туриб, буни адо қилган қавм, албатта, омонат эгаларидир, дедилар.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу у кишига: «Ўзинг иффатли бўлганинг учун одамларинг ҳам иффатли бўлдилар», деди.

Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ: «Олим ўта илмли бўлса ҳам иффатли бўлмаса, унинг зарари жоҳилнинг зараридан кўра ёмондир», деган.


Иффатнинг фойдаларидан:

1. Иффат динларнинг самараларидандир.

2. Иффат иймон мевасидир.

3. Иффат бу дунёда обрўни муҳафаза қилади.

4. Иффат охиратда жаннати наъийм лаззатига эриштиради.

5. Иффат аъзоларни ҳаромдан сақлайди.

6. Иффат мурувватнинг рукнларидан бир рукндир.

7. Иффат жамиятни фисқу фасод ва гуноҳдан тозалай-ди.

8. Иффат нафс баркамоллиги далилидир.

9. Иффат иззати нафс далилидир.

10. Иффат ақл тўлалигига далолат қилади.

11.  Иффат нафснинг тозалигига далилдир.

12. Иффат эгасини хотиржам қилади.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Авлиёлардан бирортасини анбиёларнинг бирортасидан афзал кўрмаймиз. Битта набий ҳамма валийдан афзалдир, деймиз,.Шарҳ Яъни авлиёлардан бирортаси, ким бўлишидан давоми...

3482 16:00 / 29.06.2019
ТАВАККУЛ БОБИАллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир неча жойида таваккулни зикр қилган. Аллоҳ айтади Аллоҳга ким ҳақиқий таваккул қилса, бас, У кифоя қилувчидирrdquo давоми...

2999 05:00 / 01.03.2017
Покланиш, тикланиш ва хулқланиш босқичларини мувофақият ила ўтказган нафс кўзланган мақсадга эришади. Ундай нафс ўзидаги барча нуқсон ва кирларни кетказган, давоми...

3781 05:00 / 28.02.2017
Техника ривожланиб, инсон ҳаёлига келтира олмаган даражаларга етган замонда ваъз ва иршод мақолалари кўплиги ва осон қўлга киритилишига қарамай, кўпчилигимиз давоми...

2798 05:00 / 06.03.2017
Аудиолар

120110 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41777 14:35 / 11.08.2021