1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Фитна

13:30 / 08.11.2017 16557 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Фитна» деганда биз бузғунчилик, махфий равишда зарар етказишга уриниш, фасод қўзғашни тушунамиз. Тўғри, фитна сўзида шу маъно устун. Аммо бу сўзнинг асл келиб чиқиш мазмуни янада кенгроқдир.

Луғатшуносларнинг таъкидлашича, «фитна» сўзи арабларда аслида олтинни ўтга тутиб, ёт моддалардан тозалашни англатар экан. Шундан келиб чиқиб, «фитна» сўзи имтиҳон, синов деган маъноларда ҳам ишлатиладиган бўлган. Қуръони Каримда бу сўз айнан шу мазмунда ҳам келади.

Ҳа, дарҳақиқат, фитна ёмон, кўнгилсиз ҳолат бўлиш билан бирга, у инсонларни имтиҳон қилади, сарагини саракка, пучагини пучакка ажратади. Бу ҳам илоҳий ирода, имтиҳон дунёсининг қонуни. Фитна пайтида одамларнинг асл ҳолати ошкор бўлади, қалбида яшириниб ётган чўкиндилари юзага қалқийди, бор сурати намоён бўлади. Буни ҳар бир ҳолатда кузатиш мумкин.

Дунёнинг бир чеккасида ўзини мусулмон деб таништирган бир кимса қандайдир қўпорувчилик қилди. Аслида Исломда унинг ҳеч қандай ўрни йўқ, унинг бу ишини бирорта мусулмон оқлагани йўқ, бу кимсага ўша қилмишни ҳам кимдир буюртма берган ёки уни шунга мажбур қилган бўлиши эҳтимоли катта. Аммо ушбу ҳодиса фитна ўлароқ одамларда турлича акс садо беради: кимдир бундан Ислом ва мусулмонларнинг шаънига доғ тушишидан ташвишланса, кимдир бефарқ, кимдир эса шу нарса туфайли Ислом ва мусулмонлардан нафратлана бошлайди, кимдир диндан қайтишгача боради, яна қайсидир кимса Ислом ва мусулмонларни ҳақорат қилишгача, золимларни қўллаб-қувватлашгача журъат қилади. Буларнинг барчаси фитнанинг имтиҳон қилувчи омил эканига мисол бўлади.

Мусулмон ўлкалар, жумладан, бизнинг жонажон ватанимиздаги тараққиёт, бугунги ижобий ўзгаришлар кимларгадир ёқмаслиги ва улар бизни чалғитиш учун фитналар уюштириши табиий. Бундай фитначилар ичкарида ҳам, ташқарида ҳам бўлиши мумкин. Истаймизми-йўқми, бундай фитналар бўлаверади, Аллоҳ шуни ирода қилган. Муҳими, бу фитналар биз учун синов эканини унутмаслигимиз керак.

Фитна сабаб ҳар ким ўзининг асл қиёфасини, асл башарасини намойиш этади. Чинакам иймонга эга бўлганлар кимлару, қалбида куфр яшириниб ётганлар кимлар – ҳаммаси равшан бўлади. Ҳақиқий халқпарвар, ватансевар, иймонли кишилар кимлар-у, мансабпараст, худбинлар ким ҳаммаси сув бетига чиқади. Мўминлар ўз йўлларида собит бўладилар ва юз бераётган воқеа-ҳодисаларни Роббимиз тарафидан бир синов деб қабул қиладилар. Шу билан бирга, бу фитналар уларнинг қайроқи бўлиб, чиниқиб боришларига ҳам хизмат қилади. Айни пайтда Исломга қалби терс бўлган, чин иймондан бебаҳра кимсалар фитнага тушади, бу нарса уларга тайёр баҳона бўлади, қалбдаги нафратлари, шайтоний туйғулари мавж уради. Буларнинг ҳаммаси синов дунёсининг бир имтиҳони ҳисобланади.

Аллоҳ таоло дўзах фаришталари ададини 19 та қилганини баён этар экан, буни «фитна» қилганини айтади ва бу фитнанинг натижаси ҳар кимда ҳар хил бўлишини таъкидлайди:

«Дўзах соҳибларини фақат фаришталардан қилдик ва уларнинг ададини кофирлар учун фитна қилдик. Токи китоб берилганлар аниқ ишонч ҳосил қилишсин, иймон келтирганларнинг иймони зиё­да бўлсин, китоб берилганлар ва мўминлар шак-шубҳада қолмасин, қалбида касали борлар ва кофирлар эса: «Аллоҳ бу билан қанақа мисолни ирода қиляпти?» дейишсин. Шундай қилиб Аллоҳ хоҳлаганини адаштиради, хоҳлаганини эса ҳидоятга солади. Роббингнинг лашкарларини Ўзидан бошқа ҳеч ким билмас. Ва у (дўзах) башар учун эслатмадан ўзга ҳеч нарса эмас» (Муддассир сураси, 31-оят).

Ҳа, фитна ана шундай турфа хил натижа беради. Қаранг, биргина маълумот ‒ дўзах фаришталарининг ададини айтиш одамлар учун фитна бўлди ва Аллоҳ бандаларни шу йўл билан синади. Шундай қилиб, Аллоҳ хоҳлаганини адаштиради ва хоҳлаганини ҳидоятга солади.

