1445 йил 15 шаввол | 2024 йил 24 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Хулуъ

05:00 / 14.02.2017 12481 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Хулуъ» сўзи луғатда кийим ечиш маъносида кўпроқ ишлатилади. Шариатда эса хотин кишининг арз қилиб, бир нарса бериб эри билан ажрашишга хулуъ дейилади. Чунки эру хотин Қуръон таъбири ила бир-бирига кийим ўрнида бўлади.

Аллоҳ таоло: «Бас, агар иковларининг Аллоҳнинг чегараларида тура олмаслигидан қўрсангиз, хотин берган эвазда икковларига гуноҳ йўқдир. Ушбулар Аллоҳнинг чегараларидадир. Бас, улардан тажовуз қилманг», деган.
Шарҳ: Ушбу ояти карима асосида Ислом шариатида «хулуъ» ҳукми жорий қилинган. Эр-хотин бирга яшаш иложи қолмаса, агар бирга турсалар гуноҳ иш содир бўлиши муқаррар бўлиб қолса, хотин ажрашишни истаб эрига фидя-тўлов бериб уни рози қилиб ажрашиб кетса бўлади.
Бу ҳукмни ҳаётга қандоқ татбиқ қилинишини эса, келгувси ривоятлардан ўрганамиз.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Собит ибн Қайснинг хотини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, мен унга хулқда ҳам, динда ҳам бир айб қўя олмайман, лекин Исломда куфрон бўлишини ёқтирмайман», деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Унга боғини қайтариб берасанми?» дедилар.
«Ҳа», деди аёл.
«Боғни қабул қилиб олда, уни бир талоқ қил», дедилар
».
Бухорий ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Собит ибн Қайс розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларини қилди ва шу тарийқа Исломда биринчи хулуъ собит бўлди.
Собит ибн Қайс розияллоҳу анҳунинг бу хотинларининг номи Жамила бинти Абу Салул бўлган. Собит ибн Қайс розияллоҳу анҳу Жамила розяиллоҳу анҳога бир боғни маҳр қилиб берган эди. Собит розияллоҳу анҳу ўзлари одобли, диндор бўлсалар ҳам чиройли эмас эканлар. Шунинг учун хотинлари Жамилага ёқмаганлар.
Бошқа ривоятларда зикр қилинишича, Жамила розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга, бир куни пардани кўтариб кўчага қарасам у бир гуруҳ одамлар билан келаётган экан, ичларидан ундан кўримсизи, ундан хунуги йўқ экан, деган.
Шунинг учун куфрони аъшир, яъни, эрга итоатсизлик бўлишдан қўрққан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Жамиланинг ажраш истагини Собитга айтганларида у, эй, Аллоҳнинг Расули, мен унга энг яхши молимни боғимни маҳр қилиб берган эдим, деган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ривоятда Жамила розяллоҳу анҳога: «Унга боғини қайтариб берасанми?» дейишлари ҳам шундан.
Бошқа ривоятда бу савол жавобига Жамила розяллоҳу анҳо:
«Ҳа, устига бошқа нарса ҳам бераман», деган.
Маҳр бўлиши жоиз нарса хулуъга берилса ҳам бўлади. Уламоларимиз хулуънинг миқдори ўша аёлга берилган маҳрдан ортиқ бўлмагани маъқул, дейишади.
Хулуъ Исломда аёл киши учун эрдан ажрашишга очиб берилган йўлдир. Эр ажрашишни хоҳласа талоқ қилади. Хотин ажрашишни хоҳласа қозига арз қилиб хулуъ қилади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Собит ибн Қайснинг хотини ундан хулуъ қилди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг иддасини бир ҳайз қилиб белгилаганлар». 
Сунан эгалари ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳукмдан, яъни, хотининг иддасини бир ҳайз кўриш қилиб белгиланишидан, хулуъ талоқ эмас, никоҳни бузиш эканлиги келиб чиқади. Чунки, талоқнинг иддаси уч ҳайз, никоҳни бузушнинг иддаси бир ҳайз бўлади.

ар-Рубайъ бинти Муъаввиз розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида хулуъ қилганда унга бир ҳайз кўргунча идда ўтиришни амр қилдилар. (Ёки у бир ҳайз кўргунча идда ўтиришга амр қилинди).
Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ёкидан кейинги гап ровийнинг гапидир. Бундан ҳам хулуъ талоқ эмаслиги келиб чиқмоқда.

Ҳадис ва Ҳаёт китобдан

ХУЛУЪ ҲАҚИДАГИ ФАСЛ

«Хулуъ» сўзи луғатда кийим ечиш маъносида кўпроқ ишлатилади. Шариатда эса хотин кишининг арз қилиб, бир нарса бериб эри билан ажрашишга хулуъ дейилади. Чунки эру хотин Қуръон таъбири ила бир-бирига кийим ўрнида бўлади.

