1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Хизмат қадрланса, ҳиммат ортади

05:00 / 06.03.2017 2769 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одамларни хайрли ишларга тарғиб қилишда энг аввало шу ишларга нисбатан уларнинг ҳимматини ошириш лозим бўлади. Бу эса биздан ҳар бир инсоннинг қилаётган ишларига эътиборли бўлишни, мақтовга арзигулик ишлар агарчи кичкина бўлса ҳам, уни эътиборсиз қолдирмасдан, эгасига миннатдорлик билдиришни талаб қилади. Чунки инсоннинг табиатида хоҳ дунёда бўлсин ёки охиратда бўлсин, қилган ишининг самарасини кўриш умиди бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

وَقُلِ اعْمَلُوا فَسَيَرَى اللَّهُ عَمَلَكُمْ وَرَسُولُهُ وَالْمُؤْمِنُونَ وَسَتُرَدُّونَ إِلَى عَالِمِ الْغَيْبِ وَالشَّهَادَةِ فَيُنَبِّئُكُمْ بِمَا كُنْتُمْ تَعْمَلُونَ (سُورَةُالتَّوْبَةِ:105)

 Айтинг: “Амал қилинглар! Албатта, Аллоҳ, Унинг Расули ва мўминлар амалларингизни кўрарлар. Ва, албатта, ғайб ва ошкор (ишлар)ни билувчи зот ҳузурига қайтарилурсиз. Шунда У сизларга қилиб юрган амалларингиз хабарини берур.” (Тавба сураси, 105-оят)

Мазкур ояти каримада Аллоҳ таоло Ўзининг ҳабибига одамларни солиҳ амаллар қилишга чорлашини буюрмоқда. Чунки бандалар солиҳ амал қилсалар, уларнинг гуноҳлари кечирилади ҳамда қалблари ҳам пок бўлиб бораверади.

Бу оят яхши ишга тарғиб ҳамда ёмон ишдан қайтаришни ўз ичига олади. Аллоҳ таоло бандалари қилаётган ишларнинг барчасини, ҳатто энг кичигини ҳам билиб туради. Бандалар учун бунинг фойдаси каттадир. Чунки бандалар Аллоҳга итоат қилса, Аллоҳ таоло уларга дунё ва охиратда кўплаб яхшиликларни ато қилади. Агар гуноҳ иш қилишса, Аллоҳ таоло дунё ва охиратда уларни жазолайди. Дунё жазоси банданинг гуноҳ ва бузғунчиликдан қайтишига сабаб бўлса, охират жазоси эса тоат-ибодат ўрнига гуноҳ-маъсият қилгани учун бўлади. Шунга кўра бу оят “Амал қилишга ҳаракат қилинг! Чунки бу амалларингиз учун сизларга дунёда алоҳида мукофот, охиратда эса яна алоҳида мукофот бор”, деган маънони ифодалайди. Дунёдаги мукофот шуки, агар банданинг амали яхши бўлса, Аллоҳ таоло унга саодатли ва барокатли ҳаёт ато этиши ҳамда мўминлар томонидан мақтовлар ила тақдирланишидир. Агар амали ёмон бўлса, унинг ҳоли танг бўлиб, мазамматга қолиши ва шармисор бўлишидир. Охиратдаги мукофот эса қилган амалларига кўра жаннат ёки дўзах билан тақдирланишир.

Қилинган амалларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мўминларнинг кўришида қандай фойда бўлиши мумкин?

Инсонларни яхши ишлар қилишга ундайдиган омиллардан бири қилган ишининг қадрланиши, миннатдорлик ва мақтовлар эшитиб, иззат-икром қилиниши каби ишининг самарасини кўришидир. Мўмин киши ўзининг қилган ишларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мўминлар хабар топиб, хурсанд бўлишини ҳамда уни мақташларини билса, қилган ишидан ўзи ҳам мамнун бўлади, хайрли ишга рағбати янада ортади ва ҳиммати ҳам юксалиб бораверади.

