1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фарзанд тарбияси

Фарзандларга Китоб ва Суннатни ўргатиш

05:00 / 15.02.2017 2823 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, Қуръони карим Аллоҳнинг Каломи сифатида инсониятга икки дунё саодат йўлини кўрсатиб берувчи китобдир. Шундай экан фарзандларни комил инсон бўлиб вояга етишлари учун ота-она, аввало, ушбу Каломи шарифни ўргатмоғи лозимдир. Қолаверса, фарзандларнинг баркамол инсон бўлиб етишишларида Қуръоннинг Набавий шарҳи бўлмиш муборак ҳадиси шарифларнинг ҳам ўрни беқиёсдир. 


Дарҳақиқат, Қуръон фарзандларга ўргатилиши керак бўлган илмларнинг энг афзали ҳамда уларнинг асосий манбасидир. Қолаверса, бандани Роббисига яқинлаштирадиган асосий нарса ҳам Қуръони каримни мукаммал ўзлаштириб, унга амал қилишдир. Бундан ташқари, Аллоҳнинг Каломини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ўрганиш орқали улкан ажру мукофотлар қўлга киритилади. Зеро, Илоҳий Каломни ва Набавий суннатни ўрганиб, амал қилишга Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзи ҳамда Унинг энг севимли Пайғамбари буюрган, тарғиб қилган. Келинг, Аллоҳ таолонинг Қуръони каримда Ўзининг Каломини ўрганиб, амал қилишга доир нозил қилган оятларини кўриб чиқайлик. 

Ҳеч бир башар зотига (пайғамбарга) Аллоҳ Китоб, Ҳикмат ва пайғамбарлик берганидан кейин у одамларга: “Аллоҳни қўйиб, менга банда бўлингиз!” – дейиши мумкин эмас, балки уларга “Китобдан таълим бериб ва ўзингиз ҳам ўрганиб юрганингиз сабабли раббоний кишилар (Парвардигорга сиғинувчилар)дан   бўлингиз!” (дейиши жоиздир)” (Оли Имрон, 79). 

У Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат (пайғамбарлик ёки Қуръон илмини) беради. Кимга (мазкур) ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди” (Бақара, 269).  

Қуръонни «тартил» билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг!” (Муззаммил, 4).  

Аллоҳдан сизларга Нур ва равшан Китоб келдики, у билан Аллоҳ ризосини топишга интилганларни (У) тинчлик ва саломатлик йўлларига йўллаб, Ўз изни билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва тўғри йўлга ҳидоят қилур” (Моида, 15-16). 

Юқорида келтирилган ояти карималарга назар соладиган бўлсак, Роббимиз бизларни Қуръонни ўрганиб, унга амал қилишимизни буюряпти, у бизлар учун йўлимизни ёритувчи нур, уни ўрганиш эса кўп яхшилик эканини баён қиляпти. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам кўплаб ҳадиси шарифларида Қуръонни ўрганиш ҳамда уни бошқаларга ўргатишнинг фазилати жуда ҳам улуғ эканини таъкидлаганлар. Шу ўринда ана шундай ҳадисларнинг баъзилари билан танишиб чиқсак. 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, кейин уни бошқаларга ўргатганларингиздир”, бошқа бир ривоятда эса: “Сизларнинг энг афалингиз Қуръонни ўрганиб, кейин уни бошқаларга ўргатганларингиздир” дейилган. Иккала ҳадисни ҳам Бухорий ривоят қилган. 

Яна бир ҳадисда шундай дейилган: “Қуръонни ўқиб, унга амал қиладиган мўминнинг мисоли апельсинга ўхшайди. Мазаси ширин, ҳиди ҳам хушбўй”. Бухорий ривоят қилган. 

Юқоридаги ҳадислардан кўриниб турибдики, инсонларнинг энг яхшиси ва энг афзали Қуръонни аввал ўзи ўрганиб, кейин уни бошқаларга ҳам ўргатган киши экан. Ота-оналар эса, ўзлари ўрганган Қуръонни ўргатишларига энг ҳақдор киши уларнинг фарзандларидир. Бу билан улар ҳам инсониятнинг афзали мақомига эришадилар, фарзандларига энг буюк илмни ўргатган ҳисобланадилар, ҳадисга мувофиқ ўзлари ҳам, фарзандлари ҳам хушбўй ҳидли ва ширин таъмли апельсиндек комил мўминлик шарафига ноил бўладилар. 

Фарзандларимизга Қуръонни ўргатиш билан бир қаторда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳадисларини ҳам ўргатишимиз бизлардан матлубдир. Зеро, ҳар бир мўмин Аллоҳни ва Унинг Расулини яхши кўришни даъво қилади. Бу даъвони рўёбга чиқариш эса, фақатгина Пайғамбар алайҳиссаломга эргашиш билангина бўлади. Зеро, Роббимиз Қуръонда шундай марҳамат этади: “Айтинг (эй, Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир” (Оли Имрон, 31).  

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш учун эса у зотнинг ҳадисларини, суннатларини ўқиб ўрганиш лозим бўлади. У зотга эргашишнинг бундан бошқа чораси йўқ. У зотнинг суннатларини ўрганиш орқали буюк хулқ ва буюк ҳаёт ўрганилади. 

Келинг, азиз ота-оналар, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаёт йўлларини, ахлоқларини, аввало, ўзимиз ўрганиб, уни қўлимиздан келганича фарзандларимизга ўргатайлик! 

Фарзандларимизни Пайғамбар алайҳиссаломнинг хулқлари билан хулқлантирайлик! Зеро, у зотнинг хулқлари Қуръон эди. 

Илоҳий Каломни ҳамда Расулуллоҳнинг суннатларини ўрганиб, амал қилиб, болаларимизга ҳам ўргатишимизда Аллоҳ таолонинг Ўзи ёрдамчимиз бўлсин! Омин!  


“Фарзандларни тарбия қилиш фиқҳи” китоби асосида 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади.



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Алийя ўзига бино қўйган мағрур қиз. Отасидан ажрагандан кейин бошқа қизлар билан қайта алоқа боғламади. Саройларининг боғида ўзи юриб, ўзи билан ўзи ўйнарди. Ён давоми...

3002 05:00 / 16.02.2017
БОЛА БОШИДАН...Отаона болага ҳамма вақт дўқпўписа қилинавермайди, чунки койиш эшитиш, хунук ишларни қилиш унга енгил туюлиб қолади, қалбидан гапнинг таъсири тушиб давоми...

13773 05:00 / 16.02.2017
Рамзий кичик ёшли бола. Ҳар куни далада ишлайдиган отасига тушлик овқат ташийди. Бир куни узоқ тепаликдаги қоялар бағрида шакли ноаниқ бир нарсани кўрди. Шунда давоми...

2899 05:00 / 16.02.2017
880. Нофеъдан ривоят қилинади.Ибн Умар боласини лаҳнга йўл қўйгани учун урар эди,.Шарҳ Бу ердаги .лаҳн, ҳарф ва сўзларни бузиб талаффуз қилиш, тил қоидаларини бузиб давоми...

3862 20:43 / 14.07.2017
Аудиолар

120097 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41766 14:35 / 11.08.2021