1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Гуноҳларнинг ўз соҳибига келтирадиган зарарлари

19:40 / 24.02.2019 4809 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсон ҳаётида савобли амал қилади ва гуноҳ амал қилади. Албатта, савобли амалларнинг инсонга бу дунёда келтирадиган фойдалари бор ва охиратда келтирадиган фойдалари бор. Худди шунингдек, қилаётган гуноҳларимизнинг ҳам бу дунёда келтирадиган зарарлари бор ва охиратда келтирадиган зарарлари бор. Биз ушбу мақолада гуноҳларимизнинг бизга бу дунёда келтирадиган зарарлари ҳақида сўз юритамиз. Аллоҳ таоло ушбу мақолани барчамиз учун манфаатли қилсин, омин!

1. Гуноҳ қилувчи Аллоҳнинг ғазабига учрайди. 

Инсон гуноҳ қилар экан, Аллоҳ таолога осий бўлади. Аллоҳ таолонинг ғазабига учрайди. Гуноҳнинг инсонга келтирадиган биринчи зарари – Аллоҳ таолонинг ғазаби. Бу энг катта мусибатдир. Дунёдаги фақирлик, касаллик ва бошқа турли мусибатлар Аллоҳнинг ғазаби олдида ҳеч нарса эмас. Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади: “Пок ризқларимиздан тановул қилингиз ва уларга (шукр қилмаслик билан) ҳаддан ошмангиз! Акс ҳолда сизларга Менинг ғазабим етар. Кимга менинг ғазабим етса, у албатта йиқилур (ҳалок бўлур)” (Тоҳа, 81). Аллоҳнинг ғазабига учраганлар кимлар? Яҳудийлар, мунофиқлар. Уларнинг дунёда ҳам, охиратда ҳам ҳалок бўлишида шубҳа йўқ. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда шундай марҳамат қилади: “Мен Аллоҳман. Мендан ўзга илоҳ йўқ. Агар Менга итоат қилинса, Мен рози бўламан. Агар Менга осийлик қилинса, албатта, ғазабланаман. Агар ғазаблансам, лаънатлайман. Агар лаънатласам, еттинчи фарзандигача етади”. Яъни бир банда Аллоҳ таолонинг ғазабига учрайдиган бўлса, Аллоҳ уни лаънатлайди. Агар Аллоҳ уни лаънатласа, бу лаънат фақат ўзига эмас, еттинчи зурриёдигача бориб етади. Шунинг учун гуноҳ қилишдан эҳтиёт бўлайлик. Чунки, бу гуноҳимизнинг зарари фақат ўзимизга ёки фарзанду набираларимизга эмас, балки етти авлодимизгача етиб бориш хавфи бор экан. 

2. Гуноҳ қилган одамни мўминлар ёмон кўради. 

Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Сизлардан бирингиз ўзи сезмаган ҳолда мўминларнинг қалблари уни лаънатлашидан эҳтиёт бўлсин”. Шунда у кишидан: “Мўминларнинг қалблари қандай лаънатлайди?” деб сўралди. У зот: “У банда Аллоҳга осий бўлгани сабабли Аллоҳ таоло мўминларнинг қалбларига у бандага нисбатан нафрат, кароҳиятни солиб қўяди. Натижада мўминларнинг қалблари ўша бандани ёқтирмайди ва лаънатлайди” деб жавоб бердилар. Худди шунинг аксини қуйидаги ҳадисда кўрамиз: “Агар Аллоҳ таоло бир бандани яхши кўрса, Жаброил алайҳиссаломга айтади: “Эй Жаброил, Мен фалон бандани яхши кўрдим, сен ҳам уни яхши кўр!” Жаброил алайҳиссалом ўша бандани яхши кўрадилар. Сўнгра Жаброил алайҳиссалом айтадилар: “Эй само аҳли, Аллоҳ фалон бандани яхши кўрди, сизлар ҳам уни яхши кўринглар!” Само аҳли ҳам ўша бандани яхши кўрадилар. Само аҳли ер аҳлига айтади: “Эй ер аҳли, Аллоҳ фалон бандани яхши кўрди, сизлар ҳам яхши кўринглар!” Ер юзида яшаётган инсонларнинг қалбларига ўша бандага нисбатан меҳр-муҳаббат солиб қўйилади”. Дарҳақиқат, бир инсоннни кўрасиз, кимлигини танимайсиз, аммо “Истараси иссиқ эканми” деб қўясиз. Ўша одам билан гаплашгингиз келади. Худди шунингдек, Аллоҳ бир бандасини ёмон кўрса шу тарзда ер аҳли ҳам ўша бандани ёмон кўриб қолади. Бир инсонни кўрасиз, кимлигини танимайсиз, сизга ёмонлик қилмаган, аммо ўша одам сизга ёқмайди, ундан узоқлашгингиз келади.

