1445 йил 7 шаввол | 2024 йил 16 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

ХОТИРА АЗИЗ

16:49 / 27.03.2017 3761 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари 10 март куни оламдан ўтдилар. 11 март куни пешинда жанозалари “Кўкча” масжидида ўқилиб, Шайх Зайниддин бува қабристонига дaфн этилдилар. Аллох раҳматига олсин. Хўш, бу жудоликни дастлаб кимлар қандай бошларидан кечирдилар?

10 МАРТ, ТУН, АММО ШАҲАР БЕДОР

Одатим шунақа. Хуфтон намозини ўқийману, уйқуга шошиламан. Олти, етти соат ухламасам чарчаб қоламан. Бомдодга барвақт туриш... Уйим билан масжид ораси маркабда йигирма минутлик йўл. Шундай қилиб, уйқуга ётдим. Қўл телефоним кутилмаганда безовта қилиб қолди. Қарасам тўққиздан йигирма беш дақиқа ўтибди. Кўзим илинган экан. Дастлаб овоз эгасини танимадим. Оббо, янглишиб тушди, шекилли? Бунақа пайтда жуда малол келади‑да. Уйқуни тополмай қийналасан киши.

‑‑Мен Фозилжонман, ‑‑ дегандан кейин овоз эгасини танидим. Фозилжон шайх Ҳазратларининг ҳам шогирди, ҳам котиби. Болалигидан у зотнинг қанотида. Лекин у киши менга камдан‑кам қўнғироқ қиладилар, кеқурунлари инчунун. Кўпроқ у кишини мен безовта қилиб турардим. “Шайх Ҳазратларининг вақтлари бормикан, амру‑маъруф қилмоқчи эдим, билиб берсангиз” дегувчилар кўп бўларди.

‑‑Эшитаман Фозилжон, тинчликми?

‑‑Мен шуни сиздан сўрамоқчи эдим?

‑‑А?... Э... Фозилжон сизмисиз, хаёлим бошқа Фозилжонга кетиб қолди, – нима гап?

‑‑Ҳазрат тузукмилар?

‑‑Ҳа, тузуклар, яхшилар, нима эди?

‑‑Ўғлим телефонини очса, интернетдан нохуш хабар келибди, айтишгаям тилим бормайди, ‑‑ деб тўлиқди Фозилжон.

‑‑Нима? Ичим гумириб, бошимга қон ургандек бўлди. Воҳ, ғаламуслар‑е, шундай дейишга қандай тиллари борди экан‑а? Фозилжонни тинчлантиришга ошиқдим: –Мутлақо ишонманг, ҳа, бу бориб турган ғаламислик, ‑‑ деб жаҳлдан овозим кўтарилиб кетди ва кечаги кунни Ҳазрат билан бўлиб ўтган учрашувлар, мулақотлар кўз олдимга келиб, туриб қолди:

Соат ўн икки. Ишхонамизда кичкинагина зиёфатимиз бор эди. Бир қадрдонимиз маркаб олган. Шунга шукроналик дастурхони ёзган. Ҳазрат келдилар, саккизинчи қаватда, лифт эшиги олдида у кишини Аҳмадхон ака билан кутиб олдик. Дастурхонли хонага кирдик. Душанба бўлгани учун Аҳмадҳон ака, Нодиржон ва камина нафл рўзаси тутган эдик. Ҳижолатдаммиз, зиёфатда бир киши таом емаса унчалик билинмас‑у, уч киши сўппайиб ўтирса хуник‑да. Таваккал, Ҳазрат нима десалар шу, “оч десалар” очворамиз деб тилим ботирлик қилиб сўрадим:

‑‑Ҳазрат, узур, ният қилиб қўйган эдик, ‑‑ деб шерикларимнинг номини ҳам айтдим. Ҳазрат кулдилар‑да:

‑‑Ҳа яхши, сизлар бораверингизлар, бўлмаса, ‑‑ дедилар‑да орқасидан, ‑‑ биззиям дуо қилиб қўйинглар, деб қўшиб қўйдилар.

Агарда ўша куни рўза тутмаганимиздами Ҳазрат билан охирги марта бир дастурхондан таомланган бўлар эканмиз. Эссиз... Шундай қилиб, у кишининг имомлигида пешин намозини ўқидик. Зиёфатнинг душанбага ўтказилишининг бошқа бир сабаби ҳам бор эди. Бир ҳафта ўтиб, кейинги ҳафтанинг душанбасида одатий йиғилишимиз бўлар, уни Шайх ҳазратларининг ўзлари олиб борардилар. Олдин “Ислом уз” парталининг ходимлари, аудиокитоблар, дискларини тайёрловчилар билан учрашиб, ҳисобатларни эшитиб, режаларни белгилаб олгач, навбат нашриёт ва босмахона ходимларига келарди. Кейинги пайтда йиғилишимизнинг кун тартибига яна битта тадбир қўшилган эдики, бу янгиликни мухлисларимиз қизғин кутиб олдилар. У ҳам бўлса, нашриётимизда чоп этилан янги китоблар тақдимоти эди. Бу сафар бешта китобдан иборат “Ҳислатли ҳикматлар шарҳи” ва “Амаллар ниятга боғлиқдир” китобининг тақдимоти бўлиши белгиланган. Тақдимотга Тошкент шаҳар бош имом хатиби Анвар қори Турсунов ва бошқа илм вакиллари, мухлислар йиғилган. Хуллас, шу куни соат тўрт яримларгача йиғилишлар бирин‑кетин қизғин давом этди. Ҳар бир йиғилишни Ҳазратнинг ўзлари дуо билан очиб, дуо билан якунладилар. Кейинги ўн беш кун ичида қилинадиган ишлар белгилаб олинди. Ҳазратнинг кўринишлари ҳар доимгидек тетик, кайфиятлари аъло эди. Мен бу гапларни Фозилжонга айтиб, шубҳа‑ю ғашларни кўтарган бўлдим. Айни пайтда ўзим ҳам миш‑мишга заррача ишонмаган ҳолда, хотиржам тортдим. Қани энди уйқу келса. Шу пайт Ҳазратнинг энг яқин мухлиси, “Иймон” китобининг муқаддимасида номи келган ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад қўнғироқ қилиб қолди. У ҳам бир олам ташвишда, интернетдаги хабарни айтди. Унга ҳам Фозилжонга айтган гапларни такрорладим. Орадан ҳеч қанча ўтмай “Шарқ” нашриётининг бош муҳаррири Аҳрор Аҳмедов мен билан уланди. Шайх Ҳазратлари билан боғлиқ кечаги воқеаларни учинчи бор такрорладим‑у, ўзим ҳам шубҳага бориб қолдим. Шу заҳоти ишхонамиз ходими Ёрқинжонга қўғироқ қилдим. У бунақа гапдан хабари йўқлигини айтиб “қўйинг‑е тинчлик бўлсин‑е” деб қўйди овози титраб. Қадрдоним, яқиним Аҳмадхон акага қўнғироқ устига қўнғироқ қилдим. Кўтармади. Ўғли Мубашширга қилсам, хайрият у жавоб берди. “Узр, адангизга қўғироқ қилсам олмадилар, шаҳарда Ҳазрат ҳақида бир нохуш хабар тарқаб кетибди, шуни аниқламоқчи эдим” дедим. “Ўша хабар рост” деди Мубашшир йиғлаб. Ёрқинжон ҳам менга қўнғироқ қилиб, Мубашширнинг гапини тасдиқлади. Мен Хуршидга, Аҳрорга қайта қўнғироқ қилдим, Фозилжонга ҳам.

‑‑Нима қилмоқчисиз, соат ўндан ошяпти? ‑‑ деди Фозилжон.

‑‑ Ҳозир машинани миниб, ўша ёққа бораман.

‑‑Йўқ, ‑‑ деди Фозилжон, кечаси машина минманг, қийналиб қоласиз, кўчага чиқиб туринг, ўзимниям боргим келяпти.

Фозилжон билан боряпман‑у, ишқилиб, ҳаммаси ёлғонга чиқсин‑да дейман ичимда. Бемор бўлиб, ётиб қолганларида ҳам бошқа гап эди. Умуман Ҳазрат бетоблар, деган гапни эшитмаганман. Жисмонан энг соғлом одам Ҳазрат эдилар. Бир вақтлар жисмони тарбия институтининг ректоридан спортнинг “карате” тури билан шуғулланишларини эшитганим бор. Аммо яқиндаги бир йиғилишимизда “Ислом университети”нинг спорт залида ҳафтасига уч марта шуғулланиб турибмиз, нимагадир сизларни кам учратяпман” деганларини эсладим. Шунақа, ишлаш учун жисмонан чиниқишга қаттиқ эътибор қилардилар. Доимо қоматлари тик, қадлари ўктам юрардилар. Шуларни ўйлаб, кўчаларига бурилдиг‑у, тумонат одамни кўриб, вужудимга титроқ кириб кетди. Ҳалидан бери мени турли‑туман гумонлар ушлаб турган экан. Тумонатни кўриб, оёқ‑қўлимда жон қолмади. Демак, рост экан‑да? Фозилжоннинг тирсагидан маҳкам ушладиму “Ҳаммамиз Аллоҳникимиз, Аллоҳга қайтамиз” деб ўзимга‑ўзим таскин берган бўлдим. “Шундай дейилса, одам ўзини йўқотиб қўймайди, Аллоҳнинг ўзи мадад беради” деб таълим берардилар шайх Ҳазрат. Воҳ, шунча одам‑а? Кеча қор ёққан, совуқ изиллатиб турибди. Уларни қандай куч олиб келди экан, бу ерга? Ҳа, диннинг устини, у ёки бу масалаларни бир оғиз сўз билан “ҳа” ва “йўқ” деб ҳал қилиб қўядиган, инсоннинг бу дунёдан рихлат қилганига ишонмаслик уларни бу ерга олиб келган эди. Ўзимиз ҳам шунинг учун келдик‑ку. У киши ўз асарлари билан миллионлаб юракларга шундай кириб борганлар‑ки, эшитиш билан таскин топмайди киши. Токи кўзлари билан кўрмагунларича. Издихом ичида Хуршидни ҳам кўриб қолдим. Аллақачон келиб бўлибди. Ҳаёли паришон, кўзлари ёшли, жовдирайди... Бир пайтлар “Ёш куч” журналида Худойберди Тўхтабоев бош муҳаррир, камина котиб, Хуршид бўлим мудири бўлиб, учовлон ишлашган эдик. Шунда беш юз олтмиш минг нусхада чоп этиладиган журнал ўқувчиларига Ҳазратни таништирмоқчи бўлдик. “Уч, тўртта яхши савол тузиб, суҳбатлашиб келинг” дедилар Худойберди ака. Эртасига Хуршид “Саволларга бир кўз ташлаб беринг” деб қолди. Саволнинг ҳажмига қараб ҳайронлар қолдим. “Уч, тўртта” савол қайда, йигирма еттита савол! Уларни ўқиб, Хуршиднинг Ислом дини ҳақида шунча нарса билишига ҳайронлар қолдим. Уни тушундим. Ҳазрат ким билан мулоқатга киришаётганини билиши учун ҳам шундай қилган. Ўшанда Ҳазрат саволларни ўқиб кўриб, “Саволларга ўзингиз жавоб бериб қўйибсиз‑ку” деб хурсанд бўлган эканлар. Улуғ аллома билан ёзувчи ўртасидаги яқинлик ўшанда бошланган эди. Кейинчалик у “Иймон” китобига муҳаррирлик ҳам қилди. Бу йўқотиш Хуршид учун ҳам қанчалар оғир эканини ҳис қилардим. Бироқ Хуршиднинг кўзларида ўзимда кечаётган, айни дамда жуда ҳам муҳим нарсани уқиб қолдим. Спорт залида юрак хуриж қилган бўлса, докторлар ўзларига келтиргандир. Медицина бу масалада ҳозир анча олдинлаб кетди‑ку! Мен ҳудди шундай умид учқунларини бошқа кўзларда ҳам, айниқса дарвоза олдида шипдек бўлиб турган ходимимиз, Ҳазратнинг энг яқин шогирдларидан Озодбек Мунавваровнинг кўзларида ҳам кўрдим. Оҳ, қанийди шундай бўлса! Хабарлар ёлғонга чиқса. Кўзлар дарвозадан кўра кўча тарафга термуларди. Агарда шу ёқдан “Тез ёрдам”нинг қораси кўринса, тамом, бари рост бўлади. Оҳ, умид... у қанчалар сеҳрли, мўъжиза? Сўнгги жон чиқиш соняларида ҳам одамни тарк этмайди. Жондек вафодор, чиқса жон билан чиқади.

Шу пайт бирдан дарвоза томондан овоз келиб қолди:

‑‑Азизлар, қадирдонлар, Ҳазрат келдилар...

‑‑А!... Издихом бир қалиқиб тушди. Кўзлардаги учқун минг чироққа айланди.

‑‑Қўшни тарафдан олиб кирдик, эртага соат бирда “Кўкча” масжидида жаноза.

 Оҳ... тумонатнинг боши эгилди, гўё бир ерга уйилган жонсиз ғарамдек бўлиб қолди. Ҳа, умид учқуни сўнди, Ҳазрат билан боғлаб турган тириклик арқони узилди. Мен ўзимдан анча нарида турган Озодга талмовсираб қарадим. У дарвозага суянганича бошини солинтириб қолган эди. Ота‑онадан ажраб қолиб, унга кўникиш мумкиндир. Аммо устоздан ажраб‑чи, Худо асрасин. Бирин‑сирин издихом тарқай бошлади. Улар одамдан кўра шарпага ўхшардилар. Шулар қаторида ўзим ҳам...