Аллоҳ таоло: «Бас, агар иковларининг Аллоҳнинг чегараларида тура олмаслигидан қўрсангиз, хотин берган эвазда икковларига гуноҳ йўқдир. Ушбулар Аллоҳнинг чегараларидадир. Бас, улардан тажовуз қилманг», деган.
Ушбу ояти карима асосида Ислом шариатида «хулуъ» ҳукми жорий қилинган. Эр-хотин бирга яшаш иложи қолмаса, агар бирга турсалар гуноҳ иш содир бўлиши муқаррар бўлиб қолса, хотин ажрашишни истаб эрига фидя-тўлов бериб уни рози қилиб ажрашиб кетса бўлади.
Бу масалада «Мухтасари Виқоя»нинг соҳиблари қуйидагиларни айтади.
Ҳожат тушганда маҳрга яроқли нарса эвазига хулуъ қилса бўлади.
Бунга ҳозиргина ўрганган оятимиз ва қуйидаги ҳадиси шариф далилдир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Собит ибн Қайснинг хотини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, мен унга хулқда ҳам, динда ҳам бир айб қўя олмайман, лекин Исломда куфрон бўлишини ёқтирмайман», деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Унга боғини қайтариб берасанми?» дедилар.
«Ҳа», деди аёл.
«Боғни қабул қилиб олда, уни бир талоқ қил», дедилар».
Бухорий ва Насаий ривоят қилган.
Собит ибн Қайс розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларини қилди ва шу тарийқа Исломда биринчи хулуъ собит бўлди.
Хулуъ боин талоқдир.
Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалом хулуъни бир боин талоқ ҳисоблаганлар.
Аёлга бадалини бермоқ вожиб бўлади.
Яъни, эридан хулуъ қилаётган аёлга хулуънинг бадалини эрига бермоқ вожиб бўлади.
Эрга, агар айб ўзида бўлса бадални олиш, агар айб аёлда бўлса ортиғини олиш макруҳдир.
Яъни, эр ўзининг айби билан хотинни хулуъ қилишга олиб келган ва хулуъ эвазига хотин маҳрнинг бадалини қайтариб бераётган бўлса, уни олиш эрга макруҳдир.
Аммо айб хотинда бўлса ва у маҳр бадали устига ортиғини ҳам бераётган бўлса, эрга ўша ортиғини олиш макруҳ бўлади.
Собит ибн Қайс розияллоҳу анҳу Жамила розяиллоҳу анҳога бир боғни маҳр қилиб берган эди. Собит розияллоҳу анҳу ўзлари одобли, диндор бўлсалар ҳам чиройли эмас эканлар. Шунинг учун хотинлари Жамилага ёқмаганлар.
Бошқа ривоятларда зикр қилинишича, Жамила розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга, бир куни пардани кўтариб кўчага қарасам у бир гуруҳ одамлар билан келаётган экан, ичларидан ундан кўримсизи, ундан хунуги йўқ экан, деган.
Шунинг учун куфрони аъшир, яъни, эрга итоатсизлик бўлишдан қўрққан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Жамиланинг ажраш истагини Собитга айтганларида у, эй, Аллоҳнинг Расули, мен унга энг яхши молимни боғимни маҳр қилиб берган эдим, деган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Жамила розяллоҳу анҳога «Унга боғини қайтариб берасанми?» деганлар. Бу савол жавобига Жамила розяллоҳу анҳо:
«Ҳа, устига бошқа нарса ҳам бераман», деган.
«Зиёданинг кераги йўқ», деганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалом.
Маҳр бўлиши жоиз нарса хулуъга берилса ҳам бўлади. Уламоларимиз хулуънинг миқдори ўша аёлга берилган маҳрдан ортиқ бўлмагани маъқул, дейишади.
Хулуъ Исломда аёл киши учун эрдан ажрашишга очиб берилган йўлдир. Эр ажрашишни хоҳласа талоқ қилади. Хотин ажрашишни хоҳласа қозига арз қилиб хулуъ қилади.
Агар мол эвазига ёки мол бериш шарти билан талоқ қилса-ю, аёл қабул қилса боин талоқ тушади. Хамр ва тўнғиз эвазига бўлса эрга ҳеч нарса лозим бўлмайди. Хулуъда боин, талоқда ражъий тушади.
Сени минг тилло эвазига талоқ талоқ қилдим деганда ёки сени минг тилло бериш шарти билан талоқ қилдим деганда хотин шартни қабул қилдим деса орага бир боин талоқ тушади. Чунки икки ҳолатда ҳам талоқ хотиннинг қабулига боғлиқдир.