Юқоридаги оятда банданинг қилган амаллари кўрилиши зикр қилиниб, аввал, Аллоҳ таолонинг кўриши, кейин эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мўминларнинг кўриши тартиб билан келтирилди. Бунинг маъноси, бандаликнинг энг олий даражаси қилинаётган амалдан ёлғиз Аллоҳнинг кўришини ҳамда розилигини ният қилишдир. Ундан кейинги даража эса амални Аллоҳнинг розилиги учун қилиш билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мўминлар ҳам хабардор бўлиб, унинг бу амалини маъқуллашлари, мадҳ қилишлари ҳамда мамнуният ила қабул қилишларини умид қилишдир. Зеро, мўминларнинг гувоҳлиги ҳам банданинг мақомини белгилаб беради:

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ: رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: اتَّقُوا فِرَاسَةَ الْمُؤْمِنِ، فَإِنَّهُ يَنْظُرُ بِنُورِ اللهِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминнинг фаросатидан қўрқинг, чунки у Аллоҳнинг нури ила назар солади”, дедилар. Имом Термизий ривоят қилган.

“Аллоҳнинг нури ила назар солади” дейилишидан мурод – ақл кўзлари ила одамларнинг ҳолатларини кўра олишларидир. Бундан мурод Аллоҳ таоло Ўз валийларининг қалбларига шундай фаросатни берар эканки, улар диққатлик билан назар солсалар, кимнинг қандай инсон эканини англаб олишлари мумкин экан. Ва яна улар ўзларининг тажрибалари ҳамда одамларнинг хулқ-атворларидан келиб чиққан ҳолда кимнинг қандай инсон эканини билиб олишлари ҳам мумкин экан.

عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: إِيَّاكُمْ وَفِرَاسَةَ الْعُلَمَاءِ، إِنْ شَهِدُوا عَلَيْكُمْ شَهَادَةً تَكُبُّكُمْ فِي النَّارِ، فَوَاللهِ إِنَّهُ الْحَقُّ، يَقْذِفُهُ اللهُ فِي قُلُوبِهِمْ وَعَلَى أَبْصَارِهِمْ. 

Уларнинг гувоҳликлари аҳамиятли бўлганидан Абу Дардо розияллоҳу анҳу: “Сизлар уламоларнинг фаросатидан эҳтиёт бўлинг! Агар улар сизнинг зарарингизга гувоҳлик беришса, сизларни дўзахга ағдариб юборишади. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло уларнинг қалблари ва кўзларига ҳақни кўрсатиб қўяди”, деганлар. Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам сўзимизни қувватлайди:

عَنْ أَنَسَ بْنَ مَالِكٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: مَرُّوا بِجَنَازَةٍ فَأَثْنَوْا عَلَيْهَا خَيْرًا، فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: وَجَبَتْ، ثُمَّ مَرُّوا بِأُخْرَى، فَأَثْنَوْا عَلَيْهَا شَرًّا، فَقَالَ: وَجَبَتْ، فَقَالَ عُمَرُ بْنُ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ، مَا وَجَبَتْ؟ قَالَ: هَذَا أَثْنَيْتُمْ عَلَيْهِ خَيْرًا، فَوَجَبَتْ لَهُ الْجَنَّةُ، وَهَذَا أَثْنَيْتُمْ عَلَيْهِ شَرًّا، فَوَجَبَتْ لَهُ النَّارُ، أَنْتُمْ شُهَدَاءُ اللَّهِ فِي الْأَرْضِ. مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир жанозани олиб ўтдилар. (Ҳозир бўлганлар) у (маййит) ҳақида яхши гап айтдилар. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Вожиб бўлди”, дедилар. Кейин яна бир жанозани олиб ўтган эдилар, (ҳозир бўлганлар) у ҳақида ёмон гап айтдилар. У зот яна: “Вожиб бўлди”, дедилар. Шунда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “нима вожиб бўлди?”, деди. У зот: “Униси ҳақида яхши гап айтгандингиз, унга жаннат вожиб бўлди. Буниси ҳақида ёмон гап айтгандингиз, унга дўзах вожиб бўлди”, дедилар. Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилишган.

