1446 йил 24 жумадул аввал | 2024 йил 26 ноябрь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Ичимликлар ҳақида

05:00 / 03.03.2017 3101 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло: «Чорва ҳайвонларида ҳам сиз учун, албатта, ибрат бордир. Биз сизларни уларнинг қорнидан, гўнг ва қон орасидан ичувчилар (томоғи)дан осон ўтувчи соф сут ила суғорамиз», деган (Наҳл, 66).

Шарҳ: Яъни, чорва ҳайвонларидан қўй, эчки, сигир ёки туяга боқсангиз ҳам, Аллоҳнинг ягона илоҳ эканига далолат қилувчи белгиларни кўрасиз. Уларнинг яратилиши ва уларга тегишли сон-саноқсиз мўъжизаларни бир томонга қўйиб туринг-да, улардан сут чиқишига бир назар солинг. Биз сизларни чорва ҳайвонлари қорнидан чиқадиган сут билан суғорамиз. Ўша томоғингиздан осонгина ўтадиган, мусаффо сут чорва ҳайвонининг қорнидан томирларига ўтувчи қон ва ташқарига чиқувчи гўнгнинг орасидан чиқади. Ҳайвон еган озуқа унинг қорнига тушади, ҳазм бўлиш жараёнида баъзиси қонга айланиб, томирларига ўтади, баъзиси сутга айланиб, елинига келади. Қолгани ахлатга айланиб, ташқарига чиқади.

Буни Аллоҳдан ўзга ҳеч ким қила олмайди, албатта. 

Ушбу оят нозил бўлганидан тортиб, яқин-яқинларгача одамлар сутнинг қон билан гўнг орасидан чиқишини англамас эдилар. Мазкур ҳақиқатни эндигина тушуниб етмоқдалар. 

Бу нарса Қуръоннинг илоҳий китоб эканига ёрқин далиллардан бири эмасми? 

Бу нарса ўша Қуръонни нозил қилган Зотнинг илоҳий маъбуд бўлишга ҳақли эканини кўрсатмайдими?! 

Озгина бўлса ҳам ақли бор одам учун бу нарсаларда битмас-туганмас далиллар бор.

Демак, инсон ичадиган ичимликлар ичида чорва ҳайвонларидан чиқадиган сутлар ҳам бор экан.

Шунингдек, чорвадан бошқа жонзотларда ҳам инсон учун ичимлик борлигини келаси ояти каримадан билиб оламиз.


Аллоҳ таоло: «Уларнинг қоринларидан турли рангдаги шароб чиқар. Унда одамлар учун шифо бордир», деган (Наҳл, 69).

Шарҳ: Ушбу оятда Аллоҳ асалари ҳақида сўз юритмоқда.

Аллоҳ асаларига меваларни, уларнинг гулларини топиш йўлларини осон қилиб қўйган. Одамзот топа олмайдиган жойда бўлса-да, асалари бир зумда уларни топиб боради. Ҳамда ўша мева ва гулларни ейди.

«Уларнинг қоринларидан турли рангдаги шароб чиқар».

Асаларининг қорнидан чиқадиган асалларнинг ранги турли бўлиши бежиз эмас.

«Унда одамлар учун шифо бордир».

Ўша асаларининг қорнидан чиққан турли рангли шаробда одамлар учун шифо бордир. Ушбу қуръоний ҳақиқат тиб илми ривожланган сари янада аниқроқ ойдинлашиб бормоқда.


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менга «Сидра» кўтариб келтирилди. Қарасам, тўрт анҳор бор. Иккитаси зоҳирий. Иккитаси ботиний. Икки зоҳирийси: Нил билан Фурот. Икки ботинийси: жаннатдаги икки дарё. Менга учта қадаҳ келтирилди: бир қадаҳда сут, бир қадаҳда асал, бир қадаҳда хамр. Ичида сути борини олдим ва ичдим. Шунда менга:
«Асл табиатга мос нарсани топдинг. Сен ҳам, умматинг ҳам», дейилди
».

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинаётган ҳодисалар Исро кечасида бўлиб ўтган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуддуси Шарифдан осмонга чиққанларида бир қанча нарсаларни кўрганлар. Жумладан, ушбу ҳадиси шарифда айтилганларини ҳам. Уларда ичимлик ҳақида сўз кетгани учун ушбу бобда келтирилмоқда.

«Менга «Сидра» кўтариб келтирилди».

Яъни, Исро кечасида Меърожга кўтарилганимда, менга фаришталар томонидан «Сидра» кўтариб олиб келинди. «Сидра» бошқа жойларда «Сидратул Мунтаҳо» деб айтилган. У еттинчи осмондан кейин келадиган улкан дарахтдир. Уни Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ҳам зикр қилган:

«Сидратул мунтаҳо – (тугаш дарахти) олдида». 