3. Гуноҳ сабабли ризқнинг баракаси бўлмайди. 

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: “Киши содир этадиган гуноҳи сабабли ризқдан маҳрум бўлади”. Инсон ўз бошига тушаётган ризқининг баракотини гуноҳи туфайли йўққа чиқаради. Агар гуноҳ туфайли ризқи тўхтаб қолганда эди, кофирлар очликдан ўлиб кетган бўларди. Шунинг учун гуноҳ сабабли ризқ йўқ бўлиб қолмайди, балки ризқнинг баракоти олиб қўйилади. Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: “Алабатта, Руҳул Қудс менга шундай билдирди: “Нафс ўз ризқини тўлиқ олмагунича ва ажал етмагунича вафот этмайди. Аллоҳ таолодан тақво қилинг ҳамда ризқингизни чиройли суратда талаб қилинг. Ризқнинг секин келиши сизлардан бирингизни гуноҳ билан ризқни шошилтиришига сабаб бўлмасин”. Яъни ризқинг тугамагунча, ажалинг келмагунча ўлмайсан. Шу ризқингни Аллоҳ таолога ибодат қилиб, тақво қилиб, дуо қилиб талаб қил. Агар ризқинг бироз кечикиб келаётган бўлса, ризқинг калта бўлса, мен ризқимни кўпайтириб оламан, зўр яшашим керак деб гуноҳ ишни қилиб ризқингни шошилтирма. Фалончи бировдан фоизга қарз олган экан, бир марта ўша пулни айлантириб иши юришиб кетибди, деб сен ҳам ўшандай рибога пул олма! Акс ҳолда хор бўлишингни бошланиши ўша рибо бўлиб қолади. Рибога олган қарзингни узиш учун уйингни сотасан, машинангни сотасан, шу билан хонумонингдан айрилиб, кўчада қоласан. Юқоридаги ҳадисда худди шу нарса айтиляпти. Ризқинг камроқ келаётган бўлса, ризқим тезроқ келсин, кўпроқ келсин, каттароқ келсин деб ҳаром ишга қўл урмагин. Чунки, сенга барибир ёзилганидан ортиқ ризқ келмайди. Қуръони каримнинг Қалам сурасида боғ эгаларининг қиссаси келади. Қиссанинг хулосаси қуйидагича: бир солиҳ кишининг катта боғи бор эди. Боғнинг мевалари ҳам жуда кўп бўлар эди. Ҳар йили мева пишган пайтда камбағалларга ҳам ўша мевалардан берар эди. Солиҳ киши вафот этганидан кейин боғ ноқобил фарзандларига қолади. Фарзандлар бир-бирларига: “Отамиз ҳар йили мева пишганда мискинларга мевалардан бериб, исроф қилар эди. Энди биз бермаймиз” дейишди. Ҳали бермагани йўқ, фақатгина бермасликни ният қилишди, холос. Эрталаб бориб меваларни узиб олайлик, камбағаллар эшитиб қолиб, ҳаққини талаб қилиб қолмасин деб боққа боришди. Улар боргунча тунда бир олов келиб, боғни куйдириб ташлади. Эрталаб бориб, боғнинг йўқлигини кўришгач, бир-бирларига “Биз адашиб қолибмиз шекилли. Биз бошқа жойга келиб қолдик” дейишди. Кун ёришганда яхшилаб қарашса, ўзларининг боғлари куйиб кул бўлганини кўришди. Оталари Аллоҳга итоат қилиб, мискинларга мевалардан бериб, боғдан фойдаланаётган эди, шунинг учун барака бор эди. Фарзандлар гуноҳ қилишган эди, серҳосил боғдан маҳрум бўлишди. Демак, инсон қилган гуноҳи туфайли ризқининг баракотидан маҳрум бўлар экан. Шунинг учун гуноҳни камроқ қилайлик. Шунда озроқ меҳнат қилсак ҳам Аллоҳ таоло ризқимизни етказаверади. Бизнинг асосий қиладиган ишимиз ризқ топиш, кўчага чиқишдан кўзлаган асосий мақсадимиз ризқ топиш. Шундай экан гуноҳни камайтирайлик. Ўзимизга раҳмимиз келсин. 

