1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Иброҳим сураси, 42-47

05:00 / 23.01.2017 3323 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

42. Сен ҳаргиз, Аллоҳ золимлар қилаётган нарсадан ғофил, деб гумон қилма. Фақатгина уларни кўзлар қотиб қоладиган кунгача қўйиб қўядир, холос.

43. Улар бошларини кўтарган ҳолда югурурлар. Кўзлари ўзларига қайтмас. Кўнгиллари эса, бўм-бўш бўлур.


Албатта, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон Аллоҳ таоло ғофил деб гумон қилмайдилар. Лекин баъзи кишилар зоҳирда золимларга ҳеч нарса бўлмай, ўйнаб-кулиб юрганларини кўрганда турли хаёлларга бориши мумкин. Баъзилар, фалончилар шунча золимлик қилса ҳам, уларга ҳеч нарса бўлмайди-я, Аллоҳнинг иқоби золимларга келадиган бўлса, ўшаларга келиши керак эди, каби фикрларни хаёлидан ўтказиши мумкин. Ана шундай гумонларни рад қилиш учун Аллоҳ таоло:

«Сен ҳаргиз, Аллоҳ золимлар қилаётган нарсадан ғофил, деб гумон қилма», демоқда.

Балки, У золимларнинг ҳамма қилаётган ишларини жуда ҳам яхши билади. Унинг фаришталари золимлар қилган ишларнинг заррачаси бўлса ҳам ёзиб, ҳисоб-китоб қилиб турибди. Золимларга гуноҳ қилган пайтдаёқ азоб келмаслиги Аллоҳ уларнинг амалидан ғофил қолганини англатмайди, балки атайлаб азобни ортга сурганини билдиради.

«Фақатгина уларни кўзлар қотиб қоладиган кунгача қўйиб қўядир, холос».

«Кўзлар қотиб қоладиган кун» деганда қиёмат куни тушунилади. Ўша кундаги даҳшатдан, қўрқинчдан одамларнинг кўзлари қотиб, юмилмайдиган, қимирламайдиган бўлиб қолади.

Золимларга ўша куни азоб-уқубат келади. Бу дунёдаги заррача ёмонликлари учун ҳам жазо оладилар. Улар қиёмат кунининг даҳшатидан, у кунда бериладиган азобдан қўрқиб, қочишга жой топа олмаган қушчага ўхшаб типирчилаб қоладилар.

«Улар бошларини кўтарган ҳолда югурурлар».

Яқин атрофдан нажот йўқлигига ишонгач, бошларини кўтариб узоқларга қарайдилар ва тезроқ бирорта бошпана топиш мақсадида у ён-бу ён югурадилар.

«Кўзлари ўзларига қайтмас».

Даҳшатдан қотиб қолган. Фақат атрофларидаги даҳшатли нарсалардан узилмайди. Ўзларига қайтмайди.

«Кўнгиллари эса, бўм-бўш бўлур».

Қўрқув туфайли бўм-бўш бўлиб қолган кўнгилларига бирон нарса сиғмайди.

Сўнгра Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга хитоб қилади:


44. Сен одамларни уларга азоб келадиган Кундан огоҳлантир. Ўшанда зулм қилганлар: «Эй Роббимиз, бизни озгина вақт қўйиб тургин, Сенинг даъватингни қабул қиламиз ва Пайғамбарларга эргашамиз», дерлар. Бундан олдин сизларга завол йўқлигига қасам ичмаган эдингизми?! 

45. Ва ўзига зулм қилганларнинг масканларига жойлашмадингизми? Сизга уларни қандай қилганимиз равшан бўлмадими? Сизга мисоллар келтирмадикми?

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзларининг асосий ишлари–одамларни огоҳлантириш, уларга азоб келадиган кун, қиёмат кунидан огоҳлантиришда бардавом бўлишни амр этмоқда.

«Сен одамларни уларга азоб келадиган Кундан огоҳлантир».

Бошқа нарса билан, яъни, кимга иқоб тез келяптию кимга келмай тургани билан ишинг бўлмасин. Қиёмат куни ҳамманинг кўзи мошдай очилиши турган гап.

«Ўшанда зулм қилганлар: «Эй Роббимиз, бизни озгина вақт қўйиб тургин, сенинг даъватингни қабул қиламиз ва Пайғамбарларга эргашамиз», дерлар».

