830 23.09.2017

1809. Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Отам мени кўтариб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордилар ва:

«Эй Аллоҳнинг Расули, гувоҳ бўлинг, мен Нуъмонга ўз молимдан буни, буни бердим», деди.

«Ҳамма ўғилларингга шунга ўхшаш бердинг­ми?» дедилар у зот.

«Йўқ», деди.

«Бунга мендан бошқани гувоҳ қил, – дедилар ва сўнгра: – Уларнинг барчаси сенга бирдек яхшилик қилиши сени хурсанд қиладими?» дедилар.

«Ҳа», деди.

«Ундай бўлса, йўқ!» дедилар».

Бошқа бир ривоятда: 

«Аллоҳга тақво қилинглар ва фарзандлари­нгиз орасида адолатли бўлинглар», дейилган.

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадисга биноан, мусулмон киши молиявий масалаларда фарзандларининг барчасини баробар кўриши керак. Агар тенг имкониятли фарзандларнинг бирига мол бериб, бошқасига бермаса ёки бирига оз, иккинчисига кўп берса, адолатсизлик бўлади. фарзандлари орасида ҳасад, фитна кучаяди. 

Набий алайҳиссаломнинг «Ундай бўлса, йўқ!» деганлари «Фарзандларингга бир хил муомала қилмасанг, адолатсизлик қилсанг, бундай ишга гувоҳлик бермайман» деганларидир.

Агар шаръий узр бўлса, ота-она фарзандларидан бирига кўпроқ, бошқасига озроқ мол берса бўлади. 

Мисол учун, бири бемор, иккинчиси соғ, бири камбағал, иккинчиси бой, бирининг болалари кўп, иккинчисиники оз бўлиши мумкин.

Ушбу ҳадисни бу фаслда келтиришдан мақсад шуки, унда киши тириклигида фарзандларига молиявий муомалада адолатли бўлиши кераклиги айтилгандир. Айни пайтда бу ерда инсон вафотидан сўнг қоладиган меросни адолат ила тақсимлаш зарурлигига ҳам ишора бор.

 

1810. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Аҳли фароизлар ўртасида молни Аллоҳнинг Китоби бўйича тақсим қилинглар», дедилар».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар. Аллоҳ олий ва билгувчироқдир.

Шарҳ: Мерос бўлиш иши ўта аҳамиятли эканлигидан Аллоҳ таолонинг Ўзи уни Қуръони Каримда баён қилиб берган. Мусулмонлар ана ўша илоҳий амрга бўйсунишлари лозим. Аксинса, гуноҳкор бўладилар.

Ислом шариатида мерос низоми энг адолатли, энг яхши ва энг мукаммал низом сифатида намоён бўлади. Ислом инсонга мулк ҳақ-ҳуқуқини берган. Ана ўша ҳақ-ҳуқуқнинг энг нозик ва муҳим қисми меросга боғлиқ. Чунки унда бир кишининг моли унинг вафотидан сўнг яқин қариндошларига мулк бўлиб ўтиши масаласи ҳал қилинади. Бу иш инсон ҳаётидаги энг муҳим омиллардан бири – иқтисодий омилга ва ҳалол-ҳаромга боғлиқ бўлганлиги учун ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи бу масалани Қуръони Каримда тўлиқ баён қилиб берган. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида бу масалага озгина ўрин қолган, холос. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биз ўрганаётган ҳадисдаги амрлари ҳам мазкур нуқтаи назардан айтилгандир.

Келажак ҳадислар ва улардан олинадиган ҳукм­ларни осон тушунишимиз учун аввало мерос илмига тегишли баъзи истилоҳлар ва қоидаларни ўрганиб олсак, яхши бўлади.

«Мерос» сўзининг луғатдаги яна бир маъноси борки, у бир нарсанинг бир кишидан иккинчи кишига, бир қавмдан иккинчи қавмга ўтишини англатади. 

Бу нарса фақат мол-мулкка тегишли бўлмай, илм, шону шараф ва бошқа маъноларни ҳам ўз ичига олади.

Шаръий истилоҳда эса мерос мулкиятнинг вафот этган кишидан унинг тирик меросхўрларига ўтишини билдиради. 

Мулкият, яъни мол-мулк кўчмас мулк ва шаръий ҳақ-ҳуқуқлар бўлиши мумкин.

Шаръий истилоҳда аввал ҳам айтилганидек, ўлган кишининг ортидан қолган мерос «тарика», яъни «тарк қилинган нарса» дейилади. 

Бунда ўлган кишидан кейин қолган мол-мулк, кўчмас мулк, шаръий ҳуқуқлар, унинг қарзи каби нарсалар кўзда тутилади.

Ўлган кишидан қолган тарикага бир неча ҳақлар боғлиқ бўлади ва улар қуйидаги тартиб билан адо этилади:

1. Бир мусулмон одам вафот этганидан сўнг унинг тарикаси ҳисоб қилиниб, биринчи галда ундан маййитни кафанлаб, кўмиш учун кетадиган сарфлар ажратилади. 