11‑МАРТ , СЎНГИ ЙЎЛ, ВИДОЛАШУВ

Бомдодни Фозилжон билан “Кўкча” масжидида ўқидик. Шайх Ҳазратларининг жанозалари “Кўкча”да ўқилса, демак Шайх Зайниддин бува қабристонига дафн этиладилар. Гўрковлар иш бошлашган бўлса жойларини кўриб олайлик деб қабристонга кирдик. Нимагадир оёқларимиз бизни Шайх Зайниддин бува мақбараси томон бошлади. Хаёлимизда қабр шу атрофдан қазиладигандек. Ҳеч кимни учратмадик. Тиловат қилиб, Ҳазратнинг уйларига ошиқдик. Яқинлашганимизда кўчаларга ГАИ ходимларидан иборат тартиб назоратчилари қўйилганини кўрдик. Бир эмас иккита жойга. Биринчи назоратда тазияга алоқадар машиналар қўйилаётган эди. Иккинчисида машиналарни ҳам қўйишмади. Анча беридан пиёда бордик. Олдинига жаҳлимиз чиқди. Аммо кейинчалик назоратни пухта ўйлашганини билдик. Енгил машиналар тирбандлигидан майитни олиб чиқиб кетиш қийин бўлар экан. Бордик. Худди кеча кечқурунгидек одамлар тирбанд. Бўлмаса, жаноза жойи айтилди. Эшитмаганлар эшитсинлар деб, бат‑бот эълон ҳам қилиниб турибди. Лекин издихом оқими қўшилса‑қўшилардики, камаймас эди. Бўлмаса, ҳали жанозага олти соат вақт бор‑а. Бу нима сир? Ўта мухлисликми? Илмга ошиқликми? Ҳазрати Пайғамбаримиз бировни яхши кўрсанг, ўзига айтиб қўй, деган хадисларининг амалдаги ифодасими? Уларнинг қанчаси Ҳазратни шахсан танийдилар? Менимча ҳеч қанчаси. Лекин келишяпти, келишяпти, охири кўринмайди... Йўқ, буни таърифлаб, тавсифлаб бўлмайди. Шунинг учун бўлмайди‑ки, бунақа айрилиқ, бунақа мусибатни шаҳримиз одамлари бошидан кечирмаган. Қадимдан ҳар юз йилда дунёга бир олим келади, деган нақл бор. Яна олимнинг ўлими оламнинг ўлими, деган ҳадис ҳам бор. Шайх ҳазратлари ана шундай олим эдилар. Бир оққан дарё яна оқади деганларидек, диёримиздан чиққан улуғ алломалар, муҳаддислар, олимлар қаторидан ўрин олган аллома эдилар. Ҳа, у зот ҳаёт дарёсида дарёдек оқиб ўтдилар. Қизил империя даврида жаҳолатдан қуриб, қовжираб қолган миллионлаб қалбларнинг ташналигини қондирдилар. Аллоҳнинг нури бўлган Исломни маёқ қилиб баланд кўтардилар. Ва ўзлари ҳам маёққа, йўлчи‑юлдузга айланиб қолдилар. Шунақа, кўз ўнгимизда ҳаётбахш бир дарё оқиб ўтди. Биров билди, биров билмади. Бунга ҳечам ажабланмаймиз. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ... Ҳа, жаннатмакон (бу ўхшатишни у киши кўп айтардилар) юртимизнинг юлдузи сўнди. Шундай улуғ зотга биз замондош бўлиб қолдик. Шунинг ўзи фахр. Мана, нима учун одамлар оқиб келяпти...

 Ҳамроҳим билан одамлар орасида сирғала‑сирғала дарвоза томон яқинлашиб бордик. Илинж битта ‑‑ Ҳазратнинг совуқ юзини кўриб қолиш. У кишига “совуқ” деган сўзни айтишга тил бормайди. Лекин шу сўзда ҳам бир ҳикмат борга ўхшайди. Ёниб турган, куйиб турган юрак сув сепгандек таскин топса керак‑да. Бу тирик билан ўлик орасидаги Ҳазрат тарифлаган сиру синоатлардан бири бўлса, ажабмас. Ҳа, мен шу таскинликка ошиқардим. Лекин дарвоза берк. Жамийки кўзлар шу дарвозада. Қани энди ҳамма Ҳазратнинг совуқ юзини бир‑бир кўриб олса. Уларга бошқа ҳеч нарса керак эмас. Аммо буларнинг иложи йўқ. Яқинлари, қариндош‑уруғларидан ортмайдилар. Майитни абадий уйи, ер бағри кутяпти. Дақиқалар ҳисоб‑китобли. Издихом орасида туриб ичим қизийди. Наҳотки ичкари кира олмасам? Видолашиш охиратга қоладими? Шу пайт Ҳазратнинг: “Ишим юришаверсин деган одам ўзинимас, ўзгаларни ўйлаган одамдир, ҳар бир ишда холис бўлган яхши” деганларини эслаб, ўзимни ўзим ёмон кўриб кетдим. Ахир сен кечагина Ҳазратни шу кўзларинг билан кўрдинг‑ку, пурҳикмат сўзларини, маслаҳатларини шу қулоқларинг билан эшитдинг‑ку. Ёнингда кўзларида ёш, қалбларида дард билан турганлар‑чи? Улар Ҳазрат билан видолашишга сендан кўра минг марта ҳақдорроқмасми? Сен ким бўлибсан? Шулар қатори бир мухлиссан, холос. Бирга ишлаганингни ўзи бир дунё бахт, бойлик, ўчмас хотира эмасми? Шуларни ўйлаб, издихом ичига сингиб кетганимни ўзим ҳам билмай қолдим. Шу пайт мўъжиза юз берди, дарвоза очилиб, кимдир менинг номимни айтиб, кирсинлар деб қолди. Ҳа, ўзимни, нафсимни тийганим Аллоҳга ёқди шекилли, Ўзи марҳамат қилди. Фозилжоннинг қўлидан маҳкам ушлаб, хайрлашиш учун ичкари кириб бордим. Аммо юзларини очиб, хайрлашишга жазм этолмади. Шундоқ оёқ тарафларидаги қордек оппоқ чойшабга икки қўлимни босиб, юзимга босаолдим, холос... Алвидо устоз, алвидо... Ишларингизни фарзандларингиз, шогирдларингиз билан биргаликда давом эттириб, катта савобларга дохил бўлишни Аллоҳ насиб қилсин...

Қалбида оҳи, тилда ноласи билан: Эркин МАЛИК.

 

 

ДУО ОЛГАН ЙИГИТ

Ҳар куни бомдодни “Кўкча”да ўқиб, Ҳазратнинг ҳузурларига ошиқаман. Бир калима Қуръон ўқиб, ўзимча таскин топган бўламан. Аммо қабр боши мендек таскинчилар  кўплигини кўриб, баттар тўлиқаман, ҳаяжондан юрагим ҳаприқиб кетади. Бир куни аксарият марғилонликларни, кейинги куни андижонликларни, яна бир куни чустлик мухлисларни кўраман. У азизларни мен дўппиларидан танийман. Зиёратчиларнинг юз‑кўзларида ажиб бир ифода, улар гўё: “Наҳотки китоблари жавонларимизга сиғмаган улуғ аллома, фазилатли шайх шу бир қулоч жойга сиғиб ётибди эканлар” дегандек бўладилар. Шунда мен уларга: “Азизларим сизлар минг карра ҳақсизлар, дарҳақиқат, Ҳазратга ўхшаган инсонлар ер бағрига сиғмайдилар. Бундай зотларни ер ўз бағрига сиғдираман деса ҳам сиғдира олмайди, жисмигагина “марҳабо” деб жой беради. Бундай инсонлар охиратгача ер бетида тириклар билан яшайдилар, ҳа! Бунга у кишининг юзлаб китоблари, минглаб аудиотасмалари, тилдан‑тилга кўчиб юрган амри маъруфлари, садоқатли шогирдлари, мингдан зиёд ўқилган хатми Қуръонлар гувоҳ”, дегим келади. Мана яна бир мисол.

Ҳазрат оламдан ўтган куннинг ўн бешинчи куни, 24 март санасида одатдагидек бомдоддан сўнг қабристонга кириб бордим. Бугун масжидда дуо ўқиб, атайлаб сал ҳаялладим. Зиёратчилар кетиб бўлгач, ўзим холи зиёрат қилмоқчи бўлдим. Кеча душанба, ўзлари бошлаб берган одатий мажлис биринчи марта у кишисиз давом этганини, унда уч китобдан иборат “КИФОЯ” ва тўрт китобдан иборат “Зикр аҳлидан сўранг” китобларининг тақдимоти бўлганини, тақдимотда халқимиз севган ёзувчи Тоҳир Малик қатнашиб, чиройли, истиқболли таклифлар айтганини хаёлан Ҳазратга етказмоқчи бўлдим. Ташқарида баҳор ёмғири шамол билан уриб ёғарди. Оёқ ости чилп‑чилп кўлмак. Очиқдамас, айвонда ўтираманда деган ўй кўнглимдан кечди. Аммо қабр бошида чўккалаб ўтирган зиёратчиларни кўрдиму, айвон ҳам паққос эсимдан чиқди. Бир йигит Бухоро шевасида, бир чиройли “Ёсин” ўқирди. Ички бир ғурур ва фахр билан қаторларига қўшилдим. Йигит дуо қилатуриб, беихтиёр худди Ҳазрат тирикдек мурожаат қилди: “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари, мен сизни ҳаётлик пайтингизда зиёрат қилай деб, икки марта уйингизга бордим, ҳар сафар илм билан банд эканлигингизни эшитиб, халақит қилмасам кўпроқ савоб олар эканман деб ғойибона кўришган бўлиб, қайтиб кетганман. Сиз билан бу ёруғ дунёда учрашиш менга насиб қилмади. Мана яна келдим яна ғойибона учрашиб турибман эй улуғ устоз, жойингиз Жаннатдан бўлсин”.

Бу гаплардан кейин ичимдан гулдурос бир ҳайқириқ босиб келди‑ю, ўзимни зўрға босдим. Ёмғирдан увиб, шалаббо бўлган йигитни бағримга босдим‑да:

‑‑ Сизни Аллоҳ Шайх Муҳаммад Содиқ ҳазратлари билан ўзининг Жаннатларида учраштирсин, омин, ‑‑ деб дуо қилдим.

Улар қабристондан чиқиб кетишди. Шу пайт миямда бир нима “йилт” этгандек бўлди. Анови йигит нима деди? “Халақит қилмасак кўпроқ савоб оларканмиз” дедими? Беихтиёр Озодбекнинг гапларини эсладим. У киши “Ҳазрат билан “Тафсири Ҳилол”нинг ўрисчасини таҳрир қилиб ўтиришган экан. Бунақа пайтда у кишига бир қултим сув ичиш ҳам малол келаркан, ҳа, вақтни қизғанарканлар. Шундай бир паллада Ҳазратнинг котиблари Фозилжон хижолат билан хонага кириб келади. Кексароқ одам билан бир ёш йигит зиёратга келганини айтади. “Аҳволни тушунтирмадингизми?” дейдилар Ҳазрат. “Айтдим, ‑‑ дейди Фозилжон, ‑‑ ёш йигит тушинар экан халақит қилмасам кўпроқ савоб оларканман деб, саломини айтиб кетиб қолди, кексароғи бўшашингизни кутаман деб ўтирибди”. Шунда Ҳазрат “халақит қилмасам кўпроқ савоб оларканман” деган йигитни “илмни тушунар экан” деб ғойибона узоқ дуо қилган эканлар.

Мабодо ўша йигит эмасмикан, ўша бўлса Ҳазратнинг омонатларини, дуоларини етказиб қўяй, деб шошиб қабристондан чиқдим. Афсуски, енгил машина катта кўчага чиқиб улгурган эди...

Эркин МАЛИК

 

НАМОЗ БОШҚА – МУҚОВА БОШҚА

Ўшанда “Ҳадис ва Ҳаёт” силсиласининг илк жузлари босмахонага тайёланаётган пайтлар эди. Аллоҳ раҳмат қилсин, бадиий тили нихоятда ўткир ва равон таниқли ёзувчи Мурод Мансур “Бисмилло” деб, ғоятда катта муҳаббат билан матн ўқишга киришган, камина китобнинг муқоваси ва босмахона билан боғлиқ ташкилий ишлар билан бандман. Ҳазрат билан тез‑тез қўнғироқлашиб турамиз. Матн ҳақида гап йўқ. Эътибор муқовага қаратилган. У қандай кўринишда бўлади‑ю, китобхонни қанчалик ўзига жалб қила олади? Ҳамма гап шунда! “Шарқ” нашриётида ҳали бунақа руҳдаги китоблар чоп этилмаган. Яна бу силсила битта эмас ўттиз тўққизта китобдан иборат. Демак, муқовалари бир‑бирига ўхшамаслиги, аксинча, бир‑биридан чиройли бўлиши керак. Ўша пайтда бош рассомимиз Музаффар Аъламов қўшниси ажойиб инсон Абдуллажон аканинг даъватлари билан эндигина намозга кирган, Исломга бўлган муҳаббатининг чеки‑чегараси йўқ, бу ҳақда гап очилсаёқ ҳаяжонини босолмай қолади. Саволлари‑ку тугамайди. Муроджон ака икковимиз муқовани ибодатли рассом чизса яхши бўларди деган хулосага келиб қўйган эдик. Таклифимизни Музаффар энтика‑энтика, қувана‑қувона, катта бир масъулят билан қабул қилди. Муроджон ака китобнинг руҳини тушунтириб, ундан баъзи ҳадисларни ўқиб берган бўлдилар. Рассом ишга тушди. Мен Ҳазратга қўнғироқ қилиб, рассом иш бошлаганини айтдим. У киши “Ҳа яхши, тайёр бўлаверсин‑чи кўрамиз” дедилар.

Музаффар Ҳастиимомга бориб диний китоблар сақланадиган кутубхонага кириб, қадимда чоп этилган тошбосма, Қозонбосма китобларни кўздан кечириб, ўнга яқин муқова нусхаларини ишлади. Аксари бадиий китобларнинг муқоваларига ўрганиб қолганимиз учунми, бир‑бирига ўхшамаган янгича муқоваларни кўриб Муроджон ака икковимиз “зўр” деб юбордик. Мен Ҳазратга қўнғироқ қилиб, ўнтача китобнинг муқоваси тайёр бўлганини, уни намозхон рассом йигит ишлаганини алоҳида таъкидлаб қўйдим. Шунда ҳазрат кулиб: “Намоз бошқа, муқова бошқа, тақсирим, қани обкелинглар‑чи, кўрайлик” дедилар.