Бу дунёда энг улкан зулмни қилиб, мушрик бўлиб Аллоҳга иймон келтирмай юрган золимлар, қиёматда кўзлари мошдай очилиб, ақллари кириб, мулойим бўлиб: «Эй Роббимиз», деб қоладилар. Бу дунёда Роббга иймонлари йўқ эди. Унга бўйсунмас, эътиқод ҳам қилмас эдилар. Энди эса «Эй Роббимиз» деб қоптилар. Ҳаёти дунёда қанчадан-қанча огоҳлантиришларга қарамай, Аллоҳнинг даъватини қабул қилмаган, Пайғамбарларга эргашмаган эдилар. Энди эса қиёматнинг даҳшатларини кўриб, ўзларига нима бўлишини билиб озгина муҳлат сўрашмоқда. Фақат озгина вақт бўлса, бас, илоҳий даъватни қабул қиламиз ва Пайғамбарларга эргашамиз, деб сўз бериб, ялиниб-ёлборишмоқда. Ажабо, уларнинг бу ёлборишларига қандай жавоб берилар экан? Жавоб қуйидагича бўлади:

«Бундан олдин сизларга завол йўқлигига қасам ичмаган эдингизми?»

Яқиндагина, биз заволга юз тутмаймиз, қайта тирилиш, ҳисоб-китоб, қиёмат деган нарсалар бўлмаган гап, деб юрмаган эдингизми?

«Ва ўзига зулм қилганларнинг масканларига жойлашмадингизми?»

Уларнинг жойларида яшаб туриб, уларга нималар бўлганини билиб туриб, ўзингизга ўрнак олмай юравердингиз-ку?

«Сизга уларни қандай қилганимиз равшан бўлмадими?»

Сиздан олдин ўтган золимларнинг ҳаммасини, жумладан, сиз масканларида яшаган золимларни охир-оқибат Биз нима қилганимиз ҳаммага маълум эди-ку! Сизларга ҳам маълум эмасмиди?! Қолаверса,

«Сизга мисоллар келтирмадикми?»

Албатта, келтирганмиз. Аммо у вақтда сиз, бунга эътибор бермадингиз. Энди бўлар иш бўлиб бўлганда эсингиз кирдими? Энди Аллоҳнинг даъватини қабул қилиш ва Пайғамбарларга эргашиш эсингизга тушиб қолдими?!


46. Дарҳақиқат, улар ўз макрларини қилдилар. Ҳолбуки, уларнинг макрлари, гарчи макрларидан тоғлар заволга учрайдиган бўлса ҳам, Аллоҳнинг ҳузуридадир.

Кофир-мушриклар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга, мўминларга, динга қарши қўлларидан келган барча макрларни қилдилар. Аммо уларнинг макрлари ҳар қанча кучли ва таъсирли, ҳатто тоғларни йўқ қилиб юборадиган даражада бўлмасин, ҳеч нарса қила олмайдилар. Чунки уларнинг барча макрлари Аллоҳ таолонинг ҳузуридадир. У зот ҳаммасини кўриб, билиб, ихота қилиб туради. Ўзи хоҳлаганича тасарруф қилади.


47. Сен, Аллоҳ Пайғамбарларига берган ваъдасига хилоф қилувчи, деб гумон қилма. Албатта, Аллоҳ азиз ва интиқом эгасидир.

Яъни, золим-кофирларнинг макри ўтмайди. Аллоҳ Пайғамбарларига нима ваъда берса, ўшанинг, албатта, бўлиши муқаррар. Шунинг учун:

«Сен, Аллоҳ Пайғамбарларига берган ваъдасига хилоф қилувчи, деб гумон қилма».

У, албатта, Пайғамбарларига ва уларга эргашган мўмин-мусулмонларга фатҳу нусрат беради. Золим ва кофирларни эса, ҳалок қилиб, расвосини чиқаради. Чунки:

«Албатта, Аллоҳ азиз ва интиқом эгасидир».

У ҳамманинг устидан ғолибдир. Шу азизлик-ғолиблик сифати ила Пайғамбарларга ва мўминларга нусрат беради. Ҳамда интиқом олувчи сифати ила золим ва кофирлардан интиқом олади.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
3. .Муҳаммад Қуръонни одамлардан ўрганган,, деган даъво.Араб мушрикларидан бир гуруҳи Қуръонни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга инсонлардан бири ўргатишини давоми...

5223 16:40 / 11.02.2019
Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади .Агар сени собит қилмаганимизда, батаҳқиқ, уларга бир оз бўлсада, мойил бўлишингга оз қолар эди. Шундай бўлган тақдирда давоми...

5476 21:40 / 31.12.2018
25. Ва сизлардан фақат зулм қилганларнинг ўзигагина етмайдиган фитнадан сақланинг. Ва билинки, албатта, Аллоҳнинг иқоби шиддатлидир.Ушбу ояти каримадаги .фитна, давоми...

3227 05:00 / 23.01.2017
Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар қилди ва сизларга жуфтларингиздан болалар ва набиралар қилди ҳамда сизларга пок ризқларни берди. Ботилга иймон давоми...

3457 21:14 / 12.04.2018
Аудиолар

118755 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40714 14:35 / 11.08.2021