Бунда уни кафанлашга, ювишга, гўрини қазишга, олиб бориб, кўмишга кетадиган ҳаражатлар ўртача ҳисоб билан чиқарилади. Бу ҳаражатлар учун кетадиган молда меросхўрларнинг ҳаққи бўлмайди.

2. Ундан кейин одамлардан қарзи бўлса, ўша қарз учун бериладиган маблағ ажратилади. 

Бу ҳақ ҳам меросхўрларнинг ҳаққидан устун ҳақ ҳисобланади. 

Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Мўминнинг руҳи то адо этилмагунча, қарзига боғлиқ бўлиб туради», деганлар. 

Бошқа ҳадисларда айтилишича, ҳатто маййит шаҳид бўлса ҳам, қарзи туфайли ўз даражасига эриша олмай туради. Фақат яқинлари унинг қарзини адо этганларидан кейингина шаҳидларга ваъда қилинган мартабаларга эришади. Шунинг учун ҳам қарз меросхўрлар ҳаққидан устун қўйилади.

Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, қарз икки хил бўлади: 

1. Бандалардан қарз.

Бунга олдин айтиб ўтилган қарзлар киради. 

2. Аллоҳдан қарз. 

Аллоҳдан қарзга берилмай қолган закот, каффорот ва назр кабилар киради. 

Агар тарика қолдирувчи ўлимидан олдин Аллоҳдан қарзларини ҳам адо қилиш ҳақида васият қилган бўлса, улар ҳам адо этилади. Бунда ҳам меросхўрларнинг ҳаққи бўлмайди. 

Агар маййит Аллоҳдан қарзларини ўташ ҳақида васият қилмаган бўлса, нима бўлади?

Ушбу саволга Ҳанафий мазҳаби уламолари «У қарзлар берилмайди, чунки улар молиявий ибодат эди. Ўлим билан ибодатлар соқит бўлади, уларни ўз вақтида адо этмагани учун маййит гуноҳкор бўлади. Унинг иши Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қилинади: хоҳласа, азоблайди, хоҳласа, кечиб юборади», дейдилар.

Бошқа мазҳаблар эса «Мазкур қарзлар ҳам тарикадан адо этилади, чунки бу қарзлар молга боғлиқ қарзлардир. Модомики, мол бор экан, барча қарзлар ундан адо этилиши керак», дейдилар.

3. Маййитнинг молиявий васиятларига сарф қилинади. 

Агар васият қилинган молнинг миқдори меросга қолган мол миқдорининг учдан бирига ёки ундан оз миқдорига тенг бўлса, васиятга амал қилинади. Учдан бирдан кўп бўлган миқдорга эса васият ўтмайди. Қолган мероснинг учдан бир қисмигача бўлган миқдорга оид васиятни ҳеч кимдан сўрамай, берилаверади. Аммо учдан бирдан ортиғи меросхўрларнинг ҳаққи бўлади. Агар меросхўрлар рози бўлсалар, айтилган миқдордаги мол васият қилинган хайрли ишга сарф қилинади, улар рози бўлмасалар, сарф қилинмайди.

Бунга далил Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан олинган. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ўз молларининг ҳаммасини садақа қилиш ҳақида васият қилмоқчи эканликларини айтганларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рухсат бермаганлар. «Ярмини-чи?» деб сўраганларида ҳам изн бермаганлар. «Учдан бирини-чи?» деганларида, у зот:

«Учдан бири майли. Учдан бири ҳам кўп. Сен меросхўрларингни бой ҳолларида қолдириб кетишинг уларни одамлардан тиланиб юрадиган ҳолларида қолдириб кетишингдан яхшидир», деганлар.

Ўлаётган одам ўлим олдидан кўзига ҳеч нарса кўринмай, охиратни ўйлаб, бору будини садақа қилиб юборишга тайёр туради. Агар унинг васияти ўтадиган бўлиб қолса, меросхўрларга ҳеч нарса қолмаслиги аниқ. Бунда меросхўрларга зулм бўлади.

Бу ҳукм ила меросхўрларнинг ҳақлари ҳимоя қилинган. Шу билан бирга, молни топган кишининг ўлимидан олдин хайр-эҳсон қилиш ниятини бутунлай тўсмаслик мақсадида тариканинг учдан бирига тенг миқдоридаги васияти амалга ошадиган қилиб қўйилган. 

Яхши тушуниб олиш учун бир мисол келтирайлик. Бир одамнинг ўттиз минг пули бор. У вафотидан олдин «Мендан қоладиган ҳамма пулга масжид қурилсин», деб васият қилган бўлса, ўша пулнинг ўн минги масжид қуришга сарфланади, қолган йигирма минги меросхўрларга бўлиб берилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларидан бирида: 

«Албатта, Аллоҳ таоло амалларингиз зиёда бўлиши учун сизларга вафотлари­нгиздан олдин молларингизнинг учдан бирини садақа қилиб берди», деганлар.

4. Маййитнинг кўмиш харажатлари, қарзи ва васиятидан ортиб қолган моли меросхўрларига бўлиб берилади. 

Бунинг учун кимлар мерос олиш ҳаққига эга эканликлари ва уларнинг меросхўрлиги қай даражада бўлишини билиб олишимиз керак бўлади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)