Демак, айрим эътиқодий масалалар устидаги баҳслар ҳам фитна бўлиши мумкин. Бу билан ҳам мўминлар синовга тутиладилар.

Бугунги кунда ҳар ерда динга, Қуръонга нисбатан шубҳа уйғотмоқчи бўлганларни учратасиз. Уларнинг миш-мишлари ҳам фитна. Бу билан кимдир фитнага тушиб, иймонига дарз кетади, Аллоҳ асрасин, кимдир ҳатто куфрга ҳам юз тутади, хуллас, кофирларнинг залолати ортади, чин мўминларнинг иймони зиёда бўлади. Бу билан иймони суст, қалби гуноҳга мойил кишилар, динини ўрганманган жоҳил кимсалар шубҳага тушиб, куфр томон ошиқади. Аммо ҳақиқий иймон лаззатини тотганлар ҳақиқатни ўрганиб, иймони яна ҳам мустаҳкамлашади.

АҚШда ё бошқа бир жойда хунрезлик содир бўлса, дарров ваҳима қилиб, муслумонларни ёмон отлиқ қилмоқчи бўлишади. Бу ҳам фитна. Бу ҳолат ҳам кимнингдир иймонини зиёда қилса, кимнидир куфр чоҳига улоқтиради. Бундан кимлардир орзиқиб кутган иши содир бўлгандек дилдан шодланиб, қалбидаги бор қурумини сочади, аммо кимлардир ўзини ўнглаб, дуою илтижога шошади.

Мусулмонларга эркинлик берилаётганидан, уларнинг тараққиётидан юраги сиқилган кимсалар мўминларга қарши турли фитналар уюштириб, одамларнинг тафаккурига тажовуз қилади. Бундай пайтда айрим онги заҳарланган манқуртларнинг васвасаси ортади, куфрга, фисққа мойил кишилар дарров жазавага тушиб, инсоний эркинликларни бўғишга ошиқади, қалбида нифоқ касали борлар эса мажолсизланади, аммо чинакам мўминларнинг руҳий қуввати зиёда бўлиб, ҳақ йўлда собит қолади.

Бугун ахборот уруши асри. Фитначилар атайлаб, ғаразли ниятда ҳар хил маълумотларни тарқатади. Биз эса билиб-билмай уларни улашиб, душман тегирмонига сув қуямиз. Аслида эса бу ерда ҳам синов бор. Биз аввало ўша хабарнинг қанчалар рост эканини аниқлаб, кейин у ҳақда сўз очишимиз керак. Қолаверса, ўзимизга савол бериб кўрайлик – «Бу хабарни етказишдан мақсадим, ниятим нима? Даъвода Аллоҳ таолонинг розилигини истайман деймиз, хўш, шу хабарни ёйиш ушбу мақсадга жавоб берадими? Бундан мусулмонларга манфаат борми? Манфаат-ку майли, зарар етиб қолмайдими? Шаръий нуқтаи назардан бу ишнинг зарурати борми?» Ушбу саволларга етарли жавоб топачгина хабарни тарқатишни ўйлаб кўриш мумкин.

Аллоҳ таоло айтади:

«Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмасдан бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекиб қолманглар» (Ҳужурот сураси, 6-оят).

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан эса қуйидаги кўрсатма етарли ўгитдир:

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Кишининг ёлғончи бўлишига эшитган нарсасини гапиравериши кифоя қилади». 

Инсон бу дунёда ҳамиша синовда бўлишини англаб етиши лозим. Ҳар бир ақлу идрокли киши буни кузата олади. Ҳаётимизга разм солсак, бу ҳақиқатни қалбан ҳис этамиз.

Фитналар содир бўлганда мўмин банда доимо ўтда тобланаётган олтинни кўз олдига келтириши керак. Биз тобланяпмиз, покланяпмиз, деган умидда бўлишимиз лозим. Ушбу оловдан эсон-омон ўтиб олсак, ҳақиқий қадр-қиммат топишимизни унутмаслигимиз даркор. Бу башарият тарихига тенг илоҳий қонуниятдир.


Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Исрофгарчиликка йўл қўйишнинг бир неча сабаблари бор. Келинг, улардан баъзиларини эслаб ўтайлик.1. Исрофчининг исрофнинг барча кўринишларини ман қиладиган диний давоми...

3019 14:39 / 28.03.2018
Насиҳат. Эй дўстим Тафаккур қилинг. Ҳеч кимга зулм қилманг. Сизга ҳам чўчқа гўштини ейиш манзур бўлса, одамларни бемалол ғийбат қилаверинг. Агар ундай бўлмаса, давоми...

3230 15:00 / 27.03.2018
Тўртинчи тақсим4. Одатлар ғийбати. Одатларни ғийбат қилишга фалончи ниҳоятда заиф, кўп ухлайди, кўп ейди, бирор ишни эплолмайди, ўтириш одобини билмайди, оқибатни давоми...

3717 19:36 / 19.01.2018
У Зот Унга томон сайр қилувчиларни ва Унга етишганларни ўз амалларини кўришдан ва аҳволларига шоҳид бўлишдан кесди. Чунки сайр қилувчилар уларла ўз амаллари ва давоми...

3003 19:28 / 22.04.2018
Аудиолар

120106 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41772 14:35 / 11.08.2021