1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Гўзал ўрнак

17:25 / 22.11.2017 3440 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди.

Ҳа, мўмин-мусулмонлар учун гўзал ўрнак манбаи уларнинг маҳбуб Пайғамбарлари – Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У киши ҳар бир нарсада, ҳар бир сўзда, ҳар бир ишда мўминлар учун гўзал ўрнакдирлар.

Оҳ, қани энди, ҳамма шу ўрнакнинг моҳиятини тушуниб етса! Расулуллоҳнинг гўзал ўрнак бўлган гап-сўзлари ҳаводан олинган нутқ эмас, Аллоҳдан қилинган ваҳийдир. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ишлари Аллоҳнинг амри биландир. Ана шундай гап-сўз гўзал ўрнак бўлмай, қайси гап-сўз гўзал ўрнак бўлиши мумкин?! Ана шундай ишлар гўзал ўрнак бўлмай, бошқа қайси ишлар гўзал ўрнак бўлсин?!

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аҳзоб урушида ҳам, одатдагидек, энг гўзал намуналарни кўрсатдилар. Хавф-хатар тасвирлаб бўлмайдиган даражада катта эканига қарамай, заррача қўрқмасдан, Мадинани ҳимоя қилишга чиқдилар. Душманга қарши нима чора кўриш кераклиги ҳақида саҳобалар билан маслаҳат қилдилар. Салмони Форсий розияллоҳу анҳунинг фикрларини қабул этиб, хандақ қазишни бошладилар.

Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хатарли ва нозик бир пайтда мўмин-мусулмонлар учун ишонч, орзу-умид, хотиржамлик тимсолига айландилар. Ким тушкунликка тушса, қўрқса, иккиланса, умидсизланса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриши билан бу туйғуларидан фориғ бўлар эди.

Хандақ қазиш ишларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаммага ўрнак бўлиб, тер тўкдилар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ер қазир, тупроқ сурар ва замбил кўтарар эдилар. Оғир меҳнат енгиллашиши учун жўр бўлиб, шеър ўқиган саҳобаи киромларга ўзларининг муборак овозлари билан қўшилар эдилар.

Мусулмонлардан бирининг номи Жуъайл (қўнғиз) эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг исмини Амр деб ўзгартирдилар. Бундай хавфли пайтда хунук исмдан қутулиш кайфиятни кўтарар эди. Мусулмонлар бундан хурсанд бўлиб, исм ўзгарганини байтга солиб, баланд овоз билан айта бошладилар. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам байтнинг охирида уларга жўр бўлиб турдилар.

Саҳобалардан Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ёш бўлишига қарамай, тупроқ ташир эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўриб, «Қандай ҳам яхши бола экан-а?» – деб эркалатдилар. Зайд ибн Собит иш давомида чарчаб, хандақда ухлаб қолди. Шунда Аммора ибн Ҳазм унинг қуролини олиб қўйди. Зайд уйғонгач, қуроли йўқлигини кўриб, қўрқиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳа, уйқучи, ухлаб ётганингда қуролинг кетиб қолибдими? – деб ҳазил қилдилар. Сўнгра: – Бу боланинг қуролини ким билади? – деб сўрадилар. Аммора:

– Эй Аллоҳнинг Расули, у менда, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Унга қуролини қайтар, – дедилар-да, кейин мусулмон кишининг бирор нарсасини ўзига билдирмай, олиб қўйиб, қўрқитишдан қайтардилар.

Салмони Форсий розияллоҳу анҳу хандақ қазиётганида, олдидан катта харсангтош чиқиб қолди. У харсангни синдира олмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни кўриб, унинг қўлидан чўқморни олдилар. Харсангни куч билан урган эдилар, ўт чақнаб кетди. Яна бир урган эдилар, яна ўт чақнади. Учинчи марта урган эдилар, учинчи марта ҳам ўт чақнади. Шунда Салмони Форсий розияллоҳу анҳу:

– Ота-онам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули, мен кўрган нарса нима ўзи? Зарба берганингизда ўт чиқди? – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Сен ўшани ростдан кўрдингми, эй Салмон? – деб сўрадилар. Салмон розияллоҳу анҳу:

– Ҳа, – деб жавоб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Биринчиси билан Аллоҳ таоло менга Яманни фатҳ қилди. Иккинчиси билан Аллоҳ менга Шомни фатҳ қилди. Учинчиси билан Аллоҳ менга Мағрибни фатҳ қилди, – дедилар.

Бу хабар яшин тезлигида мусулмонлар ичида тарқалди. Уларнинг руҳлари юксалди, ғалабага бўлган ишончлари мислсиз даражада ортди.

Шу билан бирга, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тинмай Аллоҳ таолога ёлворар, намоз ўқиб, муножот қилар, Роббул оламийннинг Ўзидан нусрат сўрар эдилар. Буларнинг ҳамма-ҳаммаси мусулмонлар учун гўзал ўрнакдир. Шунинг учун ҳам ўзларидан кўра сон ва қурол жиҳатидан ғоятда устун бўлган аҳзобларни кўрган мўминлар заррача қўрқмадилар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга дил изҳоримМуҳаммад Мустафо ҲазратларигаУл буюк подшоҳким, жанобларига,Ҳамд бўлсин Коинот давоми...

2366 16:06 / 06.11.2019
Ҳар йили рабиул аввал ойи келиши билан севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кунлари ҳақидаги фикрмулоҳазалар муҳим мавзуга давоми...

176270 20:00 / 31.10.2019
Мавлид ҳақида эътибор бериш керак бўлган нуқталарМавлид ҳақидаги тушунчамиз тугал бўлиши учун бу борадаги айрим хатоларни алоҳида таъкидлаб ўтиш муносибдир.1. давоми...

1142 14:00 / 18.10.2021
Имом Муслим Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг душанба куни рўза тутишлари сўралганида у зот .У шундай давоми...

4734 16:00 / 30.11.2017
Аудиолар

118782 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40731 14:35 / 11.08.2021