Олиб бордик. Кўрдилар, лекин “бўмайди” демадилар. “Қолдиринглар, маслаҳатлашиб жавобини айтамиз, балки муқовани ўзимиз тавсия қилармиз,”‑‑ дедилар.

Бўлиб ўтган бу суҳбатга ҳам ўн беш йиллар бўлиб қолди. Бу орада “Ҳадис ва Ҳаёт” силсиласи бир эмас бир неча бор “Шарқ” нашриётида ва “Ҳилол-нашр”да босилиб чиқди. Ана энди китобнинг муқовасини бир кўз олдингизга келтиринг: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак равзаларидан бир кўриниш. Кўришингиз билан юрак жиз этади, хаёл Мадина‑ю мунавварага кетади. Ҳажга, Умрага борганлар‑ку  китобни кўрсаёқ ўпиб, кўзига суртади. Сафардаги ўша саодатли дамлар оғушига ғарқ бўлади. Чоп этилган ўттиз тўртта китобда ҳам шу сурат, шу манзара. Матн эса турли мавзуларни ўз ичига олган. Барчаси ҳазрати Пайғамбаримизнинг ҳадислари, амаллари, буйруқлари. Уларга гўё яхлит битта зарбоф тўн кийдирилгандек. Ҳам оддий, ҳам содда, ҳам чиройли, ҳам маҳобатли. Тежамлилигини айтмайсизми? Биз бўлса ҳар бир китобга алоҳида‑алоҳида “тўн” кийдирамиз деб ўзимизни‑ўзимиз қийнаб юрибмиз. Агарда биз айтганча бўлганда нима бўларди? Ортиқча ҳаражат, рассомнинг қимматли вақти исроф бўларди. Шуларни ўйлаб, улуғ олимимизнинг қамровлари қанчалик кенг бўлганини, “Намоз бошқа, муқова бошқа, тақсирим” деганларини эслаб, ичимдан бир тўлиқиб қўяман.

 Эркин МАЛИК

БИЛГАН БИЛАН БИЛМАГАН...

Бир куни Ҳазратнинг ҳузурига Муроджон аканинг таҳриридан чиққан китобни олиб бориб, олдингисини кўриб қўйган бўлсалар нашриётга олиб қайтмоқчи бўлдим.

‑‑ Муроджон ака барака топсинлар, таҳрирларининг маъқул жойларини олиб, компьютерга киритдик, сизларга қайси варианти маъқул “Ворд” вариантими ёки “Пейжмейкер”ми, ‑‑ деб сўраб қолдилар Ҳазрат. Мен довдираб қолдим. Чунки ишхонамиз эндигина компьютерлашаётган, қандайдир олдинги, эски компьютерларидан воз кечиб, “Пентюм”га ўта бошлаган эдик. Шунинг учун шайх айтаётган вариантларни яхши тушунмас эдим. Шунда шошиб “ҳар икковидаям” деганим эсимда. “Бўпти, йигитлар дискка кўчириб обориб беришади” дедилар Ҳазрат.

Мен “Ворд”даги вариантини, “Пежмейкер”га ўтказилиб верстка қилинишини, “Пежмейкер”да бўлса “Ворд” варианти ортиқча, кераги йўқлигини кейинчалик тушундим. Ҳазрат ўшанда менинг бу соҳада нўноқлигимни сезмаганмас, сезганлар, аммо “ундай эмас, бундай” деб хижолат қилгилари келмаган. Билган одамнинг одоби қанақа бўлишини ўшанда бутун вужудим билан хис қилганман. Мен учун бу катта дарс бўлган.

 Эркин МАЛИК

 

АМЕРИКА САФАРИ

Вашингитондаги иккита эгизак бино портлаган йили Ҳазрат бўлиб ўтган бу фожеанинг Исломга алоқаси йўқлигини, Исломнинг ўзи террорга қарши эканлигини далиллаш ва бу борада маърузалар қилиш учун Америкага чақирилдилар. Албатта у ердаги журналистлар бундан хабар топишади ва самолётдан тушишлари билан одатларига кўра Ҳазратни ўраб, саволга тутишади. Ҳазрат улар билан саломлашадилар‑у саволларга жавоб бермай тураверадилар. Ниҳоят савол берувчилар жимиб қоладилар. Шунда Ҳазрат журналистларга қараб:

‑‑ Ислом одобида мен меҳмон‑у, сизлар мезбонсизлар, одатда мезбонлар меҳмонни саволга тутмайдилар, аксинча меҳмон мезбонга савол билан мурожаат қилади, ‑‑ дейдилар. Шунда журналистлар бу мантиқли гапдан кейин янаям жим бўлиб қолишади. Ораларидан бирови:

‑‑ Сўранг биз жавоб беришга тайёрмиз, ‑‑ дейди жимликни бузиб. Шайх ҳазратлари давом этадилар:

‑‑ Исломда кўп гаплик исрофга киради, шунинг учун мен берадиган саволларга бир оғиз “ҳа” ва “йўқ” десагиз бўлди, ‑‑ дейдилар.

Журналистлар таажубда янаям хушёр тортадилар. Ҳазрат давом этадилар:

‑‑ Аввало айтингларчи, сизлар мен билан Ислом дини, шарит илми бўйича мунозарага қалбан тайёрмисизлар, бу соҳадаги билимингиз етарли деб ўйлайсизларми?

‑‑ Йўқ.

‑‑ Американи демократиянинг бешиги дейишади, сизлар турли газета ва журналлар, радио ва телекомпанияларининг вакилисизлар, айтингларчи, демократия талабларидан келиб чиқиб ўз компаниянгизни ўзингизда танқид қила оласизларми?

‑‑ Йўқ...

Афсуски, америкалик журналистларнинг оғзини ланг очириб, тан бергизиб қўйган Ҳазратнинг бундай саволлари анчагина эди. Бошқаларини хотирамда тиклай олмадим. Ўшанда устознинг саволларидан келиб чиқиб Америкага қандай олим келганлиги ҳақидаги шов‑шув яшин тезлигида тарқаган. У киши ўн беш кунлик сафарлари давомида ўн олтита штатда бўлишга улгурганлар. Ҳазратни ҳамма жойда қизғин кутиб олишган. Эгизак бинонинг портлашини Исломга заррача ҳам алоқаси йўқлигини, Ислом тинчлик дини, бағрикенглик дини, тараққиёт дини, террорга алоқаси йўқ дин эканлигини кўпчилик тушуниб етган ва Исломга қизиқишлари ортиб кетган. Дўкон пештахталаридаги Исломга оид китоблар қолмаган. Ҳалқ талаб қилавергач дўкондорлар бундай китобларни Англиядан обкелиб сотишган...

АЛЛОҲ ШУНИ ХОҲЛАБДИ...

“Тафсири ҳилол”нинг янгича (яшил) муқовадаги қайта нашрини чоп этиш ишлари “Шарқ”да роппа‑роса бир йилга чўзилиб кетди. 2012 йилнинг январида иш бошлаган бўлсак 27 декабрда охирги нусхаларини тамомладик. Ҳа, интиқлик билан кутаётган мухлисларнинг сўзи билан айтганда роса “туя гўшти еди”. Олтита жуздан иборат бу китобнинг нозик тамони шунда эди‑ки, ўқувчининг қўлига бирданига, тўлалигича етиб бориши керак эди. Биттаси босмадан чиқмаса, қолган бештаси кутиб тураверади. Аввало муаллиф шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари олдида, буюртма берган фирма олдида жуда ноқулай аҳволда қолдик. Битта йўл қўйилган техник хато ҳамма ишни орқага суриб юборган эди. Хато қилганлар ишдан кетди, қанчаси жаримага тортилди. Шартномада кўрсатилган муддатлар бузилди, фирма нашриётни жаримага тортишга юз фоиз ҳақли. Бироқ жаримага тортиш у ёқда турсин, на муаллиф тарафидан, на буюртмачи тарафдан қаттиқ‑қуруқ гап бўлмади. Ўта сабр ва хотиржамлик ҳукм сурди. Бу бизни баттар ноқулай аҳволга солди. Мен, ҳатто Ҳазратга қўнғироқ қилишга ҳам ботинолмай қолдим. Бир қадрдон отахон водий тарафдан келиб Ҳазратнинг зиёратига олиб боринг деб илтимос қилиб туриб олди. Бориш йўлларини кўрсатдим‑у ҳузурларига бирга кира олмадим. Юзим чидамади. Бундай ҳолни Бош директоримизнинг ўша пайтдаги муовини Равшан Абдувосилович ҳам бошидан кечираётган экан. Бир куни ҳузурига чақириб қолди. Кирсам, столи устида янаям чиройли, бошқача рангдаги икки тўплам “Тафсири Ҳилол” турибди.

‑‑ Гўзал‑ку, қаердан пайдо бўлди бу китоблар? ‑‑ деб биттасини олиб, муқовасини кўздан кечирдим.

‑‑ Гуноҳимизни ювайлик деб шунақа “супер”идан таёрлатдим, энди Шайх ҳазратларига нашриётимизда чоп этилган китоблардан танланг, бориб бир узр‑маъзур қилиб келайлик, ‑‑ деди.

Ёзувчилардан Примқул Қодиров, Ўткир Ҳошимов, Тоҳир Малик, Мурод Мансур китобларини олиб ёнига янги нашрдан чиққан ўзимнинг “Дуо олган келинчак” китобимни ҳам қўшиб, йўлга тушдик. Хаёлимда “урганлари ун оши, сўкканлар сўк оши нима десалар ҳам чидаймиз” деб боряпман, қолаверса Бош директор муовини ёнимда‑ку.

Котиблари Фозилжон бизни меҳмонхонага олиб кириб, ўзи Ҳазратга хабар бергани чиқиб кетди. Мен ҳар сафар борганда битта нарсани кузатардим. Меҳмон келиб, нафасини ростлаб, сал хонанишин бўлгунча вақт ўтар, кейин эшик очилиб, салом бериб Ҳазрат пайдо бўлардилар. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Ҳар доимгидек очиқ юз, табассум билан бизни қарши олдилар. Мен у кишига ҳамроҳимни таништирдим. Ҳол‑аҳвол сўрашгач, Ҳазратниг кўзлари бошқача муқовадаги “Тафсири Ҳилол”га тушди:

‑‑ Ҳа, буниси бошқача бўпти‑ми? ‑‑ дедилар битта жилдини қўлга олиб.

‑‑ Сизга, совғага икки комплект тайёрлатган эдик, ‑‑ деди ҳамроҳим ва ҳижолат бўлгандек ерга қаради. “Совға”ни ва “ерга қараш”ни Ҳазрат аллақачон илғаб бўлганлар, шунинг учун ортиқча узр‑маъзурга ўрин қолдирмай “Тафсири Ҳилол”дан кейин биз олиб келган бошқа бадиий китобларни кўздан кечиришга ўтдилар.

‑‑ Тоҳир Малик ҳожи оға билан яқинда қўнғироқлашганидик, китоб ёзишда икковимиз мусобақалашиб турамиз, ‑‑ деб кулдилар Ҳазрат. Кейин мендан: ‑‑ Қалай, Мурод ҳожа ака яхшимилар, ‑‑ деб сўрадилар. Мен, “Яхшилар, зўр бериб “Жудолик диёри”нинг охирги китобини ёзяптилар” дедим. Ҳазратнинг кўзлари каминанинг жажжигина, қаттиқ муқовали китобига тушди. – Ҳа... китобни мана бунақа қилиб чоп этса ҳам бўларкан‑ку, шакл‑шамойили чиройли бўпти, ‑‑ дедилар‑да, ‑‑ муборак бўлсин, ‑‑ деб қўйдилар.

Ҳазрат “ўтган ишга салавот” деб, бўлиб ўтган ишларга қайтгилари йўқ эди лекин ҳамроҳим чидаб тура олмади. Узрини айтиб олди. Ҳазратнинг юз‑кўзларида ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Ўша самимият, ўша босиқлик ва ўша улуғворликда:

‑‑ Ҳа энди Аллоҳ шуни хоҳласа бандаси нимаям қила оларди... ишда бўб туради, ‑‑ дедилар оддийгина қилиб.

Ҳамроҳим, у кишини қайта кашф этгандек “ярқ” этиб қаради...

Эркин МАЛИК

 

ДЎППИ

Ҳазрат оламдан ўтганларига ҳам йигирма тўрт кун бўлди. Бугун жума, 3 апрель. Ҳар доимгидек бомдодни “Кўкча”да ўқиб, Ҳазрат билан саломлашгани қабристонга кирдим. Қабр бошига боряпман‑у беихтиёр У кишининг ҳаётлик даврларида бировга малол келадиган иш қилмаслик тўғрисидаги гапларини эсладим. “Малол келадиган иш қилмаслик” – бу Аллоҳ белгилаб қўйган чегарадан чиқмаслик, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўл‑йўриқларига амал қилиш, ҳамма соҳада ўрта йўлни тутиш. Булар Ҳазратнинг барча китобларида, айниқса, “Васатия”да тўлиқ очиб берилган. Тақдирни қарангки, Ҳазрат оламдан ўтмасларидан ўн беш кунча олдин “Амаллар ниятга боғлиқдир” китоби чоп этилган эди. Буни қарангки, “малол келтирмаслик” у кишининг ниятларига айланиб бўлган экан. Аллоҳ охирги манзилларини ҳам ниятларига яраша қилибди. Қабрлар оша юриб, ичкари кирмайсиз. Ҳеч бир малоллик йўқ, дарвозадан кираверишда шундоққина қабристон бошланишидан жой олганлар. Аллоҳнинг марҳаматида бу  ҳам.