4. Гуноҳ илмдан маҳрум қилади. 

Баъзилардан “Мана бу нарсани ўқидингми?” деб сўрасак, “Миямга кирмаяпти” ёки “Миямда турмаяпти” деб нолийди. Гуноҳ туфайли миямизга илм кирмайди, гуноҳ туфайли миямиздаги бор илм ҳам чиқиб кетади. Ёш болалар бирор нарсани уч-тўрт марта ўқиб ёдлаб олади. Нега? Чунки уларда гуноҳ йўқ. Уларнинг қалби гуноҳдан пок. Кексалар “Биз энди қариб қолдик. Миямизда турли ўй-хаёллар, муаммолар бор. Шунинг учун ҳеч нарсани ёдлай олмаймиз” деб қўйишади. Бу тўғри ташхис эмас. Чунки ёши бир жойга борган бўлса ҳам зўр ўқиётганлар, зўр ёдлаётганлар бор. Унда нега ёшимиз катта бўлиб, миямиз ҳеч нарсани ёдлай олмаяпти? Ўз-ўзидан жавоб чиқяпти-ки, гуноҳни кўп қиладиган бўлиб қолдик. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳга шундай деган: “Аллоҳ сизнинг юзингизни илм билан мунаввар қилибди. Бу нурни маъсият сабабли сўндириб қўйманг”. Шундай қилиб гуноҳ инсоннинг ичидаги илмни ташқарига ҳайдаб чиқаради. 

5. Гуноҳлар бошга мусибат ва балоларни олиб келади. 

Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу шундай дейдилар: “Бало фақатгина гуноҳ сабабли тушади. Балоларни фақатгина тавба қайтаради”. Мусулмон одамнинг оёғи қайрилиб кетиши, оёққа тиконнинг кириши гуноҳ сабабли бўлади. Бу Аллоҳ яхши кўрадиган бандаларига берадиган неъматидир. Бандамнинг гуноҳининг жазоси охиратга қолмасин деб, бу дунёнинг ўзида бир мусибатга учратиши Аллоҳнинг ўша бандасига раҳматидир. Бизнинг бошимизга нима мусибат келса, ўзимизнинг қилаётган гуноҳларимиз сабабли келади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Одамларнинг қилмишлари туфайли қуруқлик ва денгизда бузғунчилик пайдо бўлди. Бу уларнинг (ўз қилмишларидан) қайтишлари учун қилган баъзи (ёмон) ишлари (жазоси)ни уларга тоттириш учундир” (Рум, 41). Қаранг гуноҳ бошимизга қанча нарсаларни олиб келар экан. Шу ўринда Пайғамбарлар тарихига назар ташлаймиз. Аллоҳ таоло Юнус алайҳиссаломни Найнаво аҳлига пайғамбар қилиб юборди. Юз мингдан ортиқроқ халқ. Юнус алайҳиссалом уларни исломга даъват қилдилар. Улар эса осий бўлишди. Аллоҳ таоло Юнус алайҳиссалмга “Қавмингни огоҳлантир. Агар улар иймон келтирмасалар уч кундан кейин устларига бало келади” деди. Юнус алайҳиссалом омонатни етказдилар. Қавм масхара қилди. Шунда Юнус алайҳиссалом Пайғамбар бўлишларига қарамасдан, қавмларини Аллоҳнинг рухсатисиз ташлаб чиқиб кетдилар. Мана шу гуноҳни содир этганлари сабабли денгизда у кишини улкан балиқ ютиб юборди. Юнус алайҳиссалом балиқнинг қорнида денгизга тушиб кетганларидан сўнг уч кун ўтиб, қавмларининг устига ваъда қилинган бало булутнинг ичида келди. Шунда қавм азобдан қутқаришини сўраб Аллоҳга дуо-илтижо қилди. Аллоҳ таоло уларни ўша балодан қутқарди. Инсон қилган гуноҳи туфайли бало келди. Балони эса дуо қайтарди. Юнус алайҳиссалом балиқнинг қорнида туриб дуо қилдилар ва балиқнинг қорнидан қутулиб чиқдилар. Демак, бошимизга келадиган барча балолар қилган гуноҳларимиз туфайли бўлар экан.

6. Гуноҳ бизни Аллоҳ таолодан узоқлаштиради. 

Пайғамбар алайҳиссалом ҳадислардан бирида банда гуноҳ қилса қалбига битта доғ тушишини, тавба қилса ўша доғ ўчирилишини айтганлар. Дунёда гуноҳ қилмайдиган одам йўқ, тавба қилмайдиган одамлар бор. Банда тавба қилмасдан қайта-қайта гуноҳ қилаверса, қалбига доғ тушавериб-тушавериб, қоп-қора бўлиб қолади. Кейин у қалбга панду насиҳат таъсир қилмайдиган бўлиб қолади. Аллоҳ таоло Анфол сурасида шундай марҳамат қилади: “Мўминлар – Аллоҳ (номи) зикр этилганида – дилларида қўрқув бўладиган, оятлари уларга тиловат қилинганида – имонлари зиёда бўладиган, Парвардигорларигагина (барча ишларида) таваккул қиладиган, намозни баркамол ўқийдиган ва ризқ қилиб берганимиздан (садақа ва) эҳсон қиладиган кишилардир” (2-3). Қалби қорайиб кетган кишига Аллоҳнинг каломини гапирсангиз ҳам, жаннат-дўзахни гапирсангиз ҳам, охират азобидан огоҳлантирсангиз ҳам асло таъсир қилмайди. Чунки унинг қалби қотиб, қорайиб кетган бўлади. Демак гуноҳ қиладиган киши Аллоҳга яқинлаша олмас экан.

7. Инсон гуноҳи сабабли ўзини ёлғиз ҳис қилади. 

