1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

“Хилвати саҳиҳа” нима дегани?

15:44 / 24.04.2016 5437 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эр хотинга ўн дирҳамлидан кўпроқ маҳрни атаган бўлса, “хилвати саҳиҳа”дан кейин шу маҳрни бериши вожиб бўлиб қолар экан. “Хилвати саҳиҳа” нималигига тушунмадим, шу ҳақда маълумот берсангиз.

ЖАВОБ: “Хилвати саҳиҳа” (саҳиҳ хилват) дегани эр ва хотиннинг никоҳ ақдидан кейин холи бир жойда қолишганида жинсий яқинлик қилишларига ҳиссий, шаръий, табиий жиҳатдан монеъ (тўсиқ) бўлувчи ҳеч қандай сабаб қолмаслигидир. Буларга, масалан, жинсий яқинликни ман қилувчи беморлик, рамазон рўзаси, фарз намоз, эҳромдалик, аёлнинг ҳайз ёки нифос кўриши кабилар киради. Агар эр тараф келинга ўн дирҳам ёки ундан кўпроқни маҳрга беришни атаган бўлса, бирлари вафот этган чоғида ёки икковлари саҳиҳ хилватда қолганларидан кейин ўшани бериш вожибга айланади. “Саҳиҳ хилват”йинги жумладан билиб оламиз.

 “Холи жой” деганда, ҳамма томони яхши тўсилган, эр-хотин икковларининг изнисиз олдиларига биров кира олмайдиган макон кўзда тутилади.

“Ҳиссий монеълик” деганда, эр беморлиги туфайли вақтинча жинсий алоқага ярамай турган ҳолати кўзда тутилади. Шунингдек, аёлнинг фаржида тўсиқ бўлиб, бунинг жинсий алоқага монеъ бўлиши ҳам ҳиссий монеъликка киради.

“Шаръий монеълик” деганда, аёлнинг ҳайзли ёки нифосли бўлиши, эр-хотин иккисидан бири рўзадор ёки эҳромда бўлиши кўзда тутилган.

“Табиий монеълик” деганда, эру хотиндан бошқа бир шахснинг улар билан бирга бўлиши кўзда тутилган.

Мана ўша шартлар тўлиқ бўлиб, “хилвати саҳиҳа” юзага келганидан кейин маҳрни тўлиқ бериш эрга вожиб бўлади, ҳатто агар хотиннинг айби билан никоҳ бузилса ҳам. Мисол учун, қовушгандан ёки “хилвати саҳиҳа”дан кейин аёл диндан чиқиб муртад бўлса ҳам маҳрни тўлиқ олишга ҳақли бўлади.

Шунингдек, аввал ҳам айтиб ўтилганидек, эру хотиндан бирининг ўлими билан ҳам тўлиқ маҳр вожиб бўлади. Ўлим қовушгандан олдин содир бўладими, кейинми барибир. Жинсий олатнинг кесилган бўлиши, жинсий заифлик ва бичилганлик ман қилувчи омил эмас. Бундай ҳолатларда келин-куёв ёлғиз қолишса, хилвати саҳиҳа ҳисобланаверади. Саҳиҳ хилватдан олдинги талоқ ила аталган маҳрнинг ярми вожиб бўлади. Бу ҳукм Қуръонда келган. Аллоҳ таоло Бақара сурасида: «Агар уларга қўл теккизмай талоқ қилсангиз ва маҳрни аниқлаб қўйган бўлсангиз, аниқланганнинг ярмини берасиз, фақат аёл ёки никоҳ тугуни қўлида бўлган киши афв қилса, бермайсиз», деган (237-оят).

Агар маҳр аталмаган бўлса, саҳиҳ хилватдан олдин талоқда мутъа, ундан кейингида маҳри мисл вожиб бўлади. Бу ҳукм ҳам Қуръонда келган. Аллоҳ таоло Бақара сурасида: «Агар хотинларга қўл теккизмай туриб ёки уларнинг маҳрини аниқламай туриб талоқ қилсангиз, сизга гуноҳ бўлмас. Уларни бой борича, йўқ ҳолича яхшилик ила фойдалантиринг. Бу яхшилик қилувчилар бурчидир», деган (236-оят).

Бу оятда никоҳдан кейин, маҳрни аниқламаган ҳолатда, духулдан (олатнинг фаржга киритилишидан) олдин талоқ қилганда нима бўлиши ҳақида сўз кетмоқда. Аввало, шундай ҳолатда талоқ қилиш гуноҳ эмаслиги баён қилинди: «Агар хотинларга қўл теккизмай туриб ёки уларнинг маҳрини аниқламай туриб талоқ қилсангиз, сизга гуноҳ бўлмас». Чунки инсончилик юзасидан турли ҳолатлар бўлиб туради. Албатта, бу талоқ келин учун, унинг аҳли учун оғир бўлади. Умид билан никоҳдан ўтиб, орзу-ҳавас билан янги турмушни кўзлаб турганида, оилавий ҳаётни бошламай туриб талоқ бўлиши катта мусибат. Бунинг устига дўсту душман, ёр-биродарларнинг олдида нима деган гап бўлади?! Ана шу ҳолатларни ҳисобга олиб, маҳри ҳам тайин бўлмагани учун бу келинга фойда (мутъа) деб номланган молиявий тақдирлаш бериш шариатда ушбу ояти карима асосида жорий қилинган.

Бериладиган мутъанинг миқдори куёв тарафга боғлиқ, имконига қараб кўпроқ нарса берса, яхши бўлади. Ривоят қилишларича, Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу мутъа учун ўн минг дирҳам берган эканлар. Уламоларимиз: ўз вақтларининг ўлчовида мутъа берилади, бой бир хизматчи олиб беради, қамбағал уч сидра кийим бош берсин, дейишган. Шундай қилинса, келин тарафга енгил бўлади. Кўнгиллари таскин топади. Дўсту душманларнинг гап-сўзидан ҳам қутуладилар. Чунки шунчалик мол-дунё бериш қизда айб йўқлигининг, йигит тараф уни ҳурмат қилишининг, аммо ноиложликдан ажралаётганининг аломати бўлади (Аллоҳ билувчидир).


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Балоғат ёшига етмаган болалар намоз олдини кесиб ўтса, намоз бузиладимиАлбатта, болаларнинг балоғат ёшига етмаган даврида ҳам намоз, шунга ўзхшаган бошқа давоми...

3162 15:45 / 26.04.2016
Савол Хазрат ушбу форумдан рамазонда жунублик масаласини ўқидим. Аммо саволим сал бошқачароқ. қидириб бунга жавоб топа олмадим. Агар савол кайтарилган бўлса узр давоми...

10302 17:49 / 05.06.2017
Ассалому алайкум Шом тушгач усти беркитилмаган овқат ва сувларга шайтон эрталабгача бавл қилиши ростми Ўша нарсадан еган одамнинг дуолари қабул давоми...

2365 12:46 / 14.10.2018
СаволМухтарам Шайх ҳазратлари. Мискин деб кимни айтилади, яъни мискиннинг шаръий меъзонлари борми. Бугунги замонамизда кимларни мискин десак бўлади.ЖавобШайх давоми...

8509 17:44 / 02.05.2017
Аудиолар

118800 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40750 14:35 / 11.08.2021