Сидра-дарахт, мунтаҳа-интиҳо, тугаш демакдир. Бу дарахтнинг тугаш дарахти деб номланишининг сабаби бор. Осмонда фаришталар ўша дарахт олдигача бора олар эканлар, холос, ундан нарига ўта олмас эканлар. Ундан нариги томонда нима борлигини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмас экан.

«Унинг ҳузурида Маъво жаннати бор».

Яъни, тугаш дарахтининг олдида «Жаннати маъво» исмли, тақводорларга ваъда қилинган жаннат бор.

«Ўшанда, у(дарахт)ни ўрайдиган нарса ўраб турибди».

«Ўрайдиган нарса»нинг нима эканлиги оятда очиқ айтилмаган, шунинг учун тафсирчилар бу ҳақда турли фикрларни айтганлар. Жумладан, Аллоҳнинг нури ёки фаришталар ҳам дейилган.

Лекин оятда муайян бир нарса айтилмаганлигининг ўзи «ўрайдиган нарса» васфдан ташқари улкан эканлигига далолат қилади.

Имом Аҳмад Ибн Масъуддан қилган ривоятларида Исро кечаси Пайғамбар алайҳиссалом тугаш дарахтига бориб етдилар, у еттинчи осмонда эди. Ердан чиққан нарсалар ҳам, юқоридан тушган нарсалар ҳам унга етиб тўхтайди. Ўшанда Пайғамбар алайҳиссаломга беш вақт намоз, Бақара сурасининг охири, умматларидан ширк келтирмаганларининг мағфират қилинишининг хабарлари берилган, дейилган.

Ўша «Сидра»нинг атрофида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрган нарсаларидан баъзилари ҳадиси шарифнинг давомида зикр қилинмоқда:

«Қарасам, тўрт анҳор бор».

Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур дарахтнинг остида тўрт анҳорни кўрганлар.

«Иккитаси зоҳирий. Иккитаси ботиний».

Яъни, мазкур тўрт анҳорнинг иккитасини зоҳирда, бу дунёда ҳам кўриш мумкин. Аммо иккитаси ботиний бўлиб, уларни фақат у дунёда жаннатдагина кўриш мумкин.

«Икки зоҳирийси: Нил билан Фурот».

Бу икки машҳур дарё Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Сидранинг яқинида меърожда кўринишининг ўзи уларнинг нақадар баракали эканига кучли далилдир.

«Икки ботинийси: жаннатдаги икки дарё».

Бу дарёларни фақат жаннатиларгина кўрурлар ва улардан баҳраманд бўлурлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сидра»нинг олдида кўрганлари шу билан тугаб қолмади. Балки, бошқа ишлар ҳам бўлди.

«Менга учта қадаҳ келтирилди: бир қадаҳда сут, бир қадаҳда асал, бир қадаҳда хамр. Ичида сути борини олдим ва ичдим».

Яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга уч қадаҳда уч хил ичимлик келтирилган. Қайси бирини олиб ичиш У зотнинг ўз ихтиёрларида бўлган. У зот эса асални ҳам, хамрни ҳам олмай сутни олиб ичганлар. Ва бу тасарруфлари учун У зотга: 

«Асл табиатга мос нарсани топдинг. Сен ҳам, умматинг ҳам», дейилди».

«Асл табиат» Аллоҳ таоло бандаларни яратган соф табиатдир. Бу мақтовга сазовор иш эди. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ва У зотнинг умматларига мақтов сўзлари айтилди. 

Шундан сут хосиятли ичимлик экани келиб чиқади. Албатта, ҳозирда бу улкан ҳақиқатни таъкидлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Сут ва сут маҳсулотларининг инсон учун қанчалар фойдали эканлиги тажриба ва илм асосида ҳамма-ҳаммага маълум ва машҳур бўлиб кетди. Ислом умматида ҳам сут энг яхши кўрилган ичимликлардан бири бўлиши учун ушбу ҳадиси шарифнинг ўзи кифоя қилади.


Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Исро кечаси Илияда икки қадаҳда: хамр ва сут келтирилди. У зот иккисига назар солиб туриб, сутни олдилар. Шунда Жаброил: 

«Сени соф табиатга ҳидоят қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин! Агар хамрни олганингда умматинг иғвога учрар эди», деди».

Шарҳ: Бу ҳодиса меърожга чиқишдан олдин Илия–Қуддуси Шарифда бўлган экан. Бунда Пайғамбар  соллаллоҳу  алайҳи  васалламга  учта эмас, иккита қадаҳда ичимлик келтирилган экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хамрни қўйиб, сутни танлаган эканлар. Бунинг учун Жаброил алайҳиссаломдан: 

«Сени соф табиатга ҳидоят қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин! Агар хамрни олганингда умматинг иғвога учрар эди» деган гапларни эшитган эканлар.