Киши гуноҳ қилгани сабабли одамлар орасида, оила даврасида бўлса ҳам ўзини ёлғиз ҳис қилади. Ҳукамолардан бирлари шундай деган: “Мен қилган гуноҳимнинг таъсирини хотинимда, фарзандларимда ва минадиган уловимда кўраман”. Яъни гуноҳ қилсам хотиним қулоқ солмай қўяди, фарзандим қўпол муомала қилишни бошлайди, маркабим бузилаверади. Машиналаримиз ҳадеб бузилаверса, эҳтиёт қисмлардан айб топиб, устахонага чопавермасдан, ўзимизга ҳам бир қараб қўйишимиз, ўзимизни тафтиш қилишимиз керак экан. Бу донишманднинг сўзи ниҳоятда эътиборлидир. Юқорида айтдикки, гуноҳ қилмайдиган одам йўқ, тавба қилмайдиган одам бор. Қанча кўп тавба қилсак, шунча гуноҳ қилмагандек бўлаверамиз. Ҳаётимизнинг хотиржам ва ширин бўлиши гуноҳ қилмаслигимизга боғлиқдир. Ҳозир кўпчилик ҳаётнинг фаровон бўлишини пулга тақайдиган бўлиб қолган. Кўп молу дунёга эга бўлган одамлар ҳам, агар гуноҳни кўп қилса, зўр яшай олмайди. Ва аксинча гуноҳни кам қилиб, истиғфорни кўп айтадиган киши фақир бўлса ҳам, зўр яшайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фақир бўлганлар. Саҳобаларнинг кўплари ҳам фақир бўлишган. Лекин ҳаётлари сокин, саодатли эди. Биз ҳам ҳаётимиз ширин бўлишини истасак, гуноҳни камайтирайлик.

8. Гуноҳ инсоннинг юзига ва қалбига қароликни олиб келади. 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Гуноҳ сабабли юзда қаролик, қалбда зулмат, одамларнинг қалбларида кароҳият, жасадда заифлик, ризқда танглик бўлади. Тоат сабабли эса юзда ёруғлик, қалбда нур, одамлар қалбида муҳаббат, жасадда қувват, ризқда кенглик бўлади”. Касалликдан боши чиқмаётган одам гуноҳларига бир қатор қараб қўйсин. Ҳеч кимга сир эмаски, фоҳишанинг юзига назари тушган фаросатли кишилар унинг юзида файз, нур, истара йўқлигини дарҳол сезишади. Сиз у аёлнинг фоҳишалигини билмайсиз, аммо юзига бир марта назарингиз тушганда “Мана бу аёлнинг ранги ғалатироқ-да” деб қўясиз. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг даврларида бир киши у зотнинг ҳузурларига мажлисга кирди. Шунда у зот ўтирганларга қарата “Ҳозир мажлисимизга кўзида зино асорати бор кимса келиб ўтирди” дедилар. Ҳалиги одам “Эй мўминларнинг амири, Пайғамбар алайҳиссаломдан кейин ҳам ваҳий келяптими? Буни қаердан билдингиз?” деб сўради. У зот “Мўминлик фаросати билан билдим” деб жавоб бердилар. Ароқхўр одамнинг юзига ҳеч эътибор бериб қараганмисиз? Гуноҳни тинмасдан қилаётган кишиларнинг юзларига яхшилаб қаранглар, албатта, аломатларини кўрасизлар. Мусулмонларнинг орасини қўя турайлик, ароқ ичиш урф бўлган жамиятларда ҳам доим ароқ ичаверадиган кимсани ўшаларнинг ўзлари ҳам ёқтиришмайди. Демак, гуноҳ кишининг юзига ва қалбига қароликни олиб келар экан. Гуноҳларнинг шунча зарарлари санаб ўтилди, кифоя қилса керак ёки булар ҳали етарли эмасми?

9. Гуноҳ қилувчи кимса тоатдан маҳрум бўлади. 

