1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Фитр садақаси

05:00 / 14.01.2017 9054 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фитр садақаси араб тилида “садақа” сабабига изофа қилиниб “Садақат ул-фитр” деб номланади. Яъни фитр (ҳайит) кунинг тонги ушбу садақани вожиб бўлишига сабаб бўлади. Шунга кўра фитр куни тонг вақтда туғилган болага ҳам фитр садақаси вожиб бўлади. Тонгдан кейин туғилган болага эса вожиб бўлмайди. Тонг вақти вафот бўлган кишидан фитр садақаси соқит бўлади, тонгдан кейин вафот қилган кишидан фитр садақаси соқит бўлмайди. Шунингдек, тонг вақтида нисоб миқдоридаги мулкка эга бўлса, унга фитр садақаси вожиб бўлади. Тонгдан кейин ёки  тонгдан олдин эга бўлиб, тонг вақтида эга бўлмаса вожиб бўлмайди.

Хуллас, фитр садақасининг маъноси фитр кунининг тонги сабабли вожиб бўладиган садақадир. 

Фитр садақаси закот фарз бўлишидан олдин, рамазон рўзаси фарз бўлган йили суннат билан собит бўлган вожиб амалдир.  

عن ابن عمر قال : ”فرض رسول الله صلى الله عليه وسلم زكاة الفطر صاعا من تمر أو صاعا من شعير على العبد والحر والذكر والأنثى والصغير والكبير من المسلمين وأمر بها أن تؤدى قبل خروج الناس إلى الصلاة“ متفق عليه

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расуллуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам фитр закоти хурмодан бир соъ, арпадан бир соъ миқдорида мусулмонлардан қулга ҳам, ҳурга ҳам, эрга ҳам, аёлга ҳам, кичикка ҳам, каттага ҳам фарз қилдилар. Уни одамлар намозга чиқишидан олдин адо этишга амр қилдилар”. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилади.

Расуллуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадиси шарифда фитр садақасини вожиб қилиб, унинг миқдорини таъйин қилди. Фитр садақаси Расуллуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам замонларида инсонлар одатда таомланадиган ва уларнинг кўпининг уйида топиладиган хурмо ва арпадан экани баён қилинди. Ўша вақтларда буғдой жуда ҳам кам истеъмол қилинган, деярли бўлмаган.

Фақиҳларимиз мазкур ва бошқа ҳадисларни жамлаб фитр садақаси буғдой, буғдойдан олинадиган ун ва талқондан ва майиздан ярим соъ, хурмо ёки арпадан бир соъ бериш киши бошига вожиб бўлади дейди. “Соъ” бир идиш бўлиб, ўша вақтнинг ўлчов бирлиги бўлган. Бир соъ Абу Ҳанифа ва Ироқ фақиҳларининг эътибрида 3.800 граммга тенгдир. Ёки мазкурларнинг қийматини бериш жоизлигига ҳанафий уламолар иттифоқ қилганлар.


Фитр садақасининг ҳикмати.

عن ابن عباس قال فرض رسول الله صلى الله عليه وسلم زكاة الفطر طعمة للمساكين وطهرة للصيام من اللغو والرفث فمن أدى قبل الصلاة فهي زكاة مقبولة ومن أداها بعد الصلاة فهي صدقة من الصدقات رواه أبو داود و الدارمي

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр закотини рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан покланиш ва мискинлар учун таомланиш бўлиши учун фарз қилдилар. Ким уни намоздан олдин адо қилса, у мақбул закот бўлади. Ким уни намоздан кейин адо қилса  садақалардан бир садақа бўлади”. Абу Довуд ва Дорамий ривоят қилади.


Ушбу ҳадиси шарифдан фитр садақасини адо қилинишда садақани савобини топиш билан биргаликда иккита ҳикмат ва фойда кўзда тутилиши маълум бўлади. 

Биринчи ҳикмати ва фойдаси фитр садақаси рамазон рўзасини хато ва камчиликлардан поклайди. Шунинг учун Вакеъ ибн Жарроҳ “Рамазон ойининг фитр садақаси худди намознинг саҳв саждасига ўхшайди. Намознинг вожиб амали тарк бўлган вақтда саҳв саждаси намозни тўғрилагандек, фитр садақаси рўзанинг камчиликларини тўғрилайди” -дейди. Лекин бирор узр билан рўза тутолмаган кишилар ҳам, рўза тутиш вожиб бўлмаган ёш болаларга ҳам  фитр садақасини бериш вожиб бўлади. 

Иккинчи ҳикмати ва фойдаси ҳайит кунида камбағал ва мискинлар, етим ва бечораларни хурсанд қилиш, уларнинг очликларини кетказиб, ҳақиқий байрам кайфиятини уларга беришдир. Шунинг учун ҳам фитр садақасини ҳайит куни тонг вақтида бериш вожиб бўлади. Аммо, рамазоннинг аввалида, олдиндан берса жоиз. Ҳайит намозидан кейинга қолдирмаслик керак. Намоздан кейинга қолса ҳам соқит бўлмайди. Ҳаттоки, зиммасига вожиб бўлгандан сўнг инқирозга учраб камбағал бўлгандан кейин ҳам фитр садақа соқит бўлмайди.  Лекин закот зиммаси вожиб бўлгандан кейин нисобни баъзиси ёки ҳаммаси ҳалоқ бўлса закот соқит бўлади.

