114 18.04.2017

Хабарнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бизгача етиб келиши ҳақида сўз юритар эканмиз, аввало бу йўлда иштирок этувчиларнинг иккига тақсимланишларини айтиб ўтишимиз лозим.

Биринчи қисми саҳобалар розияллоҳу анҳумдан иборатдир. Улар ваҳийнинг соясида яшаган зотлардир. Улар ҳар бир хабарни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан ёки у зотдан эшитган ўзларига ўхшаш саҳобалардан олганлар. Саҳобалар розияллоҳу анҳум барчалари адолатлидирлар. Шунинг учун, уларни текшириб ўтиришга ҳожат йўқ. Саҳоба эканликлари билинса, бўлди. Ҳеч иккиланмай хабарлари қабул қилинаверади.

Иккинчи қисми саҳобалардан кейин келганлардан иборатдир. Буларнинг хабарини қабул қилишдан олдин нақл қилиш тўғрилиги билан бирга, ровийнинг ҳоли, ишончлилиги, адолати, зобти, ривоятнинг узилмай етиши каби нарсаларни диққат билан ўрганилади.


Ҳадисларни асрлар оша бизга етиб келиши жиҳатидан тақсимлаш борасида икки хил йўл тутилган. 

Биринчи йўл фуқаҳолар, усулийлар, калом уламолари, баъзи аҳли ҳадисларнинг йўли бўлиб, улар ҳадисларни мутавотир ва оҳодга тақсимлашади. 

Иккинчи йўл ҳанафийларники бўлиб, улар ҳадисларни мутавотир, машҳур ва оҳодга тақсимлашади.


ЖУМҲУРНИНГ ЙЎЛИ


Юқорида айтиб ўтилганидек, жумҳур уламолар ҳадисларни иккига: «мутавотир» ва «оҳод»га тақсимлашади. 

Биринчи баҳс: Мутавотир хабар.

Иккинчи баҳс: Оҳод хабар.

Хабар бизга етиб келиш жиҳатидан икки қисмга бўлинади:

1. Муайян адад билан чегараланмаган йўллар ила бизга етиб келган хабарни «мутавотир хабар» дейилади.

2. Бизга етиб келгунча бўлган йўллари муайян адад билан чегараланган хабарни «оҳод хабар» дейилади. 

Бу икки хил хабарнинг ўзига яраша қисмлари, тафсилотлари бор. Ана шу тафсилотларни икки баҳсда кенгайтириб, тушунтириб баён қилинади.


БИРИНЧИ БАҲС МУТАВОТИР ХАБАР


Унинг таърифи қуйидагича:

«Мутавотир» сўзи араб тилида исми фоил бўлиб, «тавотур» сўзидан олингандир ва «кетма-кет келиш» маъносини билдиради. «Ёмғир тавотур бўлди» деганда, ёмғирнинг ёғиши кетма-кет бўлгани билинади.

Мутавотир хабарнинг истилоҳдаги маъноси бундай: «У кўпчилик томондан ривоят қилинган хабар бўлиб, одатда мазкур ровийларнинг ёлғонга келишиб олиши мумкин эмасдир».


Ушбу таърифнинг шарҳи:

Мутавотир ҳадис ёки хабарнинг ривоят қилувчиларининг ҳар бир табақасида кўп ровийлар бўлади. Одатда, ақл билан ҳукм қилинадиган бўлса, ана шунчалик кўп сондаги кишилар ўзаро келишиб, ёлғонни тўқиб олишлари мумкин бўлмайди.

Мисол учун, бир ҳадисни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўттиз киши ривоят қилган. Худди шу ҳадисни мазкур ўттиз саҳобийдан шу қадар ёки ундан ҳам кўп ададдаги тобеъинлар, улардан эса худди шунча табаъа тобеъинлар ривоят қилганлар. Ана ўша ҳадис «мутавотир ҳадис» дейилади. 

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тоҳарат қилишлари, намоз ўқишлари, рўза тутиб, ҳаж қилишлари, Жумъада хутба ўқишлари, азон, иқомат каби нарсалар кўп марта, кўпчилик ҳузурида бўлгани учун ҳаддан ташқари кўп одамлар ривоят қилган. Мана шу масалаларга тегишли ҳадислар мутавотир ҳисобланади.


Мутавотирнинг шартлари 

Юқоридаги таърифнинг шарҳидан аён бўладики, хабардаги тавотур сифати тўрт шарт топилгандагина вужудга чиқади.