Гуноҳни кўп қилган одам тоат-ибодат қила олмайди. Масалан, эрталаб бомдодни жамоат билан ўқийман деди. Тонг отгач, ҳиммати пасайиб кетади. Эртадан душанба-пайшанба кунлари нафл рўза тутаман дейди. Эрта бўлгач, хоҳиш йўқолиб қолади. Эртага фалончини зиёрат қиламан дейди. Эрта бўлгач, бошқа куни зиёрат қиларман деб дангасалик, хафсаласизлик қилади. Бир банданинг амали қабул бўлган-бўлмаганини Аллоҳнинг Ўзи билади. Лекин уламолар айтишадики, амалларнинг қабул бўлганлигининг баъзи бир аломатлари бор. Ўша аломатларга қараб мазкур амалнинг қабул бўлганини сезиш мумкин. Шулардан бири эртанги тоатнинг бугунгидан кўп бўлиши. Масалан, бугун 10 марта “субҳаналлоҳ” дейишга қодир бўлган бўлса, эртага 20 марта “субҳаналлоҳ” дейишга қодир бўлади. Бу жумъа куни масжидга 500 сўм эҳсон қилган бўлса, кейинги жумъа куни 1000 сўм эҳсон қилади. Яъни бугунги қилаётган ишингиздан эртанги қилаётган ишингиз кўпаяётган бўлса, савобли амалларингиз кучаяётган бўлса, билингки, аввалги амалларингиз қабул бўляпти. Демак, гуноҳ қилиш кишини тоатдан тўсиб туради.

10. Гуноҳ доимий суратда кишини гуноҳ қилишга тортиб туради. 

Битта ёлғон гапиради, энди бу ёлғонни ёпиш учун яна бир ёлғон гапиради ва ҳоказо. Аллоҳ таоло ато этган кунга, ризққа рози эмас, шу ишнинг ўзи катта гуноҳ. Рози бўлмагани учун яхши яшаш мақсадида фоизга бировдан қарз олади, натижада иккинчи оғир гуноҳни содир этади. Фоизга пул олгандан кейин у ёғи нима билан тугаши ҳаммага маълум. Демак, гуноҳ қилаётган одамнинг бир гуноҳи бошқа бир гуноҳни тортиб туради.

11. Гуноҳкор кимса Аллоҳнинг наздида паст бўлади. 

Аслида мўмин одам Аллоҳ наздида азиздир. Ўша мўмин гуноҳни содир этгач, Аллоҳ наздида паст бўла бошлайди. Агар биз гуноҳдан узоқ юрсак, бир гуноҳни қилиб қўйсак ҳам дарҳол тавба қилсак, Аллоҳ бизни азиз қилади. Азиз қилгач, бизларни турли бало-мусибатлардан халос этади. Демак, Аллоҳ наздида азиз бўлишни, мусибатлардан қутулишни истаган киши гуноҳларини камайтирсин.

12. Гуноҳ сабабли инсоннинг қалбида хорлик бўлади. 

Энг чиройли кийимни кийиб, энг чиройли машинани миниб, одамларни ҳайратга солади-ю, аммо қалби хор бўлади. Чунки, тинмай гуноҳ қилаётган одамнинг қалбида ўша гуноҳининг хорлиги доим туради. Одамларга зулм қилиб пул топаётганини ўзи ҳам билади. Одамлар ундан оғриниб, уни қарғаётганини ўзи ҳам билади. Бир куни шу қилмишларига жавоб бериши кераклигини билади. Ўзи зўр яшаётгандек кўринса ҳам қалбидаги хорлик унга тинчлик бермайди.

13. Гуноҳ сабабли инсоннинг ақли камаяди. 

Уламолардан бирлари шундай деган: “Ким Аллоҳга осий бўлса, унинг ақлидан бир қисми кетади ва қиёматгача қайтиб келмайди”. Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳнинг зеҳнлари шу қадар ўткир бўлган эканки, бирор нарсани бир марта ўқиб ёдлар эканлар. Хаттоки бир китобнинг биринчи саҳифасини ёдлаётган бўлсалар, иккинчи саҳифадаги бирорта сўзга кўзлари тушиб, ёдланиб қолиб, аралашиб кетмасин деб иккинчи саҳифани қўллари билан тўсиб турар эканлар. Бир куни устозларининг олдига келиб, бир марта ўқисалар ёдланмайди. Икки-уч марта ўқиганларидан кейин ёдланади. Устозларига қараб: “Устоз менга нима бўлди?” деб сўрайдилар. Устозлари у кишидан: “Ҳозир келаётиб нима иш қилдинг?” деб сўрайдилар. Шунда имом эслаб “Уйдан чиқиб келаётганимда бир аёлнинг товони очилиб қолган экан. Шунга кўзим тушиб қолди” деб жавоб берадилар. Бегона аёлнинг товонига кўзлари тушгани учун мияларининг анча қисми ишламай қолган экан. Энди бизга Аллоҳнинг раҳми келсин. Уйимизни топиб бораётганимизга ҳам Аллоҳга шукр қилайлик. Гуноҳ инсоннинг ақлини қисқаришига, ақлнинг пасайишига сабаб бўлади. Модомики гуноҳни кўп қилар эканмиз, ақлимиз пасайиб бораверади.