Фитр садақасида мана шундай икки улуғ ҳикмат ва фойда бор экан. Гўёки фитр садақа билан рўзанинг қабул бўлишига йўл очилаяпди. Шунинг учун баъзи улуғларимиз баъзи кишиларга шаръий ҳукм эътиборидан фитр садақа вожиб бўлмасада, лекин уни ҳикмат ва фойда кўп бўлгани учун фитр садақани адо қилмоқ зарурийдир дейди. 

Шунинг учун ҳам Шофеъий мазҳабида фитр садақани вожиб бўлиши учун нисоб шарт қилинмади. Садақаи фитр беришга қодир бўлса вожиб бўлади. 


 Фитр садақаси вожиб бўлиш шартлари.

1.    Ҳур бўлиш.

Фитр молявий ибодатлардан бўлгани учун ҳур бўлмаган кишиларга вожиб бўлмайди. Чунки қулнинг мол-мулки бўлмайди. Балки, қул хожасининг мулки бўлади. Ана шу хожасига хизмат қилиб турган қулнинг фитр садақасини бериш хожасига вожиб бўлади.

2.    Мусулмон бўлиш.

Фитр садақаси ибодат ва у билан қурбат (савоб) ҳосил бўлади. Ибодатларни тўғри бўлиши учун ният лозим. Ният эса фақат мусулмон кишидангина дуруст бўлади. Мусулмон бўлмаганларнинг нияти тўғри бўлмайди ва нияти тўғри бўлмагани учун  ибодат бўлмайди.

3.    Нисоб миқдоридаги мулкка эга бўлиш.

Фитр садақаси молявий ибодат бўлгани учун маълум бир миқдордаги мол-мулкка эга кишига вожиб бўлади. Фақир ва мискинларга вожиб бўлмайди.

عن أبي هريرة: لا صدقة إلا عن ظهر غني رواه أحمد 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расуллуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам садақа бойликни орқасидан вожиб бўлади” –деди. Имом Аҳмад ривоят қилади.

Расуллуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадиси шарифда фитр садақни вожиб бўлиши бой бўлган, маълум бир моддий қуввати бор кишига вожиб бўлишини баён қилмоқда. Ислом дини енгил, унинг молявий ибодати ҳам енгил бўлиши керак. Енгил адо қилиниши маълум нисобга эга бўлгандан кейин бўлади.

Фатовои Қозихонда: “Фитр садақасини вожиб бўлиши учун шарт қилинган бойлик закот нисобига ёки аслий ҳожатдан (масканидан, кийиб юрган кийимидан, мебелидан, уловидан ва асбоб-ускунасидан) ташқари нисоб қийматидаги молга  эга бўлмоқлик билан бўлади. Фитр садақасининг нисобида молни ўсувчи бўлиши эътиборга олинмайди. Бир ҳовлидан бошқа ҳовли, кийимнинг уч жуфтидан бошқа кийимлари фитр садақасининг нисобида этиборга олинади” -дейилади.

Закотни вожиб бўлишида эса фақат ўсувчи моллар 1. тилло, кумуш ва бугунги кундаги муомаладаги қоғоз пуллар. 2. чорво моллари. 3. тижорат ниятидаги моллар нисобга етган бўлиши эътиборга олинади ва қирқдан бир қисми закот  бўлади.

Демак, закот нисоби бошқа, фитр садақасининг нисоби бошқадир. Закот нисоби фақат закот чиқариладиган ўсувчи моллардан ҳисоб қилинади. Фитр садақасининг нисоби эса аслий ҳожатдан (ишлатилиб турган мол-мулкдан) ташқари мол-мулклар ҳам ҳисоб қилинади. Ушбу фитр садақасини нисобига эга кишига ўзининг ва балағотга етмаган фақир фарзандининг фитр садақаси вожиб бўлади. Хотинининг, балағотга етган фарзандининг ва балағотга етмаган бой фарзандининг фитр садақаси вожиб бўлмайди. Лекин мазкурларни фитр садақасини берса адо топади. Шу бойликка эга кишига бошқаларнинг закотини, садақасини ва назрини олмоқ ҳаром бўлади. қурбонлик қилиш ва нафақасиз қолган маҳрам қариндошларнинг нафақасини қилиш вожиб бўлади.

Фитр садақаси закот бериладиган кишиларга бериш билан адо топади.


 

Жалолиддин Холмўминов


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Савол эътикоф қандай амал ҳисобланади Жавоб Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида ҳар бир масжид аҳлига эътикоф ўтириш суннати муаккададир таъкидланган давоми...

4861 13:00 / 27 март
Рамазон Ислом тақвимига кўра тўққизинчи ой бўлиб, мусулмондан махсус рўзага, намозга ва руҳий тадаббурга боғлиқ, диний тиришқоқликни талаб қилади. Иш давоми...

4006 13:44 / 21.05.2018
Ҳозирда кишиларнинг диндан узоқлашишлари, Аллоҳдан қўрқиш ҳиссини йўқотишлари, савобгуноҳни фарқламай қўйишлари оқибатида рўзанинг мазкур фазийлатларига ҳам давоми...

4605 17:40 / 15.05.2018
Фитр садақаси садақаи фитр Рамазондан фитрга оғиз очиқлигига чиқиш муносабати билан берилгани учун ҳам шундай ном олган. Садақаи фитр иккинчи ҳижрий санада жорий давоми...

3690 17:19 / 31.05.2018