Демак, кишиларнинг хайрли амалларга рағбатини ошириш учун уларнинг қилган ишларига беэътибор бўлмасдан, аксинча уларни эътироф қилиш, ўзларига ёқадиган сўзлар билан уларни мақташ ҳамда муносиб тақдирлаб туриш лозим бўлади. Чунки Роббимиз ҳам мўмин банларини бирор ишга буюрадиган бўлса, “Эй иймон келтирганлар” ёки “Эй Менинг бандаларим” каби бандаларига ёқадиган сўзлар билан хитоб қилган. Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда эса шундай дейилган:

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ لم يَشْكُرِ النّاسَ لَمْ يَشكُرِ الله. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамлардан миннатдор бўлмаган кимса, Аллоҳга ҳам шукр қилмайди”, дедилар. 

Баъзи инсонлар ўз қўл остидаги ишчи-ходимларнинг амалга оширган хайрли ишларига кўпинча эътиборсиз қарайдилар. Ёки эътиборли қарасаларда, лекин уларни тақдирлашга ёки ақалли бир оғиз миннатдорлик билдириб, мақтаб қўйишга лоқайдлик қиладилар. Улар “ютуқлар ўзимизники, ҳозир камчиликлардан гаплашамиз” ёки “танқид келажак меваси” деган маънода фақатгина камчиликларни муҳокама қиладилар. Айримлар эса қўл остидаги ишчи-ходим ва хизматчиларнинг фикри, гап-сўзлари ёки маслаҳатларини эшитиб ҳам кўрмайди. Уларга фақат “хўп бўлади” деган жавоб бўлса, бўлди. Бунинг натижасида қилган меҳнати қадрланмаган ишчи ёки ходим ўзининг келгуси ишларига совуққонлик билан, бефарқ ёндашадиган бўлиб бораверади. Фақатгина камчиликлар муҳокама қилиниб, қилинган  меҳнатлар эътиборсиз қолиб кетаверса, кўзланган юқори чўққилар забт этилмай қолаверади. 

Ҳакимлардан бири айтган экан: “Агар хатога йўл қўйган ёки янглишган ҳар бир кишидан батамом воз кечиб юборилаверса ҳамда уларнинг қилган яхши ишлари ҳисобга олинмаса, илм-фан, саноат ва адолат йўқолиб кетади, шунингдек, уларга олиб борадиган воситалар ҳам ишдан чиқади”.

Масалан: Муаллим ўқувчиларининг ютуқларини кўрмаса, фақат айбу-нуқсонини кўриш билан кифояланса, ўқувчи дарс қилмай қўяди. Ёки ота ўз фарзандига шундай муомалада бўлса, фарзанди рисоладагидек бўлиб улғаймайди. Бу ўринда муаллим ҳам, ота ҳам, қўл остида ишчи-ходимлари бор бошлиқ ҳам уларнинг яхши амалларини кўра олиши, ўз ўрнида мақтаб-тақдирлаши, муносиб насиҳатни ҳам қилиши ҳамда ҳалимлик ила иш олиб бориши лозимдир. Шунда кутилган натижа осонлик ила қўлга киритилади.

Бу борада бизга халқимизнинг фахри бўлган устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ гўзал ўрнак эдилар. У киши ҳикмат ила иш юритар эдилар. Шайх ҳазратларининг қўлларида ўн йилдан зиёд таълим олган бўлсак, шогирдлари томонидан амалга оширилган барча хайрли ишларга ҳар доим аҳамият бериб, амалга оширганларга алоҳида миннатдорлик билдирар эдилар. Шогирдларининг гаплари ва саволларини диққатлик билан тинглар ҳамда уларга келгуси фаолиятлари учун зарур маслаҳат ва кўрсатмаларни ҳам берар эдилар. Буларнинг ҳаммаси шогирдларининг ҳимматига ҳиммат, ғайратига ғайрат ва кучига куч қўшарди. Бунинг натижаси ўлароқ, дарс олиб қайтаётган шогирдлар янгидан-янги хайрли ишларни амалга оширишни кўнгилларига тугиб чиқиб кетишар эди. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш каби турли муҳим мавзуларда танловлар уюштириб, ғолибларни алоҳида тантанали равишда тақдирлашлари ҳам ўрнак олишимиз лозим бўлган ишлар жумласидандир. Шайх ҳазратлари шундай йўл тутганлари сабабли илм эгаларидан тортиб, оддий халқнинг ҳам қалбларига кириб бордилар. Шунинг учун ҳам бирорта ишга тарғиб қилсалар, ҳали сўзларини тамомламасданоқ, тингловчилар уни амалга оширишга ошиқиб туришар эди.