Эҳтимол, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидан ким сут ичса, фойда топиб, ким хамр ичса, иғвога учраб юриши шундандир.


Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Маккадан Мадинага чиққанимизда бир чўпоннинг олдидан ўтдик. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда ҳам чанқаган эдилар. Мен у зот учун озгина сут соғиб келтирдим. У зот мени рози қилиш учун ундан ичдилар».

Ушбу учовини икки шайх ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳодиса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ Маккаи Мукаррамадан Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида содир бўлган. Бутун дунё тарихида машҳур, балки инсоният тарихининг бурилиш нуқталаридан бўлмиш ҳижрати набавийя ҳодисасида жуда кўп ибратли ишлар бўлиб ўтган. Ўша улкан тарихий ҳодисанинг жонли иштирокчиси, икки ҳижратчининг бири ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан қилинаётган ушбу ривоятда ҳижрат давомида бўлиб ўтган саргузаштлардан биттаси ҳикоя қилинмоқда. Бунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қўй сути ичганлари ҳақида сўз кетмоқда. 

Бу ривоятдан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам янги соғилган қўй сутини ичганлари билиб олинади. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқнинг «У зот мени рози қилиш учун ундан ичдилар» дейишларидан биров бир нарса тутганида унинг хурсанд бўлишининг риоясини қилиш зарурлиги ҳам тушуниб олинади.


Анас розияллоҳу анҳу: 

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ушбу қадаҳим ила барча шароблар ила сероб қилганман: асал, набийз, сув ва сут», деди».

Муслим ва Насаий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Авваллари ҳам бир неча бор такрорланганидек, Анас розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида бардавом бўлганлар. Шунинг учун ул киши У зоти бобаракот соллаллоҳу алайҳи васалламга турли шаробларни тутганлари ғариб эмас. Ривоятдан Анас розияллоҳу анҳунинг ўзлари билан олиб юрадиган қадаҳлари борлиги, ўша қадаҳга турли ичимликларни қуйиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга тутишлари очиқ-ойдин кўриниб турибди.

Ушбу ривоятдаги «набийз»дан мурод хурмо ёки майизни сувга солиб ивитганда ҳосил бўладиган хуштаъм, маст қилмайдиган ичимликдир.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Байруҳоо»га кириб ундаги яхши сувдан ичар эдилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: «Байруҳоо» Абу Толҳа розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари яқинидаги боғдаги жуда ҳам суви тотли қудуқнинг номи. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тез-тез ўша қудуқдаги тотли сувдан ичганлари маълум ва машҳур.

Ушбу ривоятда ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қандоқ ичимликлар ичганлари ҳақидаги маълумотлардан бири зикр қилинмоқда.


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам учун «Буютус Суқя»дан сув келтирилар эди».

Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Шарҳ: «Буютус Суқя» нима эканлиги ҳақида икки хил маълумот келган. 

Биринчисида Мадинаи Мунавварадан икки кунлик йўл масофаси узоқлигидаги булоқ, дейилган. 

Иккинчисида эса, Мадинаи Мунаввара билан Маккаи Мукаррама орасидаги бир катта қишлоқ, дейилган. 

Нима бўлганда ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам узоқ жойдан келтирилган сувни яхшилиги учун ичганлари, У зотни хурсанд қилиш учун олис масофадан сув келтирилгани маълум бўлмоқда.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Барза алАсламийдан ривоят қилинади.Ё Расулуллоҳ Мени жаннатга киритадиган амалга далолат қилинг,, ndash дедим. .Одамлар йўлидаги озор берувчи нарсани олиб давоми...

4155 05:00 / 04.03.2017
Убайд ибн Яъийшнинг ҳадис ёзиши учун кечки овқатини ўттиз йил синглиси оғзига солиб турганҲофиз Заҳабий quotСияру аъламун Нубалаquotда Бухорий ва Муслимларнинг давоми...

5403 05:00 / 03.03.2017
Абдурроҳман ибн Ажлан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Сиздан бирингиз Абу Зомзом каби бўлишдан ожиз бўладими, дедилар..Абу давоми...

3127 05:00 / 02.03.2017
.Ўтирдиларми ёки ўтирғизилдиларми, дейилди.Агар улар ўтирган бўлсалар, туришлари ва талаб қилишлари лозим. Ана шундагина тамадан ва қалбнинг бузилишидан давоми...

4442 19:13 / 18.10.2017
Аудиолар

135450 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55686 14:35 / 11.08.2021