Ҳар кунгидек қабр боши дуогўйлар билан ҳа, “обод” дея олмайман, чунки кўнглимиз ярим, шунинг учун ҳам зиёратларига келамиз. Қабр боши ҳамиша серфайз дейиш мумкин. Ҳа, қабристон ҳам тириклар билан обод. Ер тагида ётганлар ер устидагилардан дуо кутадилар. Мен дуо қилатуриб нимагадир бундан деярли бир йил олдин кўрган тушимни эсладим. Гўё Ҳазратнинг дўппайиб турган қабрлари, “кўриб қўй, ҳамма нарса ғанимат” дегандек бўлди. Қабристондан чиқиб, то ишхонага келгунча шу ўй миямда айланаверди. Ёзиш, ҳа, ёзиб қўйиш керак деган қарорга келдим. Бундан ташқари, касбдошларимдан авваллари “Нимага Ҳазратнинг нашриётларига ишга бормаяпсиз, ё таклиф бўлмаяптими?” деган саволлар бўларди. Мен уларга: “Ҳазрат Мамун академиясига ўхшаган бир академия тузганлар, у ерда ишлаётган муҳаррирларнинг бари олим одамлар, ҳа, жуда катта илм эгалари, камида уч‑тўртта тилни билишади, мен ким бўлибман уларнинг олдида, Ҳазратнинг “Шарқ”да чиқаётган китобларига қараб турибман, шунинг ўзиям катта гап” деб жавоб берардим. 2014 йилнинг 1 сентябридан “Ҳилол-нашр”га ишга ўтганимни эшитган касбдошларим “барибир ўтибсиз‑у, нима илмингиз ошиб қолдими” дегандек қараш қилишди. Ишга ўтишнинг ўзига хос бир “сири” бор эди. Ўша сирни Ҳазратга айтишга мавридини кутиб юрардим, айтолмай қолдим. Бу туш билан боғлиқ эди. Уни баён қилишдан олдин гапни сал узоқроқдан бошлашимга тўғри келади. Унда Ҳазратнинг китоблари ҳали “Шарқ”да босилмаган, аммо босиш учун тегишли идоралар билан музакоралар олиб бориларди. Ҳалқимизнинг диний ва дунёвий савиясини кўтарадиган, қалбларини бидъатлардан тозалайдиган, тинчлигини таъминлайдиган бундай китоблар хусусий, кичкина босмахоналарда эмас, давлат босмахонасида босилиши керак деган ҳаракатда эдик. Шундай кунларнинг бирида туш кўрдим. Тушимда болалигимда кўп раҳнамолик қилган, қишлоғимизнинг домласи Мамариза тоға кўрпа‑тўшак қилиб ётганмишлар. Сал нарида Ҳазрат ҳам. Қўлимда тасбеҳ бормиш. Мен ўқиб, шундай катта олимларга дам солишим керакмиш. Шунда Мамариза тоға кўзлари билан Ҳазратга ишора қилдилар. Мен ўқиб, тасбеҳни Ҳазратнинг устиларидан юргазармишман. Тушимни Муроджон акага айтсам, “Ҳай, ҳай, яхши туш кўрибсиз, муборак бўлсин, тасбеҳнинг ҳар бир донаси битта китоб‑да, тасбеҳда нечта дона бўлишини биласизми, 99та, сўписида ўнта, қўшсангиз 108 та‑я, Худо хоҳласа Шайхнинг шунча китобларини чоп этар эканмиз” деган эдилар. “Олинг‑а, шунча китоб ёзишни ўзи бўладими” деган эдим мен. Кейинчалик “Ҳадис ва ҳаёт” силсиласининг ўзи 39 та китобдан иборатлигини эшитиб тилимни тишлаганман.

Ҳазрат билан боғлиқ яна бир туш. “Тафсири Ҳилол”ни илк бор нашрга тайёрлаганмиз. Қоғозлар, картонлар обкелиб қўйилган. Ҳатто бошқа буюртма олмай, машиналарни банд қилиб турибмиз. Одатда китоб матни кўпайтирилиб таниқли уламоларга тарқатилар ва уларнинг хулосалари кутиларди. Биз Шайх ҳазратларидан “нима бўлди” деб сўрай олмаганимиздек у киши ҳам ўқигувчилардан “нима бўляпти” деб сўрай олмасдилар. Сабр ва сабр қилинарди... Бу кутиш висир‑висирчиларнинг тегирмонига сув қуйди. Ҳамманиям ўзига яраша мухолифи бўлади, айниқса, илм кишилариники инчунун. Ишлаб чиқаришдан тинмай сўрашади: “Нима гап?” “Ҳеч гап, кутяпмиз, бугун бўлмаса эртага бўлади”, дейман. Шундай дейману, ичимдан зил кетаман. Нахотки!..

Туш кўрдим. Қўйлар қамаладиган қўрага ўхшаган жоймиш. Унинг ичида уч‑тўртта одам бир томонга қараб жаҳл билан бир нималар деяпти. Ўша тамонга бундай қарасам, кенг очиқ майдонда Ҳазрат турибдилар. Қўлларида узун бир ғўла. Уни қўра ичидагиларга қараб отадиларми деб ўйладим. Йўқ у киши ғўлани осмони фалакка қараб шундай отдиларки, у худди чиллак боладек юқорилаб кетди. Қўра ичидагиларнинг кўзлари тепага битиб, ҳайрону‑лол бўб, жим бўлиб қолишди. Мен бўлса: “Ҳазрат эҳтиёт бўлинг, ғўла яна бошингизга қайтиб тушмасин”, дейман хавотир билан. “Йўқ тушмайди” дейдилар Ҳазрат қатъият билан. Дарҳақиқат ғўла анча нарига бориб тушди. Қўра ичидагилар ғойиб бўлиб қолишди.

Мен бу тушимни ҳам Муроджон акага айтдим. “Ҳа‑а... ‑‑ дедилар у киши ички бир ҳайрат билан, ‑‑ ғўлани осмони фалакка отдилар денг, ана шунақа Ҳазратнинг забдлари зўр, ғўла бу илм, осмонга отганлари кўриб қўйларинг деганлари бўлади, тақсирим” дедилар. Орқасидан қўшиб қўйдилар “Ташвиш қилманг, Ҳудо хоҳласа “Тафсири Ҳилол”нинг ишлари юришиб кетади”.

Дарҳақиқат, шундай бўлди. Охирги хулоса ҳам ижобий бўлди‑ю иш бошланиб кетди.

Ана энди каминанинг “Ҳилол-нашр”га ўтишим билан боғлиқ туш воқеасига келсак. 2014 йили рамазон ойида бўлса керак туш кўрдим. Тушимда бир издиҳомдамишмиз. Ҳазрат наманганлик қадрдонлари Аҳмадҳожи ака билан қучоқ очиб кўришдилар, кейин Муроджон ака билан. Мен ҳам кўришиш учун истиқболларига юрган эдим, у киши ҳам менга қараб юрдилар. Кўриша туриб секингина қўйнимга бир нарса солиб қўйдилар. Ие, Ҳазратнинг бунақа одатлари йўқ эди‑ку дея ҳайрон бўламан. Хаёлимда пулли конвертга ўхшади. Бир чеккага ўтиб, бундоқ қарасам, тахлоғлик кўк дўппи.

Мен кўк дўппини кўк муқовада босилган “Тафсири Ҳилол”га йўйдим‑у шу кундан бошлаб уни қайтадан ўқишга тушдим. Шундай кунларнинг бирида “Ҳилол-нашр”дан Ҳазратнинг жиянлари — “Грант таълим” ўқув марказининг директори Музаффар Абдулатипов келиб қолди. Уни кўпдан биламан, жуда киришимли, дипломат, ҳарактчан, олим йигит. Нашриётни очиш учун кўп елиб югурган. Одатда янги нашриётнинг Бош муҳаррири давлат нашриётларида камида беш йил ишлаган муҳаррир бўлиши керак эди. Биз “Шарқ”дан Муроджон акани тавсия қилган эдик. Бироқ шундоқ катта ёзувчининг ҳужжатлари техника олий ўқув юртини битирганлиги учун  ўтмай қолди. Меники ўтди. Шундай қилиб, камина “Ҳилол-нашр”нинг бош муҳаррири бўлиб рўйхатдан ўтган эдим. Лекин “Ҳилол”да ишлаш учун катта билим кераклигини ўйлаб боришни орқага суриб юрар, аммо “Шарқ”да босилаётган китобларига масъуллик қилардим. Музаффар келди‑ю масалани кўндаланг қўйди:

‑‑ Нашриётнинг қамрови кенгайди адабий, бадиий, болалар учун ҳам китоблар чоп этадиган бўлдик. Ҳазрат “Ҳожака келсинлар” дедилар тамом, вассалом, ‑‑ деди.

Кўз олдимга тушимдаги кўк дўппи келди‑ю ҳеч иккиланмай:

‑‑ Бўлди, бораман. “Шарқ”дан бўшаш учун бугуноқ ариза ёзаман, ‑‑ дедим Музаффарга қараб.

Музаффар “ростми” дегандек менга қаради. Яхши туш Аллоҳдан деганларидек мен ҳамон ўша туш таъсирида юрардим. Дўппи бу вазифа, иш, қайсидир маънода мартаба ҳам. Уни яна ким ҳадя қилди? Ҳамма гап шунда! Қолаверса, халқимизда “Дўст бошга қарайди” деган мақол бор... Ишга келдим. Ҳазрат “Қадамларига ҳасанот” деб кутиб олдилар. Мен бу илтифотга жавобан гап топа олмай довдираб, қўл қовуштириб, бош эгдим холос.

Юракни эзадиган, армонларга тўлдирадиган жойи шундаки, Ҳазратнинг бевосита қўл остида етти ойгина бирга ишладим. Замонамизнинг улуғ алломаси каминага кўк дўппини бериб қўйиб, ўзлари Яратганнинг ҳузурига кетиб қолдилар. Аллоҳдан сўрайманки, илоҳо бу дўппи орқаларида қолиб, ишларини давом эттираётган шогирдларининг, фарзандларининг, У кишининг мухлислари бўлган миллатимизнинг дўпписи бўлсин. Китобларини қайта‑қайта чоп этиб, халқимизга етказишдек улуғ ишларга сабабчи бўлиб юришни Аллоҳ барчамизга насиб этсин, омин!

 

ЙИГИРМА УЧ ЙИЛ ОРҚАГА ҚАЙТИБ...

(Ўзбекистон радиоси биринчи каналида янграган эшиттириш)

 Хотира хотирани уйғотади деганларидек Ҳазрат билан боғлиқ яна бир воқеа “лоп” этиб ёдимга тушди. Билсангиз, ўшанда бугунгидек ўксиниб эмас, аксинча, қувончдан кўз ёшларини тўккан эдим. Унда Ўзбекистон радиосида ишлардим. Юртбошимизнинг икки Ҳайит кунини байрам қилиш ҳақидаги қарорлари чиққан. Рамазон Ҳайити яқинлашиб келарди. Шу муносабат билан каминага бир соатлик эшиттириш таёрлаш топширилган. Ҳазрат у пайтда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг муфтийси эдилар. Ҳоли суҳбатлашиш учун уйларига бордим. Маслаҳатларини олдим. Уларнинг йўл‑йўриқлари билан эшиттириш тайёр бўлди ва Ҳайит намози вақтида эфирга узатилди. Шунинг учун Ҳазрат ҳам, ўзим ҳам бошқа намозхонлар ҳам эшита олмади. Лекин пешинда, кечқурун қайтарилгач, бутун Ўзбекистон эшитди. Худосизлик даврлари битиб, мана бундай эмин‑эркин эшиттиришлар таёрлашга етиб келганимиздан қувониб, кўзимга ёш келган эди.

 Радиовариантини кўчириб олган эдим. Ҳа, ўша ёзувли тасма ҳозир қаерда экан? Унда Ҳазратнинг ғоятда таъсирли муборак овозлари бор эди. Касета топилди. Аёлим Зуҳрабону саранжомли хотин. Эҳтиёт қилиб, олиб қўйган экан. Суюнчисига кафега олиб бориб зиёфат қилиб бердим. Қуйида ўша эшиттиришни қандай бўлса шундайлигича сиз азизларга тақдим этамиз:

Мусиқа, танбурда муножот куйи...

Сухандон шеър ўқийди:

Сиз башар фарзанди Абдуллох ўғли,

Араб саҳросидек оташин, чўғли.

Пайғамбар эдингиз зафарли, туғли,

Ассалому алайка, ё Муҳаммад,

Ассалому алайка, ё Муҳаммад.

Аллоҳ Расули тенги йўқ инсон,

Сизнинг йўлингизни ёритгай Қуръон

Ассаломи алайка, ё Муҳаммад

Ассалому алайка, ё Муҳаммад.

Эркин Малик: Ушбу оташин сатрлар сиз қадрли радиотингловчи дўстларга таниш. У севимли шоиримиз ҳожи Абдулло Орифнинг (Орипов) “Ҳаж дафтари”дан. Гарчанд жамики ҳамду сано Аллоҳга жоиз бўлсада мана ўн тўрт асрдирки Аллоҳнинг Расули, комил инсон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига бағишланиб, ана шундай қасидалар битиб келинади. Бу шунинг учунким, мусулмон олами икки нарсага – Аллоҳнинг каломи Қуръон ва Пайғамбаримизнинг суннатларига таяниб яшайди. Биз муқаддас китоб деганда Қуръонни тушунамиз. У Аллоҳнинг каломи бўлгани учун ҳам муқаддасдир. Ўн тўрт асрдан бери битта сўзи у ёқда турсин, ҳатто битта зеру‑забари ҳам ўзгаргани йўқ. Ҳозир сиз сўзларимизни тинглаб туриб яна бир китобни эслаб кетдингиз. У пайғамбаримизнинг ҳукмлари, одатлари, йўл‑йўриқлари, феъллари битилган, саҳобалари, энг яқин кишилари оғзидан ёзиб олинган, тўплам ҳолига келтирилган “Ҳадис” китобидир. Унинг тўпловчисини эслаганимизда ғурурдан кўксимиз бир кўтарилиб тушади. Ватандошимиз абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал Бухорий.

