1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Халққа манфаат етказишнинг фазилати

10:08 / 21.07.2017 3887 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одамларга фойда етказиш яхшилик қилишнинг асоси, худбинлик ва зиқналикдан қутулишнинг бош чорасидир. Ислом дини ҳам ана шу юксак фазилатга чорлайди, инсонларни бахиллик иллатидан тозалаш, жамият қатламлари орасида мустаҳкам кўприклар барпо этиш, ўзаро якдилликни пайдо қилиш, меҳр-муҳаббатни шакллантириш учун мўминларни бошқаларга фойда етказишга ундаб, шундай фазилатлар асосида тарбиялайди. Ҳаттоки, одамларга наф етказишни бошқалардан устун бўлишнинг меъёрларидан бири этиб белгилайди. Ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб марҳамат қилганлар: “Одамларнинг энг яхшиси бошқа одамларга фойдаси кўпроғидир” (Ибн Абид-Дунё ривояти).

Аллоҳ таоло бандаларига турли қобилиятлар ато этиб, уларнинг куч ва имкониятларини ҳам турли-туман қилган. Аллоҳ таолонинг энг энг катта миннати энг кўп неъмат ато этилган бандаларига тушади. У зот бу неъматларни банданинг имони, сабри ва шукри учун синов қилиб қўйди. Одамларга фойда етказиш эса ана шу шукрнинг бош кўринишларидан ва неъматнинг зиёда бўлиши омилларидан бири бўлиб хизмат қилади. Абу Наср Омилий айтадилар: “Демишларки, неъматларнинг закоти яхшилик қилишдир”. Муҳаммад ибн ал-Ҳанафийя шундай деганлар: “Эй одамлар, билингизким, одамларнинг сизларга иши тушиб, муҳтож бўлиши Аллоҳ таолонинг сизларга ато этган неъматларидир. Бу неъматларни малол олмангизким, интиқомга эврилмасин! Яна билингизким, энг яхши бойлик охиратга захира бўлган, ортидан яхши ном ила эсланишга сабаб бўлган ва ажрни вожиб қилганидир. Агар яхшиликни одам суратида кўрганингизда унинг кўркам, чиройли ва бутун олам гўзаллигидан устун эканини кўргани бўлардингиз”.

Одамларга фойда етказиш энг улуғ солиҳ амаллардандирки, унинг ажри Аллоҳ таолонинг ҳузурида фақат банданинг ўзига наф берадиган нафл ибодатдан афзалдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дебдурлар: “Аллоҳ таолога энг севимли амал мўминнинг қалбига шодлик киритишдир: унинг ғамини кетказасан, ёки бирор қарзини адо этасан, ёки қорнини тўйдирасан. Менинг бир мусулмон биродарим билан бирор иши учун бирга юришим масжидда икки ой эътикоф ўтиришдан яхшироқ. Кимки ғазабини тийса, Аллоҳ унинг айбларини ёпади. Кимки аламини олишга қодир бўла туриб аччиғини ютса, Аллоҳ унинг қалбини розилик ва қаноатга тўлдириб қўяди. Кимки мусулмон биродари билан бирор иш учун бирга юрса, Аллоҳ унинг оёқларини Қиёмат куни собит қилиб қўяди” (Ибн Абид-Дунё ривояти).

Одамларга фойда етказиш инсон руҳини чулғаб, уни бахтиёр этадиган шу дунёдаги жаннатдир. Ибн Қаййим раҳматуллоҳи алайҳ уни бахту саодат ҳамда дил чароғонлиги омилларидан санаган. Ибн Қаййим раҳматуллоҳи алайҳ жумладан шундай дейди: “Одамларга фойда етказиш турланидан бири халойиққа яхшилик қилиш, уларга мол-дунё, обрў ва жисмоний меҳнат билан қўлдан келганича фойда етказишдир. Чунки олийжаноб киши одамлар орасида энг дили чароғон, кўнгли хотиржам, қалби юмшоғидир. Одамларга яхшилик қилмайдиган бахил эса энг дили танг, маишати оғир, ғам-қайғуси кўпидир”.