Хамр ва тўнғиз мусулмон шахснинг ҳақида қимматга эга мол эмас. шунинг учун уларни бериши ҳам лозим бўлмайди. Буларга ўлимтик ва ҳур инсон кабилар ҳам киради. Анашу пайтда хулуъда боин, талоқда ражъий тушади. Чунки бериладиган эваз ботил бўлганидан сўнг лавзларга эътибор қилиш лозим бўлади. Хулуъ боин талоқни, талоқ эса ражъийни тақозо қилади.
Агар аёл мингнинг эвазига уч талоқни сўраса-ю, эр бир талоқ қўйса, бир боин талоқ тушади ва мингнинг учдан бири лозим бўлади. Минг бериш шарти билан бўлганда, Абу Ҳанифанинг наздида бир ражъий талоқ тушади ва ҳеч нарса бериш лозим бўлмайди.
Араб тилида эваз билан шартнинг орасида катта фарқ бўлади. Шунинг учун бу икки маънони ишлатилганда ҳукмлар икки хил бўлади.
Хулуъ аёлнинг ҳақида эваз олди бердиси ҳисобланади. У мажлис билан чегараланади. Шунинг учун у айтганида қайтиши ва ихтиёр қилиш шарти тўғри бўлади. 
Хулуъ қилишни хоҳлаган аёл мол бериши лозим бўлгани учун бу иш унинг учун савдога ўхшаша нарсага айланиб қолади. Хулуъ масаласини ўша мажлиснинг ўзида ҳал қилиши лозим. Ундан кейинга қолдиришга ҳақи йўқ. Шунинг учун у хулуъни таклиф қилганидан кейин эр қабул қилишидан олдин гапини қайтариб олишга ҳақлидир. Эр «минг тилло бериш шарти ила сен талоқсан» деганида аёл қабул қилдим, деса унинг уч кунгача ихтиёр ҳақи собит бўлади. Бу муддат ичида эр талоқни қайтариб олса, талоқ ботил бўлади. Аёл талоқни ихтиёр қилса, талоқ тушади ва эрга минг тилло бериш вожиб бўлади.
Хулуъ эрнинг ҳақида қасамдир. Шунинг учун ҳукмлар аксинча бўлади.
Яъни, қайтиши мумкин эмас ва унга ихтиёр ҳақи ҳам берилмайди. Масалани ўша мажлиснинг ўзида ҳал қилмасдан кейинга қолдирса ҳам бўлади. Бошқа ҳакмларда ҳам шундоқ.
Қул аёлнинг ўрнидадир.
Қулни хожаси мол эвазига озод қилганда икковлари юқоридаги масаладаги хотин ва эр ўрнига қўйиладилар. Қулга ихтиёр ҳақи берилади. Хожага бу ҳақ берилмайди.
Хулуъ ва бир биридан воз кечиш икковларидан никоҳ ҳақларини соқит қилади.
Аммо никоҳдан бошқа ҳақлар собит туради. Мисол учун иккиси бир бири билан савдо қилган бўлсалар, бу ишдаги ҳақлари соқит бўлмайди. маҳр, нафақа каби никоҳга оид ҳақлар эса соқит бўлади.
Агар ота кичкина қизини қизнинг моли эвазига хулуъ қилса, бу иш талоқ тушишидан бошқа нарсаларда беҳуда бўлади.
Яъни, бу ҳолда талоқ тушади ва мол бериш ботил бўлади.
Шунингдек, ўша кичкина қиз эрнинг хулуъини қабул қилганда ва отаси зомин бўлганда ҳам. Бас, мол унинг зиммасига тушади.
Яъни, балоғатга етмаган қизнинг эри, мен сени мол эвазига талоқ қиламан деганда бу таклифни қабул қилса, талоқ тушади ва молни бериш қизга вожиб бўлмайди. Шунингдек, қизнинг отаси молни мен бераман деб хулуъни талаб қилганда ҳам талоқ тушади, қизга мол бериш вожиб бўлмайди ва молни унинг отаси беради.

Кифоя шарҳи Виқоя

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мусулмонлар ичида энг яхши уй етимга яхшилик қилинаётган уйдир. давоми...

2901 05:00 / 15.02.2017
Албатта, ҳар бир оилада эрхотин тинчтотув, аҳилиноқ равишда, бахт нашидасини суриб яшаши айни муддаодир. Бунинг учун ҳамма ҳаракат қилади. Аллоҳ таоло барчага ана давоми...

7452 05:00 / 07.03.2017
Бутун борлиқни ва ундаги мавжудотларни яратган холиқ, Аллоҳ субҳонаҳу ва Таоло уларнинг борлиқдаги мавжудлигини турли сабабларга боғлаб қўйган. Ушбу сабаблар давоми...

3473 05:00 / 14.02.2017
Ҳар бир жамиятда раҳбар бўлиши керак бўлганидек, оила деб номланган кичик жамиятда ҳам раҳбар бўлиши лозим. Бу масалани бошқалар қандай ечганига назар соладиган давоми...

6363 09:04 / 24.09.2021
Аудиолар

120334 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41972 14:35 / 11.08.2021