14. Гуноҳ тил хиёнатига сабаб бўлади. 

Тил қандай қилиб хиёнат қилади? Инсон икки оғиз сўзни айтишга жуда ҳам зор бўлиб турган пайтда тил хиёнат қилади. Ҳадисларда кимнинг охирги сўзи “Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур росулуллоҳ” бўлса, албатта жаннатга кириши ҳақида хушхабарлар бор. Умр бўйи ҳеч кимга сўз бермасдан гапирган, ҳеч қачон панд бермаган, ёлғон гапиришга, ёлғон қасамларга, ёлғон гувоҳликка, ғийбату бўҳтонларга зўр ишлаб берган тил энг керак бўлган пайтда ўша керакли сўзни айтмайди. Шаҳодат калимасини айтмайди, айтолмайди. Хоҳласа ҳам айтолмайди. Нима учун бу одамнинг тили айланмай қолди? Чунки у кўп гуноҳ қилган ва гуноҳларига тавба қилмаган эди. Пайғамбар алайҳиссалом “Амаллар хотимасига қараб белгиланади” деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса “Инсон ниманинг устида вафот этса, ўша нарсанинг устида тирилади” дейилган. 

Ҳа, азизлар! Гуноҳ бизларнинг бошимизга мана шундай зарарларни олиб келади. Барчамиз тавба ва истиғфорга шошилайлик! Қалбларимизни тозалашга, уни оппоқ ҳолга келтиришга ҳаракат қилайлик! Агар биз қалб поклигини, нафс хотиржамлигини, ризқ кенглигини, тоат муҳаббатини, маъсият нафратини ва энг муҳими Аллоҳ розилигини хоҳласак, гуноҳдан эҳтиёт бўлайлик! Гуноҳлардан узоқ юришга ҳаракат қилайлик! Ҳаракатни эса ҳозирдан, айни дақиқадан, шу мақолани ўқиб бўлишимиз биланоқ бошлайлик! Аллоҳ бу ишда барчамизга Ўз мададкор бўлсин! Омин!  


Жумъа мавъизалари асосида 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади



Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Университетларда бизга француз олими ЖанФрансуа Шампольон фр JeanFranccedilois Champollion, 1790 1832 Розетт тоши очилгач, миср иероглифларнинг рамзмаъноларини шарҳлашга давоми...

1989 10:49 / 15.01.2022
СаволФитр садақасини моли нисобга етган одам берадими ёки ҳамма баровар бераверадими Фитр садақасини бериш учун қандай шартлари бор Олдиндан раҳматЖавобmdash давоми...

3369 15:00 / 22.05.2020
Биринчи сур чалиниши яқинлашганда, Аллоҳ таоло ипакдан ҳам мулойимроқ бўлган ёқимли шабада юборади. Ўша шабада қалбида заррача иймони бор кишига етиб бориб, унинг давоми...

8530 17:40 / 16.04.2019
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Абу Товил Мамдуд деган киши келиб сўради Бир киши гуноҳнинг барча турини қилган. Ундан ҳеч нарса давоми...

2356 17:00 / 25.06.2022
Аудиолар

118801 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40751 14:35 / 11.08.2021