Одамларга фойда келтириш орқали абадий ажрларга эга бўлиш билан биргаликда яхши ном қолдиришга ҳам муваффақ бўлинади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Одамларга фойда берадиган нарса эса ер юзида қолур” (Раъд сураси: 17-оят).

Зуҳайр ибн Хаббоб раҳматуллоҳи алайҳ фарзандларига васият қилиб шундай деди: “Болаларим, яхши ишлар қилингиз, одамлар қалбидан дўстлик ила жой олингиз. Шундайлар ҳам бўладики, молу дунёсидан мосуво бўлади, лекин шу билан кун кўриб, ҳатто бола-чақасига ҳам қолади”.

Одамларга ёрдам бериш орқали уларнинг муҳаббати қозонилади, диллардаги ғашликлар арийди. Муҳаллаб ибн Абу Суфра шундай дейди: “Қулларни пулга сотиб оладиганлар қизиқ одамлар, нега яхшиликлари ила озод одамларни “сотиб олишмайди”?!”.

Банданинг одамларга ёрдами давом этгани миқдорча, Аллоҳнинг бандасига ҳам ёрдами ризқи рўз, нусрат билан бардавом бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Банда то биродарининг кўмагида бўлар экан, Аллоҳ банданинг кўмагида бўлади” (Муслим раҳматуллоҳи алайҳ ривояти).

Одамларга наф келтириш хору зорлик ва ҳалокатдан тўсиқ ва ҳам гўзал хотимага эришмоқ йўлидир. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, дедилар: “Яхшилик қилиш ёмон ўлим топишдан сақлар” (Табароний раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилиб, Термизий раҳматуллоҳи алайҳ Ҳасан деган).

Хадича разияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий келиб, ўзларидан хавотирга тушган пайтларида шундай деганлар: “Асло, Аллоҳ таоло сизни асло хорлаб қўймас, нечунки, сиз ҳамиша қариндошлар билан борди-келди қиласиз, рост сўзлайсиз, қийналганларнинг юкини енгил қиласиз, йўқсилга ёрдам берасиз, меҳмонни икром этасиз, кулфатларга қарши кўмаклашасиз”.

Хадича разияллоҳу анҳо, Аллоҳ таоло энг улуғ бахту саодат сабабларидан бўлган бу фазилат ва гўзал хулқларни кимга ато этган бўлса, ўзининг улуғ одати, ҳикмат ва адолати билан бу бандани хорлаб қўймаслигига, балки улуғлаб, икром этажагига ақли билан далил келтирган эди.

Банданинг баракаси унинг фойдасига қараб билинади. Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳ Аллоҳ таолонинг Ийсо алайҳиссалом сўзини ҳикоя қилиб айтган қуйидаги “Яна мени қаерда бўлсам ҳам баракотли қилди” (Марям сураси: 31-оят), деган сўзини “Аллоҳ таоло мени одамларга фойдали қилди” дея тафсир қилган.

Олийлик истаган кишилар ана шу хусусиятлар билан ўзаро рақобатлашадилар, бирор иш ёки мансаб боис одамларга ёрдам беришдан тўхтаб қолмайдилар.

Абу Бакр разияллоҳу анҳу маҳалла аҳлининг қўйларини соғиб берардилар. Халифа этиб сайлангач, бир жория “Энди соғиб бермайди”, деди. Абу Бакр разияллоҳу анҳу эса: “Йўқ. Мен эгаллаган иш, олдин қилиб юрган ишларимдан ўзгартирмайди, деб умид қиламан” дея жавоб бердилар.

Умар разияллоҳу анҳу эса бева хотинларга тунда сув ташиб беришга одатланган эдилар. Бир кеча Талҳа разияллоҳу анҳу Умар разияллоҳу анҳунинг бир бева хотиннинг уйига кираётганларини кўриб қолди. Ўша аёлникига кундуз кириб, кўрдики, у қари, кўзлари ожиз, бир ерда ўтириб қолган кампир экан. Талҳа разияллоҳу анҳу ундан: “Анави одам сизнинг уйингизда нима қилади”, деб сўради. Кампир: “Бу одам мана бунча пайтдан бери олдимга келиб, хизматимни қилади, ахлатларни тозалаб, ташлаб келади” деди. Шунда Талҳа разияллоҳу анҳу ўз-ўзига: “Шўринг қурсин Талҳа, сен ҳали Умарнинг изини пойлаб юрибсанми” деди.