(мусиқа)

Сухандон: Ҳайит кунлари ёнда қурол олиб юриш ёки қурол билан масжидларга кириш ман этилган эди. Душман хавфи бўлмаса шундай қилиш буюрилган эди. Ана шундай Ҳайит кунларининг бирида деб Саид ибн Жубайр ривоят қиладилар:

‑‑ Ибн Умар билан от миниб келаётганимизда у кишининг оёқлари кафтига найзанинг учи кириб, қадалиб қолди. Мен отдан тушиб найзани суғуриб ташладим. Бу воқеа Минода бўлган эди. Бундан хабар топган Ҳажжож кўргани келиб, найзани сизга ким тиққанини билганимда эди деди. Шунда Ибн Умар “Сиз тиқдингиз”, дедилар. Ҳажжож қандай қилиб, деди? Қурол олиб юрмоқ мумкин бўлмаган кунда қурол олиб юрмоққа ижозат бердингиз. Ҳарамга қурол билан кирмоқ мумкин эмас эди. Бунга ҳам руҳсат бердингиз, деди.

Эркин Малик: Бугун биз байрам қилаётган Ҳайит кунининг муқаддимаси бўлган рўза кунларида катта‑катта маҳорабалар ҳам тўхтаган. Ҳайит куни эса бир бирларига уруш ҳолатидаги қабилалар, давлатлар ярашганлар. Шунинг учун ҳам Ҳайит куни қурол олиб юриш ман қилинган. Аммо юқоридаги ривоятда Ҳажжож суиқасд уюштириш мақсадида Ҳайит куни қуролда юришга рухсат берган эди. Бу албатта Аллоҳга хуш келмади. Чунки Пайғамбаримиз буюрган, ёким ман қилган нарсаларнинг кўпчилиги Аллоҳ таоло томонидан Жаброил фаришта орқали у кишига етказилар эди. Натижада нима бўлди? Ибн Умарнинг оёғига найза кирди ва у Ҳажжожнинг ёмон ниятини юзига айтиб, фош қилди.  Ҳадислар мусулмонларни мана яна нималарга ундайди:

(мусиқа)

Сухандон: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки Аллох йўлида нимаики бўлса ҳам, икки жуфтдан, икки дирҳамми, икки кулоҳми, икки кўйлакми эхсон қилса, Жаннат эшикларидан эй Аллоҳнинг бандаси, у ишинг ҳайрли ишдир деб, ичкарига даъват қилингайлар. Кимки намозхонлардан бўлса намозхонлар кирадиган эшикдан, ким жиҳод қиладиганлардан бўлса, жиҳод қилганлар кирадиган эшикдан, кимки рўза тутган бўлса, Райён номли эшикдан, кимки эҳсон қилганлардан бўлса эҳсон қилганлар кирадиган эшикдан чақирилгайдир” дедилар. Абу Бакр розияллоху анҳу сўрадилар: “Ота‑онам фидойингиз бўлсин ё Расулуллоҳ, бир эшикдан кирадиган бўлганимдан кейин ҳамма эшикдан чақирилмоғимнинг не ҳожати бордир?” Расулуллоҳ айтибдирларки: “Мен сизни ҳамма эшиклардан чақириладиган бандалардан бўлмоғингизни истамайдирман.

(мусиқа)

Эркин Малик: Шундай, иймон келтирган одам қўли очиқ, сахий, адашган бандаларни солиҳ йўлга даъват этувчи, намозхон, рўзадор ҳам бўлиши керак. Мусулмоннинг ҳамма амаллари бут бўлиши зарур. Абу Ҳомид Муҳаммад ибн ал Ғаззолий шундай дейдилар: “Эй фарзанд, огоҳ бўл. Кечалари китоб мутолаа айлаб уйқуни ўзингга ҳаром қилдингми? Бундай қилишингдан мақсад недир? Агар ниятинг дунёвий обрў‑эътибор топишу мол‑мулк топиш, бу фоний дунёда бирон бир мансаб, лавозим эгаллаш ёки яқинларинг, тенгдошларинг орасида мақтаниш бўлса, унда ҳолингга вой, яна вой! Ва яна мақсадинг Расулуллоҳ шариатларини тирилтирмоқ ва ёки хулқингни покламоқ ила ёмонликка буюрувчи нафс йўлини синдирмоқ бўлса, сенга эзгуликлар ва яна эзгуликлар бўлсин”.

Расулуллоҳнинг шариатлари ҳамиша тирик, ҳамма замонлар учун ҳам бирдек дастур. Инсониятга дориган дардлар учун малҳамдир. Пайғамбар ҳадисларига мурожаат қилмаган на бир илм кишиси, на бир хофиз, на бир шоир бор мусулмон оламида. Биз Алишер Навоийнинг “Арбаин”ига мурожаат қиламизми, Фузулий, Машраб ғазалларини ўқиймизми, Аҳмад Яссавий, Сулаймон Боқирғоний, Замаҳшарий ҳикматларига қулоқ соламизми ҳадиснинг “ярқ”, “ярқ” этган томонларини кўриб қоламиз. Таниқли хонанда Баҳтиёр Ҳолхўжаевнинг Яссавий шеърига басталаган ушбу қўшиғи ҳам ҳадис илгари сурган ортиқча ҳойи‑ҳаваслар ҳақидадир:

Бешак билинг бу дунё барча элдан ўтаро,

Ишонмагин молингга бир кун қўлдан кетаро,

Ота‑она қариндош қаён кетди фикр қил,

Тўрт оёқли чўбин от бир кун сенга етаро.

Дунё ғамини ема, Ҳақдан ўзгани дема,

Киши молини ема бир кун келиб тутаро?

Аҳлу аёл қариндош ҳеч ким бўлмайди йўлдош,

Мардона бўл ғариб бош умр елдек ўтаро.

Қул хўжа Аҳмад тоқат қил, умринг билмам неча йил...

 (мусиқа)

Эркин Малик: Азиз радиотингловчилар, биз Сизга ҳадисдан ривоятлар қиляпмизу беихтиёр китоб жавонингиздаги имом Бухорийнинг “Ҳадис” китоби кўз олдингиздан ўтяпти. Агарда эътибор қилган бўлсангиз анашу муборак китобнинг биринчи жилдига Муфтий ҳазратлари Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф сўз боши битганлар. Эшиттиришимизда Ҳазрат ҳам иштирок этяптилар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Алҳамду лиллаҳи Роббил аъламин. Вассолоту вассалому аъла хойри холқиҳи Муҳаммад ва аъла асҳабиҳи ажмаъин, ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу баракотуҳ. Яна бир бор барчаларингизга бу улуғ айём муборак бўлсин. Аллоҳ субҳанаҳу таоло бундай қувончли кунларни сиз билан бизнинг бошимизга такрор ва такрор келтирган бўлсин.

Экин Малик: Мана Ҳазрат, биз ҳозир “Ҳадис” китобини ҳам ўқияпмиз. Шу билан биргаликда бугунги ҳаётимиздаги ўзгаришларни ҳам кўриб, кузатиб боряпмиз. Бизнинг китобхонларимиз наздида бугунги Жумҳуриятимизнинг мустақиллиги билан боғлиқ бўлган ҳарактларимизда умумий муштараклик борга ўхшайди. Бизга ўша муштараклик, ўзаро боғлиқлик ҳақида ва Жумҳуриятимизнинг тобора покланаётганлиги ва тўғри, солиҳ йўлга кириб бораётганлиги ҳақида ўзингизнинг кузатувларингиз билан ўртоқлашсангиз.

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: Ташаккур. Аввало маълумот учун айтиб ўтмоқчиманки, бизда таржима этилиб, она тилимизда чоп этилган “Ҳадис” китоби буюк ватандошимиз, ҳадис илмининг имоми Исмоил Бухорийнинг саҳиҳ китоблари ҳисобланади. Ҳадис китоблари жуда кўп. Шулардан олтиталари энг саҳиҳ китоб бўлади. Шу олтитанинг энг зўри имом Бухорийнинг китоблари ва бу китобни бутун Ислом уммати ер юзида Қуръони Каримдан кейинги энг тўғри, энг саҳиҳ китоб деб эътироф қилган. Ҳозирги кунда бир ва тўрт жузлари чоп этилган китоб анашу китоб ҳисобланади.

Одатда Ислом аҳкомлари, турмуш тарзи, мўмин‑мусулмонларнинг ўзини тутишлари ва бошқа баёнларининг иккита буюк масдари бор. Биринчи масдар Қурони Карим, иккинчиси эса Пайғамбаримиз алайҳиссолату васалламнинг суннатлари, яъни ҳадислари хисобланади. Шу маънода биз Алҳамдулиллаҳ, Қуръон билан ошно бўлдик. Таржима бўлди. Тафсир бўляпти. Ҳалқ, демак, ўқиб, ўрганиб боряпти. Шу билан бирга иккинчи масдаримиз Ҳадиси шарифни ҳам ўрганишимиз давом этяпти. Бундан ниҳоятда мамнунмиз. Ана энди сиз айтганингиздек анашу “Қуръон” тушаётган пайт, Ҳадисни мўмин мусулмонларга Пайғамбаримиз тарафидан етказилаётган пайт билан ҳозирги бизнинг янги мустақил Жумҳуриятимиз ҳаётидаги пайтда кўпгина муштаракликлар бор. Ана шунинг аҳамиятидан биз ўйлаймизки, халқимизнинг маънавий покланишида, руҳий озиқланишида ва кўпгина ҳаётий турмуш тарзларида бу икки масдар ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмоқда ва янада кўрсатади деган умидимиз бор. Энди бугунги суҳбатимизнинг мавзуи, шу маънода Пайғамбаримиз ҳадис шарифлари тўғрисида гапирадиган бўлсак, ҳақиқатда Пайғамбар алайҳисалоту васаллам ўзлари тирик пайтларида исломдан олдинги жоҳилий жамиятни турли номаъқул урф‑одатларига, тушунчаларига, муомалаларига ўрганиб қолган инсонларни Пайғамбар алайҳиссолоту васаллам худди бир табиб касални қандай даволаса шундай даволаганлар. Бу, олинг‑ки, ҳар бир шахс ёки бутун бошли жамият бўлсин. Лекин бизда ҳамма нарса бирданига келиб қолганидан халқимиз орасида кўпгина тушунмовчиликлар, кўпгина ноўрин саволлар ёки тасарруфлар пайдо бўляпти. Пайғамбар алайҳи васаллам даврларида ҳар бир нарса у кишининг муборак овозларидан чиққандан сўнггина жавобини топган. Ҳозирги кунда “Қуръон”ни таржима қилиб қўйдик. “Ҳадис”нинг қисман таржимаси бўлди. Охиридан, аввалидан, ўртасидан ўқиган одамлар ҳукм чиқаришга шошилишиб қолмоқдалар. Мана шунинг оқибатида турмушимизнинг турли соҳаларида тушунмовчиликларнинг пайдо бўлиши бежиз эмас. Лекин бунга илмий равишда оқилона ёндашиб борсак инша Аллоҳ яхши бўлади. Мен бир мисол келтирмоқчиман: Мана, ҳадисларни ўқийдиган бўлсак, иймондан кейин энг афзал иш нима? Ҳа, энг афзал амал нима, деган савол. Демак савол битта. Бу савол бир шахсга у ҳам бўлса ҳазрати Расули акрамга, соллаллоҳу алайҳи васалламга қаратилган. Лекин савол берувчилар турлича. Шу саволни жавоблари ҳам турлича бўлган. Баъзи бир ҳадисларда айтилади‑ки иймондан кейинги энг яхши амал – намоз ўқиш. Иккинчисида ота‑онага яхшилик қилиш, учунчисида, демак, бева-бечораларнинг бошини силаш ва яна бирида Ватанни ҳимоя қилиш ва бошқа, бошқалар бўлиши мумкин. Буни ўқиган одамлар нимага бир хил саволга бир неча хил жавоб, қай бири тўғри дейишлари ёки биттасини ўқиб олиб, энг афзал амал шу экан деб бошқасини тан олмай юришлари мумкин. Пайғамбаримиз савол сўровчи шахснинг шахсиятига қараб жавоб берганлар. Мисол учун бир одам келиб, иймондан кейинги энг яхши амал нима деса, у кишига кўпроқ нафл намози ўқиш деб жавоб берган бўлсалар, ўша одамнинг қўлидан келадиган иш шу. Бошқа нарса келмайди. Лекин ўйлаб кўринг, бир бадавлат одам, ўз бойлигини қаерга сарфлашни билмай юрган киши келса, албатта унга Пайғамбар алайҳиссолату васаллам бева‑бечоралардан хабар олиш, камбағалларга моддий ёрдам бериш деган жавобни берган бўладилар. Учинчи сўровчи одам ота‑онасини унчалик ҳурмат қилмайдиган одам бўлганлиги учун унга ота‑онангни ҳурмат қил деган бўладилар. Мана шунақа нозик тарафларини тушунишимиз учун ҳали бир оз муддат бор. Лекин биродарларимиз буни тартиб билан, осойишталик билан, келишув билан илмий асосда ўрганиб тушунган ҳолдагина бирон бир нарсани айтадиган бўлсалар яхши бўларди. Ҳа, бу муштаракликни биз тушуниб етишимиз керак. Турмушимизнинг барча жабҳаларида ана шу аввалги ўтган тажрибалардан фойдаланишимиз зарур. Мен ўйлайманки, ана шунда Қуръони Каримдан ҳам, Пайғамбаримиз ассолату васалламнинг ҳадиси шарифларидан ҳам тўғри ва унумли фойдаланган бўламиз ва кўзланган мақсадга тезроқ эришамиз.

(мусиқа)

Сухандон: Суҳбатга шу ерда бир оз тин берамизда эътиборингизни яна ҳадиси шарифга тортамиз. Фиравн замонасидан қолган бир қабристон бор эди. Ундаги бир қабрдан тунлари ўрлаган дод‑фарёд овозлари узоқ‑узоқларга кетар, эшитганларнинг юраги ларзага келарди. Майит қабрда эмас бамисоли қиздирилган товада ётгандек азобланар эди. Бу ким бўлди экан? Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. “Расулуллоҳ шундай дедилар: “Ўзига ёққан кийимни кийиб олган бир одам сочларини ёйиб, елкасига ташлаб олиб, такаббурона қадам ташлаб кетаётган эди Аллоҳ таоло уни ер остига ташлади. У қиёматгача ер остида тўлғаниб, дод солиб азоб чекади” дедилар.