1. Уни жуда кўп сонли кишилар ривоят қилишлари шарт

Ўша кўпчиликнинг сони қанча бўлади, деган масалада уламолар бир неча гапга ихтилоф қилишган. Шу гапларнинг ичидан ихтиёр қилингани, хабар мутавотир бўлиши учун уни ривоят қилувчиларнинг сони ҳар бир табақада камида ўнта бўлиши керак, деган гапдир. Яъни, бир ҳадисни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан камида ўнта одам эшитган бўлиши лозим. Саҳобийлардан ўша ҳадисни эшитган тобеъинларнинг сони ҳам камида ўнта бўлиши зарур. Ундан кейингилари ҳам камида ўнта бўлиши керак. Яъни, санаднинг ҳамма жойларида ровийларнинг сони ўнтадан кам бўлмасагина ҳадис «мутавотир» дейилади.

2. Ана шу кўпчилик, яъни ўнта ва ундан кўп бўлиш санаднинг барча табақаларида бўлиши керак.
3. Одатда, ана шу ҳадисни ривоят қилган одамлар ёлғонга келишиб олиши амримаҳол бўлиши ҳам шарт

4. Улар бераётган хабар ҳиссий идрок қилинадиган нарсани ифода қиладиган бўлиши керак. Масалан, «эшитдим», «кўрдим», «ушладим» дейишга оид ва шу каби нарсалар бўлиши лозим. Фақат ақлга ҳавола қилинадиган воқеъа-ҳодисалар, «Олам миллион йил олдин пайдо қилинган экан» ёки «Аллоҳ таоло оламни яратганда ундоқ бўлган экан» каби гаплар мутавотир хабар бўлиши мумкин эмас.


Мутавотир хабарнинг ҳукми

Мутавотир хабар зарурий илмни, яъни яқийн – шак-шубҳаси йўқ илмни ифода қилади. Бошқача қилиб айтганда, инсон ана шу илмни билганда жазм ила тасдиқ қилиши заруратга айланади. Ундан бошқа иложи қолмайди. 

Мисол учун, бир ишни биров ўз кўзи билан кўрган, демак, у бу ҳақда илми яқийнни ҳосил қилди. Бошқача қилиб айтганда, ўзида зарурий илмни ҳосил қилди. Ўша нарсанинг бўлганига ишониши заруратга айланди. Ўзим кўрдим-у, аммо ишонмайман, дея олмайди. Бу киши ўша нарсани тасдиқлашда ҳеч иккиланмайди. Мутавотир хабар ҳам худди шундай бўлади. Шунинг учун, мутавотир ҳадис ёки хабарнинг ҳаммаси тўхтовсиз қабул қилинади. Бу мутавотир хабар бўлса ҳам, ровийларини ўрганиб чиқайлик-чи, дейилмайди. 


Мутавотирнинг қисмлари


Мутавотир хабар икки қисмга, лафзий ва маънавийга бўлинади.

1. Лафзий мутавотир.

Бундай хабарнинг лафзи ҳам, маъноси ҳам мутавотир бўлади. Бунга Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Доримий ва Аҳмад ибн Ҳанбал каби улуғ имомлар ривоят қилган қуйидаги ҳадис мисол бўла олади. 


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким менга қасдан ёлғон тўқиса, дўзахдаги жойини олаверсин», – дедилар». 

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Ушбу ҳадисни етмишдан ортиқ саҳоба ривоят қилган ва мана шу ровийларнинг адади бошқа табақаларда нафақат давом этган, балки етмиштадан кўпайиб кетган. 


2. Маънавий мутавотир.

Бу турдаги мутавотирда ҳадиснинг матнида тавотур бўлмайди, балки маъносида тавотур бўлади. Мисол учун, дуода икки қўлни кўтариш маъноси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзга яқин ҳадисларида келган. Лекин юзта ҳадиснинг ҳаммаси бир хил матнга эга эмас. Масалан, кимдир намоздан кейин дуога қўл кўтарганларини, бошқаси истисқо намозида, яна бошқа ровий ҳайит намозида қўлларини кўтарганларини кўрган ва ривоят қилган бўлиши мумкин ва ҳоказо. Ҳар хил ҳолатлар, ҳар хил матнлар, лекин маъносида умумийлик, яъни икки қўлни кўтариш бор. Демак, юзга яқин ҳадисдаги умумий бир маъно бир-бирига қўшилиб, маънавий мутавотирга далолат қилади. Умуман олганда эса, маънавий мутавотир бўлиши учун юзлаб ҳадисдаги маънолар қўшилиши шарт эмас. Балки матни турлича бўлган ўндан ортиқ ҳадисда умумий бир маъно бўлса, кифоя қилади. Шу маънолар бир-бирига қўшилса, маънавий мутавотир бўлаверади.