Одамларга наф етказиш жуда кенг қамровли, имкони кўп ишдир. Бирор киши ундан маҳрум этилган эмасдир. Наф етказишнинг энг улуғ кўриниши эса билган илмини бошқаларга ўргатиш ва агар давлатманд бўлса молини саховат билан беришдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дебдурлар: “Иккита одамдан бошқасига ҳавас қилиб бўлмайди: бири Аллоҳ кўп молу дунё берган ва бу молу дунёсини ҳақ йўлда сарф этган киши; яна бири Аллоҳ таоло унга илм-ҳикмат берган ҳамда бу илм билан адолатли ҳукм қилган ва уни ўргатган киши” (Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ва Муслим раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилганлар).

Обрў-мартабаси билан, куч-қуввати, касб-ҳунари билан ёрдам бериш, жўяли маслаҳат бериш ҳам ўша наф етказишнинг бир туридир. Наф етказишнинг энг содда кўриниши, кўнгилни кўтариш, юмшоқсўзлик, бергани бирор нарса бўлмаганда, чин дилдан дуо қилишдир.

Агар яхшилик қилиш имкони бўлмаса, ундан пастроқ яна бир даража ҳам борки, уни қилиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келади. У ҳам бўлса, ёмонликдан тийилишдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ҳар бир мусулмонга садақа қилиш вожибдир”. Одамлар: “Агар садақа қилгудек нарса топмаса-чи?” деб сўрашди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қўли билан ишлаб пул топади-да ўзига наф етказиб садақа қилади” дедилар. Улар: “Агар бунга қодир бўлса ёки бундай қилмаса-чи?” дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бечора ҳожатмандларга ёдам беради” дедилар. Одамлар яна: “Агар бундай қилолмаса-чи?” дейишганди, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Унда, яхшиликка буюради”, дедилар. Улар: “Буни ҳам қилолмаса-чи?” дейишди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У ҳолда ёмонликдан тийилади. Зеро шу ҳам садақадир”, деб жавоб бердилар (Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган).

Байт:

Одамларга фойда бермаган инсон,

Зарарин тиймаса, лаим, бегумон!

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир хайрли ишимизда ният ва ихлосимизнинг тўғри бўлишига муваффақ қилсин! Юртимизни тинч-осмонимизни мусаффо айласин! “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да кўплаб хайрли ишларни амалга оширишга муяссар қилсин! Жадаллик билан олиб борилаётган ислоҳотларга Ўзи барака ато қилсин! Аллоҳ таоло барчаларимизни яхши ниятли, яхши амалли ва ихлосли бандаларидан қилсин! Омин Ё роббал оламин!


Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳикоя қилинишича, бир подшоҳ туш кўрибди. Унинг тушида барча тишлари олдида тўкилиб кетган эмиш. У томоша қилиб ўтирган эмиш. Подшоҳ таъбирчиларнинг биридан давоми...

2198 17:01 / 09.03.2022
Ҳажжож ибн Илот асСаҳмий розияллоҳу анҳу Хайбар ғазотидан бир неча кун олдин иймон келтирди. Бу ғазотда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга, у зотнинг давоми...

1898 15:00 / 02.01.2022
Бир киши уйига келса аёли йиғлаётган экан. Сабабини сўраса, у .Уйимиздаги дарахт устида турган қушлар кийимларимни ечганимда менга қараётган экан. Шунга Аллоҳга давоми...

3907 11:06 / 24.06.2022
Интернетда эркаклар мардлик ниқобини киядилар. Аёллар эса иффат либосини киядилар.Интернетда эркакларнинг ҳаммалари, гўё Юсуф алайҳиссаломдек, аёллар эса гўё давоми...

1587 09:00 / 05.02.2023
Аудиолар

118743 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40704 14:35 / 11.08.2021