Жобир ибн Абдуллоҳ исмли йигит Пайғамбар ҳузурига келиб айтди: “Отам ҳалок бўлдилар, у кишидан еттита қиз қолди. Кейин мен бир аёлга уйландим. Шунда жаноби Расулуллоҳ “Эй Жобир уйландингми?” деб сўрадилар. “Ҳа”. Пайғамбаримиз бокирагами, аёлгами деб сўрайдилар. “Аёлга”, дейди Жобир. Расулуллоҳ: “Бокирага уйланганингда ўзаро чақчақлашиб яшар эдингиз” дейдилар. Жобир: “Отамдан етим қолган қизлар тенги қизга уйланмай, уларга оналик қила оладиган ёшдаги аёлга уйландим”, дейди. Расулуллоҳ бўлсалар: “Аллоҳ таоло муборак қилсин” деб Жобирни дуо қиладилар. Мана Пайғамбаримизнинг такаббур одамга лаънатлари‑ю, ўз жигарларини ўйлайдиган одамга марҳаматлари...

Эркин ака, биз ҳали Муфтий ҳазратларининг суҳбатларига тўймадик. У киши билан мулоқотни давом эттирсак.

Эркин Малик: Тақсир, мусулмончиликнинг арконларидан яна биттаси мусулмончиликка эътибор бераётган мамлакат кишиларида тараққиёт бўлиши керак. Уларнинг илмидаям, саноатидаям, техникасидаям. Манашу масалаларда нималарга эътибор беряпмизу, нималарга эътибор бермаяпмиз? Кўпроқ ибодатга берилиб кетиб, меҳнат амалларимиз – у ҳам ибодат‑ку, шу меҳнат амалларига эътибор бериб, Жумҳуриятимизни кўтариш билан боғлиқ фикирарингизни билгимиз келади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: Ҳўп, бу саволингиз жуда ўринли ва ниҳоятда муҳим савол. Ислом дини демак, инсон ҳаётининг турли жабҳаларини қамраб олган. Ислом дини – илм дини. Фан, маданият, тараққиёт дини. Бизнинг масдарларимиз: Қуръони Каримда, ҳадиси шарифда илм сўзи келганда фақат Қуръон қироати ёки диний билимларнигина эмас, балки инсонга манфаат етказадиган барча илмлар тасаввур қилинади, тушунилади. Пайғамбар алайҳиссаломдан ҳадиси шариф бор. Айтиладики, илмни Хитойдан бўлса ҳам ахтаринглар, деганлар. Пайғамбар ассолату васалламнинг даврларида ҳеч қачон шаръий илмлар Хитойда бўлмаган. Чунки у ерга ислом етиб бормаган эди. Хитойдан, демак, қандай илмни, кишиларнинг дунёсига керак илмни, ҳозирги ўзларининг жамиятини фарован қилиш учун зарур бўлган илмни излаш эҳтимоли бор холос. Шунинг учун бизда фарз маъноси икки хил тушунилади. Фарзи айн, фарзи кифоя. Фарзи айн деганимиз, демак, ҳар бир мўмин мусулмонни шахсан ўзига буюрилган ишлар. Бу намоз ўқиш, Қуръон ўқишни ўрганиш, рўза тутиш, ҳаж қилиш ва бошқа шунга ўхшаган фарзлар. Энди фарзи кифоя бор. Бу нарса баъзи бир жамият аъзолари амалга оширса шу кифоя қилади. Қолганлари қилмасаям бўлаверади. Лекин фарзлиги бор. Жамиятдан кимдир шуни қилиши керак. Қилмаса жамиятнинг барча аъзолари гуноҳкор бўладилар. Бу ўша сиз билан биз айтаётган жамият ҳозирги кундаги ҳаётида муҳтож бўлган барча амалларга айтилади. Мисол учун, ҳозир бизнинг мустақил Ўзбекистонимизга маълум бир адад электрон ҳисоблаш машиналари билан ишловчи мутахассислар керак. Шу бизнинг жамиятимизнинг барча аъзоларига фарз бўлади. Демак, жаҳон халқлари тараққиёти соҳасида ортда қолмаслик учун жамиятимиз эҳтиёжи тушиб турганлиги учун, шундай бўлса турмуш яхши бўлиши учун мана шу ададдаги мутахассисларни тайёрлаш, Ўзбекистоннинг бутун фуқароларига фарз бўлади. Ана энди ўша керак ададдаги мутахассисларни тайёрлаш учун бу жамият ўз ҳаракатини қилиши керак. Унга маблағ ажратади. Қобилиятли инсонларни жалб қилади. Уларнинг ўқиши, илм олишини йўлга қўяди. Уларга зарур асбоб‑усканаларни топиб беради. Шуларни йўлга қўйиб бўлдими, демак бу фарзи кифоя. Жамият бу нарсаларни зиммасидан соқит қилади. Энди етишиб чиққан мутахассислар жамиятнинг олдида масъул бўладилар. Яна Аллоҳнинг олдида ҳам масъул бўладилар. Энди Ўзбекистон жамияти шу соҳада ортда қоладиган бўлса мутахассислар гуноҳкор бўладилар, айни пайтда Аллоҳнинг олдида ҳам. Ҳудди шундай табиблик, муҳандислик, самолётсозлик ва бошқа соҳаларнинг ҳаммасида етук ва жамият талабини қондирадиган мутахассисларни тайёрлаб, уларнинг ишини йўлга қўйиш фуқароларнинг жавобгарлиги ҳисобланади. Ана шундагина биз ўз динимиз талабларига жавоб берган бўламиз. Фақат намоз ўқиш, тиловати Қуръон, жанозага бориш ёки бошқа нарсаларни тушуниб, чегараланиб қолишлик бу катта хато бўлади. Агарда жамиятнинг барча аъзолари диний нарсаларни ўқиб ўтираверса мутаассибга айланиб қоладилар. Тўғри, диний илмни чуқур биладиган мутахассислар ҳам керак. У ҳам фарзи айн. Қуръонни тўлиқ ёдлаган кишилар, тафсир илмини зўр биладиганлар, лекин жамиятнинг ҳар бир аъзоси шунақа катта қори, олим бўлиши фарзмас. Ҳар бир мусулмон ўзининг шахсий маънода фарзи айнини қилиши бу бор нарса. Ўзи учун Қуръонни ўрганиши, ўзи учун намоз ўқишни ўрганиши, ғусл қилишни ўрганиши, ҳалолдан ҳаромни ажратиши ва бошқа нарсалар зарур. Бирон нарсани билмаса олимлардан сўраб билиб олади. Бошқа соҳалар ҳам шу. Ҳар ким ўзининг касбида, ўзининг илмида, ўзининг масъулиятида жамият олдидаги вазифасини виждонан бажариши бу муқаддас исломий бурч ҳисобланади. Мана шу нарсани ҳалқимиз тўла тушуниб етиши керак. Бир одам мисол учун деҳқончилик қиляпти. Деҳқончилигини қилатуриб кўнгли ўксимасинки, мен фалончи қоридек бўла олмадим, писмадончи мулладек бўла олмадим деб, балки намозини ўқияпти, ҳалол‑пок юрибди, шариатнинг кўрсатмаларидан чиқмаяпти, у қилаётган деҳқончилиги мулланинг фазлидан устун бўлади. Ҳатто ҳадисларда айтилганки, жаннатга киришда олдин деҳқонлар киради деб. Чунки улардан ҳамма баҳра олади. Инсонлар ҳам, қурт‑қумурсқалар ҳам, ҳайвонлар ҳам. Шунингдек бошқа касб эгалари ҳам. Улар, демак ҳалол‑пок бўлиб, шахсий мусулмончилик вазифаларини адо этиб туриб, касбини қиляптиларми бу улар учун ибодат ҳисобланади. Бунинг учун тушунтиришлар зарур бўлади деб ўйлайман. Шунинг учун сиз жуда бир оқилона савол берганингизга яна бир бор ташаккуримни билдираман.

(мусиқа)

Эркин Маликов: Тақсир, бир пайтлар “Қуръон” махсус сейфларда сақланарди. Уни ўқиш ман қилинган эди. Кейин бугунгидек ҳайит кунлари ҳам намозни ошкора ўқиша олмасди. Аллоҳга шукрки, мана ўзингиз айтдингиз “Қуръон” таржималари бўлди. Кейин ҳайит кунлари байрам деб эълон қилинди. Назаримда Исломга бўлган муносабатлар келажакка бўлган катта бир қадам десак тўғри бўладими?

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: Албатта, жуда тўғри бўлади. Сиз санаб ўтган нарсалар ва сизнинг саволингизда зикр қилинмай қолган диний нуқтаи назардан ижобий ишларнинг ҳаммаси мен ўйлайманки мустақиллигимизнинг самараси Жумҳуриятимиз раҳбарлари хоссатан Президентмиз Ислом ака Каримовнинг олиб бораётган сиёсатининг самараси деб тушунсак тўғри бўлади. Айниқса, Қуръони Каримни ўзбек тилига таржима бўлиб, чоп этилишида у кишининг шахсан ўзларининг хиссалари борлиги менга, ўзимга маълум ва бошқа ҳолатларда ҳам. Ҳудога қанча шукр айтсак шунча озки, мана шундай улуғ даврларни, қувончли, саодатли онларни бошимиздан ўтказяпмиз. Яқиндагина сиз билан биз хаёлимизга келтира олмаган, демак, ҳодисалар, ишлар, баёнотлар бўляпти. Мен биргина мисол келтирмоқчиман. Мана яқиндагина Жумҳуриятимиз раҳбари – президентимиз Ислом ака Каримов жаҳоннинг кўзга кўринган мухбирларига савол бера туриб, айтдиларки “Менинг ишончим комил, ишонтириб айтаман сизларники, иймонсиз одам ҳайвондан баттар. Буни ким айтади, қайси давлат раҳбари шундоқ дейди деб ўйлардик. Хаёлимизда йўқ нарса эди. Ундан кейин айтдиларки, мен Қуръони Каримни ўқиб чиқдим. Қуръон бу муқаддас китоб. Ислом бу пок дин. Ислом ажойиб инсонни тарбиялайдиган дин деган гапларни бутун дунёга баралла айтишларининг ўзи бизнинг жуда катта бахтимиздир. Юртимизнинг бошлиғи шундоқ деб турганларидан кейин, албатта, бу фуқароларга ҳам таъсир қилади. Бу сиёсатимизни оқилона олиб борилаётганидандир. Ўйлаймизки, бу нарсалар келажакда янада ривожланиб, бахтимиз, саодатимиз, юртимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш томонга шахдам қадамларни қўйиб бораверамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, мен барчани яна бир бор улуғ айём билан муборакбод қиламан. Аллоҳ таоло ҳаммани соғ‑саломат, тинч‑омон қилсин, жумладан, Жумҳуриятимиз раҳбарларини ҳам, Президентимизни ҳам. Аллоҳ ўзи мадаткор бўлиб, қувватлаб, ҳалқимизнинг бахти саодати учун олиб борилаётган ишларда Ўзи ёрдамчи бўлсин.

Эркин Малик: Раҳмат, тақсир. Бугунги эшиттиришимизда иштирок этганингиз учун радиотингловчиларимиз номидан сизга ташаккур айтамиз ва Сизни бугунги байрам билан қутлаймиз. Азиз радио тингловчилар, ҳадиси шариф илмига бағишланган бугунги эшиттиришимиз ниҳоясида ёш бастакор Турсун Мастонов ижросидаги Аҳмад Яссавий шеъри билан “Биздан салом дўстларга” қўшиғи билан эшиттиришимизни якунлаймиз. Саломат бўлинглар.

(қўшиқ)

 

ЁЗУВЧИЛАР УЮШМАСИДА

Шайх Ҳазратлари Олий маҳадга мудир, кейинчалик диний идорага муфтий бўлганларида ҳам зиёли қатлам, ёзувчи, шоирлар билан яқин алоқада бўлдилар. Ўзлари ҳам матбуотда тез‑тез чиқишлар қилардилар. Айниқса, “Ўзбекистон адабиёти ва санъти” газетасида ҳар жума мақолалари босиларди. Масалан, 1991 йил 1 февраль сонида Аллоҳ ҳаром қилган ичкилик ҳақидаги “Иллатлар дояси”, 15 март сонида “Зино имондан эмас”, “Ҳалқ сўзи” газетасининг 28 февраль сонида “Бозордан чўчишнинг ҳожати йўқ” мақолалари катта шов‑шувларга сабаб бўлган. Шунинг учун ҳам камина бу газеталарни сақлаб қўйган эдим. У кишининг матбуотдаги ҳар бир чиқишлари худди булут орасидан чиққан офтобдек “ярқ‑ярқ” этиб кетарди. Улардаги хур фикрлар ёзилаётган мақолаларимизга, ўқувчилар билан бўладиган учрашувларимизга мавзу, чиройли дастур бўларди.

Ҳазрат деярли ҳар ойда икки марта биз жуналистлар билан учрашардилар. Бунинг сабабларини орадан йиллар ўтиб, кейинчалик тушундик. Ўшанда кўпчилик Ҳазратнинг вақтли матбуот ходимлари билан бунчалик яқинлашиб кетганига ҳайрон бўлишарди. Баъзан буни ўзимиз ҳам тушунмасдик. Лекин у кишига худди оҳанрабоси бордек интилаверардик. Бир куни Ливиядан келган доктор Иброҳим Руфайда деган олим билан диний идорада учрашув бўлди. У киши журналистларга хос сирли бир услубда гапни бир воқеадан бошладилар. Маълум бўлишича у киши ишлаётган дорулфунунга бир талаба ўқишга келади. Нияти “Тафсир” куллиётида ўқиш экан. Бироқ бу куллиётнинг талабалари икки йил олдин ўқишни бошлаб юборишган, янги гуруҳ икки йилдан кейин тузилар экан. Шунда талаба амалдаги гуруҳга қўшишса ўтган икки йиллик ўқув дастурини етказиб олишга ваъда беради. Гап‑сўзлари қатъий эканлигини сезиб, юртига қайтиб кетса яна кела оладими, йўқми шу томонларини ўйлаб таваккал, ўқишга қабул қилишади. Ўзлаштирса‑ўзлаштирар, бўлмаса янги гуруҳдагилар билан ўқийверади‑да деган хаёлга ҳам боришади. Орадан икки йил ўтиб, ўқишлар тугайди, шунда доктор Иброҳим Руфайданинг ёдига “етказиб оламан” деган йигит тушади ва унинг битирув илмий ишини синчиковлик билан кўздан кечиради ва ҳайронлар қолади. Талаба икки йил орасида нафақат олдинги икки йиллик билимни балки ўн йиллик билимни ўзлаштирганига гувоҳ бўлади. Шундан кейин икки йил ичида ўн йиллик билимни эгаллаган талабанинг илмий иши деб, ҳамманинг кўзи тушадиган ойнаванд жойга ибрат учун қўйиб қўйишади. Бу ким эди деб доктор ўзига ўзи савол қилди ва жавобини ҳам ўзи берди: “Менинг энг иқтидорли шогирдим муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф”.