Мутавотир ҳадиснинг мавжудлиги

Мутавотир ҳадислар бир қанча бўлиб, масалан, ҳавзи кавсар, икки маҳсига масҳ тортиш тўғрисидаги ҳадислар кабилардир. Лекин оҳод ҳадисларнинг саноғига қараганда мутавотир ҳадислар жуда ҳам оз экани мулоҳаза қилинади. Мутавотир ҳадислар сони борасида турли қарашлар мавжуд. Кимдир бир ҳадисни «мутавотир» деса, бошқаси «мутавотир эмас» деган бўлиши мумкин. Ҳар ким ўз илмига яраша, ўзига етган маълумотга қараб гапирган.

Мутавотир ҳадислар ҳақидаги машҳур китоблар

Уламолар мутавотир ҳадисларни жамлаб мустақил китоб қилишга алоҳида эътибор берганлар. Толиби илмлар мутавотир ҳадисларни билиб олишлари осон бўлиши учун уларга бағишланган алоҳида китоблар тузишган. 

Мана шу турдаги китоблардан баъзиларини айтадиган бўлсак, имом Жалолуддийн Суютийнинг «Ал-азҳаарул мутанасироту фил ахбарил мутаватироти» деб номланган китоби бор. Бу китоб боблар асосида тартибга келтирилган. 

Имом Суютийнинг яна бир бошқа китоби бўлиб, у «Қотфул азҳаар» деб номланган. Бу китоб аввал зикр қилинган китобнинг мухтасари ҳисобланади. 

Муҳаммад Жаъфар Каттонийнинг «Назмул мутанасир минал ҳадисил мутавотир» деган китобида ҳам мутавотир ҳадислар жамланган.


ИККИНЧИ БАҲС ОҲОД ХАБАРЛАР

Таърифи: 

«Оҳод» сўзи араб тилида «аҳад»нинг жамъи бўлиб, «битта» деган маънони англатади. Бу сўз луғатда «озчилик кишилар» маъносини билдиради. «Хабарул воҳид» дегани «бир кишининг хабари» деганидир. «Оҳод хабар» деганда, хабарни бир шахс ривоят қилгани тушунилади.

Оҳод хабарнинг истилоҳий маъноси шуки, ўзида мутавотир хабарнинг шартларини жамламаган хабар «оҳод хабар» деб аталади. Бошқача қилиб айтганда, мутавотир даражасига етмаган хабар оҳод хабардир.

Оҳод хабарнинг ҳукми:

У, назарий илмни ифода қилади. Яъни, назар солиш ва далил ахтаришга қараб, тўхтаб турган илмдир. Бошқача қилиб айтганда, олдин хабарнинг даражасини аниқлаб олиш керак бўлади. Кейин ўша аниқланган даражага қараб амал қилинади. 

Оҳод хабар икки қисмга бўлинади. Улардан ҳар бир қисмнинг ўз эътибори бўлиб, иккинчи фаслда зикр қилинади. 


ҲАНАФИЙЛАРНИНГ ЙЎЛИ


Ҳанафий уламолар ҳадисни уч қисмга тақсимлайдилар. Улар: ҳадис «мутавотир», «машҳур» ва «оҳод»га тақсимланади, дейдилар. Муҳтарам ҳанафий уламоларимиз мутавотир ва оҳод ҳадисларга тегишли барча таъриф ва тавсифларда жумҳурнинг гапларига қўшиладилар. Шу билан бирга, машҳур ҳадисни ўзларига хос таъриф ва тавсиф қиладилар.

Ҳанафий уламоларнинг таърифлари бўйича, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан мутавотир даражасига етмайдиган ададдаги саҳобалар ривоят қилиб, улардан эса кўпчилик нақл қилиб шуҳрат топган ҳадисни «машҳур» дейилади. 

«Машҳур» ҳадиснинг «мутавотир»дан фарқи Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилувчи саҳобаларнинг сони озлигида, холос. «Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир», «Ислом беш нарсага бино қилингандир» каби ҳадислар «машҳур» ҳадислардир. 

Ким машҳур ҳадис орқали собит бўлган ҳукмни инкор қилса, фосиқ бўлади. Унга амал қилмаса, гуноҳкор бўлади. «Мутавотир» ҳадис ҳам, «машҳур» ҳадис ҳам Қуръони Каримнинг умумий ҳукмини хослайди, мутлақ ҳукмини қайд қилади.