Демак, инсон энг яхши натижаларга эришиши учун ўзининг қўл остидаги ишчи-ходимлари, шогирдлари ёки фарзандлари томонидан амалга оширилган меҳнатларни қадрлаши, миннатдорлик изҳор қилиши, уларни тақдирлаши, агар камчилик-нуқсонлари бўлса, уларни умумий зикр қилиб, керакли тавсия ва маслаҳатларни ҳам бериши керак. Агар айнан бир кишининг камчилигини хос зикр қилмоқчи бўлса, уни жамоатнинг олдида шарманда қилмасдан, аксинча, унинг камчилигини алоҳида ўзига айтиб, камчиликни бартараф қилиш лозим бўлади. Агар ишлар шу тарзда олиб борилса, жамият аъзолари ўртасида ўзаро адоват пайдо бўлмайди ҳамда ҳар бир лавозим эгаси ўз вазифасини сидқидилдан бажаришга ҳаракат қилади. Чунки одамлар кўп гапнинг эмас, балки бир оғиз бўлса-да, самимият билан айтилган ширин сўзнинг гадоси бўлишади.

Ҳикоя қилинишича, волийлардан бирининг ҳузурига жиноят қилган бир аъробийни муҳокама учун олиб келиб, унинг қилган ишлари ва устидан тушган шикоятлар ёзилган китобни ҳам волийга тақдим қилишади. Шунда аъробий: “Мана, менинг китобимни ўқиб кўринглар”, деб юборади. (Яъни, Қуръондан оят ўқийди.) Волий унга эътироз билдириб: “Ахир, бу сўз  Қиёмат куни айтилади-ку!”, дейди. Аъробий: “Аллоҳга қасамки, бу Қиёматдан ҳам ёмонроқ-ку!”, деб жавоб беради. Шунда волийнинг эътирози кучайиб, ғазаб билан: “Нима учун?”, деб сўрайди. Аъробий: “Ахир, Қиёмат куни менинг яхши амалларим ва ёмон амалларим бирга келтирилади. Сизлар эса фақат ёмон амалларимнигина келтирибсизлар!”, деб жавоб беради.

Муваффақиятга эришишда қаттиққўлликнинг ўзи кифоя қилмайди. Балки унга адолат ҳам қўшилса, оилада бўлсин, ишхоналарда бўлсин, қилинган меҳнатлар қадрланса, саодатли ҳаёт таъминланади. Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳдан Хуросон  волийси унинг халқига баъзи бир қаттиқққўллик ва куч ишлатиш учун изн сўраб: “Буларни қилич билан қамчидан бошқа нарса тўғирлай олмайди”, деб хат ёзади. Шунда Умар ибн Абдулазиз: “Ёлғон айтасан, уларни адолат ва ҳақ тўғирлайди ва билгинки: “Зеро, Аллоҳ бузғунчиларнинг ишини ўнгламагай”, (Юнус сураси, 81-оят) деб, жавоб ёзиб юборади.


Қудратуллоҳ Сидиқметов



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳижрий ndash қамарий тақвимнинг еттинчи ойи Ражаб бўлиб, у ҳаром ойларнинг биридир. Бу муборак ойга боғлиқ бир неча маълумотлар бор. Уларнинг баъзилари мазкур ойнинг давоми...

76938 09:10 / 12 январь
Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.У Каъбнинг кўзи ожиз бўлиб қолганда еталайдиган ўғли эди. Каъб ибн Моликнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

2900 05:00 / 03.03.2017
Устозларни ҳурмат қилиш диннинг шиорларидан биридири. Зеро олимларни эъзозлаш ва ҳурмат қилиш динимиз кўрсатмаси ҳисобланади. . ,. .Анас розияллоҳу давоми...

4488 05:00 / 03.03.2017
Исломда инсон ўзиниўзи толиқтириши ман қилинган. Агар бу толиқтириш ибодат орқали бўлса ҳам мумкин эмас. Мисол учун биров нафл намозни ҳаддан ташқари кўп ўқиб давоми...

2740 05:00 / 01.03.2017
Аудиолар

118794 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40745 14:35 / 11.08.2021