Ўшанда барчамиз “воҳ” деб юборганмиз ва Ҳазратга ҳурматимиз минг чандон ошиб кетган эди. Шайх ҳазратлари “гапни гапир уққанга...” деганларидек кўпроқ иймон ва эътиқод мавзусида дарс ўтардилар. Халқимизга Қуръон ва ҳадис илмини соф, мусаффо ҳолида етказиш йўлларини тушунтирардилар. Бунинг учун Қуръон саводимиз бўлиши керак эди. Олий маҳадда кечқурунлари ўқирдик. Дарс олишни Тоҳир Малик йўлга қўйган эди. Билмаганлармизни Ҳазратдан сўрасак, қандайдир бошқача бўлиб яйраб кетар, саволларга бажонидил жавоб берардилар. “Олимнинг ўлими – оламнинг ўлими, советлар даврида Исломнинг сусайиши шаҳарлардан бошланганлигини, қишлоқ жойларда эса, аксинча, узоқ давом этгани, энди Ислом шаҳарларда тезроқ оёққа туришини, қишлоқ жойларда эса, аксинча, бу жараён секинроқ кечиши билан боғлиқ ҳикматларни эшитган бўлардик. Ўша пайтда ижодкорларни янаям фаоллаштириш мақсадида Имон ва эътиқод йўналишидаги энг яхши босма нашрлар, радиоэшиттиришлар ва телекўрсатувлар учун танлов эълон қилингани эсимда. (Бу танлов ҳақида кейинроқ тўхталамиз).

 Ҳозир эса рухсатингиз билан Ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтган бир учрашувга эътиборингизни тортсам. Ҳазратнинг диний идорадаги йиғилишлари камдан‑кам ҳолларда журналистларсиз ўтганидек, Ёзувчилар уюшмамизнинг йиғилишларида ҳам бажонидил қатнашардилар. Қўр тўкиб, ҳайъат аъзолари қаторида ўтирардилар. Йиғилишимиз мавзулари одатий – бадиий маҳорат, сўз устида ишлаш ҳақида бўлар, узундан‑узун шеърлар, ичи тўла сув, семиз китоблар, танқид қилинарди.

 Ўша кунги йиғилишимизда шеърхонлик ҳам бўлди. Раҳматлик шоир Асқар Маҳкам бир лирик шеър ўқиди‑да, охирида “Содақоллоҳу азим” деб қўйди. Бу йиғилишдагилар учун янгилик эди. Залдагилар, “ярқ” этиб Ҳазратга қараб қўйишди. Шеър ўқигандан кейин шундай деса бўладими? У нима дегани?

Президиумда ўтирганлар деярли гапириб бўлгач, охирида Ҳазрат сўз олдилар. Зал сув қуйгандек, тиқ этган товуш йўқ. У киши адабиётда ортиқча кўп сўзлик исрофга киришини, лағвга ўхшаб қолишини, қоғоз, босмахона харажатлари шу билан биргаликда ўқувчиларнинг қимматли вақти исроф бўлишини айтиб, ҳадислардан мисоллар келтирдилар. Исроф – гуноҳ эканлигини, исроф ва бошқаларнинг қимматли вақтини олиш билан одам гуноҳкор бўлиб қолиши эҳтимоли борлигини таъкидладилар. Ҳатто дарё бўйида бўлса ҳам сувни исроф қилмасликка ҳадислар келтирдилар.

Залда қанча қаламкаш бўлса барчасининг қулоғига “кўп сўзлик”, “исроф”, “гуноҳкор бўлиб қолиш” деган сўзлар ўрнашиб қолгани аниқ. Айниқса, бу сўзлар танқидчиларга сариёғдек ёқди. Бошқаларни билмадим‑у шахсан менинг ўзим бу сўзларни бош таҳририятимизда тез‑тез қўллайдиган, ходимларни инсофга чақирадиган бўлиб қолдим.

 Дарвоқе, “Содақоллоҳу азим” ҳақида. Ўшанда бу сўз ҳақида ҳам яхшигина дарс олганмиз. “Қуръон” оятларини ўқиганда қироатда баъзи жузий хатоларга йўл қўйиб, гуноҳкор бўлиб қолмаслик учун “Содақоллоҳу азим – Аллоҳ ўзинг билгувчисан” деб қўйиш яхши экан.

Агарда ўшанда йиғилишимизда Ҳазрат иштирок этмаганларида борми, бу ибора билиб‑билмай урфга кириб қолган бўларди. Ўшанда Асқар Қосим ҳам жўмардлик қилиб, ўрнидан туриб, қўлини кўксига қўйиб, ўтирганларга узр айтган эди.

АНА ЭНДИ ТАНЛОВ ҲАҚИДА

Камина юқорида айтганимдек Ўзбекистон радиосининг болалар бўлимида ишлардим. “Имон ва эътиқод сабоқлари”, “Жума ўгитлари”, “Донишманднома” эшиттиришларини тайёрлардим. Ўша эшиттиришларнинг энг яхши матнлари ва республика матбуотида эълон қилинган “Бош айб бошда бўлса‑чи? (1989 йил 17 октябрь “Ёш ленинчи” газетаси), “Нажот кемаси” (“Халқ сўзи” газетаси), “Аждодларимиз ҳукми” ( “Ёш лениничи” газетаси), “Ҳаёт мезони бўл, адолат”, “Ўтмиш сим‑симлари”, “Бола азиз” (“Ишонч” газетаси), “Биз ўзи киммиз?” (“Туркистон газетаси 17 март 1992) номли публицистик мақолаларим билан танловда қатнашдим. Танлов нечанчи йили эълон қилингани ёдимда йўғ‑у, аммо 1992 йилнинг баҳор ойларида якунланди. Ғолиблар орасида Ҳажга боришдек улуғ мукофот билан тақдирланган ёзувчи, шоир, журналистлар номини ўқиб ниҳоятда севинганман. Албатта, мен уларнинг қаторида эмас, рағбатлантирувчилар рўйхатида эдим. Рағбатлантирувчилар “Қуръон” китоби ва пул мукофоти билан тақдирлангани газетада эълон қилинганди. Пулга алоҳида урғу беришимнинг сабаби шундаки, ҳассос шоир Азиз Абдураззоқ Хўжакентдаги ёзувчилар боғ‑ҳовлисидаги дачасини сотадиган бўлиб қолди. Камина оладиган бўлдим. Шу шарт биланки пулнинг ярмини ойма‑ой тўлайдиган, қолган ярмини мукофот пулини олишим билан мўмайгина берадиган бўлдим. Азиз ака рози бўлдилар. Ниҳоят тақдирлаш куни ҳам етиб келди. Муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари танлов жуда катта иш бўлганини таъкидлаб, ғолибларни қутладилар. Уларни иймон‑эътиқод йўлида олдинда чироқ кўтариб юрувчиларга қиёсладилар.

Мукофотларни Ҳазрат эгаларига топширар эканлар бир дақиқ ҳолат ёдимда қолган. Рағбатланувчилар орасида журналист, таржимон, қатағонга учраган падари бузруквори Саид Аҳрорий ва у кишиниг сафдошлари Беҳбудий, Фитрат, Чўлпонлар ҳақидаги архивни ўрганиб, бир қатор мақолалар эълон қилган Ҳолида опа Аҳророва ҳам бор эдилар. Улар ҳадя қилинган “Қуръон”ни олиб, ўпиб пешонасига бостида, ичида мукофот пули борлигини кўриб, жойига ўтирмаёқ конвертни ҳайъат аъзолари ўтирган устол устига қўйди. Ҳа, у киши ўзларига берилган мукофотни Аллоҳ йўлида ҳадя қилди. Оҳ, қани энди мен ҳам шундай қилсам, қила олсам, деган иштиёқ кўнглимдан ўтди. Лекин бу пулни Азиз акага ваъда қилиб қўйганман. У киши уни кутардилар. Кейин бўйнимда қарзим бўлатуриб, қандай қилиб?.. Ҳуллас Аллоҳнинг марҳамати билан ўша мукофот пулига дачалик бўлиб қолганман.

Ўшанда Ҳазрат Ҳудо хоҳласа газетада номлари эълон қилинган барча ғолиблар аста‑секин муборак Ҳаж сафарига чақириладилар деган эдилар. Ўша йили танловда биринчи ўринни олган шоир ва адиблар: Абдулла Орипов, Тоҳир Малик, Шодиёр Мутаҳҳаров, Нурулла Отахонов, Ҳуршид Дўстмуҳаммад, Асқар Маҳкам, Усмон Азимлар муборак Ҳаж сафарига бориб келдилар. Ҳаж сафаридан кейин уларнинг ижодида, илоҳий руҳ ‑‑ иймон ва эътиқод, шарм ва ҳаё, мусулмончилик одоблари бутун борлиғи билан ярқираб кўрина бошлади. Мана Ҳазратнинг қалам аҳли билан ўта яқин бўлишларидан муродлари нима бўлган экан? Ҳар йили танловдаги рўйхатдан икки ёки уч киши Ҳаж сафарига борардилар. Каминага ҳам орадан саккиз йил ўтиб, навбат келди. Шоир Абдужалил Ҳўжамов билан биргаликда Ҳаж сафарига бориб келдик. У киши олис сафарларда ҳам ватанимиздаги ижодкорларнинг ижодини кузатиб борардилар. Уларнинг энг муносибларини Бутун дунё Ҳаж ва умра сафарини уюштирувчи вазирликка тавсия этардилар. Ҳазратнинг тавсиялари, албатта, инобатга олинарди. Ёзувчи Муроджон Мансур, журналист Ғулом Ғофуров, олим Бахтиёр Назаров, рассом Баҳодир Жалолов, санаткор Шуҳрат Жалиловлар Ҳазратнинг тавсиялари билан “Аллоҳнинг меҳмони” бўлиб Ҳаж сафарига борганларини биламан. Ҳазрат зиёлиларни уйғотмасдан туриб Исломни уйғотиб бўлмаслигини яхши тушунганлар. Ва бу соҳада ҳормай‑толмай кенг кўламда, сабр‑тоқат билан иш олиб борганларини энди тушуниб, англаб турибмиз. Аллоҳ устозни раҳматига олсин. Бу ёруғ дунёда қилган эзгу ишларини бошларига соябон қилсин. Шундоқ улуғ зот билан замондош қилиб қўйган Аллоҳга беадад шукроналар бўлсин.

ТИРИК ГУЛЛАР

Ҳазрат оламдан ўтганларининг ўттиз олтинчи куни 17 апрель куни, зиёратларига кириб қайтгач Озоджонга:

‑‑ Ҳазратдан салом, ‑‑ дедим. У дарров мени тушунди‑да:

‑‑ Ва алайкум ассалом, бугун Жума бўлганига зиёратчилар кўп бўлгандир‑а? – деб сўради.

‑‑ Ҳазратнинг тупроқбошида ҳар куни Жума, ‑‑ дедим жилмайиб.

Озоджон нимагадир бир умр халқ дардини куйлаб, уларнинг “кумир”ига айланиб қолган рус қўшиқчиси Висотскийни эслаб:

‑‑ Орадан етти‑саккиз йил ўтса ҳам қабридан гул узулмаган экан, ‑‑ деди.

‑‑ Ҳазратим ҳам ҳар куни тирик “гуллар”дан ёғилиб ётган дуоларга кўмилиб, маза қилиб ётибдилар, ‑‑ дедим.

 

УЗР, ҲАЗРАТ

Ҳа шундай бўлиб қолди, Ҳазрат. Айб ўзимда. Нотавонлигимда. Ўқиб, илмимга амал қилмаганлигимда. Кошкийди, бунинг жазоси қанақалигини билмасам экан? Биламан. Нима қилай, бандаман, ожизман?! Бир тавбадан минг тавба дейман. “Нима бўлди”, дейсизми? Ҳаётлигингизда Сиз билан бирга юрган, ҳамнафас бўлган кишиларнинг соясига кўрпача солардик. Уларнинг суҳбатларини олардик, шу билан гўё сизга яқинлашган бўлардик. Буни қарангки, бу ҳолат тирикларга хос  экан, холос. Одам ўтгандан кейин бу ёқдагиларда хушёрлик, зийраклик йўқоларкан. Ҳа “ўлдинг – ўчдинг” деганларидек бир нималар пайдо бўларкан.

Бомдодни масжидда ўқиб, зиёратингизга кирдим. Тонгги беш яримлар чамаси эди. Қуръон ўқиб, бағишладим. Ўриндиқларда мен танимаган бошқа мухлисларингиз ҳам ўтирардилар. Дуодан кейин қабристондан чиқиб маркабим тамон юрдим. Шу пайт “Узр” деб бир киши мени тўхтатди. У ҳозиргина дуога қўл очганлардан эди. Сиз ҳақингизда сўрамоқчи шекилли деб ўйладим.

‑‑ Қайси тарафга юрасиз? – деб қолди у. Мен ишхонамиз тарафни айтдим‑да:

‑‑ Ўзингиз қайси тарафга борасиз? ‑‑ дедим. Билдим, йўл‑йўлакай бўлса манзилига етиб олмоқчи, шу баҳона Сиз ҳақингизда дардлашмоқчи бўлгандир?

У тамоман тескари томондаги бир меҳмонхона нмини айтди. Мен “узр” дегандек елка қисдим.

‑‑ Ҳа майли, машина бўпқолар, ‑‑ деб катта кўчага қараб юрди. Тонг пайти бўлганига кўча камқатнов эди. Машинани ўт олдиратуриб, миямга бир нарса яшиндек урилди. Ахир у менга бекорга мурожаат қилмади‑ку. Ҳозиргина ёнма‑ён ўтирганимиз учун жон тортди‑ку. Ҳазратни деб тупроқбошига борди‑ку. Бундоқ ўйлаб қаралса, у меҳмон ўрнида‑ку. Яна кимнинг меҳмони? Ҳазратимнинг меҳмони! Кўринишдан шаҳарликка ҳам ўхшамади. Борар жойим деб меҳмонхонани айтди‑ку. Обориб қўйсам нима асакам кетадими? Неча кундан бери Ҳазратни эслаб, хизматингизни қила олмадик деб ичимиз тушяпти. Бу хизматнинг энг аълоси, савобнинг энг каттаси эмасми? Қўналғадан машинани тезлаб, катта кўчага чиқдим. Ҳозир у кишини ғизиллатиб манзилига обориб қўяман. Афсуски “савоб” кетиб бўпти, Ҳазрат...

МУСОФИР

 

Апрелнинг 21 санаси. Шаҳардаги кўпгина ёнғоқларни, ғунчалаган атир гулларни  қақшатиб кетган аёзли кунлар(10, 11, 12 апрел)дан кейин баҳор ўз хукмини қўлга олган. Шайх Зайниддин қабристони яшил майсалардан либосланиб, дараҳтлар барг ёзиб, қабристон йўлаклари торайгандек кўринади. Ҳамрохим Фозилжон билан Ҳазратнинг зиёратига кирдик. Фозилжон Қуръон бошлади. Шу пайт дарахтлар орасидан бир овоз баландлаб, қулоққа чалинди.

‑‑Ҳазратнинг қабрларими, шундоқ ўтинг, у кишининг олдидан эрта‑ю кеч одам аримайди, шундан топволасиз...

Дарҳақиқат, зиёратчилар анчагина эдик. Қўлида катта тугини‑ю ўғилчаси билан бир киши йўлакда кўринди. Мусофирга ўҳшарди. Охиста келиб қаторимсиздан жой олиб, Қуронга соме бўлиб ўтирди. Фозилжон ўқиб бўлгач, дуо қилинг дегандек менга қаради. Мен:

‑‑Мусофирга ўхшайдилар, у киши дуо қилсинлар, ‑‑ дедим секингина. У киши ҳижолат бўлиб, унамадилар. Аммо “Мусофирнинг дуоси қабул” деган ҳадисни эслатганимиздан кейин дуо қилдилар. Кейин ишонч хосил қилиш учунми  секингина сўради:

‑‑Ҳазрат Муҳаммад Юсуфнинг қабрларими?   

Шундай дегандек бош қимирлатдик.

‑‑Дадалари раҳматликни танирдим, кўп ҳурматли одам эдилар, ‑‑ деди у.

‑‑Узир, қаердансиз?

‑‑Анжандан.

Кўрдик‑ки у киши шошмаяптилар.  Зиёратга ҳали тўйганлари йўқ. Ҳайрлашган бўлиб ўрнимиздан турдик.

Қабристондан чиқар эканмиз мени хаёл олиб қочди, Фозилжонга қараб дедим:

‑‑Қаранг, бир мусофир одам Андижондан келиб,  Ҳазратнинг қабрини сўраб‑суриштириб юрибди, шундайлар борки шаҳарда туриб, ота‑онасининг қабри қаердалигини билмайди...

Ҳамроҳим маюс бош чайқаб қўйди.

 

                                        ПИСАБИЛИЛЛОҲ

 Босмаҳона ишлари билан Ҳазратнинг хузурларига тез‑тез бориб турардим. Камдан‑кам ҳолларда у кишини ёлғиз кўрардим. Доимо хузурларида кимдир бўлар, ёки мен энди кирганимда кимдир келиб қоларди. Шунда Ҳазрат “Эркин ҳожи ака “Шарқ” деган катта нашрётда биз билан ишлайдилар” деб таништирардилар‑да, орқасидан янгроқ бир овозда: “Ишлаганда ҳам писабилиллох” ишлайдилар деб қўшиб қўярдилар.

Шундай бўлдики, бир йили Саудия Арабистонининг пойтаҳти Ар‑риадда ҳалқаро китоб ярмаркаси бўлди. Унга ўзбекистонлик ноширлар ҳам таклиф этилган эди. Роса ичим кизиди. Ахир у ерга боргандан кейин Умра қилиш имкони ҳам туғилади‑да. Ҳажга бориб келганимга ҳам ўн йилдан ошди. Шунча йилдан бери Аллоҳнинг уйини, Пайғамбаримз соллаллоху алайхи васалламнинг равзаларини соғингандан соғинаман. Лекин ишхонамдагиларга мен ҳам борай деяолмасдим. Сабаби бир йил муқаддам Бирлашган Амирликларда бўлиб ўтган худди шундай ярмаркага бориб келган эдим. Яна бораман дейиш инсофдан эмас. Мендан бошқа иштиёқманлар ҳам кўп.  Шундай кунларнинг бирида туш кўрдим. Тушимда  Макка‑ю мукаррамага борганмишман, катта‑катта тошҳовузларга тўлдирилган зам‑зам сувларида чўмилармишман. Ана ҳолос... Уйғондим‑у тинчим йўқолди. Ички бир туйғу: “Ноумид бўлма, ҳаракатингни қил”, дегандек бўлаверди. Шунда ҳамкорликда ишлаётган “Хилол‑нашр”га қўнғироқ қилиб, “Рўйҳатга кириб қолсам бўлди ҳаражатлари ўзимдан, дедим.   Ҳазратнинг ўғиллари Исмоилжон: “Маъқул, маслаҳатлашиб, жавобини эртага айтаман дедилар.

Ҳуллас, Аллоҳ қўшган экан  Ҳазратнинг китобларини олиб, ўн кун кўргазмада қатнашдик. У ердаги ватандошларимизга Ҳазратнинг китобларидан ҳадялар қилдим. Кўзларига суртиб олишди. Саломлар йўллашди. Кўргазма режасида бор экан Умра ҳам қилдик. Битмас‑туганмас катта таъсиротлар билан юртга қайтдик.

Аввал боши миннатдорчик, қолаверса ҳисоб‑китоб қилиб қўйиш учун пул билан Исмоилжоннинг ёнларига ўтдим. Борди‑келди ҳаражатлар нашрёт номидан расмийлаштирилган эди. Бир маҳал Исмоилжон хисоб‑китоб қилдиларда  қайтага менга каттагина пул бердилар.

‑‑Бу нимага, аҳир ҳаражатлари ўзимдан деган эдим‑ку, ‑‑  дедим  ҳайрон бўлдим?

‑‑Ҳазрат сизга, ‑‑ деб  бир суммани айтдилар‑да, ‑‑ ажратган эдилар, белатларнинг пули тўланган, бу ёғи у ёқдаги ҳаражатларингиз учун, ‑‑ деди.

Ана сизга  писабилиллоҳга яраша писабилиллоҳ жавоб!    Яна қанақа жавоб? Умра зиёрати! Субҳан Аллоҳ!

 

ИККИНЧИ БОР ТАҚДИМОТ

Апрелнинг йигирма тўртинчи санаси. Жума. Устоз, бизни ташлаб кетганларига бугун қирқ олти кун бўлди.  Бомдод намозидан чиқаётсам бир киши  танишига деяпти:

‑‑Анови китиб зўр экан, раҳмат сизга, олдим...

‑‑“Хислатли ҳикматлар”ми?

‑‑Ҳа‑да, мақтаганингизча бор экан.

‑‑ Юринг унда!

‑‑Қаёққа?

‑‑Китоб эгаси Ҳазратни зиёрат қилиб, раҳмат айтиб чиқамиз.

Ҳазрат! Ким‑киму мен бу гапларни шунчаки, эшита олмасдим. Кўкрагим кўтарилиб, вужудим яйраб кетди. Китобнинг бешшала жилдининг нишона сони босмадан чиққанида ўзингизнинг иштирокингизда тақдимоти ҳам бўлди. Тақдимотда Тошкент шаҳар имом‑хатиби Анвар қори Турсунов маруза қилди. Китобга илм оламидаги катта воқеа деб баҳо берилди. Нихоят  китобнинг бешта жилддан иборат тўла нашри сотувга чиқарилди. Афсуски бу воқеа сиздан кейин, бўлди, албатта. Мен бомдоддан кейин, иш унади деб уйгамас, тўғри ишхонамизга борардим. Шунда нимани кўрдим денг. Китобхонлар дўконимиз олдида навбатда туришибди. Бўлмаса ҳали дўконнинг очилишига икки соат вақт бор. Орзулари “Хислатли ҳикматлар шарҳи” бешала китобини сотиб олиш. Кўриб нимани эсладим, денг? Бундан нақ қирқ йил олдинги воқеани. Ўшанда хозирги Навоий кўчасида эпламача қурилган китоб дўкони бўларди. Ҳазрат Алишер Навоийнинг тўла тўпламлари сотувга чиққан эди. Ўшанда ўзим ҳам икки соат олдин келиб, навбатда туриб китоб сотиб олган эдим. Бундай холни кейинчалик кузатмаганман. Ҳа, эслолмайман. Мана, “Хислатли ҳикматлар шарҳи” сабаб бундай  манзарага  иккинчи бор гувох бўлиб турибман. Бунинг боиси ҳалқимиз ҳамиша илмга ташна бўлганлигидан, илмга интилганлигидан, илм билан дунёга танилганлигидандир. Сиз  умир бўйи  игна билан қудиқ қазиб, ҳалқимизнинг илмга бўлган ташналигини қондиришга шошилдингиз. Ўсмирлик йилларингизда Буҳородаги 7 йиллик Мирараб мадрасасини уч йилда, Тошкентдаги тўрт йиллик олий маҳадни икки йилда, Ливиядаги тўрт  йиллик илм даргохини ҳам икки йилда, ҳа барча илм даргоҳларини муддатидан олдин, аъло натижалар билан тамомладингиз. Мустаққил, катта илмлар уммонига киришга ошиқдингиз. Сиз шундай ижод қилардингиз‑ки гўё илмлар конига бир “конвейр” ўрнатилган‑у асарларингиз кетма‑кет чиқиб келаверарди. Сизнинг иш кўламингиз олдида муҳаррирлар, мусаҳҳиҳлар, таржимонлар ва ноширларнинг ўта сусткашлиги сезилиб қоларди. Баъзан кулиб, баъзан жиддий: “Нима қиляпсизлар ўзи, мен битта ўзим бўлсам, сизлар қанчасизлар, фалон китобни топширганимга икки йил бўлди‑я” деб қўярдингиз? Мана Сиз нима учун шошган ва шогирдларингизни ҳам шоширган экансиз? Буни биз Сиз бу ёруғ олам билан ҳайрлашганингиздан  кейин  ҳис қилдик. Ҳа, гўё илм конвейри тўҳтаб қолгандек бўлди. Вақт ғаниматлигини одам зоти ҳеч нарсага шошмаса ҳам  илм қилишга, билганини бошқаларга етказишга шошиши керак экан. Бу шогирдларингиз учун катта  дарс бўлди.

Шундай қилиб камина китобингизни “зўр” деб мақтаган мухлисларингизга эргашиб, зиёратингизга кириб бордим. Йўл‑йўлакай бошқа бир китобхонларнинг китобнинг номини айтиб  шивирлашаётганларини эшитдим. Ўриндиқлар зиёратчилар билан тўла. Бир гуруҳ, икки гурух дуо ўқиб ўринларидан туришди. Учинчи гуруҳга қўшилиб, мен ҳам қўзғолдим. Ҳаёлимда “Хислатли хикматлар шарҳи”нинг иккинчи бор тақдимоти бўлаётгандек тўлқинландим, ҳа! Ишхонага келиб, ўз ҳаяжонимни меҳр қўйган шогирдингиз, таниқли ёзувч Аҳмад ҳожи Турсунга айтсам: “Мен “Хислатли ҳикматлар шархи”нинг биринчи, иккинчи китобини ўқибоқ, “Тафсири ҳилол”, “Ҳадис ва ҳаёт” силсилаларидан кейинги катта шов‑шувларга сабаб бўладиган китоб бўпти дегани, мақтов бўлиб қолмасин деб, Ҳазратга юзим чидаб айта олмаганман, лекин гапимни кўмютер орқали почталарига жўнатган эдим” деди.

Дарвоқе, яна бир гап, китобхонларнинг илмга бўлган чанқоқлиги, қимматли вақтларини хисобга олиб,  дўкон очилишини  бир соат олдинга сурдик. Ҳаёт бўлганингизда, зудлик билан шундай қилишни айтган бўлар эдингиз, Ҳазрат.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло бандаларини .ухувват,га, яъни бирбирларига биродар, дўст бўлишга буюрган. Ухувват ndash Ислом биродарлиги, дин қардошлиги, қондошлиги, барча давоми...

2619 10:04 / 24.03.2017
Бу дунё ва борлиқни йўқдан мавжуд қилган Зотни таниш, унинг улуғлиги ва буюклигини эътироф этиш икки дунё саодати эшигини очишга муяссар этадиган калитдир. Буни давоми...

2816 17:21 / 27.03.2017
Барчамизга маълумки бугунги кунда ислом ёки мусумлон деганда ғарб халқларининг фикри 2001йил 11 сентабр воқеаларидан сўнг бир хил яъни улар терроситларrdquo. Савол давоми...

2430 21:28 / 21.04.2017
Маълумки инсон руҳ ва танадан ташкил топган. Инсон танаси кучқувват берадиган, саломатлигини сақлаб турадиган етарлича озуқага эҳтиёжманд бўлгани сингари, руҳи давоми...

2566 15:19 / 22.04.2017
Аудиолар

119931 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41633 14:35 / 11.08.2021